1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Усулул фиқҳ (дарслар)

Олтинчи далил. Маслаҳатул мурсала

22:04 / 18.04.2017 4896 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Маслаҳат» араб тилидаги сўз бўлиб луғатда «манфаат», «фойда», «наф» маъноларини англатади ва ҳар бир нарсанинг солиҳ, яъни тўғри бўлиши маъносини билдиради. Бизда «маслаҳат» сўзи нотўғри тарзда арабча «машварат» – «шууро»(шўро), яъни, кўпчилик бўлиб гапни пишириш маъносидаги тушунчага айланиб қолган. Усулул фиқҳда «маслаҳат» сўзининг ўрнига «манфаат»ни ишлатсак, мақсадга бир нави мувофиқ бўлса ҳам, барибир, «маслаҳат»нинг маъносини тўлиқ ифода эта олмайди. Шунинг учун, асл сўзни ишлатишга ўтганимиз маъқул.

«Мурсала» сўзи «қўйиб юборилган» деган маънони англатади. Яъни, «қилиш ёки қилмаслик ҳақида қайд келмаган», «тек қўйилган» деган маъно бўлади.
Шундан келиб чиқиб, «маслаҳатул мурсала»нинг луғавий маъноси «қайдланмаган», «эркин манфаат» дегани эканини билиб оламиз.
Маслаҳатул мурсала мавзусига киришдан олдин, тушуниш осон бўлиши учун, қисқа муқаддима тақдим этсак, мақсадга мувофиқ бўлса керак, деган умиддамиз.
Бу дунёда воқеъ бўладиган ҳодисаларнинг баъзилари шаръий ҳукмга асос бўла олади ва ўшалар ҳақида шариат ҳукми собит бўлади. Худди шу ишларни уламолар «ҳукмга муносиб маънолар» деб атайдилар. Худди шу «ҳукмга муносиб маънолар» шариат уларни эътиборга олиш ёки олмаслиги юзасида уч турга бўлинади.
Масолиҳул мўътабара – мўътабар(эътиборга олинган) маслаҳатлар. Бу турдаги маслаҳатлар уларни риоя қилиш ва эътиборга олиш ҳақида шариатда муайян далил собит бўлган маънолардир. Ушбу маъноларни ҳукмга иллат қилиб олиш ва уларга шаръий ҳукмни бино қилиш мумкин. Бу турдаги маслаҳатларга Исломда юзага чиқариш кўзда тутилган барча маслаҳатлар киради.

Ислом дийнининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилгандир:

1. Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсади.
Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун, шариат одам ўлдиришни ҳаром қилган ва одам ўлдиргандан қасос олиш ҳукмини жорий қилган.
2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш мақсади.
Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун, шариат хамр ичишни ҳаром қилган ва хамр ичган одамга жазо қўллаш ҳукмини жорий қилган.
3. Инсон дийнини муҳофаза қилиш мақсади.
Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун, шариат дийнни муҳофаза қилишга оид ҳукмини жорий қилган.
4. Инсон наслини муҳофаза қилиш мақсади.
Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун, шариат зинони ҳаром қилган ва никоҳ ҳукмини жорий қилган.
5. Инсон молу мулкини муҳофаза қилиш мақсади.
Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун шариат бировнинг молини ўзлаштириб олишнинг барча турларини ҳаром қилган ва бу ишларни қилганларни жазолаш ҳукмини жорий қилган.
Бу ерда келтирилган мисоллар асл бўлиб, кейинчалик мужтаҳидлар уларга қиёс қилиб кўплаб ҳукмларни чиқарганлар. Буларнинг барчасида шариат эътиборга олган маслаҳат(манфаат)лар асос бўлган.
Масолиҳул мўътабара – мўътабар(эътиборга олинган) маслаҳатлар(яъни, манфаатлар), ўз навбатида уч қисмга бўлинади.
Биринчи қисм «заруриёт» деб аталиб, одамларнинг дийний ва дунёвий ҳаётлари уларга боғлиқ ўта зарур нарсалардан иборат бўлиб, улар йўқ бўлса, дунё ҳаёти пароканда бўлади, неъматлар йўқолиб, охиратда азобга дучор бўлинади.
Юқорида зикри ўтган беш бош мақсадга оид маслаҳатлар айнан мўътабар маслаҳатлардир.
Шариат аҳкомларининг кўпи бу дунё ҳаётида мана шу бешта мақсадни юзага келтиришга қаратилган.
Дийнни муҳофаза қилиш учун, муртадларни ўлдириш ҳукми киритилди, бундан бошқа аҳкомлар ҳам кўп.
Жонни ҳимоя қилиш учун, бировни қасддан ўлдирган қотилни қасос йўли билан ўлдириш шариатда жорий қилинган. Мана шу қонуннинг татбиқ этилиши ҳар бир одамнинг жонини сақлашга омил бўлади.
Ақлни муҳофаза қилиш учун, ароқ каби маст қилувчи нарсаларни ичиш манъ қилинган. Чунки, шу маст қилувчи нарсалар айнан ақлни кетказувчи нарса ҳисобланади.
Насабни ҳимоя қилиш, унинг пок туришини таъминлаш учун, зинони ҳаром қилди ва ҳаддул қазфни жорий қилди.
Молни муҳофаза қилиш учун, Аллоҳ таоло ўғриликни ҳаром қилди ва ўғрининг қўлини кесиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Демак, дийнга душманлик қилиш, қасдан қотиллик қилиш, маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилиш, зино қилиш ёки бировни зинода айблашларнинг ҳаммаси бир маслаҳатни юзага чиқариш учун муносиб васфдир. Бу нарса шариатда эътиборга олингандир. Ана шу нарса таъсир ўтказувчи мулойим бир муносабат бўлади. Шариат қандай эътиборга олган бўлса, шундай ҳолда амал қилиш лозим бўлади.
Иккинчи қисм «ҳожиёт» деб аталиб, одамлар уларга ўзларидаги тангликни йўқотиш учунгина муҳтож бўладилар. Бу қисмдаги маслаҳатлар йўқ бўлса, одамларнинг ҳаёти остин-устин бўлиб кетмаса ҳам, баъзи бир торлик ва тангликка дучор бўладилар.
Агар ҳожат тушиб турадиган нарсалар йўқ бўлиб қолса, одамлар қийинчиликда, тангликда қолишади, лекин ҳаётлари хавф остида қолмайди.
Шунинг учун, шариат бир қанча муомалаларни йўлга қўйган. Мисол учун, олди-сотди, ижара ва шунга ўхшаш нарсалар. Мана шулар бўлмаса, одамлар қийналиб қолади. Ҳар куни кимнингдир ниманидир сотишга ёки сотиб олишга эҳтиёжи бор. Ижарага ҳам эҳтиёж бор. Агар ижара йўқ деб қўйилса, кўп одам уйдан чиқиб, уйсиз ўтириши керак бўлади.
Шу билан бирга, шариатда рухсатлар ҳам бор. Мисол учун, мусофир намозини қаср қилиб ўқиши ва рўзани тутмаслигига берилган рухсат.
Шунингдек, ҳомиладор ёки эмизикли аёл ва касал кишилар Рамазонда оғзини очиб, кейин – сафардан келганда ёки тузалганда, тутиб беришлари. Яна, ҳайз кўрган ва нифосли аёллардан намознинг соқит бўлиши. Маҳсига масҳ тортиш, кичкина қизчанинг валийи ўзи куфув(тенги)ни топиб турмушга бериши. Мана шулар ҳаммаси қарор қилинган аҳкомларга муносиб васфлар ҳисобланади.
Учинчи қисм «таҳсиниёт» деб аталиб, булар яхши одатларни жорий қилиш учун, гўзал ахлоқларни таратиш учун қилинадиган ишлардир. Бу маслаҳатларни шариат ҳукми қилиб олишдан мақсад, ибодатларни яхшироқ қилиш, чиройли-гўзал ахлоқларни бировга кўрсатишдир. Мисол учун, намоз ўқиш учун тоҳарат қилиш, чиройли кийим кийиб ясаниш ва хушбўй ишлатиш, таомлардан ифлосларини ҳаром қилишлик, мулойим бўлиш, эҳсон қилишга бўлган амрлар ва шуларга ўхшаш ишларнинг ҳаммаси аҳкомларга муносиб васфлар ҳисобланади.

