1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Мусулмонларнинг таназзули сабаб дунё нималарни йўқотди? (2)

05:00 / 11.03.2017 4984 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Учинчи бўлим
Исломий жамият
Гуллар дастаси


    Аллоҳга, Расулга, охирги кунга бўлган ана шу иймон, Аллоҳга ва Унинг динига таслим бўлишлик ҳаётнинг эгри томонларини тўғирлади. Кишилик жамиятидаги ҳар бир шахсни ўз мавқеига қайтарди. Камситилмайди, тажовуз қилинмайди. Кишилик жамияти тикансиз гуллар дастасига айланди. Одамлар битта оилага айландилар: оталари Одам, Одам эса тупроқдан яралган. Арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан устинлиги фақат унинг тақвосига боғлиқ бўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаммангиз Одамнинг фарзандларисиз. Одам тупроқдан яратилган. Ўз ота-боболари ила мағрурланадиган қавмлар ўзларини тийсинлар ёхуд Аллоҳнинг наздида қора қўнғиздан кўра ҳақирроқ бўлиб қоладилар”, дейдилар. (Ибн Касир тафсири: “Хужурот” сураси) Одамлар У зотнинг: “Эй одамлар, дарҳақиқат, Аллоҳ сизлардан жоҳилиятдаги фахрланишни,  ота-боболари билан кеккайишликни кетказди. Шундай экан, одамлар икки кишидирлар: солиҳ, тақводор ва Аллоҳ таолонинг наздида улуғ киши; фожир, бадбахт ва Аллоҳ таолонинг наздида ҳақир киши;”, деётганларини эшитдилар. (Ибн Абу Ҳотам ривояти) Яна: “Албатта сизларнинг насабларингиз бошқа бир кимсани камситишга сабаб эмас. Ҳаммангиз Одамнинг болаларисиз, бир бирларингизнинг яқинларингизсиз. Бир кимсанинг бошқа бир кимса устидан афзаллиги фақатгина дин ва тақво билан,холос”, дедилар. (Имом Аҳмад ривояти) Абу Зарр розияллоҳу анҳудан: Пайғамбар соллаллоҳу алйҳи васаллам унга: “Тааммул эт. Албатта сен бадани оқ ёки қора одамдан яхшироқ эмасдирсан. Магарам Аллоҳдан тақво қилиш ила ундан афзал бўлишинг мумкин”, дедилар. Кечанинг охирги қисмида Роббиларига муножот қилиб Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ва мен шоҳидманки, бандаларнинг ҳаммалари биродардирлар”, деётганларини одамлар эшитганлар. (Абу Довуд ривояти)

    Тарафкашликка  даъват қилганлар биздан эмас:
    У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилиятни таг томири билан суғуриб ташладилар ва унинг барча сабабларини бекорга чиқардилар. Зеро у зот: “Тарафкашликка даъват қиладиган шахслар биздан эмас. Тарафкашлик қилиб урушадиганлар биздан эмас. Тарафкашлик қилиб ўладиганлар биздан эмас”, деганлар. (Абу Довуд ривояти). Жобир ибн Абдуллоҳ дедилар: “Бизлар бир ғазотда эканимизда муҳожирлардан бири ансорлардан бирининг орқасига қўли билан урди. Шунда ансорий: “Ҳой ансорлар!”, деди. Муҳожир эса: “Ҳой муҳожирлар!”, деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоҳилият даъватини тарк этинглар. Чунки у бадбўйдир”, дедилар ва жоҳилиятнинг ҳамиятини тақиқлаб, арабларнинг жоҳилияти даврида бемалол бўлган, жоҳилиятнинг мустаҳкам қонунларидан бири бўлган ана шу тарафкашликни чеклаб қўйдилар.  “Биродаринг золим бўлса ҳам мазлум бўлса ҳам ёрдам бергин!”. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимдаким ўз қавмига ноҳақ ёрдам берса, бас, у қудуққа тушиб кетган хачир сингаридирки, уни думидан ушлаб тортиб олинади”. (Абу Довуд ибн Масъуддан ривоят қилган).  Ана шу билан арабнинг руҳияти ва ақлияти ўзгарди. Ҳатто мусулмон бўлган арабнинг табъи ўша ҳамиятни ўзига қабул қилмайдиган  бўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гал: “Золим бўлсин ёки мазлум, биродаринга ёрдам бер!”, деганларида ўзини тута олмасдан: “Эй Аллоҳнинг Расули, мазлум бўлганида ёрдам берадиган бўлсам, золим бўлганида қандай қилиб ёрдам бераман?”, деганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен уни зулм қилишдан қайтарсанг, ана шу сенинг унга ёрдам берганинг бўлади”, дедилар. (Муттафақун алайҳ).

