1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Осийлик

00:01 / 14.05.2017 5051 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг яна бири осийликдир.

«Осийлик», «исён», «маъсият» сўзлари бир ўзакдан бўлиб, луғатда «тоатдан чиқиш» деган маънони билдиради.

Уламолар истилоҳида «осийлик» Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсунишни тарк қилишдир.

Бошқа бир таърифда айтилишича, осийлик амрларни тарк этишдир. Аллоҳ таолонинг Китобида ва Расулининг тилидан фарз ва вожиб қилинган нарсаларни тарк қилиш ва Аллоҳ таоло амр қилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етказган зоҳир ва ботин амалларни содир этмасликдир.

Осийлар икки хил бўлади:

1. Маъсиятни қилиш билан бирга, тоатдан ҳам бош тортади. Бу энг ёмони ҳисобланади.

2. Маъсиятни қилиш билан бирга, тоатларни ҳам адо этади. Бундай банда маъсиятига яраша жазо олади.

Маъсиятнинг катта ёки кичиклигига қараб унинг ҳукми ҳам ўзгаради. Аммо кичик гуноҳни давомли қилиш катта гуноҳни келтириб чиқаради. Ким катта гуноҳ қилса, фосиқ бўлади ва гувоҳлиги ўтмайди.

Аллоҳ таоло маъсиятни қаттиқ қоралаган ва унинг оқибатидан ҳазир бўлишга чақирган. У Зот Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осийлик қилса ва Унинг чегараларини бузса, У Зот уни мангу қолувчи бўлган ҳолида оловга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир» (14-оят).

Демак, бу дунёда фақат Аллоҳга ва Унинг Расулигагина итоат қилиб яшаш лозим. Бу итоат шариатга амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга бўйсуниб, У кўрсатган дастурга амал қилиб яшаш иймонда, Исломда яшаш демакдир.

Демак, охиратда ҳар кимга бу дунёдаги амалига қараб муомала қилинади. Бу дунёда Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат этмай, осийлик қилиб, Аллоҳ таолонинг чегарасидан чиққанлар у дунёда абадий дўзахга киритилади. У ерда албатта, хорловчи азоблар ҳам бўлади.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

«Ҳеч бир мўмин ва мўмина учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди» (36-оят).

Барча мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устун туради.

Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари турганда, мўмин киши хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл ўзича бир иш қила олмайди. Бу мумкин ҳам эмас.

Ким Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг ҳукмини қўйиб, ўзича иш тутса, Аллоҳ таборака ва таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлади.

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди».

Очиқ адашганларнинг ҳоли нима бўлиши ҳаммага маълум.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсиятдан сақланишни сўраб дуо қилганлар ва осий бўлмасликка ҳаракат қилганларнинг гўзал оқибатга эришишлари хабарини берганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камдан-кам ҳолларда бирор мажлисдан саҳобаларига ушбу дуоларни қилмасдан турар эдилар:

«Аллоҳим! Бизга бизни Сенга маъсият қилишдан тўсадиган қўрқув; бизни жаннатингга етказадиган тоат; бизга дунё мусибатларини енгил қиладиган қаттиқ ишонч насиб қилгин.

То тирик эканмиз, бизни қулоқларимиз, қўлларимиз ва қувватимиз ила ҳузурлантиргин ва буни биздан (кейингиларга ҳам) мерос қолувчи қилгин. Бизнинг ўчимизни бизга зулм қилганларга хослагин.

Бизга душманларимиз устидан нусрат бергин. Мусибатимизни динимизда қилмагин. Дунёни бош қайғумиз, илмимизнинг етган жойи қилмагин. Устимиздан бизга раҳм қилмайдиганни султон қилмагин».