2. Масолиҳул мулғоту.
Яъни, бекор қилинган маслаҳатлар. Бу маъноларнинг бекор қилинганига ва эътиборга олиш керак эмаслигига шаръий далил келган бўлади. Бундай нарсаларни ҳукмга иллат қилиб олиш ва улар асосида ҳукм чиқариш мумкин эмаслигига уламолар иттифоқ қилишган.
Ушбу муносабат ила айтиб ўтиш лозимки, албатта, шариатда бирор маслаҳатни, агар у ундан кўра кучлироқ маслаҳатнинг зое бўлишига сабаб бўлмаса, ҳеч қачон бекор қилинмайди. Бу ҳақийқатни англаб етиш учун шаратда бекор қилинган маслаҳатлардан баъзиларига бир назар солишнинг ўзи кифоя қилади.
Мисол учун, сиртдан қараганда, кўпхотинликни манъ қилишда маслаҳат бордай бўлиб кўринади. Ўша маслаҳат бир оила аъзолари орасидаги робиталарни аянчли ҳолга келтириш мумкин бўлган кундошлар орасидаги низо ва хусуматларнинг йўқолиши бўлиши мумкин. Аммо, шариатда ушбу маслаҳат эътиборга олинмаган, уни бекор қилинган ва хотинлар орасида адолатли бўлиш шарти ила наслни кўпайтириш, зинодан сақлаш ва аёллар эрсиз қолмасликларини таъминлаш каби бир неча маслаҳатлар эътиборидан кўпхотинликка рухсат берилган.
Шунингдек, сиртдан қараганда қаршилик кўрсатмасдан душманга таслим бўлишда жонларни ўлим ва асирликдан ва молларни талафот ва зое бўлишдан сақлаш каби маслаҳатлар борга ўхшаб кўринади. Лекин шариат бу маслаҳатни эътиборга олмаган ва бекор қилган ҳамда душманга қарши курашга ва ватанни ҳимоя қилишга чорлаган. Чунки, бу ишда аввалгидан кўра кучли маслаҳат – миллатнинг каромати ва вужудини сақлаш турибди.
Бошқа бир мисол келтирайлик. Андалусдаги умавий подшоҳлардан Абдурроҳман ибн Ҳакам Рамазонда ўз хотинларидан бирига яқинлик қилди. Сўнгра гуноҳига надомат чекиб, фақиҳларни жамлаб, қандай каффорот адо қилиш лозимлиги ҳақида сўради. Шунда имом Моликнинг шогирдларидан бири, кейинчалик «Андалуснинг фақиҳи» номини олган Яҳё ибн Яҳё «Икки ой кетма-кет рўза тутиш ила каффоротни адо қиласан», деди.
Улар саройдан чиққанларида фақиҳлардан бири ундан:
«Нима учун унга Моликнинг мазҳаби бўйича фатво бериб, қул озод қилиш, рўза тутиш ёки таом бериш ўз ихтиёрида эканини айтмадинг?» – деб сўради.
Бунга жавобан Яҳё:
«Агар унга бу эшикни очганимизда, унинг учун ҳар куни хотинига яқинлик қилиб, сўнг бир қул озод қилиш осон бўлиб қолар эди. Лекин яна шу ишни қайтармаслиги учун унга энг қийин ишни амр қилдим», – деди.
Ушбу фақиҳ ўз жавобини маслаҳат асосида чиқарди. Бу маслаҳат мазкур подшоҳни рўзанинг ҳурматини оёғости қилишдан қайтаришдир. Лекин шундай бўлса ҳам, шариат, Моликий мазҳаб бўйича, бу маслаҳатни бекор қилган ва қул озод қилиш, рўза тутиш ёки таом бериш ихтиёрий эканини жорий қилган. Албатта, бунда аввалгидан кўра кучли маслаҳат борлиги эътиборга олинган. У ҳам бўлса, қулларни озод қилиш ва камбағалларга таом беришдир.

3. Масолиҳул мурсала.
Яъни, ташлаб қўйилган маслаҳатлар. Бундай маслаҳатлар уларни эътиборга олиш ёки бекор қилиш ҳақида тайинли шаръий далил собит бўлмаган маънолардан иборатдир. Шунинг учун ҳам, усулул фиқҳ уламолари мазкур нарсани қуйидагича таърифлайдилар:
«Маслаҳатул мурсала» шариатнинг тасарруфотлари ва мақсадларига мувофиқ келган бир сифат бўлиб, уни қилиш ёки қилмаслик тўғрисида шариатда муайян бир далил келмаган нарсадир».
Ушбу таърифдан кўриниб турибдики, маслаҳатул мурсала, фақат, шариатда ҳукми баён қилинмаган ва қиёс қилиш учун муайян асли бўлмаган воқеъалардагина бўлади. Шу билан бирга, уларда шаръий ҳукм учун асос қилиб олишга яроқли маъно бўлади.
Маслаҳатул мурсаланинг ҳукмини собит қилиш орқали бир манфаатни жалб қилиш ёки одамлардан бир зарарни дафъ қилиш юзага келади.
Мисол учун, саҳобаи киромлар Қуръони Каримни бир китоб ҳолига келтириб, мусҳаф қилишни ирода қилишган. Набий алайҳиссаломдан «Буни тўплаб китоб қилиб қўйинглар, йўқолиб кетмасин» деган гап ворид бўлмаган. «Тўпламанглар, ҳозир қандоқ бўлса шундай турсин» ҳам демаганлар у зот. Қуръони Каримни жамлаш тўғрисидаги иш очиқ қолган. Шариатда «буни қилинглар» деган амр ҳам йўқ, «қилманглар» деган қайтариқ ҳам йўқ.
Саҳобалар бу ишни қилиш керак, деган қарорга келишди. Чунки, Қуръонга футур етиши, йўқолиб кетиши ва ҳар хил ихтилофлар чиқиш хавфи бор эди.
Шунингдек, саҳобалар девонлар тузишди. «Девон» дегани, ҳозирги кундаги вазирликларга ўхшаб, ҳар бир соҳага бир девон қилиб, керакли маълумотларни хат қилиб ёзиб, девонбегини қўйиб ишларни тартибга солишдир. Бу ҳам аввал йўқ эди. Кейин масолиҳул мурсала асосида йўлга қўйилди.
Аввал қамоқ ҳам йўқ эди. Кейин жорий қилинди. Айбдорни қамаб қўйиладиган бўлди. Бу иш ҳам масолиҳул мурсала асосида йўлга қўйилди.
Дастлабки даврларда тилло ва кумушдан танга шаклида пул қуйиш йўқ эди. Кейинчалик уни ҳам йўлга қўйишди. Бу иш ҳам масолиҳул мурсала асосида йўлга қўйилди.
Фатҳ қилинган зироат ерларини эгасининг қўлида қолдириб, шу ердан ҳарож олишни ҳам кейинчалик йўлга солишди. Бу иш ҳам масолиҳул мурсала асосида йўлга қўйилди.
Бу нарсалар ҳақида шариатда амр ёки қайтариқ йўқ эди. Лекин мусулмонларга фойда келтириши, улардан зарарни тўсиши эътиборидан уларни шариатга киритилди. Бунга шариатдаги «маслаҳатул мурсала» деб номланган олтинчи далиласос бўлди.
Ваҳий тугагандан сўнг юзага келган маслаҳат – фойдалар бор. Қарасангиз, ўзи фойда, лекин бу ҳақда шариатнинг ҳукми йўқ. Қилишликка ҳам, қилмасликка ҳам далил йўқ. Мана шу нарсалар муносибул мурсал ёки ал-масолиҳул мурсала дейилади. Ўз ҳолига қўйиб қўйилган. «Қил» ҳам дейилмаган, «қилма» деб ҳам қайтарилмаган.
Мисол учун, уйланганда, никоҳ ақди бўлганда, расмий бир васиқа ёзиб қўйиш. Аввал йўқ эди, кейин пайдо бўлган. Ортиқча нарса, лекин керак. Шунингдек, уй олди-сотдиси каби каттароқ нарсалар савдосини ҳам ёзиб, ҳужжатлаб, қоғозга битиб қўйиш масалалари.

