1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Расулуллоҳнинг ҳаётларидан лавҳалар (17-қисмнинг давоми)

14:07 / 12.10.2017 5392 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШ 

(давоми)

* وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى * فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى  *

Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишдан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир. (Назиъат. 40-41)

Гуноҳимдан қўрқяпман

Сарвар коинот саллаллоҳу алайҳи васаллам жон таслим қилаётган кишининг олдига кириб сўрадилар:

Ўзингни қандай сезяпсан?

Гуноҳларимдан қўрқяпман, лекин Тангримнинг раҳматидан умидворман, – жавоб берди у.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам башорат бердилар:

Қайси банданинг қалбида шу ўринда бу иккиси жам бўлар экан, Алллоҳ унинг умид қилганини бериб, қўрққанидан омонлик бермай қўймас.

Ўзингизни ҳисоб қилинг!

Мурод қабиласидан бир киши Авс Қараний роҳимаҳуллоҳдан сўради:

Қандай тонг оттирдинг?

Аллоҳга ҳамд билан тонг оттирдим, – жавоб берди Авс.

Замон сенга қандай бўляпти?

Эй муродий биродарим, замоннинг ўзи ҳам, унинг зикри ҳам бу ер юзида мўминнинг қалбига шодлик олиб келмагай. Аллоҳнинг китобидан унинг нималигини билган инсон уни дўст тутмагай, олтин ва кумушга ҳарис бўлмагай.

Менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадислардан айтиб бер.

Эй биродарим, мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаганман, лекин ушбу ҳадисга амал қилишингни тавсия қилурман:

“Ҳисоб қилинмаслигингиздан аввал ўзларингизни ҳисоб қилиб олинглар. Бас, Аллоҳ дунёни охират учун кўприк қилган. Шундай экан, ундан ибрат олинглар!”

Аллоҳга нима деб жавоб берасан?

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир киши келиб:

Менга фалончи зулм қилди. Унга чора кўриб қўйинг! – деди.

Ҳазрат Умар дарраси билан унинг бошига уриб:

Умарни мусулмонларнинг ишлари билан шуғуланишга чорлайсизлар-да, олдига келиб: “Унга чора кўриб қўйинг! Бунга чора кўриб қўйинг!” – дейсизлар.

Келган киши норизо ҳолатда чиқиб кетди.

Уни чақиринглар! – деди Умар розияллоҳу анҳу. Сўнг унга чилчўпни берди ва:

 Қасосингни ол! – деди.

Йўқ, мен уни Аллоҳга ва ўзингизга ҳавола қилдим!

Йўқ! Ундай бўлмайди. Уни ё Аллоҳга, ёки ўзимга ҳавола қил.

Уни Аллоҳга ҳавола қилдим, – деб киши чиқиб кетди.

Умар розияллоҳу анҳу хонасига кириб икки ракаат намоз ўқиди. Кейин ўзига ўзи: “Эй Хаттобнинг ўғли! Сен тубан эдинг, Аллоҳ сени кўтарди. Залолатда эдинг, ҳидоят қилди. Хор эдинг, азиз қилди. Сўнг сени инсонларнинг бўйнига юклаб қўйди. Сенинг олдингга бир киши келиб зулм қилган кишига чора кўришингни сўраса, уни урдинг! Эртага Аллоҳнинг ҳузурига борганингда, нима деб жавоб берасан?!” – деб йиғлади.

Эй Роббим! Сендан қўрқдим

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ривоят қиладилар:

“Сизлардан аввалгилардан бир киши гуноҳ қилишда ҳаддан ошган эди. Сўнг ўғилларини тўплаб уларга:

Мен вафот этсам, жасадимни ёқинглар. Сўнг янчиб денгизга ташланглар. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ менга қодир бўлса, биронта ҳам инсон жазоланмаган азобни берур, – деди.

У киши вафот этганида, уни ўшандай қилишди. Сўнг Аллоҳ ерга: Олганингни қайтар!” деб буюрди. Шундай қилиб, у Аллоҳнинг ҳузурида турди. Аллоҳ сўради: “Бундай қилишингга сени нима ундади?” У: “Эй Роббим! Сендан қўрқишим”, – деб жавоб берди. Аллоҳ уни мағфират қилди.

Аллоҳ мени сўроқлагай

Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг олдига кириб салом берди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эса негадур саломга алик олмаган эди. Умар розияллоҳу анҳу Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси мендан ғазабланиб қолдими деб қўрқаман, – деди.

