1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Рамазон сарҳисоби: Қуръонга хизмат – олий мақсад

20:33 / 22.07.2017 8063 pdf Ўқиш режими + -

Бугун «Ҳилол-нашр» нашриёти ҳамда Ислом.уз портали томонидан ташкил қилинган «Қуръонга хизмат – олий мақсад» номли анжуман бўлиб ўтди.

Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат ўлароқ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва Аллоҳнинг йўлига Унинг изни ила даъват қилувчи қилиб юборди ҳамда у зотга Ўзининг азиз китоби Исломнинг боқий китоби бўлмиш Қуръони Каримни нозил қилди.

Аллоҳ азза ва жалла ушбу китобни тиловат қилишни биз учун ибодат ўлароқ белгилаб берди. Қуръон бизнинг ҳаёт дастуримиз, сулукимиз, ахлоқ ва одобимизнинг асосидир. Ким уни маҳкам тутса, аниқки, ҳидоят топади, ким ундан юз ўгирса, аниқки, залолатга кетади.

Қуръон аҳли Аллоҳнинг аҳли, унинг хос бандаларидир. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг энг яхшиларингиз – Қуръонни ўрганган ва ўргатганларингиздир», дея марҳамат қилганлар.

Қуръон аҳлининг мавқеи улуғ, даражаси юқоридир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бу китоб сабабли кимнингдир даражасини кўтариб, бошқаларникини туширади», деганлар.

Каломуллоҳ ҳофизлари бандаларнинг энг ажри улуғлари, савоби кўпларидирлар. Улар қалбларида кўксларида Робб таолонинг каломини ҳамл қилиб, У зотнинг нури ила юрадилар.

Рамазон ойи тугаганига салкам бир ой ўтганига қарамай, ушбу фараҳбахш кунларнинг шукуҳи, файзу таровати ҳамон қалбимизда. Чунки бу ой – ибодат ойи, ихлосу солиҳ амаллар ойи, таровеҳ ва хатми Қуръон ойидир. Аллоҳ таоло бу улуғ ойда хулуси ният билан қилган барча ибодатларимизни, хатми Қуръонларимизни мақбул айлаб, дуоларимизни ижобат қилсин. Қуръон ўқиш, Қуръонни ёд олиш, Қуръон илмларини ўрганиш ва уни бошқаларга ўргатиш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг каломи – Қуръони Каримга улкан хизматдир. Шу муносабат билан нашриётимиз ҳамда порталимиз томонидан бу йилги Рамазони шарифда – Қуръон ойида турли хайрли тадбирлар, илмий-маърифий танловлар ўтказилди. Бугунги анжуман дастуридан ўрин олган асосий тадбиримиз – ана шу танловларнинг якунини эълон қилиб, ғолибларни тақдирлашдан иборат эди. Шунингдек, анжуманда Қуръонга хизматда барчамизга гўзал намуна бўлган устоз қориларимизнинг хатм ва қироатлари тўпламининг навбатдаги сонлари тақдим этилди.

Маълумки, бу каби тадбирлар ўтказишни нашриётимиз ва порталимизнинг асосчиси, барчамизнинг устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бошлаб берган эдилар. Аллоҳ таоло устозимизнинг барча солиҳ амалларини, садақаи жорияларини, Исломга, илм-маърифатга, Қуръонга хизматларини ҳусни мақбул айласин, ажру савобларини кўпайтириб бериб, охиратларини обод қилсин.

Анъанага кўра, анжуман Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Сўнг устозимизнинг фарзандлари, нашриётимиз раҳбари Исмоилжон домла бугунги анжумандан кўзланган мақсад ва ҳамда келгуси режаларимиз ҳақида сўзлаб, шундай деди:

«Муҳтарам аҳли Қуръонлар, азиз устозлар, қадрли меҳмонлар, Рамазон ойидан сўнг ушбу муборак ойда қилинган хайрли амалларнинг ўзига хос сарҳисоби бўлган, «Қуръонга хизмат» деб номланган бугунги анжуманимизга хуш келибсиз. Аллоҳ таоло қадамларингизга ҳасанотлар ёзсин!

