1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Мусулмоннинг мусулмондаги ҳақлари

19:27 / 20.10.2017 13139 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4567. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир», дедилар.

«Улар қайсилар, эй Аллоҳнинг Расули!?» дейилди.

«Қачон учратсанг, унга салом бер, қачон сени даъват (таклиф) қилса, унга ижобат қил, қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила, қачон бемор бўлса, уни бориб, кўр ва қачон вафот этса, ҳозир бўл», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалар ҳозир биз ўрганаётган бобнинг айни мақсадидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида ўз умматларига уларнинг бир-бирларидаги ҳақларини ўргатмоқдалар:

«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир».

Албатта, булардан бошқалари ҳам бор. Аммо бу сафар олтитаси ҳақида сўз кетмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларидан кейин саҳобаи киромларда бу масалага катта қизиқиш уйғонди ва шунинг учун ҳам:

«Улар қайсилар, эй Аллоҳнинг Расули!?» дейилди».

Ана шундан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмоннинг мусулмондаги олтита ҳаққини бирин-кетин санай бошладилар.

1. «Қачон учратсанг, унга салом бер».

Икки мусулмон учрашганда уларнинг бирларида иккинчисига нисбатан салом бериш ҳаққи бўлади. Улардан қай бири аввал салом берса, ўшаниси савобнинг кўпини олади ва ўз биродарига алик олишни фарз қилади. Ҳа, салом бериш суннат бўлса, алик олиш фарздир. Ана шу тариқа жамият аъзолари ўртасида ўзаро муҳаббат ва ҳамкорлик ривожланади. Зеро, фақат уришиб қолганларгина бир-бирлари билан саломлашмайдилар. Мусулмонлар эса бир-бирлари билан саломлашишни бошқаларнинг ўзларидаги ҳаққи деб англайдилар.

2. «Қачон сени даъват (таклиф) қилса, унга жавоб бер».

Бирор мусулмон маросим қилиб, ўз биродарини ўша маросимга даъват қилса, ана шу даъватга жавоб бериш, яъни мазкур маросимга бориш ҳалиги мусулмон зиммасига ҳақ бўлиб тушади. Бу ҳам жамият аъзолари орасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича муҳим омилдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирортангиз валиймага даъват қилинса, унга борсин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдаги ва бошқа ҳадислардаги валиймага қилинган даъватни қабул қилиб, унга бориш ҳақидаги амрни уламоларимиз турлича таъвил қилганлар.

Аввало, «Никоҳ тўйидан бошқа валиймага даъват қилинганда бориш вожиб эмас», деганлар.

Никоҳ тўйи валиймасига даъват қилинганда бориш эса Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари бўйича фарзи айн ҳисобланади.

Шофеъий ва Ҳанбалийларнинг баъзилари «Никоҳ тўйи валиймасига қилинган даъватни қабул этиб, унга бориш фарзи кифоя», деганлар.

Ҳанафий мазҳабида эса «Номи валийма бўлса, унга қилинган даъватни қабул этиб, иштирок этиш учун бориш мандубдир», деганлар.

Валийма – бир мусулмон киши ўзига етган хурсандчилик муносабати ила уюштирган зиёфатдир. Мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан унга берилган маълум неъматга шукр қилиш маъносида хайри эҳсон бўлсин дея, дастурхон ёзиб, кўнгилга яқин кишиларни даъват қилади. Бу билан у ўзига етган неъмат, сурурга биродарларини шерик қилишни ўйлайди. Шунинг учун ҳам уларни даъват қилади. Шунинг учун ҳам ундай даъватни қабул қилиш лозим бўлади. Чунки шу туфайли мусулмонлар орасида ижтимоий алоқалар ривожланади, мустаҳкамланади. Мусулмонлар орасида ҳамжиҳатлик кучаяди.

3. «Қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил».

