1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Мусулмонларнинг таназзули сабаб дунё нималарни йўқотди? (8)

05:00 / 11.03.2017 4778 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оврўподаги миллатчилик

 Черковнинг  мағлубияти мутаассиблик, миллатчилик ва ирқчиликнинг кучайишига сабаб бўлди:

Миллатчилик, ирқчилик, халқ ва жўғрофий жойлашувга эътимод қилишлик оврўполикларнинг қони ва жони ўрнида юрадиган табиий хусусиятларидан бири бўлиб, улар учун иккинчи бир табиатга айланиб қолган эканлигини юқорида айтиб ўтган эдик. Лекин насронийлик ана шу табиатнинг устидан ғолиб келган эди. Чунки у –ундаги камчиликлар, унинг ўзгартириш ва бузиб кўрсатишларга учраганига қарамай -  ҳали ҳам Масиҳнинг таълимотлари қисман сақланиб қолган эди. Самовий дин қанчалик ўзгартирилмасин ва бузилмасин инсон билан инсон ўртасидаги сунъий тафовутни тан олмайди. у миллат, ранг ва ватанни ажратмайди. Бинобарин насронийлик дини оврўполикларни дин байроғи остида жамлаган, насроний оламидан битта қабилани яратган эди. Кўплаб халқларни католик черковларига бўйинсундиргани учун ҳам ўта миллатчилик ва муросасизлик мағлуб бўлиб халқлар узоқ вақт давомида бу иллатлардан бехабар яшадилар. Бироқ 1483 – 1526- йилларда Мартин Лютер ўзининг католик черковига қарши машҳур диний ислоҳотлар ҳаракатини бошлаб юборганида ўзи мансуб бўлган немис миллатидан фойдаланишни ўзи учун фойдали деб билди ва бу иши билан у каттагина ютуқларга эришди ҳам. Пировардида католик черкови мағлуб бўлиб халқлар бутунлай озод бўлишади ва ўзларининг ишларида янада эркинроқ ва парокандароқ бўлиб кетишаверади. Оврўпода насронийликнинг фаолияти зим бўлиб кетгач миллатчилик ва ирқчилик авжига чиқди. Дин билан миллатчилик тарозининг икки палласига ўхшаб бир томони оғир келса иккинчи томони енгил келар эди. Дин турган палласи ҳар куни енгиллашиб, унинг рақиби турган палланинг эса оғирлашиб боргани маълум нарса. Британиянинг Америкадаги собиқ элчиси  англиялик машҳур жаноб Лорд Лотиан (Lord Lothian) 1938 – йилнинг январида  Aligarhуниверситетидаги йиғинда қилган нутқида ана шу тарихий ҳақиқатга ишора қилган эди.

«Динни ислоҳ этишни даъво қилиб чиққан Лотернинг ҳаракати Оврўподаги маданий ва диний бирликка нутқа қўйгач ана шу қитъа турли хилдаги миллий ҳудудларга бўлиниб кетди, улар ўртасидаги рақобат ва курашлар дунёнинг тинчлигига доимий хатарга айланиб қолди».

Диннинг таназзулга юз тутиши,  дин ва ахлоқ асослари пастлашиб кетишининг натижасида миллатчилик ва ватанпарварлик палласи тош босиб кетади. Лорд Лотиан (Lord Lothian) ўша нутқида шундай дейди:

«Инсон учун зарур муршид, ахлоқий ғояга эришишнинг ягона воситаси ва кишилик ҳаётининг маънавий шарафи бўлмиш дин ўзининг кучини йўқотгани натижасида ғарб олами турли хил миллат ва табақаларга асосланган сиёсий партияларга мафтун бўлиб қолди ва –табиий фанларнинг таъсири туфайли- моддий тарафдан тараққиётга эришишлик энг олий мақсад ва энг буюк орзу эканига имон келтирдилар. Ана шу иш доимо ҳаётнинг  чигалликлари ва қийинчиликларини зиёда қилиб бораверди. Ана шу ишнинг яна бир оқибати шу бўлдики Оврўпо ўзининг руҳи билан ҳаётининг ўртасини ушбу асрнинг энг катта фалокати бўлмиш миллатчиликдан қутқарадиган даражада бирлаштиришга қийналиб қолди». * Convocation Adress of Lord Lothian at Muslim University Aligarh

 Оврўподаги ўта миллатчи гуруҳлар:

 Диний тузумнинг таназзулга юз тутиши ва ўта миллатчиликнинг қайта жонланиши натижасида Оврўпо бутун шарққа қарши ягона ҳарбий полигонга айланиб қолди. Ғарб билан шарқнинг ёки Оврўпо билан ундан бошқа ўлкалар ва иқлимларнинг ўртасини, орийларни улардан бошқа башар жинсидан ажратиб қўйди. Ажрим чизиғининг бу тарафидагилар иккинчи тарафидаги ҳар қандай насл, халқ, маданият, маърифат, илм – фан ва адабиётдан устун туради, биринчи томондагилар хожа ва ҳукмрон бўлиш учун иккинчи тарафдагилар эса итоат қилиш ва бўйинсуниш учун, биринчи тараф боқий қолиш ва равнақ топиш учун иккинчи тараф эса ўлиш ва зим бўлиш учун яратилган  деб ҳисобланар эди. Айнан ана шу нарса ўз даврида юнонлар ва римликларни фарқлатиб турган. Зотан улар ўзларидан бошқаларни тарбияли деб ҳеч ҳам ҳисобламас эдилар. Улар барча нарсани ғариб деб, айниқса, Атлантика уммонининг шарқида воқеъ бўлган ҳар қандай ишни маданиятсизлик деб атар эдилар.

Ташқаридан келган ва бегонага тегишли бўлган ҳар қандай нарсага қарши қаратилган ана шу миллатчилик ва тарафкашлик руҳиятининг натижасида оврўпонинг айрим халқлари масиҳий динига ва Масиҳга ўз юртларидан дафъ этиб ундан қутилишни истаганлари бир мусибат ва бахтсизлик сифатида қарай бошладилар. Бу нарса Олмон ўқитувчиларидан бири профессор Этруни айтган ушбу сўзларда намоён бўлади:

«Бизнинг фарзандларимиз нима учун бегона халқларнинг тарихини ўрганишлари керак? Иброҳим ва Исҳоқ ҳақидаги қиссаларнинг уларга нима кераги бор? Бизнинг илоҳимиз ҳам олмон миллатидан бўлиши лозим».

Олмонияда Масиҳ алайҳиссалом Бани Исроилдан бўлганликлари учун у кишини тан олмайдиган бир гуруҳ пайдо бўлди. Унга муҳаббат ва эҳтиром ила итоат этиб юрадиганлари ҳам унинг Орийлар сулоласидан бўлганлигини исботлашга уринадилар. Олмонияда қадим замонларда олмон халқи ибодат қилиб ўтган қадимий миллий олиҳаларни қайта тиклашга бўлган ҳаракатлар пайдо бўлди.

Руслар ҳам ўта миллатчилик ва ватанпарварлик борасида ўзларининг эски рақибларидан қолишмайдилар. Зотан Россияликлар ҳозирги асрдаги жуда кўплаб буюк кашфиётларни руслар яратган дея эътиқод қиладилар.

Бинобарин жисмларнинг таркиб топиши ҳақидаги махсус қонуннинг ихтирочиси Лавуазье эмас аксинча у рус олими Михайил Ломоносовга тегишли бўлган нарсани ўзлаштириб олгандир. Электр токидан ёритиш учун фойдаланишни  Эддисон бошлаб берган эмас. Зеро россиялик Люгин ундан олти йил муқаддам бу нарсани кашф қилган ва ҳоказолар. «Правда» газетасиининг нашр қилишича рус олимлари телеграфни Морсдан олдинроқ ихтиро қилганлар ва шатакка олувчи кемани   Стивенсондан олдинроқ ҳаракатга келтирганлар ва шу каби миллатчилик ва Россияни муқаддаслашдан бошқа омиллари йўқ бўлган ишлар.

 Миллатчилик касалининг исломий ўлкаларга юқиши:

 Бутун оламни Исломга даъват қилиш ишларига бошчилик қилиши, ўз даврида тинчлик ва хотиржамлик рисоласининг ижрочиси, миллатчилик ва ватанпарварликка қарши мустаҳкам жабҳа бўлиши керак бўладиган ва умид қилинадиган мусулмон ўлкаларга ҳам ана шу миллатчилик касалининг кириб келиши кишини изтиробга соладиган ва афсуслантирадиган ишлардандир. Бунга ўша ўлкаларда диннинг таназзулга юз тутиши, Оврўпоча одоб – ахлоқ ва ғарбча маданиятдан таъсирланиш сабаб бўлган. Зотан сиз туркларда турончиликни, ўзларининг эски жоҳилиятларини, одоб – ахлоқ ва маданиятларини қайта тиклашга бўлган чақириқни, арабларнинг қўллари билан тарқалган Исломга, Ислом шариатига, маданияти ва тилига худди олмонларнинг орийлар наслидан бўлмаган анбиёлар келтирган динларга, юксак одоб – ахлоқ ва маданиятга янгича назар билан қараганлари сингари қараганларини кўрасиз. Зотан навқирон Туркиянинг айрим мутафаккирларининг эътиқод қилишларича Ислом туркларга тўғри келмайдиган бегона тасодифий диндир. Улар ўз ота – боболари Ислом динини қабул қилишларидан аввалги қадимий мажусийликларига қайтишлари авлороқдир. Ёзувчи Холида Адиб хоним одоб – ахлоқ ва тарбия жиҳатидан янги Туркиянинг энг буюк асосчиларидан бири  «Зиё Кўк Алаб» ҳақида шундай дейди:

