1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ноўрин ғазаб

23:54 / 28.04.2017 4357 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ғазаб» луғатда розиликнинг тескарисидир. Аслида, ғазаб шиддат ва қувват маъноларини англатади. Араблар қаттиқ харсангни «ғазба» дейишади. Ғазаб ҳам шундан олинган. Зотан, у қаттиқ жаҳл чиқишини англатади.

Уламолар ғазаб хусусида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифлар айтганлар.

Журжоний «Таърифот»да ғазабни: «У қалбнинг қони қайнаганда кўксида ҳосил бўладиган бахтсизликдан шифо топадиган ўзгаришдир», деб таърифлаган (167-бет).

Имом Ғаззолий: «Ғазаб қалб қонининг интиқом талабида ғалаён қилишидир», деган.

Имом Ғаззолий ғазабнинг даражалари ҳақида сўз юритиб шундай дейди: «Одамлар ғазабнинг қувватида уч даражада – тафрийт (камлик), ифрот (ортиқчалик) ва мўътадилликда бўлурлар».

Тафрийт (камлик) ғазаб қувватининг бутунлай йўқ бўлиши ёки заифлигидир. Бундай инсон ҳамиятсиз одам дейилади ва жуда ҳам мазаммат қилинади. Шунинг учун ҳам имом Шофеъий: «Кимнинг ғазаби қўзғатилганда ҳам ғазаби чиқмаса, эшакдир», деган.

Бу даражанинг самараси аччиқ бўлади. Бундай одамлар ўзига номуссизлик ва хорликни раво кўрадиган бўладилар.

Ифрот (ортиқчалик) сифати ғолиб бўлганда эса ғазаб инсонни ақл, дин ва тоат чегарасидан чиқиб кетишгача олиб боради. Ундай ғазабда одамнинг қалб кўзи ҳам, назари ҳам кўр бўлади, тафаккури ва ихтиёри ҳам қолмайди.

Ғазабдаги мўътадиллик мақталган ҳолат бўлиб, унда киши ақл ва диннинг ишорасига мунтазир бўлиб туради ва ҳамият лозим бўлганда қўзғалади, ҳилм керак бўлганда босилади. Ғазабни мўътадил ҳолда ушлаб туриш Аллоҳ таоло бандаларидан талаб қилган мустақимлик ҳолатидир. Мана ўша ҳолат ўртачаликдир.

Бас, ким ўзида ғазабда футурга кетиш, ҳатто рашки сусайиб қолганини ёки ўзига мос бўлмаган хорликни ҳам қабул қилишга мойилликни ҳис қилса, нафсини даволаши керак. Ким ўзида ноўрин ғазабни, ҳаддан ошишни, ман қилинган ишларни қилишга рағбатни ҳис қилса, ўзидаги ғазаб оловини ўчириш ҳаракатида бўлсин.

Банда ғазаб масаласида икки нотўғри ҳолатнинг ўртасини тутиш пайидан бўлсин. Мана шу мўътадиллик сиротул мустақиймдир».

Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарада ноўрин ғазаб қаттиқ қораланиб, уни ютиш тарғиб қилинган.

Аллоҳ таоло Шуро сурасида марҳамат қилади:

«Катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир» (37-оят). 

Яъни бирор киши ғазабини чиқарса, кечириб юбора оладиган ҳалим бўлиш, ғазаб чиққан вақтда уни ичига ютиб, ўша ғазаб чиқишига сабабчи одамни кечириб юбориш олий даражадаги ахлоқ доирасига киради.

Лекин бу, умуман ғазаб қилмаслик керак, дегани эмас. Баъзи ҳолатларда ғазабга келиш ҳатто вожиб ҳам бўлади, олийжаноблик ҳисобланади.

Ояти каримада «ғазабланган вақтда» дейилаётганининг ўзиданоқ билса бўладики, Исломда инсондаги мавжуд сифатларни инкор этиш йўқ, уларни йўққа чиқаришга уринилмайди, балки уларни тартибга солиб, яхшиликка йўналтирилади, холос. Ислом инсонни нафси учун беҳуда ғазабланишдан қайтаради, ғазабини ютишни мадҳ этади. Лекин шу билан бир қаторда, Аллоҳ учун, дину диёнат учун, номус учун ғазабланишни вожиб қилади.

Демак, ҳамма нарса, жумладан, ғазаб ҳам, ҳилм ҳам, ўрнида бўлиши керак. Шоир айтганидек, «Ноўрин ҳалимлик жаҳолатдир».

Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қуръони Карим оятларидан ташқари бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.

Ҳумайд Ибн Абдурраҳмондан, у Набий алайҳиссаломнинг саҳобаларининг биридан ривоят қилади:

«Бир киши Набий алайҳиссолату вассаломга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», деди.

«Ғазаб қилма», дедилар.

«Набий алайҳиссалом шу гапни айтганларида ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан».

Аҳмад ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Менга бир нарса ўргатинг. Кўпайтириб юборманг. Шоядки, англаб олсам», деди.

«Ғазаб қилма!» дедилар.

У ўз сўзини бир неча марта такрорлади. У зот ҳар сафар: «Ғазаб қилма!» дедилар».

