1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фароиз илми (дарслар)

Мерос ҳақида нозил бўлган оятлар мазмуни, нозил бўлиш сабаблари...

15:40 / 18.04.2017 6533 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

а) «Нисо» сурасининг 11-12 ояти ва нозил бўлиш сабаби

б) «Нисо» сурасининг 176 ояти ва нозил бўлиш сабаби

в) Мазкур оятларга тааллуқли баъзи ҳукмлар:

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Нисо» сураси 11-12 оятларида марҳамат қилади: 

﴿ يوصيكم الله في أولادكم للذكر مثل حظ الأنثيين فإن كن نساء فوق اثنتين فلهن ثلثا ما ترك وإن كانت واحدة فلها النصف ولأبويه لكل واحد منهما السدس مما ترك إن كان له ولد فإن لم يكن له ولد وورثه أبواه فلأمه الثلث فإن كان له إخوة فلأمه السدس من بعد وصية يوصي بها أو دين. آباؤكم وأبناؤكم لا تدرون أيهم أقرب لكم نفعا فريضة من الله إن الله كان عليما حكيما ﴾ ﴿11﴾ ﴿ ولكم نصف ما ترك أزواجكم إن لم يكن لهن ولد فإن كان لهن ولد فلكم الربع مما تركن من بعد وصية يوصين بها أو دين ولهن الربع مما تركتم إن لم يكن لكم ولد فإن كان لكم ولد فلهن الثمن مما تركتم من بعد وصية توصون بها أو دين وإن كان رجل يورث كلالة أو امرأة وله أخ أو أخت فلكل واحد منهما السدس فإن كانوا أكثر من ذلك فهم شركاء في الثلث من بعد وصية يوصى بها أو دين غير مضار وصية من الله والله عليم حليم ﴾ ﴿12﴾  

«Аллоҳ таоло фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур. Агар меросхўрлар иккидан ортиқ аёл бўлса, уларга эр қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса унга (мероснинг) ярми тегур. Агар марҳумнинг фарзанди бўлса, ота-онасининг ҳар бирига қолдирган меросидан олтидан бир тегур. Энди, агар фарзанд бўлмай, фақат ота-она меросхўр бўлса, у ҳолда онасига учдан бири тегур (қолгани эса отасига тегур). Агар (марҳумнинг) ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир(ҳақ) тегур. Бу тақсимотлар марҳум қилган васият ва унинг қарзлари адо этилганидан кейин бўлур. Ота-оналарингиз ва фарзандларингизнинг қайси бирлари сизлар учун фойдаси тегувчироқ эканини билмайсизлар. (Бинобарин, ўзингизга қолса, мерос  тақсимотини ҳам адолат билан ҳал қила олмайсиз. Шу боисдан кимга қанча мерос тегиши) Аллоҳ таоло томонидан қатъий фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир».

«Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан - агар улардан фарзанд қолмаган бўлса ярми тегур. Энди агар уларнинг фарзандлари қолган бўлса, сизларга уларнинг меросидан тўртдан бири тегур. Бу (тақсимотлар) марҳума қилган васият ва унинг қарзлари адо этилганидан сўнг кейин бўлур. Уларга (хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан - агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса - тўртдан бири тегур. Энди агар сизларнинг фарзандларингиз қолган бўлса, уларга сизнинг меросингиздан саккиздан бири тегур. Бу (тақсимотлар) сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо этилганидан кейин бўлур. Агар мероси қолаётган эркак ва аёлнинг на ота ва на онаси бўлмай (она томонидан) бир ака ёки укаси ёҳуд бирон опа ёки синглиси қолган бўлса уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бири тегур. Энди агар улар бирдан ортиқ бўлсалар, улар мероснинг учдан бир ҳиссасига тенг шерик бўлурлар. (Бу тақсимотлар) меросхўрларга зарар етказмайдиган ҳолда қилинган васият ва қарзлар адо этилганидан кейин бўлур.  (Бу ҳукмлар) Аллоҳ таоло томонидан бўлган амр фармондир. Аллоҳ билгувчи ва ҳалимдир» («Нисо» 11-12).