Ҳаммангиз раҳбарсиз ва ҳаммангиз ўз раъийяти ҳақида масъулдир:
Ислом жамиятида табақалар ва жинслар бир бирларига зулм қилмайдиган ҳолда бир бирларига мадад ва ҳамкор бўладиганга айландилар. Зеро, Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар-итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Ва яхшилик ила уларнинг бурчлари муқобилида ҳақлари ҳам бордир. Жамиятдаги ҳар бир шахс раҳбар ва ўз раъиятидан масъулга айланди: имом раҳбар ва у ўз раъиятидан масъул. Эр ўз оиласининг раҳбари ва у ўз раъиятидан масъул. Хотин эрининг уйида раҳбар ва у ўз раъиятидан масъул. Хизматкор хожасининг молига раҳбар ва у ўз раъиятидан масъулдир. Шундай қилиб ислом жамияти ўз ишларида масъулиятни ҳис қиладиган оқил ва адолатли жамият бўлган.

Холиққа маъсият бўладиган ишда махлуққа итоат қилинмайди:
Мусулмонлар ҳақиқатнинг ансорларига айланишди. Уларнинг барча ишлари шўро- маслаҳат асосида бўлади. Модомики уларнинг ишларида Аллоҳга итоатда бўлар экан халифага итоат этадилар. Бордию Аллоҳга осийлик қилса, унга итоат қилиш уларнинг вазифаларига кирмайди. Бу ҳукуматнинг “Холиққа маъсият бўладиган ишда махлуққа итоат қилинмайди!”, деган шиори бор. Подшоҳлар ва амирларнинг хўраги ҳамда бойларнинг давлати бўлган моллар ва хазиналар Аллоҳга тегишли молларга айланиб қолиб фақат Унинг йўлида ишлатиладиган ва фақат Унинг учун чиқариладиган, мусулмонлар эса у молларда Аллоҳнинг амрини бажариб турадиганга айландилар. Халифа худди етимнинг валийсига ўхшайди. Агар ўзи бой бўлса етимнинг молига тегинмайди. Агар фақир бўлса унинг молидан яхшилик билан ейди. Шоҳлар ва амирлар одамлардан тортиб олган заминларни ўзлари истаганларга каттароқ, истаганларига майдароқ қилиб бўлиб бердиган бўлдилар. Битта кийимни парчалаб бўлиб олингани каби заминни бир бирлари билан бўлишиб олинадиган бўлди. Ва бир қарич ерни зулм билан ўзлаштириб олинса етти қават замин унинг бўйнига тавқи қилиб осиладиган бўлди.

