1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

“Инсоннома” достони

05:00 / 07.03.2017 5850 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуғофур Собир Мирзонинг “Инсоннома” достони ҳақида


    Тан олиш керак: “Инсоннома” бугунги адабий жараёндаги гўзал бир кашфиёт бўлди. Унутилаёзган услуб адабиётда тикланди. “Қутадғу билиг”, “Маънавий маснавий”, Ҳазрат Яссавий ҳикматлари, “Сабатул ожизийн”… ва яна ўнлаб беназир назм ва ҳикмат жавоҳирлари. Одамзот учун ғоят зарур бўлган маънавий озуқа.


    “Инсоннома”ни ўқий туриб, мен ўтган улуғларимизни эсладим. Дастлабки тўртликларни ўқиган чоғдаёқ бу асарни беш-ўн шеърий китоблар муаллифи эмас, кечагина санъатда довруғ таратиб, энди адабиётда ўзини синаётган киши ёзганига ишонгинг келмайди. Нақадар қуйма сатрлар, нақадар чуқур маъноли ҳикматлар. Шоирнинг “Бул битикни демасдурман лиқ тўладир ҳикматга” деб ёзганини камтарликка йўямиз. Асарда бўш, пуч сатр йўқ. Бемақсад айтилган фикрлар йўқ.

 

            Сурар давринг вақтинча, бил,

                Қачонки кунинг ботди,

            Хонумонинг бефойдадур,

                Наф бермас олди-сотди…


    Инсонни иснодга қолдираётган урушлар ҳақида фикр юрита туриб шоир дейди:



            Мақсад недир? Вужудингни

                Иймонга тўлдиришми

            Ёки “уруш-уруш” ўйнаб

                Бир-биринг ўлдиришми?!


            …………………………


            Гар мақсадинг бузиш бўлса

                Мақсадингга етмагил,

            Яратганга аён ишинг,

                Бўлди, ўздан кетмагил!


    Ёки хато йўлдан тийилиш ҳақида ёза туриб дейди:



            Хато йўлнинг хатолигин

                Билиб қайтганга қойил!

            Демак, билди кимлигини

                Дили иймонга мойил.


    Шу каби ибрат бўларли сатрларни истаганча, ҳатто беҳисоб келтириш мумкин. Ишонамизки, нуктадонлик ила битилган бу асарни ўқиган ҳар бир одам ўзини инсон қилиб яратган Аллоҳга шукрлар қилгани ҳолда зиммасидаги вазифаларни, маъсулиятни ҳам ўйлаб кўради. Ҳаромдан қочади, ҳидоятга интилади. Асар маънавият гулшанидаги тоза ва хушбўй гуллардан эканлиги шубҳасиздир.



                Тоҳир  МАЛИК, 

                                   Ўзбекистон халқ ёзувчиси

                                    09. 12. 06.




ХИТОБЛАРДАН ТУЗИЛГАН КИТОБ

(Абдуғофур Собир Мирзонинг “Инсоннома” достони ҳақида сўз)


    Одатда шоирларнинг илк китоби шеърлардан тузилар эди. Аммо жаҳонгашта Абдуғофурнинг илк китоби “Инсоннома” достонидан иборат бўлди. Тўғри, жаҳон адабиётида инсон номи билан боғлиқ шеърлар, достонлар анча мавжуд.

    Йўқса бу қандай “Инсоннома”? Унда инсонлик шарафи кўкларга кўтариб мақталганми? Йўқ, унда инсон ақлига хитоб қилинган, инсонлик шарафини оёқости қилаётган инсонларнинг аҳволи ўзларига эслатиб қўйилган. 

    Муаллифнинг дардли-дармонли, аламли-армонли, ғазабли-шафқатли, аччиқ-тизиқ ва меҳрли сўзларининг боиси шу: инсон инсон бўла туриб, яхшиликдан оғаётгани, инсонликдан чиқаётгани, тобора ҳалокатга қараб кетаётгани, ўз оёғига ўзи болта ураётгани, инсоф-адолатини унутаётгани, ношукрлик ботқоғига ботаётгани. Муаллиф одамзод ўз-ўзини ва яратган Парвардигорини танишини хоҳлайди, бутун инсониятнинг нияти дунёдаги солиҳ зотлар ниятига мос бўлишини истайди.

    Ҳадиси шарифда: “Кимки ўз нафсини таниса, бас, у Раббисини танийди” деб марҳамат қилинган. Ушбу достон инсонга ўз-ўзини танитиш йўлида, уни яхшиликка қайтариш йўлида муаллифнинг бир нидоси, фарёди, чақириғидир.

    Достон шоирнинг биринчи асари эканини ҳисобга олсак, у илк битикдаёқ равон мантиқли фикрга, таъсирчан шеърий санъатга эришганини кўрамиз. Шоирнинг туйғулари жўш уриб турмаса, шеърий асар жарангдор чиқмайди. Бу достон эса жўшқин, жарангдор ва туйғуларга бой. Муаллиф талай бандларда ҳикмат айтишга ҳам интилган.

    Тўғри, достонда баъзан “Юзма-юз”, “Авлодларга мактуб”, “Руҳлар исёни” каби машҳур асарлар руҳи ёки оҳанги таъсири сезилиб туради. Аммо муаллиф ўз истеъдоди ва илми билан ўз сўзини айтишга эришган. Достон жанри муаллифга кенгликда яйраб, баралла сўзлашига имкон берган.


    Достоннинг илк нусхасини ўқиб, бўлимларга ажратиш, мос сорлавҳалар қўйиш, баъзи таъсирлардан тозалаш, исломий ақоидга мувофиқ келтириш, баъзи мавзулардан воз кечиш, хат усули ўрнига хитоб усулини қўллаш ҳақида ожизона фикларимизни билдирганимиздан кейин Абдуғофур ака узоқ вақт кўринмай кетди. Асарни сабр ва таҳаммул билан собирона ишлади. Яна зарур изоҳлар ва иловалар билан бойитди. Энди у илк китоби билан шеърият муҳибларининг меҳри ва ҳурматини қозона олади, деб умид қиламан.


    “Инсоннома” халқ наздида ҳам, Ҳақ наздида ҳам мақбул бўлишини, муаллиф ва китобхонларнинг дунёю охиратлари учун манфаъат келтиришини тилайман.



Мирзо  КЕНЖАБЕК     04. 12. 2006





Асарим ҳақида  айтарим


 Бисмиллааҳир-Роҳмаанир-Роҳийм.


    Алҳамдулиллаҳи Роббил-ъаламийн вал ъақибату лил-муттақийн вассолату вассаламу ъала саййидина Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.

 Барча борлиқни бор қилган, барчамизни Инсон қилиб яратган, Ер ва Осмонни, уларнинг орасидаги барча нарсаларни Инсон ихтиёрига бериб, биз – инсонларни шундай азиз ва мукаррам қилган меҳрибон ва раҳмли Аллоҳга беадад ҳамду санолар айтиб, Ҳабибуллоҳ, Хотам-ул анбиё, икки олам сарвари – пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу ъалайҳи васалламга салавоту дурудлар йўллаб, ул зотнинг аҳли байтлари, чаҳор ёрлари, саҳобаи киромларига Ҳақнинг раҳмату саломларини сўраб, ўтган барча азиз авлиёлар, пиру устозларга, жамики ўтган аждодларимизга яратганнинг раҳмату мағфиратини тилаб, ҳозирда ҳаёт ҳар бир инсонга Аллоҳнинг марҳаматини, солиҳ амал истаган ҳар банданинг ҳар бир хайрли ишига Ҳақ ривожини тилаб  бошлагум сўзимни.                                            

    Бул битигим ҳамда унинг битилиш тарихини бир оз баён қилгим келди муҳтарам мухлисга. Асли санъаткорман... Шул боис кўп мамлакатларни кездим, тил ўргандим, ҳар борган мамлакатларим тарихи билан қизиқдим ва шу аснода бутун олам, инсоният тарихига катта қизиқиш уйғонди мен бир бандаи ожизда. Кўплаб халқаро анжуманларда (халқаро эсперанто тили бўйича) иштироким бўлиб, она юртим, суюкли халқим номидан жаҳоннинг деярли барча давлатларидан келган дўстларга табрикларим ҳамда тинчлик, дўстлик ва биродарликка даъватларим бўлди. Юртимда унвонли ҳамда чет элларда халқаро кўрик танловларнинг ғолиби бўлдим. Алҳамдулиллаҳ...

    Дунёқарашимнинг тубдан ўзгаришига ҳамда ўз соҳамдан бир оз узоқлашишимга сафарларимдан бири сабаб бўлди. Барчаси Аллоҳнинг амри ила. 1994-йили Сеулга Халқаро Анжуманга бордим. Шу баҳона Жанубий Кореянинг деярли барча шаҳар, қишлоқларини кездим. Тил соҳасида маърузалар қилдим. Сўнгра Токиодаги Эсперанто Институтининг таклифи билан Японияга сафарим бошланди. Бу ажойиб мамлакатнинг ҳам йирик шаҳарларидан 19 тасида халқаро тилда маърузалар қилдим. Токиодаги олийгоҳ ҳамда Осакадаги Осиё маданияти ва маърифати марказидаги учрашувлар жуда узоқ бўлди. Барча учрашувлар чоғида тил соҳасидан ташқари, халқимиз ҳаётига, умуман Марказий Осиё халқлари ҳаётига оид, урф-одатларимиз, тилимиз, динимиз, маданиятимиз, юртимиз табиати, мустақиллик моҳияти ва албатта, халқимиз тарихи, ислом тарихи ҳақида саволлар ёғини бўлди (Ислом тарихига оид саволлар Европа мамлакатларига сафарларим чоғида ҳам кўп бўлган). Биз мактаб ва олий ўқув юртларида қайси тарихни ўрганганимиз ҳаммамизга яхши маълум. Меҳрибон Аллоҳ Ўзи инъом этган мустақиллик боис чоп этилган халқимизнинг рост тарихига оид, ислом тарихига оид китобларни кўриб юрганим иш берди. Саволлар имкон қадар жавобини олди. Ажнабий тингловчиларим қай даража қониқишди, билмадим, лекин жавобларимдан ўзим у даража қониқмаганим маълум. Сафар чоғида ҳар икки мамлакатнинг тарихини яқиндан ўрганишга ҳаракат қилдим. Шундан қониқдим, десам бўлади. Ҳар икки халқ тарихи, ўзаро урушлари тарихини у ерлардаги музейлардан ҳамда турли тарихий манбалардан ўқиб билдим. Хиросима ва Нагасаки таассуротларидан қаттиқ таъсирландим. Сафар таассуротларини ҳамда сафарларим ташкилига ёрдам берган барча дўстларимга халқаро матбуот орқали ўз миннатдорчилигимни билдирдим ўша кезлар. 


Кейинги бошқа мамлакатларга сафарларим чоғида ҳам мени асосан тарих қизиқтирарди... Тарих... Рост тарих... Бутун олам тарихи, юртлар тарихи, халқлар тарихи, қавмлар тарихи, айрим буюк зотлар тарихи, пайғамбарлар тарихи, улуғ алломалар ва улуғ саркардалар тарихи, хуллас, бутун инсоният тарихи, ИНСОН тарихи тинч қўймасди мени.

    Рост тарихни дунёдаги энг Рост Сўз – Қуръони каримни ўқиб ўрганишдан бошладим, тўрт мучалга тўлганимда. Араб тилидан бехабарлигим боис ўзбекча таржималарини бирга-бирга ўқишга киришдим. Ҳадис илмини изладим. “Бисмиллаҳ” билан бошланган китобларни изладим, йиғдим, изландим ва ҳали ҳамон изланишдаман ҳамда, Худо хоҳласа ҳали узоқ излангум. Яна такрор айтгум, бул имконият Аллоҳнинг халқимизга буюк неъмати – мустақиллигимиз боис. Агар бул имконият бўлмаса эди, рост тарихдан бехабар кетар эдик кўпимиз. 

 Рост тарих энг Тўғри Сўз – Қуръони азимуш-шаънда. Инсоннинг яралиш тарихини, қай мақсадда яратганлигини Яратганнинг Ўзи хабарини берди Буюк Каломида. Ўтмишдаги кўп қавмлар тарихини, алар аҳволидан Огоҳ Зот аларга Ўз огоҳлантиргувчилари ҳамда хушхабарчилари бўлмиш Расулларини қай мақсадда юборганлигини, сўнгра эса ул қавмлар қай оқибатлар топганликларининг хабарини Ўзи беради, Яратганнинг Ўзи. Бари бекор дегувчилардан Ўзи асрасин, астағфируллоҳ. Иймони муфассалда ёдга олингувчи муқаддас Китобларининг бари билан танишдим, Айримларининг рост қисмидан рост тарихни изладим. Ёлғон қўшганларга Аллоҳ Ўзи беражак жазосини эслатади Рост Китобида. Холиқ Ўзи яратган барча махлуқотининг, бутун мавжудотнинг тарихини, таърифини беради Ўз Каломида. Инсон ҳаёти, охират учун, ҳар икки дунё саодати учун буюк бир эслатма бу Буюк Калом. Бани башар бунёди, бу борлиқда борлигига боис, борар жойи, барча-барчаси бенуқсон, бетакрор берилган бу Буюк Каломда. Беадад ҳамду санолар бўлсин барча борлиқ боиси Боисга!




Истак эрмас шуҳратимни 

Кенг дунёга таратиш,

Мақсад – диққат -эътиборинг


Яратганга қаратиш.



    Асардан асосий мақсадим шул. Унинг кимлигини англатиш. Унга шукр қилиш. Беадад берганларига беадад шукр қилиш. Барча берганлари бадалига биздан ибодат истайди, холос, Холиқ. Шу бурчни астойдил англатиш мақсадим. Шеърий услубда, содда сатрлар орқали.



                  Бул барчасин бир кун охир

                Айтиши керак кимдир,

            Айтишга мен қарор қилдим

                Сабаб – сафларинг жимдир.


    Шундай сатрлар бор суҳбатим орасида. Айтишлари мумкин айтгувчилар кўп деб. Албатта, кўп, айрим давраларда. Барчаларига тасанно! Лекин халқаро миқёсда барчага, Бани башарга баралла айтишни истадим. Бунинг учун мени айбламас аллакимлар?! Яна мақсадим ҳар кимга кимлигини англатиш. Инсонликка иснод ишлари инсонликларини инкор қилаётган айримларга англатиш кимликларини.



            Инсон кимдир?.. У – сен, у – мен,

                Улар, сизлар ва бизлар,

             Лек бу номга лойиқ фақат

                Улким, ким Ҳақни излар.


    Яна айрим адашганларга айтганларим бор:


            Кимгадир хуш келиб, балки

                Холис бир фикр айтар,

            Иншоаллоҳ, кимдир, қайда

                Нопок бир йўлдан қайтар.    


    Иншоаллоҳ! Қанийди ўнтадан битта, юзтадан битта, ҳеч йўқ мингтадан битта қайтса эди ўша нопок йўлдан! Тасаввур қилинг, дунё бўйича қанча бўлишини! Олти миллион! Бу эса бутун бошли ўртача бир мамлакат аҳолисига тенг! Битганларим, билганларим, билдирганларим бари беҳуда бўлмасди. Иншоаллоҳ!

    Бир воқеа... Ёзаётган пайтим бир вилоятдан институтда бирга таҳсил олган қадрдон дўстим келиб қолди. Қўлёзманинг айрим бобларидан қисқартириб ўқиб бердим. Шунда дўстим: “Кифоя! Шу лаҳзаларда мен кимлигимни англаб бўлдим. Шунча йил яшаб, ҳеч ким менга кимлигимни шунчалик тушунтирмаган эди. Энди менга ибодатни ўргатинг” деди қандайдир бир мен аввал у дўстимда кўрмаган ҳаяжон билан. Беихтиёр кўзларимда ёш қалқди. Бу хуш ҳаяжон меҳнатимнинг илк маҳсули, муваффақияти эди. Бу – Аллоҳнинг ҳар иккимизга марҳамати эди! Алҳамдулиллаҳ!




            Бул битигим бошламасдир

                Бирон бир бузуқ йўлга,

            Ниятинг пок қилиб, сўнгра

                Олгин бу хатим қўлга...


            Мен ёзмадим бир миллатга

                Ёки маълум бир хонга,

            Ёздим умумбашар учун 

                Яъни, сенга – ИНСОНга!  


             Сен деб мурожаат қиламан Инсонга. Сабаб – мен ҳам шу зот вакили, алҳамдулиллаҳ!  Ниятим – ниятинг пок бўлиши, сенинг ниятинг, барчанинг нияти асл солиҳ зотлар ниятига мос ният бўлиш. Кимлигимизни билиш, кимданлигимизни билиш, ким кимга ким бўлишини билиш, ким кимга кўмак берадур, ким кимни камситадур, ким катта, ким кичик, кимлар келди-ю, кимлар кетди бу кўҳна дунёдан?.. Кўпайса кўпаядики, камаймас кўп кинояли бул саволлар... ИНСОН! Ким сени яратди ва нима мақсадда яратди? Асосий ишинг – олий бурчинг ва вазифанг қолиб, нималар қиляпсан бу кунда? Яратгувчинг берган Буюк Бешик – Она заминни не аҳволга солиб энди ўзга сайёраларга кўз тикасан бу кунда. Қавмларинг тарихига бир назар сол! Дунё тарихига, ўтмишингга бир қара! Бугун қай аҳволдасан? Келгусинг не бўлур? Кел, бир суҳбат қилайлик! Бирга-бирга Яратганга шукр айлаб, бир суҳбат қилайлик самимий...



            Сўровим шул: Диққат ила 

                Қулоқ тутгил сўзимга,

            Бу сўз сенга, бу сўз унга,

                Уларга ва ўзимга!


    Бул “суҳбат” эллик бобдан иборат. Иншааллоҳ давоми бўлғуси. Дуо сўраб қоламан дўстлардан... Суҳбат, дуо хусусинда яқиндаги бир воқеани ёдга олгим келди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари суҳбатга таклиф этдилар. Бошим кўкка етди. Хонадонларига бордим. Қўлёзмамни ўқиб кўрганликларини айтиб, ўз фикрларини изҳор этдилар. Мен номаъқул жойлари бўлса беаёв қисқартиришим мумкинлигини айтдим. Шунда Ҳазрат, олиб ташлайдиган мисралар деярли йўқлигини айтиб: “Булар бари бор нарсалар. Олиб ташлаш осон, лекин ёзиш қийин. Бунинг машаққатини яхши биламан” дедилар. Ақоидга оид айрим  хатоларга эътибор беришимни айтиб, шундай битик шу кунларда жуда зарур эканлигини таъкидладилар. Суҳбатимиз сўнгида Ҳазрат дуо қилдилар. Менинг ҳам дуода бўлишимни сўраб қолдилар. Ҳазрат ҳақларига, шу ўринда менга Ҳақнинг Буюк Каломи ҳарфини танитган устозларим – Каримуллоҳ ҳожи акага, ўғлим тенги устозим Шуҳратжонга, ўз маслаҳатлари ҳамда қимматли вақтларини аяшмаган севимли ёзувчимиз Тоҳир Малик акага, шоир, улкан илм соҳиби Мирза Кенжабек ҳожи акага ва бу китобнинг китоб кўринишига келгунча кўмак кўрсатган барча биродарларга Ҳақнинг розилигини сўраб, ҳаммаларига ҳар икки дунё саодатини истаб қолгум.

    Яна бир гап. Шайх Ҳазратлари билан аввалги суҳбатимизда ул зоти олий бир ҳақиқатни ёдимга солганликларини ёдга оламан. Узоқ давом этган суҳбат чоғида бул битигимнинг катта бир қисмини ёддан ўқиб берган эдим. Санъаткорлигим ўз самарасини берди, чамамда. Гап орасида ҳозирда санъатдан бир оз узоқлашганимни айтиб ўтдим. Лекин ўйлаб кўрсам, бу ишим ҳам санъат, бадиий сўз санъати эканлигини кейин англадим. Ул суҳбат чоғида мен қўшиқчилик санъати, саҳна санъатини назарда тутган эдим. Шайх Ҳазратлари кузатиш чоғида шундай дедилар:


– Агар санъаткор бўлмаганингизда балки дунё кезмас эдингиз, дунё кезмаганингизда бундай асар ёзмаган бўлур эдингиз ҳамда шунчалик таъсирчан ўқиб бермаган бўлур эдингиз. Ҳамма нарса Ҳақнинг хоҳиши билан! Шукр қилинг, дуода бўлинг!

Алҳамдулиллаҳ! Иншоаллоҳ дуода бўлгум.



Б и т и к    б о ш и 

“Бисмиллаҳ...” деб бошлагум, Ҳақ
    Олсин ўз паноҳига,
Барча ҳамду сано бўлсин
    Борлиқ мулкин Шоҳига.

