1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ишончсизлик ила ўтирганлар ва ўтирғизилганлар орасидаги фарқ

19:13 / 18.10.2017 4232 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ўтирдиларми ёки ўтирғизилдиларми?» дейилди.

Агар улар ўтирган бўлсалар, туришлари ва талаб қилишлари лозим. Ана шундагина тамадан ва қалбнинг бузилишидан сақланадилар, нафснинг фитнасидан ҳимояланадилар. Муҳтожлик уларни шубҳали нарсани олишга ва бойларга лаганбардорлик қилишга олиб бормайди. Агар бермасалар, уларни ёмон кўрасан. Албатта, уларни ёмон кўришинг фитнадир. Уларни маломат қилишинг эса қалбинг учун ўша молдан ҳам кўра шиддатлироқ бузуқликдир.

Тамани кесишинг, аввало, талабга юзланишинг ила бўлади. Аллоҳ амр қилган нарса асосида турли касбларни талаб қилишда бардавом бўласан, унда тақвони ишга соласан, ана ўшандагина эртаю кеч ўзинг учун ҳалолни талаб қилишда жидду жаҳд қиласан.

Қайси ибодат бундан афзал?! Унга (нафл) рўза ва намоз ёки бошқа хайрли ишлар яқин кела оладими?! Батаҳқиқ, тамангнинг шиддати ва қувватини босдинг. Энди бундан кейин аҳли яқийннинг амалларига етишасан.

Қачон яқийнга етишсанг, таманг таг-томири билан кесилади ва қалбинг барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган Зот билан таскин топади. Зотан, У Зот демиш:

«...ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккул қил...»[1]

Кейин мазкур калиманинг ботинини кўрасан. Ана ўшандагина одамларнинг қўлларидаги нарсадан умид узишга эришасан. Аммо ушбу ишнинг бошланишида қалбингда шаҳватлар турган ҳолда яқийн эгаларининг қалбларига етишишни ирода қилсанг, бу бўлиши мумкин эмас нарсадир. Қандай қилиб ҳаво деб аталмиш шайтоннинг сояси мавжуд бўлган қалбда яқийн бўлиши мумкин?!

Ўтирганларнинг сифати

Яқийн қарор топишидан олдин ризқ талаб қилишни тарк қилсанг, нафсинг сени ҳалокатлар водийсига отган бўлади. Сен эса буни сезмайсан, хотинингни, болаларингни зое қиласан. Шу билан бирга, уларнинг ризқлари Аллоҳнинг зиммасида, деган даъвони қиласан.

У Зотнинг Танзилидаги

«...уларни маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир»[2] деган ҳукм қаерда қолади?

У Зот эмизиш тўғрисида демиш:

«...бас, уларга ҳақларини беринглар»[3].

«Анави тўғри йўл ва суннатни тарк қилувчидир, у қийинчиликда яшайди. Шу билан бирга, золим, тамагир ва аҳлининг ҳаққини поймол қилувчи ўлароқ вафот этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинмиш:

«Кишига таъминоти бўйнида бўлган кимсани зое қилиши гуноҳ учун кифоя қилур»[4].

Агар ўтирғизилган бўлсалар, уларнинг таъминотини кифоя қилгудек берурлар.

Мақтовли сифатларни ҳосил
қилишда ҳалол касбнинг ўрни

«Ўтирдилар» ва «ўтирғизилдилар» деган қавлингнинг маъноси нима?

«Ўтирдилар» – улар бир қавмки, ишларининг бошида тоатнинг ҳидидан бир оз ҳидлаганларида касб қилишдан дангасалик қилдилар. Уларга ризқда кенглик берилди. Дунё улар томон юзланди. Уларда тоатнинг асари кўринганида, ўзлари сезмаган ҳолда куйдилар, чунки қалблари уларни ато ва неъматлар ила икром қилган кимсаларга мойил бўлди. Шунда улар касбда мужоҳада қилишдан, яхшилик ва тақво баракасидан маҳрум бўлдилар. Улар карамли ахлоқлар билан хулқланишдан, одамларга саховатли ва очиқюз бўлишда, олди-бердида, савдо-сотиқда, ваъдага вафо қилишда, тарозида, ҳақларни муҳофаза этишда одамлар билан гўзал муомаладан маҳрум бўлдилар. Ҳолбуки, буларнинг барчаси ибодатдир ва нафс риёзатидир.

Улар юз ўгириб кетдилар ва бу яхшиликларнинг барчасини тарк этдилар. Фурсатидан олдин ўтириб олиш кулфатини ихтиёр қилдилар. Кўп ухлаш ва роҳатни устун қўйдилар. Ҳолбуки, уларга тик туриш ва саъй-ҳаракат қилиш вожиб эди.

Замон ва касбларнинг
бузуқлигини баҳона қилиш

Агар «Касблар бузилди», «Одамлар бузилди» ва «Омонат йўқолди», дейилса, уларга қарши «Сизлар нафсга қарши курашдан кўп қочувчисизлар, нафсга қарши курашдан, шиддатга қарши туришдан ва Аллоҳнинг дини учун қийналишдан қочган кимса қандай қилиб салоҳиятли бўлади?!» деймиз.