Падари бузрукворимиз, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳар йили Рамазон ойини ўзига хос тантана, ҳаяжон ва шукуҳ билан кутиб олар эдилар, бу ойдаги суҳбатларини «Рамазон рўзасини тутишни бизларга фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, Рамазон кечаларида қоим бўлишни бизларга суннат қилиб берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин» деган ҳамду санолар билан бошлар эдилар, бу ойга алоҳида бир туҳфалар тайёрлар эдилар, ҳар бир мўмин-мусулмон ушбу ибодат ойининг ғанимат ажру савобларидан имкон қадар кўпроқ насиба олиб қолишига ҳарис бўлар эдилар. Ана шу хайрли анъанани давом эттириш ниятида «Ҳилол-нашр» нашриёти ҳамда Ислом.уз портали томонидан Рамазони шариф давомида бир неча хайрли ишлар амалга оширилди. Энди эзгу ният билан бошланган ташаббуслар, қилинган хайрли ишларни ўзига хос сарҳисоб қилиб, бу борада энг фаол бўлган, жонбозлик кўрсатган азизларимизни камтарона тақдирлаш, бу ойда ўтказилган тадбир ва танловларнинг натижасини эълон қилиб, ғолибларга мукофот бериш мақсадида бугунги анжуманимизни ташкил қилдик.

Рамазон – Қуръон ойи. Шу боис, бу ойда ўтказилган барча тадбирларимизнинг марказида, замирида Қуръони Каримни ўрганиш ва ўргатиш, Қуръонга амал қилиш, Қуръонга хизмат қилиш ётади. Шунинг учун ҳам бугунги анжуманимизни «Қуръонга хизмат» деб номлаб, Аллоҳ таолонинг муборак Каломига хизмат қилган азизларимизни таклиф этдик.

Рамазони шариф ойида порталимизнинг Қуръони Каримга бағишланган саҳифаси – Қуръон.уз сайтида кўп яхши ва янги ишлар қилинди. Жумладан, ҳозирги кунда жуда тез оммалашиб бораётган Телеграм ижтимоий тармоғида ушбу саҳифанинг ахборот канали ташкил қилинди. Бу канал аҳолининг эҳтиёжи, қизиқиши, бу тармоқнинг қулайлиги ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда очилган бўлиб, унда илк бор Қуръонга доир савол-жавоблар рукни ташкил қилинди. Каналга аъзо бўлганларнинг сони кундан-кунга ошиб бораётганини ҳисобга олиб, Хатми Қуръон танлови ўтказилди. Бу танлов шартларига кўра канал аъзолари Рамазон ойида Тошкент шаҳридаги масжидларда ўтказилган таровеҳ намозларида хатми Қуръон ўқиган қориларимизга овоз беришди. Энг кўп овоз олган ҳамда Қуръони Каримга кўп йиллардан бери кўп хизмат қилган қориларимиз танлов ғолиби деб топилиб, бугунги анжуманга таклиф қилиндилар. Иншаалоҳ, анжуман давомида уларга совринлар ва эсдалик совғалар топширилади.

Бугунги анжуман дастурига киритилган кейинги тадбиримиз – «Сўнмас садолар» туркумининг навбатдаги сони тақдимотидир. Ижозатингиз билан ушбу туркум ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак.

Падари бузрукворимиз, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бутун умрларини динимизга, мўмин-мусулмонларга, Ватанга хизмат қилиш, Исломни, иймонни тарқатишга бағишлаган эдилар. Устозимиз олиб борган кенг кўламли, серқирра илмий фаолиятнинг негизини, ўзагини Қуръони Карим ташкил қилган эди. Шу боис у зотнинг халқимизга тақдим қилган шоҳ асарлари ҳам Қуръони Карим тафсири бўлди. Устозимизнинг Қуръони Каримга муҳаббатлари ниҳоятда кучли эди, энг севган ибодатлари Қуръон ўқиш ва тинглаш эди. Қуръонга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли аҳли Қуръонларни, қориларни жуда ҳурмат қилар эдилар, иззат-икром кўрсатар эдилар. Ҳазрат аҳли Қуръонларга бўлган муҳаббатлари туфайли юртимизнинг энг пешқадам қориларидан бўлмиш Ҳасанхон ва Ҳусайнхон қориларга алоҳида эътибор бердилар, ёшликдан қори бўлганларига беҳад қувондилар, уларнинг Қуръондан кейин бошқа исломий илмларни ҳам олишларига иршод қилиб, бугунги куннинг етук аҳли илмларидан бўлишларига катта ҳисса қўшдилар. Аллоҳга таолога шукрлар бўлсинки, устозимиз хулуси ният билан эккан дарахтларининг нишона меваларини ҳаётлик чоғларида кўриш насиб қилди. Бугунги кунда ака-ука қориларимиз устозимизнинг манҳажларини, соғлом ақийда, ҳақ мазҳабларни маҳкам тутиб, динимизга, хусусан Қуръонга кўплаб хизмат қилмоқдалар, чинакам шогирдлар сифатида китоблар ёзиб, халққа тақдим қилмоқдалар.