Салавот, дурудлар бўлсин
    Ҳабиби, Расулига,
Ул Муҳаммад Мустафога –
    Ҳақнинг содиқ қулига.

Ҳақнинг раҳмат саломлари
    Бўлсин чаҳор ёрларга,
Асҳобларга, яъни ул дам
    Ул сафларда борларга.

Барча ўтган мўъминларга
    Тилаб раҳмат, мағфират,
Инсон, сенга иймон тилаб,
    Номингга ёздим бир хат.

Бағримда бир баҳр бўлди
    Фикрлар тома-тома,
Бул битикни битдим ҳамда
    Номладим “Инсоннома”.

Қўлда қалам ибодатим
    Сира қилмай канда ман,
Кечир, хатим бўлса хато,
    Мен ҳам ожиз бандаман.

Бул битикни демасдурман
    Лиқ тўладир ҳикматга,
Лиқ тўла дил ҳасратимни
    Ағдармишам бу хатга.

Йўқ, бу нома ҳасрат эмас,
    Эзгу ниятли хатдур.
Англагамасга оддий гапдур,
    Англаганга даъватдур.

Кимдир қарши бўлар балки,
    Кўнгли тўлмас бу хатдан.
Кимдир ҳисса чиқаргай бул
    Қиссаи насиҳатдан.

Кимгадур бул мақбул бўлар,
    Кимга мутлақ ёқмасдир,
Кимдир дилдан ўқиб кўрар,
    Кимдир қараб боқмасдир.

Қалбим ундар рост айтишга,
    У ёлғонни тўқимас,
Кимдур буни ёд олгайдир,
    Кимдир мутлақ ўқимас.


Кимгадир хуш келиб балки,
    Холис бир фикр айтар,
Иншааллоҳ, кимдир, қайда
    Нопок бир йўлдан қайтар.

Бул битигим бошламасдир
    Бирон бир бузуқ йўлга,
Ниятинг пок қилиб сўнгра
    Олгин бу хатим қўлга.

Ҳар  инсонга ҳар дам зарур
    Ҳақ сўзлар бордур бунда,
Бул дамда бул сўзлар керак
    Ҳар қадамда, ҳар кунда.

Ҳар бандида бордур фойда,
    Бунда асло йўқ зарар,
Англаб амал айласанг гар
    Феълинг тубдан ўзгарар.

Бул битикнинг чин мақсади
Жоҳилликни йўқотиш,
Ҳақ йўлида ҳалол яшаб,
Ҳалол ризқ таъмин тотиш.

Шаънингга сўз битмоқликка
    Мен ўзимни чоғладим,
Бироз бўлсин таъсир кучи
    Деб қофия боғладим.

Йўқ! Керакмас шуҳрат менга,
 Ёзмадим мен шон учун.
Истарамки маъно тутгил,
Ёзмадим унвон учун.

Ҳайрон бўлма баъзи байтлар
    Сал туюлса бетаъмроқ,
Кўпроқ ёздим хатоларинг
    Шундан мақтови камроқ.

Мен унутиб турмушдаги
    Бор майда ташвишларни,
Хўп изладим изоҳларин
    Кўп номаъқул ишларни.

Мен ёзмадим бир миллатга
    Ёки маълум бир хонга,
Ёздим умумбашар учун
    Яъни, сенга – ИНСОНга!

Б и л г и л ,   б у р ч и н г   б у ю к д и р ! 

Таънанг Аллоҳ амри ила
    Қора лойдан қорилган,Руҳинг Аллоҳ лутфи ҳамда
    Меҳри-ла суғорилган.

Гўзал шаклу шамойилинг
    Ва бор гўзал тафаккур,
Олий ҳилқат бу ўзингсан
    Айтмоқ керак ташаккур.

Гўзал ҳислар, фазилатлар
    Жамул-жам, сенда бисёр.
Бу ҳислатлар, бу мурувват
    Яна қай жонзотда бор?!

Яратгандан ўзга айт-чи,
    Яна кимга қарамсан?
Қара, қандай улуғланган
    Азиз ва мукаррамсан!

Барча борлиқ сен учундир
    Шу бир тирик жон учун.
Борлиқдаги борки борлар –
    Ҳазрати ИНСОН учун.

Ёзилмишдур тақдирингга
    Халифалик мақоми.
Берилмишдир сенга замин
    Ҳам ости ҳамда томи.        

Халифасан – Ерда шоҳсан,
    Билгил, бу бурч буюкдир!
Ўйин билма вазифангни,
Бу – бурч сенга, бу юкдир!

Шунга лойиқ булган буюк
Хатарни ҳам унутма,
Гуноҳинг беҳисоб бўлса
Эзгу ажрни кутма!


Сўровим шул диққат ила
    Қулоқ тутгил сўзимга,
Бу сўз сенга, бу сўз унга,
    Уларга ва ўзимга.

Инсон кимдир?.. У--сен, у--мен,
    Улар, сизлар ва бизлар.
Лек бу номга лойиқ фақат
    Ул ким, ким Ҳақни излар...


Т а а ж ж у б л и    т а ъ р и ф и н г     

Томчи сувдан нутфа бўлдинг,
    Сўнгра алақ-қон бўлдинг,
Сўнг бир парча гўшт бўлдинг ва
    Расо бир инсон бўлдинг.
Эркак ҳамда аёл бўлиб,
    Ўз жуфтинг-ла топишдинг.
Зурриётлар орттиришга
Ёппасига ёпишдинг.

Яхши-ёмон ишларинг кўп,
    Бир қорасан, бир оқсан,
Улуғ Сўзда ёзилгандек,
    Мағрурсан, мақтанчоқсан.

Биринг тарсо, биринг мушрик,
    Биринг-чи, мусулмонсан.
Ота-онанг бирдур, вале
    Турли танли бир жонсан.

Баъзан текис йўлдадурсан,
    Баъзан йўл йўқотгансан,
Баъзан огоҳ, баъзан эса
    Ғафлатда тош қотгансан.

Биринг қўлда қамчи қулдор,
    Биринг қора тан қулсан,
Биринг қози, биринг қотил,
    Бошқа биринг мақтулсан.

Маҳкум бўлган ўзингдурсан,
    Ҳам ҳукмдор ўзингсан,
Осилгувчи ўзингдурсан,
    Осгувчи дор ўзингсан.

Пойлангувчи ўзингдурсан,
    Ўзингдандир соқчилар,
Хабар кутган ўзингдурсан,
    Ўзингдан айғоқчилар.

Мазлум кимдур? Бу ўзингсан,
    Ва золим ҳам ўзингсан.
Жоҳил кимдур? Бу ҳам ўзинг
    Ва олим ҳам ўзингсан.


Бир ёнда хасис, зиқна,
    Бир ён ҳотамтойларинг,
Бир ён тўла фақирларга,
    Бир ёнда-чи, бойларинг.

Харидор ҳам ўзингдурсан,
    Ўз ичингдан тожирлар,
Вафодор кўп қаторингда
    Ва оз эмас фожирлар.

Истаганча кенгликларни
    Сайҳон қилган ўзингсан,
Экин эккан ўзингсан ва
         Пайҳон қилган ўзингсан.

Бунёд этиб шаҳарларни
    Донғи кетган ўзингсан,
Барчасини бир зумдаёқ
    Вайрон этган ўзингсан.

Борки жонзот ҳуркиб турар
    “Одам” отлиғ отингдан,
Тўғри “зўр”сан, лекин қизиқ,
    Қўрқоқ ҳам ўз зотингдан.

Биринг доим ваҳимада
    Қариликдан, толишдан,
Бошқа биринг бойлигидан
    Айри тушиб қолишдан.

Калтак еган ким бўлди-ю,
    Зарба урган ким бўлди?
Чеккада қўл қовуштириб
    Қараб турган ким бўлди?

Барча таъриф эгаси бу
    Ўзингсан, ғофил Инсон,
Яхши-ёмон ишлар бари
    Сеникидир бил, Инсон!

Яна қанча таъриф керак,
    Йўқ, чарчамам айтишдан,
Қани айт-чи, умид борму
    Ўзлигингга қайтишдан?!

Оқ-қорани кўриб наҳот,
         Фарқин англаб етмасанг,
Бунчалар ҳам ўзлигингдан
    Йироқлашиб кетмасанг!..


Т а р и х и н г    т а ъ р и ф и н д а 

Фосиқ феълли кўп касларинг
    Номинг булғар, алҳазар!
Шул ўринда тарихингга
    Ташласак бир дам назар...

Қирғин-барот, қий-чув ила
    Ўтди қанча асрлар,
Вайрон бўлди, куйиб битди
    Қанча қўрғон, қасрлар.

Қай элатинг буюк бўлди,
    Эгаллади шараф-шон,
Қай биридин қатли ом-ла,
Қолмади ҳеч ном-нишон.

Худоликни даъво қилган
    Уч-тўрт бадхулқ касрига,
Қирғин тўлди тарихингнинг
    Ҳар бир йилу асрига.

Қирғинингга қўл келди кўп
    Қилган кашфиётларинг,
  Инсонлигин унутди кўп
    Ўз зотингга ётларинг.

    Илк ясалган қуролларинг
    Турли суяк, тошлардан,
    Қанча-қанча таналарни
    Жудо қилди бошлардан.

Жонга қасдни қилди мақсад
    Топилган турли тиғинг,
Қирғинингни қилди осон
    Сўнгра пилта милтиғинг.

Лек милтиғинг кор келмади
    Қўрғонларни бузишга,
Замбаракни ўйлаб топдинг
    Кор келар деб бу ишга.

Тўп-тўп қилиб одамларни
    Тўплаб отди тўпларинг,
Бу ҳам камдай, ихтиродан 
    Тўхтамасди кўпларинг. 

Ва ниҳоят, кашф қилинди
    Ўзи юрар қуроллар.
Қирилди кўп бегуноҳлар – 
    Аёллар, ёшлар, чоллар.

Сўнгра ўзи учар, отар
    Қуроллар ҳам топилди,
Гўёки тош қуролларинг
    Саҳифаси ёпилди.

Йўқ! Йўқ! Яна бир бора йўқ!
    Бекорларни айтасан!
Бу аҳволда яна тезда
    Тош қуролга қайтасан.

Тарихдаги урушларинг
    Саноғига чўт етмас,
Яна уруш, қирғин-барот
    Миянгдан нари кетмас.

Бул кетишда омонатин
    Хожанг қайтиб олгайдир,
Минглаб йиллар йиққанларинг
    Кейин кимга қолгайдир?!

Қуролларинг кор келмасдир
    Ҳақ балоси келса зўр,
Қани, кейин қолармикан
    Сендан бирор меросхўр?!

Ҳар тарафдан турли тўфон
    Ўрлаб ҳолинг бўлса танг,
Кор келмасдур қанотлию 
    Ва қанотсиз ракетанг!

Бутун бошли коинотинг
    Ёниб турса ўчоқдай,
Топган атом бомбаларинг
    Учар писта пўчоқдай...

Нафс йўлида топганларинг
    Сенингча, ҳали камдур,
Ҳар топганинг таназзулга 
    Қўйилган бир қадамдур.

Ҳар ғаразли кашфиётинг,
    Ҳар бир янгилик ишинг – 
Оқибати бир вақт келиб
    Бошга бало ортишинг.

Ҳар кашфингдан ҳайратдасан
    Ошиб завқу ғайратинг,
Бу борлиқни бор қилганга
    Йўқдир асло ҳайратинг!..

Илдам бўл-у, ҳовлиқмагил,
    Ўздан кетиб шошмагил,
Ҳар ихтиро борасинда
    Ҳеч ҳаддингдан ошмагил!

Мақсад қуён овлашмидур,
    Ёки ўрдак отишдир?
Қуролингда мақсад битта:
    Зотингни йўқотишдир.

Нима, бу бир адашишми,
    Ёки истак-ҳоҳишми?
Ёки эрмак ўйинмидур,
    Ё бошқа зарур ишми?!

Тинчлигингни тинч йўл ила
    Наҳот, ҳал қилолмасанг,
Ўзинг бошлаб “ўйин”ингни,
    Адоғин билолмасанг?..

Балки, дерсан бу бир эрмак,
    Ёки тинчлик қуришдир.
Йўқ, алдама! Ниятинг бад,
    Мақсадинг шум урушдир.

Орангдаги уч-тўрт каснинг
    Чўнтаги, пул учундир,
Асли эрта пайдо бўлар
    Вайрона, кул учундир.

Қуролларинг учун бозор
    Эрур уруш майдони,
Нишон тайин, бу ўзингсан
    Яъниким, инсон жони!..

Баъзи дамлар кетиб ўздан,
    Чалиб шодлик куйини,
Ҳувиллатиб қўйдинг анча 
    Аллоҳнинг Байт-уйини.
Улуғ ибодатхоналар
Вайрон бўлди, таланди,
Шаробхона, омбор бўлди
    Ва ёки ўт қаланди.

Ҳаром-ҳариш нарса тиқдинг
    Боқдинг унда чўчқалар,
Ҳозирда ҳам кимдир, қайда,
    Улуғ Байтга ўт қалар.

Гумроҳликнинг саҳросида
    Адашдинг, кездинг, чопдинг,
Унутиб сен Ҳақни, турли
    Доҳийлар ўйлаб топдинг.

Тарихингда қайси бир зот
    Доҳийликни истади,
Омма ақлин ахта қилиб,
    Даҳрийликка қистади.

Ул “даҳо”лар хоҳламасдан
    Холиқнинг хоҳишини,
Хоҳладиларким, ҳалойиқ
    Ҳақни унутишини.

Қани ўша доҳийларинг,
    Қани ўша “даҳо”лар?
Билмам, энди Халлоқ Ўзи
    Буни қандоқ баҳолар?!

Тўғри ўрган ўтмишини
    Заминнинг ҳар халқини,
Тарихингни тўғри битгил,
    Тўғри бўлсин талқини.

Кўп кузатдим, тарихингда
    Ёлғон-яшиқ битишлар,
Кимларгадир керак бўлди
    Турли тафтиш-титишлар.

Авлодларинг адаштиргай
    Бундайин усти-остлик,
Тарих талаб қилар сендан
    Ҳамиша рўйи-ростлик.

Тарих бу осор мактуба*
    Аждодларингдан хатдур,
Тарих айтар кимлигингни,
    Тарих сабоқ, ибратдур.

Қавмларинг шажарасин
    Кўплар чалкаш тузмишлар,
Атай топтаб ўтмишингни,
    Тарихингни бузмишлар.

Ким тилабдур ўзга элга
    Босқинлик, зулм, зўрлик,
Бир кун охир қавми кўргай
    Бадтар бир хорлик, хўрлик.

Ким қутуриб тиғ ўйнатар
    Ўзга элат қошида,
Ўша тиғи бир кун ўйнар
    Ўз халқининг бошида.

Ким агар кин, ғараз ила
    Ер юзига чанг солар,
Оқибат ўз эли учун
    Дўппидек бир ер қолар.

Биз буюкмиз деган зотлар
    Юртларига бир-бир боқ!
Шумлик шундай сабоқ берар,
    Тарихдан шундай сабоқ.

Қани ўша ер юзини
    Олмоқчи саркардалар?!
Барчасининг борлигига
    Тарих тутди пардалар.

Бири оқил, бири жоҳил
    Ўтди қанча амирлар,
Ўтди қанча “бехабарлар”
    Ҳамда валийлар, пирлар.

Ўтди барча жоҳиллар ҳам,
    Ҳам барча аҳли дониш,
Ўтди жим юрганлар ҳам,
    Ҳам ўтди қилган хониш.

Ўтди қанча фақир, гадо,
    Ўтди қанча бойлар ҳам,
Қуриб битди қанча дарё,
    Қанча тошқин сойлар ҳам.

Кетди қанча тоғ, ўрмонлар,
    Кесилди қанча толлар,
Кетди минг йиллик чинорлар,
    Кетди ёш навниҳоллар.

Қора қондан қанча-қанча
    Дарёлар тўлди, тошди,
Қанча йўллар узра қавминг
    Қилиғи ҳаддин ошди.

Шул қисқа бир тарихингда*
    Қавминг тўкди қанча қон,
Хамиртурушингга тупроқ
    Берган Замин пушаймон!..

Оҳ, ул қанча истамовди
    Ўшал пайти ибтидо,
Қулоқ тутгил, қат-қатидан
    Ҳар лаҳза қилур нидо!

Сезган эрди кирдикоринг
    Ул берарда лойини,
Не иложким, сендан қочиб
    Тарк этолмас жойини...

Ҳар қутурган ҳолатингда
    Бўлмасдур сени таниб,
“Лой-ҳадя”си ёдга тушиб,
    Замин қўяр силтаниб.

Баъзан боши, баъзан қалби
    Ё бошқа жой тебранар,
Зотингдаги “тушунмаслар”
    Тушунмай ажабланар.

Сиғдиролмай ичга алам,
    Замин титраган дамда
Қайсидир бир қавминг қолар
    Фалокат, ғам-аламда.

Сўнгра само салтанати
    Йиғлагай тўйиб-тўйиб,
Сен қоларсан сел ичинда,
    Тинчлигинг бир ён қўйиб!..

Ул замонким Осмон, Замин
    Йўқотса сабру тоқат,
Ўшал дамда ёғилгайдур
    Бошингга бир фалокат!

Қани, қавминг қачон ўзин
    Феълу хўйин тузатар
Дегандайин Собир сенга
    Сездирмайин кузатар...

Тугал топмас таърифингдан
    Қалқисин кўзда ёшинг,
Битик битиб билмам чарчоқ
    Етса бўлди бардошинг...

Назаримда кўпчилигинг
    Кимлигин унутгандай,
Қани энди таъсир қилса
    Ёзганим мен кутгандай!..

Бул битигим таъсир қилсин
    Мисоли бир чақиндай,
Бул кетишда, назаримда
    Ҳалокатинг яқиндай!..


Ҳ о з и р г и   ҳ о л а т    ҳ а қ и н д а 

Шаҳарларинг сув босмоқда,
    Ўрмонларинг ёнадир,
Бул барчаси, балки, яқин 
    Жазодан нишонадир?!

Ернинг қай бир нуқтасида
    Тинмас тўфон, довуллар,
Қайда билмам, қаҳатчилик,
    Қайда олов ловуллар.

“Ютуқ”ларинг тутунлари 
    Тўлмоқда шаҳарларга,
Соф ҳаволар ўз ўрнини
    Топширар заҳарларга.

Экинларинг сувга зордир,
    Денгизларинг сув сўрар,
Борлиқ бу ҳол сабабини
    Сенинг феълингдан кўрар.

Заминга айт энди узринг,
    Унутмагил жазони,
Тавба қилгил, тазарруъ қил,
    Тинч қўй энди фазони!

Отиш, титиш ва қўпориш
    Билан ер бағрин ўйдинг,
Бу ҳам камдай, кимё ила
    Гиёҳванд қилиб қўйдинг.

Ер бағрини ўйма, бу чоҳ - 
    Ўз ҳалокат чоҳингдир,
Замин сенга Ватан, ахир,
    Бешик – қароргоҳингдир.
Она ердан ризқ топиб сен
    Егайдурсан, киярсан,
Унга озор орттиришдан
    Ўзни қачон тиярсан?

Ерга озор берма зинҳор,
    Эй Аллоҳнинг ҳилқати,
Аждодларинг суягидан
    Кўтарилмиш бир қати.

Яхши эрмас ер шаънига
    Номаъқул сўз айтишинг,
Еб-еб охир ер деганга
    Бордир бир кун қайтишинг.

Ҳосилинг сал ўхшамаса,
    Кўрасан об-ҳаводан,
Хўб эмасдур, андиша қил,
    Бул ноўрин даъводан.

Сенга сувин берай деган
    Булутга тўп отасан.
Ёмғир ёғса ҳудудингга,
    Айт-чи, не йўқотасан?!

Кун бўйи қор ёғса агар,
    Бунча ёғар кўп дейсан,
На совуққа кўнадурсан,
    На иссиққа хўп дейсан.

Иссиқ, совуқ ўз ўрнида,
    Айбламагил ёз, қишни,
Алжирама, айта кўрма
    Ҳаққа хуш келмас ишни.

Қайга қуёш нури керак,
    Қайга ёғин шодаси,
Бу барчаси Ҳақ ҳукмидан,
    Бари Ҳақ иродаси!

Баъзан ёқмас бир нарсанинг
    На ҳўлу на қуруғи
Баъзилар дер тарвуз еса:
    “Чиқмасайди уруғи!”.

Ҳар нарсанинг ўз ўрни бор,
    Ҳаётда, айтсам санга,
Дейлик, бежиз терилмаган
    Тикан типратиканга…

Яхшиямки сен йўқ эдинг
    Бу олам яралганда,
Билмам, ҳоли не бўларди
    Сўзингга қаралганда?!