Бухорий, Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Саҳл ибн Муъоз розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ғазабини унга амал қилишга қодир бўлиб туриб ичига ютса, Аллоҳ уни қиёмат куни халойиқнинг олдида чақириб, ҳури ийнлардан истаганини танлаш ихтиёрини беради», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Ғазабнинг зарарлари:

1. Ғазаб Роҳман ва Роҳийм – Аллоҳ таолонинг ғазабини келтиради.

2. Ғазаб шайтонур-рожиймни рози қилади.

3. Ғазаб одамлар орасини бузади.

4. Ғазабдан ҳасад ва фисқу фасод чиқади.

5. Ғазаб ақл ва диндаги нуқсоннинг аломатидир.

6. Ғазаб ортидан узр айтиш ва надомат келади.

7. Ғазаб кўзни кўр, қулоқни кар қилади.

8. Ғазаб ўз эгасига одамлар нафратини келтириб чиқаради.

Ғазабнинг сабаблари ва давоси

Ғазабнинг сабаблари кўп бўлиб, жумладан, қуйидагиларни айтиш мумкин:

1. Манманлик.

2. Мазаҳ.

3. Ҳазил.

4. Масхара.

5. Айблаш.

6. Риёкорлик.

7. Алдамчилик.

8. Мансабпарастлик.

9. Дунёпарастлик ва бошқалар.

Ғазаб қўзиган пайтда уни илм ва амал билан босилади.

Ғазабни илм воситасида даволаш олти йўл билан амалга оширилади:

1. Ғазабни ютиш, афв қилиш, ҳилм ва сабрнинг фазли ҳақидаги оят, ҳадис ва хабарларни тафаккур қилиш ва уларнинг савобидан умид қилиш.

Молик ибн Авсдан ривоят қилинади:

«Умар розияллоҳу анҳу бир кишидан ғазабланди ва уни калтаклашга амр қилди. Мен унга:

«Эй мўминларнинг амири! «Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», («Аъроф» сураси, 199-оят) дедим . Умар ўзига ўзи: «Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», дея бошлади.

У Аллоҳ таолонинг Китобидан тиловат қилинса, тўхтар, кўп тааммул ва тадаббур қилар эди. Бир оз ўйланиб турди-да, ҳалиги одамни қўйиб юборишга амр қилди».

Умар ибн Абдулазиз бир одамни калтаклашга амр қилди-да, сўнг «…аччиғини ютадиганлар» оятини ўқиб туриб, ғуломига: «Уни қўйиб юбор!» деди.

2. Ўзини ўзи Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқитиш.

Бунда ғазаби келиб турган одам ўзига ўзи: «Менинг бу одам устидан бўлган қудратимдан Аллоҳ таолонинг менинг устимдан бўлган қудрати қанчалар катта. Агар мен бунга ғазабимни ўтказсам, қиёмат куни Аллоҳ таоло менга ғазабини ўтказиши турган гап. Ундан кўра афв қилай, ўзим ҳам қиёмат куни афв қилинсам, ажаб эмас», дейди.

3. Ўзини ўзи адоват ва ўч олиш оқибатидан огоҳлантириш.

Бунда банда ноўрин ғазаб ўзи учун бу дунёда ҳеч яхшилик олиб келмаслигини эсга олади. Ғазаб фақат бефойда интиқомдан ўзга нарса эмас. У душман орттиришдан бошқага ярамайди.

4. Ғазаб чоғида ўзининг қанчалар хунук бўлиб кетишини тасаввур қилиш.

 Бунинг учун бошқаларнинг ғазаб ҳолатидаги суратини кўз олдига келтиришнинг ўзи кифоя. Одамлар ғазабланган кимсани қутурган ит ёки ваҳший ҳайвонга ўхшатишларини эсласин. Шу билан бирга, ғазабни ичига ютиш анбиё, авлиё, уламо ва ҳукамоларнинг сифати эканини ҳам ўйласин. Сўнгра ўша икки тарафдан бирини танлаши кераклигини ўйласин ва ўзига муносиб кўрганини танласин.

5. Ғазабни ютмасликка ва унинг талаби асосида иш кўришга чорлаётган омилга назар солиш.

Эҳтимол, шайтон унга «Ундан ниманг кам? Шалпайиб қолаверасанми? Одамлар нима дейди? Бир бопла уни!» деб васваса қилаётган бўлиши мумкин. Шунда банда ўзига ўзи: «Бу дунёнинг арзимаган обрўси деб охиратдаги обрўнинг тўкилишини ўзингга орттириб олма. Сабр қил! Шайтонга ҳай бер!» дейиши керак.

6. Одам ишлар унинг иродаси бўйича эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси бўйича бўлаётганини ўйласин. Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқишнинг оқибати нима бўлишини хаёлига келтирсин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Ва, албатта, сен улкан хулқдасан,, деган. Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта ва олий баҳодур. Аллоҳ у зотга хитоб қилиб, у кишининг давоми...

3364 05:00 / 02.03.2017
.Ғамус, сўзи луғатда .чўмилиш,, .кўмилиш, маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса, ботил нарса учун қасддан қасам ичишга .ғамус қасам, дейилади. Чунки, ундоқ давоми...

3080 05:00 / 03.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарга отлансалар .Аллоҳумма, анта соҳибу фиссафари вал халифату филаҳл. давоми...

70825 05:00 / 03.03.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши хўшбўй нарсани қайтармас эди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсани қайтармас эдилар, деган даъвони давоми...

3041 05:00 / 02.03.2017
Аудиолар

118785 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40735 14:35 / 11.08.2021