1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Мажлис соҳиби томон ёриб ўтиш

20:27 / 17.08.2017 4614 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1143. Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Умар розияллоҳу анҳу пичоқланганида, уни кўтариб, ҳовлига олиб борганлар ичида эдим. У менга:

«Эй биродаримнинг ўғли! Бориб, менга мусибат етказган кимлигини кўр. У мен билан бирга яна кимларга мусибат етказганини бил», деди.

Мен бориб, унга хабар бериш учун келдим. Қарасам, уй одамга тўла. Мен ёш бола эдим. Уларнинг ораларини ёриб ўтгим келмади. Ўтирдим.

У бировга иш буюрса, албатта, унинг ўзидан хабарни сўрар эди. Қарасам, уни ўраб қўйишган экан.

Шу пайт Каъб келиб: «Аллоҳга қасамки, агар мўминларнинг амири дуо қилса, Аллоҳ таоло уни албатта тирик қолдирарди ва ушбу умматга бу-бу ишларни қилгунича уни албатта кўтарарди», деди ва ҳаттоки, мунофиқларни номма-ном айтиб, киноя ҳам қилди.

«Гапингизни унга етказайми?» дедим.

«Мен ҳам сен унга етказишинг учун айтяпман», деди.

Шунда мен шижоатланиб, ўрнимдан турдим ва уларнинг елкаларини ёриб ўтиб, унинг бош томонига ўтирдим ва:

«Мени фалон иш билан юборган эдингиз. Сиздан ташқари ўн уч кишига мусибат етказибди. Меҳросдан таҳорат қилаётган Кулайб Жаззорга ҳам мусибат етказибди. Каъб Аллоҳ ила қасам ичиб, бундай демоқда», дедим.

Шунда у: «Каъбни чақиринглар!» деди. Уни чақиришди.

«Нима деяпсан?» деди. У:

«Бундай-бундай деяпман», деди.

«Йўқ! Аллоҳга қасамки, мен ундай дуо қилмайман. Лекин агар Аллоҳ уни мағфират қилмаса, Умар бадбахт бўлади», деди».

Шарҳ: Ҳазрати Умар паҳлавон, жасур зот эдилар. Халифа бўлсалар ҳам, душманларнинг фитнасидан чўчимай, кўпчиликнинг ичида юраверар эдилар. Бомдодга таҳорат қилиб чиқиб, кўчаларда одамларни уйғотиб юрардилар.

Ўша машъум кунда ҳам ҳар доимгидек, ҳаммани уйғотиб келганлар. Азон айтилиб, намозга такбир айтилганда, ҳазрати Умар имом бўлиб, намозни бошлаганлар. Ана шу пайтда Муғийра ибн Шуъбанинг ғуломи Абу Луълуъа Феруз деган бир бадбахт тўсатдан сафдан чиқиб бориб, ҳазрати Умарни заҳарланган пичоқ билан уч марта урган. Зарбаларнинг бири у зотнинг киндиклари остига тўғри келган ва қоринларини ёриб юборган. Бу ҳодиса ҳижрий йигирма учинчи йили, Зулҳижжа ойидан тўрт кун қолганда бўлган.

Оғир яраланган халифа шундай оғир аҳволда ҳам намоздан хаёлларини бўлмай, жамоатнинг намозини ўйлаб, орқаларида турган Абдурраҳмон ибн Авфни тортиб, ўринларига имом қилиб қўйиб, шундан кейингина заҳарнинг таъсиридан йиқилганлар.

Бадбахт қотил эса жон-жаҳди билан учраган одамга заҳарли пичоғини санчиб-уриб кетаверган. У шу тариқа ўн уч кишига пичоқ урган. Улардан етти киши, жумладан, саҳобий Кулайб ибн Бакр Лайсий вафот этган. Қолганлари яшаб кетганлар.

Ниҳоят, мусулмонлардан бири тўполонда бир неча кишининг қонини тўкишга улгурган бу қотилнинг бошига ридосини ташлаб, қолганлар уни ўраб олиб, ушлаб олишган.

Бир неча киши ярадор ҳолда ётган, қонига беланиб, ичак-чавоқлари яраларидан чиқиб ётган буюк халифани кўтариб, уйларига олиб кетишган.

Ҳазрати Умар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосни жуда яхши кўрар эдилар, ёш бўлсалар ҳам, олим бўлганликлари учун доим бирга олиб юрар эдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос шундай эслайдилар: «Ҳазрати Умарни уйларига олиб бориб, ётқизганимиздан сўнг у зот менга: «Эй биродаримнинг ўғли! Бориб, менга пичоқ урган кимлигини билиб кел. У яна кимларга пичоқ урди экан?» дедилар.

Мен бориб, сўраган нарсаларини билиб келдим. Келсам, уй одамга тўла экан. Мен ёш ўспирин эдим, катта одамларнинг ораларини ёриб ўтиб, ичкарига киргим келмади. Етган жойимга бориб ўтириб, кутдим.

Ҳазрати Умар қачон бировга иш буюрсалар, албатта, унинг ўзи иш натижасини келиб айтишини талаб қилар эдилар.

Қарасам, одамлар у зотни ўраб, устиларини ёпиб қўйишибди.

