1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Муҳаммад Юсуф Бойбўта ўғли

13:20 / 22.11.2017 6248 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларини навбатдаги сонида устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг падари бузрукворлари  Муҳаммад Юсуф Бойбўта ўғлининг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқамиз.

МУҲАММАД ЮСУФ БОЙБЎТА ЎҒЛИ

(1922 – 2004)

ТАҚДИМ

Муҳаммад Юсуф Бойбўта ўғли 1922 йил 1 январда Андижон вилоятининг Асака туманида туғилган. 1952 йилдан 1959 йилгача Бухородаги Мир Араб мадрасасида, сўнгра Тошкентдаги Бароқхон мадрасасида таҳсил олган. 1959 йили диний идора йўлланмаси билан Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги Қирғизбой жомеъ масжидига имом-хатиб этиб тайинланди. Умрининг охиригача (2004 йил 3 сентябрь) шу вазифада ишлади. Уч фарзанди бор. Тўнғич ўғли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф замонамизнинг етук мужтаҳид олими, иккинчиси Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф, учинчиси эса Тожинисохон Муҳаммад Юсуф қизи эди.

 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек улуғ олимни дунёга келтирган, болалигидан у кишига чуқур илм ва чиройли тарбия берган, ўзидаги гўзал ахлоқ ва чин инсоний фазилатларни  фарзанди аржумандига ҳадя қилган бу инсон ҳақиқатан энг яхши ота ҳисобланади. Муҳаммад Юсуф Бойбўта ўғли 1922 йил 1 январда Асака туманида туғилган. У кишининг оталари оддий чўпонлик қиладиган, хийлагина илми бор, Қуръони каримни гўзал қироат қиладиган пок мусулмон бўлган. Зурриётлар оиланинг етти аждодгача бўлган шажараларини аниқлаб чиқишган. Шунга кўра, энг катта бобонинг исмлари Маралбой, у кишининг ўғли Мирзабой, унинг ўғли Араббой, унинг ўғли Қаламбой, сўнг Эшбўта, Қушбўта, Бойбўта бўлиб, Муҳаммад Юсуф ана шу Бойбўтанинг ўғиллари эди. Бойбўтагача бўлган бари аждодлар чўпон, деҳқон ва оддий ҳунарманд бўлишган.

Шу ўринда Аллоҳнинг бир ҳикматини сезгандай бўласан киши: Парвардигор келгусида бу сулоладан дунёга машҳур етук олимларни чиқаришни ирода қилган бўлса керакки, саккизинчи поғонадаги Муҳаммад Юсуфни илм йўлига йўллаб қўйди. Йўллаганда ҳам илмсиз туролмайдиган, илмсиз юролмайдиган қилиб қўйди. У киши илмга ўта чанқоқлигидан Муҳаммад Солиҳ исмли бир қариндошлари билан мадрасага қочиб кетди. Оталари Бойбўта ўғилнинг бу “ўзбошимчалиги”дан анча вақт аччиқланиб юрган эса-да, кейин унинг “катта олим” бўлиб етишганини кўриб, жуда хурсанд бўлган.

Муҳаммад Юсуф Бухородаги Мир Араб мадрасасини битиргач, Тошкентдаги Бароқхон мадрасасида таҳсилни давом эттирган. Устозлари ва курсдошлари у кишини дарсларни ниҳоятда тиришқоқлик ва ғайрат билан ўзлаштирганини, Ислом асослари, тарих ва фиқҳ илмини чуқур ўрганганини эътироф этишган. 1959 йили у киши Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг йўлланмаси билан Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги Қирғизбой жомеъ масжидига имом-хатиб қилиб юборилди ва умри охиригача қирқ беш йил мобайнида шу масжидда имомлик қилди. 2004 йилнинг 3 сентябрь куни масжид қавмига жума хутбасини қилиб бўлгач, минбарда жон таслим қилди. Бу зотнинг вафот кунларида ушбу сатрлар муаллифи томонидан ёзилган насрий марсия Муҳаммад Юсуф домланинг фазл ва хислатлари, ҳаёт йўллари ҳақида бир қадар маълумот беришини назарда тутиб, марсияни шу ўринда тўла келтиришни лозим топдик:

