1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан олинадиган ибратлар

11:35 / 15.10.2017 4330 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1439 йил аввал дунё мусулмонлари учун жуда муҳим бир ҳодиса рўй берди. Ҳижрат – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага сафарлари Ислом тарихида бурилиш нуқтаси эди. Ул зот Маккадан ҳеч ким танимайдиган ва хўрланган бир инсон сифатида, тунда, яширинча, Аллоҳнинг мўъжизаси ила қотиллар ҳужумига учрамай чиқиб кетдилар, ўн йилдан сўнг шуҳрату қудратга тўлиб адолатли ва улуғвор ҳукмдор сифатида қайтиб келдилар.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун умрлари давомида Аллоҳ мусулмонларга ҳижрат сабоқларини эслатиб турди. Қуръон оятларида бу ҳақида айтилади:

«Агар унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, Аллоҳ унга нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у ҳамроҳига: «Маҳзун бўлма, албатта, Аллоҳ биз билан», – деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сакинасини нозил қилди ва уни сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганларнинг калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса ўзи олийдир. Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» (Тавба, 40).

Бу оятда мусулмонлар учун ҳижратнинг кўп сабоқлари эслатилади, аммо биз улардан бештасига эътибор қаратамиз:


1. Аллоҳ бизнинг ҳеч биримизга муҳтож эмас.

Ушбу оятнинг бошида имон келтирганларнинг ҳеч бири бу шароитда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам бера олмагани, Аллоҳ учун эса бу жуда осон экани, У ўз Расулига ва Унинг динига ҳеч ким тасаввур қила олмаган даражада ёрдам бергани айтилади.

Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталабгача қотиллар қўлида жон беришини ёки уни сафар чоғи ўлдиришларини Маккада ҳамма кутганди, бироқ Аллоҳ уни  ҳеч зиён етмаган ҳолда сақлаб Мадинага етказди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз жонларини омон сақлаш учун қутқарув армияси керак эмас эди, у кишига фақат Аллоҳ керак эди.

Ислом учун нимадир қилганимизда, биз, аввало, ўзимизга ёрдам берамиз – бу бизга керак, бизнинг қалбимиз, келажагимиз учун зарур. Аллоҳнинг дини бизга муҳтож эмас, У ўз динини ва Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросини ҳимоялайди. Аллоҳ – ас-Сомад, ҳожатбарор, ҳеч нимага муҳтож эмас, аммо бандаларининг ҳаммаси Унга муҳтож ва тобедир.

2. Қийинчиликлар пайти Аллоҳга ишониш енгиллик келтиради.

Абу Бакр (р.а.) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғорга яшириниб олдилар, чиқиш йўли йўқ эди. Қурайшийлар яқин келиб қолган ва уларни излаётган эди. Улар ғорга яқин келганларида, Абу Бакр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз хавотирини билдирди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:

«Қурқма, Аллоҳ биз билан».

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан нима содир бўлиши, Аллоҳ уларни қандай қутқаришини билмас эдилар. Аммо у Парвардигор уларни ёлғиз қўймаслигини билар эдилар, чунки улар Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун курашмоқда эдилар, Унинг ўзи уларни албатта қутқарарди.

Аллоҳга бундай ишонч уларнинг қалбига хотиржамлик ва Ўзининг ёрдамидан умид туйғуларини берганди. Ва биз биламизки, Аллоҳдан ёрдам келди – ўргимчак ғорнинг оғзига тўр тўқиди-ю, душманлар у ерда ҳеч ким йўқ деб ўйлаб қайтиб кетдилар.