«Зиё Кўк Алаб усмонли турклар билан боболари туроний туркларнинг ўртасини бирлаштирадиган янги Туркияга асос солмоқчи бўлди. У Исломдан олдинги турклар даврида мавжуд бўлган сиёсий ва маданий қонун – қоидалар ҳақида ўзи жамлаган маълумотларга таяниб маданий ислоҳот олиб боришни истар эди. Зиё араблар олиб келган Ислом бизга тўғри келмайди, биз жоҳилият давримизга қайтмайдиган тақдирда ўзимизнинг табиатимизга тўғри келадиган қилиб диний ислоҳот олиб боришимиз керак, деб ишонар ва эътиқод қилар эди». (Холида Адиб Хонимнинг Деҳли миллий университетидаги маърузаларидан).

Ана шу ҳаракатнинг сўнги вақтларга келиб туркларда, шунингдек эронликларда мавжуд эканлигига шубҳ қилмаса ҳам бўлади:

Марҳум амир Шукайб Арслон – бу киши узоқ вақт Туркияда истиқомат қилгани сабаб араблардан ташқари туркларга тааллуқли масалаларни жуда ҳам яхши билар ҳамда халқ мажлисининг аъзоси бўлган эди,  – шундай дейди:

«Бу ёқда иккинчи бир гуруҳ ҳам бор эдики у ана шу назарияларнинг барчасида биринчи гуруҳ– яъни, исломий усмонли миллатини даъво қиладиган гуруҳ- га  мухолиф эди. Бу гуруҳнинг энг машҳур ташвиқотчилари Зиё Кўк Алаб, Россиядан келган Аҳмад Оғаев ва Юсуф Оқшўро, Жалол Соҳир, Яҳё Камол, Ҳамдуллоҳ Субҳиё раис, Жоқ (Турк Бурдий), миллий шоир Муҳаммад Аминбек ва кўпгина адиблару мутафаккирлар, кўплаб талабалар ва янги авлодлар эдилар. Ана ўшалар туркларни Ер юзидаги энг қадимги ва энг буюк халқлардан бири, маданиятга биринчилардан бўлиб эришганлардан, улар билан мўғил миллати аслида битта ва битта бўлиши ҳам керак дея даъво қилар эдилар. Улар буни Турон жамияти деб атар эдилар. Улар Сибир, Хитойнинг Туркистони, Форс, Кавказ, Онадўл ва Ромаллидаги турклар билан чекланиб қолмадилар балки уларнинг пойдеворлари Хитойдаги мўғуллар, Оврўподаги Мажор ва Финландларгача чўзилди. Бунинг барчасига уларнинг асли турон экани айтилар эди. Уларнинг гаплари биринчи тоифаникидан фарқ қилар эди. Зотан, улар энг аввало турк кейин мусулмондирлар. Уларнинг шиорлари динга эътиқод қилмаслик мусулмон жамиятига эътиборсиз бўлиш эди. Аммо ўша жамият турон миллатининг нуфузи учун хизмат қиладиган бўлса ана ўшанда ундан ғоя эмас восита сифатида фойдаланишни истар эдилар. Ана шу турончилик гуруҳининг кўпгина вакиллари ғулувга кетиб юбордилар ҳатто: «Бизлар туркмиз. Шудай экан бизнинг Каъбамиз  Турондир», дедилар. Улар Чингизни мақтаб қўшиқлар айтар, мўғулларнинг ғалабаларидан фахрланишар, уларнинг ҳеч бир ишларини қоралашмас, ёшлар улар билан фахрланиб юрсинлар учун Чингиз олиб борган уришлар ҳақида шеърлар битар эдилар.»

