1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Кўришиш одоблари

05:00 / 17.02.2017 5743 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЭРКАК АЁЛ БИЛАН, АЁЛ ЭРКАК БИЛАН КЎРИШИШИ МУМКИНМИ?


Қўл бериб, қучоқ очиб, ўпиб кўришиш фақат жинсдошлар ўртасида эмас, балки бир-бирларига маҳрам бўлган эркак-аёллар ўртасида ҳам жоиз. Биргина шарт – фитна ва ёмон ҳис-туйғулар хавфи бўлмаслиги лозим.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Сўзда ва гапиришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Фотимачалик ўхшаш одамни кўрмадим. Қачон у ул зотнинг ҳузурларига кирса, ўринларидан туриб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўринларига ўтқазар эдилар. Агар у зот унинг олдига кириб қолсалар, у туриб у зотни қўлларидан ушлаб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўрнига ўтқазар эди. У ул зот вафотлари олдидаги хасталикларида ҳузурларига кирди. Ул зот уни кутиб олдилар ва ўпдилар».

Ушбу ҳадисдан маҳрамларнинг бир-бирлари билан ҳатто ўпиб кўришишлари ҳам мумкинлиги келиб чиқади. Аммо номаҳрамлар ўртасида кўришишнинг бирорта шакли жоиз эмас. Жумҳур уламолар ҳатто қўл бериб кўришиш ҳам мумкин эмаслигини айтганлар.

Эркак-аёлнинг бир-бирлари билан кўришишини уч қисмга бўлиш мумкин:

1. Номаҳрамлар ўртасида. Яъни, кўришаётган аёл билан эркак бир-бирига номаҳрам, яъни ўзаро никоҳланишлари ‒ шаръан эр-хотин бўлишлари жоиз бўлганлар ўртасида. Буларнинг бир-бирлари билан қучоқ очиб, қўл бериб ёки ўпиб кўришишлари мумкин эмас, ҳаром ҳисобланади, гарчи қўлқоп каби бирор нарса қўл-қўлга тегишини тўсиб турса ҳам. Чунки уларнинг бир-бирларига шаҳвоний майли бўлиши табиий ҳол. Бунга амакивачча, холавачча, тоғаваччалар, шунингдек, қайноға, қайнисингил каби вақтинча маҳрамлар ҳам киришини унутмаслик керак.

Эркак кишининг номаҳрам аёл билан шаҳвоний хаёлда кўришиши унга ўша маънода назар ташлашдан ҳам оғирроқ гуноҳдир. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бегона эркак-аёллар қўл бериб кўришганида шаҳвоний ҳирс бир-бирларига назар ташлагандагидан кўра қаттиқ ва тезроқ қўзғалар экан.

Имом Молик, имом Аҳмад, Насоийлар Умайя бинт Рақиқадан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен аёлларнинг қўлини олмайман», деганлар. Имом Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда у киши: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари ҳеч ҳам бирор (номаҳрам) аёлнинг қўлига теккан эмас», деганлар.

Имом Табароний Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингизнинг бошига темир игна суқилиши унинг учун ўзига ҳалол бўлмаган аёлни ушлаганидан яхшироқдир», дедилар».

Имом Аҳмад розияллоҳу анҳудан «Номаҳрам аёллар билан қўл бериб кўришиш жоизми?» деб сўрашганда, у киши «Йўқ», деб жавоб берган. Сўровчи киши «Кийими билан кўришса-чи? Яъни кийим ўртада тўсиқ бўлиб турса-чи?», деганида у киши яна «Йўқ», деб жавоб берган.

Жумҳур уламолар ушбу ва бошқа далиллар асосида бир-бирларига номаҳрам бўлган ва балоғатга етган эркак-аёлларнинг ҳатто қўл бериб кўришишларини ҳам ҳаром деганлар. Чунки кўришиш томонларни бир-бирларига яқинлаштирувчи омил саналади. Номаҳрамларнинг ўзаро яқинлашуви кўплаб ахлоқсизликларга, ёмон оқибатларга олиб келиши ҳеч кимга сир эмас. Буни ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Ушбу ҳақиқатни писанд қилмаган жамиятларнинг аҳволи барчага аён. Шу боис, номаҳрам эркак-аёлларга бир-бирлари билан учрашганларида саломалашиш билан чекланишлари лозим. Аммо эркак киши катта ёшдаги аёллар ва рағбат уйғотадиган ёшга етмаган қизчалар билан қўл бериб кўришиши истисно тариқасида жоиз санлади. 