Бу оятларнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида бир қанча ривоятлар келтирилган. Имом Бухорий ва Муслим ўзларининг «Саҳиҳ» китобларида мазкур оятларнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида келтирган ривоятлари қуйидагичадир:

«Уҳуд жангида шаҳид бўлган Саъд ибн Рабеънинг аёли икки қизини олиб Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келиб шикоят қилди: «Эй Расулуллоҳ! (с.а.в.) Мана булар Саъднинг икки қизидир. Буларнинг отаси Уҳуд жангида шаҳид бўлди. Саъд вафотидан кейин буларнинг амакиси (Саъднинг иниси) келиб буларнинг молини олиб қўйди. Буларга ҳеч нарса қолдирмади. Ахир буларни турмушга узатиш учун мол керак-ку!  Пайғамбар (с.а.в.): «Аллоҳ таоло бу ҳақда ўзи ҳукм чиқаради», - дедилар. Бироз ўтмасданоқ мерос оятлари нозил бўлди. Шунда пайғамбар (с.а.в.) икки қизнинг амакисига одам юбориб : «Саъдни икки қизига молни учдан иккисини, аёлига саккиздан бирини бер, қолгани сенга», дедилар.

Ибн Жарир келтирган бошқа ривоятда эса, мерос оятлари Расулуллоҳнинг шоирлари бўлган Ҳассон бин Собитнинг укаси Абдураҳмон бин Собит ҳақида нозил бўлган дейилган. Бу ривоятга кўра, «Абдураҳмон вафот этгач, ундан Умму Каҳҳа исмли аёли ва беш синглиси қолади. Эркаклардан бўлган меросхўрлар молнинг ҳаммасини олишади. Шунда Умму Каҳҳа пайғамбар (с.а.в.) га шикоят қилиб келгач, мерос оятлари нозил бўлди. 

Нозил бўлиш сабаблари бир неча йўллар билан ривоят қилинган мазкур икки оят аёллар меросдан маҳрум қилиб қўйилгач, нозил бўлган.

Шу ўринда мерос оятларига тааллуқли бир нечта масала ва ҳукмлар мавжудки, уни баён қилиб ўтишимиз лозим. Аввало, «Нисо» сурасининг 11-оятида Аллоҳ таоло меросни баён қилар экан, бир ўғилга икки қиз улуши баробарида мерос беришни буюради. Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам Ислом ва унинг ҳукмларига нисбатан қалбида адовати бор кишилар Исломдаги ҳукмларга турли таъна ва дашномлар ила нуқсон етказишга уринган. Уларнинг Исломга ва унинг ҳукмларига таъна тошларини отишлари мерос ҳукмларига ҳам тааллуқлидир. Улар, «Ислом қиз бола билан ўғил бола ўртасида мерос тақсимлашда адолатсиз ҳукм чиқарган», дейишади. Лекин аслида биз Исломни ўғил ва қиз орасида мерос тақсимотига инсоф назари билан қарасак, бу айни адолат эканига ишонамиз. Шариати исломия эркак ва аёл меросини бир-биридан фарқ қилиб тақсимлашда бир неча улуғ ҳикматларни назарда тутган. Эркак аёлдан бир баробар ортиқ мерос олишининг  ҳикматини уламолар қуйидагича келтирадилар:


1. Аёл киши ҳожат ва яшаш шароитлари билан тўла кафолатланган. Яъни, унинг нафақаси отаси, эри, ўғли, акаси ва бошқа эркак қариндошларининг зиммасидадир. Шунинг учун у меросни эркак билан тенг олишга эҳтиёжи йўқ. 

2.     Аёл бировга нафақа қилишга буюрилмаган, яъни, аёл эркаклар каби оиласини, фарзандларини ва бошқа нафақаси вожиб бўлган қариндошларига нафақа қилишга буюрилмаган.