Яна шундай дейди:

«Яна шу нарсани қўшимча қилиш керакки, кейинги замонларда оврўполикларга тақлид қилган ҳолда бу аср ҳеч кимга сир бўлмаган миллатчиликлар асри бўлгани учун ҳам форслардаги миллатчилик олдингиларидан кўра кучлироқ тус олди. Бу худди туркларнинг ишларига ўхшар эди. Форс ёшларидан кўплари қадимги форсларнинг дини ҳақида изланишлар олиб боришга тушдилар. Бу ота ­– боболарининг ибодатлари, улар ибодат қилган оқ бўри ҳақида изланишлар олиб бориб ҳатто ўзларининг баъзи янги китобларида уни тасвирлашган турк ёшларининг ишига ўхшар эди. Уларга Шайхул Ислом марҳум (Мусо Козим) –бу гапни менга унинг ўзи айтиб берган- уларга: «Албатта, арабларнинг мана шунга ўхшаган баданларни титратадиган ибодатлари бор эди. Аммо улар Исломга кириш билан улардан воз кечгандилар. Улар Аллоҳнинг уларга кўрсатган лутфу инояти, ўша тубанликлардан қутқариб уларнинг даражаларини юқори қилгани билан фахрланиб юрар эдилар. Сизлар эса Борий таолога эътиқод қилишни унутиб оқ бўрига ибодат қилиш ҳақида сўзлаяпсизлар. Бас, афсуслар бўлсин», деган эди».

«Форслар ҳам турклар сингари иш олиб бордилар. Уларнинг авлодлари қадимги динлари ҳақида изланишга тушдилар. Шулардан бири гаюмартия (нурни улуғлаш) ва зулматдан сақланишдир. Уларнинг оловга ибодат қилишлари ана шундан келиб чиққан эди. Яна бири Аллоҳнинг ягоналигига даъват қиладиган (зардўштийлик) фирқаси эди. Уларнинг айтишларича Аллоҳ нур билан зулматнинг холиқидир, яхшилик ва ёмонлик ана шу иккаласининг бирлашувидан келиб чиқиб пайдо бўлади, агар ана шу иккаласи бирлашмаганида эди олам мавжуд бўлмаган бўлур эди ва ҳоказо дуализм, зардўштийлик ва монийлик сингари қадимги форсларда мавжуд бўлган ақидалар, ғайритабиийликлар ва асарлар. Ёшлар орасида даҳрийлик ва ҳурфикрлиликка даъват қиладиган маздакийлик борасида изланиш олиб бораётганлар ҳам бор эди».

 Оврўподаги маҳаллий дин ва унинг арконлари:

 Бу йўлда қўйилган иккинчи қадам шу бўлдики Оврўподаги халқлар ва давлатлар, кичикларию катталари,  мустақил бир оламларга айланиб қолдилар. Улар оламни табиат чизиб қўйган тоғу тошлар ва дарёлардан, ёки ўз қўллари билан чизган сиёсий ғоя ва мустамлакачиликдан бошқа нарса эмас деб билар эдилар. Ўзлари яшаб турган минтақадан бошқа жойларда инсонлар мавжуд бўлишини эътироф этишмас, шунинг учун ҳам уларни ҳурмат қилмас ва танимас эдилар. Улар ўзларини ихлосманд бандалар адо этадиган ибодатнинг барча кўринишлари билан ибодат қилинадиган ва улуғланадиган бир илоҳ қилиб олдилар. Улар бошқаларнинг қонларини, жонларини, моллари ва диёрларини, унинг йўлида жанг қилишни, унга итоат этишда фидокор бўлишни, унинг учун ўлиб тирилишни ҳалол қилдилар. Ана шу маҳаллий дин икки нарсани ўзига қамраб олган эди: ийжобий ва салбий. Ийжобийси ҳақида гапирадиган бўлсак, бу халқ ёки миллатнинг барча нарсадан устун ва афзал деб, Аллоҳ­ –агар миллат Уни эътироф ва эътиқод қиладиган ёки ана шу калимани ишлатишда манфаат бор деб биладиган бўлса, - бу халқдан кўра афзалини, аслзодасини, ақллиси ва кучлисини,  бошқа миллатлар устидан ҳукмронлик ва хожалик қилишга, оламни назорат қилиб туришга ҳақлироғини яратган эмас деб, улар ер юзида Унинг амини, вакили ва васийси деб, У ушбу ўлкалардан кўра Ўзи учун энг суюклироқ бир ўлкаларни, унинг тупроғидан кўра покиза тупроқни яратган эмас деб эътиқод қилиш эди. Бу ўша маҳаллий дин бўлиб бирор бир инсон унга иймон келтирмагунига қадар бу диёрда яшамоғи мумкин эмас эди.