 2. Маҳрамлар ўртасида. Уларга бир-бирлари билан қўл бериб, қучоқ очиб ёки ўпиб кўришишлари жоиз. Аммо бунинг шарти ‒ фитна хавфи бўлмаслиги, яъни томонларда ҳирс уйғониш ҳолати эҳтимоли кузатилмасиги лозим. Бу шарт кўпчиликка ғалати туюлса-да, айрим кишиларда, хусусан ўсмирларда бўлиши мумкин бўлган ҳолатдир. Хусусан, бугунгидек ахлоқий таназзул авж олиб, соф инсоний табиат бузилиб, маҳрамлар ўртасида ҳам никоҳни тарғиб қиладиганлар чиқиб турган бир пайтда бунда жуда ҳам эҳтиёт бўлиш лозим.

Демак, эркак киши ўз онаси, бувилари, опа-сингиллари, амма-холалари, жиянлари, фарзанд-набиралари каби доимий маҳрамлари билан кўришиши мумкин. Бу маҳрамлар насаб жиҳатидан бўладими ёки эмикдошлик жиҳатиданми, фарқи йўқ. Аммо эркак ўз аёлининг опа-синглиси, жияни, амма-холаси каби вақтинчалик маҳрамлар билан кўришиши мумкин эмас. Аёл киши ҳам ўзининг ота-бобоси, ака-укаси, амаки-тоғаси ва жиянлари каби доимий маҳрамлари билан кўришса жоиз. Аммо эрининг ака-укаси каби вақтинча маҳрамлар билан кўришиши ҳалол эмас.

Маҳрам эркак-аёллар бир-бирлари билан кўришганларида одоб-ахлоққа риоя қилишлари лозим. Кўришганда ўзларида ҳирс уйғониш хавфини сезсалар, кўришмасликлари керак. Ўпиб кўришганда пешонадан, қўлдан ўпиб кўришилади, лабдан ўпиш мумкин эмас, юздан ҳам ўпмаган яхши. Бегоналар олдида қучоқ очиб ёки ўпиб кўришмасликлари даркор, чунки бу одобсизлик бўлади ва кишиларнинг кўнгли бузилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу боис,  уламолар онадан бошқа маҳрамлар билан қўл бериб кўришиш билан кифояланишни тавсия қилганлар.

3. Эр-хотин ўртасида. Шаръий никоҳдан ўтган эр-хотинларга бир-бирларининг бутун таналарини кўриш ва ушлаш жоиздир. Бу шаҳват юзасидан бўладими ёки бўлмайдими, фарқи йўқ. Эркак кишининг уйдан чиқаётганда ва уйга келганда ўз аёли билан қучоқ очиб, ўпиб кўришиши ўзаро муҳаббатга сабаб бўлади.


ЁШ БОЛА БИЛАН КЎРИШИШ ВА УНИ ЎПИШ



Ёш болалар билан кўришилганда уларни ўпиб, эркалаш ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан, фазилатли амаллардан саналади. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алийни ўпдилар. Ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ҳам ўтирган эди. Ақроъ: «Менинг ўнта болам бор, уларнинг бирортасини ҳам ўпмаганман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарадилар-да, сўнг: «Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмас!», дедилар». Бошқа бир ривоятда айтилишича, «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», деганлар» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам куннинг бир қисмида йўлга чиқдилар. Ул зот менга ҳеч нарса демас, мен ҳам у зотга индамас эдим. Юриб Бану Қайнуқоъ бозорига етиб бордик. Ул зот Фотиманинг уйи олдига ўтирдилар. Сўнг: «Болача борми?» дедилар. Уни онаси бир оз тутиб қолди. Менимча, унга сихоб кийгизди ёки уни ювди. Шунда у шиддат билан югуриб келди. Уни қучоқладилар, ўпдилар» («Сихоб» – биздаги камзулга ўхшаш болалар кийими бўлиб, кийим устидан кийгизилади).

Эркак кишининг рағбат уйғотадиган ёшга етмаган қизчалар билан кўришиши, уларни ўпиб, эркалаши мумкин экани ҳақида имом Бухорий алоҳида боб очиб, уни «Бировнинг қизчасини ўйнашига қўйиб бериш, уни ўпиш ёки у билан ҳазиллашиш ҳақида» деб номлаган ва унда қуйидаги ҳадисни келтирган:

Умму Холид бинти Холид ибн Саъиддан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отам билан келдим, эгнимда сариқ кўйлак бор эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Санаҳ, санаҳ», дедилар. ‒ Абдуллоҳ ибн Муборак: «Бу («санаҳ» сўзи) ҳабаш тилида «гўзал» деганидир», дейди. ‒ Кейин нубувват муҳрларини ўйнай бошладим, шунда отам мени жеркиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни тек қўй», дедилар».