Аллоҳ сенинг иродангга
    Эмасдир асло муҳтож,
Беадад ҳамд, сано айтгил,
    Бошингга кийдирмуш тож!

Феълинг ўнгла куч бергунча
    Турли “оҳ-у-воҳ”ингга,
Турмушинг гар тузалмаса
    Ағдарма Илоҳингга.

 “Бевафо” деб дунё шаънин
    Шарҳлашга доим шайсан,
Дунё ҳовлисида яшаб
    Дунёни ёмонлайсан.

Ҳақ берди бу сайёрани
    “Сенга кераги жам” деб,
Бекам яралган дунёни
    Қоралайсан “бир кам” деб.

Бу гўёки бир ҳовлига
    Кириб, тўйиб ичиб, еб,
Кетишдир бу бой ҳовлидан
    “Ҳовлининг ками кўп” деб.

Омонат дунёда яша
    Ижарачи, меҳмондек,
Кетишинг кўп оғир бўлар
    Гар  яшасанг мезбондек.

Ҳаёт йўлинг баъзан бўлиб
    Яхшигаю ёмонга,
Бирон камлик чиқиб қолса,
    Ағдарасан замонга.

Ҳей, замонни сен тинч қўйгил,
    Ўз Эгаси бор унинг,
Ҳар замоннинг миқдори тенг,
    Тенг ўтар йил, ой, кунинг.

Унутмагил тингловчи бор
    Доим оҳу зорингни,
Сен эса кам эслайдурсан
    Олий ҳукмдорингни.

Қилғиликни Ўзинг қилиб,
    Дейсанки: “Шайтон иши!”.
Шайтон милтиқ тираб турган
    Кўрмадим бирон киши,

Нима, қўлинг боғлаб шайтон
    Қиларму сени мажбур?!
Унда қурол йўқдир, қўрқма,
    Ундан фақат юзинг бур!

У ҳунари тўғрисида
    Билармусан не айтур?
Бор ёмонни “яхши”- дейди,
    Бу “ҳийла”га сен шай тур!

Уни қўйгил ўз ҳолига,
    Гуноҳлари етадур,
Гар қилмасанг айтганини,
    Сендан нари кетадур.

Шайтон фақат фикр ташлар
    Шундан қайтсанг бўлгани,
Бу осондир, Аллоҳ айтган
    Сўзни айтсанг бўлгани.

Билмасанг бу сўзни бул дам
    Билдирай, бу нимадур,
Зотинг учун ҳар дам зарур
    Айтилар калимадур.

Аллоҳ сен-чун нозил қилган
    Буюк Каломга кўра,
Шаддод шайтоннинг шарридан
    Аллоҳдан паноҳ сўра.

Баъзан дўстдай бўлиб Иблис
    Ҳар ёнга бошлаб қочар,
Ишонмагил, Улуғ Кунда
    Ул “дўстинг” ташлаб қочар.

Не кор бўлса ўзингдандур,
    Айбни қидир ўзингдан,
Тавба ўрнига айтилган
    Кўп номаъқул сўзингдан.

Изла қай йўл билан топган,
    Ичган ошу тузингдан,
Ҳаёт фаслларинг ичра
    Ўтган баҳор кузингдан.

Қилмишингдан қидир, сенга
    Ҳар бир ёмонлик етса,
Яратганнинг иши бўлур
    Ул офат нари кетса.

Аллоҳ дерки: “Ўнгламасман,
    Ўнгламасанг ўзингни”,
Акс ҳолда жазонг аниқ,
    Каттароқ оч кўзингни!..

Бул кундаги ҳолатингни
    Айтсам, иқрор бўл чиндан,
Авжга чиқди тубанликлар
    Бани башар ичинда.

Товуқ юзин кўрсатмайин
    Жўжаларни очирсанг,
Буқа юзин кўрсатмайин
    Молни сунъий қочирсанг.

Англамасдан кўзлаб охир
    Бебилиска фойдани,
Бузма Аллоҳ белгилаган
    Бузилмас қоидани..!

Бенасиб қилма жонни
    Белгиланган савобдан,
Ўзни ўнгла, тафаккур қил,
    Қўрққил оғир жавобдан!

Кўплар оила бахтидан
    Юзни четга бурмишлар,
Қатор-қатор қурилгандир
    Кўп никоҳсиз турмушлар.

Падари ким, билолмасдан
    Зурриётлар озорда,
Эрман деган уйда қолиб,
    Хотин юрса бозорда.

Эр эркакка никоҳлансин
    Деса баъзи давлатлар,
Эссиз.., эркак деб берилган
    Аросатли савлатлар..!

Изланиш деб тирик инсон
    Таналарин тилсалар,
Жарроҳларинг эрни аёл,
    Аёлни эр қилсалар..!

Аёлларинг туғмасликка
    Қандайдир сим солдирса,
Ҳоҳлаганда бола туғиб,
    Ҳоҳлаганда олдирса..!

Ў, бунча кўп хоҳишларинг,
    Яна нелар тиларсан?
Лекин Холиқ хоҳишини
    Айт-чи, қачон қиларсан?!

Бул кун энди жой қилдинг сен
    Қутуриш қоясини,
Инсон сунъий туғилмоқда
    Кўрмайин доясини!!!...

Э, йўқ! Тилим бормагайдир
    Энди инсон аташга,
Ким ижозат берди сенга
    Сунъий инсон ясашга?!!

Бу “ҳунар”инг очиқ-ойдин
    Даъводир Худоликка!
Бу гумроҳлик, кўрнамаклик,
    Рақибликдур Маликка?!

Бу бир белги эрур инсон
    Инсонликдан безганин,
Бул дам очиқ айтадурман
    Кўнглим неки сезганин.

Бу қилмишинг қилмишларинг
    Сўнгисидир сўнгги ҳад,
Гар бу ҳаддан бир ҳатласанг,
    Тамом! Иш бошлар Аҳад!..

Гар бир қадам қўйдинг, тамом...
    Қарабсанки, жардасан!
Не дегайсан, бул “қилиқ”қа
    Ул Кун сўз айтарда сан?!

Ёқмаса-да, сўзим тингла
    Тишга қўйиб тишингни,
Бундан буён бошқачароқ
    Билиб қилгил ишингни!

Тингласунлар томирида
    Инсоннинг қони борлар,
Тингламасдур мени девор,
    Тингламас жониворлар...

Бу бир фарёд, бу бир ўкинч,
    Сўзим шундоқ шаклдир,
Сабаб, бул хат муаллифи
    Ҳам сенга бир вакилдир.

Бу фарёдим шуъла бўлиб
    Ер юзига сочилса,
Кўзи очиқ кўрмасларнинг
    Кўр пардаси очилса!..

Етар, бас қил! Тўхта! Жим бўл!
    Бўлма бир пас сўзимни!
Тавба қилгил, Яратгандан
    Сўра сабр, тўзимни!..

Дилда қотган тугунларни
    Тангри Ўзи ечирсин,
Етар шунча гуноҳимиз,
    Тангри Ўзи кечирсин!

Билким, бул кун зарур эрур
    Сўз ва ишнинг пухтаси,
Бул кун кутар энди сени
    Ўнгланишнинг нуқтаси.

Унутмагил Ер юзида
    Беҳисоб сонлигингни,
Унутмагил Яратганни
    Ҳамда Инсонлигингни!

Унутмагил, Аллоҳ берган
    Қандай улуғ тахтинг бор,
Шукр қилгил, истиғфор айт,
    Ҳали ҳамки вақтинг бор.

Мақсадимнинг маъносини
    Чаққил, чуқур ўйлагил,
Билмаганга билдир сен ҳам,
    Сўраганга сўйлагил.

Сен унга айт, у-чи унга,
    У айтсин қолганларга,
Фақат айтгил англаганга,
    Озуқа олганларга.

Англат сўзим йўл истаган
    Ғафлатда ётганларга,
Беҳудага сўз қотмагил
    Дили тош қотганларга.

Англат сўзим қулоқ тутар,
    Кексаларга, ёшларга,
Айтма қулоқ тутмасларга,
    Дили харсанг тошларга.

Айтма ҳусни карахт қилган
    Мағрур қалам қошларга,
Бор муддати уч-тўрт кунлик
    Қўлма-қўл талошларга.

Диллар ичра дил поралар
    Тошдан қаттиқ диллар бор,
Шундай дилга эга бўлган
    Беҳисоб вакиллар бор.

Уйғон, ахир, қиёматдан
    Кўринар аломатлар,
Кўрнамаклар ўз қавмига
    Ёғдирар маломатлар.

Ҳақлигини тан олмай ёв
    Чанг солар Ҳақ динига.
Меҳрсизлар мулк талашар,
    Оға ётдир инига.

Иймонлилар бошларига
    Қадалган тиғ-туғларинг,
Фосиқларинг ортиб борар,
    Камаяр улуғларинг.

Оталар ўз фарзандларин
    Илмдан қайтарарлар,
Илм аҳлига ёв кўргандек,
    Бад нигоҳ-ла қарарлар.

Амирларинг авом ҳақин
    Ямламасдан ютарлар,
Билиб туриб тубанликка
    Шунчалар юз тутарлар.

Мазлумларга зулмкорнинг
    Зулми зиёд ортадур,
Бегуноҳлар соат сайин
    Ноҳақ азоб тортадур.

Меҳнаткашинг меҳнатига
    Арзимас чақа олгай,
Ер юзида аста-секин
    Адолат ҳам йўқолгай.

Ҳар қадамда харидорлар
    Ҳақларига ҳиёнат,
Танқисликнинг рўйхатидан
    Жой олмоқда диёнат.

Кўплар охир бормай қолар
    Ҳалол-ҳаром фарқига,
Инсон қадри баҳоланар
    Оддий нарса нарҳига.

Демишларким, булар бари
    Қиёматдан хабардир,
Бало келса, яхши-ёмон
    Барчага баробардир.

Инсон учун умумқўрғон
    Нурайдир аста-аста,
Ҳушёр бўл-у, ҳайрон бўлма
    Жазо олсанг бирпасда.

Инсонликнинг ўзи сенга
    Аллоҳ берган иноят,
Ҳақ йўлида ҳар бир қилган
    Хатонг – улкан жиноят

Керагидан ортиб кетди
    Жиноятинг тўплами,
Етар шунча жиноятинг
    Ё борми ҳали ками?!

Ахир токай давом этар
    Бундайин хунук ҳолат,
Хунук ҳолат тугашига
                Борми бирон кафолат?!

Ё, алҳазар, нелар бўлар
    Замонангда шу тобда,
Бегуноҳлар ўлдирилсин
                Дейилмиш қай китобда?!

Зўравонлик, босқин, зулм,
    Ўзга юртни талашлар,
Айрим аймоқ аждодларин
    Гўрига ўт қалашлар.

Ҳар нуқтага хоҳлаб учар
    Ҳар хил ҳарбий учоқлар,
Ҳар сония кимдир йиғлаб,
    Жонсиз тана қучоқлар.

Қай бир элда азоб тортар
    Пешонаси шўрларинг,
Бошқа элда яна баттар
    Қутуради “зўр”ларинг.

Ким хоҳласа титкиласа
    Ўзга бир юрт ерини,
Қидиргандай онасининг
    Иккинчи бир эрини.

Айт, кимга ким рухсат берди
    Ўзга юртни талашга,
Камбағалнинг қуруқ қора
    Қозонини ялашга.

Бир бечора эл ҳолига
    Кулишга, “ҳо-ҳо”лашга,
Ёки “биз бир буюк халқмиз”
    Деб ўзин баҳолашга.

У буюк-у, бошқа халқлар
    Нима, куюк хас-хорму,
Ўзин буюк аташликка
    Аллоҳдан ёрлиқ борму?!

Керак бўлса ҳар элатнинг
    Ўз ичида “ёт”лар бор,
Чин инсонлик номин олган
    Улуғ-улуғ зотлар бор.

Ҳар инсонга тенг берилмиш
    Инсон деган улуғ ном,
Инсон бўлиб кўз очдими,
    Берилгай ушбу мақом.

Ҳар чақалоқ йўргагида
    Чинқираган палласи,
Она тилда янграгайдир
    Онасининг алласи.

Онанинг бу дил садосин
    Бежиз топмаган башар,
Бир умрга вужудингда
    Бу нидо бирга яшар.

Айт-чи, токай Она зоти
    Қўрқиб юрак ҳовучлар?
Бу қўрқувни ҳис қиларму
    Малъунлар – ёвуз кучлар?!

Тавба, Она талаб қилса
                Болалар – ёш жонлардан:
“Жон болалар, ҳушёр бўлинг
    Кўчада инсонлардан!”.

Кичкинтойлар кулиб қилса
    Бошларин сарак-сарак,
То келгунча оналарнинг
    Кўзлари олазарак.

Ана, Инсон Ҳаётининг
    Ҳолидан бир манзара,
Не кунларга қолди бошинг,
    Аҳволингга бир қара!..

Бу ёвузлик иллатининг
    Бормикан бир дориси,
Бу иллатга илашганнинг
    Бўлмасин бир вориси!

Инсон эмас ул ёвузлар
    Ҳаракатли ҳайкаллар,
Хўш, уларнинг бўш қалбини
    Айт-чи, нима сайқаллар?!

Топсанг-у, туп тугадиган
    Тувагига тупурсанг,
Тарихингдан темир тишли
    Супурги-ла супурсанг!..

Қирғин-барот ортар, гўё
    Тугаб борар тўйларинг,
Ерни гўё “бўри” босган,
    Қирилмоқда “қўй”ларинг.

Фармонларда тинчлик деган
    Моддалар камаймоқда,
Муғомбирлар сафи ортиб,
    Соддалар камаймоқда.

Бадхулқ каслар шумлигидан
    Дунё озор тортмоқда,
Демак, инсон шаклидаги
    Шайтон сафи ортмоқда.

Тўлмай туриб бу иблислар
    Бу бадкорлар ораси,
Қидир, излан, тўплан, сўра
    Борми тинчлик чораси?!

Бунга чора барча бирдан
    Соф иймонга келишдир,
Бунга имкон бор-ку сенда
    Наҳот, бу оғир ишдир?!

Токайгача тинчлик учун
    Тўхтам йўқ бир битимга,
Ўзни бундай алдаб яшаш,
    Айт-чи, керакдир кимга?!

Қани, тинчлик учун тайёр
    Инсонийлик ғурури?
Қачон қайтар қалбларингга
    Ўша тинчлик сурури?

Тинчлик истаб бул битикни
    Битарман, билсанг, атай,
Ўргат менга тинчлик недур,
    Билмасанг кел, ўргатай.

Етар “уруш-уруш”! Кириш,
    Бузганларинг бутлашга!
Тадбир тузгил энди тинчлик
    Тантанасин қутлашга!

“Зўр”лигингдан туйнук солдинг
    Сен заминнинг томига,
Ўйламассан учрашингни
    Аллоҳ интиқомига!

Сезмадингму, яқин кунда
    Замин ичдан кетди дарз,
Ўнгланмасанг фойда бермас
    Ул Кундаги нолиш, арз.

Дарз кетди ер-қароргоҳинг –
    Қўрғонинг ўқи, синчи,
Бир сен эмас, бор жонзотнинг
    Бузилди роҳат, тинчи.

Йўқ, мақсадим қўрқитишмас,
    Ваҳима гап эмасдур,
Бу гапларни ҳар одамга
    Ҳар учраган демасдур...

Англармусан, негалигин
    Қавминг хилма-хиллигин,
Аллоҳ синаб кўрмоқ бўлар
    Ўзаро аҳиллигинг.


Қани, Аллоҳ кутган ўшал
    Аҳиллигу иттифоқ,
У тарк этар юртларингни
    Ўртада низо-нифоқ.

Шул боис ҳар элатингда
    Турли бало, касофат,
Ҳар тарафдан ўрлаб келар
    Еру самовий офат.

Инсон учун зийнат эрур
    Биродарлик, аҳиллик,
Не керакдур қавминг аро
    Ноҳақлигу бахиллик?!

Ноҳақлигинг кўпдир, санаб
    Сиғдириб бўлмас танга.
От ўғриси жазо берса
    Товуқ ўғирлаганга.

Жоҳилингда қоп-қоп олтин,
    Олимингда мис танга,
Қай бири кўп фойда берар
    Элу юртга, Ватанга.

Ҳар элингда, ҳар бир юртда
    Учрагай бундай ҳолат,
Дунё хароб ҳолга келгай
    Бўлмаса гар адолат.

Ғаламислар кўп орангда,
    Қилмишига пайт пойлар,
Имкон топса зумда қалбга
    Ғаламис уруғ жойлар.

Инсонийлик бурчин улар
    Ҳеч замонда уққанмас,
Инсон бўлсанг бил, уларни
    Инсон зоти туққанмас.

Ул бадфеллар кўзларингга
    Кенг дунёни тор қилар,
Фарзандим деб аташликка
    Оналар ҳам ор қилар.

Афсус дегинг келар афсус,
    Уларнинг ҳам жони бор,
Мингта ундай ғаламисдан
    Афзал битта жонивор.

Баъзиларинг бошлиқ бўлиб
    Жамоасин талайдур,
Халққа зулм қилиб, раҳбар
    Товонини ялайдур.

Ҳаром-ҳариш луқмалардан
    Қоринлари осилгай,
Қуруқ шишган ўпкалари
    Фақат ўлса босилгай.

Қарғиш олсин дея сўкар
    Ҳар бир ходим, аъзоси,
Ўйлагайки, ҳеч вақт келмас
    Қилмишларин жазоси.

Вақтинчадир ундай касга
    Ҳар кун текин зиёфат,
Лек абадий эрур унинг
    Бошига келар офат!..

Уларни ҳеч қизиқтирмас
    Ҳақ йўлинда мажолис,
Қуруқ, қуртлаган қалблари
    Бундай мажлисдан олис.

Сафларингда сонсиз сағир,
    Сиқилган соф сийналар,
Қилмишингдан қанча-қанча
    Қайноқ қалблар қийналар.

Бул кун олам тўлган, англаб
    Бўлмас ёлғон-ростларга,
Билиб-билмай берилгайлар
    Ёлғон эҳтиросларга.

Қара, замин ҳаёт учун
    Қандай гўзал тузилган,
Сен туфайли унинг ҳусни
    Бугун бироз бузилган.

Ўзни ўнгла, ўтмай туриб
    Йилларинг мисли пойга,
Бир кун олиб боришар сен
    Хоҳламаган бир жойга.

Айримларинг соф иймонли,
    Ибодати ҳам создир.
Таассуфким, айрим дамлар
    Алар сафлари оздир.

Қани, улуғ боболаринг
    Ўгитлари ўлдими?!
Мақсад мужмал кўпларингда,
    Шул ҳам яшаш бўлдими?!

Баъзинг атай баъзиларинг
    Урушгали қистайдур,
Яна дерки: “Неки бўлса
    Аллоҳ Ўзи истайдур”.

Шунчалар ҳам сингиб кетмиш
    Уруш инсон қонига,
Зотинг парво қилмас ҳатто
    Ойларнинг султонига.

Улуғ ойда ҳам тинчи йўқ
    Қанча мамлакатларнинг,
Кўмилгайдурлар остига
    Кимлардур лаънатларнинг.

Қадимда кўп кимса бу ой
    Иймонин йўқотмаган,
Ҳатто уруш майдонида
    Биронта ўқ отмаган.

Ул дамларда Улуғ Ойда
    Тўхтатилган урушлар,
Тўхтатилган бошқа бир юрт,
    Қавм устига юришлар.

Бир хабардан бехабардир
    Кўп ўлкалар, кўп жойлар,
Билмас, қайси ойлар – уруш
    Ҳаром қилинган ойлар.**

Аллоҳ айтмиш Каломида:
    “Дўст тутгил бир-бирингни”,
Тирноқ остидан қидирма
    Бир-бирингнинг кирингни!

Бу не ҳолат бир-бирингга
    Ёв қарашлар қиларсан,
Тап тортмасдан бир-бирингга
    Баъд ниятлар тиларсан.

Бир-бирингни қутургандек
    Ҳеч аёвсиз қопарсан,
Бу ҳам камдай, яна турли
    Низо ўйлаб топарсан.

Бир-бирингни ҳайвон дейсан,
    Эшшак дейсан, ит дейсан.
Тушунса гар бирон ҳайвон,
    Ҳушёр бўл, тепки ейсан!

Ҳайвон дебон сўкма сира
    Бирон аблаҳ одамни,
Тушунса гар, кўтаролмас
    Ҳайвон асло бу ғамни.

Бир-бирингни сўкма зинҳор,
    Дўст тут ўзинг-ўзингни,
Дариғ тутма яхшиликни,
    Ширин қилгил сўзингни.

Аллоҳ сенга тавба учун
    Имкон берар атайин,
Йўқса барча берганини
    Тортиб олиши тайин

Йўқ, мақсадим қўрқитишмас,
    Айтаман яна такрор,
Тавба қилгил, тазарруъ қил
    Ҳали ҳамки имкон бор.