Масолиҳул мурсалага амал қилиш шартлари:

Масолиҳул мурсалага амал қилиш учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим:
1. Маслаҳатнинг бекор қилингани ҳақида муайян шаръий далил собит бўлмаслиги шарт. Агар маслаҳатнинг бекор қилингани ҳақида шаръий далил собит бўлса, унга амал қилиш мумкин эмас.
Шу эътибордан, қаршилик кўрсатмасдан душманга таслим бўлишда жонларни ўлим ва асирликдан ва молларни талофот ва зое бўлишдан сақлаш каби маслаҳатлар бор бўлса ҳам, уни бекор қилиш ҳақида шаръий далил собит бўлгани учун, унга амал қилиш жоиз эмас. Душманга қарши курашга ва ватанни ҳимоя қилишга чорлаган матнлар келган.
Шунингдек, меросда ўғил ва қизни баробар санашда уларнинг отага насаб яқинлиги бирлигини ифода этиш маслаҳати бўлса ҳам, шаръий далил «бир эркакка икки аёл насийбасича» дегани учун, мазкур маслаҳат бекор қилинган.
2. Маслаҳат муҳаққақ бўлиши, хаёлий бўлмаслиги шарт. 
Яъни, ҳукмни шариатга киритишдан албатта фойда жалб қилиш ёки зарарни дафъ қилиш аниқ юзага чиқиши шарт. Агар фойда жалб бўлар ёки зарар дафъ бўлса керак деган гумон бўлса, унга амал қилиб бўлмайди.
Мисол учун, талоқни қозининг ихтиёрига бериб қўйилса, яхши бўлар, деган гумон билан эрнинг талоқ ҳаққини поймол қилиш мумкин эмас.
Мисол учун, кўчмас мулкларни олди-сотди қилганда, олди-сотди шартномасини ёзиб, журналга битиб қўйиш йўлга қўйилди. Шу иш ҳақийқатан фойда беради, чунки шу бўлмаса, эсдан чиқиб қолиб, талашиб, бировларни олиб келиб ёлғондан гувоҳлик бердириб, биров бировнинг мулкини еб кетиш хавфи бор. Ёзиб қўйса, биров тона олмайди, эсдан чиқмайди, ёлғон гувоҳлар олиб келишга ҳам ҳожат қолмайди. Мана шу муомалаларнинг мустақил бўлиши, ҳаммаси жой-жойида туришини таъминлагани учун шу нарса шариатга киритилган.
Баъзи вақтларда, ҳожат тушиб қолганда, нархларнинг ортиқча кўтарилиб кетмаслигини таъминлаш учун, нархларни белгилаб қўйиш ҳам шуқоида асосида жорий қилинган. Бу ишда одамларга етадиган зарарни дафъ қилиш мақсади бор.
3. Маслаҳат оммавий фойда берадиган нарса бўлиши шарт.
Шариатга киритиладиган нарсанинг маслаҳати – фойдаси умумий бўлсин, барча одамларга тегадиган бўлсин. Чунки, шариат якка шахсларга эмас, барча одамларга келган. Шунга биноан, муайян бир шахснинг – амирми, раисми, унинг ҳошиясими, оиласими – риояси учун қасд қилинган ҳукмни «маслаҳатул мурсала» дейилмайди.
Мисол учун, душман қалъанинг ичига беркиниб олиб, олдига бир мусулмонни қўйиб, ушлаб турибди. Мусулмонлар ўқ отса, мазкур мусулмонга тегади. Шундай ҳолда муфтий «Отинглар, унинг ўзи битта бўлса, яна душманнинг қўлида турибди, отаверинглар, кейин душманни отасизлар» деб фатво бермас экан. Чунки, улар ўзи қамалда беркиниб туришибди. Уларнинг мусулмонларга тажовуз қилиши ёки юртини босиб олиши хавфи йўқ. Аксинча, душман кучли бўлиб, бостириб келиб, ҳаммаёқни пайҳон қилиш хавфи бор-у, олдида мусулмонларни тўсиқ қилиб олиб келаётган бўлса, ана шунда отишга рухсат берилар экан.
Агар маслаҳат хос бўладиган бўлса, унга амал қилиб бўлмайди. Агар ҳукмга асос қилиб олинадиган маслаҳат иложи борича кўпроқ одамга фойда келтирадиган ва улардан зарарни дафъ қиладиган бўлса, «оммавий маслаҳат» бўлади. Агар ҳукмга асос қилиб олинган маслаҳат бир ёки бир неча кишигагина фойда келтирадиган ёки зарарни дафъ қиладиган бўлса, уни «хос маслаҳат» деб эътибор қилинади. Шунинг учун, шариатда бир амир, амалдор ёки қандайдир якка шахснинг манфаатини таъминловчи ҳукм жорий қилинмайди.
Бунга аввал ўтган Яҳё ибн Яҳёнинг фатвоси мисол бўла олади.
4. Маслаҳат ақлли кишилар томонидан қўллаб-қувватланадиган бўлиши шарт.
5. Маслаҳат шариатнинг мақсадларига мувофиқ келиши шарт. 

Маслаҳат шариат аслларидан бирортасига тескари бўлмасин. Қуръон оятларига, Набий алайҳиссаломнинг ҳадисларига ва қатъий далилларнинг бирортасига қарама-қарши бўлмасин. Балки у шариат ҳосил қилишни қасд қилган барча нарсаларга тўғри келадиган бўлсин. Унинг жинсидан бўлсин, унга бегона бўлмасин. Агар ана шу ишга ўзига хос далил бўлмаса ҳам, уни қабул қилса бўлади. Алоҳида эътибор асосида, кимгадир хушомад қилиш маъносида фатво бериш жоиз эмас. Мисол учун, бир бой одам Рамазоннинг кундузида аёлига яқинлик қилиб қўйибди. Шунга икки ой кетма-кет рўза тутасан, қул озод қилиш сенга жоиз эмас, деб фатво чиқарилади. Чунки, рўза тутса қийналади, унга зажр бўлади, машаққат тортади. Қул озод қилиш бой учун ҳеч нарса эмас, «Мана бу озод» деса, кетди, қутулади. Баъзи бирлар хушомад қилиб: «Тақсир, сиз битта қул озод қилсангиз ҳам бўлаверади, Қуръонда бор, ўзи» деса, бўлмайди, фатвони нотўғри танлаган бўлади.

