1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қаҳф сураси, 103-105

05:00 / 23.01.2017 11858 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

103. Сен: «Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми?
104. Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир», дегин.

Эй Муҳаммад, сен одамларга бу дунёда қилган амаллари туфайли энг зиёнкор бўлувчилар ким эканини хабар қилайми, айтиб берайми, дегин. Уларнинг қилган амаллари охиратга қолиш у ёқда турсин, бу дунёнинг ўзидаёқ ботил бўлади. Қилган сайъи-ҳаракатлари бефойда бўлади. Ҳолбуки, улар ўзларича, жуда яхши иш қиляпмиз, деб ўйлайдилар. Ана шундай одамлар ким эканини айтиб берайми?


105. Ана ўшалар Роббилари оятларига ва унга рўбарў келишга куфр келтирганлардир. Бас, уларнинг амаллари ҳабата бўлди. Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз.

Яъни, юқоридаги икки оятда тасвирланган, амаллари беҳуда кетадиган, жуда яхши ишларни қилмоқдамиз, деб гумон этсалар ҳам, бу дунёнинг ўзидаёқ саъйи-ҳаракатлари ботил бўладиган кимсалар:

«Ана ўшалар Роббилари оятларига ва унга рўбарў келишга куфр келтирганлардир».

Яъни, улар Аллоҳнинг оятларига ва қиёмат кунига куфр келтирган кимсалардир. Шунинг учун ҳам:

«...уларнинг амаллари ҳабата бўлди». 

Бир неча бор айтиб ўтилганидек, «ҳабата» сўзи аслида заҳарли хашакни еб қўйган ҳайвоннинг қорни шишиб кетиши маъносини англатади. Сиртдан қараганда, ҳайвон хашак еб қорнини тўйғазганга ўхшайди. Аслида эса, қорнига кирган таомдан унга ҳеч фойда бўлмайди. Балки зарар етади. Ҳатто қорни ёрилиб ўлиши ҳам мумкин.

Шунга ўхшаш кофир ҳам, сиртдан қараганда, яхши иш қилаётганга ўхшайди. Лекин аслини олганда у худди заҳарли хашак тановул қилаётган ҳайвон каби, беҳуда уринаётган бўлади. Қилаётган амали зое кетади.

«Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз».

Яъни, қиёмат куни кофирларнинг ҳеч қандай қадр-қиймати бўлмайди. Уларнинг бу дунёда қилган амалларининг вазни ҳам бўлмайди. Чунки Аллоҳнинг наздида ҳамма қадр-қиймат ва амалларнинг вазни иймонга боғлиқ. Иймони йўқнинг қадри ҳам йўқ, қиймати ҳам йўқ. Унинг қилган ишининг вазни ҳам йўқ.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
208209. Эй иймон келтирганлар Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир. Агар очиқ баёнотлар келгандан кейин ҳам давоми...

4426 05:00 / 19.01.2017
Ушбу мавзу Улуми Қуръондаги энг нозик мавзулардан бири ҳисобланиб, уламоларимиз унга катта аҳамият берганлар. Бу мавзуга киришдан олдин ушбу икки нарса ndash муҳкам давоми...

3272 13:00 / 23.06.2020
Ва агар бандамизга нозил қилган нарсамиздан шубҳада бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг, агар ростгўйлар давоми...

4127 17:05 / 16.10.2017
Имом Ибн Касир қироати1 Ундан Муҳаммад ибн Қунбул қилган ривоят ҳақида бизга Абу Муслим Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Алий алБағдодий хабар берган. У айтганки.Бизга Ибн давоми...

4265 13:30 / 26.01.2021
Аудиолар

120110 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41777 14:35 / 11.08.2021