Оврўпонинг ҳозирги халқлари ва давлатлари ана шу маҳаллий дин борасида бир – биридан фарқ қилмайди. Ўртадаги фарқ уни ошкора қилиш ва нифоқда, баъзилари айтиб амалда бажариши ва баъзиларининг айтмасдан туриб амалда бажарганларидадир, холос. Зотан миллатчилик уруғи бир ерга ташланадиган бўлса, унинг ўша ерда униб – ўсиши ва охирида халққа соя солиб турадиган улкан дарахтга айланиши шубҳасиздир. Ҳеч бир халқнинг миллатчиликка ишониши кейин эса ҳаддидан ошмаслиги ва бошқаларга ҳужум қилмаслиги ёки шу ишни ирода қилмасликлари, бошқаларни ёмон кўрмасликлари ва хорламасликлари мумкин эмас. Бу худди бир одамнинг хамрни кўп ичиб маст бўлмаслиги ва алжирамаслиги мумкин эмаслигига ўхшайди.   Бир  шоир шундай деган эди:

Икки қўли боғланган

Бандани сувга отиб

Деди: «Ўзинг асрагин

Қолмагин сувга ботиб!».

 Хусусан илм, адабиёт, шеърият, фалсафа, тарих ҳатто  табиий фанлар ҳам миллатчилик туйғуларини, шовинизмни, ўз миллати билан кеккайишни, ота – боболар билан фахрланиш ҳамда ўтмишни улуғлашни пайдо қилишга кўмакчи бўладиган бўлса, ахлоқ ва дин сингари бу ишдан қайтаргувчи омил йўқ бўлса, раҳбарлик миллатчиликдан бошқасини билмайдиган бўлса, миллий ютуқлар кўзда тутилган ғоя бўлса (ҳаддан ошмаслик ва бошқаларга ҳужум қилмаслик ёки шу ишни ирода қилмаслик, бошқаларни ёмон кўрмаслик ва хорламаслик мумкин эмас). Миллатчиликка асосланган бундай ҳаёт бошқаларни ёмон кўриш ва қўрқишга асосланган бўлади. Маҳаллий диннинг салбий томони ана шудир. Чунки халқ ўзи ёмон кўрадиган ва қўрқадиган нарсани кўрмагунича унда миллатчилик пайдо бўлмайди ва боқий ҳам қолмайди. Ана ўшандай пайтда раҳбарлар унинг яшириниб ётган туйғуларини ҳаракатга келтирадилар, унинг ҳамиятини қўзғайдилар, ҳассос тор бўлмиш ёмон кўришлик ва қўрқувнинг торини чертадилар. Агар ана шу иккаласи бўлмаганида эди албатта миллатчиликнинг булути тарқалиб кетган ва унинг сели изига қайтган бўлар эди.

Профессор С.Э.М.Жоуд ана шу нарсани руҳий – фалсафий жиҳатдан таҳлил қилиб шундай деган:

«Муштарак ва осонлик билан ҳаракатга келтириш мумкин бўлган ҳис – туйғулар бу нафрат ва қўрқув туйғулари бўлиб, бу туйғу катта – катта оломонни ҳаракатга келтира олади. Раҳм – шафқат, саховат, меҳр – оқибат ундай эмас. Зотан қандайдир ғоя учун бирор халқнинг устидан ҳукмронлик қилмоқчи бўлганлар ўша халқ ёмон кўрадиган ва қўрқадиган нарсани излаб топиб пайдо қилмагунларича ўз мақсадларига эриша олмаганлар. Мен халқларни бирлаштиришни истасам улар учун бошқа бир сайёрада –масалан, ойда,- ана шу халқларни қўрқувга солиб турадиган қандайдир душманни ихтироъ қилишим керак бўлади. Ҳозирги даврдаги миллатчи ҳокимиятларга уларнинг ўз қўшниларига муомала қилишларида нафрат ва қўрқув туйғулари туфайлигина эргашилаётганидан ажабланмаса ҳам бўладиган бўлиб қолди. Зеро уларнинг раҳбарлари ўша туйғулар билан яшайдилар ва миллий иттифоқчилик ҳам ўша туйғулар сабабли куч – қудратга тўлади».

 Миллатлараро  низолар ва урушларнинг Исломдаги ечимлари:

 Ҳақиқатдан ҳам халқларнинг муаммолари, урушлар масаласи ҳамда элатлараро низоларни ҳал қилиш учун профессор С.Э.М.Жоуд илгари сураётган йўл адолатли ечим ва маъқул келадиган кўрсатмадир. Зеро миллатлар ва элатларнинг бир ­ бирларига нисбатан бўлган адоватларини йўқотиш учун ўзларидан бошқа бир душман бўлиши ва ўша душман бу миллатлар ва элатларнинг ҳаммаси учун адоватда бўлиши, ҳаммалари тарафидан ёмон кўрилиши ва қўрқилиши, ўша душманга қарши курашда буларнинг ҳаммалари ҳамкорлик қилишлари керак бўлади. Лекин бу нарса учун ихтиро ва яратишнинг кераги йўқдир. Ой ва Марс каби ўзга бир сайёраларда қандайдир душманни вужудга келтиришликнинг ҳам лозим жойи йўқ. Энди, узоқ бир макондан қўллари қандоқ етсин?! Шундай қилиб дийн инсон зоти ва Одамнинг зурриёди учун ана шу душман ернинг ўзида мавжуд эканидан огоҳлантиради. Энди ҳар қайси инсон уни ўзига душман тутиши, ундан сақланиши, ўз навидан бўлган авлодлар билан унга қарши курашишда, душман тутишда ҳамкорлик қилиши тўғрироқ бўлади. Қуръон шундай дейди:

«Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақиради», «Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир».