Айни пайтда қориларимиз динимизнинг бугунги равнақи йўлида улкан хизматлар қилган устоз қори буваларимизнинг меросини тўплаш, ўрганиш ва халққа тақдим қилиб, келажак авлодларга ибрат сифатида етказишдек хайрли ишга қўл урдилар. Бу иш ҳам устозимиз шайх ҳазратларининг оқ фотиҳалари билан бошланган бўлиб, унга «Сўнмас садолар» деб ном қўйилди. «Сўнмас садолар» туркуми остида сиз азизларга тақдим этилаётган овозли ёзувлар мустабид тузум даврида, мўмин-мусулмонлар учун энг оғир дамларда Исломни, Қуръонни чўғ ушлагандек ушлаб турган зотларни, саҳоба ва тобеъинлар Исломни, Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги умматларга қандай омонат ила етказган бўлса, шундай етказишга муваффақ бўлган қори буваларимизнинг ноёб осори атиқаларидир.

Динимизга тазйиқ энг кучайган даврларда ҳам бу улуғ зотлар Аллоҳ таолога таваккул қилиб, ҳеч бир моддий манфаатни кўзламай, яхши ният билан ўз қироатларини, тиловатларини ва ҳатто тўлиқ хатми Қуръонларини магнит тасмаларига ёзиб қолдиришган. Бу нодир, дурдона ёдгорликларни қидириб топиш, тўплаш ва замонавий электрон форматда халққа тақдим этиш бугунги авлод учун ҳам бурч, ҳам улуғ шарафдир.

 «Сўнмас садолар» туркумининг дастлабки, нишона сони бундан бир неча ой муқаддам сиз азизларга тақдим қилинган эди. Илму маърифатга ташна, қалби Қуръонга ошно халқимиз бу ноёб дурдоналарни жуда яхши кутиб олди. Бугун эса ушбу туркумнинг навбатдаги сонини тақдим қилиш учун тўпланганмиз. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу туркум устида иш олиб бораётган барча азизларимизга, хусусан, Ҳасанхон ва Ҳусайнхон қориларимизга нашриётимиз номидан, халқимиз номидан миннатдорчилик билдирамиз. Аллоҳ таоло барча хайрли амалларини бардавом ва манфаатли айласин.

Тақдим қилинаётган тиловат ва хатми Қуръонларни ўқиган, умрини Қуръонга хизмат қилишга бағишлаган азизларимизни, муҳтарам қори буваларимизни Аллоҳ табарока ва таоло Ўз раҳматига олсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига мувофиқ, Роббининг Каломини ўрганган ва ўргатган бандаларнинг қаторидан қилсин, уларга ваъда қилинган ажру мукофотларини кўпайтириб бериб, жаннати наъимларидан баҳраманд айласин!

Бу улуғ зотларнинг Қуръонга бўлган муҳаббатини, Қуръонга қилган хизматларини бугунги ва келаси авлодларимизга ҳам насиб қилиб, то қиёматга қадар Парвардигоримизнинг ҳақ йўлида, иймон ва Исломда собитқадам айласин!»

Юқорида айтиб ўтилганидек, порталимизда Қуръонга хизмат борасида кўпгина яхши ишлар олиб бориляпти. Бу ишлар яқин ўтмишимизда Қуръонга улкан хизмат қилган аждодларимиз, устозларимизнинг холис дуолари ижобати бўлса ажаб эмас. Бу улуғ зотларнинг диёримизда Қуръонга қилган хизматлари ҳамда бу буюк хизматнинг бугунги жараёни ҳақида юртимиз қориларининг бугунги авлод вакили, Чимир ота жомеъ масжиди имом-ноиби Абдулбосит қори сўзлади.