3.     Эркакнинг сарфу харажатлари жуда кўпдир. Демак, молга бўлган эҳтиёжи ҳам аёлникига қараганда кўпроқ бўлади. 

4.     Маълумки, эр аёлига маҳр беришга мажбурдир. Шунингдек, у аҳли аёли, фарзандларини яшаш, кийим-кечак ва обу таом билан таъминлашга буюрилган. 

5.     Фарзандлар таълим-тарбияси учун кетадиган сарф-харажатлар, уларнинг ва аёлни муолажаси учун бўладиган харажатлар ҳам эрнинг устида бўлади.

Шу ва бундан бошқа биз билмайдиган бир қанча ҳикматларга кўра, Ислом шариати аёлга эркакдан бир баробар ортиқ мерос тақсимлаган. Шу билан бирга Ислом аёлларни ўз раҳмати билан ўраб қўйди. Улар эрлар паноҳида хотиржам ва серобчиликда яшасаларда, бировга нафақа қилмасаларда, уларга меросда улуш берди. Ислом шариати аёлларга ўз молидан нафақа қилишга, оила харажатлари учун ёки фарзандлар таълим-тарбияси учун сарфлашга буюрмайди. Бу харажатлар эркакнинг устига юкланган.

﴿... وعلى المولود له رزقهن وكسوتهن بالمعروف...﴾ – بقرة 233

«Уларнинг (аёлларни) ейиш-ичиш ва кийинтирилиши отанинг зиммасидадир»(Бақара сураси-233 оят)

Шу ўринда Исломдан олдин араблар ва бошқа халқларда аёллар мероси қандай бўлганини зикр қилиб ўтсак. Арабларни оладиган бўлсак, Ислом қуёши Арабистон ярим оролини ёритмасдан олдин аёлларга урушга чиқолмаслиги, қариндош-уруғларини ҳимоя қила олмаслигини баҳона сабаб қилиб умуман мерос берилмасди. Араблар «От минолмайдиган, қилич кўтаролмайдиган, душман билан уриша олмайдиган аёлларга қанақасига мерос берамиз! дерди. Улар ёш гўдак ва болаларни меросдан манъ қилгани каби, аёлларни умуман меросдан маҳрум қилган эди. 

Ақлу хуши ва тафаккури бор инсон  Ислом шариати араблар аёлларга зулм қилиб турган бир вақтда келиб уларнинг ҳуқуқини мерос масаласида ҳам тўла тўкис қилиб берганини англаб етади. Яъни,  аёллар энди ҳеч қандай миннатсиз мерос мулкида эркакларга шерикдирлар. 

Мерос оятлари нозил бўлганда, унда баён қилинган ҳукмлар арабларга жуда оғир туюлди, ҳатто улар кошки эди бу оятлар мансух бўлса, деб, орзу қилдилар. Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан ривоят қиладилар. У зот айтдилар: «Фароиз оятлари нозил бўлиб, унда Аллоҳ таоло эр, хотин, ота-она ва бошқалар меросини белгилаб бергач, бу айрим одамларга оғир тушди ва айтдилар: Аёл кишига тўртдан бир,  саккиздан бир мерос бериладими? Қизга ярим мерос бериладими? Ёш болага ҳам мерос бериладими? Ахир буларнинг бирортаси урушда қатнашиб, ўлжага эга бўлолмаса?! Бу ҳақда пайғамбарга (а.с.) индамай турайлик, шояд буни унутсалар ёки айтамиз уни ўзгартириб берсалар. Уларнинг ичидан айримлари келиб: «Ё Расулаллоҳ! Ёш болага қандай қилиб мерос берамиз. Уни қавмга ҳеч фойдаси бўлмаса? Қиз бола отаси қолдирган молни ярмини олса? Ахир у от миниб урушда қатнашолмаса?!» деб айтишгача борди. (тафсир Табарийдан).