Расул жамиятнинг руҳи ва жонига айланиб қолдилар:
Кишилик жамияти ўзининг фаоллигини ва ҳаётда, келиб кетадиган барча нарсада бағрикенглигини йўқотиб бўлган эди. Шунинг учун у бўғилиб қолган гаровдаги бир жамият бўлган. Уруш қиламан деса ғайрат шижоати йўқ. Уруш қилмайман деса ҳали урушдан тўйгани эмас. Бу жамиятдаги эркаклар жонларини қурбон қилишга, раҳбарларнинг манфаатларини ўзлариникидан устун қўйишга, истамасалар ҳам машаққат чекиш ва оғир амалларни бажаришга мажбур қилинар эдилар. Улар раҳбарларни яхши кўришмас, раҳбарлар ҳам уларни хушламас эдилар. Шунинг учун раиъият ўзлари хуш кўрмаган кимсларга итоат этишга, ўзлари ёмон кўрадиган кимсалар учун молу жонларини қурбон қилишга мажбур эдилар. Шу сабабли дилларнинг чўғи ўчган, туйғулар музлаб қолган, одамлар нифоқ, риё ва фирибгарликда воя топган, диллар эса хорлик, адолатсизлик ва ҳақирлик билан улғайган эди.
Тарихнинг кўплаб саҳифаларида мангу муҳрланиб қолган ва инсониятнинг кўплаб мўжизаларини кўрсатишда хизмати кучли бўлган, одамлар муҳаббат деб номлайдиган ўша қудратли туйғу зое кетиб йўқолиб бўлганди. Бир қанча замонлардан буён бирор кимсанинг қалбидан ўрин олмаган ва самара бермаганидан аввалги ва ҳозирги шоирлар куйга солган гўзалликнинг порлоқ ранглари ва ўткинчи мафтункор кўринишларида ғойиб бўлган эди.
Ана шу мазлум ва ҳайратда қолган жамиятда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб унинг тугунларини ечиб юбордилар ва қўл-оёғларини бўшатдилар. Кейин эса унинг руҳи ва жонига айланиб жамиятнинг қалбию кўзи ўрнига ўтиб олдилар. У киши бир башоратчи бўлиб, Аллоҳ энг буюк ва комил сифатларни, гўзаллик ва яхшиликнинг энг кучли сабабларини у кишида мужассам қилгандир. У зотни илк бор кўрган кишини ҳайбат босади ва ким у кишини таниб олса севиб қолади. У зотни сифатлаб бир киши шундай ёзади: “Мен ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам унга ўхшаган кишини кўрмадим!”.  Шунинг учун у зотни ҳақиқий севги ила севиб қолинади. Магнит темирни ўзига тортгани каби диллар ва қалбларни ўзига тортади. Худдики қалблар ва руҳлар билан ваъдалашиб олгандек. Умматларининг эркаклари у зотни севиб қолдилар ва ошиқларнинг тарихида кузатилмайдиган муҳаббат ва итоаткорлик ила у зотга итоат этдилар. Ўзларидан олдин ҳам кейин ҳам ҳеч кимда учрамайдиган даражада жон, аҳли оила, молу давлат ҳамда фарзандлардан кўра у зотни устун қўйиладиган бўлди.

