1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Оли имрон сураси, 96-97

05:00 / 23.01.2017 9484 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

96. Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй, Баккадаги уйдир.97.Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир. Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ одамлардан беҳожатдир.


Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Байтуллоҳнинг фазлини, қибла бўлишга энг ҳақли жой шу ер эканини баён қиляпти. Намоз вақтида у томонга юзланишдан ташқари, имкон топганлар уни ҳаж қилиши ҳам фарз бўлганини эълон этяпти.

«Бакка»–Маккаи Мукарраманинг исмларидан биридир. «Бакка» сўзининг луғавий маъноси, «тақиллатиб урмоқ» бўлиб, Маккада ҳар қандай мағрурнинг ҳам бўйни эгилади, шунинг учун уни «Бакка» ҳам деб аталади.

«Одамларга муборак, Оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй, Баккадаги уйдир».

«Баккадаги уй»–Байтуллоҳ. Одамларга ибодат учун, бутун оламларнинг ҳидояти учун қурилган биринчи уй Байтуллоҳдир. Ундан аввал бундай уй қурилгани йўқ. Бу уй муборак бўлиб, уни ким ҳаж ёки умра қилса, кўплаб яхшилик ва манфаатлар топади.

«Унда очиқ аломатлар», яъни, Байтуллоҳнинг ўзида бошқалардан устунлигига очиқ-ойдин аломатлар бор. 

«...ва мақоми Иброҳим бор».

Уламоларимиз фикрларича, «Мақоми Иброҳим» деб, Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қураётганларида устида турган тошга айтилади. У тошга у зот алайҳиссаломнинг оёқ излари тушиб қолган. Авваллари Каъбаи муаззамага тегиб турар экан. Кейинроқ ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, унинг ёнида намоз ўқиётганлар тавоф қилаётганларга ҳалақит бермасин, деб четроққа олдирганлар. Ҳозирги кунда шиша ғилоф ичига олиниб ердан маълум миқдор кўтариб қўйилган.

«Ким унга кирса, тинч бўлади».

Бу фазилат дунёдаги ҳеч бир жойда йўқ. Иброҳим алайҳиссалом бу байтни Аллоҳнинг амри ва ўғиллари Исмоилнинг ёрдами билан қурганларидан буён ҳар бир хавф-хатардаги одам учун тинчлик-омонлик маскани бўлиб келмоқда. Ҳатто араблар жоҳилият даврида ҳам бу қоидага амал қилишган. Баъзи бир жиноятчилар Масжидул Ҳаромга кириб олишса, унга тегмаганлар. Араблар ўч олиш туйғуси жуда юқори бўлишига қарамасдан, отасини ўлдириб Масжидул Ҳаромга кириб олган одамни учратган ўғил ҳам унинг олдидан индамай ўтиб кетаверган.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз  алайҳиссолату вассалом Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунларида: «Албатта, бу юртни Аллоҳ осмонлару ерни яратган кунда ҳаром қилган. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир. Мендан олдин ҳеч кимга унда уруш қилиш ҳалол бўлмаган. Менга ҳам кундуз куни, бир оз муддат ҳалол қилинди, холос. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир. Тикони юлинмайди. Ов ҳайвонлари ҳуркитилмайди. Тушиб қолган нарсани таниган одамдан бошқа олмайди...» деганлар. 

Демак, Ҳарами Шарифда нафақат одамга, балки ҳайвонот ва набобот оламига, ҳеч бир нарсага озор берилмайди. 

Олимларимиз ушбу ояти каримадан, жиноят қилган одам қочиб Ҳарами Шарифга кириб олса, унга озор берилмайди, аммо унга жой, таом берилмасдан, муомала қилинмасдан, Ҳарами Шарифдан қайтиб чиқишга мажбур этилади ва чиққандан сўнг ушлаб жазоси берилади, дейишган.

«Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир». 

Ушбу ояти карима ила ҳаж ибодати фарз бўлган. Маънонинг ўзидан билиниб турибдики, ҳаж ибодати ҳаммага ҳам фарз бўлавермайди. Балки «Одамлардан йўлини топганларига» фарз бўлади. Улар кимлар? Улар, соғлиғи яхши, ҳажга бориб-келишга оиласидан оширган маблағи бор, йўлида хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса, маҳрами бор шахслардир. Ушбу шартларни ўзида мужассам этган ҳар бир мусулмонга умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир. Улар имкони бўлиб туриб, ҳаж қилмасалар, катта гуноҳ қилган бўладилар. Шунинг учун ҳам оятнинг охирида:

«Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир», дейиляпти. 

Яъни, кимки имкони бўлиб туриб, ҳаж қилмаса, Аллоҳ оламдаги ҳаммага ҳожати йўқ зот, ҳаж қилмаганнинг тоатига ҳам беҳожатдир. Бу ерда имкони бўлиб туриб, ҳаж қилмаслик, куфрга тенглаштириляпти.

Ҳадиси шарифлардан бирида: «Ким ҳажга қодир бўлсаю, ҳаж қилмаса, хоҳласа яҳудий бўлиб ўлсин, хоҳласа насроний бўлиб ўлсин», дейилган.

Ҳаж ибодати мусулмонларнинг йиллик умумий йиғилишидир. Улар йилда бир марта ўзларига ҳидоят нури таралган марказда тўпланадилар. Ҳамда кўплаб фойдаларга эга бўладилар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга беминнат давоми...

3577 19:13 / 12.03.2018
4. .Ухдуд, эгаларига лаънат бўлсин..Ухдуд,ndashерда ковланган узунузун чуқурдир. Ухдуд эгалари кофирлар бўлиб, мўминларни Аллоҳга ишонганлари учун олов ёниб турган давоми...

3923 05:00 / 23.01.2017
36. Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга .Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг,, деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига давоми...

2927 05:00 / 23.01.2017
Қуръони Каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш ҳақидаАгар эътибор билан қаралса, бу белгиларнинг ҳеч бири Мусҳаф расмига дахл қилмайди, расм ўша биринчи давоми...

2255 12:30 / 18.11.2021
Аудиолар

120125 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41791 14:35 / 11.08.2021