Мақсадим, бу куюнишим
    Сенга таъсир қилсайди,
“Карқулоқ”лар қулоғига
    Бир оз гапим илсайди.

Хафа бўлма кўп тўхталсам
    Нопокликлар ҳақинда,
Истак: Умумбашар офат
    Келмаслиги яқинда.

Етар, энди чек қўйгил сен
    Қирғин-барот, ур-сурга,
Бахт топарсан, амал қилгил
    Аллоҳ берган Дастурга.

Яратганнинг дастури бу
    Нозил қилган Каломи,
Англаганга бўлсин доим
    Ҳақнинг раҳмат-саломи!..

Эрта кунга ишончинг йўқ,
    Вужудингда толишлар,..
Қарашларинг ҳорғин, маъюс,
    Оғир нафас олишлар.

Баъзан ҳаддинг билдинг, баъзан
    Ҳаддингдан хўп ошгансан,
Текис, равон, кенг йўл туриб,
    Тор йўлда адашгансан.

Билиб-билмай киришдинг сен
    Ўзлигинг йўқ қиларга,
Тинчимайсан, тирмашасан
    Қандайдир чўққиларга.

Кўп уринма, бефойдадир,
    Жой олмассан осмондан,
Неки бўлса, ерда қилғил,
    Талаб шу тирик жондан.

Кўк қироли бургутнинг ҳам
    Ризқини шу ер берур,
Сайри-парвоз кўк бўлса ҳам,
    Ризқини ердан терур.

Бунчалар хуш кўрадурсан
    Кўкни, баланд парвозни,
Кўргил ҳоли не бўлишин
    Елда учган қоғозни.

Шамол уни учиргайдур,
    Истаса чўлга, тоққа.
Ё ўйнатиб кўкда бир дам,
    Бирдан урар ботқоққа.

Харидингга пул етмаса
    Дейсан: - “Ўлсин, пул ўлсин!”,
Қўй, ўлмасин, ўша пулинг
    Бўлсин, меъёрда бўлсин!

Пул, мол учун одам қириш,
    Портлатиш, чопиш, отиш..?!
Бунга таъриф битта бўлур –
    Бу фақат иймон сотиш!

Ҳозир бир гап айтсам сенга
    Илтимосим, кулмайсан,
Сув сотганинг майлику-я,
    Ҳавони ҳам пуллайсан!

Яна бир гап айтсам агар
    Кўплар тошдек қотадир,
Кўпчилигинг кези келса,
    Иймонин ҳам сотадир.

Чунки уни еб бўлмасдир,
    Уст, бошга ҳам кийилмас.
(Аллоҳ, Ўзинг кечир, бу тил
    Бунчалар ҳам тийилмас!).

Вужудингда, қулубингда,
    Руҳингда бўлар иймон,
Барча ҳислат иймондандур,
    Бунга чин дилдан инон.

Аллоҳ Ўзи нигоҳимиз
    Ҳақ йўлдан қайирмасин,
Қўймасин хеч назардан ҳам,
    Иймондан айирмасин.

Ҳар инсонда ҳар инсонга
    Бўлсин меҳр, интилиш,
Нега керак қирғин-барот,
    Тана тилиш, қалб тилиш?!

Бир-биринг сев, душман дема
    Бўлмаса ҳам у диндош,
Ота-онанг бир-ку, барчанг
    Бир-бирингга қариндош.

Худо Ўзи хоҳлаб бўлмиш
    Барчани турли динга,
Бу бир синов, қон тўкмагил,
    Қиличинг солгин қинга.

Барчани бир йўлга бурай
    Деб қурол олма қўлга.
Ҳақ  хоҳласа барчамизни
    Бошлар Ўзи ҳақ йўлга,

Ахир динда йўқдир асло
    Динга зўрлаб киритиш,
Демак жангга йўқдир ҳожат,
    Керак фикр юритиш.

 “Бехабар” ва “билмас “ банда
    Динга кирмасдир бирдан,
Панд-насиҳат ила бўлса
    Наф бордир бу тадбирдан.

Сен “кофир” деб кулганларнинг
    Ҳақ йўлда юргани бор,
“Мўминман” деб мўминларни
    Ҳақ йўлдан ургани бор.

Юрт кезиб, ул юртни бузиб
    Жар солма сен ҳар ёнга,
Ким мўмин, ким кофир эрур
    Ҳожат йўқдир баёнга.

Дин баҳона юртни бузма,
    Ағдарма бирон тахтни,
Аллоҳ Ўзи жазолагай
    Ҳар бир кофир – бадбахтни!


Бу дунёда дин деб бўлар
    Бул кун кўплаб ғалаён,
Қай дин ҳақдур Ҳақ билади,
    Ҳақиқат Ҳаққа аён.

Ҳар иш Ҳақнинг ҳукми билан,
    Хаёлинг йиғ бир ёна,
Ҳар бандага иймон тилаб
    Дуо қил ғойибона.

Тўхтаб жангу жадал бирдан
    Жаҳонда барча жимса,
Ўз-ўзидан жанг бошламас
    Жаҳонда бирон кимса.

Ҳар бир жангга сабаб – ҳасад
    Ва йўқлиги адолат,
Сўнгра сўнгсиз давом этар
    Сафларингда разолат...

Ибтидода ҳасад сабаб
    Тўнғич акаларимиз
Уришдилар... Ҳозиргача
    Уришамиз баримиз.

Арзимас бир сабаб кимдир
    Қасд қилиб бирон жонга,
Жанг бошлар... сўнгра бу жанг
    Тарқалар кенг жаҳонга.

Тарихингни ўқиб, излаб
    Бунга мен бўлдим иқрор,
Ҳар урушга мен бу бобда
    Санаб ўтган сабаб бор.

Ҳасад, ҳақсизлик ҳақида
    Хулосамга қулоқ сол,
Ҳасад – шайтон қўлидаги
    Сенга қарши бир қурол.

Ҳақсизлик бу – бўлмаслиги
    Бирон жойда адолат,
Бу ҳам шайтон амалидан –
    Сенга қарши адоват...  

Ҳар бетайин байрамларнинг
    Топиб турли хилини,
Ҳар бир дининг турли вақтда
    Кутар янги йилини.

Турли-туман мазҳабларинг
    Тиним билмай баҳс айлар,
Барчаси “биз ҳақмиз” дея
    Тинмайин тортишгайлар.

Тортишгайлар кеча-кундуз,
    Тортишар ҳатто хобда.
Сабаби тан олмагайлар
    Ҳақ айтганин Китобда.

Турли-туман фикр ташлаб,
    Қалбларин шайтон овлар.
Ҳақ айтадур:-Аввалда ҳам
    Ўтказдик кўп синовлар.*

Ҳақман деган банда ҳақмас,
    Ҳақнинг Ўзи ҳақ эрур,
Банда айтган бари бекор,
    Ҳақ айтгани нақд эрур.


Дастлаб ваҳший ҳолда яшаб,
    Бадавий бўлиб сўнгра,
Энди маданий ҳолингда
    Йиғлаб қолмагин ҳўнграб.

Ўнгла ўзинг, фурсат бордир
    Йиғиб ақл-у, ҳушингни.
Имкон бордир асраб қолгил
    Чалажон бахт қушингни!..


Ҳ а й в о н о т   ҳ а й р а т и 

Фикрларинг баъзан теран,
    Баъзан ўта саёздир.
Баъзан ўта қайноқ, баъзан
    Бамисоли аёздир.

“Аждодларим маймунлар...” деб
    Алжираб ҳам қўйгансан,
Узоқ юр хом хаёллардан ,
    Наҳот, жондан тўйгансан?!

Лекин баъзи қилиқларинг
    Маймунлардан қолишмас,
Ҳавас қилма улар сени 
    Қаторига олишмас.

Ҳатто қушлар кўрса зумда
    Қочар у ён, бу ёнга,
Ўқдай учиб “қуён” бўлар 
    Учраб қолсанг қуёнга.

Бехос борсанг сув бўйига,
    Гар томоғинг тақиллаб,
Кўрган бақа бирдан ўзин
    Сувга отар “вақиллаб”.

Зотинг борки, қимирлаган
    Жоннинг дилин сиёҳлар.
Тегмасин деб товонларинг
    Титраб турар гиёҳлар.

Қўлда болта, кирмасин деб 
    Сендай зўравон, ботир,
Ўрмондаги ҳар бир дарахт
    Доим олар хавотир.

Бор ёввойи ҳайвон зумда 
    Уриб қочар жойидан,
Чора қилар қутулишга
    Сендайин “ёввойи”дан.

Фақат қочмас сендан нари
    Яқинлашган онларинг,
Сен бўйнидан боғлаб қўйган 
    Баъзи уй ҳайвонларинг.

Балки, улар ҳам ўйларлар
    Бекор қолса гоҳида,
Яшармиди эркин... арқон
    Бўлмаса гар шохида.

Улар зормас қўлдан берган
    Бир тутам кўк ўтингга,
Ичларида айтар балки:
    “Жойлаб қўй ўт-бўтингга”.
Ўз жисмидан минг бор баланд
    Сакрар бургага қаранг!
Сен-чи, бўйинг баробарга
    Сакрайсан аранг-аранг.

Бас, ҳар қанча сакрасанг ҳам
    Кўз тикиб бир бурдага,
Бул хусусда етолмассан
    Шундай “ожиз” бургага!

Ёки қузғун баланд кўкдан
    Тикилиб тирик жонга,
Кўриб, кўкдан тикка ташлар
    Сен кўрмаган сичқонга.

Сен сезмаган бир “нарса”ни,
    Сен кўрмаган бир “иш”ни
Қоронғуда кўриб хўроз,
    Бошлагай қичқиришни.

Ёки отлар сен сезмаган
    Бор шарпани қилар ҳис,
Қара, бундай ҳислатларнинг
    Қанчаси сенда танқис!

Атрофингда бирон хатар
    Яқинлашиб келса гар,
Сенга содиқ саналганлар –
    От ва ит бергай хабар.

Отинг ҳуркиб, кишнаб айтар
    Сезса бирон шарпани,
Сен-чи, ундан қизғанасан
    Баъзан оддий арпани.

Итсиз чўпон қўралари,
    Яйлов қолар ҳувиллаб,
Ит бўлмаса, ким бўридан
    Огоҳ этар “увиллаб”?

Итлар сен “зўр” сезмайдиган
    Хавфни сезиб туради,
Баъзи нохуш хатарлардан
    Огоҳ қилиб ҳуради...

Баъзи жонвор, ҳашоратлар
    Хавфни сезиб олдиндан,
Қавми қатор-қатор бўлиб,
    Қочишар чиқиб индан.

Бул ажойиб аломатни
    Сен-чи, илмассан кўзга,
Улар сенга айтишликни
    Раво кўрмаслар ўзга.

Чунки ҳатто ҳашаротлар
    Сендайин “зўр”дан безор,
Бул безорлик сабаблари
    Қилмишингда “қоп”лаб бор.

Фақат ўзи қочар хавфдан,
    “Сен-чи, баттар бўл!” – дейди,
“Бизни қирдинг, энди ўзинг
   Бир қирилиб ўл!” – дейди.

Асалари дала кезиб,
    Сенга бўлсин деб кирим,
Заррадай бир боли учун
    Учар минглаб чақирим.


Фил гавдангни олдида у
    Мисоли бир пистадай,
Тинглаб бундай мисолларни,
    Албат, кулгинг қистагай.

Зотингдаги баъзиларинг
    Юриб қолса пиёда,
Уч-тўрт қадам қўйди, тамом,
    Юролмаслар зиёда!..

Ҳалол меҳнат, аҳилликни
    Ё ўрган чумолидан,
Туртсанг ҳамки, ажралмагай
    Ҳалол топган молидан.

Гар синчиклаб назар солсанг,
    Ҳар лаҳзалик ҳолига,
Ҳаракатин кўриб дерсан:
    “Буюрсин ҳалолига!”.

Ибрат олгин ундан ризқни
    Топишни, пухталикни,
Бир-бирингга оқибатни,
    Ҳатто салом-аликни.

Бир-бирига дуч келсалар,
    Ўтмагайлар саломсиз,
Фақат бизнинг наздимизда
    Товушларсиз, каломсиз.

Э, воҳ, қани энди сенда
    Бўлса шундай иттифоқ,
Сенда забон, ақл бор-у,
    Ишинг-чи, низо-нифоқ!..

Бекор қолиб, баъзан унинг
    Инини ҳам бузасан,
Уни тинч қўй, ўзинг қачон
    Тинчлик-режа тузасан?!

Қанча-қанча жониворлар
    Қирилди жон қасдидан,
Кўпларининг номи ўчди
    Оч нафсингнинг дастидан.

Фурсат ўтмай боғла нафсинг,
    Шукр қилгил борингга,
Не танлашинг берилмишдур            
    Сенинг ихтиёрингга...

Овинг завқи учун қирсанг
    Ҳатто наҳанг, китларни,
Завқ олай деб уриштирсанг
    Қўчқор, хўроз, итларни.

Жонвор турин танламассан,
    Чиқса бўлди фойдаси,
Уят, ахир, ўйин бўлса
    Сувараклар пойгаси!

Уят, “уруш” ўйин қилиб
    Давралар қуришларинг,
Ё, каммидир ичингдаги
    Ўзаро урушларинг?!

Ўйин атаб икки инсон
    Уришса, юз қонталаш,
Ким учундир зўр томоша,
    Ўртада-чи, жонталаш.

Бу бетайин урушларинг
    Тури токай ортадур?
Инсонсан-ку, нега қонинг
    Ваҳшийликка тортадур?!

Етар, ахир, томоша деб
    Соф дилларни тиғлашинг,
Завқ ўрнига ўринлидур
    Бу ҳолатга йиғлашинг...

Ҳайвон зоти “ҳайвон”лигинг
    Айтар бир-бировига,
Ўлган яхши, киришгандан
    Инсон инсон овига!!!

Қачон бўлар, ахир, ўзни
    Ёвузликдан тийишлар,
Бечоралар ҳолини танг
    Қилиб ризқин қийишлар?!

Ҳар не қилса, олса-берса
    Ҳақ ҳамиша ҳақ эрур,
Ҳали чўзиб имтиҳонни
    Инсофга илҳақ эрур...

Зўрман дема, унутмагил,
    Кимдир бордир сендан зўр
Ул “Ким”нинг ким эканлигин
    Бир дам тўхтаб ўйлаб кўр!..

“Зўрман!” дема, “Зўр” олдида
    Бандасан, оддий қулсан,
Ер аталмиш бу майдонда
    Оддий бир қоровулсан!

Парваришу ҳимояси
    Бордир сенинг зиммангда,
Синалгайдур бул вазифанг
    Ҳаёт аталмиш жангда.

Ҳа, бу ҳаёт деганлари
    Тириклик-чун курашдир,
Сабрлига – бахт мукофот,
    Бесабрга нурашдир.

Ҳа, ёт дерлар, бир вақт келиб
    Ётдек бўлиб ётмоқ бор,
Ҳаёт қадрин билмасларга
    Азобларга ботмоқ бор!..

Яратганнинг Ўзи сенга
    Ибтидода демишдир:
“Қимирлаган ҳар бир жонвор
    Сенинг учун емишдир”.

Фақат сенга манъ қилинди
    Жони билан ейишни,
Яъни, жони тирик ҳолда
    Қони билан ейишни,

Лекин “Еса бўлар...” дебон
    Ҳар емиш қилмасин ром,
Баъзи номаъқул нарсалар
    Қилинмиш буткул ҳаром.*

Лек бир-биринг ейишингни
    Ҳақ кўзда тутмаганди,
Бир-бирингга ҳамла-ҳужум
    Ҳақ сендан кутмаганди.

Тўғри, ахир сен ҳам ерда
    Қимирлаган бир жонсан,
Бул дегани жонвор эмас,
    Онгли махлуқ – Инсонсан!

Нега, ахир, бир-бирингни
    Қон-жонингга ташналик,
Қани Аллоҳ талаб қилган
    Садоқатга ошналик?!

Ким бегуноҳ бир инсоннинг
    Қонини тўккан учун,
Қатъий назар ким бўлсин ул,
    Аллоҳ талаб қилар хун...    

Кимда бўлса бир инсоннинг
    Қонига бир ташналик,
Ул ким шайтони лаъинга
    Қилар ул дам “ошналик”.

Қонга ташналикка, бўлди
    Бошқа бир сўз демасман,
Инсонийлик шу бўлса гар,
    Кечир.., Инсон эмасман!..

Ажиб ҳолат давом этар
    Узоқ ўтган дамлардан...
Ажаб, қўриқласа одам
    Одамни одамлардан!..

Қадим дамдан қанчаларни
    Доим юришди ўраб,
Қўрқишиб ҳар қадамида
    Турдилар соқчи сўраб.

Қорнин ёриб кетмасди-ку,
    Тўнғиз келиб тўқайдан,
Ё бўрилар еб кетмасди
    Келишиб аллақайдан.

Ўз зотини ўз зотидан
    Ҳайвон  қилмас ҳимоя,
Ўз зотингдан ўзинг қўрқсанг,
    Бу энди қандай ғоя?!

Ит бор сени қўриқлашга
    Кундуз ҳамда тунларда.
Балки у ҳам баъзан ўйлар:
    “Одамлар мажнунлар-да...

Кундуз талаб бир-бирини,
    Ҳамма ёқни “лойлатиб”,
Тунда ўзи қотиб ётар
    Биз итларга пойлатиб.

Ўзи тўйиб овқат ейди,
                Тиндирмайди иякни,
Бизларга-чи раво кўрар
    Бор-йўғи бир суякни.

Боз устига баъзан уриб,
    “Итсан!” деб қутуришар,
Ўзлари-чи, кези келса
    Биздан баттар уришар.

Ким буларнинг қилар ишин
    Сабабин суриштирар?
Ўз уруши етмагандай,
    Бизниям уриштирар!

Баъзан бизга қутуришни
    Ўргатар ҳаддан оша,
Уриштириб бир-биримиз,
    Ўзи қилар томоша.

Бир-биримиз ўлдирсак ҳам,
    Бизлар билан иши йўқ,
“Уят ахир, бу ишларинг!”
    Дейдиган бир киши йўқ.

Бир-бирига қараб “Итсан!”
    Дейишин йўқотсайди..,
Э, чарчадим, қорин очди,
    Аҳҳ.., тезроқ тонг отсайди...”

Узр, ҳаёл сал чалғиди,
    Бир оз оширдим лофни,
Итдан баттар бўлма, сенга
    Аллоҳ берсин инсофни!

Дема асло: «Одамларга
    Итнинг не кераги бор?»
Сенда мумкин бўлмаслиги
    Лек итнинг юраги бор.

Ҳаддан ортиқ гап гапирсам,
    Сен ранжима лафзимга,
Бу танбеҳлар қаратилган
    Аввало ўз нафсимга.*

Ҳеч бир жонвор ўз-ўзидан
    Сенга ҳужум қилмайдур,
Унда фақат нафс бордур,
    Ўзга ғамни билмайдур.

Ҳеч бир ҳайвон сенга қарши
    Қондошларин жамламас,
Қўрқадиган нарсанг тайин,
    Бу ҳайвоний ҳамламас.

Сен қўрққан зот, сенга айтсам,
    Ўзингдан ўз аслингдан,
Қўрққан ўзинг, қўрқитувчи
    Ўз зотингдан, наслингдан.

Қўрқув солган ул қондошинг
    Ҳар на қилишга шайдир,
Сабаб шулким, сафларингда
    Ноҳақлик бор қандайдир.

Тинч яшашинг тайин, тортиб
    Олмасанг биров ҳақин,
Ёқмаса ҳам сенга сўзим
    Ҳақиқатга бу яқин.

Бул мавзунинг хулосаси
    Келмасин сенга малол,
Асос - хотиржам ҳаётга
    Ҳалол топишдур, ҳалол!

Ҳалол луқма ҳар лаҳзада
    Ҳузур бағишлар жонга,
Ҳалолликнинг ҳислати бу
    Боғлиқ эрур иймонга...

Мақсадим шул: Мен тўхталиб
    Ҳар соҳага, ҳар ишга,
Ундагайман ҳар инсонни
    Ўзлигига қайтишга.


Ҳ а қ   й ў л   –  Ҳ а қ н и н г   й ў л и д и р

Бу дунёда тириклик-чун
    Сенга турли йўллар бор,
Бу йўлларда турли тўфон,
    Қор-ёмғирлар, дўллар бор.

Дунё тўла турли йўлга,
    Тўлиб кетган ўнгу сўл,
Лек дунёда ягонадир
    Нурли, равон, тўғри йўл.

Бу йўл ёлғиз Ҳақнинг йўли
    Юрсанг фақат шунда юр,Тўғри кўргил, тўғри танла,
    Тўғри юргил, тўғри тур!