Аёл кишининг ҳам балоғатга етмаган ўғил болалар билан кўришиши, уларни ўпиши жоиз. Умму Салама онамиз баъзи тобеинларни болалик даврларида ўпиб, бошларини силаганлари ривоятларда келган. Бир маротаба Ҳасан Басрийга кўкрак тутганлари ҳам саҳиҳ хабарларда бор.

Имом Бухорий «Ал-Адаб ал-муфрад»да Иброҳим ибн Марзуқ Сақафийнинг ўз отасидан қилган қуйидаги ривоятини келтиради: «Абдуллоҳ ибн Зубайр мени уларга Ҳажжож қандай муомала қилаётганининг хабарини беришим учун онаси Асмо бинт Абу Бакрнинг ҳузурига юборарди. У менинг ҳаққимга дуо қилар ва бошимни силар эди. Ўшанда мен ёш бола эдим».

Имом Нававий шундай ёзади: «Кишининг меҳр-шафқат, лутф ва қондошлик муҳаббати юзасидан ўзининг кичик фарзанди ва инисининг ёноғидан ўпиши, шунингдек, ёноғидан бошқа жойидан – юз-кўзидан, қўли ва пешонасидан ўпиши суннатдир. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган бўлиб, улар саҳиҳ ва машҳурдир. Бунда бола ўғил бўладими, қиз бўладими, фарқи йўқ. Шу билан бирга, киши ўз дўстининг ёки бошқаларнинг кичик ёшли болаларини ҳам мазкур сабаблар юзасидан ўпиши суннатдир. Аммо шаҳват юзасидан ўпиш ҳаромдир, бунга барча уламолар иттифоқ қилганлар. Бунда ота-она ҳам, бошқа одамлар ҳам баробардир. Балки қондош ва бегона болаларга шаҳват билан қараш ҳам ҳаромдир».


ЖУНУБ КИШИ БИЛАН КЎРИШИШ МУМКИНМИ?



Айрим кишиларда жунуб ҳолда бўлиб, ҳали ғусл қилмаган киши билан кўришиш мумкин эмас, деган тушунча бор. Бундай нотўғри фикр дастлабки пайтда айрим саҳобаи киромларда ҳам бўлган экан. Бу ҳақда имом Термизий ўз «Жомеъ»ида «Жунуб киши билан кўришиш ҳақида» деган боб очиб, унда қуйидаги машҳур воқеъани нақл қилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Мадина кўчаларидан бирида йўлиқибдилар. У жунуб экан. «Шунда у зотдан яшириндим», дейди у. Бориб, ғусл қилибди. Кейин келса, у зот: «Қаерда эдинг, эй Абу Ҳурайра?» дебдилар. У: «Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолда ўтиришни хоҳламадим», дебди. Шунда у зот: «Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар».

Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида таъкидлайдиларки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қўл бериб кўришишдан ўзларини олиб қочган эканлар.

Имом Термизий мазкур ҳадисни келтиргандан сўнг бобга шундай хулоса ясайди: «Кўплаб аҳли илмлар жунуб киши билан кўришишга рухсат берганлар ҳамда жунуб киши ва ҳайзли аёлдан чиққан тернинг зарари йўқ, деб билганлар».


Ҳасанхон ЯҲЁ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсоннинг ҳақиқий муваффақияти қайси ўринда бўлмасин Аллоҳ азза ва жалланинг тавфиқидан сўнг илмга бўлган ҳиммати ва ихлосига боғлиқдир. Бу барча илм билан давоми...

2188 15:05 / 12.02.2022
Қўшничилик ҳақҳуқуқлари деганда шариат ва диёнат юзасидан қўшниларнинг бирбирларига нисбатан риоя қилишлари лозим бўлган вожиблар ва мажбуриятлар тушунилади. давоми...

3573 15:11 / 25.05.2018
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Бандаларига неъмат ва яхшиликлар берган фазлу карамли Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Тўхтовсиз кечаю кундузни айлантириб турган Роббимизга давоми...

6063 18:39 / 10.06.2017
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳунинг ёнига кирдилар. Ва Ҳазрати Билол бир идишга хурмо йиғиб қўйганини кўрдилар. Шунда .Эй давоми...

2799 12:15 / 09.03.2022
Аудиолар

119949 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41643 14:35 / 11.08.2021