Албатта, ҳар бир киши ўз ҳаёти давомида турли-туман муаммоларга дуч келиб туради. Бу муаммоларни ҳал қилишда унинг бир ўзи ожиз бўлиши ҳам турган гап. Шунинг учун у ўзгаларнинг маслаҳатига муҳтож бўлади. Ҳар ишнинг ўз мутахассиси бор. Улар ўз мутахассислигига оид масалаларни ҳал қилишда ўзгалардан яхшироқ мавқега эгадир. Бошқалар ундан маслаҳат сўраганда тўғри маслаҳат бериш унинг зиммасидаги ҳақдир.

Шунингдек, мусулмон киши илмли, тажрибали кишиларнинг насиҳатига ҳам муҳтож бўлиб туради. Қачон бир мусулмон ўз биродаридан насиҳат сўраса, ўша сўраган мусулмонга насиҳат қилиш лозим бўлади.

Бу омил ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши турган гап.

4. «Қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила».

Ҳар бир мусулмон акса урганида «Алҳамду лиллаҳ» дейиши лозим. Унинг акса уриб, ҳамд айтганини эшитган мусулмон биродарига эса унга «Яр-ҳамукаллоҳу», яъни «Аллоҳ сенга раҳм қилсин», деб яхшилик тиламоғи бурчдир.

Сиртдан арзимайдиганга ўхшаб кўринадиган бу ишга Ислом алоҳида эътибор бериши ҳам кишилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга омил бўлиши турган гап.

5. «Қачон бемор бўлса, уни бориб кўр ва қачон вафот этса, ҳозир бўл», дедилар».

Бемор бўлган мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устида ҳаққи бор экан. У ҳам бўлса, улар келиб, беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиб кетишлари экан.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳукми бўйича, бемор бўлган мусулмон ҳақида хабар эшитган бошқа мусулмонлар уни бориб кўришлари беморнинг олдидаги бурчлари ҳисобланар экан.

Шунинг учун ҳам қайси бир дин қардошимизнинг бемор бўлганини эшитсак, уни кўргани боришга шошилишимиз керак бўлади. Ўша биродаримизнинг биздаги ҳаққини адо этмоғимиз, уни бориб кўриб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилишимиз лозим бўлади.

Имом Термизий Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки, бир мусулмон ўзининг мусулмон биродарининг касалини кўргани борса, жаннат мевалари ичида бўлади», дедилар», дейилган.

Демак, бир беморни кўргани борган киши уни кўриб, кетгунича яхшилик ичида бўлар экан. Бундан беморни зиёрат қилиш учун кетган вақт саодатли вақт экани келиб чиқади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким яхшилаб таҳорат қилиб, савоб умидида мусулмон бемор биродарини кўргани борса, дўзахдан етмиш куз масофасига узоқлаштирилади», дедилар.

«Эй Абу Ҳамза, куз нимадир?» дейилди.

«Йил», деди».

Абу Довуд ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифда бемор кўриш учун боришга қаттиқ тарғиб бор. Чунки дўзахдан бир киши етмиш йил йўл юриб, кесиб ўтадиган масофага узоқлашиш ҳар ким учун катта бахтдир.

Ҳаётимизда ушбу ҳадисга амал қилиб яшасак, охиратимизда ҳам самарасини кўрар эканмиз.

6. «Қачон вафот этса, ҳозир бўл».

Ажали етиб, вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш бошқа мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Улардан бир қисми бу ишни амалга оширсалар, мазкур фарз қолганларнинг зиммасидан ҳам соқит бўлади. Шунинг учун бирор мусулмоннинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган ҳар бир мусулмон иложи борича жанозага қатнашмоғи лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ким жанозага намоз ўқилгунча ҳозир бўлса, унга бир қийрот савоб, ким дафн қилингунча ҳозир бўлса, унга икки қийрот савоб», дедилар.

«Икки қийрот нимадир?» дейилди.