“Ўшал жума куни ҳаддан оғир кун бўлди: ўксик диллар хун, кўнгуллар маҳзун, чеҳралар сўлғун бўлди. Шу куни Булоқбоши мотамда қолди. Кўзлардан ёш жаласи селдай оқди. Фарёдлар қушларга қўшилиб самога сочилди. Нафақат Булоқбоши, нафақат Андижон, балки бутун мамлакат, ҳатто қўшни юртлар айрилиқ азобини тортди, чуқур қайғуга ботди. Халқимиз етук олим, қалби салим, ибодатда қоим бир зотдан ажралиб қолди. Доно, ҳоксор, солиҳ бир инсонни фано дунёсидан бақо оламига кузатди.

У киши олим зот эдилар... Бухородаги Мир Араб ва Тошкент мадрасаларини тамомлаган эдилар. Қуръон ва Ҳадисни яхши билардилар. Фиқҳ илмида билимдон эдилар. Умрлари ниҳоясигача китобни қўлдан қўймадилар. Шогирдларга сабоқ беришдан тўхтамадилар.

Муттақий зот эдилар... Аллоҳдан қаттиқ қўрқардилар. Тиллари амри маъруфдан, наҳйи мункардан, зикруллоҳдан бўшамас эди. Каттаю кичик у кишининг панд-насиҳатларидан, ваъз-иршодларидан баҳраманд эди. Гумроҳликда юрганларга танбеҳ ва таъзир беришдан тортинмасдилар. Одамларни ҳидоятга чорлашдан эринмасдилар. Ҳаттоки умрлари масжид меҳробида туриб, “Ҳалол-покиза инсонларгина жаннатга киради, осий-гуноҳкорларнинг жойи жаҳаннам бўлади” деган сўзларни айтиш билан хотималанди. Ўлимлари ҳам ўзига хос бир ибрат, насиҳат бўлди.

Обид зот эдилар... Кунлари ва тунларини аксар ҳолларда ибодатда, Аллоҳга қулликда ўтказардилар. Кечалари ўнлаб ракат “таҳажжуд” ўқирдилар. Қўларидан тасбеҳ тушмасди. Тиллари Аллоҳнинг зикридан бўшамасди. Бир неча марта ҳаж ва умра қилган эдилар.

Зоҳид зот эдилар... Риёзатга берилган, нафсларини енга олган, озгина нарсага қаноат қилган, дунё молига этак силккан эдилар. Ўзганинг ҳақидан ва ҳаромдан қаттиқ ҳазар қилардилар. Риё, сумъа, кибр, ғийбат нималигини билмасдилар.

Камтарликлари, ҳоксорликлари зарбулмасал бўлиб кетган эди. Устоз Дўстмуҳаммад Бодарий домланинг ҳикояларига қараганда, Мир Араб мадрасасида ўқиб юрган Ҳожи дадамиз тунда “таҳажжуд” намозига турганларида мадраса ҳожатхонасини тозалаб, тартибга келтирар, мударрис ва талабаларнинг пойабзалларини артиб-поклаб қўяр эканлар. Икки йилгача буни ким қилаётганини билиша олмабди. Ниҳоят бир куни устозлардан Шаҳобиддин қори “айбдор”ни иш устида “қўлга туширибдилар”. Ҳайрат ва таажжубларини яшира олмай, қиблаган юзланган ҳолда “Қўлингни дуога оч!” дебдилар. У киши айтганларини қилибди. “Ўзинг ҳам олим бўл, фарзандларингдан ҳам фақат олим чиқсин” деб дуо қилибдилар. Устоз дуоларининг ижобатидан бу зотнинг ўзлари ҳам, фарзандларию невара-чеваралари ҳам олим бўлишди. Бўлганда ҳам тўнғич ўғиллари шайх Муҳаммад Содиқ замонанинг мужтаҳид олимлари сафидан жой олди.

