1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Каъба неча марта бино қилинган?

05:00 / 16.01.2017 6146 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Каъбанинг неча марта қурилганини билиш учун "Саҳиҳи Бухорий"нинг машҳур шарҳлари "Умдат ал-қори", "Фатҳ ал-Борий", "ал-Иршод" кабилар, тарих китобларидан "Тарих ал-Азрақий", "ал-Жомеъ ал-латиф" кабилар, Иброҳим Рифъат пошшонинг машҳур "Миръот ал-ҳарамайн" ҳамда бошқа тафсир ва сийрат китобларига мурожаат қилиб, улардаги маълумотларни тўпланганда, Каъба жами ўн марта қайта қурилгани маълум бўлади:


1)    Илк бор Каъбани Одам ато (а.с.) яратилишидан анча аввал фаришталар бино қилганлар. Фаришталар аршни тавоф қиладилар. Сўнг Байт ал-маъмурни бино қилганлар. Фаришталарга уни ҳар куни тавоф қилиш буюрилган. Ҳар куни етмиш минг фаришта Байт ал-маъмурни тавоф қилса-да, ҳалигача улар иккинчи бор қайта тавоф қилмабдилар. Сўнг ерда унга ўхшаш бир тавоф қиладиган муқаддас Байтни бино қилиш буюрилибди. Аллоҳ таоло унинг қадрини юксак қилибди. Бу Одам ато (а.с.) яратилишидан икки минг йил аввал бўлган.

2)    Иккинчи марта Одам ато алайҳиссалоту вассалом бино қилган. Бунинг ривоятини Имом Байҳақий "Далоил ан-нубувва" асарида марфуъ ҳадис сифатида келтирган.

3)    Учинчи бор Каъбани Одам ато (а.с.)нинг фарзандлари тош ва лойдан қурганлар. Бу Нуҳ (а.с.)нинг давригача турган. Нуҳ (а.с.) тўфонида уни фаришталар самога кўтариб кетганлар ёки сувга ғарқ бўлган.

4)    Тўртинчи бор Иброҳим (а.с.) Каъбани Аллоҳ таолонинг амрига биноан бино қилган. Иброҳим (а.с.)нинг Каъбани қурганлиги Қуръони каримда баён қилинган. Ибн Касир унинг биносини Каъбанинг илк қурилиши деб зикр қилади. Унинг фикрича, Каъбанинг Халилуллоҳ (а.с.)дан аввал қурилганига ишончли хабарлар йўқ.  Аслида, бу борада ривоятлар жуда кўп бўлиб, ишончли тарихий манбаларда зикр қилинган. Бу борада тарихий хабарларнинг ўзи кифоя қилади, энг асосийси, Қуръонда ёки саҳиҳ ҳадисларда уни инкор қиладиган фикрлар йўқ.

5)    Бешинчиси Амолиқаларнинг қургани. Амолиқа Мусо (а.с.) даврида яшаган такаббур, қўпол инсонларнинг бир тоифасига нисбатан айтилган. Уларнинг авлодлари Шомда ва араб диёрларида истиқомат қилганлар. Амолиқалар ҳам Каъбани вайрон қилиб, ўзлари қайта қурган эканлар. 

6)    Олтинчиси Жарҳамликларнинг биноси. Жарҳам Ямандан тарқалган илк араб қабиласи ҳисобланади. Арабларнинг илк ёзувларига ҳам шулар асос солганлар. Улар беш асрдан кўпроқ муддат Маккада истиқомат қилганлар. Кейинчалик бошқа жойларган тарқалиб кетганлар. Бу борада ал-Фокиҳий ўз санади билан Ҳазрати Али (к.в.)дан ривоят келтирган. Ушбу даврдаги Каъбанинг меъмори жарҳамликларнинг подшоҳи Ҳорис ибн Маззоз ал-асғар бўлган экан.

7)    Қусай ибн Килобнинг биноси. У Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг катта боболари бўладилар. Уни Зубайр ибн Баккор зикр қилган.

8)    Қурайшликларнинг Расулуллоҳ (с.а.в.) пайғамбар бўлмасларидан ўн беш йиллар илгари қайта қурганлари. Бу қурилишда Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам иштирок қилганлар, амакилари Аббос билан биргаликда тош ташиганлар. Ҳажар ал-асвадни жойига ўрнатишда қабилалар орасида жанжал чиққанида, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг шарофатлари ила жанжал тўхтаган. Қабилалардан биттадан вакил кўтариб турган муқаддас қора тошни ул зоти шариф ўз қўллари ила жойига қўйганлар. Абу Довуд ат-Таёлусийнинг бу борада ишончли ривояти мавжуд.

