1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Мўминнинг вафоти аломатлари ва умматнинг умри

17:51 / 13.07.2017 7617 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

947. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин пешона тери билан ўлади», дедилар».

Термизий, Насаий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Яъни, ўлим шиддатидан ва Роббидан ўзига берилган башоратлардан хижолат бўлганидан мўминнинг пешонаси терлаб кетар экан.

948. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўминнинг жони (тер) томчиси билан чиқади. Эшакнинг ўлимига ўхшаш ўлимни ёқтирмайман», дедилар.

«Эшакнинг ўлими нима?» дейилди.

«Тўсатдан ўлиш», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Тўсатдан ўлиш ғазабла олишдир», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан мўмин кишининг ўлими олдидан уни ҳис қилиб, жисмида баъзи бир тер чиқишига ўхшаш аломатлар пайдо бўлиб, сўнгра жон таслим қилиши яхшилик аломати эканлиги билинади.

Уламоларимиз бу ҳақдаги маълумотларни жамлаганларидан сўнг қилган мулоҳазаларига қараганда, ўлимдан олдин беморлик тортган афзал экан. Чунки бемор бўлган одам тавба қилади, ўлимига тайёргарлик кўради, васият қилади ва ҳоказолар.

Ҳадиси шарифда тўсатдан бўладиган ўлимнинг эшакнинг ўлимига ўхшатилиши кофир шахсга нисбатан айтилган гапдир.

Бу маънони имом Ибн Абу Шайба ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шарифдан билиб оламиз:

«Тўсатдан ўлиш мўмин учун роҳатдир, фожир учун ғазабдир».

Аллоҳ таоло мўмин ҳолимизда ўлишни барчамизга насиб этсин. Омин!

949. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қайси бир мўмин Жумъа куни ёки Жумъа кечасида ўлса, Аллоҳ уни албатта, қабр фитнасидан сақлайди», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги маънодан ҳам Жумъа кунининг фазли қанчалар улуғ эканлигини билиб олсак бўлади. Шу билан бирга, одам бу дунёда нима қилса қилиб, Жумъа куни ўлиш насиб этса, унинг иши тўғриланиб кетаверар экан-да, деган нотўғри фикр туғилмаслиги лозим.

Аввало бунга ўхшаш ҳадиси шарифларда тақводор мўмин бандалар кўзда тутилган бўлади. Чунки Жумъа куни сон-саноқсиз кофиру дийнсизлар ҳам ўладилар.

Иккинчидан, уламоларимиз «Ушбу ҳадиси шарифдагига ўхшаш енгилликлар фақат Жумъа куни ўтгунича, вақтинчаликка бўлади», деганлар. Нима бўлганида ҳам мўмин банда учун Жумъа куни ўлиш яхши экан.

Аллоҳ бизга ҳам шундай кунлардан насиб этсин.

950. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Умматимнинг умрлари олтмиш билан етмиш ўртасидадир. Озларигина ундан ташқарида бўладилар», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва ҳазрати Умарлар олтмиш уч ёшларида вафот этганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исмул аъзам бизнинг тилимизга энг улуғ исм деб таржима қилинади. Аллоҳ таолонинг исмлари ичида исмул аъзам бор. ўша исмни айтиб дуо қилинса, албатта, қабул бўлади. давоми...

7338 23:55 / 02.12.2016
Улар қадарни инкор қиладилар ва .Инсон ўз амалини ўзи халқ қилади,, дейдилар. Уларнинг фикрича, инсоннинг ўз қудрати бўлиб, у ўз амалларини ўзи яратади, Аллоҳ давоми...

3246 17:00 / 02.08.2021
Аллоҳ таоло 3. .Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас,, деган Бақара сураси, 286оят.Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг инсоннинг амалини Аллоҳ давоми...

5297 13:30 / 08.04.2019
Қуръон ва Суннат уламолари наздида тавҳиднинг қисмлари Тавҳид уч қисмдан иборатдир Сифатлар тавҳиди, рубубият тавҳиди ва улуҳият тавҳиди. Улуҳият тавҳидининг давоми...

124 19:00 / 22 апрель
Аудиолар

120308 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41947 14:35 / 11.08.2021