Шундан сўнг «Сўнмас садолар» туркумининг навбатдаги сонларини тақдим этиш вақти келди. Устоз Неъматуллоҳ қори томонидан қилинган хатми Қуръон ҳамда терма қироатлар жамланмасини «Ислом ота» масжидининг имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид тақдим қилди.

Маълумки, «Сўнмас садолар» туркумининг дастлабки сонида икки хатми Қуръон тақдим қилинган эди. Бу хайрли иш Ватанимизнинг диний-маърифий тарихида катта воқеа бўлди. Қалби Қуръонга муштоқ, кўнгли Қуръонга ошно халқимиз бу мунаввар осори атиқаларимизни бағоят мамнуният билан кутиб олди. Туркумнинг навбатдаги сонида яқин ўтмишимизда Қуръони Каримга хизмат қилиб ўтган устоз қорибуваларимиздан яна бири ‒ Неъматуллоҳ қори Қосимжон ўғли раҳматуллоҳи алайҳ ўқиган хатми Қуръон эътиборингизга ҳавола қилинмоқда. Бу хатм 1978-79 йилларда тасмага туширилган бўлиб, Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятида ўқилган. Афсуски, тасма тўлиқ сақланиб қолмаган, ундаги айрим сура ва оятлар тушиб қолган, аммо қироат жуда ҳам гўзал бўлиб, кўп қисми тиниқ сақланган.

«Сўнмас садолар» туркумининг навбатдаги сонида эса яқин ўтмишимизда Қуръони Каримга хизмат қилиб ўтган устоз қорибуваларимиздан бир нечталарининг тадвир суръатида ўқиган қироатларидан намуналар жамланган. Бу терма қироатлар ноёб маънавий бойлик бўлиб, айримлари ўтган асрнинг ўрталарида қайд қилинган. Жамланмани тинглар экансиз, беихтиёр ўша замонларга сайр қилиб, улуғ устозларнинг файзларидан баҳраманд бўласиз.

Жамланмада қуйидаги қори устозларнинг қироатлари ўрин олган:

1. Шаҳобиддин қори Мўминжон ўғли (1892‒1975)

2. Муҳаммад Мубин қори Аминжон ўғли (1914‒1979).

3. Салоҳиддин қори (1913‒1994).

4. Раҳматуллоҳ қори Қосимжон ўғли (1917‒1981).

5. Иброҳимжон қори ака (1931‒2004).

6. Абдулмалик қори Абдурраҳим ўғли (1937‒1975).

7. Яҳёхон қори Боқийбиллоҳ ўғли (1933‒1989).

Ҳасанхон қори ушбу жамланмаларга хатм ва қироатлари киритилган устоз қорибуваларимизнинг ҳар бирлари ҳақида алоҳида тўхталиб, уларнинг таржимаи ҳоллари, ҳаёт йўллари, устозлари, Қуръонга хизматлари ҳамда шогирдлари ҳақида батафсил маълумотларни тақдим қилди.

Шундан сўнг қориларимиз ижросидаги нашидалар Рамазони шариф шукуҳини эслатиб, даврага янада файз бағишлади.

Нашидадан кейин Ҳасанхон Яҳё Рамазон ойида ўтказилган танлов ва мусобақаларни, ушбу танловларни ташкил қилишдан кўзланган мақсадларни ҳамда бу танловнинг самарасини қисқача шарҳлаб, мусобақа ғолиблари ҳамда барча қатнашчиларни яна бир бор муборакбод этди. Сўнг Рамазон ойида Қуръон.уз каналимиз орқали ўтказилган савол-жавоб мусобақаси ва юртимиз масжидларида хатмга ўтган қорилари қироати кўрик-танловининг ғолиблари эълон қилинди.