МАСОЛИҲУЛ МУРСАЛАНИНГ ҲУЖЖАТЛИГИ

Уламолар масолиҳул мурсаланинг шаръий ҳужжат бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида иккига бўлинишган.
Бирлари, яъни шофеъийлар, шийъа ва зоҳирийлар, уни шариатда далил деб олиш мумкин эмас дейдилар.
Иккинчи тараф жумҳур яъни, моликий, ҳанафий ва ҳанбалийлар, масолиҳул мурсала шариатнинг далилларидан биридир, дейишади.
Маслаҳатул мурсалани далил ва ҳужжат деганларнинг далиллари.
Маслаҳатул мурсалани жоиз деганлар жуда кўп далиллар келтиришган. Шулардан энг муҳимларини айтиб ўтамиз.
Биринчи далил.
Ҳаёт доимий тараққиётдадир. У доим ривожланиб туради. Одамларнинг манфаатлари ҳам ҳар замонда ўзгариб туради. Агар турли замон ва маконларда ўзгариб турган, янги пайдо бўлаётган манфаатларни қондиришга муносиб шаръий ҳукмлар янгиланиб турмаса, одамлар катта тангликда қолади, манфаатлари зое бўлади. Шариат замонга муносиб қарорлар қабул қилишдан ва одамларга керакли манфаатларни таъминлашдан четга чиқиб қолади. Шунингдек, одамларнинг фойдасини юзага чиқара олмай қолади. Бу эса, шариатнинг мақсадига бутунлай қарама-қарши нарсадир. Шунинг учун, масолиҳул мурсалани шариат далилларидан бир далил сифатида ишга солиб туриш керак бўлади.
Иккинчи далил.
Шариат ҳукмлари одамларнинг фойдаларини эътиборга олган, уларни риоя қилган, одамларга раҳматни тарқатиш учун юзага чиқарилган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Набий алайҳиссаломга хитоб қилиб: «Биз сени, фақатгина, оламларга раҳмат қилиб юбордик», деган.
Бошқа бир оятда: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди ва сизларга оғирликни истамайди», деган.
Демак, аҳкомларда масолиҳни эътиборга олиш керак бўлади. Ҳар бир фойданинг яхши тарафини эътиборга олиб, унинг жинсига қараб, аҳкомларни унинг иллатидан юзага чиқариш ва унга амал қилиш вожиб бўлади.
Учинчи далил.
Маслаҳат саҳобаи киромлар, тобеъин ва мужтаҳид уламоларнинг ижтиҳодида қиёсдан кўра кенгроқ мисолда кўзга кўринган. Маслаҳатул мурсалани олиш ва унинг риоясини қилиш худди ижмоъга ўхшаб қолган.
Мисол учун, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари билан тарқоқ ётган Қуръон саҳифаларини тўплаб мусҳаф ҳолига келтирдилар. Ҳазрати Умар маслаҳат бераётиб: «Аллоҳга қасамки, бу иш яхшидир, Ислом учун маслаҳати(фойдаси) бор» деган эдилар.
Шунингдек, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу закотни манъ қилганларга қарши уруш эълон қилдилар. Аслида «Лаа илаҳа Иллаллоҳ»ни айтганлар билан урушиб бўлмас эди. Маслаҳатул мурсала йўли билан, чораси кўрилмаса, бошқалар ҳам йўлдан озади деб, уруш эълон қилдилар.
Шунингдек, вафотларидан олдин «Мендан кейин халийфа Умар бўлади», деб тайинлаб қўйдилар. Бу ҳам шариатда далили йўқ нарса эди.
Ҳазрати Умар ўз халийфалик даврларида фатҳ қилинган ерларни ўз эгалари қўлида қолдирдилар, бундан мусулмонлар оммасига фойда бўлганлиги учун. Шунингдек, муаллафатул қулубга, яъни яқинда мусулмон бўлганларга закот беришни тўхтатдилар. Чунки, энди Ислом азиз бўлди, қалбларни улфат қилишга ҳожат қолмади, дедилар.
Шунингдек, очлик йили бўлганда, одамлар қийин аҳволга тушиб қолганда, ўғрининг қўлини кесишни вақтинча тўхтатдилар.
Шунингдек, девонларни ташкил қилдилар. Қамоқхоналар қурдириб, ишга туширдилар. Ажрашиш кўпайиб кетганлигини тўсиш учун, уч талоқни бир оғиздан айтса, бир талоқ тушишини жорий қилдилар.
Бир жамоа бир кишини ўлдириб қўйса, жамоанинг ҳаммаси ўлдирилади, дедилар. Шундай қилинмаса, бировни ўлдириб, биз кўпчилик эдик, кимдан қасос олинади, деб туриш мумкин эди.
Бир аёл талоқ қилиниб, иддасида ўтирганда бошқаси унга уйланиб олса, ҳаром бўлди деб, уларнинг орасини ажратиб юбордилар.
Буни ҳам ана шу ёмон феълни зажр қилиш учун қилдилар. Кўзлаган мақсадига тескари бўладиган ишни ўзига жазо қилиб, елкасига юкладилар. Булар ҳам маслаҳатул мурсала билан собит бўлган ишлардир.
Ҳозирги пайтда баъзи бир ўзи уламо бўлмаган, асли шарқшунос кимсалар ҳазрати Умарнинг фатҳ қилинган ерларни ўз эгалари қўлида қолдириб, улардан харож олганларини далил қилиб «Ижмоъ билан насх собит бўлади», дейишяпти.
Муаллафатул қулубга, яъни яқинда мусулмон бўлганларга закот беришни манъ қилишни ҳам ижмоъ билан насх собит бўлишига далил қилиб келтирмоқдалар.
Ўзлари олим ҳам эмас, шариатга амал ҳам қилишмайди, лекин «биз исломшуносмиз» деб, мана шу гапни кўтариб юришибди. Бу гап шу ерда ҳам бор, шариат тўғрисида бир гап гапиришга ҳақлари йўғ-у, лекин ўқувчиларига, шариатни яхши тушунмаганларга «Ижмоъ билан ҳам насх собит бўлади», деб юришибди. Аслида эса, Расулуллоҳ алайҳиссаломдан кейин насх бўлмайди.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг мусҳафдан бир хил тарздаги ёзув – расми Усмоний билан нусха кўпайтиришлари, атрофларга тарқатишлари, ундан бошқа ҳамма ёзувларни куйдиришга буйруқ беришлари – ҳаммаси масолиҳул мурсаладир.