9)    Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.)нинг Каъбани қайта қургани. 64 ҳижрий йилда у Язид ибн Муовия билан жанг қилади, шунда Каъба манжаниқдан отилган тошлардан вайрон бўлади ва ёниб кетади. У Каъбанинг Иброҳим (а.с.) қурган пойдеворини топади ва қурайшликлар қўшган жойларини ҳам киритиб, қайта тиклайди. Унга шарқдан ва ғарбдан ер баробар очилган икки эшик ўрнатади. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг охирги орзуларидан бири ўлароқ ясси камон ҳолида қўйилган ҳатимни ҳам Каъбага қўшиб тиклатади. Ушбу қурилиш 65 ҳижрий йилда (684 м.) тугалланган.

10)    Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафийнинг Каъбани қайта тиклагани. Бунда жоҳилият даврида қурайшликлар қурган ҳолатга қайтарилган. Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.) қатл қилинганидан сўнг Ҳажжож халифа Абдулмаликка мактуб ёзиб, Каъбани қайта қуриш лозимлигини, Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.) уни ўзгартирганини баён қилади ва қайта қуришга халифанинг рухсатини олади.

Юқоридаги Каъба қурилишлари ҳақида қуйидаги байт ҳам айтилган:

بنى بيت رب العرش عشر فخذهم \ ملائكة الله الكرام و آدم

فشيث و ابراهيم ثم عمالق \ قصى، قريش قبل هذين جرهم

و عبد الإله بن الزبير بنى كذا \ بناء لحجاج و هذا متمم

Анваршоҳ Кашмирий "ал-Арф аш-шазий"да Каъбанинг жами қурилишлари йигирма иккита бўлган, деб қайд қилган. Бироқ, бу борада тарихий маълумотларни келтирмаган.

Ибн Абдулбарр ва Қози Иёз айтишига қараганда, халифа Ҳорун ар-Рашид (ёки Маҳдий ёки Мансур) Каъбани худди Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.) қилганидек қайта қуришни режалаштирган ва бу борада Имом Молик (р.ҳ.) билан маслаҳатлашган. Шунда Имом Молик (р.ҳ.): "Агар шундай қилинса, мен подшоҳларга Каъба қурилиши одат бўлиб, ўйинга ўхшаб қолармикин, деб қўрқаман!" деган. Шу билан Каъбанинг қайта қурилиши масаласи тўхтатилган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний "Фатҳ ал-Борий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий"да нақл қилишича, Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр (р.а.) Каъбани қайта қураётганида худди ўша гапни буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) унга айтган эканлар. "Мусаннафи Абдурраззоқ"да келишича, Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.): "Агар мен Ибн аз-Зубайрнинг ўрнида бўлганимда, ҳажар ал-асваднинг ҳаммасини Каъбанинг ичида қўяр эдим, токи одамлар ёпирилиб, тиқилинчда уни ўпишга ҳаракат қилиб юрмасдилар", деган.

Халифа Абдулмалик Ҳажжожга Каъбани қайта қуришга изн берганига кейинчалик бир неча марта афсусланган экан. Ҳажжож қурилишидан кейин Каъбанинг асл кўриниши гарчи бир неча марта таъмирланган бўлса ҳам ўзгартирилган эмас.

Каъбанинг охирги таъмирлари Саудия Арабистони барпо бўлганидан кейин бўлиб ўтган. Бугунги кунда Каъбани таъмирлашдан кўра унинг атрофидаги Масжиди ҳаромни қайта қуришга кўпроқ эътибор берилади.


Муҳаммад Юсуф Баннурийнинг "Маориф ас-сунан" асари асосида (6-жилд. – Покистон: Каротши, 1413. – Б. 179-182) тайёрланди. Ҳамидуллоҳ Беруний.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳaжжи бaдaл қaндай узрлaр сабабли жoиз бўлaдиЗиммасига ҳаж фарз бўлган ҳар қандай киши номидан бошқа бир кишини ҳaжжи бaдaл қилиш учун жўнатиш жoиз эмас. У, яъни ҳажжи давоми...

3488 05:00 / 16.01.2017
1. Қурби етган одам ҳаж қилиши.2. Аллоҳ зикрини кўпайтириш.3. Масжидни жамоатда иштирок этиш билан обод қилиш.4. Нафл намозларни кўпайтириш.5. Нафл рўза тутиш.6. Қуръон давоми...

2043 06:00 / 18.06.2023
Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни бошқа кунлардан кўра ортиқроқ ва афзалроқ қилиб қўйиши бандаларига савобларини кўпайтириб олишлари учун берган давоми...

4982 06:00 / 19.06.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Тонга қасам. Зулҳижжа ойидаги аввалги ўн кечага давоми...

25745 10:00 / 17.06.2023
Аудиолар

118746 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40707 14:35 / 11.08.2021