Яҳудийлар ҳам аёлларга мерос беришда Тавротдаги ҳукмларни ўзгартириб, ҳавою нафсларига мувофиқ ҳукмларни жорий қилиб олган эдилар. Уларнинг шариатида аёл вафот этиши билан унинг барча мол-мулки эрига мерос бўларди. Акси бўлса, аёл эридан мерос олмайди. Она ҳам, фарзандларидан ҳеч қандай мерос олмайди. Ота вафотидан кейин барча мерос ўғил фарзандга ўтади, агарчи у онасининг қорнида бўлса ҳам. (Ал-ҳуқуқ ал-мутааллиқа бит-тарика» 224)

Қадим юнонларда ҳам мерос масаласи золимона тарзда ташкил қилинган эди. Уларда киши вафотидан сўнг унинг мероси эркак қариндошларга ўтади, аёллар ва улар томонидан қариндошлиги бор эркакларга мерос берилмайди. (мазкур китоб 220)

Биз Исломда аёлларга нисф (ярим) мерос беришни айтиб ўтдик. Шу ўринда қуйидаги мисолга эътибор қилсак: Бир киши вафот этиб, ундан икки фарзанд, бир қиз ва ўғил ворис қолган бўлиб, маййитдан 3000 сўм мерос қолган бўлса, Ислом шариатига кўра, қиз болага 1000 сўм, ўғил болага 2000 сўм мерос берилади. Энди улар иккиси ҳам турмуш қуриш остонасида бўлса, ўғил бола уйланишни хоҳласа, у уйланадиган аёлига маҳр бериши лозим. Энди биз маҳрни 2000 сўм деб фараз қилайлик. Демак, у отасидан олган барча меросини маҳрга беради. Яна унинг зиммасида оила харажатлари, уй-жой таъминоти, ейиш-ичиш каби сарф-харажатлар турибди. Қиз болага келсак, у турмушга чиқмоқчи бўлса, унга бериладиган маҳрни ҳам 2000 сўм деб фараз қилайлик. Олган мероси билан маҳри 3000 сўм бўлди. Унинг зиммасида уй-жой, ейиш-ичиш ташвишлари йўқ. Энди шу ўринда кимнинг ҳуқуқи яхшироқ ҳимоя қилинганига инсоф назари билан қарасак кифоя. Лекин ўзини олим ҳисоблаб юрган, аслида илм доирасидан узоқда бўлган айрим Ғарб шарқшунослари ва уларга эргашган баъзи Ислом диёрларидан чиққан олимлар Ислом ва унинг ҳукмларини турли йўллар билан бузиб кўрсатишга уринадилар. Уларнинг Ислом шариати ҳукмларига қилган таъналаридан бири - бу Исломдаги мерос тақсимлаш низомидир. Улар Ислом аёлларга эркаклардан бир ҳисса кам мерос бериб уларнинг ҳуқуқини поймол қилган деб даъво қиладилар. Лекин биз уларга «Ислом сиз ва сизга ўхшаганларнинг таъна тоши билан зарар кўрмайди, фақат ўзингиз зарар кўрасиз» деб айтамиз.


 ҚАРЗ ВАСИЯТДАН ОЛДИНДИР


Ояти карима баён қилган яна бир нуқтага диққат қаратсак. Мазкур икки оятнинг турли ўрнида Аллоҳ таоло:


.1 من بعد وصية يوصي بها أو دين

.2 من بعد وصية يوصين بها أو دين

.3 من بعد وصية توصون بها أو دين

деб марҳамат қилади. Мазкур оятларнинг зоҳирига қарасак, маййит қарзини адо этиш васиятдан кейин туради деб тушунамиз. Аслида эса бунинг аксидир. Аввало маййитнинг қарзлари мерос молидан адо этилиб, сўнгра васияти ижро қилинади. Пайғамбар (с.а.в.) шундай шаклда меросни бўлиб кўрсатганлар, Ўазрати Али (р.а.) дан қуйидаги сўз ривоят қилинган: «Сизлар

  

من بعد وصية يوصي بها أو دين


оятини ўқийсизлар,  пайғамбар (с.а.в.) қарзни васиятдан аввал адо этишга буюрганлар».

