1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Набийга саловот айтинг ва салом йўлланг

17:30 / 22.11.2017 13879 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Унга саловот айтинг ва салом йўлланг.

Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши таъкидланмоқда. Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, «дуо» маъносини англатади. Араб тилида намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишининг маъноси у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.

Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.

Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.

Демак, Аллоҳ таоло доимо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.

Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб туришар экан.

Ояти каримада таъкидли хабардан кейин мўминларга:

«Эй иймон келтирганлар! Унга саловот айтинг ва салом йўлланг»,  деб амр қилинмоқда.

Бу амрга биноан, ҳар бир мўмин учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз «Умрда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак», – деганлар.

Амалда эса охиргиси – яъни ҳар исмлари зикр қилинганида саловот айтиш урф бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни амр қилган экан, бу саловот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ худди шу савол саҳобаи киромларда пайдо бўлган.

Имом Бухорий ва имом Муслим Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики:

«Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку, биламиз, аммо саловот айтиш қандай бўлади?» – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадив ва ъалаа аали Муҳаммад. Кама соллайта ъалаа Иброҳийма ва ала аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадив ва ъалаа аали Муҳаммад. Кама барокта ъалаа Иброҳийма ва ъалаа аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд», – деб айт», – дедилар.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзингнинг зиёда раҳматларингни нозил қилгин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оила аъзоларига ҳам. Худди Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳли байтларига ўз раҳматингни нозил қилганингдек. Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг аҳли байтларига ўз баракангни нозил қил. Худди Иброҳим ва Иброҳимнинг аҳли байтларига ўз баракангни нозил қилганингдек. Албатта, Сенинг Ўзинг мақталган, улуғланган Зотсан»

Бошқа ҳадисларда ҳам бир оз фарқли сийғалар келган. Шундан кўриниб турибдики, бир хил сўзлар билан саловот айтиш шарт эмас. Турли сўзлар, турли иборалар билан айтса ҳам бўлаверади. Энг муҳими, албатта айтиш керак.

Баъзи кишиларда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи саловот айтиб турса, Унинг фаришталари саловот айтиб турса, мўминларнинг саловотига нима ҳожат бор, деган савол пайдо бўлиши мумкин.

Бу саволга жавоб шулки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларнинг саловотига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп», деганларини эшитдим».

Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловот айтади», – деганлар.

Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амридир. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади. Имом Шофеъий: «Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», – деганлар.

Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз:

– Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз?! – дедик. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Чунки ҳузуримга фаришта келиб, «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтурки: «Ким сенга саловот айтса, албатта, Мен унга ўн марта саловот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» – деди», – деб хабар бердилар».

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп саловот айтганлардир», – деганлар.

Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга асрлар давомида чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи шарифлари зикр этилиши билан саловот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.

Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганида, у зотга саловот айтилмаса, бу мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади.

Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда:

«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», – деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр этилганида, у зот алайҳиссолату вассаломга саловот айтмаслик шунчалик ёмон бўлса, у кишига озор бериш қанчалик бўларкин?!

 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳли сунна вал жамоанинг кўзга кўринган етук уламолари томонидан мавлиди шариф қилиш жоиз эканлиги борасида айтган сўзлари. Ҳофиз Суютий раҳматуллоҳи алайҳ давоми...

1405 11:34 / 16.09.2023
Биз мусулмонлар Робиул аввал ойини ўзгача иштиёқ ва соғинч билан йил бўйи кутамиз. Чунки, бу ойда Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд давоми...

2111 14:08 / 04.11.2019
Биздаги мавлид маросимларидаги устунликларАгар разм солиб қаралса, юртимиздаги ўтган уламоларимизнинг мавлидни жуда ҳам яхши тарзда, шаръий асосда йўлга давоми...

741 14:00 / 14.10.2021
Қачон бирон сура нозил қилинса, .Сизни биров кўрмадими, деб бирбирларига назар соладиларда, сўнгра бурилиб кетадилар. Улар англамайдиган қавм бўлганлари учун, давоми...

3136 16:25 / 20.11.2017
Аудиолар

120088 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41757 14:35 / 11.08.2021