Тикла қаддинг, боқ олисга,
    Ортингни ҳам унутма,
Бу борлиқда танҳо йўл шу
    Ўзга йўлни сен тутма!

Адашмагил, тўғри йўлдан
    Кетмагил юз ўгириб,
Оҳ-надомат қилма охир
    Боши берк йўлга кириб.

Билсанг барча бу дунёда
    Бир йўловчи мусофир.
Амал қил Ул Эслатмага,
    Бўлма кўрнамак-кофир.

Йўловчи йўл эслатмага
    Қараб улов бошқарур,
Ҳаётингда Ҳақ Каломи
    Сенга шундайин зарур.

Ўқи, ўрган, эътибор қил
    Ҳар муқаддас оятга,
Шунда Аллоҳ Ўзи бошлар
    Сени ҳақ ҳидоятга.

Ул зот барча қилаётган
    Ишларинг билгувчидир,
У- огоҳдир, У- фармондор,
    Мағфират қилгувчидир.

Сен-чи, оғир дамда ундан
    Шафқат, мадад кутарсан,
Ишинг битгач, мададкоринг
    Бир зумда унутарсан.

Ким Аллоҳни танибди, ул
    Ўзлигин ҳам танийди,
Ушбу сирли ҳақиқатни
    Барча билса қанийди.!..

Бир кун охир ўз-ўзингга
    “Мен кимман?” деб сўйлаш бор,
Ўзлигини англаганга
    Охиратни ўйлаш бор.

Ҳаётингдан олий мақсад
    Қалбинг ичра ниҳондур.
Англаганга фоний дунё
    Бир синов-имтиҳондур.

Сурар давринг вақтинча,бил,
    Қачонки кунинг ботди,
Хонумонинг бефойдадур,
    Наф бермас олди-сотди...      

Унутмагил Инсон, сени
    Ҳаётга йўллаганни,
Бутун умринг давомида
    Ҳамиша қўллаганни.

Унутмагил ҳар дам, ҳар дам
    Ҳолингни билгувчини,
Тайёр тургил сўроғига
    Тез ҳисоб қилгувчини.

Бор мавжудот тасбеҳ айтар,
    Ҳамд-ла ўтар ҳар они,
Бари билар бу дунёда
    Бор жонзот эрур фоний.

Фақат боқий яшар Ўзи –  
    Зул жалоли вал икром.
Бу борлиқни бир сир ила
    Боғлаб Ўзга қилиб ром.

Фақат билмас кўп инсонлар
    Бу ҳақ Сўзни албатта,
“Бу бўлмаган бир сўз” дея
    Ётадурлар ғафлатда.

Аллоҳ Ўзи очсин улар
    Кўзларин, айлаб огоҳ,
Айтсунлар дил ва тиллардан:
    “Тавба! Астағфируллоҳ!”...

Нурга интил, чиққил ғафлат
    Чодирининг тагидан,
Изла олий бахт йўлини,
    Тутгил бахт этагидан.

Не-ла, қандай ўлчангайдир
    Яратганга садоқат?
Белгиси шу: Иймон, тақво,
    Ибодат, сабр-у, тоқат.

Солиҳ амал охиратда
    Юзга бергай жилва, нур,
Вужудингга бир сокинлик,
    Дилингга берур сурур.

Агарки, сен дилда иймон,
    Бўлсин десанг мустаҳкам,
Ибодатинг қил вақтида,
    Ҳақ динни тутгил маҳкам.

Жавоб олмоқ истармусан
    Десанг агар: “Кимман-да?!”
Сен бир оддий бажарувчи
    Неки бордир зиммангда.

Зиммангдаги иш - заминни
    Гуллатиш, обод этиш,
Бул туҳфани ҳадя этган
    Яратганни ёд этиш.

Дўст билиб сен ҳар элатни,
    Дилдан меҳр ато этиш,
Агар қилсанг неки аксин
    Ул гуноҳ, хато кетиш.

Гуноҳ билиб, сира шайтон
    Айтганини қилмаслик,
Ул малъундек бир умрга
    Тавқи лаънат илмаслик.

Ҳалол меҳнат, ибодат-ла
    Туну кун машғул бўлиш,
Бурчинг будир: Яратганга
    Садоқатли қул бўлиш.

Банда иши – ўз бошига
    Келмасдан шармандалик,
Содиқ бўлиб Яратганга
    Қилмоқ эрур бандалик!


Н а ф с г а   н и г о ҳ   н а ф с и з д и р 

Гар ундаса гуноҳ ишга
    Кимни “нафси аммора”,
Калимаи истиғфорни
    Айтишдир унга чора.

Жилов билмас нафсинг ҳар дам
    Ҳар ишга буюргайдур,
Буйруғини бажарсанг гар,
    Юзга қаро сургайдур.

Нафсга нигоҳ нафсиз эрур,
    Қолдирар ҳижолатга,
Охиратда солгайдур ул
    Сени оғир ҳолатга.

Ғолиб бўлгил ҳар дам жангда
    Нафс деб аталган ёв-ла,
Қуллигу қуллуқ қилма
    Ул бадфеълни жиловла.

Аждар нафснинг ҳузурида
    Қул қалбларга оғирдир,
Ҳар дам ажал даҳшатидан
    Қалтираб турар дир-дир.

Мана мисол... дейлик, майда
    Балиқнинг ҳоли танг-а..!
Сув бетида қушга емдир,
    Остида-чи, наҳангга..!

Дев қоматга лол қолгин-у,
    Эҳтиёт бўл заррага,*
Зарра девдан баттар қилар
    Етиб олса маррага.

Зарра кўзга кўринмасдир,
    Нафс ҳам кўзга кўринмас,
Лек огоҳ бўл, иймонингга
    Ҳамласи бир дам тинмас.

Нафс йўлида эртаю кеч
    Тинимсиз югурасан,
Кўп югурма, насибангни
    Олишга улгурасан.

Тез кетар бу нақд дунёни
    Бунчалар хуш кўрасан?**
Тез кетар бу нақд дунёда
    Вақтинча бир тўрасан.

Мол-давлатим – куч-қудратим
    Деган сўзинг хатодир,
Бу дунё бир ўткинчи ва 
    Алдагувчи матодир.*

Кеч ортиқча мол-дунёдан,
    Ҳақни бил, Ҳақни тани,
Ким дунёни дўст деб билар
    У Аллоҳнинг душмани!

Тушунчамни тўғри тушун,  
    Тушмайин тушкунликка,
Тенгласанг бас, ўтар умринг
    Муддатин “уч кун”ликка.

Муддатинг бор, тугамасдан
    Боғла нафс-ҳавойингни,
Вақтинг ўтса, тингламаслар
    Сенинг доду войингни...

Қай бир дастурхонларингда 
    Егулик неъматлар хор,
Қанча-қанча хонадонлар
    Қотган парча нонга зор.

Кимдир текинтомоқ ҳолда
    Айшин сурса бемалол,
Кимдир кўрар куни кулфат,
    Ётса беҳол, бемажол.

Қай юртларда дили вайрон
    Оч-юпун гадо бисёр,
Қай юртда деб сўрма, қара,
    Балки шундай қўшнинг бор.

“Ўзи келар” даромаддан
    Қаср қурганлар гоҳ-гоҳ,
Бир девор паст кулбага ҳам
    Ташлаб қўйсинлар нигоҳ.

Сўраб қўйса бул ҳам савоб,
    Ул ҳамсоя ҳолини,
Сипо бўлиб талагунча
    Мискинларнинг молини.

Ким ҳалолдан топиб қурса,
    Ҳақ берсин омадини,
Зар, кумушдан тиклай қолсин
    Қасрининг қоматини.

Ким қурса қандай қургайдир,
    Ҳар кимнинг ўзин таъби,
Тушунганлар турмуш тутар
    Камтарин зотлар каби.

Тарихда тўқ тоифалар
    Маълум, охир нетганлар,
Барчалари бу дунёдан
    Қуруқ қўл-ла кетганлар.

Нени олиб кетмоқчисан
    Бу беш кунлик муҳлатдан?
Камтарин бўл ва ҳушёр бўл,
    Қочгил сохта шуҳратдан.

Топган бойлик – олтин, кумуш,
    Дейлик ё гавҳар тошдир,
Барчаси сўнг авлодларинг
    Орасинда талошдир.

Бул барчаси бир вақт келиб
    Бир балони бошлагай,
Ул дам сенга бегонадай
    Кўп кўзларни ёшлагай.

Бир-бирини қиришгайдир
    Ул бойликни талашиб,
Бунга қанча-қанча мисол
    Тўлиб ётар қалашиб.

Ул бевафо бойлик айтар:
    “Мендан тезроқ кет нари!”,
Қилган солиҳ амал эрур
    Сен-ла бирга кетари.


Ш а р ҳ и    ш у а р о

Шу кунларда шундай битик 
    Керакдир, ноўринмас,
Мен бир қалам тутгувчиман,
    “Фикр берар” кўринмас.

Кимдир айтиш керак бўлган 
    Сўзга мен сайланмишман.
Кимгадир дўст, ким учундир
    Душманга айланмишман.

Эшит, барча битганларим 
    Бўлса ҳам бироз нохуш,
Битганларим бор ҳақиқат,
    Рўёдур, эмасдир туш.

Бул барчасин бир кун охир
    Айтиши керак кимдир,
Айтишга мен қарор қилдим,
    Сабаб – сафларинг жимдир.

Мен ҳам жим юрдим қанчалар
    Энди жим юролмасман,
Ким жимдур, ул жим билан
    Анжуман қуролмасман.

Сенга қулай бўлсин учун 
    Битигим битдим содда,
Ўқилган ҳар мисра қолар
    Осонлик билан ёдда.

Осон билма бул ишимни,
    Йўқса, сен ҳам битиб кўр,
Тахмон тўла тарихий бул 
    Китобларим титиб кўр!

Айтмарамки, назм боғининг 
    Бетиним булбулиман,
Менким Аллоҳ айтган Сўзни
    Англатгувчи қулиман.

Бир тун бедор ҳолатимда
    Ички бир овоз деди:
“Энди бир оз билганларинг
    Билдирганинг соз!” – деди.

Шул сабабдин аҳд айладим
    Сен-ла суҳбат қуришга,
Сенга сабр берсин менга 
    Қулоқ тутиб туришга.

Сенга холис хаёл ила 
    Битадурман бу хатим,
Сенга фойда, сабоқ эрур,
    Қўрқитишмас ниятим.

Сенинг ишинг, менга қулоқ
    Солма ёки солгин сен,
Истагим шул: Ортиқчамас,
    Оз бўлсаям олгин сен!

Эътибор қил ҳар мисрага,
    Ундан, бундан чўқима,
Фосиқона фикр қилсанг,
    Қўй, яхшиси ўқима!

Истак эрмас шуҳратимни
    Кенг дунёга таратиш,
Мақсад: диққат, эътиборинг
    Яратганга қаратиш...

Ижод ишин эплолмаган
    Бозори кўп касодлар
Балким энди уюштирар
    Турли фитна фасодлар.

Балки дўст ҳам кулар мендан,
    Балки баъзи бир ҳеш дер:
“Ана келар шоирсифат – 
    Биздан чиққан дарвеш” – дер.

Сенга, менга дўст эрур ким
    Бул ишимдан қувонса,
Ўзига ёв эрур ул ким,
    Ҳасад ўтида ёнса..!

Ғанимларим энди тинмай
    Ғийбатимни қиларлар,
Мен бир бандаи ожизга
    Аён нени тиларлар.

Сиртларидан саломлашиб,
    Сездирмайин сўкарлар,
Ўзларига гуноҳ олиб,
    Меникини тўкарлар...

Эзгу амал ҳеч уларнинг
    Хуш келмагай жонига,
Ҳасад ўтин алангаси
    Етгай устухонига!..

Улар инсон эмас, улар – 
    Қимирловчи аросат,
Миясининг ўрни бор-у,
    Лек унда йўқ фаросат.

Маҳшар куни мўминликни
    Алар истаб қолурлар,
Афсус, унда кеч бўлгайдур,
    Бефойдага нолурлар...

Кечир, мени... Ул каслардан
    Олмоқ учун аламим,
Тузукроқ бир тегарму деб
    Ишга солдим қаламим,,!

Кечир, ҳасрат ошиб кетди,
    Ошди кин-кудрат, гина,
Битикнинг бош мавзусидан
    Четлаб кетдим озгина.

Ҳали айтар гапларим кўп,
    Ҳа, гапларим яна бор,
Ўз ўрнида ҳазили бор,
    Ўз ўрнида таъна бор.

Шул ўринда қилиб ўтай
    Шоирликниниг таърифин,
Чин шоирга менда асло
    Йўқ адоват, зарра кин.

Шоир дебон атагум йўқ
    Шеър ёзарларнинг барин,
Кимки ёзса ҳақиқатни 
    Фақат шунга офарин!

Баъзилари қалам тутар
    Тирикчилик йўлида,
Мақтов, шуҳрат бўлса бўлди
    Доим ўнгу сўлида.

Баъзилари бўлмағур байт – 
    Ёлғонларни  ёзганлар,
Ундайларга эргашгайдур
    Ўз йўлидан озганлар.*

Айримлари сўз айтарда
    Ўта “баландпарвоз”лар,
Беҳуда бир бақиришлар,
    Баланд парда овозлар.

“Мен ҳам шоир” деганлар кўп,
    Кўпи ёзар сон учун,
Баъзи бирин битганлари 
    Ёзилган унвон учун.

Баъзилари битганига 
    Ўзи амал қилмаган,
Битганлари бўлар-бўлмас
    Битиклигин билмаган.

Шоир билсин не битганин,
    Ўткирлаб қалам учин,
Билсин шоирлик мақсадин,
    Ҳис қилсин шеърнинг кучин.

Айтар, битар сўзи сира
    Бўлмасин ҳақдан йироқ,
Ҳадис бордир: “Шоир отар
    Ўқнинг тиғи ўткирроқ”.

Эсла яна ўтмишдан бир
    Улуғ шоир сўзин ҳам,
“Қилич олмас Ер юзини
    Забт қила олур қалам”.*

Мен-ку ҳакам эмасдурман
    Бул соҳада, бул ишда,
Ҳақни ёзган ҳақ шоирлар
    Кўпи қолмиш ўтмишда...

Ҳақ ёди-ла ўтказмишлар
    Алар ҳар бир онларин,
Асарлари абадий ул
    Шеърият султонларин.

Ҳозир ҳам чин шоир сабаб
    Нашъалидур назм наҳри,
Чин шоир чин байтлар битар,
    Чин шоир – миллат фахри.

Халқ ўзи ҳақ сўз айтишга
    Чин шоирни сайласун,
Чунки шоир – қофияли 
    Сўз айтгувчи файласуф!

Ҳақ йўлида ҳақ сўз айтиш
    Шарҳ билганга шарафдур,
Ушбу йўлда ҳақ бир тараф,
    Ноҳақ бошқа тарафдур...


Х у н у к   х а б а р л а р   ҳ а қ и н д а

Бул кун қирғин ҳар қадамда
    Ким сабаб, нелар сабаб?
Барча бузғунликларингга
    Қаердан келар сабаб?

Бул беҳаё бузғунчилар
    Ҳеч нарсадан тортмас тап,
Инсонийлик қиёфаси
    Йўқ, бу ахир қандай гап?!

Ҳар кун, ҳар дам турли-туман
    Ваҳимаю миш-мишлар,
Бир-бирингга уюштирган
    Жирканчли хунук ишлар.

Ҳар кунингга тўла хунук
    Хабарлар, ваҳималар,
Катта ёшлар қилиқ қилар,
    Мурғак жонлар қийналар.

Рўзномалар тўлиб ётар
    Машъум маълумотлардан,
Ҳар элатинг пусиб турса
    Ичидаги “ёт”лардан,

Кўпдир тўнғиз қавмли тўда,
    Онги мажруҳ қолоқлар,
Фарқи бўлмас нишонига
    Оналар, чақалоқлар.

Ёниб битсин ва кул бўлсин
    Ёвуз кучлар тираги,
Синиб битсин ёвузликнинг
    Арава, ғилдираги.

Номи ўчсин ёвузликнинг
    Тарих саҳфа-бетидан,
Тавқи лаънат, дуои баъд
    Қувиб етсин кетидан...

Ҳар дам хунук хабарлардан
    Жар солар жаридалар,
Хунук ҳолга сабабчилар
    Иймондан наридалар.

Ҳа, ҳа хунук хабарлардан
    Жаридалар жар солар,
Адоғсиз шум хабарлардан
    Кўз тинар, қулоқ толар.

Шум хабарлар тўлиб кетди
    Ойнаи жаҳонларга,
Тасвирлари тўлди турли
    Нохуш лаҳза, онларга.

Асаблар дош бермас, бундай
    Сўзга қулоқ осишга,
Дил ҳайиқар, яқин келиб 
    Тугмасини босишга.

Ёқдинг, тамом, бошланади
    Яна кимдир урушар,
Тил бошлайди лаънатлашни
    Афтинг бирдан буришар.

Оғир, хунук хабарларсиз
    Ўтмагай бирон куни,
Эй, Худойим, бормикан бул
    Ғавғоларнинг якуни?!

Нега бунча дил поралик,
    Диллар нега доғликдир?
Бу кори-ҳол, томошалар
    Инсон, сенга боғлиқдир!

Мақсад недир? Вужудингни
    Иймонга тўлдиришми,
Ёки “уруш-уруш! ўйнаб
    Бир-биринг ўлдиришми?!

Нега зотинг аҳд айлади
    Бу ўйинга киришга?
Ким зотингга амр айлади,
    Бир-бирингни қиришга?

Лойдан бўлган инсон номин
    Ростдан лойга қоришга,
Уят! Ўзни жазм айласанг
    Портлатиш, қўпоришга.

Бундай жирканч барча ҳолат
    Ярашмас сендек зотга,
Бул кетишда Инсон номи
    Қолгай, ахир, иснодга.

Борки жонзот кулар ахир,
    Кулар Осмон, Ер, тоғлар,
Вайрон бўлса қўрғонларинг,
    Ҳувиллаб қолса боғлар.

Гар мақсадинг бузиш бўлса
    Мақсадингга етмагил,
Яратганга аён ишинг
    Бўлди, ўздан кетмагил!

Келса гар бир нохуш хабар
    Дейлик бир тайёрадан,
Келиб ёрдам бермагайлар
    Ўзга бир сайёрадан.

Фақат инсон ёрдам берар
    Ўзга бир инсон учун,
Ўзга жонзот қўл узатмас
    Кўмакка бу жон учун.

Албат аввал зарур эрур
    Ҳар ишга Ҳақ ҳоҳиши,
Ҳоҳламаса Ҳақ, бекордур
    Ҳар кишининг ҳар иши.

Ниятинг пок бўлса, унга
    Лойиқ Аллоҳ ройиши,
Гўзал бўлса дилда иймон,
    Гўзалдир фармойиши.

Балки бўлган бор битимлар
    Дерсан: “Бари бу оз-да!”,
Албат, оздай туюлгайдир
    Бари қолса қоғозда.

Бу битимлар бари бекор,
    Гар амалга ошмаса,
Инсон ўзи барқарорлик
    Чорасига шошмаса.

Халқлар аро тузгин кўпроқ
    Турли-туман кенгашлар,
Фақат бўлсин бир фойдаси,
    Бефойдаси дил ғашлар.

Жаҳондаги жанжалларинг
    Кел, бир томон сурайлик,
Истасанг, кел, ё мен борай,
    Ширин суҳбат қурайлик.


Ё ғ и л м а с и н   ё ш л а р  ё ш л а р г а !


Юксакликка етган сари
    Кундан-кун аҳли башар,
Не сабабдин ортмоқдадур
    Сафларингда аҳли шарр?

Кўп зотдошинг зоти қуруқ,
    Суратлари сўликдир,
Кўплаб кўзи очиқларинг
    Тирик мурда – ўликдир.

Бул барчасин тингла холис,
    Уйма қовоқ-қошларинг,
Ўйла эрта-индин кунинг,
    Эҳтиёт қил ёшларинг!

Кўп ёшларинг босмас қадам
    Боболар босган изда,
Яроқлиси саноқлидир,
    Кўпи тугар ўттизда.

Ҳўлу қуруқ гиёҳларни
    Тортган, ичига тиққан,
Турли санчқи, игналардан
    Томирлари толиққан.

Турли мараз, иллатлардан
    Қалтирар қаричлари,
Эзилган, кўп хароб бўлган,
    Тугаб бўлган ичлари.

Танасидан таралгайдур
    Ҳар турли бадбўй ҳидлар,
Ҳар миллатда ортиб борар
    Сўнгги вабо – СПИДлар.

Гиёҳвандлик бозорига
    Бул кун осон борилар,
Ҳар сония истеъмолда
    Қоп-қоп қора дорилар.

