820 13.10.2017

Аллоҳ таоло:

«Роббингиздан мағфират сўранг. Албатта, У Ғаффордир», дедим. Шунда устингизга ёмғирни мўл‑кўл қилиб юборадир. Ва сизга мол‑мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғ‑роғлар қилиб берур ҳамда анҳорлар қилиб берадир», деган («Нуҳ» сураси, 11-оят).

«Истиғфор» сўзининг луғавий маъноси «беркитиш» ва «устини ёпиш»дир. «Аллоҳ мағфират қилди» дегани «гуноҳни беркитди» деганидир. Истиғфор (гуноҳнинг кечирилишини) сўрашдир.

Истиғфор уламолар истилоҳида дуо, тавба ва бошқа тоатлар ила гуноҳнинг мағфират қилинишини сўрашдир.

Амалда банданинг «Астағфируллоҳ» ва шу маънодаги калималарни тилида айтиб, дили билан тасдиқлаши истиғфордир. Умумий маънода эса истиғфор диндорликни ифода этади.

«...Шунда устингизга ёмғирни мўл кўл қилиб юборадир. Ва сизга мол мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғ роғлар қилиб берур ҳамда анҳорлар қилиб берадир».

Буюк ватандошимиз Имом Абул Баракот Насафий ўзларининг «Мадорик» номли машҳур тафсирларида ушбу ояти кариманинг тафсирига қуйидаги қиссани келтирадилар:

Ҳазрати Имом Ҳасан Басрий ўз даврларида бир гуруҳ кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганларида бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилибди. Ҳазрати Имом Ҳасан Басрий «Истиғфор айтинглар», деб маслаҳат берибдилар.

Иккинчиси келиб, камбағалликдан, учинчиси фарзандсизликдан ва ҳоказо шикоятлар қилибдилар. Уларнинг барчаларига «Истиғфор айтинглар» деган маслаҳатни берибдилар.

Шунда суҳбатдошлардан Робийъ ибн Субайҳ ҳазрати Ҳасан Басрийга мурожаат қилиб:

«Эй Имом, сизга турли кишилар турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси недур?» дебди.

Ҳазрати Имом бу саволнинг жавобига юқорида келтирилган оятларни ўқиб берибдилар.

Мазкур оятда истиғфор ва ризқларнинг бир-бирига боғлиқлигига ишора қилинмоқда. Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида қалб поклиги, диндорлик ва ҳидоятда юришдан ризқнинг мўллиги, фаровонлик ва серобчилик келиб чиқиши таъкидланган.

Жумладан, «Аъроф» сурасида «Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни касб қилган нарсалари туфайли тутдик...», дейилади (96-оят).

Шунга ўхшаш оятлар «Моида», «Ҳуд» ва бошқа сураларда ҳам бор.

Демакки, қайси халқ Аллоҳдан қўрқса, яхши амалларни қилса, адолат ва омонликни жорий қилса, Аллоҳ у халқни ер юзида пешқадам қилиб қўяди. У халқ фаровонлик, тараққиёт ва бахтли ҳаётга эришади.

Гоҳида Аллоҳдан қўрқмайдиган, иймонсиз халқлар ҳам фаровонликка етишиши мумкин, лекин бу синов учун бўлади. Кейинроқ ҳақиқий ҳолат зоҳир бўлиб, кўзга кўриниб турган фаровонлик ортидаги муаммолар ошкора бўла бошлайди. Бу Парвардигорнинг Ўзидан қайтган, бандаларига юборган азобининг бошланиши бўлади.

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида:

«…ва улар фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрарлар – гуноҳларни Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? ‎‎– ва улар била туриб қилган ишларида бардавом бўлмаслар‎‎»деган (135-оят).

Маълумки, тақводорлик мўминларнинг олий даражаси ҳисобланади. Ҳозир ўрганаётган ояти каримамизда тақводорларга улкан даражалар ваъда қилинмаётир. Лекин ушбу оятда фаҳш иш ёки ўзига зулм қилган одамлар ҳам тақводорлар сафидан ўрин олишлари мумкинлиги айтилмоқда.

Бу нимага далолат қилади? Бу Ислом динининг бағри кенглигига далолат қилади. Бу Исломда инсоннинг табиатини ниҳоятда чуқур билиб, ўзига яраша муомала қилинишидан далолат беради. Инсон нима бўлганда ҳам, инсондир. Ҳаёти давомида турли қийинчиликларга, иғво ва чалғитишларга учрайди. Баъзи вақтларда заифлиги тутиб, ҳавою нафсининг сўзига кириб қўяди. Бундай пайтда дарҳол ўзига келиб, ояти каримада зикр этилаётгандек, «Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрарлар».

Хўш, буларга қандай муносабатда бўлиш керак? «Сен фалон ишни қилиб қўйдинг, бўлди, энди умидингни узавер», дейиладими? Йўқ! Ислом тавба эшигини кенг очиб қўйган. Бандалиги, ожизлиги тутиб, баъзи гуноҳларни қилган бўлса ҳам, тақводорлар сафига қўшилиш имкони бор. Фақат бир шарти бор, у ҳам бўлса: «Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрарлар» ва «...ва улар била туриб қилган ишларида бардавом бўлмаслар».

Ана шундагина бундай бандалар тақводорлар сафига қўшилиш имкониятидан маҳрум бўлмайдилар. Аммо тавба қилмасалар ва билиб туриб, гуноҳларида яна давом этаверсалар, бу имконият уларга ҳеч қачон берилмайди.