Ҳожи даданинг фазилатларини таърифлаб тугатишга тил ожиз, қалам ноқис, сўз танқис. Бировнинг дилини оғритиш уёқда турсин, ҳатто “сен”сирашга, овоз кўтариб гапиришга ҳам ботинмасдилар. Ёш болаларга ҳам салом бериб ўтардилар. Ўзгаларнинг ғами, ташвиши билан яшардилар. Муҳтожларга ҳамиша ёрдамга шай эдилар. Уйларига келган меҳмонлар анча ёшни қоралаб қўйган мезбоннинг такаллуф ва илтифотларидан хижолат бўлиб кетишарди. Қаршилик қилмасангиз, ҳатто таомни оғзингизга солиб қўйишдан ҳам қайтмасдилар. Булар – муболаға эмас, Ҳожи даданинг беҳисоб меҳмонларига бунга гувоҳдирлар.

Бу зотнинг динларига, диндошларига садоқатларини ҳамқишлоқлар ҳали-бери унутишмайди. Бундан қирқ беш йил муқаддам мадрасани тамомлаб, шу ердаги масжидга тажриба ўрганиш учун келган ёш мулла йигит қишлоқ аҳлининг қистов-илтимосига “йўқ” дея олмай, Булоқбошида қолиб кетдилар. Қирқ беш йил шу жойда илму ирфон тарқатдилар. Одамларни ҳидоятга чорладилар. Намозларига имом бўлдилар. Чақалоқларнинг қулоғига азон айтдилар. Турмуш қураётганларга никоҳ ўқидилар. Марҳумларнинг жанозасида ҳозир бўлдилар. Хулласи, қишлоқ ҳаётининг бирор жабҳаси Ҳожи дадасиз ўтмади. Ҳар бир ишда Имом, яъни олдинда бўлдилар. Охирги дамларигача шу элнинг эътиқоди, бахти ва дарди билан яшадилар. Хасталикларига қарамай, “Халқ мени кутиб қолди” деб жума намозини ўқиб беришга ошиқдилар. Энг ҳайратланарлиси, ўлимларидан бироз аввалроқ Аллоҳга ёлбориб, “Қирқ беш йил шу масжид қавмига хизмат қилдим. Парвардигорим, жонимни олсанг шу масжидда, қавм ҳузурида олгин!” деб дуо қилган эканлар. “Валийлар дуоси – ижобат” деганларидай, жомеъ минбаридан хитоб қилатуриб жонни Ҳаққа топширдилар. Бундай ўлим камдан-кам инсонларгагина насиб бўлади.

Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан ажраб қолдик. Фақат бир нарса ўксик дилларга, ғамбода кўнгилларга таскин-тасалли беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисга кўра, вафот этган кишининг барча амаллари кесилади, фақат қилган садақаи жорияси, тарқатган илми ва ҳамиша дуода бўлувчи солиҳ фарзандларидан бўладиган савобларгина етиб туради. Бу борада ҳам Ҳожи дадамиз ҳавас қилгудай пешволардан бўлдилар.

Умр бўйи эл-юрт ғамида юрдилар. Масжидлар қурдилар, таъмирлатдилар. Қишлоқни обод қилишга ҳисса қўшдилар. Ҳаётлари охиригача халққа илму ирфон тарқатдилар. Минглаб шогирдларига Аллоҳнинг Каломини ва динини ўргатдилар. Ўзларидан солиҳ, илмли, тақволи, дуогўй зурриёт қолдирдилар. Буларнинг савоби қиёматгача у зотга бориб туражак, иншааллоҳ!

Энди қишлоқнинг сўлим кўчаларидан Ҳожи даданинг кавушлари шипиллаб ўтмайди. Энди масжид меҳробидан у зотнинг босиқ, ёқимли, аммо қатъиятга тўла сўзлари, панду насиҳатлари янграмайди. Энди шўхликларини бу зотдан яширадиган Булоқбошининг чапани бўз йигитларини “Домла буванинг сирлари” босмайди. Ҳамма эъзозлаб, эҳтиром кўрсатиб, эргашиб, ибрат олиб, тақлид қилиб юрган Муҳаммад Юсуф ҳазратлари энди орамизда йўқлар... Ҳаммамизни бўзлатиб, юракларимизни ўртаб, армонларга ғарқ этиб кетдилар, Мавлоларига қовушдилар.