Муҳаббат ва фидокорликнинг нодир намуналари:
Абу Бакр ибн Абу Қаҳофа бир куни Маккада ушлаб олиниб жуда ҳам қаттиқ калтакланди. Утба ибн Рабийъа у кишига яқин келиб иккита таъмирланган кавуши билан тепа бошлади. Абу Бакрнинг юзларига уриб қоринларига тепди. Ҳатто юзлари биров танимайдиган ҳолатга келиб қолди. Бану Тайм Абу Бакрнинг ўлишларига шак қилмаган ҳолда бир кийимга солиб уйларигача кўтариб бордилар. Ниҳоят куннинг охирида тилга кирган Абу Бакр: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?”, деб сўради. Шунда улар тиллари билан ҳақорат қилиб дашном бердилар ва оналари Уммул Хойрга қараб: “Унга бирор емак ҳам сув ҳам бермагин”, дедилар. Оналари билан ёлғиз қолганларида яна: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?”, деб сўради. Шунда оналари: “Худо ҳаққи, соҳибинга нима бўлганидан хабарим йўқ”, деди. “Хаттобнинг қизи Умму Жамилнинг олдига бориб у зот ҳақларида ундан сўраб келинг”, дедилар Абу Бакр. У киши уйдан чиқиб Умму Жамилнинг ҳузурига келди ва:
-  Абу Бакр сендан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ тўғрисида сўраяпти, деди. У:
- Мен Абу Бакрни ҳам Муҳаммад ибн Абдуллоҳни ҳам танимайман. Агар сиз билан қўшилиб ўғлингизнинг олдига боришмни истасангиз борайгин.
- Хўп.
Шундай қилиб Абу Бакрнинг оналари билан қўшилиб келган Умму Жамил у кишини йиқилиб ҳолдан тойган ҳолда кўрди ва овозини кўтариб бақирди:
- Аллоҳга қасамки, албатта бу одамлар фисқ ва куфр аҳли бўлганлари учун сизга бу азобни берганлар. Сиз учун Аллоҳ интиқом олишидан умид қиламан.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?
- Онангиз эшитиб турибдилар!
- Онамдан қўрқма.
- У зот соғу саломатлар.
- Ҳозир қаердалар?
- Арқамнинг ўғлининг уйида.
- Токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб у зотни кўрмагунимча туз ҳам тотмайман сув ҳам ичмайман...
Шундай қилиб Умму Жамил ва Абу Бакрнинг оналари Абу Бакр тинчлангунларига қадар кутиб турдилар. Одамлар орасига жимлик тушгач Абу Бакрни суяб олиб бордилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб кирдилар. (Ал- Бидоя ван- Ниҳоя/ 3- ж.)
Уҳуд куни Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жангда иштирок этиб отаси, акаси ва эри шаҳид кетган бир хотин чиқиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?”, деди. Одамлар унга: “Худога шукр. У зот сен истаганингдек яхшилар!”, дедилар. “Менга у зотни кўрсатинглар, бир кўрайгин”, деди хотин . У зотни кўргач эса: “Сиз саломат бўлганингиздан кейин ҳар қандай мусибат мен учун ҳеч нарса эмасдир”, деди.
Хубайб розияллоҳу анҳуни дорга осиш учун йўғочга кўтардилар ва ундан: “Айтгинчи, ҳозир сенинг ўрнингда Муҳаммад бўлишини истармидинг?”, дедилар. У эса: “Буюк Аллоҳга қасамки, йўқ! Менинг ўрнимда у кишининг оёқларига бир дона тикан киришини ҳам истамасман”. Шунда кофирлар унинг гапидан кулиб қўйдилар.
Зайд ибн Собит шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд жанги кунида Саъд ибн Робийъни излаш учун юбордилар ва менга: “Агар уни кўрсанг, менинг номимдан салом деб қўй ва унга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга: “Ўзингни қандай ҳис қилаяпсан?”, дедилар”, дегин”, деб буюрдилар. Мен ўлганларнинг орасини айлана бошладим ва унинг олдига келдим. У сўнги нафасини олаётган эди. Унга қилич ва найзаларнинг етмишга яқин зарбаси теккан эди. Мен унга: “Эй,Саъд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга салом дедилар ва ўзингни қандай ҳис қилаётганинг ҳақида хабар беришингни сўрадилар”.  Саъд шундай жавоб берди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам салом! У зотга: “Эй, Аллоҳнинг Расули, мен жаннатнинг ҳидини сезаяпман”, деди дегин. Менинг ансор қавмимга эса: “Кўзларингиз кўриб тургани ҳолда агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор нима бўладиган бўлса Аллоҳнинг наздида сизлар учун ҳеч қандай баҳона бўлмас”, деб айтгин”, деди ва шу заҳоти жони узилди”.
Абу Дужона Уҳуд кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни орқаси билан ҳимоя қилиб турди. Ўқлар унинг танасига тегар у эса ўрнидан жилмас эди. Молик ал-Худрий  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жароҳатларини сўриб-сўриб тозалади. У зот: “Тупуриб ташла уни”, дедилар. У эса: “Аллоҳ ҳақи, асло уни тупуриб ташламасман”, деб жавоб берди.
Абу Суфён Мадинага келганида қизи Умму Ҳабибанинг олдига кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирадиган тўшакка ўтириш учун борар экан қизи уни йиғиштириб олди. Шунда Абу Суфён қизига: “Эй, қизчам, сен мени бу тўшакдан қизғандингми ёки уни мендан қизғандингми, мен билолмай қолдим”, деди. Қизи бўлса: “Йўқ. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўшаклари. Сиз эса нажас бир мушрик кишисиз”, деди. (Сийрату ибну Ҳишом).
Абдуллоҳ ибн Масъуд Сақафий Ҳудайбиядан қайтгач ўз яқинларига шундай деди: “Эй, қавмим! Худога қасамки, мен кўп шоҳларнинг қабулида бўлдим. Кисронинг, Қайсар ва Нажошийнинг ҳузурида бўлдим. Аллоҳга қасамки, Муҳаммаднинг асҳоблари Муҳаммадни улуғлаганидек бирор бир подшоҳни ўзининг одамлари улуғлаганини кўрганим эмас. Аллоҳга қасамки, унинг тупурадиган тупуги албатта асҳобларидан бирининг кафига тушади. У эса ўша тупугни олиб юзларига ва бутун баданига суртади. У бирор бир ишни амр қилса барчалари шошиладилар. Таҳорат оладиган бўлса, ундан қолган таҳорат суви учун ёқалашадилар. У гапирганида унинг ҳузурида овозларини кўтармайдилар. Унинг ҳурмати учун унга тикилиб қарамайдилар”. (Зодул- Маъод).