Ислом кишилик дунёсини фақатгина икки қисмга тақсим қилади: Аллоҳнинг дўстлари ва шайтоннинг дўстларига. Ҳақиқатнинг ансорлари ва ботилнинг ансорларига. Жиҳод ва урушлар ана шу ботилнинг ансорлари ва шайтоннинг дўстларига қарши ­улар қаерда бўлмасинлар ва ким бўлмасинлар ­ фарз қилган, холос. Зотан Қуръон: «Иймон келтирганлар Аллоҳнинг йўлида жанг қилурлар. Куфр  келтирганлар тоғутнинг  йўлида жанг қилурлар. Бас, шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилинг. Албатта, шайтоннинг ҳийласи заифдир»,дейди. Тарих улардан кўра баракалироқ, улардан кўра қон камроқ тўкилган ва жонлар камроқ ўлдирилган ушбу урушларнинг мислини кўрган эмас. Бу урушлардан кўра инсоният учун фойдаси умумийроқ, яхшилиги муштаракроқ ва ҳаммага саодат келтирадиганроқларининг гувоҳи бўлган эмас. Зеро ҳижрий иккинчи йилдан бошланиб ҳижрий тўққизинчи йилга қадар давом этган барча урушларда икки тараф (кофирлар ва мўминлар)дан ўлганларнинг сони 1018 нафардан ошмайди. Шулардан 259 таси мусулмон ва 759 таси кофирлар бўлган.(* Биз ушбу рақамларни келтиришда машҳур “Сийратун набавия” асарининг  муаллифи қозий Муҳаммад Сулаймон ал Мансурнинг ҳисоб ­ китобларига таяндик. Бу кишидан бошқа муаллифларнинг ҳисоб ­ китоблари эса бундан ҳам камроқ ададни ифодалайди). Энди 1914 ­ 1918 йиллардаги Жаҳон урушида жабрланганларнинг сони энг тўғри нақлга асосан 21 000 000га етади. Шулардан 7 00 000 нафари ҳалок бўлган. Жаноб Макстон ­ Англия парламентининг аъзоси ­ 1939 йилдаги иккинчи жаҳон урушида жабрланганларнинг сони 50 000 000 дан оз эмас дейди. Биринчи урушда қатнашган биргина одамнинг харажати учун ўн минг фунт керак бўлган. Барча нафақаларнинг миқдори эса 37 000 000 000 фунтга бориб етади. Иккинчи урушнинг бир соатлик харажатлари эса 1 000 000 фунтга тушган бўлган.  (*Жаноб E. H . Tawansend инглиз тилида нашр этиладиган кундалик газета “Ҳиндистон”да (1943 йил 31 январ сони) Жаҳон урушида жабрланганларнинг сони 37 513 886 нафардан кам бўлмаган. Уларнинг 8 543 515 нафари ҳалок бўлган, деб ёзади).

 Бундан ташқари Исломдаги диний урушлар қон тўкилишининг олдини олар, молу жонларга талофат етишини истамас, ўзидан кейин оламга бахту саодат ва хурсандчилик даврини бошлаб берар эди. Аммо биринчи жаҳон уруши деб ном олган аҳмоқона уруш эса урушлар силсиласининг дебочаси бўлган. Ўша пайтда Англиянинг бош вазири ва биринчи жаҳон урушининг қаҳрамони бўлган жаноб Льюд Жоржнинг сўзларини сизга ҳавола қиламиз:

«Агар саййидимиз Масиҳ оламга қайтиб келганида эди бор йўғи озгина яшаган бўлар эди. Чунки у икки минг йилдан кейин ҳам ҳали ҳануз ёмонлик ва вайронкорликка, жангу жадалга, талон ­ тарож ва босқинчиликка берилган инсонни кўради.  Ҳатто тарихдаги энг катта уруш ҳам инсониятнинг жонини сўриб олди, экин ­ тикин ва наслни ҳалокатга элтди ва одамлар очарчиликка мубтало бўлдилар. Қизиқ, жаноби Масиҳ нимани кўрар экан а?  Худди ака ­ укалар ва оғайнилар сингари бир ­ бирлари билан салом­ алик қилаётган одамларни кўрармикин? Йўқ. аксинча у аввалгилардан кўра урушга қаттиқроқ ҳозирлик кўраётган, аввалгилардан кўра босқинчироқ ва азоб бергувчироқ бўлган инсонларни кўради. Уларни дўзахи асбобларни ихтиро қилаётганларини, янгидан янги азоб бериш воситаларини яратаётганларини кўради».

