1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Қарз бериш ва олиш одоблари (1-қисм)

14:40 / 09.10.2017 11676 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир мусулмон муҳтож бўлиб, қарз сўради. Иккинчи мусулмон ўз биродарига ёрдам бериш ниятида унга қарз берди. Улардан бири қарз берувчига, иккинчиси қарздорга айланди. Шариатда иккиси учун ҳам ўзига яраша қоида ва одоблар жорий қилинган. Улар ўша қоида ва одобларга риоя қилишлари лозим бўлади.

Қарз берувчининг одоблари:

1. Қарз берувчи қарзи ҳасан бериши лозим.

Бировга қарз бериб, устига устама олмаслик, яъни судхўрлик қилмаслик «қарзи ҳасан» дейилиши юқорида айтиб ўтилган.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳаром йўл билан бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, зафар топсангиз» (130-оят).

Ҳофиз ибн Касийр раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилишларича, берилган қарзнинг муддати тугаб қолганда қарз берувчи қарздорга: «Ёки қарзингни тўла, ёки рибони кўпайтир», дер экан. Тўласа тўлади, бўлмаса қарз муддатини чўзиш эвазига рибонинг миқдорини ҳам кўпайтирар экан. Ҳар йили шундай бўлаверганидан кейин рибо бир неча баробарга кўпайиб кетар экан. Ушбу ояти каримада ана шу ҳолат муолажа қилинмоқда.

Нафси бузуқ баъзи кимсалар бу оятни ушлаб олиб, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Рибони бир неча баробар қилиб еманг», деган. Демак, бир неча баробар оширмай, маълум фоиз еса бўлаверади, деган даъволарни ҳам қилишади. Бу жоҳилликдир, Аллоҳ ҳаром этган нарсани ўзига ҳалол қилиб олиш йўлидаги ғаразли ҳаракатдир. Ҳолбуки, ояти карима воқеликдан келиб чиқиб, жоҳилият даврининг энг ёмон одатларидан бирини аста-секинлик билан муолажа этмоқда. Қолаверса, рибо ҳақида Қуръони Каримда фақат битта шу оятгина бор эмас, ахир. Рибонинг ҳаромлигини баён қилувчи асосий оятлар Бақара сурасида келган. Унда «Рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг», дейилган.

Гуноҳни, жумладан, рибохўрликни ҳамма ҳам осонгина тарк қилавермайди. Бунинг учун аввало Аллоҳ таолога тақво қилиш лозим:

«Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, зафар  топсангиз».

Албатта, Аллоҳга тақво қилган ва бу дунёю у дунёда нажот топишдан умидвор бўлган одамлар рибохўрлик қилмайдилар.

«Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган оловдан қўрқинг» (131-оят).

Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзах оловидан қўрқадиган одам ҳам рибохўрлик қилмайди. Имом      Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Бу оят Қуръони Каримдаги энг хавфли оятдир, чунки Аллоҳ мўмин бандаларга, агар улар Аллоҳ ҳаром қилган нарсадан четланмасалар, кофир бандалар учун тайёрланган дўзах ўтини ваъда қилмоқда», дер эканлар.

2. Қарз берувчи қарздорга яхши муомала қилади.

Кези келганда муҳлат беради, осонлаштиради, кечиб юборади.

Ночор ҳолга тушиб, турмуш кечириш ёки иш юритиш учун сармояга муҳтож бўлиб қолган шахс билан хайри-эҳсон ёки яхши қарз бериш ила молиявий алоқа олиб бориш лозим. Қуйидаги оятда ана ўша алоқалардан бири – қарзга оид ҳукмларнинг баёни келади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Агар ночор бўлса, бойи­гунича кутишдир. Садақа қилмоғингиз, агар билсангиз, ўзингиз учун яхшидир» (280-оят).

Мусулмонлик одоби агар қарздор ночор бўлса, қарз берувчини сабр қилишга, қарздорни қийин-қистовга олмасликка, у ўзини ўнглаб олгунича кутиб туришга чақиради.

«Агар ночор бўлса, бойигунича кутишдир».

Яъни агар қарздор ночор бўлиб, сиздан олган қарзини вақтида тўлай олмаётган бўлса, у бойигунича сабр ила кутиб туринг. Буни мусулмон бўлмаган одамлар тушуниши қийин. Айниқса, моддапарастларга бу иш мусибат бўлиб туюлади.

Ислом эса ундан ҳам каттароқ одим ташлайди. Қарз берувчиларга:

«Садақа қилмоғингиз, агар билсангиз, ўзингиз учун яхшидир», деб, қарзнинг ҳаммасини ёки баъзисини кечиб юборишга тарғиб қилади.

Имом Тобароний Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом:

«Кимки Ўзининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда Аллоҳ уни Ўз соясига олишини хоҳласа, ночорга енгиллик туғдирсин ёки ундан кечиб юборсин», деганлар.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: 

«Фаришталар сизлардан олдин ўтганлардан бирининг руҳини қабул қилиб олдилар. Сўнгра унга:

«Бирор яхшилик амал қилганмисан?» дедилар.

«Йўқ», деди у.

«Эсла», дедилар.

«Одамларга қарз берар эдим. Йигитларимга камбағалга муҳлат беришни, бойдан осонлаштиришни амр қилар эдим», деди.