Демак, бир марта билмасдан ёки заифлик қилиб гуноҳ қилиб қўйган одам дарров тавба қилса ва гуноҳдан тўхтаса, шундагина тавбаси қабул бўлар экан. Бу қоида мағфират бобидаги барча оят ва ҳадисларга тегишлидир. Баъзи нафси бузуқ одамлар оғзида «Тавба қилдим», деб қўйиб, қайта-қайта гуноҳ қилаверсалар, бу ҳукмга кирмайдилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон яхшилаб таҳорат қилиб, икки ракъат намоз ўқиб, сўнгра истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни кечиради», деганлар.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Ким бир ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни Ғофур, Роҳийм ўлароқ топадир»деган (110-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло гуноҳ қилган бандаларга Ўзининг марҳамати, фазлу карами ва бағри кенглигидан хабар бермоқда. Бу ояти карима ҳақида ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:

«Аллоҳ Ўз бандаларига карами, афви, ҳилми, раҳматининг кенглиги ва мағфиратининг беқиёслиги ҳақида хабар бермоқда. Кичикми-каттами, кимки гуноҳ қилса-ю, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли Зот топади. Гарчи гуноҳлари осмонлару ердан, тоғлардан катта бўлса ҳам».

Ибн Жарийр Абдуллоҳдан ривоят қиладилар:

«Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:

«Бани Исроилдан бир киши гуноҳ қилса, ўша гуноҳнинг нима билан ювилиши эрталаб эшигига ёзилиб қолар эди. Кийимига пешоб тегса, ўша жойни қайчи билан қирқиб ташлар эди», дедилар.

Бир киши:

«Аллоҳ таоло Бану Исроилга хўп яхшиликни ато қилган экан-да», деди.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:

«Сизга берган нарсаси уларга берганидан яхшидир. Сувни сиз учун покловчи қилиб қўйибди. Аллоҳ таоло: «Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли Зот топади», деб қўйибди», дедилар».

Демак, Аллоҳ таоло томонидан берилган бу улкан фазлга муносиб бўлиш лозим. Мусулмон киши билиб-билмай бирор ёмонлик содир этиб қўйса, дарҳол истиғфорга, тавбага шошилиши лозим.

Аллоҳ таоло яна «Бақара» сурасида айтади:

«Ва Аллоҳдан мағфират сўранглар. Албатта, Аллоҳ Ғафурдир, Роҳиймдир» (199-оят).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада ҳажда юрган бандаларини истиғфор айтишга буюрмоқда. «Ҳаж қилдим, гуноҳим ювилди», деб ғурурга кетмасин. Мана шундай улуғ мақомда ҳам ўзида камчилик сезсин. Истиғфор айтиш бандани улкан бахту саодатга ҳам эриштиради.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини кушойиш қилади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради», деганлар.

Аллоҳ таоло яна:

«Сабрлилар, ростгўйлар, итоаткорлар, нафақа қилувчилар ва саҳарларда мағфират ‎‎сўровчилардир»деган («Оли Имрон» сураси, 17-оят).

Ушбу сифатлар Ислом жамияти аъзоларининг ҳар бири учун зарурий сифатлардир.

Сабр қилувчи бўлишдамашаққатларга чидаш, иймон тақозо қиладиган ишларни амалга ошириш, Аллоҳнинг ҳукмини розилик билан қабул қилиш ва бошқа кўпгина фазилатлар бор.

Содиқликда ўзи ишонган ҳақ билан иззатли бўлиш, заифликдан устун туриш маънолари бор.

Аллоҳга доимий тоат қилувчибўлишда эса Парвардигори оламнинг ҳаққини адо этиш, бандалик вазифасини бажариш маънолари бор.

Нафақа қилувчи бўлишдамол сарфлашда сахийлик, молга сиғиниш дардларидан халос бўлиш, одамлар ўртасида инсоний биродарлик бурчларини адо этиш маънолари бор.

Саҳарда истиғфор айтувчи бўлишдаэса энг гўзал ва соф тонг чоғида Аллоҳ таолога дардини очиб солишдир.

Мазкур сифатларга эга бўлган одамлар учун барча нозу неъмат, роҳат-фароғат устига, Аллоҳ таолодан розилик ҳам бор.

Саҳар чоғида қалб мусаффо, руҳ тинч бўлади, у вақтда бедор бўлишнинг ўзи катта фазл ҳисобланади. Боз устига, у вақтда истиғфор айтиш истиғфор эгасини юксак мартабаларга эриштиради. Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кечаси намоз ўқиб бўлиб, хизматчиларидан:

«Эй Нофеъ, саҳар кирдими?» деб сўрар эдилар.

Агар Нофеъ «Ҳа», деса, тонг отгунча дуо ва истиғфор билан машғул бўлар эдилар.

Аллоҳ таоло яна:

«Модомики сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики улар ‎‎истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчимас», деган («Анфол» сураси, 33-оят).

Аллоҳ таоло уларга ҳалок қилиб битирувчи азоб юбормаслигининг иккита сабаби бор экан. Биринчиси – Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг борликлари. Чунки Аллоҳ таоло у кишини барча одамларга раҳмат қилиб юборган. Ораларида шундай зот турган қавмни Аллоҳ оммавий азобга дучор қилишни ирода қилмаган.

Иккинчи сабаби эса – уларнинг истиғфор айтишлари. Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўрашларидир. Чунки истиғфор айтилса, яхшиликдан умид бор бўлади.

Аллоҳ таоло яна:

«Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар»деган («Заарийаат» сураси, 18-оят).

Саҳар чоғида туриш, истиғфор айтиб, гуноҳидан кечишини сўраш жуда ҳам фазилатли иш бўлиб, буни қилган кишилар хайр-барака, улуғ мартабаларга эришадилар. Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча «Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман? Сўровчи борми, сўраганини бераман», дейди», деганлар».

Шунинг учун иложи борича саҳар чоғи туриб, ибодат қилиш, истиғфор айтишга уриниш лозим.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)