Ушбу халқларнинг ўзаро уруш ва адоватлар билан машғул бўлишлари, ана шу миллатчилик ва ватансеварликнинг барчаси ана шу халқларни ўзларининг ҳақиқий душманларига қарши курашишдан тўсиб қўйсин ва ёдидан кўтарилсин учундир. Зотан олов ёқадиган нарсани топа олмаса ўз ўзини еб битиради. Бу ҳақда жоҳилият шоирларидан бири шундай деган эди:

Уриш учун одам топа олмасак,

Ўз оғамиз Бакрга ҳамла қилдик.

Шундай экан агар у халқ ўз душманини таниб олса, унинг ўзига берадиган зарарини билиб оладиган бўлса, унинг хатари ва куч ­ қудратини яхши билса бу нарса уни ҳар қандай уруш ва адоватдан, қизғанчиқлик ва низодан, нафрат ва ҳамиятдан ҳамда сохта меросдан тўсиб турган бўлар эди. Қадимда арабларнинг бир гапи бўлар эди: «Адоват вақтида гина кудуратлар унут бўлади». Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадаги Авс ва Хазраж, Жазирадаги Бани Аднон ва Баниқ Қаҳтон ҳамда оламдаги бир бирларидан олисда бўлган миллатлар сингари қиличларидан қон томиб турган бир бирлари билан адоватда бўлган араб қабилалари билан худди шундай йўлни тутиб, уларни куфр ва жаҳолатнинг қаршисида битта уммат ва битта лашкар қилиб қўйдилар. Чунки у зот уларга ўзларидан бўлмаган улар ёмон кўрадиган ва душман тутадиганларни кўрсатиб бердилар. У ҳам бўлса ноҳақлик ва тоғут, унинг тарафдорларию вакиллари эдилар. Уларни ўшаларга қарши   уриш қилдириш орқали ўзаро урушларидан тўсиб қўйдилар. У зот: «Иймон келтирганлар Аллоҳнинг йўлида жанг қилурлар. Куфр  келтирганлар тоғутнинг  йўлида жанг қилурлар. Бас, шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилинг. Албатта, шайтоннинг ҳийласи заифдир», деб ўқиб бердилар. Ана шунда улар гина ­ кудуратни унутдилар. Ўз душманларини эсдан чиқариб унга қарши курашиш ва уни душман тутишни унутганларидан сўнгина ўша кудуратлари ёдларига тушди. Натижада ҳаммага маълум ички урушлар ва фитналар содир бўлди.

 Миллатчиларнинг ташвиқотлари, уларнинг кичик халқларга берган зарарлари:

Миллатчилар мамлакатнинг ичи ва ташқарисидан туриб кичик халқларга миллатчиликни безаб кўрсатдилар. Унинг адабиёти, тили, маданияти ва таълим ­ тарбиясини мақтадилар. Миллатчилик, такаббурлик ва кеккайишлик туйғуларини ҳаракатга келтиришлик учун уларнинг тарихларини улуғладилар. Халқ эса ўзига маҳлиё бўлиб қолиб, қўрғонлари ўзларини ҳимоя қилади деган хаёлга бордилар ва урушга ҳозирлик кўрмадилар. Оламдан узилиб қолдилар. Баъзан ўзларига мағрур бўлганидан катта давлатларнинг жиғига тегдилар. Ёхуд унга давлатлар хужум қилганидан сўнг бир ёки икки соат ичида барбод бўлиб кетдилар ва ўз миллатчиликларининг ҳамда тор доиранинг ичида чегараланиб қолганликларининг қурбонига айландилар. Ана ўша масъулларнинг уларга бир тийинлик фойдаси тегмади: «Бу худди Шайтон инсонга, кофир бўл, деган пайтга ўхшайдир. У (инсон) куфр келтирганда эса, сен билан менинг ишим йўқ, деди». Иккинчи жаҳон уруши даврида Эрон ва Ироқ, Польша, Бельгия, Голландия, Греция ва Даниялар  шундай аҳволга тушиб қолган эди.