Хароб ҳолда ётса ҳамки
    Қанчалар мажруҳ-майиб,
Хумор тутиб, “қора ем”га
    Қўл узатар букчайиб.

Томирларга турли-туман
    Игналарни санчадур,
Билсанг эди, булар сони
    Сафларингда қанчадур!?

Хумор тутиб ҳурпаядур,
    Хуруж қилар асаблар,
Парвойинг йўқ, қуриб борар,
    Тугар наслу насаблар.

Бул фожиа сабаби ҳам
    Оч нафсингга тақалар,
Наҳот, афзал бўлса инсон
    Зотидан шул чақалар?!

Тутам ўлат ўқига сен
    Ваҳ, шунчалар асирсан!
Сескан, ахир ё, алҳазар,
    Бунчалар бетаъсирсан!

Озор берар озуқалар
    Ортасан ошқозонга,
Барг тутатиб, ичга тортиб
    Пуфлайдурсан ҳарёнга.

Бошда бу хил ҳунарларни
    Ўрганасан аранг сан,
Сўнгра бу хил ҳунарлардан
    Қутулолмай гарангсан...

Қизлар қирқар сочларини
    Қирқ кокил ўрмасдан,
Қанча қизлар – тайёр келин,
    Чимилдиқни кўрмасдан.

Ёш нигоҳлар тайёр турар
    Бир кўришда ёқишга,
Баъзи куёв чора билмас,
    Ҳатто, ўзин боқишга.

Гул юзли ой чеҳраларни
    Келинликка сўрмаслар,
Кўп ёшларинг куёвликка
    Ўзни лойиқ кўрмаслар.

Ё тўй қилиб, уч кун ўтмай
    Турли қилиқ, зардалар,
Сохта севги, ҳатто сохта
    Эрур иффат пардалар!

Ҳаққа хиёнат эмасму
    Бундай қилиқ, соҳирлик?
Ўз шаънингни топташмасму,
    Бундай сунъий зоҳирлик!

Кўпдир, кимса кийим демас
    “Кийим”ларни кийишлар,
Сўз талашар тушунтирсанг,
    Йўқдир тилни тийишлар.

Тушунгали тоби йўқдир
    Гап талашар басма-бас,
Ёшларингга ёзадурман:
    “Бу ҳолни қилманг ҳавас!”.

Шундай ёшлар ҳам бор, алар
    Тўғри йўлдан тойишмас,
Дуо қилиб барчаларин
    Кексалар ҳеч койишмас.

Ёш авлодинг Яратганга
    Содиқ бир авлод бўлсин,
Содиқларнинг ҳар савобли
    Соҳада сафи тўлсин!

Ёшларни деб бир кун кўздан
    Ёғилмасин ёшларинг,
Ёшларга де: “Бузилмасдан
    Бу ёшликдан ошларинг!”.

Ёшлик барча махлуқотнинг
    Чиройли бир гул фасли,
Бул ёшликнинг бил қадрини
    Қуримай инсон насли!


У н у т м а г и л   У н и ,   у л   К у н н и !

Имкон қидир ҳар сония 
    Яратганга ёқишга,
Бул имконинг имкон берур
    Ул Кун Унга боқишга.

Бул тириклик чоғинг машғул
    Бўл ибодат-тоатда,
Шунда қўрқув билмагайсан
    Сур чалинган соатда.

Вақт келибки, қўлга олсанг
    Номаи аъмолингни,
Ҳеч бир қондош келиб сўрмас
    Не бўлди деб ҳолингни.

Дўст-биродар кор келгайдур 
    Бу ўткинчи оламда,
Улуғ Кунда биров сўрмас
    Не куйдасан, не ғамда.

Молу дунё, амал унда
    Бермагай асло нажот,
Унда бордир ажр-мукофот
    Ҳамда турли даражот.

Ул дам афсус-надоматлар,
    Тавбалардан фойда йўқ,
Таниш-билиш, қон-қариндош,
    Ошналар ул жойда йўқ.

Мол-давлатинг сўнгги нафас
    То танангдан кетгунча,
Дўст деганинг жонсиз тананг – 
    То қабрга етгунча.

Сўнгра киминг борар экан
    Хароб ҳолинг сўргали,
Дарча, туйнук битилмаган
    Зах кулбангни кўргали.

Сенга абад ҳамроҳликка
    Амалларинг қоладир,
Амалингга қараб руҳинг 
    Чап-ўнгдан жой оладир.

Кофир, бадбахт, фосиқ учун
    Улуғ Кунда, ўшал дам,
Кор қилмасдур ҳатто оқлов
    Қилса ҳамки бор одам.

Ул пайт бўлмас дўст-биродар,
    Ёрдаму қўллаш, ёқлаш,
Иш бермагай амал, унвон,
    Илтимос, сўров, оқлаш.

Тоғлар келиб бир жунбушга,
    Қуёш бирлашса ойга.*
Лом-мим демай боргайдурсан
    Ҳақ ҳукм қилган жойга.

Ул Кун илож йўқдир бирон
    Жанжалга, “сан-санлаш”га,
Белгиланган жойинг аниқ,
    Имкон йўқ жой танлашга.

Барча борлиқ, жонзот учун
    Бўлур умумтутилиш,
Ёдга келмас ва топилмас
    Бирон чора қутулиш.

Ул Кун ақлу иродангга
    Бўйсунмас бутун тананг,
Ул Кун бўлмас бир нажоткор,
    Бўлмас бирор бошпананг.**

Ул Кун ҳеч зот қулоқ солмас
    Ҳеч кимса “оҳ-воҳ”ига,
Тўдалар тенг йўл олишар
    Ҳақнинг қароргоҳига.

Ул Кун яна тингламаслар
    Ҳеч кимсанинг зорини,
Ул Кун барча бирдай тинглар
    Тўпловчи қарорини.

Ул Кун сенга берилгайдур
    Барча ишинг хабари,*
Тўплам ҳолда тутилгайдур
    Яхши-ёмоннинг бари.

Рост битилган бўлур барча
    Қилган амал нечоғлиқ,
Ажри эса ўнгу чапдан
    “Нома” олишга боғлиқ.

“Нома” қўлга теккач, фақир
    Ёки дейлик, бойдадур,
Илтимослар иш бермагай,
    Барчаси бефойдадур.

Улуғ Кунда майдон битта,
    Барча битта жойдадур,
Ёш-у, қари, шоҳ-у, гадо
    Барчага бир қоидадур.

Ҳолингдан ҳеч хабар олмас
    Фарзанд ё ота-она,
Ул Кун бекор, бефойдадур
    Бирор узр, баҳона.**

Ул Кундаги ҳолатингни
    Таъриф этсам янада,
Гувоҳ бўлур ҳар бир аъзо
                Неки борки танада.

Қилган ишинг барчасини
    Деёлмассан: – Қилмадим..!
Хоҳларсан-у, тил айтолмас
    ...Хатолигин билмадим..!

Ёлбориш-у, илтижолар
    Ул Кун кўкка етмайди,
Ҳаётдаги турли қилиқ,
    Муғомбирлик кетмайди.

Дод-войингга бир кўмакчи 
    Бир қайрилиб қарамас,
Қилганмидинг ярамаслик,
    Тамом! Номинг “Ярамас!”.

Тирикликда тинглаб, амал
    Қилмасанг ҳар оятга,
Ул Кун жазонг аниқ, ул дам
    Ўрин йўқ шикоятга.

Юзи қаро кофир қавмни
    Ул майдондан суришар,
Бало ўрлаб бошларига,
    Қаро юзлар буришар.*

Тўғри танла тадорукинг,
    Танда нафас борида,
Ҳақ асрасин, бўлишликдан
    Бадбахтлар қаторида.

Пок асрагил Аллоҳ ато
    Қилган тана, жон, руҳни.
Тўғри танлаб, лозим топгил
    Саодатманд гуруҳни.

Шараф ишинг шарбатини
    Сезарсан сен кетарда,
Қўрқинч, армон сезмагайсен
    Жон ҳалқумга етарда.

Омонатин олғувчиси
    Омонат сўрғонида,
Осон-енгил ҳатлагайсен 
    Бу дунё қўрғонидан.

Билармусен не дегани
    Бу дунёдан ажралиш?
Бу дегани амалингга 
    Лойиқ бирон ажр олиш.

Инкор ўтмас, таклиф бўлгач
    Охират диёрига,
Не ҳожатдур, кенгаш-йиғин
    Инсон дўсту ёрига.

Тананг таслим, ётганингда
    Оёқларинг чалмашиб,*
Жон ўрнига молу дунё 
    Олмагайлар алмашиб.

Хўш, келарму ё қўлингдан...
    Истаган молинг алиш!
Топиларму бирор зўринг
    Фармон бўлса: “Ҳайдалиш!”.
Бир яқининг ярамасдур
    Сени олиб қолишга,
Зарра парво қилмагайлар
    “Даволаб дам солиш”га.

Тинглаб парво қилмагайлар,
    Ҳатто зўрлар зўрига,
Гар бандаси сафар қилса
    Аллоҳнинг ҳузурига.

Ой-кун битиб, ҳалқумингга
    Тақалса агар жонинг,
Бефойда бор бойликларинг,
    Бефойда хонумонинг!

Обрў-мансаб бефойдадур,
    Бефойдадур шавкат-шон,
Таслими жон олдида сен
    Ожизсан, ожиз Инсон!

Гар ҳаётинг зулмат каби
    Тўлса бир жаҳолатга,
Уни ҳаёт атамагил,
    Таъриф йўқ бу ҳолатга.

Ким Аллоҳнинг Каломини
    Агарки дер: “Ёлғондир!”,
То абад ул ўз бўйниға
    Тавқи лаънат олғондир!

Яратганнинг Ўзи уни
    Шундай кўйга солғайдур,
Хор-зор бўлиб, Улуғ Бахтдан
    Ул бенасиб қолғайдур.

Ул малъуннинг таърифини
    Ёзарга бормас қўлим,
Аллоҳ Ўзи тилар унга
    Такрор ва такрор ўлим.*

Аллоҳ уни то абадга
    Кўзларин ёшлаб қўяр,
Ўтин қилиб, жаҳаннамга
    То абад ташлаб қўяр.

Мен бир бора яшайман деб
    Керилганлар кибордур,
Англаганга бир бор эмас,
    Тириклик икки бордур.

Аввалгиси бамисоли
    Бир ой ё  бир кун бўлар,
Бир зум кечар ҳаётингга
    Бир синов, якун бўлар.

Кейингиси абадийдур,
    Боқий, билмас ниҳоя.
У бордур, бир ҳақиқатдур
    Дема: “Оддий ҳикоя!”.

Руҳ ҳозирча танангдадур
    Демак, ҳали имкон бор,
Бу имконинг тавба учун,
    Тавба қил, айт истиғфор!

Бу дунёда кимки агар
    Ўзин қўяр юқори,
Ул Кун шунча пастда бўлур
    Бўлсин ул шоҳ ё қори.

Гар сўзларим ҳушёр тинглаб
    Маъносини чаққинг йўқ,
Демак, демам инсон сени,
    Бу хатога хаққинг йўқ!

Булар бари бир ҳақиқат,
    Демагил: - Чўздинг роса
Истагим: Ол, керагини,
    Ўзинг яса хулоса!


С и р л а р   с а б а б л а р и   с и р    

Етти ўлча, бу ҳаётинг
                Оддий келди-кетдимас,
Осмон, замин қати ва ранг
    Сони бежиз еттимас.

Сир кўп сирли бу оламда
    Сирлар онгда уюлар,
Биз билмаган барча нарса
    Мўжизадай туюлар.*

Сон-саноқсиз сайёралар
    Айлабон сокин сайр,
Пат-қанотсиз ҳамда унсиз
    Учсалар мисли тайр...

Бир жисмни бир бўшлиқда
    Сен муаллақ қотир-чи!..
Эплолмассан... Нега дебон
    Миянг ўйга ботир-чи!..

Бул беҳисоб жисмларни
    Терган маълум тизмига,
Барчасини, шак-шубҳасиз,
    Бўйсундирган измига – 

Бу не хилқат, бу не кучдир,
    Нега ҳайрон қолмассан?
Атроф тўла тирик мисол
    Нега ибрат олмассан?!

Майса – яшил, кўмир – қора,
    Қор ва пахта нега оқ?
Билмагайлар ҳануз сирин,
    Бекор боқма, ўйлаб боқ!

Бир муддатга яшил бўлиб
    Яшнаган ҳар бир япроқ,
Тус йўқотгай жон таслимда,
    Хазон фасли келган чоғ.

Кўклам чоғи бирон ниҳол
    Либос кийса ғунчадан,
Ким кийдирмуш йироқдурсан
    Бундайин тушунчадан.

Сени фақат қизиқтирар
    Ширин-тотли меваси,
Ишинг йўқдир ичида не,
    Сенга зарур теваси.*

Дарахт “қуллуқ” эшитмагай
    Мевага тўлган чоғда,
Гар ҳосили сал камайса,
    Ўзин кўрар ўчоқда.

Мевасини бир зумдаёқ
    Териб ейсан тиндириб,
Узгайдурсан озор бериб,
    Шох-шаббасин синдириб.

Тайёрини ейиш осон,
    Боғ яратиш қийиндир,
Қийин ишга қўл боғла-ю,
    Ерни кўкка кийинтир!

Шукр қилу ушрини бер
    Дарахт ҳосил тутганда,
Шукр қилгил Яратганга,
    Ҳар луқмани ютганда.

Ҳосил учун, ризқинг учун
    Яратганга шукр қил,
Ушр беру баракот кўр
    Ҳосилда келаси йил!

Баракот бор боғларингда
    Дилда шукр бор қилсанг,
Тортиб олгай боғингни чўл,
    Ҳосилин гар хор қилсанг.

Меҳрингга зор бўлиб ниҳол
    Ҳаракатинг кузатар,
Эътибору парваришга
    Лойиқ мева узатар.

Сезмагайсан, сенга сўзлар
    Дилда борин шивирлар,
Сезмагайсан, беҳисобдир
    Атрофинг тўла сирлар.

Шунча далил кўра туриб,
    Куфр йўлига шайлансанг,
Сени йўқдан бор қилганни
    Рақибига айлансанг!..

Ҳайрон бўлма, бир оз ўйла
    Десамки нуқул “сир-сир”,
Ўқи, излан, шунда сирлар
    “Сир”ларин очар бир-бир.

Дунё ўзи яралиши
    Билсанг, ахир, сир бўлган,
Шунданми, бу дунё отлиғ
    Ичи ҳам сирга тўлган.

Сирдир – кўриб, тинглаб, ўқиб,
    Билиб ўйга толишинг,
Ҳаётинг сир, сирдир ҳатто
    Ҳар бир нафас олишинг.

Сирдир турли кечинмалар,
    Сирдир қалбда ҳис нима,
Кўриш, сезиш барчаси сир,
    Ранг нимаю ис нима?!

Сирдир мақсад, истакларинг,
    Уларга етишинг сир,
Сирга тўла бу дунёга
    Келишу кетишинг сир.

Самовий сир, ер сирлари
    Қайдадур аввал-боши?
Фақат аёндур Холиққа
    Етмас инсон бардоши!..

Сирга тўла бу ҳаётинг
    Сирлар ичра кечгайдир,
Сир сабабин сўрганларга
    Уни илм ечгайдир.

Сен билишинг мумкин эмас
    Дунёда сирлар қанча,
Билишингга билим берар
    Ҳақ Ўзи истаганча.*

Атрофга боқ, ҳар жисмга,
    Ҳар ҳаракат, ҳар ҳолат –
Яратганнинг борлигига
    Эмасмидур далолат?!

Ер, Ой, Қуёш бир маромда
    Айланишиб юргайдир,
Ўйлармусан ким юргизар
    Ва ёким буюргайдир?!

Барчасини бир тизимга
    Бойлантиргувчиси бор,
Ҳар айланар нарса борки,
    Айлантиргувчиси бор.

Ушбу сирга тафаккури
    Тиниқ қари, ёш қарар,
Улар билар бу борлиқни
    Илоҳий куч бошқарар.

Бу илоҳий куч тизгини
    Ёлғиз Аллоҳ қўлида,
Шукр қилу ибодат қил
    Яратганнинг йўлида!

Атрофга боқ, ҳушёр қара,
    Айтарим дилда сақла,
Сирлар сенга очар сирин
    Ўтир, китоб варақла!

Сирли қилиб яралгандир
    Борлиқнинг бор таъсири,
Илм ила ечилгайдир
    Борлиқнинг барча сири.


“ К ў р и н м а с “ л а р    к ў р и н м а с

Кўпдир кўринмас нарсалар
    Лекин улар бордир, бил,
Кунда кўриб билганингдан
    Келтирай сенга далил:

Иссиқ, совуқ, аччиқ, ширин
    Кўринмасдир барчаси,
Кўринмасдир ҳидлар ҳамда 
    Бирон нарсанинг саси.*

Кўринмасдир тузнинг таъми,
    Ёки шакар ширини,
Ҳозиргача ҳеч ким билмас
    Бу барчасин сирини.

Майса, дарахтни тебратиб
    Ўзи кўринмас шамол,
Демак, у бор, биладурсан
    Кўрсатмаса ҳам жамол.

Бул кўринмас нарсаларни
    Биларсанки, бари бор,
Малоика, жин борлигин
    Нега қиласан инкор?!

Бутун борлиқни тебратиб
    Турган “куч”га не дейсан?
Яна не дей?.. Ишонмасанг
    Ғофил бандасан эй, сан!..

Эрур осмон, фалак, фазо – 
    Фаришталар макони,
Саноғига тенг келмасдир
    Ҳаттоки қумлар сони..!

Тасаввур қил, малоика
    Сафлари кўпдир қанча,
Қанча кўпдир кори дунёнг,
    Ёзгайдурлар ўшанча.

Билиб битиб тургайдурлар
    Хатга барча корингни,*
Сездирмасдан сенга, ёзгай 
    Ҳатто дилда борингни.

Алломалар аниқ айтган:
    -- Ҳар соҳада, ҳар ишда
Ҳақ ҳукмига ҳавола, – деб 
    “Омин!” дегай фаришта.

Ҳис қиларсан борликларин
    Лек ўзларин кўрмассан,
Бул қиссадан ҳисса шулки,
    Сен улардан зўрмассан.

Сен кўрмайсан, лекин қушлар
    “Кўринмас”ни кўрарлар,
Сенга хабар бергандайин,
    Доим сайраб турарлар.

Аллоҳга ҳамд айтар улар,
    Чор-атрофда сайрашиб,
“Кўринмаслар” келишганда
    Тасбеҳ айтар яйрашиб.

Бир аллома бир сўз демиш
    Буни таҳлил этарда,
“Кўринмас”ни кўриш-чун қуш
    Кўзида бордир парда.

“Зўрман!” дебон замин юзин
    Бузай деб қилма ният,
Сендай “зўр”га берилмаган
    Қушлардаги хосият!..

Бул аёндир ёлғиз Ҳаққа
    Сендан соқит сиридир,
Сирлари кўп Яратганнинг,
    Бу улардан биридир.

Фаришталар – Яратганнинг 
    Кўринмас бир лашкари,
Кўринмас куч кўпдир яна
    Бу кучлардан ташқари.

Кўринмаслар ичра бордир,
    Шунингдек, ёвузлари,
Улар яшар ёвузлар-ла,
    Ё яшарлар ўзлари.

Тоза қалбли вакилларинг
    Кўролмаслар ундайлар,
Ҳар қадамда ёмонларни
    Ёмонликка ундайлар.*

Қўрққин доим ул малъунлар
    Эшигингни қоқишин,
Чунки улар хоҳламаслар
    Яратганнинг хоҳишин.

Мақсадлари чин инсонга
    Қўйишдир доим тузоқ,
Иймон деган тушунчадан
    Барчаси буткул узоқ.

Йўқ! Барчаси дейиш хато
                Бордир иймонлиси ҳам,*
Фақат ўша иймонлиси 
    Учрагайдир камдан-кам.

Чин мўминга улар доим
    Ҳавас билан қарашар,
(Чин мўминга ҳавас билан
    Қараш албат ярашар).

Балки бунга ишонмассан,
    Сабаб – кўринмас бари,
Лек уларнинг ёмони кўп,
    Ёлғончидир кўплари.**

Шул ўринда бир сўз айтай
    Ақли соғ ҳар кишига,
Била туриб киришмагил
    Шайтоннинг ҳар ишига!..

Ҳар дам сенинг қулоғингга
    Ёмон сўзлар осар у,
Зотингдаги золимлар-чун
    “Бадал-ўринбосар” у.***

Билки, “бадал” – ул душманинг
         Ётар экан қўйнингда,
Ер юзида барча бузуқ
    Ишлар сенинг бўйнингда.