Қарзни васиятдан олдин адо этилишидаги ҳикмат шулки, қарз маййит вафотидан олдин ҳам, кейин ҳам зиммасида турувчи ҳақдир. Яъни, қарзни инсонлар тарафидан талаб қилиб келувчилари бордир. Васият эса соф табарруъ (эҳсон, бағишлов) ҳисобланиб, инсонлар тарафидан уни талаб қилувчиси бўлмайди. Одамлар васиятни бу жиҳатларига кўра унга бепарво бўлмасликлари, ворислар уни адо этишда бахиллик қилмасликлари учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда васиятни қарздан олдин зикр қилди. 

Аввал ўтган ва кейин келган уламоларнинг барчалари қарз васиятдан олдин туришини айтганлар. Исломда қарзни адо этиш қаттиқ таъкидланган. Шунинг учун вафот этган кишини жанозасини ўқишдан олдин қарзи бор-йўқлиги сўралади. Пайғамбар (с.а.в.) марҳамат қиладилар: 


نفس   المؤمن معلقة  بدينه حتى يقضي عنه


яъни: «Мўминнинг жони қарзи сабабли то уни адо этилмагунича қарзига боғлангандир» (Термизий, ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

б) «Нисо» сураси 176 оят.

﴿ يستفتونك قل الله يفتيكم في الكلالة إن امرؤ هلك ليس له ولد وله أخت فلها نصف ما ترك وهو يرثها إن لم يكن لها ولد فإن كانتا اثنتين فلهما الثلثان مما ترك وإن كانوا إخوة رجالا ونساء فللذكر مثل حظ الأنثيين يبين الله لكم أن تضلوا والله بكل شيء عليم ﴾ ﴿176﴾

Яъни: (Эй Муҳаммад)! Сендан фатво сўрайдилар. «Аллоҳ сизга калола ҳақида фатво беради» деб айт. Агар бир одам ўлсаю, унинг боласи бўлмасдан, синглиси бўлса, унга марҳумдан қолганнинг ярми берилади. Агар сингилнинг боласи бўлмаса, ака ёки укаси унинг ҳамма меросини олади. Агар сингил иккита бўлса, улар марҳумдан қолганнинг учдан иккисини оладилар. Агар (меросхўрлар) эркак аёл биродарлар бўлсалар, бир эркак икки аёл ҳиссаси асосида оладилар. Адашмаслигингиз учун Аллоҳ баён қилмоқда. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир. («Нисо» сураси 176).

Калоланинг маъноси: Мазкур ояти карима ва олдинги 12-оятдаги كلالة (калола) сўзини бир оз кенгроқ шарҳлаш лозим. Калола ҳақида уламолар кўп баҳс юритганлар. Бизнинг тилимизда калола сўзининг маъносини ифода қиладиган сўз йўқ. Араб тилида ҳам бунинг муродиф (маънодоши) йўқ. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)одамлар калола ҳақида сўраганда: У тўғрисида ўз фикримни айтаман, тўғри бўлса Аллоҳдан, хато бўлса мендан ва шайтондан, яъни Аллоҳ ва расулининг бунга алоқалари йўқ. Калола зурриёти ва аждоди йўқ одамдир, дедилар. Яъни, ўлган пайтда бола-чақаси, набира чеваралари ҳам, ота-онаси, бобо момоси бўлмаганга калола дейилади. Буни кейинроқ Умар (р.а.) халифа бўлган пайтларида яна  бир бор  тасдиқ этганлар.

Тўрт мазҳаб соҳиблари ҳам мазкур масалада якдил фикр билдирганлар.