Катта давлатларнинг мақсадлари:

Катта давлат бўлганидан сўнг ер юзининг каттароқ қисмига эгалик қилишни,  гарчи саҳролару тоғликларда бўлса ҳам ўз байроғининг катта майдонларда ҳилпираб туришини, бошқа турли ўлкаларда ўзига қарам ва мустамлака мамлакатлар бўлишини ўзининг миллий вазифаси деб билади. Бу нарсада арзимас фойданинг ўрнига қўшинлар ва молу давлатлар сарф этиладиган, уни қўриқлашлик ва ишларини назорат қилиб туришлик ўзига қийин бўлса ҳам майли. Бу ишларнинг барчаси уларга ўзларининг маҳаллий шариатлари фарз қилган ишлар жумласидандир. Бунда улар учун ўзлари айтганларидек «миллий шараф ва миллий буюклик»дан бошқа ҳеч бир ахлоқий ғоя ва адабий самара мавжуд эмас.

Профессор С.Э.М.Жоуд миллий зафарни қуйидагича шарҳ қилган:

«Миллий буюклик дегани бу ўша халқнинг ўз рағбати ва ҳой ­ ҳавасини эҳтиёж туғилган вақтда бошқаларга ҳам ўтказиш учун керак бўладиган қудратга эга бўлишидир. Миллий буюклик бўлмиш “баркамол халқ” деб атаётганларининг қабиҳ гап эканига унинг ахлоқий сифатларга зид келиши кифоя қилади. Мамлакатнинг фақат рост сўзлаши, ваъдаларига вафо қилиши, бечораҳолларга инсонга ўхшаб муомала қилиши фазийлатдир. Шунинг учун ҳам унинг буюклик даражаси бошқа халқлар наздида паст бўлади. Зотан шараф ­жаноб Балдун айтганидек: ­ халққа буюклик ва ифтихорни олиб келадиган, одамларнинг нигоҳларини ўзига қаратадиган ва уларнинг онгини машғул қиладиган қудратга эга бўлишдан иборатдир. Маълумки бундай қудрат сабабли шу даражада шарафга эришадиган халқнинг шарафи тўпотар қуроллар ва бомбаларга, ана ўша бомбаларни шаҳарлар устидан ёғдиришни хуш кўрадиган ёшларнинг юртга садоқат ва муҳаббат қилишларига боғлиқ бўлади.  Шунинг учун бир халқнинг мақталишига сабаб бўладиган шараф бир шахснинг мақталишига сабаб бўладиган сифатлар ва ахлоқларга тўғри келмайди. Бас, менинг фикримча бу халқ ёввойи деб, шарафнинг ўзи эришган миқдорига лойиқ эмас деб ҳисобланиши керак. Чунки инсон ёки халқнинг ёлғон ­ яшиқ, макру ҳийла ва зулм йўли билан эришган шарафи шараф эмасдир».

«­Тамаъдан кўра кўпроқ ­ кибр Британиядаги ҳукумрон табақани ўзлари ифодалаб турадиган сулҳпарварлик ва дўстликларига тўғри келмайдиган режалар ортидан юришларига ундайди. Британияда бир одам раҳбарларга ўша мамлакатнинг қўл остида бўлган қуёши ботмайдиган даражада иссиғи жазирама, ҳеч нарса эсмайдиган тақир қум тепаликнинг бир қаричидан воз кечиш таклифини билдирадиган бўлса Англиядаги консерватив қаҳрамонларнинг қаҳру ғазабдан дунёни бошларига кўтарганларининг гувоҳи бўласиз. Британиянинг мўътадил матбуоти ҳам ғазабдан портлаб кетганини кўрасиз. Демак ана ўша консерваторлар нафақат тамаъгир балки ўжар ва такаббур ҳамдирлар».

давоми бор...

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Машаққат меҳнатдан мумдек эригай,Ношуд кетмон тутса илдиз чиригай,Оқибат ўртанса, қадр қаригай,Агар юргинг келса бахтнинг изидан,Офтоб аритмагин кўнгил давоми...

519 14:46 / 07 январь
ЎРИНБОСАР БЎЛКулгингдан айланай, дилбандим маним,Азиз жигарбандим, фарзандим маним,Унутма шул эрур дил пандим манимМардликда Темурга ўринбосар бўлБолам, давоми...

4452 05:00 / 07.03.2017
АЖАБ САОДАТ...Уларнинг жисмлари ҳибсда. Руҳлари эса озодликда. Ҳозир ўқлар узилади. Бедор юраклар уришдан тўхтайди. Жисм ҳаёт чоғида агар юрак фақат қон ҳайдаш давоми...

3481 05:00 / 07.03.2017
...Шеър фақат фисқу фужур, қандайдир казоказоларнинг мақтови, базму жамшидларнинг васфи, қандайдир маъшуқанинг мадҳи, оҳвоҳ ва дийдиёлар эмас. Балки шеър эзгулик, давоми...

5731 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

118723 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40691 14:35 / 11.08.2021