Иблис ундаб ҳар-хил ишга,
    Инсон зотин ҳар қадам,
“Иш” битириб, қочиб қолар,
    Иснодга қолар одам.

Ул “қора қалб” қуриб бўлган
    Қалбингни баттар сиқар,
Бул кетишда яқин кунда 
    Қўйнингдан бошга чиқар.

Бошга чиқди, дунё иши – 
    Тамом!.. Зеру забардур.
Нега зотинг вакиллари
    Бул ишдан бехабардур?!

“Дўст” кўриниб, асли кулар
    Ҳар бир фаҳми калтангга,
У туфайли тўлиб кетди
    Гуноҳ “гуноҳ халтанг”га.

Гуноҳларга тўлди халта,
    Тўлди ёвузлик жоми,
Тўлса ҳамки бор идишинг
    Тўхтамасдур давоми.

Иблис “изн”и то қиёмат,
    Муддати қисқармоқда,
Шул сабабми, эргашганлар
    Сафи ортиб бормоқда?!

Ким билмаса кимлигини,
    Ким билади ул кимдир,
Жоҳилларнинг бошларида
    Шайтон доим ҳокимдир.

Барча иллат эгаси бу,
    Шайтонлигин билсанг бас,
Бузуқ ишлар ярашмасдур,
    Қутлуғ номингга эй, кас!


Р и с о л а и   р и з қ  

Ризқ топмоқлик муаммонгни
    Жамлаб жону жисмга,
Бу йўлдаги тоифангни
    Бўлдим тўртта қисмга.

Бир тоифанг ҳалол топиб,
    Ҳаром қилиб ейишар,
Топгани ҳеч юқмагандан
    Бебарака дейишар.

Ойлаб топиб, зумда сочиб
    Меҳнат қадрин билмаслар,
Ҳалол ризқнинг қоидасига
    Улар амал қилмаслар.

Бошқа қисминг ҳаром топиб
    Сарф қилар ҳаромларга,
Нопокликка тўлиқ тўлган
    Ости бузуқ томларга.

Бор бетайин бузуқликлар
    Борки, булар билгайлар,
Барча безор бу бадфеъллар
    Бор бисотинг шилгайлар.

Уларга ҳеч таъсир қилмас
    Озор тортганлар доди,
Афсус, жуда кеч бўлгайдур
    Сўнгги ўкинч, фарёди.

Учинчи бир қисминг қизиқ,
    Ҳаром топиб, ҳалол ер,
Буни не деб атагайлар
    Қани, ўзинг жавоб бер?!

Айт, уларга ўрин борми
    Одамзод  орасида?
Улар мажбур йўл излашар
    Тириклик борасида.

Тўртинчи, энг сўнгги қисминг
    Ҳалол ер, ҳалол топар,
Ҳар хил ҳаром луқмалардан
    Қўл тортар, оғиз ёпар.

Билсанг, улар бор орангда
    Улар бор, дунё бордир,
Билсанг, улар ҳисобига
    Борлигинг барқарордир.

Улар кун-тун Яратгандан
    Ҳалолликни сўрарлар,
Бор баракот сабабини
    Ҳалолликдан кўрарлар.

Ҳалол топиб, сарф қилгунча
    Ким билади, кимларга,
Афзал бўлгай, силаб бошин
    Едирсанг етимларга.

Билсинким бетайин бўлса
    Кимнингки касбу кори,
Бўлмас уйда баракоти,
    Бут бўлмагай рўзғори.

Аллоҳ берар ризқ мўл-кўлдир,
    Барчага етиб ортар,
Лекин кимдир жиғилдонга
    Кимдандир ортиқ тортар.

Ҳаром луқма бир вақт келиб
    Мисоли бир манжаниқ,*
Ё бир молинг ёки жонинг
    Юлиб отиши аниқ!..

Ҳурмат ила эсласунлар 
    Десанг агар отингни,
Мол топгин, дунё топгин,
    Унутма закотингни!..


М е ҳ н а т г а   м у н о с а б а т

Ҳайвонлару қушлар ризқин
    Кезиб, излаб топади,
Инсон эса ўз ризқини 
    Ҳалол ишлаб топади.

Қурт-қумурсқа ҳам шундайдир,
    Кеча-кундуз чопади,
Кетмон чопиб ишламайди,
    Тайёрини топади.

Ҳайвонлару ҳашоратнинг
    Кеча-кундуз кезиши – 
Наздида шу ҳаракатни 
    Меҳнатлигин сезиши.

Инсонлигинг шулки, Инсон
    Онгли меҳнат елкангда,*
Шул меҳнатинг боис, Аллоҳ
    Файз ёғдирар ўлкангда.

Бежизгамас, бир битикни
    Битишгандир улуғлар,
Инсон меҳнат билан тирик,
    Уни меҳнат улуғлар!

Бул хусусда ўтмишдаги 
    Бир улуғ зот – аллома,
Башарият учун битмиш
    Чиройли, қисқа нома:

“Қўлинг ишда, лек ҳамиша
    Аллоҳ бўлсин дилингда!”,**
Бул шиор бир дастак бўлсин
    Ҳар битта вакилингда!

  М е ъ ё р г а   м у н о с а б а т

Ҳар дам билки, ҳаётингда
    Меъёр зарур ҳар ишда,
Фаслларга боқсанг у бор
    Баҳор, ёз, куз ва қишда.



Кун, ой, йил ҳам бир меъёрда,
    Вақтидан ҳеч ҳам ошмас,
Сайри сайёр бир меъёрда
    Кеч қолмас ёки шошмас.

Меъёрин бил ҳар нарсанинг,
    У сув, ҳоҳ олов бўлар,
Меъёрдан сал оширсанг гар,
    Билгилки, у ёв бўлар.

Меъёр бўлсин ҳар кундаги
    Ичиш, овқат ейишда,
Кўриш, тинглаш, ўйлаш, сўйлаш,
    Панд-насиҳат дейишда.

Меъёр бўлсин харидингда,
    Меъёр бўлсин сотишда,
Меъёр бўлсин меҳнатда ва
    Ҳузур қилиб ётишда.

Ҳаттоки энг хуш кўрганинг
    Асал қилгайдур касал,
Бир қошиқдан ортиқ бўлиб,
    Меъёридан ошса сал.

Меъёр зарур ҳар бир ишда,
    Ҳар хайрли одатда,
Ҳатто илм излашингда
    Ҳам тоат-ибодатда.

Эртаю кеч ибодат-ла
    Машғул инсон бўлмагай,
Тиним билмас ибодатга
    Унда имкон бўлмагай.

Етар “меъёр-меъёр” дейиш,
    Энди-чи, якун даркор,
Хулоса шул, унутмагил,
    Умрингда ҳам меъёр бор!

Аввал минг йил яшаганлар
    Бари хатга олинган,
Ҳозирда-чи, ҳаёт завқи
    Бир меъёрга солинган.

Солиҳ амал, ибодатга
    Шу меъёр ҳам етадур,
Оқилона сарф этмасанг,
    Бахтинг қўлдан кетадур.

Олий бахтга эришмоқ-чун
    Шул ҳам етиб ортадур,
Бундан ортса инсон зоти
    Фақат азоб тортадур.

Бахтинг – инсонлигинг эрур,
    Ҳар дам нафас олишинг,
Ўз муқаддас вазифангга
    Ҳар дам содиқ қолишинг.

Бундан-да бир буюк бахт бу –
    Яратганни танишинг,
Зикр эт, шукр эт, шунда доим
    Унум топар ҳар ишинг!

Баъзилар дер: “Ташвишим кўп
    Ҳозир бу ёш бошимда,
Ибодатни кейин қилгум
    Етмиш-саксон ёшимда...”.

Бу бир хомлик, ўта хомлик,
    Ўта аянчли ҳолат,
Хўш! Қўлида борму унинг
    Саксон ёшга кафолат?!

Ёки юз йил яшашига
    Борму бирон номаси,
Ёки Аллоҳ билан якка
    Тузилган шартномаси?!

Бундай ҳужжат ҳеч зотда йўқ,
    Унда ҳам йўқ бундай хат,
Тайин унинг охирати,
    Изоҳга йўқдир ҳожат...


Ж у ф т л и к    ж у з ъ и   

Энди айтар фикримни сен
    Такрорлаб тургил бот-бот,
Ҳар нарсанинг жуфти бордир
    Келтирай сенга исбот:

Сендан бошлай... Ёлғизликда
    Сен паришон хаёлсан,
Топарсан ёр, қарабсанки,
    Жуфтсан, эркак-аёлсан...

Куннинг жуфти тун бўладир,
    Ойники-чи, Қуёшдир,
Осмон жуфтлик қилар Ерга,
    Оёққа эса бошдир.

Паст-баланд, оқ-қора жуфтдир,
    Аччиққа жуфт шириндир,
Барча жуфтлик ичра сенга
    Бир маъно яшириндир...

Дунёдаги борки нарса
    Жуфт эрур, жуфтдир алар,
Биз билган бу дунёга-чи,
    Охират жуфт саналар.

Бу очиқ бир исбот сенга,
    Боқий дунё борликка,
Йўқ деб, борма хатоликка,
    Борма фикри торликка!..

Ҳаётингга маъно тўлар
    Бул исботга ишонсанг,
Ва аксинча, акси бўлар
    Агар мийсоқдан тонсанг.
Ҳа, ҳар нарса жуфти бордур,
    Фақат Аллоҳ аҳаддур,
Уни билмас бандаларга
    Аҳаднинг қаҳри баддур!..


И л м   в а   ф а н   ф а р қ и 

Энди илм-фан фарқини
    Қилайлик бир оз таҳлил,
Қулоқ тут бул суҳбатимга
    Ва буларнинг фарқин бил!..

Фандаги бор ютуқларинг
    Ўткинчи омонатдур,
Барча фанинг фоний дунё 
    Кори учун ҳожатдур.

Фан дегани ҳаётингнинг
    Бир қисми-чун зарурдир,
Илм икки дунё бахтин 
    Таратгувчи бир нурдир.

Истаган бир фанингни ол,
    Қилайлик мушоҳада,
У керакдир тирикликда
    Ҳар қадам ҳар соҳада.

Лекин фандан олганларинг
    Бу дунёда қоладир,
Илм эса ҳар инсонни
    Ҳақ йўлига соладир.

Бу дегани “Илм изла-ю,
    Фанни ташлаб қўй”масдир,
Фозил киши ҳар иккисин
    Тенг излашдан тўймасдир.

Кўп улуғлар борлиқ надур
    Билишга интилганлар,
Барча сирлар калитини
    Илмда деб билганлар.

Илм излаб ўзликларин
    Қийнамишлар беаёв,
Қанча-қанча ўлкаларни 
    Кезмишлар улар яёв.

Ушбу йўлда ҳормамишлар
    Фарқламайин қишму ёз,
Кўнгли тўлмай бор билимдан
    Излашмиш улуғ устоз.

Ҳар иш каби илмни ҳам
     Бошлагил “Бисмиллоҳ...”дан,
Эзгу мақсад-матлабингни 
    Сўрагил сен Аллоҳдан.

Доно устоз этагин тут,
    Бошлагил “Алиф, лом...”дан,
Ва илм учун бор жавобни
    Топгайдурсан Каломдан.

Бул соҳада бўлмаса гар
    Устоз – улуғ, донишманд
Барча вақтинг зое ўтгай
    Беҳудага бўлиб банд.

Илм излаш бу – риёзат,
    Машаққат, лек соз ишдир,
Илм излаш гўё игна
    Билан қудуқ қазишдир.
Китобларга “кўмил” ҳамда
    Аллоҳдан сўра, тилан,
Тилаганга Тангри бергай,
    Илм ҳам тилак билан.  

Илм қайдан, қачон келар
    Деб жим ётиб кўз тикма,
Сени излаб келмагайдур
    Бағдоддан “Байт-ул ҳикма”.


Булоқ сари боргай бешак
    Сув излаган ташна лаб,
Ким ишонгай булоқ келса
    У лабни ўзи излаб.

То танангда жон бор экан
    Илм излагил ҳар маҳал,
Билдирайин бир ҳадисни:
    “Ибодатдан илм афзал”.

Яна ҳадис: “Тенг келмасдир
    Олтмиш йиллик ибодат,
Кимки илмнинг ҳалқасида
    Бўлса агар бир соат”.

Иймоним ҳеч кетмасин деб
    Истасанг ўз дилимдан,
“Бешикдан то лаҳадгача
    Бахт излагил илмдан”.

Илм изла, Ҳақ танирсан
    Ойу кун ўтган сайин,
Фикр бўлиб тиниқ, равон
    Сўз бўлур синиқ, майин.

Соф илмни излашни сен
    Астойдил қилсанг ният,
Ҳис қиларсан, қанчалар кенг
    Сендаги имконият.

Ўзлаштиргил ўзингга сен
    Ёруғлик ғоясини,
Билсанг чироқ кўрмас асло
    Ўзининг соясини.


Бул борлиқни ёритишдир
    Ул ёруғлик-нур иши,
Шабистонни кўрмасликдир
    Унинг ёлғиз ташвиши...

“Ким илмни уламолар
    Олдида мақтанишга
Ё баҳс учун нодон билан
    Ё диққат қаратишга

Ўрганса гар ул “олим”нинг
    Жойи эрур жаҳаннам!”.
Бул ҳадисни ёдингда тут
    Илм излар чоғинг ҳар дам!

Қанча билсанг биларман деб
    Ўзингни тутма “катта”,
Бор билиминг борни билиш
    Учун оздур албатта.

Илминг бўлса ғурурланма,
    Бундай ғурур бекордир,
Унутмагил илмда сендан
    Кучлироқ биров бордир!..


Т у ш    т у ш у н ч а с и  

Кел, энди бир тўхталамиз,
    Кунда кўрар тушингга,
Туш дегани нималиги
    Келарму ҳеч ҳушингга?..

Ўнгда кўрган-кечирганинг
    Тушда тушга тушгайдур,
Баъзан оддий ҳолатдасан,
    Баъзан жисминг учгайдур.

Туш деганда руҳинг тушар 
    Ўзгача бир оламга,
Баъзан тўлар у қувончга,
    Баъзида ғам-аламга.

Тушингдаги турли ҳолат,
    Қувончлару хавф-хатар,
Руҳинг тананг тин олса ҳам,
    Яшашини эслатар.

Ухлаганда бутун тананг
    Ҳаракатда бўлмайди,
Бор ҳолатни руҳинг кўрар,
    Демак,руҳинг ўлмайди...

Дейдиларки,ухлаганда
    Руҳинг танангдан кетар,Тананг жим-у, руҳингда-чи,
    Ҳаракат давом этар.

Тана билан руҳнинг ушбу
    Вақтинча айри ҳоли –
Руҳинг боқий яшашлигин
    Очиқ-ойдин мисоли.

Тушда оғир ҳолат бўлса,
    Уйғониб қутуларсан,
Маҳшарда иш оғир бўлса,
    Бу ҳолда не қиларсан?!


Н о т и қ л и к   н а ф о с а т и

Яна бошқа бир мавзунинг
    Келди энди фурсати,
Бул мавзунинг номи эрур:
    “Нотиқлик нафосати”.

Ё бошқача қилиб айтсам,
    Бул бўлимнинг нияти:
Нотиқликнинг сири, яъни – 
    Нутқ маданияти.

Воизликка энг муҳими,
    Билиминг бўлсин пухта,
Нутқ бўлмасин чала ёлғон 
    Сўзлар ила омухта.

Қай даврада бўлсанг, аввал
    Сўзингни унга мосла,
Тингловчини ишонтиргил,
    Ҳар бир сўзинг асосла!

Қай бир нотиқ тўғри танлаб,
    Билмас агар мавзуни,
Дилдан тинглаб хушламаслар,
    Тингламасдурлар уни.

Талаффузинг тиниқ қилиб
    Сўзлагил дона-дона,
Ҳар айтилган сўзинг ўқдек
    Аниқ тегсин нишона.

Тинглаганни тинглай билиш
    Ҳолатини сўриб тур,
Қабул қилар қай даража – 
    Кўзларидан кўриб тур!

Кўзлар, ахир, айтиб турар
    Тушунар ё тушунмас,
Кўзлар бежо бўлса демак,
    Сўзларинг у учунмас.

Таъна тошлар тегмасин-чун
    Рост сўзлардан том айла,
Суҳбатингни соз айла-ю,
    Ҳар бир қалбни ром айла!

Ширин сўзлар ширасидан
    Тотган ҳар дил “оҳ”ласин,
“Оҳ”лаб яна тотмоқликни
    Такрор-такрор хоҳласин.

Ваъз вақтида ҳаяжонинг
    Энг биринчи душманинг,
Биладурган бор бисотинг
    Чалғитиш иши анинг.

Жумлаларинг бўлар мужмал,
    Ҳаяжон агар босса,
Қани энди, ул суҳбатга
    Бирор ким қулоқ осса!..

Бу барчаси нотиқ учун
    Эрур гапнинг ётиғи,
Амал қилган нотиқ эрур
    Нотиқларнинг нотиғи.

Истаган ҳар инсон учун
    Бул маслаҳат асқотар,
Истамаслар сўзлаганда
    Гап бошлар-у, бош қотар.

Яна битта фикр айтсам,
    Бул тегмасин ғашингга,
Ёмон фикр ичда қолсин
    Қўй, чиқмасин ташингга!


Ғ и й б а т ,   т у ҳ м а т    т а ъ р и ф и н д а  

Ғийбат, туҳмат таърифи бу – 
    Беҳуда вақт ўтказиш,
    Кимдир ортидан тош отиб,
    Кимгадир чуқур қазиш.

Ғийбат – ҳасаднинг боласи,
    Ҳа, ҳасаддан туғилгай,
Туҳмат дилга озор бериб,
    Тирнагай, юлгай, тилгай.

Ғийбат асли ейиш эрур
    Биродарнинг гўштини,Туҳмат қилар  ул кимсаким,
    Кимгадир бўлса кини.

Ғийбат турли айб-нуқсонга
    Эл диққатин тортишдир,
Туҳмат эса, йўқ гуноҳни
    Кимларгадир ортишдир.

Касб айлар бул иккисинким,
    Ким Худодан бехабар,
Ёпар оғзин  охир оғир
    Оқибатин билса гар.

Қай  дилда гар бўлса доим
    Бахиллик, ҳасад, ғараз,
Охиратда оқибатин
    Қанийди қилса фараз!..

Ким ғийбатчи ё туҳматчи
    Ҳеч вақт дўст тутма ани,
Билсанг алар борлигини
    Тарк этгил ул даврани.

Тиллари тош отар доим,
    Гап тингламас у “карлар”,
“Булбул” бўлиб билдиргани
    Бари онгинг заҳарлар.

Ғийбат, туҳмат ҳар қандайин
    Давранинг дарди, доғи,
Кел, тўхтатай таърифини,
    Чунки йўқдир адоғи.


Й и ғ и    и з о ҳ и   

Энди навбат бошқа бобга,
    Боб номи “Надур йиғи?”,
Ул кўз ёши – бирор зарба,
    Ё бир заҳар тил тиғи...

Кел, чиройли гап қилайлик,
    Бундай бобни бошлатма,
Қисқа қилай, инсон бўлсанг
    Инсон кўзин ёшлатма!

Айтмасам-да, аллақанча
    Кўзлар тўладир ёшга,
Қисқа баён қилай, ҳамда
    Суҳбат қилайлик бошқа.

Қисқаси шу: Гар йиғласанг
    Йиғлагил Яратганга,
Сўнг кўр, йиғи қандай ҳузур
    Бахш этар жону танга..!

Йиғла ёлғиз, йиғла холис,
    Қолмасин ҳеч армонинг,
Йиғла тавба қилиб дилдан,
    Кетгунича дармонинг..!

Йиғласанг гар, тошбағрнинг
    Келсун сенга ҳаваси,
Кўз ёши бу дилингдаги
    Дардларнинг “мағзава”си.

Ҳайрон бўлма бу сўзга сен
    Хунук сўз деб... Қулоқ сол!
Бул ўхшатиш ўринлидур
    Келтирай битта мисол...

Кирни ювиб бир неча бор
    Сиқилса, бу орада,
Сиқилгандан чиққан кир сув
    Йиғилар тоғорада.

Сўнг матони силташ, ёйиш...
    Бажарасан бу ишни,
Ундан кейин мағзавадан
    Бўшатасан идишни.

Сўнгра енгил тин оласан,
    Қиласан енгил ҳузур...
Менимча, шарҳ керакмасдур,
    Изоҳин қилмам, узр..!

Изоҳталаб нарса бошқа:
    Бир маросим, йиғилиш – 
Кетган бир инсон ортидан
    Тўхтамай йиғи қилиш.

Кўз ёшга ҳам меъёр керак,
    У ахир сўнгсиз селмас,
Кўп кўз ёши бефойдадир,
    Кетганлар қайтиб келмас.