 Юқоридаги уч оятдан бошқа яна бир нечта оятларда мерос ва унга тааллуқли баъзи ҳукмлар баён қилинган. Улар қуйидагилардир:

1.     «Анфол» сурасининг 1-оятида:

﴿ وأولوا الأرحام بعضهم أولى ببعض في كتاب الله إن الله بكل شيء عليم ﴾ ﴿75﴾ – أنفال

яъни: «Аллоҳнинг китобида қариндошлар бир-бирларига ҳақлироқдирлар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчи зотдир». Оятдаги “Қариндошлар бир-бирларига ҳақлироқдирлар” жумласида мерос масаласи кўзда тутилган. Ҳижратдан сўнг мерос маълум муддат мусулмон биродарлиги асосида яъни ансорий муҳожирдан, муҳожир ансорийдан қариндош бўлмаса ҳам мерос олаверган. Кейинчалик ҳаммаси ўз ўрнига тушиб, мусулмонлар орасидаги меросхўрлик қариндошлик асосида бўлиши таъкидланган. Мазкур ояти карима ва бундан кейинги оятлар бу маънони яна таъкидлаб келмоқда. 

2.     Аҳзоб сурасининг 6-ояти:

﴿  وأولو الأرحام بعضهم أولى ببعض في كتاب الله من المؤمنين والمهاجرين إلا أن تفعلوا إلى أوليائكم معروفا كان ذلك في الكتاب مسطورا ﴾ ﴿6﴾ – أحزاب

яъни: «Аллоҳнинг китобида қариндошлар бир-бирларига (мерос олишда)бошқа мўминлардан ва муҳожирлардан ҳақлидирлар. Фақат дўстларингизга яхшилик қилмоғингиз мустаснодир. Бу Китобда сатрлар ила битилмиш».

Олдинги «Анфол» сурасидаги оятда айтиб ўтганимиздек, бу оят нозил бўлгунча мерос олиш дўстлик, тутинган ака-укалик асосида бўлар эди. Бу ҳижратдан кейин дастлаб жорий қилинган қоидалардан эди. Маълумки, маккалик муҳожирлар динларини сақлаб қолиш учун молу дунёлари, ватанлари, қариндош-уруғларини ташлаб Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келдилар. Шунингдек, Мадинаи мунавваранинг туб аҳолиси бўлган ансорийлар мусулмон бўлганлари туфайли кофир қариндош-уруғларидан ажрадилар. Натижада инсоний алоқаларда бироз ўзгариш бўлди. Шу пайтда Пайғамбар (с.а.в.) муҳожир ва ансорийлар орасида машҳур биродарлаштириш тадбирини қўлладилар. Бунга кўра, муҳожир ўзини ансорий биродарига мерос қолдирар ва унга ворис бўлар эди. Вақт ўтиши билан мусулмон шахс ва мусулмон жамияти шаклланди. Бунинг натижаси сифатида қариндошлар бир-бирларидан мерос олиш масаласида бошқалардан кўра ҳақли эканлигига эҳтиёж борлиги сезилди. Имом Имомуддин Ибн Касир ўз тафсирларида ушбу оятга боғлиқ қуйидаги маълумотни келтирадилар: «Ибн Аббос ва бошқалар айтадилар: «Муҳожир ансорийга меросхўр бўлар эди. Ота томон қариндошлари ҳам, она томони ҳам мерос ололмасди. Пайғамбар (с.а.в.) уларни  биродар қилиб қўйганлри учун шундай қилинар эди». 


3.«Нисо» сурасининг 7-ояти:

﴿ للرجال نصيب مما ترك الوالدان والأقربون وللنساء نصيب مما ترك الوالدان والأقربون مما قل منه أو كثر نصيبا مفروضا ﴾ ﴿7﴾

яъни: «Эркаклар учун ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Бу озми кўпми фарз қилинган улушдир».