Ғароиб итоат ва таслим:
Итоат ва таслим ҳар доим ҳам муҳаббатнинг итоаткор қўшинларидан бири ҳисобланган. Қавм У зотни бутун борлиқлари билан севганлари учун ҳам бутун куч- қувватлари билан у зотга итоат этдилар. Бу нарса Саъд ибн Муоз Бадрдан олдин ўзи ва ансорлар ҳақида гапирган ушбу гапларда яхши намоён бўлади:
“Мен ансорлар номидан гапираман ва улар номидан жавоб бераман. Бас, қаерга истасангиз ўша ерга боринг. Истаган одамингиз билан борди келди қилинг. Молларимиздан истаганингизчасини олинг. Бизга қанча истасангиз шунча беринг. Биздан нимани оладиган бўлсангиз бизга қолдирганингиздан кўра яхшироқ бўлади. У ҳақда нимани буюрсангиз бизнинг ишимиз сизнинг амрингизга тобедир. Шундай экан, Аллоҳга қасамки, Ғамдоннинг Буркисига қадар юрадиган бўлсангиз албатта сиз билан бирга борамиз. Аллоҳга қасамки, бизларни ана шу дарёга бошласангиз ҳам сизга эргашиб сувга шўнғиймиз”.
Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда ҳам қаттиқ итоат этар эдилар. Бир марта мадиналикларга Табук жангида иштирок этмаган уч нафар шахс билан гаплашмоқни тақиқлаб қўйдилар. Бирор бир шахс йўқки у зотга итоат этмаган бўлса. Ўша уч киши учун Мадина ўликлар шаҳрига ўхшаб қолди. На чорлагувчи бор ва на жавоб қайтаргувчи. Каъб шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жангда иштирок этмаганлар орасидан биз уч нафар шахс билан гаплашишни тақиқлаб қўйдилар. Бас, биз одамлардан ажралиб қолдик ёки “бизга бошқача бўлиб қолдилар”, деган, ҳатто ер ҳам мен учун бегонадек бўлиб қолди. Гўёки ер ҳам мен танимайдиган ердек эди”. Сўнг шундай давом этади: “ Қачонки мусулмонларнинг менга совуқликлари узоққа чўзилгач мен учун энг суюкли одам бўлган амакиваччам Абу Қатоданинг ҳовлисига девордан ошиб ўтдим. Унга салом берган эдим худо ҳаққи, саломимга алик олмади. Шунда мен унга: “Эй, Абу Қатода, Аллоҳ ҳақи менга айтчи, мен Аллоҳ ва Унинг Расулини севишимни биласанми?”, дедим. У эса жим турди. Мен яна ўша гапни қайтардим. У яна жим тураверди. Яна бир марта ёлиниб гапирган эдим: “Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир!”, деди. Шунда йиғлаб юбордим ва ортимга қайтиб девордан ошиб ўтиб кетдим”.
 Шундоқ ҳам азоб чекиб одамлардан узоқлашиб қолган Каъб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шунчалик итоат этар эдики, у зотнинг одамлари унинг олдига келиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга хотинингдан узоқ туришингни амр этмоқдалар”, деганида у: “Талоқ қилайми ё бошқа ишними?”, деди. “Йўқ! Ундан узоқ бўлгин ва асло у билан яқинлик қилмагин”, деди у одам. Шунда Каъб ўз хотинига: “Бор қариндошларингникида бўлгин. Токи Аллоҳ ушбу ишимиз юзасидан бирор бир ҳукм бермас экан ўша ёғда бўлгин”, деди.
Каъб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жуда ҳам яхши кўрар ва у зотни дунёдаги ҳамма одамдан кўра афзалроқ билар эди. Итоб ва совуқ муносабат ҳолатида қийналиб юрар экан Ғассоннинг шоҳи унга дўстлик изҳор қилиб ўзининг ҳузурига чорлаганида  бу таклифни рад этди ва: “Мен Мадинанинг бозорида юрар эканман Мадинада сотиш учун озиқ овқат олиб келиб юрадиган бир Шом набатий шундай деди: “Менга Каъб ибн Моликни кўрсатиб юборадиган бирор кимса борми?”.  Шунда одамлар дарҳол мени кўрсатдилар. У менинг олдимга келиб Ғассон шоҳининг мактубини топширди. Мен ўзим хат саводли одам бўлганим учун уни олиб ўқиб чиқдим. Унда шундай ёзилган эди: “Аммо баъд. Бизга дарак етдики, сенинг соҳибинг сенга жафо қилибди. Аллоҳ сени хорлик учун яратганмас. Бас бизнинг юртимизга кел сенга меҳрибонлик кўрсатамиз”. Мен мактубни ўқир эканман шундай дедим: “Бу ҳам бир имтиҳон!”. Кейин эса мактубни ёқиб юбордим”.