Абдураҳмон Абу Бакрга бу ҳақда айтган эди, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу:

У кирганида олдимда икки хусуматчи бор эди. Мен Аллоҳ таоло улар нима дегани-ю, мен нима деганимни сўроқ қилишини билганимдан, бор эътиборим билан кўзим ва қулоғимни уларга жалб қилиб олган эканман, – деб жавоб берди.

Аллоҳ калимаси озод қилди

Ҳазрат Умар ибн Хаттоб мусулмонларнинг аҳволларини ўрганиш учун айланиб чиққан эди. Бир маҳал мудроқ босиб қолди. Шу пайт олдида қўй подасини етаклаб бир киши ўтиб қолди. Умар розияллоҳу анҳунинг уйқуси очилиб, синаб кўриш учун унга савол берди:

Қўйларингдан бирини менга сот.

Бу қўйлар меники эмас. Мен бир қулман. Бу қўйлар ҳожамники, – жавоб берди қул.

Бу ерда бизни ҳожанг кўрармиди? Биттасини сот, ҳожангга бўри еб кетди деб қўяверасан, – деди Умар розияллоҳу анҳу. Бу сўзларни эшитган чўпон бир сесканиб наъра тортди:

Эй араб биродарим! Аллоҳ кўрмайдими?!

Эртасига эрталаб Умар розияллоҳу анҳу унинг ҳожасини топтирди ва қулни ундан сотиб олиб озод қилиб юборди. Сўнг унга шундай деди:

“Аллоҳ” калимаси сени бу дунёда қулликдан озод қилди. Умид қилурманки, охиратда дўзах азобидан ҳам озод қилса.

Неъматлардан сўраласизлар

Абу Ҳозим айтади: “Умар ибн Абдулазизнинг олдига бордим. У мени кўрибоқ таниди, мен эса бир кўришда танимадим.

Эй Абу Ҳозим! Менга яқинроқ кел, – деди у. Яқинроқ борган эдим, мен ҳам уни танидим.

Сенмисан, мўминларнинг амири? – сўрадим.

Ҳа, – жавоб берди у.

Кеча кечқурун Мадинада бўлмадингми?

Шундоқ.

Маркабинг учқур, кийиминг покиза, юзинг кўркам, таоминг лаззатли экан. Сен мўминларнинг амири бўлганингдан кейин нима нарса сени бунчалик ўзгартириб юборди?

У йиғлаб юборди. Сўнг :

Эй Абу Ҳозим! Вафот этиб қабрга қўйилганимдан сўнг уч кун ўтгандан кейин кўрсанг эди? Қорачиқларим лунжларимга оқиб тушган, қоринларим ёрилган, қурт-қумирсқалар баданимда ўрмалаб юрган бўлса, ҳолим нима кечар экан?... Эй Абу Ҳозим! Менга Мадинада айтиб берган ҳадисни яна бир қайтар, – деди. Мен унга ўша ҳадисни эслатдим:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан эшитганман, у айтар эди: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизларнинг рўпарангизда машаққатли ва ҳалокатли тўсиқ бор. Ундан фақат ориқ ва қотмаларгина ўта олур”, деганларини эшитганман”.

Умар яна йиғлади. Сўнг айтди:

Эй Абу Ҳозим! Мени маломат қилавергин, токи бу маломатларингдан озиб кетай. Шоядки ўша кунда тўсиқ ҳалокатидан нажот топсам. Бўлмаса “Неъматдан албатта сўралажаксизлар” оятидаги каби сўралганимда, нажот топаман деб ўйламайман”.

Абу Саъдун

Зуннун Мисрий роҳимаҳуллоҳ айтади:

“Бир кеча Байтни тавоф қилаётган эдим, кўзимни уйқу элтиб қолди. Шу пайт бир киши илдамлаб, менинг олдимдан ўтиб қолди. У: “Эй Роббим! Мен бир бошпанасиз сарсон-саргардон мискин бандангман. Мен Сендан Сенга яқинлаштиргувчи амалларни сўрайман. Ўзинг танлаб олган мукаррам пайғамбарларинг ҳурматидан муҳаббатинг шарбатидан ичиришингни ва завқу-шавқ қанотларини боғлаб Сенинг гулшанинг сари парвоз қилишим учун қалбимдан жаҳолат пардасини олиб ташлашингни сўрайман”, – деди ва йиғлади. Кейин кулди. Сўнг кулди ва йўлида давом этиб кетди”.

Зуннун унинг ортидан эргашди. Масжиддан чиқиб, унинг ортидан Макка хароботларигача борди. Шунда у киши:

Сенга нима керак? Бошқа ишинг йўқми? Қайт ортингга! – деди.

Аллоҳ сенга раҳм қилсин, исминг нима? – сўради Зуннун.

Абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси)

Отангни исми нима?

Абдуллоҳ.

Тўғри, ҳамма инсонлар ҳам Аллоҳнинг бандалари. Уларнинг оталари ҳам Аллоҳнинг бандалари. Ўзингни исминг нима?

Роббим мени Абу Саъдун деб номлаган.

Сен Аллоҳга кимларни васила қилдинг?

Улур шундай зотларки, забонийларнинг азоблашларидан қўрққан, қалблари тўла муҳаббат ила Аллоҳнинг розилигига ошиққандурлар!

Ҳомиланинг хуни

Ким Аллоҳдан қўрқса, бошқа барча нарсанинг олдида у ҳайбатли бўлур. Шунинг учун ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳдан қанчалар қўрққан бўлса, ундан ҳам барча инсонлар ҳайиқар эди. Ҳатто “Ҳажжожнинг қиличидан кўра Умарнинг дарраси маҳобатлироқ эди”, – деганлар.

Умар розияллоҳу анҳу эл ичида ҳар хил гап-сўзи тарқаган бир аёлни чақиртирди. Уни олиб боргани вакиллар келган эди, аёл қўрқиб қалтираб кетди. Йўлга чиқишганидан кейин қўрқув ичида ҳомиласи тушиб нобуд бўлди.

Буни эшитган Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларини йиғиб, улардан бунинг ҳукми нима бўлишини сўради. Улар: “Кўриб турибмизки, сен уни тартибга солмоқчи бўлган эдинг. Яхшиликдан бошқа ҳеч нарса истамаган эдинг. Шунинг учун сенга бок йўқ”, – дейишди.

Фақат Али каррамаллоҳу важҳаҳу индамай ўтирар эди.

Эй Абу Ҳасан, сенда қандай фикр бор? – сўради Умар розияллоҳу анҳу.

Булар нима деганини эшитиб турибсан, – жавоб берди Али каррамаллоҳу важҳаҳу.

Сенинг ўзингда қандай фикр бор?

Одамлар сен эшитган нарсани айтдилар.

Аллоҳга қасамки, ўз фикрингни айтасан!

Унинг хуни сенинг оилангиннг зиммасига бўлади. Чунки боланинг хатоан ўлдирилиши сенга тааллуқли бўлди.

Аллоҳга қасамки, уларнинг орасида сен менга тўғри сўз айтдинг. Энди мен боланинг хунини Бани Адий жамоасига жорий қилмагунимча, кетмай тур!

Роббим мендан сўрагайдур!

Халифа Сулаймон ибн Абдумалик вафот этди. Унинг жанозасидан фориғ бўлишганларидан сўнг Умар ибн Абдулазиз ғамнок ҳолда уйига қайтди. Бу ҳолни кўриб унинг мавлоси:

Нечук ғамноксиз? – деб сўради. Умар ибн Абдулазизи жавоб берди:

Қандоқ ҳам ғамга чўкмай? Ҳолбуки бутун умматнинг ҳаққини адо этиш масъулиятини ўз зиммамга олишга рози бўлган бўлсам!

Сўнг йиғлаб юборган эди, аёли кириб йиғининг сабабини сўради.

Мен бу умматнинг барча ишлари учун раҳбар бўлдим. Менинг тасарруфимдаги қишлоғу-шаҳарлардаги барча фақирлар, очлар, хаста-беморлар, чорасиз қарздорлар, ўксик етимлар, бева қолган туллар, жабрдийда мазлумлар, ғариблар, асирлар, мункиллаган қариялар, камбағал аёлвандлар ва шу кабилар ҳақида тафаккур қилиб билдимки, Аллоҳ таоло қиёмат кунда мендан улар ҳақида албатта сўрагайдур! Шунга йиғламоқдаман, – жавоб берди Умар ибн Абдулазиз.


Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг 

“Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

Асака туман бош имом хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Ғусл қилсам, давоми...

1029 19:00 / 29.11.2023
Бу илмий иш қандоқ олиб борилганини яхшироқ тушуниш, тузукроқ англаб етиш учун оддий ва содда мисолдан сўз бошлайлик.Бунинг учун Қуръондан кейинги энг саҳиҳ давоми...

3696 17:23 / 08.01.2017
. . Амр ибн Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Усмоннинг ҳузурида эдим. Таҳорат суви опкелтирди ва .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

901 19:00 / 15 февраль
Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ алАздий асСижистоний ҳужжат билан ҳукм қилувчи, ҳуффозларнинг саййиди, ҳадисларни таҳлил этувчи .Китоби Саҳиҳ, деб тан давоми...

4778 14:10 / 17.04.2019