Шу пайт Каъб келиб қолиб: «Аллоҳга қасамки, агар мўминларнинг амири бир дуо қилса, Аллоҳ таоло уни тирик қолдирса, Ислом умматининг хайр-баракаси учун яна оёққа туриб кетишларини насиб қилса эди. Ҳали қиладиган фалон-фалон ишлари бор эди», дедилар.

Каъб ибн Молик розяллоҳу анҳу шу гапларининг орасида баъзи бир мунофиқларнинг исмларини, баъзиларининг кунясини айтдилар.

Шунда мен: «Бу гапларингизни ҳозир ҳазрати Умарга айтаман», дедим.

Каъб: «Мен ҳам сен у зотга айтишинг учун айтяпман», дедилар.

Шунда мен шижоатланиб, ўрнимдан туриб, одамларнинг елкаларига туртиниб, ҳазрати Умарнинг бош томонларига бориб ўтирдим. Сўнг:

«Мени фалон иш билан юборган эдингиз. Сиздан ташқари ўн уч кишига – фалон-фалончиларга ҳам зарар етказибди. Меҳросдан таҳорат қилаётган Кулайб Жаззорга ҳам пичоқ урибди.

Кейин бу ерда Каъб шундай-шундай деяптилар», дедим.

(Меҳрос – кўп таҳорат суви учун тошдан йўниб ясалган сувидиш.)

Шунда ҳазрати Умар ётган жойларида Каъбни чақиришни буюрдилар. Биз уни чақирдик.

Ҳазрати Умар: «Нима деяпсан?» дедилар.

Каъб нималар деганларини айтди.

Шунда халифа: «Йўқ, мен ундай дуо қилмайман. Лекин билиб қўйинглар, агар Аллоҳ мағфират қилмаса, Умар бадбахт бўлади», дедилар».

Ислом тарихининг қонга бўялган ушбу қора саҳифаларидан бирида жуда кўп воқеалар зикр қилинибди.

Ушбу ривоятнинг бу бобга киритилишига сабаб бўлган ҳодиса – зарурат бўлганда ўтирган одамларнинг орасини ёриб ўтиб бўлса ҳам, топширилган ишни бажаришдир.

Қолаверса, Каъб ибн Моликнинг Ислом умматининг истиқболи учун қанчалик қайғурганлари.

Улуғ халифанинг шифо топиб, оёққа туриб, уммат учун ният қилиб қўйган кўпгина режаларини амалга оширишларини умид қилганлари.

Ҳазрати Умарнинг тақдирга тан беришлари, Аллоҳнинг мағфиратидан умидвор бўлишлари ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон учун буюк ибрат намуналаридир.

1144. Шаъбийдан ривоят қилинади:

«Бир киши Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳузурига келди. Унинг ҳузурида одамлар ўтирган эди. У томон ҳаракат қилган эди, уни ман қилишди. Шунда у:

«Уни ўтказиб юборинглар!» деди.

У ул зотнинг олдига келиб ўтирди ва:

«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсаларингдан бирор нарса айтиб бер», деди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган киши мусулмондир. Аллоҳ қайтарган нарсалардан узоқда бўлган киши муҳожирдир», деганларини эшитганман», деди».

Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонларнинг энг кўзга кўринган белгиларидан бири, уларнинг тили ва қўлидан ҳеч бир мусулмонга озор етмаслиги экан.

Мўмин-мусулмонларни ҳақоратлаган, уларга туҳмат қилган, ёмонлаган, чақимчилик қилган, урган, ўлдиришга қасд қилган киши тили ва қўлидан мусулмонларга зарар етказган киши бўлади.

«Ҳижрат» сўзининг асли «ҳижрон» бўлиб, «айрилиқ», «узоқда бўлиш» деган маъноларни англатади. ­Аллоҳ таоло ман қилган ҳаром, гуноҳ ва шу каби ишлардан узоқда бўлиш маънавий ҳижрат бўлади, бу ишни қилган киши муҳожир бўлади.

Мажлисга келган кишига мажлиснинг раҳбари рухсат берса, ўша раҳбарнинг олдига ўтиш учун ўтирганларнинг орасини ёриб, олдинга ўтиши мумкин экан.

Шунингдек, Исломни ўрганмоқчи бўлган кишига олим зотлар имкон қадар муҳим тушунчаларни ўргатишлари ҳам зарур экан.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Англиялик машҳур футбол дарвозабони Сэмюэл Бартрэмнинг футболчилик фаолиятида қизиқ воқеа юз берди. 1937 йил 25 декабрь куни .Челси,га қарши .Стемфорд Бридж, футбол давоми...

5393 14:00 / 29.05.2022
Яхши кўрган инсонингизни қадрлашингизнинг, унга ғамхўрлик қилишингизнинг энг афзал йўли mdash бу унга охирати учун фойдали бўлган китоб ҳадя қилишингиздир. Сиз давоми...

1162 09:00 / 25.01.2023
Мисрнинг .АлАҳром, газетасининг 1961 йил 29 май ойидаги сонида .Профессор аёл талаба қизларга турмушга чиқишни тавсия қилди, номли мақола эълон қилинди.Бу мақолада давоми...

3281 14:00 / 25.03.2022
Бир одам солиҳ зотларнинг бирлари билан суҳбатлашиб ўтирган эди. Cуҳбат асносида .Ўзи барака деган нарса бормикин,, деб сўраб қолди. Солиҳ зот .Итлар ва қўйларни давоми...

2672 11:15 / 22.06.2022
Аудиолар

118784 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40734 14:35 / 11.08.2021