Исломдан аввалги тузум ва жамиятларда хусусан Арабистон ярим оролида аёллар ва ёш болаларга мерос берилмас эди. Жоҳилият арабларига кўра, меросга фақат қурол-яроғ кўтариб урушда иштирок қила олувчи эркаклар ҳақли эдилар. Қолганлар, жумладан ёш болалар ва аёллар бу ҳуқуқдан маҳрум эдилар. Ислом меросни эркак бўлсин, аёл бўлсин, катта ёки кичик бўлсин қариндошлар ҳаққи деб эълон қилди.Чунки, қариндошлар Ислом ҳукмига кўра, бир-бирларига қийин ҳолатларда ҳам ёрдам беришга мажбурдирлар. Бу оят аёлларнинг мерос олишини, уларга берилган ҳуқуқни белгилаб бермоқда. Бу оятда аёл ҳам эркак каби инсон эканлигини билдирувчи буюк маъно бор. 

Ибн Мурдавайх Жобир (р.а.)дан ривоят қиладилар: Умму Каҳҳа исмли саҳобия аёл Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг саккизта қизим бор, оталари ўлиб қолди. Уларнинг ҳеч нарсаси йўқ. Оталарининг қариндошлари меросни қизларимга беришмаяпти.» , деганида, Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримани нозил қилди.  


Мавзуга оид таянч сўзлар:


1.     Нисф (1/2), рубуъ (1/4), сумун (1/8), сулусон (2/3), сулус (1/3), судус (1/6), калола, қарз, 

 Маквзуга оид адабиётлар

1. Муҳаммад Анвар Бадахшоний, «Тавзихул-фароиз ас-сирожия».        Мадина Мунаввара, 1992-й.

2. Муҳаммад Али Собуний, «Ал-маворис фиш-шариатил-исломия», Лубнон

3. Носир ибн Муҳаммад Ғомидий, «ал-Хулоса фи илмил-фароиз» , Макка Мукаррама, 1996-й.

12.    Муҳаммад Амин ибн Обидин, «Раддул мухтор алад-дуррил-мухтор», Қоҳира, 1966-й.

13.    Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий, «Ал-Мабсут» Қоҳира, 1900-й.

14.    Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий, «Туҳфатул-фуқаҳо», Дамашқ, 1956-й.

15.    Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад ал-Косоний, «Бадоиус-саноиъ фи тартибиш-шароиъ», Қоҳира, 1910-й.

16.    Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд ибн Мадуд-дин ал-Мавсилий, «ал-Ихтиёр литаълилил-мухтор», Қоҳира, 1951-й.

17.    Бурҳониддин ал-Марғиноний, «ал-Ҳидоя шарҳ Бидоятил-мубтадий», Қоҳира. 1996-й.

18.    Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Алий ар-Раҳабий, «ал-Фароиз ар-Раҳабия», Дамашқ, 1903-й.

19.    Сирожуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдуррашид Сажовандий», «ал-Фароиз ас-Сирожия», Деҳли, 1860-й.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
а Қуръонда зикр қилинган улушлар ва уларнинг эгалари ҳақида маълумотб Авлнинг луғатда ва истилоҳдаги маъноси, авл қоидаларив Раднинг луғатдаги ва истилоҳдаги давоми...

4468 15:52 / 18.04.2017
Мерос илмида бир қанча истилоҳий сўзлар мавжуд бўлиб, бундан кейин уларни қуйидаги шаклда қўллаймиз1. бу вориснинг шариат асосида белгилаб берилган мерос давоми...

4024 15:48 / 18.04.2017
.Фароиз, сўзи .фарз, сўзининг жамидир. .Фарз, сўзи луғатда .ўлчов,, .кесиш, ва .баён қилиш, маъноларини англатади. Шариатдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган давоми...

4491 16:21 / 23.09.2017
Мерос олиш учун қариндошлик ва унинг даражаси маълум бўлиши зарурдир. Шунда фароиз илми бўйича олимга мерос тақсимлаш осон бўлади. Зеро, меросхўрлар ҳолатига давоми...

4257 15:50 / 18.04.2017
Аудиолар

118802 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40752 14:35 / 11.08.2021