«Икки улкан тоққа ўхшаш нарса», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда:

«Икковларидан кичиги Уҳудга ўхшаш», дейилган.

Ибн Умар жанозага намоз ўқиб, қайтиб кетар эдилар. У кишига Абу Ҳурайранинг ҳадиси етганда:

«Батаҳқиқ, кўплаб қийротларни зое қилибмиз», дедилар.

Ушбу ҳадисда жанозага ҳозир бўлиш, жаноза намозини ўқиш катта савобга сабаб бўлиши, дафн этишда ҳам қатнашиш яна шунча савобга эга қилиши ҳақида сўз кетмоқда. Улкан тоғдек савоб оз нарса эмас. Албатта, бу савоб умидида қатнашган кишиларга берилади. Жаноза ва дафнга бошқа умид билан борганларга эса ўша умид қилган нарсалари берилади. Ушбу маънони уламоларимиз алоҳида таъкидлаганлар. Чунки бошқа ҳадисларда мана шу маъно ўз аксини топган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг тасарруфларидан эса баъзида улкан ва олим саҳобалар ҳам баъзи масалалардан хабардор бўлмай қолишлари мумкинлигини тушунамиз. Шу билан бирга, уларнинг камтаринликлари, илм етганда дарҳол қабул қилишларини билиб оламиз. Шундан ўрнак олишимиз керак бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, доимо жаноза намозига ҳозир бўлиб, уни ўқишга ва майитни дафн қилишда қатнашишга ҳаракат қилишимиз керак.

4568. Термизийнинг ривоятида:

«Мусулмоннинг мусулмонда маъруф йўли ила олти ҳаққи бордир: уни учратса, салом беради, даъват (таклиф) қилса, унга ижобат қилади, акса урса, унга яхшилик тилайди, бемор бўлса, бориб кўради, вафот этса, жанозасига эргашади ва ўзига яхши кўрган нарсани унга ҳам яхши кўради», дейилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ўтган ҳадиси шарифдаги насиҳат ўрнига «ўзига яхши кўрган нарсани унга ҳам яхши кўради» жумласи келган.

Мусулмон киши учун ўзига яхши кўрган нарсани ўз диндошларига ҳам яхши кўрмоқ унинг улар олдидаги бурчидир. Ўзига яхши кўрган нарсани ўз биродарига яхши кўрмаслик бахилликдир. Бахиллик Исломда қаттиқ қораланган. Чунки бахиллик кишиларга ҳам, жамиятларга ҳам катта зарар етказади.

Ўзига яхши кўрган нарсани ўз диндошларига ҳам яхши кўрмоқ эса жамият аъзоларига ҳам, жамиятга ҳам, бутун инсониятга ҳам кони фойдадир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг динимизда фақат мусулмон кексаларни эъзозлаш билан чегараланиб қолинмаган. Бу иш кенг миқёсда бўлиб, мусулмонлар билан бир диёрда яшаб турган давоми...

3621 21:52 / 08.05.2018
ЭРКАК АЁЛ БИЛАН, АЁЛ ЭРКАК БИЛАН КЎРИШИШИ МУМКИНМИҚўл бериб, қучоқ очиб, ўпиб кўришиш фақат жинсдошлар ўртасида эмас, балки бирбирларига маҳрам бўлган эркакаёллар давоми...

5749 05:00 / 17.02.2017
Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар.Ушбу оят ила Аллоҳ таоло мўминларнинг зафар топишларига очиқойдин, таъкидланган ваъда бермоқда. Суранинг аввалида .Батаҳқиқ, ndash давоми...

5514 14:38 / 15.03.2018
Уламолар иймонни қасд, уни сўзлаш ва унга кўра амал қилиш, дея тушунтиришади жумҳур уламо амални иймоннинг шарти эмас, балки камолга етказувчи жиҳати, дейишади. Ва давоми...

1526 14:00 / 05.09.2022
Аудиолар

120117 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41783 14:35 / 11.08.2021