649 14.03.2017

Йил алмашинувини нишонлаш, бунга атаб байрам уюштириш қадимдан кўпчилик халқларнинг одати, анъанаси бўлиб келган. Мисрликлар йил санасини ҳар бир сулоланинг ҳукмронлиги бошланишидан ҳисоблашган бўлса, римликлар милоддан олдинги 753 йилдан, яъни Римга асос солинганидан бошлаб юритишган. Яҳудийлар буни гўё дунё яратилган милоддан олдинги 3761 йилдан ҳисоблашган бўлса, Искандария солномаси олам яралишини милоддан олдинги 5493 йилдан бошлайди.

Тақвим ислоҳ қилингунга қадар Русияда янги йил византияликларнинг амалдаги  йил ҳисоби бўйича 1 сентябрда нишонланган. Бу йил санаси “Оламнинг яратилиши”дан, яъни милоддан олдинги 5509 йил 1 сентябрдан юритилар эди. Жон-жаҳди билан Русияни оврупалаштиришга интилган подшоҳ Пётр Биринчи ўзининг 1699 йил 15 декабрдаги фармони билан Русда йил бошини 1 январдан деб белгилади ва “Исо Масиҳ таваллуди”дан бошланган Ғарбий Оврупа милодий санасини жорий этди.

Милод – луғатда «туғилиш» дегани. Ҳазрати Исо алайҳиссалом туғилганларидан бошланган деб ҳисобланувчи йил санаси «милодий йил» дейилади. Умуман Қуёш санаси (шамсий йил ҳисоби) биринчи марта мисрликлар томонидан татбиқ этилган. Мисрнинг илк қуёш тақвими милоддан олдинги 45 йилда Рим ҳукмдори Юлий Цезар томонидан олинган ва «Юлиан тақвими» деб номланган римча тақвим юзага келган. Милодий сананинг 1582 йилида эса бу тақвимни Папа Григор ХIII ислоҳ қилиб, ҳозирги Григориан тақвимига асос солган. Милодий сана номига номувофиқ тарзда Исо алайҳиссалом мавлудидан (туғилишидан) саккиз аср кейингина насроний Оврупада қўлланила бошлаган. Ислом олимлари ҳисобига кўра, «Исо алайҳиссалом туғилган йил билан милодий сана орасида уч ёки тўрт йиллик катта бир тарихий хато бор». Мусулмонлар тақвим юритишда ҳижрий-қамарий сана ҳисобидан фойдаланишади. 

Мусулмонлар ҳаётида эса ҳижрий йил санаси жорий этилган. Ҳижрий сана (йил) ҳисоби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари (кўчишлари)дан ҳисоблана бошлаган ва 622 йилнинг 16 июлидан амалга киритилган. У ҳижрий 17 (милодий 638) йили халифа Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) томонидан жорий этилган. Ҳижрий йил ой ва қуёш кунлари асосида олиб борилишига қараб ҳижрий-қамарий ва ҳижрий-шамсий деб юритилади. Ҳижрий-қамарий йил 354 кеча-кундуз бўлгани учун йилига 11 кундан орқада қолиб, ҳар 33 йилда ҳижрий-шамсий санадан бир йил кам бўлади. Муҳаррам, сафар, рабиъул-аввал, рабиъус-соний, жумадил-аввал, жумадис-соний, ражаб, шаъбон, рамазон, шаввол, зулқаъда, зулҳижжа ҳижрий-қамарий сана ойларидир. 

Ҳижрий сананинг йилбошиси бўлмиш биринчи ойнинг номи “муҳаррам” луғатда «уруш ҳаром қилинган, ҳурматланган» маъноларини билдиради. Ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг биринчи ойи. Муҳаррамнинг биринчи куни янги сананинг бошланиши ҳисобланади. Муҳаррам – Аллоҳ таоло уруш ва жанжалларни, қон тўкишни ҳаром қилган тўрт ойнинг бири, унинг Аллоҳнинг ойи деган номи ҳам бор. Муҳаррам ойи  ражаб, зулқаъда, зулҳижжа ойлари каби “ҳаром ойлар” саналади. Бу ойда энг улуғ кунлардан Ашуро бор, у муҳаррамнинг ўнинчи кунидир. Бу ойнинг тўққизинчи, ўнинчи кунлари рўза тутиш суннатдир. 

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойидаги рўзасидир, фарз намозидан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, дедилар” (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган). Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Бир одам келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Рамазондан кейин қайси ойнинг рўзасини тутишимни буюрасиз?” деди. У зот: “Агар рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррамни (нг рўзасини) тут. Чунки у Аллоҳнинг ойидир. Унда Аллоҳ бир қавмнинг тавбасини қабул қилган ва бошқа қавмларнинг тавбасини ҳам қабул қилади”, дедилар” (Имом Термизий ривоят қилган).

Муҳаррам ойида энг улуғ кунлардан Ашуро бор. Ойнинг ўнинчи куни шу ном билан машҳур бўлган. Ҳакам ибн Аъраждан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Замзам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган Ибн Аббоснинг олдига бориб, “Менга Ашуро рўзаси ҳақида хабар бер”, дедим. У: “Муҳаррамнинг ҳилолини кўрсанг санаб бор, тўққизинчи куни рўза тутган ҳолда тонг оттир”, деди. Мен: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рўзасини шундай тутармидилар?” деб сўрасам, у: “Ҳа”, деди” (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган).

Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва бу куннинг рўзасини тутишга буюрдилар. Одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу кунни яҳудий ва насоролар улуғлашади”, дейишди. У зот  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Келгуси йил келса, иншааалоҳ, тўққизинчи куннинг ҳам рўзасини тутамиз”, дедилар. Аммо келгуси йил келмай туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар” (Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган).

Яна шу кишидан ривоят қилинган ҳадисда келишича, “Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга буюрдилар” (Имом Термизий ривояти).

Бу борадаги ҳадисларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламоларимиз муҳаррам ойи тўққизинчи ва ўнинчи кунининг рўзасини суннат ҳисоблашади ва “Ашуро кунининг ёлғиз ўзида рўза тутиш макруҳдир”, дейишади.


Муҳаррам ойида содир бўлган муҳим воқеалар ушбулардир:


– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликларининг еттинчи, яъни милодий 616 йили Қурайшийлар Пайғамбарга ўчакишиб Ҳошимийлар билан ижтимоий-иқтисодий муносабатларни узишди ва уларга қарши қамал эълон қилишди.

– Ҳижрий тўртинчи йили муҳаррам ойида Бани Асад ҳодисаси рўй берди, яъни ушбу қабила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш очиш ҳаракатини бошлаган, шунда уларга қарши Абу Салама бошчилигидаги бир юз эллик нафар мусулмонлар гуруҳи юриш қилиб, уларни енгган.

– Ҳижратнинг еттинчи йили шу ойда яҳудийлар томонидан Ислом давлатига таҳдид солиб турадиган ҳарбий истеҳкомга айлантирилган Хайбарни фатҳ этиш бошланди.

– Яна шу йили муҳаррам ойида Пайғамбар алайҳиссалом Византия, Форс, Миср, Ҳабашистон, Уммон, Яман, Баҳрайн, Ямома ҳукмдорларига Исломга даъват этиб расмий мактублар юбордилар. 

– Саккизинчи ҳижрий йили шу ойда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Зайнаб бинти Муҳаммад (розияллоҳу анҳо) вафот этдилар.