Булоқбошимас, бутун Андижон ҳувиллаб қолгандай, одамлар мунғайиб сўлгандай... Қайғу-аламларнинг, сассиз фиғонларнинг, портлаган нолаларнинг, кўздаги жолаларнинг чеки-адоғи йўқдай... Қалблар оғир йўқотишдан мажруҳ. Хонадонларда қайғу-алам қўноқ. Одамларга ғам-мусибат ҳамроҳ. Аммо Аллоҳ буюрганидай чиройли сабр қиламиз. Оғир йўқотиш эвазига Аллоҳдан ажр кутамиз... Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!”.

Шайх Муҳаммад Содиқнинг жуфти ҳалоллари Фотимахон ҳожи ая шундай ҳикоя қилади: “Отамиз Муҳаммад Юсуф домла жуда тақволи, ибодатли, ихлосли, илмга ўта муҳаббатли киши бўлганлар. Шунинг учун ўғилларининг келажакда илмли, маърифатли бўлишига астойдил бел боғлаганлар. Хусусан, уларнинг шаръий илмларни эгаллашларига кўп эътибор қаратганлар. Фарзанд тарбиясида жиддий ва қатъиятли бўлганлар. Ҳатто шубҳали нарсалардан ҳам фарзандларни эҳтиёт қилганлар. У кишининг бор эътиборлари илм-маърифатга қаратилган эди. Фарзандларига насиҳат қилганларида доим: «Агар дунёнинг ортидан қувсанг, унга ета олмайсан. Аммо илм ортидан қувсанг, дунё сенинг ортингдан қувади», деб айтар эдилар. Бу у кишининг шиори эди.

Яна ибратли фазилатларидан бири ҳаддан ташқари сахий одам бўлганлар. Отамизни Андижон вилоятидан ташқари атроф вилоятлардан, ҳатто Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан ҳам маросимларга олиб кетишар эди. У кишининг топган дунёларига анча-мунча уй-жой ёки машина каби нарсалардан бир нечасини қўлга киритса бўлар эди. Аммо умрлари охиригача   қўлларида пул турмади. Бир қўлларига келса, иккинчи қўллари билан эҳсон қилар эдилар. Ҳатто маросимдан олиб келган ҳайдовчига ҳам уйдан бир тўн бериб юборар эдилар. Уйларига келган меҳмоннинг қўлига бирор нарса бермай жўнатмас эдилар. Рамазон ойида катта ифтор қилиб, тўпланиб қолган нарсаларнинг ҳаммасини битта қўймай улашиб юборар эдилар.  Бир гал Ҳазрат билан укалари Тошкентда ўқишаётганда олиб келган совғалари ва қўлларидаги пулларининг ҳаммасини устозлар ва талабаларга улашиб юборибдилар. Ҳатто уйга кетиш учун йўлкирага пуллари қолмаган экан. Аллоҳнинг қудрати билан бир танишлари учраб қолиб, самолётга чипта олиб жўнатиб юборган экан.