       Итоат ва ҳозиржавобликнинг ғароиб кўриниши ароқ ичишлик тақиқланганлиги ҳақидаги оят нозил бўлганида намоён бўлди. Зеро, Абу Бурайда ўз отасидан ривоят қилишича у шундай деган экан: “Биз шаробхўрлик қилиб ўтирган эдик. Олдимизда  шишадан ясалган идишимизда ароқ турарди. Биз ароқни ҳалол санаб ичаётгандик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб у зотга салом бермоқчи бўлсам ароқнинг харомлиги ҳақидаги оят-“Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!” нозил бўлган экан. Бас мен шерикларимнинг олдига келиб ўша оятни “Энди тўхтарсизлар?!” гача ўқидим. Баъзиларнинг қўлида ярмини ичиб ярими қолган ичимлиги турган эди. Оғзиларида турган қадаҳларни тортиб олдилар кейин эса хамр сақланадиган идишларда бор бўлганларини тўкиб юбордилар ва: “Қайтдик, Парвардигор! Қайтдик, Парвардигор!”, дедилар.
Расулга итоат этиш, у зотни жондан, аҳл ва қариндошлардан афзал кўришнинг яна бир ажоиб  намунаси Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Убайнинг ривоятида намоён бўлади. Ибну Жарир исноди билан ибну Зайддан ривоят қилади. У шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Убайни чақириб унга: “Кўрмайсанми, отанг нима деяпти?”, дедилар. Ота онам сизнинг фидоингиз бўлсин. Нима демоқда?”, деди у. У зот: “Агар Мадинага қайтиб борсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур, демоқда”, дедилар. Шунда Абдуллоҳ: “Худо ҳаққи, ё расулаллоҳ, тўғри айтибди. Худо ҳаққи Сиз азизсиз. У эса хордир. Ё расулаллоҳ, Мадинага келганингизда Ясриб аҳли билар эдиларки, у ерда мендан кўра ота онасига меҳрибонроқ одам йўқ. Агар Аллоҳ ва Унинг Расули бориб отамнинг бошини олиб келишимга рози бўлса албатта уни олиб келган бўлар эдим”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ!”, дедилар. Улар Мадинага келганларида Абдуллоҳ ибну Абдиллоҳ ибн Убай Мадинанинг дарвозаси ёнида қилич билан отасининг келишини кутиб ўтирди. “Агар Мадинага қайтиб борсак, азиз у ердан хорни чиқарур, деб сиз айтдингизми? Аллоҳга қасамки, азизлик сизникими ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламникими, албатта биласиз. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва Унинг расулидан ижозат бўлмагунича Мадинага кирмассиз.”, деди. Шунда отаси: “Эй, Хазраж қавми! Ўғлим мени уйимга киритмаяпти! Эй, Хазраж қавми! Ўғлим мени уйимга киритмаяпти!”, деди. Абдуллоҳ эса “Аллоҳ ҳаққи, У зотнинг изнисиз у ерга ҳаргиз кирмайди!”, деди. Одамлар у зотнинг олдиларига келиб бўлган воқеани айтиб бердилар. Шунда у зот: “Унга бориб айтингларки, уни ўз уйига киритсин”. Бас, улар келиб айтганларидан сўнг у: “Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амри бор экан, майли, кирақолсин”, деди.

Алоуддин Ҳофий таржимаси


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Шеър фақат фисқу фужур, қандайдир казоказоларнинг мақтови, базму жамшидларнинг васфи, қандайдир маъшуқанинг мадҳи, оҳвоҳ ва дийдиёлар эмас. Балки шеър эзгулик, давоми...

5737 05:00 / 07.03.2017
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ ҳақидаШайх Абдулфаттоҳ ибн Муҳаммад ибн Башир ибн Ҳасан Абу Ғудда Суриянинг шимолидаги Ҳалаб шаҳрида, 1335 ҳижрий сана 17 ражаб, 1917 мелодий давоми...

4773 05:00 / 11.03.2017
МУҚАДДИМАМусулмон ўғилқизларимМен барча тенгқурларингиз каби сизнинг ҳам қиссаю ҳикояларга, уларни эшитиш ва ўқишга жудажуда қизиқишингизни кўриб турибман. давоми...

16767 05:00 / 11.03.2017
Мураттаб қорилар Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ҳамда Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажидлар тартиб берган Навоийдан чу топқайлар навоеrdquo HilolNashrrdquo нашриёти, Тошкент, 2014 ва давоми...

3437 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

118740 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40701 14:35 / 11.08.2021