Жумъа кунги азоннинг икки марта айтилишини жорий қилдилар. Бир одам касал бўлиб, ўлимига кўзи етганда, хотиним мендан мерос олмасин, катта хотинимнинг болаларига мерос камайиб қолади, деб, хотинини уч талоқ қилса ҳам мерос олишини киритдилар. Чунки, талоқ нияти йўқ эди, мерос олмасин деб қасдан талоқ қилди. Қасдан, ношаръий иш қилгани учун, бу ишнинг тескариси билан жазоланади ва талоқ қилинган хотин мерос олади, деб ҳукм қилдилар. Аслида, уч талоқ қўйилган аёл мерос ололмайди.
Ҳазрати Али шийъаларнинг ғулувга кетиб, Али – Худо деганларини ўтда куйдиришга буюрдилар. Лекин ҳақийқатда шундай бўлганми, йўқми, ихтилоф бор. Расулуллоҳ соллаллоҳй алайҳи васаллам бировни ўтда куйдириб жазолашдан қайтарганлар.
Саҳобалар ижмоъ қилиб, ҳунарманд ўзининг қўлида омонат турган молга талофот етказса, тўлаб беришини йўлга қўйишди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу, одамларни шундан бошқа нарса тузатмайди, деган эканлар. Тўлаб берасан, деса, кейин кўзи очилади, деган эканлар.
Табибликни даъво қилувчи илми йўқ шахснинг табиблик қилиши шариатда манъ қилинган.
Фатвони ўйин қилган, осонлик билан фатво берган тақвосиз муфтийларнинг фатвоси ҳам манъ қилинган.
Касодга учраган киракашларнинг кира қилишлари тақиқланган.
Булар ҳаммаси масолиҳул мурсаланинг атрофида бўлган.
Моликийлар жиноят қилганлигида гумонсиралган одамни ушлаб, қамаб, таъзирини бериб иқрор қилдиришга рухсат беришган.
Ҳанбалийлар эса, бировнинг моли қўлида турган одам молнинг эгасидан изн сўраш имкони бўлмаса, тўлаб бериш шарти билан ишлатиб юборса, бўлади, деган ҳукмни чиқаришган.
Шофеъийлар ва бошқалар: бир жамоа бир одамни ўлдирса, бутун жамоадан қасос олинади, деган ҳукмни чиқарганлар.
Кўпчилик уламолар: имом Шофеъий масолиҳул мўътабарани қабул қилганлар, деб айтишган.
Мана шуларнинг ҳаммаси «муносибул мурсал» ёки «маслаҳатул мурсала» дейилади. Шариат аҳкомларининг мақсадларига мос келган алоҳида-алоҳида маслаҳатлар унинг фойдалари ҳисобланади. Буни бекор қилиш тўғрисида шариатнинг ҳеч бир далили йўқ.
Шофеъий мазҳабининг вакилларидан бири имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ: «Шариат мақсадларини муҳофаза қилишга ишлайдиган ҳар бир фойдали ишнинг Китоб, суннат ва ижмоъ билан қасд қилинганлигини билиш керак, шу нарса бор ва бу мана шу усуллардан ташқарига чиқмайди. Лекин буни «қиёс» дейилмайди, «маслаҳатул мурсала» дейилади. Агар биз маслаҳатни тафсир қиладиган бўлсак, у шариат мақсадларини муҳофаза қилиш учун хизмат қилади. Унга эргашиш лозимлигида ҳеч ким ихтилоф қилмайди. Балки унинг ҳужжат эканлигида қатъий ишонч билан бўлиш вожибдир», деганлар.
Шофеъийлар масолиҳул мурсалани инкор қилинган дейишади-ю, лекин ўзлари уни ишлатадилар.
Имом Ғаззолий шофеъийларнинг усулул фиқҳ олимларидан биттаси, усулул фиқҳғ илми бўйича «Мустасфо» деган катта китоблари бор.
Маслаҳатул мурсаланинг шаръий далил эканини инкор қилувчиларнинг далиллари.
Маслаҳатул мурсалани шаръий далил қилиб олишни инкор қилувчиларнинг далиллари кўп, уларни қисқа қилиб айтилса, қуйидагилардан иборат бўлади:
Биринчи далил.
Шариат ҳикмат юзасидан баъзи маслаҳатларни эътиборга олиб, баъзиларини бекор қилган. Масолиҳул мурсала шариат эътиборга олган ва бекор қилган нарсалар орасидаги нарсадир. Улар ёки шариат эътиборга олган, ёки бекор қилган нарсалардан бўлиши эҳтимоли бор. Ушбу эътибордан уларни шаръий ҳукмга асос қилиб бўлмайди.
Иккинчи далил.
Шариатнинг бирлигини муҳофаза қилиш вожибдир, унинг ҳукмлари бир авлоддан бошқа авлодга ўтганда турлича бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, шариатнинг муқаддаслигини муҳофаза қилиш керак.
Учинчи далил.
Шариатда ўзининг ҳавойи нафси, турли ғаразлари, турли орзу умидларини ифода этиш ҳаракатида бўлмаслик керак. Чунки, шариат баъзи бир эътиборлар юзасидан бундай нарсаларни ҳисобга олмаган.
Уларнинг бу эътирозларига жавоб тарзида қуйидагилар айтилади.
Бир ҳукмнинг ёки маслаҳатнинг ҳукми ўзгарадиган бўлса, ҳукмнинг ўзи ҳам ўзгаради. Бир вақтда бир маслаҳат – фойда бор эди, уни қилишган эди. Йиллар ўтиб, бу нарсани қилса нотўғри иш бўладиган бўлиб қолди. Кўзланган мақсад ўзгаргандан кейин шариат ҳукми ҳам ўзгаради. Шунинг учун, маслаҳатул мурсалани эътиборга олиш шариатда яхши иш ҳисобланади. Чунки, бу ерда амал рожиҳ маслаҳат устида кетаяпти, маслаҳатул мурсалани ишга солиш ўз ҳавойи нафси асосида шариат ташкил қилиш эмас.
Маслаҳатул мурсала йўли билан собит бўлган ҳукмга амал қилиш шариат мақсадларига мувофиқ бўлсагина жоиз дейилган. Мувофиқ бўлмаса, ҳеч ким уни эътиборга олмайди.
Маслаҳатул мурсала билан қиёсни солиштириш.
Агар маслаҳатул мурсала ва қиёсга диққат билан назар соладиган бўлсак, улар икки ишда бир-бирига ўхшаш эканини англаб етамиз.
Биринчиси иккисига амал қилиш шариатда ҳукми баён қилинмаган, Китоб, Суннат ва Ижмоъда унга хос ҳукм келмаган воқеъада бўлади.
Иккинчиси маслаҳатул мурсала ва қиёс ила собит бўлган ҳукм зоннга ғолиб бўлган муносиб маънони асос ва иллат қилиб олиш билан бўлади.