Отамиз Муҳаммад Юсуф оиладаги аёлларга ҳам жуда меҳрибон бўлганлар. Ҳатто уйдаги келинларни бирор марта “келин” демай, доим “қизим” деб чақирар эдилар. Ҳайит-байрамларда ўзлари бозорларга бориб, энг сара материаллардан танлаб онамизга, овсинларга, менга ва қайнсинглимга ҳадя қилар эдилар. Набираларга ҳам совға олиш керак бўлса, ҳеч кимга ишонмай елкаларига опичиб дўконга олиб борар, совғалар бериб, хурсанд қилар эдилар. Айниқса Исмоилжон катта набира бўлгани учун алоҳида эътибор кўрсатардилар. Кейинчалик ҳам ҳар гал Булоқбошига борганимизда “қизим рўзғорда камчилигингиз йўқми?” деб сўрар эдилар. Ҳатто ҳазрат муфтийликка сайланиб, ҳамма нарсамиз етарли бўлганида ҳам Булоқбошига борсак, чўнтакларидаги бор пулларини бизга бериб юборар эдилар. Биз: “Дада бизни ҳамма нарсамиз етарли, қайтага биз сизларга олиб келдик” десак, “қизим, бизники табаррук” дер эдилар. Фарзандларга тарбия беришда, насиҳатда ҳеч эринмас эдилар ва соатлаб насиҳат қилар эдилар. Бизга ҳадя берганларида олмасам, “қизим, мен сизларни елкамга эмас бошимга қўяман. Чунки сизлар дин хизматидаги инсонсизлар. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, фарзандларим бошқа йўлга юришмади, ўлмасам ва танамда жоним бор экан, сизларни бошимда кўтариб юраман” дер эдилар. Гапларининг устидан чиқиб то вафот этгунларича ҳазратни елкаларида эмас, балки бошларида кўтариб ўтдилар. Қачон кечалари ҳовлига чиқсам чироқлари ёниқ бўлар эди. Ҳар куни хуфтондан кейин келиб ётиб ухлардилар ва ҳамма ухлаганида туриб ибодат қилар эдилар. Кейин яна бомдоддан олдин бироз ухлаб олардилар. Бўш вақт бўлди дегунча, уйдаги супа устида ўтириб Қуръон ўқир эдилар ёки китоб кўрар эдилар. Менимча, ҳақиқий саҳобаларнинг ҳаётидек ҳаёт кечирганлар. Бирор дақиқа вақтларини бекорга кетказмаганлар, бирор марта кўзларини тик қилиб одамга қарамаганлар. Ҳатто биз билан гаплашганларида ҳам кўзларини пастга қаратиб гаплашганлар. Жуда хаёли инсон эдилар, ҳамиша шариатдан чиқмаслик учун тиришардилар. Ҳаётларининг ҳар бир дақиқасидан ибрат олинадиган инсон эдилар. Бир сафар бетоб бўлиб қолганларида “ўтириб намоз ўқинг” дейилганда ҳам кўнмай, намозни тик туриб ўқиганлар. Умрларининг охирги куни ҳам овқат тайёрлаб, “келиб, еб олинг” дейилганда: “халқ кутиб қолади” деб чиқиб кетган эканлар. Ўша куни ҳам жума маърузасини қилиб, меҳробга намоз ўқиш учун ўтаётганларида дунёдан ўтдилар. 

Ҳожи дадамиз Ҳазратнинг ёшликларида илм олишларига жуда қаттиқ турган бўлсалар-да, мен келин бўлиб борганимдан кейин у кишига насиҳат ҳам қилар эдилар, эҳтиромини қилиб, ўғилларининг ҳурматларини жойига ҳам қўярдилар. Ҳазратнинг илмлари билан жуда фахрланар, учрашиб қолишса, узундан-узоқ суҳбатлашар эдилар. Ҳазрат Булоқбошига борганларида ҳам токи ётадиган вақт бўлгунича қўйиб юбормай, дин, шариат илми ҳақида суҳбат қуришарди”. 

Бундай инсоннинг фарзанди бўлиш албатта ҳар бир ўғил-қиз учун ўта шараф, улкан бахт! Шу боис ҳам Муҳаммад Содиқ умр бўйи оталарига юксак эҳтиром кўрсатдилар, хизматларига шай турдилар, кўнгилларини олдилар. Бирор марта оталарининг олдига тушиб юрмаган, бирор марта оталарига имом бўлиб намоз ўқимаган эдилар. Падари бузрукворлари турган жойда халққа ваъз-насиҳат ҳам қилмас эдилар.

Аҳмад МУҲАММАД

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Машҳур Қуръон ҳофизи Сайдуллоҳ қори мулла Ортиқ қори ўғли 1900 йилда Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, ҳозирги Марғилон кўчасида маърифатли хонадонда дунёга келди. давоми...

8697 14:30 / 12.05.2022
Ҳомидхон қори 1905 йил Наманган шаҳри Чуқур кўча даҳаси собиқ .Лўли чеки, маҳалласи ҳозирги .Самарқанд, кўчасида таваллуд топди. Бобоси Умархон ҳожи аҳли илм, аҳли давоми...

2369 14:00 / 24.02.2023
Муҳаммад Мустафо алАъзамий билан Профессор, доктор Ражаб Шантурк суҳбатиР. Шантурк Мусулмонларнинг ваҳийни ёзиб олиш ҳамда улашишни исташларининг бир неча давоми...

3605 16:37 / 18.01.2018
Чоп этилган .Фунун, китобиниг аввалги қисми бошида у зот раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтган.Аммо баъд вақт сарфланадиган, нафс машғул бўладиган ва буюк давоми...

1584 11:00 / 20.12.2020
Аудиолар

118768 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

6971 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40725 14:35 / 11.08.2021