Марҳамат, ғолиблар билан танишинг:

 

Савол-жавоб мусобақасида:

1. Хуршид Исомиддинов

2. Умарали Ғаффоров, Достон Мустафоев

3. Марямхон

Хатми Қуръон кўрик танловида канал аъзолари берган овозлар бўйича ғолиблар:

1. Муҳаммад Лойиқ қори Абдулвоҳид ўғли

2. Азизбек қори Тўхтасин ўғли

3. Аҳмад Ризо қори Зиёуддин қори ўғли

«Хизмат кўрсатган қорилар» йўналиши бўйича ғолиблар:

1. Абдулбосит қори Бадриддин қори ўғли.

2. Аҳмадхон қори Усмонхон ўғли.

3. Аҳрорбек қори Абдуссалом ўғли.

Шунингдек, танлов ва мусобақада иштирок этган барча қориларимизга фахрий ёрлиқ ҳамда совғалар топширилди:

Абдулбасир қори Рустам ўғли

Авазбек қори Акбарали ўғли

Акмалхон Саидолимхон ўғли

Билолуддин қори Раҳматуллоҳ ўғли

Зокиржон Муҳаммад Қодир ўғли

Зулфиқор қори Отабой ўғли

Исмоилхон Абдулкарим ўғли

Ихтиёр Бахтиёр ўғли

Камолиддин қори Комилжон ўғли

Каримов Муҳаммад Иброҳим қори

Каромаддин қори Нажмиддин ўғли

Маъруфхон қори Умархон ўғли

Муҳаммад Айюб Акмалхон ўғли

Муҳаммад Жалол қори Муроджон ўғли

Муҳаммадий қори Ғуфронхон ўғли

Насибулло қори Сайфиддин ўғли

Раҳматуллоҳ Носиржон ўғли

Рустам қори Раҳимжон ўғли

Саидалиев Муҳаммад Ҳожи Мирзо

Саидраҳмон Эгамберди ўғли

Убайдуллоҳ Обиджон ўғли

Хайдарқулов Ҳусан қори

Ҳасанхон қори Набий ўғли

Ҳусанхон қори

Шамсиддин қори Иброҳим ўғли

Шамсиддин Хайруллоҳ ўғли

Анжуман меҳмонлари, жумладан, Абдуллоҳ ҳожи Исмоил махдум ўғли, Зоҳиджон қори ҳамда устоз Яҳёхон қорибувалар  сўзга чиқиб, анжуман ташкилотчиларини, танловда ғолиб бўлган ва унда иштирок этган барча азизларимизга ташаккур айтиб, эзгу ниятлар тиладилар.

Шундан сўнг анжуманга ташриф буюрган барча азизларимизга самимий миннатдорчилик билдирган ҳолда, хатми Қуръон танлови ҳамда каналимизда ўтказилган мусобақанинг барча иштирокчиларига ташаккур айтган ҳолда, тадбирга хотима ясаб, «Қуръонга хизмат – олий мақсад» деб номланган бугунги анжуманимиз учун тайёрланган хатми Қуръон якунланиб, хайрли дуолар қилинди.

Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам аҳли Қуръонларимизни, мусобақа ва танловларнинг барча иштирокчилари, хусусан, ғолибларни бу мукофотлар билан табриклаб, энг самимий эзгу тилакларимизни тилаймиз. Бу дунёда Қуръонга хизмат билан шарафлантирган Аллоҳ таоло охиратда сизни қорилар учун ваъда қилган неъматларига буркасин!

Анжуман ҳақидаги тўлиқ ҳисоботни яқин кунларда порталимизда томоша қилишингиз мумкин.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2019 йил 25 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим давоми...

2408 15:20 / 26.04.2019
Ҳаждан кўзланган мақсад ndash бандани энг юқори савияда Аллоҳга ибодат қилишга ўргатишдир. Бундан ташқари, Ҳажда хокисорлик касб этилади ва банда дунёнинг ҳамма давоми...

1029 21:24 / 28.06.2022
Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида .Замонлар оша цивилизация ndash Ўзбекистон, мавзусидаги кўргазма ва илмий анжуманнинг расмий давоми...

1559 12:34 / 21.09.2019
Куни кеча Тошкент вилояти бош имомхатиби Хайруллоҳ домла Турматовнинг вафоти барчамизнинг кўнгилларимизни маҳзун этди.Шу муносабат билан юртимиздаги жоме давоми...

893 14:20 / 18.09.2020
Аудиолар

120155 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41817 14:35 / 11.08.2021