Агар маслаҳатул мурсала ва қиёсга диққат билан назар соладиган бўлсак, улар икки ишда бир-бирига ўхшаш эмаслигини англаб етамиз.
Биринчиси – қиёс ила ҳукми чиқарилган воқеъаларнинг Китоб, Суннат ва Ижмоъда ўхшаши бор. Ўша ўхшашга уларни ҳукмнинг шариатга киритилишига сабаб бўлган муносиб маъно воситасида таққослаш мумкин.
Ҳукми маслаҳатул мурсала ила чиқарилган воқеъаларни эса қиёс қилинадиган ўхшаши йўқдир. Ундан ҳукм янгитдан собит бўлади. Бунда ҳукмни шариатга киритишга муносиб маъно борлиги ва одамларга манфаатни жалб қилиш ва улардан зарарни дафъ қилиш мавжудлиги эътиборга олинади.
Иккинчиси – қиёс билан чиқарилган ҳукмда маслаҳатни эътиборга олиш тўғрисида маълум далил келган бўлади. Маслаҳатул мурсала ила чиқарилган ҳукмда эса, маслаҳатни эътиборга олиш ёки бекор қилиш тўғрисида маълум далил келмаган бўлади.

МАСЛАҲАТЛАРНИНГ ТУРЛАРИ

Шариатда кўзланган маслаҳатлар бир неча турларга бўлинади.
Эътиборли ва эътиборсиз маслаҳатлар.
Эътиборли эканига шариатда далил келган маслаҳатга мўътабар маслаҳат дейилади.
Шариатда эътиборсизлиги собит бўлган маслаҳатга эътиборсиз маслаҳат дейилади.
Ўтимсиз ва ўтимли маслаҳатлар. 
Намознинг манфаати уни ўқувчидан бошқага ўтмайди. Шунинг учун, бундай манфаатни ўтимсиз манфаат, яъни, фойдаси бошқага ўтмайдиган манфаат деб аталади.
Аммо адолатнинг манфаати бошқаларга ҳам ўтади. Шунинг учун, бунга ўхшаш манфаатларни ўтимли деб номланади.
Агар бу икки манфаат бир-бирига қарма-қарши бўлиб қолса, ўтимли манфаат ўтимсиз манфаатдан устун қўйилади. Шу сабабли чўкаётган одамни қутқариш учун намозни бузиш вожиб бўлади.
Мутлақ ва нисбий манфаатлар. 
Усули фиқҳнинг улуғ олимларидан, «Мувафақот» номли машҳур китобнинг муаллифи, шариатнинг мақсадлари деган истилоҳни биринчилардан бўлиб қўллаган олим Имом Шотибий роҳматуллоҳи алайҳи айтадилар:
«Албатта, манфаат ва зарарлар ҳақийқий эмас, балки нисбий бўлади. Нисбий бўлишнинг маъноси уларнинг бирор нарсага қўшилиб манфаатли ва зарарли бўлишидир. Шунингдек, бир ҳолатда зарар ёки фойда бўлса, бошқа ҳолда ундай бўлмайди. Ёки бир шахсга нисбатан фойда ёки зарари бўлса, бошқа шахсга нисбатан бўлмайди. Ёхуд баъзи вақтда фойда ёки зарари бор нарсанинг бошқа пайтда фойда-зарари йўқ бўлади.
Мисол учун емоқ ва ичмоқ инсон учун зоҳирда манфаат ҳисобланса-да, лекин унинг манфаати емоққа истак бўлиб, таом эса покиза ва мазали бўлганда фойда бериши мумкин. Ёқимсиз ва аччиқ бўлса емоқдан манфаат ҳосил бўлмайди.
Нарсалар ўз ҳолича мутлақ зарарли ҳисобланмайди. Уни касб этиб ҳосил қилишда ҳам мутлақ зарар билинмайди. Бу зарар ўша вақтда бўлса ҳам, ёки кейинроқ бўлса ҳам, фарқи йўқ. Бу ишларнинг бир жойда жамланиши ўта мушкулдир. Кўпгина манфаатли нарсалар бор, баъзилар учун унинг фойдаси йўқ, балки зарардир ёки баъзи вақт ва ҳолатда зарар бўлиб, бошқа пайтда зарар бўлмайди».
Демак, хулоса шуки, маслаҳатлар доим нисбий бўлиб баъзи ўринлардагина мутлақ бўлиши мумкин.
Холис ва фасод аралашган маслаҳатлар.
Холис маслаҳатлар, яъни, соф манфаатларнинг топилиши ниҳоят даражада нодирдир.
Яъни, ҳар бир нарсанинг фойдаси юз фоиз бўлмайди. Юз фоиз фойдали нарса бўлса ҳам, ниҳоят даражада оз бўлади.
Мисол учун емоқ, ичмоқ, киймоқ, турар жой ва улов кабилар манфаатли ҳисобланади. Лекин уларни топишда, ундан олдин ёки кейин чарчоқ ва машаққат бор. Бас шундай экан, фойдаси кўп бўлган манфаатларни бир оз зарарли деб тарк қилинмайди.
Воқеъликда бор ва бўлиши кутиладиган маслаҳатлар.
Воқеъликда бор манфаатларга емоқ, ичмоқ, киймоқ, маскан, улов ва мубоҳ нарсаларни овлаш ҳамда ўтин териш кабилар киради.
Бўлиши кутиладиган манфаатларга тижорат, таълим, саноат ва деҳқончилик кабилар киради.
Яъни, ейиш, ичиш, кийиниш, миниш ва масканда туриш билан воқеъликда манфаат ҳосил бўлади.
Шунинг билан бирга, ким ҳалол овларни овласа унга эга чиқади. Тоғ ва адирларда ётган ўтинлар ҳам йиғиб олганники бўлади. Яъни, булар воқеъликда кўриниб турган манфаатлардир.
Аммо тижоратчи тижоратидан фойдани бўлиш ёки бўлмаслигини кутади. Илм фойда эканини билиб бир киши таълим олади. Лекин бу киши учун ҳам фойда ҳали воқеъликда йўқ. Демак, шу кабилар бўлиши кутиладиган манфаатлардан ҳисобланади. Гоҳо булардан фойда чиқмай қолиши ҳам мумкин.
Рўёбга чиққан ва тақдирий (фараз қилинган) маслаҳатлар. 
Тақдирий деганда йўққа бор деб, борга йўқ деб ҳукм беришга тушунилади. Зимма деб инсонга, гарчи у бу ишга лойиқ бўлмасада, бир ишни илтимос ёки буйруқ билан юклашга айтилади. Қарзни бир кишининг зиммасига юкланса, унда шу миқдор бор деб фараз қилинади. Лекин, аслида, ўша миқдорнинг ўзи ҳам, ўрни ҳам, йўқ бўлиши мумкин. Мулкнинг борлиги молда деб фараз қилинади. Лекин ҳақийқатда мулкнинг қоимлиги молда эмас. Бундай фараз қилинишнинг сабаби, ҳукмларни жорий бўлиши учундир.
(Яъни, фараз қилинган ҳар бир нарсани бор деб тушунилса ҳукм шунга қараб жорий бўлади. Мисол учун, бир кишининг қўлида пули йўқ, лекин бошқаларнинг ундан қарзи бор. Ўша қарзларни ҳисобласа, нисобдан ортади. Демак, ушбу қарзларни унинг мулкида бор деб фараз қилинади ва бой деб ҳисобланади).
Энди у закот беради, қурбонлик қилади ва бошқа ҳукмлар унда жорий бўлади. Буни акси ўлароқ, бир кишининг қўлида нисобдан ортиқ пули бор, лекин бошқалардан қарзи икки ҳисса нисоб миқдорида. Демак, бу кишининг қўлидаги молни йўқ деб фараз қилинади ва фақир ҳисобланиб, закот олиши жоиз бўлади.

Маслаҳатлар ичида фарзи айнлари ва фарзи кифоялари ҳам бор.
Фарзи кифоя бўлган манфаатларга фақийрларга ёрдам бериш кабилар кирса, фарзи айн манфаатларга намоз, рўзага ўхшаш ибодатлар киради.
Яъни, жамоатдаги фақийрларга ҳамманинг ёрдам бериши шарт эмас, балки баъзи бой кишилар ёрдам қилишса, қолганлардан соқит бўлади. Шуни фарзи кифоя дейилади.
Аммо намоз, закот, рўза каби ибодатларни жамиятдаги ҳар бир шахс ўзи адо қилиши керак. Маълум бир гуруҳ намозни ўқиса, қолганлардан намоз ўқишлик соқит бўлмайди. Мана шунга ўхшаш амалларни фарзи айн дейилади.
Фарзи айннинг манфаати асосан бажарувчининг ўзида қолса, фарзи кифоянинг манфаати бошқаларга ҳам ўтади.
Эвазлик манфаатлар ва ихтиёрий манфаатлар. 
Эвазлик манфаатлар кўпчиликни ташкил қилади. Ихтиёрий манфаатлар эса, нодир бўлади.
Иззуддийн ибн Абдуссалом айтади:
«Аллоҳ таоло бандаларига кўплаб манфаатларни ҳосил қилмоқлари учун олди-сотдини мубоҳ қилди ҳамда ижара, ҳақ бериш ва ваколат кабиларга рухсат берди. Бу каби манфаатларнинг санаб адоғига етиб бўлмайди.
Агар фаразан олди-сотди ҳалол қилинмаганда эди, бандаларнинг ейиш, ичиш, кийиниш, маскан тутиш ва деҳқончилик каби яна бошқа кўплаб манфаатлари йўққа чиқарди. Бу манфаатлар Аллоҳ таоло томонидан жорий қилингани шубҳасиз ва бунда, миннат ва таъналар йўқ.
Шу ўринда ҳадя, васият ва садақаларнинг эътибори йўқдир. Чунки, буларнинг сони эваз манфаатлари олдида деярли йўқ ҳисоб. Чунки, ихтиёрий манфаатларнинг ҳосил бўлиши бажарувчининг саҳийлигига боғлиқ. Лекин, барибир бу манфаатлар амалга ошган тақдирда ҳам орқасидан миннат, машаққат бўлиш эҳтимоли ҳам, йўқ эмас».
Азиймат маслаҳатлари ва рухсат маслаҳатлари. 
Азиймат бажарилиши қаттиқ талаб қилинган ҳукмдир. Рухсат бажарилиши қаттиқ талаб қилинмаган ҳукмдир.
Агар икки далил бир-бирига зид келиб, бири рухсатни иккинчиси азийматни тақозо қилса, қайси бирини олиш ҳақида уламолар ихтилоф қилишган. Баъзилар рухсатни олиш керак, чунки у юмшоқроқ ва осонроқдир десалар, бошқалар, азийматни олиш керак, чунки бу эҳтиётлироқ дейишган.
Мисол учун, сафардаги тўрт ракъатлик фарз намозларини икки ракъат қилиб ўқиш, яъни, қаср намоз ҳақида имом Шофеъий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимо рухсатни олдинга суришган. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи эса, намозни сафарда қаср қилиб ўқиш азиймат, эҳтиёж юзасидан қаср қилишни вожиб деймиз, дейдилар.
Очиқ ва дақийқ маслаҳатлар. 
Манфаат ва зарарларни ҳар ким ҳам тўлалигича ажратиб олиши мушкул. Бу каби нарсаларни фақат фаҳм-фаросатлик ва тўғри табиатли кишиларгина фарқига бориши мумкин. Бу соҳада инсонлар фарқлидирлар. Фойда ва зарарлар ичида ҳамма бирдек ажратадиганлари ҳам бор, аммо баъзи фойда-зарарларни фақат хос кишиларгина фарқига боришади. Яна фойда ва зарарларни шундайлари борки, уни фақат хосларнинг хосларигина ажрата олади.
Аслида, фойдадан зарарни ажратиш у қадар қийин иш эмас. Балки фойдаларнинг қай бири фойдалироқ ёки зарарларнинг қайсиси зарарлироқ эканини ажратиш мушкулдир.
Қатъий ва зонний маслаҳатлар. 
Қатъий маслаҳат деб аниқ илм билан собит бўлган унинг аниқлигига путур етказадиган бошқа далил келмаган маслаҳатга айтилади.
Зонний маслаҳат деб аниқ илм билан собит бўлмаган маслаҳатга айтилади.