3. Аллоҳга итоат этинг, ҳатто унинг буйруқлари сизга маъносиз туюлса ҳам.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёти Аллоҳ ул зотни пайғамбарлик хизматига чорлаши билан тубдан ўзгариб кетди. Пайғамбарликкача у киши ўз қабилаларининг энг ҳурматли инсонларидан бири эдилар, олдиларига одамлар маслаҳат сўраб келардилар ва ҳар ишда ул зотга ишонардилар. Аммо ваҳий кела бошлагач, кўпчилик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни эсдан оғган, ичига ёвуз руҳ кириб олган деб ўйлаб, устиларидан кулиш ва мазаҳлашга ўтдилар, ортларидан жуда озчилик эргашди. Оддий инсон бўлганларида, қўлимдан келмади деб таслим бўлишлари мумкин эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таслим бўлмадилар, ҳатто дўстларини, яқинларини йўқотиб, туғилиб-ўсган уйлари ва шаҳарларидан ҳайдалганларида ҳам, Ҳақ йўлдан қайтмадилар. Олға ҳаракатда давом этдилар. 

Балки айримларга у кишининг ўжарлиги тушунарсиз туюлар, аммо асл эътиқод Аллоҳга сўзсиз итоат этишни, Унинг буйруқларини, маъноси ва мақсади доим ҳам тушунарли бўлмаса-да, бажо келтиришни тақозо қиларди.

4. Қийинчиликлар ортидан енгилликлар келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва унинг саҳобалари 13 йил давомида турли азоблар, таъқиблар, таҳқирлар ва зўравонликларга дучор бўлдилар. Ўз юртини ташлаб кетиш эса сўнгги, оғир зарба эди. Аммо орадан маълум вақт ўтгач, Аллоҳ уларнинг азоблари ўрнига хурсандчилик, оғриқлари ўрнига тантана, мағлубиятлари эвазига ғалабалар етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳоким бўлдилар, шаҳар атрофидаги ерлар ва қабилалар у кишига бўйсунди, қўшни давлатлар ҳукмдорларига Исломга даъват этиб мактублар ёздилар. Ва ниҳоят, Маккани фатҳ этиш вақти етди. Пайғамбаримизни соллаллоҳу алайҳи васаллам ва дўстларини ўз она шаҳридан ҳайдаб солган одамлар қўрқувдан титраб ул зотнинг қарорини кутдилар – энди бизни нима қилар экан?

Буларнинг барида Аллоҳнинг бажарилган ваъдалари кўринади:

«Қийинчиликлар ортидан роҳат келажак».

5. Мусулмонлар – биродарлар.
Ҳижрат бизни биродарликка ўргатди. Мусулмонлар қўлларида деярли ҳеч нарса бўлмагани ҳолда Маккани тарк этдилар, аммо Мадина аҳолиси уларни худди севимли қариндоши каби илиқ кутиб олди.

Мадина одамлари Маккани тарк этган диндошлари, биродарлари билан уйларини, озиқ-овқатларини, бор-будларини баҳам кўрдилар. Айни ҳол инсоният тарихида биродарликнинг энг яхши кўринишларидан биридир.

Бу таълимотни инсонларга Ислом берди. У мусулмонлар бир-бирларига ака-ука эканликларини ва уларни ягона Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимоти бирлаштириб туришини англаганлари туфайлигина кенг тарқалди.

Юқоридагилар биз ҳижратдан олишимиз керак бўлган кўплаб сабоқлардан айримларидир. Бугун дунё талотўплари зўрайган, ҳаёт мураккаблашган даврда бундан 1439 йил аввал рўй берган ҳижратни ёдга олмоқ даркор. Энг асосийси, келинг, ҳаммамиз ўз ҳижратимизни қиламиз, яъни Аллоҳга хуш келмайдиган ишларни тарк этиб, Уни рози этадиган амалларга ўтамиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас,, дедилар..Эй давоми...

2686 12:16 / 02.04.2019
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга умр давомида бир марта саловот айтиш фарздир.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намознинг охирги ташаҳҳудида давоми...

4342 17:17 / 30.03.2018
Кунлари умримиздек қисқа, тунлари орзулармиздек узун қиш... Мўмин инсон қисқа фурсатларни ғанимат билади, узун орзуларга эса берилиб, боғланиб қолмайди.Бу гал давоми...

4687 16:21 / 14.12.2018
304. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байда ёки Зотул Жайшда давоми...

3908 13:45 / 13.12.2019
Аудиолар

118746 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар