1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Меҳрибон Расул

16:25 / 20.11.2017 3117 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қачон бирон сура нозил қилинса, «Сизни биров кўрмадимидеб бир-бирларига назар соладилар-да, сўнгра бурилиб кетадилар. Улар англамайдиган қавм бўлганлари учун, Аллоҳ қалбларини буриб қўйди.

Ушбу ояти карима мунофиқларнинг ҳолини ажойиб услуб билан фош қилади. Кўпчилик иштирокида илмий мажлис бўлмоқда. Мунофиқлар ҳам ўзларини мусулмон кўрсатиб, мажлисда ўтиришибди. Шу пайт Қуръони Карим сураларидан бири нозил бўлиб қолди. Бу мунофиқлар учун мусибат, чунки янги сурада янги таклифлар, амрлар, қилиниши лозим бўлган ишлар бўлиши мумкин. Мунофиқлар фақат оғизларидагина мусулмонлар. Исломга, унинг амрига амал қилишга уларнинг тоқати йўқ. Шунинг учун дарҳол қочиб қолиш пайига тушадилар. Бир-бирлари билан кўз уриштириб, биров кўриб қолмасин, деб, дарҳол бурилиб, мажлисдан чиқиб кетадилар.

«Қачон бирон сура нозил қилинса, «Сизни биров кўрмадимидеб бир-бирларига назар соладилар-да, сўнгра бурилиб кетадилар».

Мунофиқлар ўз фойдаларини ўзлари тушунмаганлари учун, ўзларига фойдали нарсадан бурилиб, қочганлари учун Аллоҳ таоло ҳам уларнинг қалбларини буриб қўйди. Ҳа,

«Улар англамайдиган қавм бўлганлари учун, Аллоҳ қалбларини буриб қўйди».

Энди улар ҳидоятга келмай, мунофиқ кофирлигича ўлиб кетадилар.

Суранинг сўнгида Мадинада нозил бўлган иккита оят келади. Бу оятларда Набий алайҳиссаломнинг ўз қавмларига бўлган муносабатлари ҳақида сўз кетади.

 Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизни ардоқловчи, мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул келди.

Бу ояти каримада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда.

«Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган», яъни бошқа ёқдан келмаган, осмондан тушмаган, балки ўзингиздан бўлган бир киши Пайғамбар бўлиб келди. Бу, ўйлаб кўрсангиз, ўзингиз учун шараф, обрў. Ўз ичингиздан шундай олий мақомга сазовор инсон чиққанига хурсанд, шод бўлишингиз ва унга эргашишингиз керак.

«...машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган», яъни у Пайғамбар сизнинг машаққат чекишингизни, қийинчиликда қолишингизни мутлақо истамайди. Доимо сизга енгиллик, осонлик бўлишини хоҳлайди.

«...сизни ардоқловчи», яъни бу Пайғамбар сизнинг икки дунё саодатига эришишингизга иштиёқманд. Шунинг учун ҳаракат қилади.

«...мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул келди».

Дунё тарихида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдек, кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Бу улкан ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва ҳадисларидан билиб оламиз.

Охирги оят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитобдир.

Бас, агар юз ўгирсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга илоҳ йўқ, Унгагина таваккул қилдим, У буюк Аршнинг Роббидир», – дегин.

Яъни «Эй Пайғамбар, агар сен динга даъват қилаётган одамлар чақириғингни қабул қилмай, юз ўгириб кетсалар, Сен:

«Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли»,

Аллоҳдан ўзганинг менга кераги йўқ. Сизларнинг ҳаммангиз, битта ҳам қолмай, юз ўгириб кетсангиз ҳам заррача зиёни йўқ. Аммо билиб қўйинглар, юз ўгириб, қаёққа ҳам борасизлар?! Ахир

«Ундан ўзга илоҳ йўқ...»

Шунинг учун ҳамма фақат Унгагина ибодат ва қуллик қилмоғи лозим. Сиз нима қилсангиз қилаверинг, аммо мен

«…Унгагина таваккул қилдим...»

Чунки

«У буюк Аршнинг Роббидир– дегин».

Қолганини Аллоҳнинг Ўзи билади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолонинг ҳабиби, оламларга раҳмат қилиб юборилган, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд давоми...

2077 11:30 / 07.10.2021
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМАллоҳ субҳанаҳу ва таолога У зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсинАллоҳнинг охирги Расули Муҳаммад Мустафога мукаммал давоми...

4183 19:12 / 28.04.2017
Бу мавзудаги маълумотларни холис ўрганадиган бўлсак, бу ҳақда озми кўпми тушунча ҳосил бўлади ва бир қатор хулосалар келиб чиқади. Жумладан1. Маҳалли қиём давоми...

1152 15:01 / 25.10.2021
Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ никоҳ хусусидаги суҳбатларида ушбу гапни кўп айтардилар .Бугунги ҳаётимизга назар солсак, давоми...

1464 16:30 / 25.10.2021
Аудиолар

118783 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40733 14:35 / 11.08.2021