Термизий ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисни етти мартадан кўп айтганларини эшитдим. Мен у зотнинг «Кифл Бану Исроилдан эди. У гуноҳдан сақланмас эди. Унинг олдига бир аёл келди. У унга устига чиқиш шарти ила олтмиш динор берди. У эр хотинига қандоқ ўтирадиган бўлса, унга ўшандоқ ҳолда ўтирган чоғида аёл йиғлай бошлади. Шунда у: «Нимага йиғлаяпсан? Мен сени мажбур қилдимми?» деди. «Йўқ. Аммо мен бу ишни ҳеч қилмаган эдим. Фақат муҳтожлик мени бунга мажбур қилди», деди. «Сен аввал қилмаган ишингни қиляпсанми? Бор, кетавер! Пуллар ҳам ўзингга», деди. Сўнгра «Йўқ. Аллоҳга қасамки, бундан кейин Аллоҳга асло осий бўлмайман», деди.

У ўша кечаси ўлди. Бас, унинг эшигига «Албатта, Аллоҳ Кифлни мағфират қилди», деб ёзилиб қолди», деганларини эшитдим».

Термизий ривоят қилган.

Осийликнинг зарарлари:

1. Осийлик Одам ва Ҳаввони жаннатдан чиқарди.

2. Осийлик иблисни Аллоҳ таолонинг лаънатига учратди.

3. Осийлик Нуҳ қавмини тўфонга гирифтор қилди.

4. Осийлик Од қавмини томири чириган дарахтдек қулатди.

5. Осийлик Самуд қавмининг даҳшатли овоз ила ҳалок бўлишига сабаб бўлди.

6. Осийлик Лут қавмини чаппа айлантирилган ер остида ҳалок қилди.

7. Осийлик Шуъайб қавмини булутдан ёққан азоб ила ҳалок қилди.

8. Осийлик Фиръавн ва унинг қавмини денгизга ғарқ қилди.

9. Осийлик Қорун ва унинг молу мулкини ерга юттирди.

Маъсиятлар банда қалбининг моғор босишига, ғофил бўлишига ва муҳрланишига сабаб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари устида туриб: «Ёки қавмлар жумаларни тарк қилишдан тўхтарлар. Ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босур ва сўнгра ғофиллардан бўлурлар», деганларини эшитдим».

Муслим, Насоий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Гуноҳлардан сақланиш қалбнинг поклигини сақлаш учун хизмат қилади. Шунинг учун гуноҳларни озайтириш керак. Бу иш икки дунё учун ҳам фойдалидир.

Вакийъ ибн Жарроҳ келтирган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Гуноҳларни озайтиринглар! Албатта, сизлар Аллоҳ таолога гуноҳ озлигидан афзал нарса ила йўлиқа олмайсизлар».

Банда зоҳирий ва ботиний, катта ва кичик маъсиятлардан ҳазир бўлиши лозим. Кўпинча бир маъсият бошқа маъсиятга тортиши ҳам мумкин. Хусусан, қалб ва тил маъсиятлари каби ҳис қилиш қийин бўлган маъсиятлардан эҳтиёт бўлиш керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши у зотга йўлиқиб қўл олиб кўришса, ўша одам ўзи қўлини тортмагунча у зот қўлларини тортиб олмас эдилар. Унинг ўзи юзини давоми...

3842 05:00 / 03.03.2017
Муҳаммад Али Равшан mdash мисрлик дзюдочи, Жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби, ҳарбийлар ўртасида Жаҳон чемпиони, 1984 йилги Олимпиада кумуш медали соҳиби.Муҳаммад давоми...

2934 17:00 / 28.05.2022
Мусулмонлар ибодат учун масжидларга тўпланишади. Намозларни масжидларда жамоат билан адо этиш динимиз талабларидан биридир. Зотан, жамоат намозининг савоби давоми...

2871 05:00 / 04.03.2017
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳадя беришинглар, муҳаббат қилишасизлар,,ndash дедилар,.Шарҳ Бирор шахсни улуғлаб ва унинг меҳрини давоми...

2861 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

118782 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40732 14:35 / 11.08.2021