Аллоҳ таоло: 

«Унинг ҳам (ишини) осонлаштириб юборинглар», деди».

Бошқа ривоятда:

«Магар, мен молдор одам эдим ва одамларга қарз берар эдим. Бас, бойдан қабул қилар, камбағалдан кечиб юборар эдим». Бас, Аллоҳ таоло: 

«Бандамни кечиб юборинглар», деди» дейилган. 

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Молиявий муомалаларда қийин ҳолга тушиб қолган одамга енгиллик яратиш қанчалик яхши ва савобли иш эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади.

Ҳеч яхшилиги бўлмай, фақат ҳақни талаб қилишда ноилож ҳолда қолган одамдан қарзини кечиб юбориш билан ҳам охиратда енгилликка эришиш мумкинлиги ушбу ҳадисдан кўриниб турибди.

Бой-бадавлат одамнинг имкони яхши бўлади. Қарздор эса доимо ноқулай ҳолатда бўлади. Ана шу ҳолатни эътиборга олиб, осонлик яратган бойга қиёмат куни Аллоҳ таоло томонидан осонлик яратилар экан. 

Бойлар ушбу ҳақиқатни яхши эслаб қолишлари керак. Қарздорлар ҳам кечиктирмай, яхшилик билан ўз қарзларини адо этишлари кераклиги ўз ўрнида зикр этилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан баъзисини ўтиб юборса, уни Аллоҳ қиёмат кунида, Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Аршининг соясига олади», дедилар». 

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

Қарздор камбағалга қарзини узиш учун муҳлат бериши ёки унинг қарзидан баъзи қисмини кечиб юбориши қанчалар яхши эканини ушбу ҳадиси шарифда кўриб турибмиз. Энди унга амал қилиш қолди, холос.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши масжидда Ибн Абу Ҳадраддан қарзини беришни талаб қилди. Бас, икковларининг овозлари кўтарилди. Ҳаттоки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уйлари ичида туриб эшитдилар. Кейин икковлари томон чиқдилар, ҳужраларининг пардасини очиб туриб:

«Эй Каъб!» деб нидо қилдилар.

«Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули», деди у.

«Қарздан бунчасини қўй», деб ярмига ишора қилдилар.

«Батаҳқиқ, шундай қилдим, эй Аллоҳнинг Расули», деди.

«Тур, қарзни адо эт», дедилар». 

Учовлари ва Насоий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда исмлари зикр этилган Каъб ибн Моликдан қарздор бўлган Ибн Абу Ҳадраднинг исм­лари Абдуллоҳ ибн Абу Салама ибн Умайр ал-Асламий. У киши Худайбия ва ундан кейинги ғазотларда иштирок этганлар. Бир неча бор вазифа билан турли томонларга юборилган жангчилар гуруҳига амир бўлганлар. Ҳижрий етмиш иккинчи санада вафот этганлар.

Ўша киши Каъб ибн Моликдан қарздор эканлар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида учрашиб қолишиб, қарз ҳақида гап чиқибди. Қизишиб кетиб, икковларининг овозлари баланд кўтарилиб кетибди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гапга аралашибдилар. Ҳужраларининг пардасини очиб, Каъб ибн Моликни чақириб, «Қарзнинг ярмини кечиб юбор», деб ишора қилибдилар. Каъб ибн Молик дарҳол рози бўлибдилар. 

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздор Ибн Абу Ҳадрадга:

«Тур, қарзни адо эт», дебдилар.

3. Қарз устига савдо қилмайди.

«Сунан» эгалари келтирган ривоятда: 

«Қарз устига савдо ҳалол эмас, бир савдода икки шарт ҳам, зомин бўлмаган нарсанинг фойдаси ҳам, ҳузурингда бўлмаган нарсани сотиш ҳам», дейилган.

Қарз устига савдо қилишда бир одам иккинчисига бир нарсани қарзга беради. Кейин эса ўша нарсанинг устига нарх қўйиб, унга сотади. Рибо шубҳаси борлиги учун бундай савдога рухсат йўқ. Чунки Исломда қарздан фойда олиш мумкин эмас, бу рибохўрлик бўлади. Қарзнинг устига фойда қўйиб савдо қилинганда ҳам шундай бўлгани учун бу ман қилинган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Қарз ва унга боғлиқ масалалар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарлик шарафига лойиқ кўрилган элчиларига салоту саломлар бўлсинҚарзни ўташ, ризқ зиёда бўлиши, ризқнинг тезда келиши учун қилинадиган давоми...

16061 05:00 / 17.02.2017
ШИРКАТ ВА МУЗОРАБАБисмиллаҳир Роҳманир РоҳимАллоҳга ҳамд, Расулига салоту саломлар бўлсинСўнгМусулмон инсон Аллоҳ таолонинг буюрган ибодатларини вақтида давоми...

3321 05:00 / 17.02.2017
Қўл остидагилар деганда хизматчи, мардикор ва шунга ўхшаган кишига қарам бўлган шахслар кўзда тутилади.Убода ибн Валид ибн Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан давоми...

3314 05:00 / 17.02.2017
.Рибо, луғатда зиёда маъносини англатади. Шариатда эса молни молга алмаштиришда эвазсиз ортиқча мол олишга айтилади. Рибо судхўрлик бечораларнинг ночорлигидан давоми...

6863 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

120082 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41748 14:35 / 11.08.2021