Маслаҳатлар аниқ ёки ноаниқлигига қараб бешга бўлинади.
1. Илм.
Аниқлиги юз фоиз бўлган маълумотга илм дейилади.
2. Зонн (гумон).
Аниқлиги юз фоизга етмаган аммо эллик фоиздан ошган маълумотга зонн, яъни, гумон дейилади.
3. Шак.
Маълумотнинг аниқлиги ёки ноаниқлиги элликка эллик бўлса, шак дейилади.
4. Ваҳм.
Аниқлик эллик фоизга етмаган, ноаниқлик эллик фоиздан ортиқ бўлган маълумотга ваҳм дейилади.
5. Жаҳл.
Ноаниқлиги юз фоиз бўлган маълумотга жаҳл дейилади.

Демак, маслаҳатлар юз фоиз илм билан ёки юз фоизга етмаган илм билан собит бўлар экан.
Дунёнинг маслаҳатлари, яъни фойда ва зарарлари тажрибалар одатлар ва зоннлар билан билинади.
Кишилар бир ишни кўп тажриба қилганлари сабабидан ундаги фойда ва зарарини билишади. Бир ишга доим одат қилинса ҳам, унинг манфаати ёки зарари маълум бўлиб қолади.
Шариатдаги аксар ҳукмларда зонн илм ўрнида қабул қилинади. Лекин бу қоида ақийдада қабул қилинмайди.
Агар бир маслаҳат юзасида аниқ илм собит бўлмаса, зонний илмга суяниш тўғри бўлади.
Демак, бундай пайтда шак, ваҳм ва жаҳл томонга ўтиб кетилмас экан.
Баъзи ҳукмлар фақатгина қатъийлик яъни аниқ илм билан собит бўлади. Бу ўринда ҳукм зонн, яъни, аниқлик бироз етишмаган илм билан собит бўлмайди.
Зонн билан собит бўладиган ҳукмларнинг ҳам кучли ва заифлари бўлади. Албатта, кучли зонн заиф зонндан афзал ҳисобланади. Зоннларнинг аксари тўғри чиқиб, нотўғриси кам бўлганидан шариатда уни илм ўрнида қабул қилинган.
Шунинг учун, нодир зарарлар деб, ғолиб манфаатлардан воз кечилмайди ёки далили қатъий эмас, балки зонний экан деб ҳам юз ўгирилмайди.
Мисол учун, тижоратнинг фойдали экани айтилганда зарар кўрганларнинг эътибори қилинмайди. Чунки, фойда кўрганлардан зарар кўрганлар доим оз бўлади. Шу озчиликнинг зарари деб тижоратдан воз кечилмайди. Балки улар ўзлари эплай олишмаган, аслида тижорат фойдали касб деб айтилаверади.
Аслида аксар манфаатлар қатъий илмга эмас, балки зонний илмга асосланади.
Охират маслаҳатлари ва дунё маслаҳатлари.
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.
Яъни, охиратда бўлиши мумкин фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан ёки тажриба ва одатлар билан билиб бўлмайди.
Шу билан бирга, охиратдаги фойда-зарарлар, дунё манфаати ва зарарлари билан тамомига етади. Яъни, емоқ, ичмоқ, киймоқ, никоҳ ва шу каби бошқа дунё манфаатлари вужудга келади.
Хусусий ва умумий маслаҳатлар.
Одатда умумий маслаҳат хусусийсидан устун қўйилмайди.
Ҳар бир ишчи аввало ўз манфаати учун ҳаракат қилади. Мисол учун, бир фабриканинг қаровули маълум миқдордаги ойлик учун хизмат қилади. Унинг хизматидан бутун фабрика фойдалансада, ойлик берилмаса у ишга келмайди. Демак, бу ўринда шахснинг манфаатини биринчига қўйиш керак.
Лекин шахсий манфаат билан умумий манфаат бир-бирига зид келиб қолса, омманинг манфаати устун қўйилади.
Юқоридаги қаровул фабриканинг ҳамма ишчиси билан уришиб қолса, қаровулнинг манфаатини ўйлаб фабрикани беркитилмайди. Балки бу ўринда қаровулдан воз кечилади.
Агар ўртада зиддият бўлмаса, шахсий манфаатлар омманинг манфаати учун доимий ҳаракатда бўлади.
Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар:
«Киши бошқага ёрдам бериш сабабидан ўзига манфаат топади. Шундан кўпчилик сабабли кўпчиликка манфаат етади. Гарчи ҳар бир киши ўз фойдаси учун ҳаракатда бўлса ҳам».
Яна айтадилар: «Инсоннинг ўзига фойда топиш йўлидаги ҳар бир амалида бошқалар учун манфаат бор. Оддий хунармандчиликдан тортиб, катта саноатларгача бунга мисол бўла олади».
Оддий этикдўз ўз ҳунари орқали бола-чақасини боқиш, шароитини яхшилаш, хуллас ўз манфаатига эга бўлиш учун харакат қилади. Шу билан бирга, у бошқа одамларга оёқ кийим тикиб беради.
Катта фабрикада ишлаётган ишчилар ўз ойликлари учун хизмат қилиш билан бирга фабрикага ҳам фойда етказишади.
Шу каби тақсимот дарҳақиқат инсоннинг фойдаси учун хизмат қилади. Инсонга шахсий манфаатни жалб қилишда омманинг манфаати асосий майдон бўлиб кўринади.
Аслий маслаҳатлар ва тобеъ маслаҳатлар.
Оила қуришдан ҳосил бўладиган асосий манфаат насл қолдириш бўлса, эр-хотин бир-биридан ҳузурланиши унга тобеъ бўлган манфаатдир.
Илм ўқишдан асосий мақсад Аллоҳ таолони таниш бўлса, илм орқали келадиган барча манфаатлар унга тобеъ маслаҳатлар ҳисобланади.
Яна маслаҳатлар ичида тез келадиганлари ва кейинроқ келадиганлари, кучли ва кучсизлари ҳам бор.