Ўтирғизилганларнинг сифати

 «Ўтирғизилганлар»га келсак, улар бир қавмки, касбни талаб қилишда тавба қилганларидан бошлаб Аллоҳнинг биз сифатлаган чегараларида туришда жидду жаҳд қилдилар, қийин ишларни зиммаларига олдилар, нарсаларга диққат билан назар солдилар, шубҳадан қўрқиб, кўп ҳалол нарсалардан парҳезкорлик қилдилар.

Шунинг учун Аллоҳ уларга бу ишларда доимо ёрдамчи ва қўлловчи бўлди. У Зот Ўзи айтганидек, ваъдасини амалга оширди:

«...Мўминларга нусрат бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган»[5].

Улар талаб борасидаги хорлик, камбағаллик, машаққат ва ғам-андуҳларга сабр қилдилар, тамагирлик офатларидан йироқ бўлдилар. Қарамоғидагиларнинг ҳақларини адо этдилар. Силаи раҳм қилдилар. Биродарларини унутмадилар. Етимлар, фақирлар, мискинлар ва беваларга меҳр кўрсатдилар.

Ана ўшалар сидқ ва вафо йўлидаги қавмдирлар. Улар У Зот огоҳлантирган нарсадан тақво қиладилар. Ўзига қарам бўлганларнинг ҳақларини адо этадилар. Бу борада аъзоларини муҳофаза қиладилар. Буларнинг барчаси улар адо этадиган фарзлардир. Кейин нафлларни бажариб, биродарларга ҳамдард бўладилар, етим ва беваларга меҳр кўрсатадилар, силаи раҳм қиладилар. Шу билан бирга, бошқа барча ишларда Аллоҳга итоаткор бўладилар.

У Зот уларни Ўзи ваъда берганидек, Ўз йўлига ҳидоят қилди:

«Биз учун жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз...»[6]

Чунки улар ишнинг аввалида ўзларига йўлиққан жидду жаҳд қилиш ҳақларини адо этдилар. У Зот деди:

«...ва Аллоҳ учун ҳақ жиҳод қилингиз...»[7]

Улар ҳақ жиҳод қилишни ўз ўрнига қўйишгач, У Зот уларга ваъда қилган ушбу қавлига вафо қилди:

«...(уларни) Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз...»[8]

У Зот уларни ҳидоят қилди, танлаб олди, қабул этди ва Ўзи ила машғул қилди.

Улар аҳрорлардир. Раҳмон уларни нафсларнинг шаҳватидан ва лаззатларидан озод қилгандир. Зотан, қалб бир нарса билан машғул бўлса, ундан бошқа нарсани унутур. Шундай экан, барча нарсанинг Робби ила машғул бўлса, қандай бўлур? Аллоҳ Ўз мулкидан уларнинг қалбларига барча зикр қилинганлар ичидаги улар унутган нарсаларни очди.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан, у Робби азза ва жалладан ривоят қилади:

«...Бандам унга фарз қилган нарсаларимдан кўра суюклироқ нарса билан Менга яқинлашмайди. Бандам Менга нафллари билан яқинлашаверади ва ниҳоят Мен уни яхши кўриб қоламан...»[9]

Бу унинг Робби азза ва жалла билан бўладиган ҳолидир. У Зотнинг Ўзи унинг ризқини осмонлару ерга юклаган. Ана ўшалар «ўтирғизилганлар»дир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Касбнинг баёни китобидан)


__________________________________

[1] Фурқон сураси, 58-оят.
[2] Бақара сураси, 233-оят.
[3] Талоқ сураси, 6-оят.
[4] Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривоят қилишган.
[5] Рум сураси, 47-оят.
[6] Анкабут сураси, 69-оят.
[7] Ҳаж сураси, 78-оят.
[8] Анкабут сураси, 69-оят.
[9] Бухорий ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни давоми...

3117 05:00 / 02.03.2017
Йорам Ван Клаверен исломга қарши китоб устида ишлаётган вақтида диний қарашларини ўзгартирганини маълум қилган. Бу ҳақда Dutch News манбаси хабар берди. У эксклюзив давоми...

1422 19:39 / 30.10.2022
Авф ибн алҲорис ибн атТуфайлдан ривоят қилинади. У Оишанинг она бир акасининг ўғли .Оишага у берган мол ёки ато ҳақида Абдуллоҳ ибн Зубайр .Аллоҳга қасамки, Оиша давоми...

5296 05:00 / 02.03.2017
Бундан бир неча ой муқаддам сайтимизда Даъватнинг 21аср кўринишиrdquo деб номланмиш гўзал бир мақола тайёрланган эди. Ана шу мақола анча муддат ўтган бўлса ҳамки давоми...

3221 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

120089 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41759 14:35 / 11.08.2021