Маслаҳатларга ҳарис бўлиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзингга фойдали нарса учун ҳарис бўлгин», – деб марҳамат қиладилар. (Имом Муслим ривояти).
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир кишига танбиҳ бериб:
«Нима учун укангни унга манфаатли бўлган нарсадан қайтардинг у сенга ҳам фойдалику?» – деганлар. (Имом Молик «Муватто» ларида ривоят қилинган).
Яъни, укасини фойдали ишдан қайтарган одамни койиганлар.
Киши ҳатто гапирса ҳам манфаатни жалб қиладиган ва зарарни дафъ этадиган сўзларни гапириши лозим бўлади. Набий соллалоҳу алайҳи васаллам Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳлар ривоят қилган ҳадисда шундай дейдилар:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса яхши гапни гапирсин ёки жим турсин».
Оқил инсон қалби ва аъзолари билан ҳам фақат яхшиликни жалб қилиш ва ёмонликни дафъ этиш ҳаракатида бўлади. Агар яхшиликка қодир бўлмаса, ёмонликни қўлдан келганча қайтариши ҳам яхшилик ҳисобланади. 

МАСЛАҲАТЛАРНИ КАТТАЛАШТИРИШ

Катталаштириш деганда манфаатли нарсани улуғроғини жалб қилиш тушунилади.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади: «Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса майли. Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг. Биз ҳар бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмасмиз. Агар гапирсангиз қариндошингиз бўлса ҳам, адолат қилинг. Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг. Буларни сизга амр қилдикки, шояд эсласангиз» (152-оят).
Демак, етимнинг молига эгалик қилувчи киши учун уни кўпайтириш мақсадида яхши йўл топса ҳам, унданда яхшироғини излаши лозим бўлар экан.
Яна Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай дейди: «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни сўрайсизларми?» (61-оят).
Яъни, икки иш рўбарў келиб, бири фойдалироқ бўлса, ана шу фойдалироқни танлашлик оятга мувофиқ вожиб бўлади. Агар киши шундоқ қилмаса, унинг рушди (фойда зарарни ажратиши) йўқ ёки кам экани собит бўлади.
Изуддийн ибни Абдуссалом айтади:
«Рушдлик инсон яхшироқ ишга қодир бўла туриб, яхши иш билан кифояланиб қолмайди».
Ибн Таймия «Ал-Фатова» номли китобида шундай дейди:
«Албатта, Аллоҳ таоло салоҳиятли (етук) ишларга буюрган ва фасод (бузуқ) ишлардан қайтарган. Ўзининг пайғамбарларини манфаатларини ҳосил қилиш ва уларни камолига етказиш учун, фасодларни йўқотиш ёки камайтиришлари учун юборган».
Шунингдек, бойлардан даромад ва бойликни олиб фақирларга тарқатиш ҳам ижтимоий манфаатларни улуғлашга хизмат қилади. Чунки, фақирнинг бир дирҳам топган манфаати бойнинг ундан кўп топганидан устун туради.
(Чунки, камбағал ушбу бир дирҳам билан заруратларини қондирса, бойнинг топгани ўзи учун ортиқча бўлиб туради).
Агар бой емоқ-ичмоқда исрофга йўл қўйса манфаати камайиб, секин-аста зарарга ўтиб кетади. Агар ер юзида ҳаром оммалашиб, ҳалол топилмайдиган даражага етса, фақат заруратларнинг ўзи билан кифояланиб қолинмайди, балки ҳожатига етарлигини олиш жоиз бўлади. Чунки, заруратлар билан кифояланиб қолинса, бандалар заифлаши ислом ўлкасидаги барча нарсаларга динсиз кофирлар эгалик қилиб олишади. Натижада, инсонларнинг ҳунармандчилик ва саноат ишларига қизиқиши йўқолиб, халқнинг манфаати учун бўладиган сабабларни тарк қилишади».
Ободончилик ва адолат.
Биз юқорида шариатнинг умумий мақсади манфаатларни жалб қилиш ва зарарларни дафъ этиш дедик. Яна шу билан бирга манфаатларни иложи борича кўпайтириш ва зарарларни эса имкон қадар камайтириш вожиблигини ҳам айтдик. Буларнинг барчаси икки улуғ мақсад орқали амалга ошади. Улар ободончилик ва (ўзаро) тақсимотдаги адолатдир.
Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, тенглик ва адолатдир. Демак, бандалар учун бузғунчилик сабабларини йўқотишлари, шаҳарларни муҳофаза қилишлари, одамларга зулм қилишдан четда бўлишлари ва яна рушднинг сабабларига эргашишлари вожиб бўлади. Рушд деб молу-давлатни чиройли тасарруф қилишга айтилади.
(Яъни, иқтисодни тўғри йўлга қўйиш ҳам муҳим вазифалардан бири экан).
Юқоридаги манфаатларни катталаштириш боби бугунги кундаги ҳамма мусулмонлар учун долзарб мавзу ҳисобланади. Дарҳақиқат, яхши ёмонни ажратиш ва яхшининг ҳам яхшироғини танлаш ҳаракатида бўлиш кўпчиликнинг хаёлидан кўтарилди. Бугунги уламоларимиз ушбу мавзуни фиқҳул авлавият, яъни, энг муносиб ва фойдали нарсаларни билиш фиқҳи деб номлашмоқда. Яъни бугунги кундаги энг муносиб манфаатни билиш ва шуни амалга ошириш, фойдаси камроғини кейинга суриш.
Мисол учун, жаноза намозини ўқишга ва дафнда қатнашишга улкан ажрлар ваъда қилинган. Ундан кейинги фотиҳачилик ва ҳудойилар, қилса дуруст, қилмаса зарари йўқ ишлардандир. Кўпинча одамлар жаноза ва дафнга эътиборсиз бўлишиб, фотиҳа ва худойини қилмаса бўлмайдиган нарса деб тушунишади ва шуларни амалга ошириш ҳаракатида бўлишади.
Намоз масаласида ҳам фарз, вожиб, суннатлари бир томонда қолиб, мустаҳаб тўғрисида тортишувлар, кўнгил хираликлар авжига чиқади.
Демак, ушбу масалани яхши билмаслик ҳам кўпгина зарарларни юзага чиқишига сабаб бўляпти.
Аллоҳ таолонинг етимнинг моли тўғрисидаги ояти ниҳоятда ибратлидир. Етимнинг молига талофат етказмай у балоғатга етгунча асраш яхши иш ҳисобланади. Лекин Аллоҳ таоло васийнинг зиммасига яхшисини эмас, балки яхшироғини қилишни юклаяпти. Яъни, етимнинг молини кўпайтириш ҳаркатида бўлишга ундаяпти. Ушбу қоида бугунги кунимизнинг ҳар бир жабҳасида ишлатилиши керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бирларининг фикри, ижтиҳоди ва фиқҳий фатволари собит бўлган бўлиб, нақл қилинган бўлса, ана шуни .саҳобийнинг мазҳаби, давоми...

4042 22:01 / 18.04.2017
Бу бобда урфнинг таърифи, у билан ижмоъ ўртасидаги фарқ, урфнинг турлари, унинг ҳужжат экани ва татбиқ қилиш ҳолатлари ўрганилади..Урф, одамлар ўрганиб қолган, яъни давоми...

4950 22:03 / 18.04.2017
Аллоҳ таоло одамларни беҳуда яратгани йўқ, уларни бепарво ўз ҳолига ташлаб қўйгани ҳам йўқ. Балки Ўзи яратган оламда Ўзи яратган одамга икки дунё саодат йўлини давоми...

4108 16:54 / 18.04.2017
Ушбу бобдаги ҳадисларнинг таърифи, навлари, санади эътибори билан қисмлари, қатъий ва зоннийлиги, Қуръонга нисбатан ўрни, ҳужжатлилиги, оҳод ва мурсал хабарлар давоми...

4125 21:55 / 18.04.2017