Йиғи керак ғафлатдаги
       “Бехабар” тирикларга,
Бу дунёда устунликка
    Даъвогар “йирик”ларга.

Ҳақ йўлини тан олмаган
    Кўкраги керикларга,
Юрар йўлин хатар босган,
    Шайтонга “шерик”ларга.

Барчалари бехабардур 
    “Нома”га не йиғилар,
Ана улар йиғласунлар,
    Сўнг бефойда йиғилар.

Хато йўлдан чиқиб, кирган
    Мўминлар рўйхатига.
Йиғласинким шукр қилиб
    Аллоҳ марҳаматига.

Бу – бу дунё саҳнидаги
    Тенгсиз бир бахтдир ғоят,
Ҳақнинг Каломида кўпдир
    Бундай мазмунда оят.

Онглаб оятлар мазмунин
    Бахтинг изла ҳар дамда,
Йиғлаб келиб, йиғлаб кетар
    Бу бебақо оламда.


Ж а ҳ л   ж а в о б и 

Энди таҳлил қилайлик бир,
    Жаҳл нени англатар?!
Гар жаҳлдор бўлса феълинг
    Ҳаётинг тўла хатар..!

Қиёсини қилсак агар,
    Занг тушгандек темирга,
Жаҳл отлиғ иллат сенинг
    Асабларинг кемиргай.

Амал қилгил аждодларинг
    Айтган ушбу нақлга:
“Жаҳл келса от қамчилаб,
    Ўрин қолмас ақлга”.

Жаҳл чиқиш сабаби ҳам
    Фармойиши шайтондан,
Жаҳл келса, ақл кетгай
    Мия отлиғ майдондан.

Жуда муҳим эрур, жаҳл
    Нелигини уққанинг,
Бул қусур гар одат бўлса,
    Танимассан туққанинг.

Жаҳл бир кун охир албат
    Айиргай дўст-ёрингдан,
Молу мулку эс-ҳушингдан,
    Хуллас, буткул борингдан,

Етаклагай жаҳл жарга,
    Ул жарга ном “жонсизлик”,
Жоҳиллик бу – нодонликдур,
    Жоҳиллик – ирфонсизлик.

Ул ажратар жамиятнинг
    Яхши-ёмон касини,
Жоҳиллик бу белгилагай
    Иймон даражасини.

Қутулишга чора булдир:
    Сен шайтонга бўлма қул,
Жаҳл келса шул заҳоти
    Истиғфор айтган маъқул.

Билар бўлсанг буни қанча
    Билишлигинг бу создур,
Лекин барча билишликлар
    Билганлар учун оздур.


А ҳ м о қ   а й т а р ,   ж и н н и   ж и м 

Минг муаммо ичра, билсанг,
    Бир муаммо ҳеч ҳалмас,
Барча дардга даво бордур,
    Лекин аҳмоқ тузалмас.

Кўп изланмиш донишмандлар
    Ҳамда улар кабилар,
Аҳмоқ зотин тузатолмай
    Ўтмиш ҳатто набийлар.

Милодий йил бошларидан
    Бордир шундай бир хабар:
“Аҳмоққа йўқ ҳеч бир даво” – 
Демиш Исо пайғамбар.

Аҳмоқ, жинни иккиси бир 
    Дейишинг мумкин, балким,
Асло ундай эмас, айтай:
    Аҳмоқ киму жинни ким?..

Тўғри йўлни кўриб туриб,
    Унда юрмас – аҳмоқдур,
Унинг иши не гап бўлса
    Ўйламасдан айтмоқдур.

Унга бирон панд-насиҳат
    Бефойда, кор қилмайдур,
Бир тайинли яқини йўқ,
    Бир дўсту ёр қилмайдур.

Қулоқ тутмас бирон сўзга,
    Ўзиникин маъқуллар,
Хуллас, улар ихтиёрин 
    Шайтонга берган қуллар.

Лекин қизиқ, биронтаси
    Айтмаски: “Мен аҳмоқман!”,
Барчаси дер: “Ақллиман,
    Сен ноҳақсан, мен ҳақман!”.

Қачон кўрдинг, биронтаси
    “Хўп” деб тилини тийди,
Ранжигали арзимасдур,
    Лек аслида арзийди.

Бир аҳмоқ деб бир аймоқнинг
    Бурди, тинчи кетади,
Бутун бошли юртни аҳмоқ    
    Босса, ул юрт нетади?!

Ҳақ асрасин, агар бир юрт
    Бўлса аҳмоқ қўлида,
Халқи тешик қайиқ билан
    Сузар хорлик кўлида!..

Яна бир бор ҳеч тугамас
    Таърифин қилсам анинг,
Билиб қўйгил, аҳмоқ эрур
    Энг “олий нав” душманинг...

Ҳозирда ҳам кўпдир улар,
    Ҳар элда улар бордур,
Алар сафу қаторлари
    Энг хавфли қатордур.

Гап шу: Улар ҳақда шундай
    Бир маъно тутса бўлар:
Узоқ юргин, аҳмоқлардан
    Ҳар бало кутса бўлар..!

Ҳақ борлигин ёлғон деган
    Аҳмоқнинг энг каттаси,
Фақат унинг қўлида йўқ
    “Аҳмоқ” деган паттаси.*

Аҳмоқликнинг бобин, бўлди,
    Шул байтда мен тўхтатай,
Ўхшамагин ул касларга
    Деб, бир оз чўздим атай.

Ўхшамагил уларга деб,
    Қара, ибрат ол учун,
Аллоҳ Ўзи яратмиш ҳар 
    Нарсани мисол учун...

Сен “жинни” деб кулган зотнинг
    Сенга йўқ ёмонлиги,
Фақат қўлдан кетмиш анинг
    Соғлиги, омонлиги.

“Жинни” эмас, асли “жинли”,
    Талаффузи бузилган,
Йиллар ўтиб истеъмолдан
    Битта ҳарфи узилган.

“Лом” ўрнига яна битта
    Қўйилмишдир ҳарфи “нун”,
Бир-иккита мисол айтай
    Сенга бир изоҳ учун:

Уйи борни уйли дейсан,
    Кўйлаги бор кўйлакли,
Жини борни жинли десанг,
    Тузалар сўзнинг шакли.

Хуллас, ўша зот, “жинни” деб
    Аталадурган жинли
Ҳатти ҳаракатларида
    Маъно бўлмас тайинли.

Ейиш-ичиш қизиқтирмас,
    Сўзлари ҳам пойма-пой,
Кийим-кечак танламасдур,
    Танламасдур ҳамда жой,

Уни дунёнг қизиқтирмас,
    Унда ўзга дунё бор,
Аҳмоққа сен кулсанг кул-у,
    Жиннига кулма зинҳор.

Жинни кечар ҳолат, албат,
    Тушунчангдан ташқари,
Уни ўраб олган жинлар
    Кетмаслар ундан нари.

Улар билан доим суҳбат
    Қурар “кўнгли чоғ”бўлиб,
Кўрардир ул “кўринмас”ни,
    Кўрмассан сен соғ бўлиб..!

Не битилар қай инсонга
    Барчаси Яратгандан,
Кимга нени битишликни
    Улуғ Зот сўрмас сандан!..

Ҳар ишингда ёлғиз Ҳақдан
    Сўрагил ёрдам, мадад,
Хизматингда ер-самовий
    Лашкарлари беадад...


Х а т о   х у с у с и н д а

Ана энди тўхталамиз
    Яна бир сўз – хатога,
Бу гап асли тақалгайдур
    Даври Одам Атога.

Илк рўй берган “хатолик”ни
    Сўйлаб ўтмиш аждодлар,
Қиёматга қадар қисса
    Қилинар қилиб “дод”лар.

Ул хатоким, ибтидода
    Қилинганким адашиб,
Давомини ҳеч узмайин
    Авлодлар келар ташиб.

Маълуминким, ул хатога 
    Сабабчи Иблис эрур,
Ўз ишидан мамнун малъун
    Ҳозир ҳам кўкрак керур.

Ул иблиски, Яратгандан
    Изн олмиш то қиёмат,
Унинг ҳийла-найрангидан
    Ҳар қадам бор аломат.

Ҳар хатонинг хатолигин
    Била туриб хос, авом,
Қулоқ тутар ул малъунга,
    Хатода этар давом.

Хато сўзин таҳлилига
    Менда бор бир уриниш,
Борки хато ҳаракатда
    Бордир икки кўриниш.

Бири, хатолигин билмай
    Қилинар беихтиёр,
Яна бири, хатолигин
    Билиб, қасддан қилиш бор.

Бул ҳаётда, ҳар соҳада
    Хатолар кўпдир ғоят,
Билиб хато қилишлик бу – 
    Хато эмас, жиноят!*

Ким хатони билмай қилса,
    Кечириш, авф мумкиндир,
Билиб қилса, жазолагин
    Қатъи назар, ул кимдир.

Билмай қилса хато ишни
    Тушунтир, унга уқдир,
Гар бу ишни қилса такрор,
    Кечирим кейин йўқдир.

Адашган, сўнг ҳақ йўл топган
    Банда ҳар элатда бор,
Адашгайдур ҳар бир банда,
    Беайб бу – Парвардигор!

Хато йўлдан, гумроҳликдан,
    Ёмонликдан безса ким,
Тўғри йўлдан тойиб, четда
    Юрганлигин сезса ким,

Сўнгра тўғри йўл топса гар,
    Унга кулишни бас қил,
Дарров тутгил этагидан,
    Эргаш, унга ҳавас қил!..

Хато йўлнинг хатолигин
    Билиб, қайтганга қойил!
Демак, сезди кимлигини
    Дили иймонга мойил.

Иймони бут банда унинг
    Дарҳол тутсин дастини,
Ва ўргатсин унга тўғри
    Йўлнинг баланд-пастини.

Ўзи қайтмай хато йўлдан,
    Қайтганга бор кулганлар,
Ундайларда хаста руҳни 
    Кўтариб юргай танлар.

Аҳли тақво ул каслардан
    Ўзни олиб қочгайдур,
Аллоҳ Ўзи истаганнинг
    Қулфи дилин очгайдур.

Аллоҳ бергай кимда бўлса
    Ҳоҳиш, истак, интилиш,
Муслим бўлиш аста-аста
    Ўзни ва Ҳақни билиш.


Қ ў р қ у в  –  қ а н д о қ   н а р с а  у ?    

Битигимда боблар кўпдир,
    Бир-бирин қилар “қув-қув!”,
Бул бобда бир таҳлил қилсак,
    Қўрқув – қандоқ нарса у?

Ҳар қадамда Яратгандан 
    Қўрқиш бу – тақводорлик,
Тақвосизлик тортиқ қилар
    Ҳар икки олам хорлик.

Гар қалбингда қўрқув йўқдир
    Қалбингни Қодир очмас,
Қўрқув билмас қалбларга Ҳақ
    Иймон уруғин сочмас.

Қўрққил энг олий қўрқувдан – 
    Аллоҳга ёв бўлишдан,
Била туриб, ўз бахтингга
    Ўзинг бир ғов бўлишдан.

Қўрққил ҳар дам, ҳар сония
    Ҳақ йўлидан тойишдан,
Беҳуда ҳар ҳаракатдан
    Ва ортиқча бойишдан.

Қўрққил ҳаром топиш ҳамда
    Ҳаром луқма ютишдан,
Ёки уни бир қондош ё
    Туғишганга тутишдан.

Қўрқма, ўйлаб ажрашингни
    Баъзида хонумондан,
Дод-фарёд қил, агар сезсанг
    Ажралишинг иймондан!

Қўрқма Аллоҳдан қўрққандан.
    Унга ўзни яқин тут,
Қўрқмас эрса ким Аллоҳдан
    Ундан ҳар балони кут!

Ёв кўринса дўстдек қўрққил,
    Қўрққил дўст найрангидан,
Қўрққил, “қармоқ”, “тузоқ” тутган
    Турли жинлар жангидан.

Яна қўрққил бир нарсадан –  
    Шул нарсадан қўрқ жуда,
Қимматли ҳар вақтинг сарфин
    Қилишликдан беҳуда...

Ўйлаб жондан ажралишни
    Қўрқасан, тош қотасан,
Нени яхши кўриб, қўрқсанг,
    Ўшани йўқотасан.

Йўқ демагил , камдай яна
    Бир гуноҳга ботасан,
Қўрқсанг ҳамки, вақти келиб,
    Ерда ёлғиз ётасан..!

“Бул қўрқадур” деб келганлар
    Кетмаслар сенга тегмай,
Ҳеч ким қолмас бу дунёда
    Абадий бошин эгмай!..

Ҳосил пишгач, соҳиб келиб
    Текис ўрар майдонни,
Бирдай солар ўроғини,
    Қолдирмас бирор донни.

Фараз қилгил, бирор бошоқ
    Четда қолса ўроқдан,
Бирон ҳайвон еб кетиши
    Тайин, келиб бир ёқдан.

Ёки бирон қуш ул донни
    Бир зумда кетар чўқиб,
Ана энди хулосани
    Ўзинг қил, буни ўқиб!

Қўрқсанг ҳамки кўтаришар
    Бир кун бошинг болишдан.
Қўрққин бурчинг адоғини
    Қилолмасдан қолишдан!


 И ш қ   и з о ҳ и  

Сўрдилар бир улуғ зотдан:
    “Аллоҳ ишқи не, айтгил?”.
Ул улуғ зот қисқа жавоб
    Айлади: “Мен бўл-да, бил!”.*

Улуғларнинг улуғлиги
    Шундадир, кўп тасанно!
Жавоб қисқа, лек ҳар сўзда
    Оламга тўла маъно.

Бундан аъло жабов йўқдир,
    Ўзга жавоб йўқ андоқ,
Ул улуғ зот сўзларидан
    Ортиқ сўз топай қандоқ?!

Ҳақ ишқига изоҳ истаб
    Тортмоқ керак оҳ-зорлик,
Кундузлари тиним билмай,
    Тунда керак бедорлик.

Аллоҳ ишқин ёд айласанг
    Безовталик бошланар,
Жисминг жунбушга келиб кўз
    Беихтиёр ёшланар.

Таърифига ҳеч қандай сўз,
    Ҳеч бир изоҳ топилмас,
Тунларда-чи, то тонггача
    Кўзлар бедор, ёпилмас.

Айримларинг айримлардан
    Ишқда баланд, устундир,
Бунга боис, ибодатда
    Ўтказилган кун, тундир.

Аста-аста, ҳар қадамда
    Ҳар дам тавба қилишинг,
Аста-аста ўзлигинг ва
    Яратганни билишинг.

Ишқ нелигин тушунтириб
    Тортишма аҳмоқ билан,
Ўз ишқингни кўрсат амал
    Ҳамда хуш аҳлоқ билан.

Аллоҳга ишқ белгиси бу –
    Ҳаққа хуш ҳар бир ишинг,
Ҳар ибодат, ҳар бир дамда
    Ҳаққа хуш кўринишинг.


Д у н ё д а    д ў с т    д а р к о р д и р     

Ҳаёт чоғи ҳар бир инсон
    Содиқ бир дўстга зордир,
Ёлғизликдан ёмони йўқ,
    Дунёда дўст даркордир.

Дўстинг қанча бўлса ҳам кам,
    Ҳақ асрасин бир ёвдан,
Ҳар дўст дўст эмас, дўст улким 
    Ўта олса синовдан.

Дўст улдирким, борин бериб,
    Йўқчиликда йўқласа,
Топарингда тўпланмасдан,
    Очлигингда тўқласа.

Дўст ул – ҳамиша ҳис қилса
    Нелигини садоқат,
Дўст ул – очиқ, аччиқ айтсанг
    Тингласа топиб тоқат.

Дўст эмас ул, одат қилса
    Доим кўкрак керишни,
Истамаса, сенга оғир
    Дамда ёрдам беришни.

Дўст эмас ул, ҳолсиз қилиб
    Кўзларингни ёшласа,
Ҳақ йўлида дўст эрур ким
    Ҳақ йўлига бошласа.

Агар Ҳақни танитсалар
    Ота-онанг чин дўстинг,
Алар сабаб дунё кўрдинг,
    Улғайдинг, униб ўсдинг.

Алар сенга хоҳламаслар
    Ҳеч бир ёмон қилиқни,
Аллоҳ Ўзи буюрмишдир
    Аларга яхшиликни.
Аёлинг дўст – гар вафодор,
    Қилич бўлсанг, у қининг,
Аллоҳ учун дўст бўлса ким,
    Улдир чиндан яқининг.

Ҳақ таниса, фарзандинг –  дўст,
    Нурга тўлар ҳаётинг,
Охиратинг обод, ортда
    Қолса пок зурриётинг.

Ҳолинг хароб бўлгай агар
    Дўст айланса душманга,
Олдинроқ олмасанг олдин,
    Сўнг чора бекор санга.

Қиёс: мушкулдир даволаш
    Дардланса ичдан танинг,
Тан гар сиртдан яраланса
    Шифоси осон анинг.

Дўст топарда дўстинг кимдир
    Билсанг бўлар кўзидан,
Кўзидан сир ололмасанг,
    Англа айтар сўзидан.

Бу тадбирга тасдиқ учун
    Аста сўргил ўзидан,
Лек хулоса қилма кийган
    Ипак ёки бўзидан.

Сезсанг юриш-туришлари
    Дўстинг кимдур билдирар,
Сўз оҳанги англатгайдур –
    Гапга кирмас ё кирар.

Дўстинг қандай инсонлигин,
    Дилида неки борин,
Айтар хатти-ҳаракати,
    Айтар афту ангори.

Бул ҳаётда топа олсанг
    Бир ҳақиқий, содиқ дўст,
Айт: “Яшадим шул ҳаётда
    Беармон, бекаму кўст”.

Хулосага ҳар томондан
    Гўё келур бир нидо:
“Ҳар бандага энг содиқ дўст –
    Ёлғиз Худодир, Худо!”.

Ҳақни билган бандаларнинг
    Барчасига бу аён,
Ул Содиққа содиқлигинг
    Ҳар лаҳза қил намоён!

Дўст  таърифи тугаб битмас,
    Беадад бул фикрлар,
Бежиз аввал “Ҳақ дўст!” дебон
    Қилишмаган зикрлар.

Барча ўтган улуғ зотлар
    Тухталмишлар бир сўзга:
“Топмадик хўп дунё кезиб
    Бирон дўст Ҳақдин ўзга!”.


Т и л    т а ъ р и ф и н д а 

Энди яна бир таърифга,
    Яъни тилга тўхталсак...
Бул бесуяк гўшт туфайли
    Ерсан ош ёки калтак.

Огоҳ бўл, тил бирон ёмон
    Сўз айтишга бормоққа,
Тил туфайли “кўринмаслар”
    Илинтирар қармоққа.

Бош қисмингдан жой олган тил
    Бошинг тўсиққа тирар,
Гар сўйласанг ўйламасдан,
    Бошга кулфат келтирар.

Боқ, аллома деб аталган
    Ҳар бир улуғ сиймонгга,
Англамишлар алар тилнинг
    Боғлиқлигин иймонга...

Тил ҳақинда баён этай
    Тушунчам унча-мунча,
Тил таърифи тўғрисинда
     Бордир икки тушунча.

Биринчи тил икки жағинг
    Орасинда ётадур,
Дилинг хоҳишига қараб
    Бирон бир сўз қотадур.

Иккинчиси, бирон-бир халқ
    Тилидир туб маънода,
Ҳар бир халқнинг миллий тили
    Бордур дор-ул фанода.

Тил билган ҳеч хор ўлмасдир,
    Бордур шундай ақида,
Бунда битай бир масални
    Шу тил билиш ҳақида.

...Ҳовли кезар Бароқ мушук,
    Сабаби – тирикчилик,
Ҳеч вақо йўқ ошқозонда,
    Қуриб борарди илик,

Очлик қурсин, бул Бароқвой
    Безовта, тинч ётмайди,
Чунки мана, уч кундирки,
    Ҳаттоки, туз тотмайди.

Зўрға-зўрға қадам босиб,
    Кезар кўзга қон тўлиб,
Қимирлаган жон кўзига
    Кўринар сичқон бўлиб.

Энди ҳол йўқ қимирлашга,
    Асаблар бўлди таранг,
Бирдан қотди ул ҳайратдан,
    “Ие, сичқонми?! Қаранг!”.

Ишонмасдир кўзларига
    Тилла топган қул каби,
Куйлашига сал қолди-я,
    Гўё маст булбул каби.

Лек куйлашни ортга сурди,
    Отилди ўлжа томон,
Чаққон “ўлжа” бу ҳамладан
    Қутулди эсон-омон.

Дармонсизлик сабаб, бироз
    Ҳато кетди мўлжали,
Аттанг! Қўлдан чиқарди-я,
    Шундай ширин ўлжани.

Аҳ, афсус! Тайёр “тушлик”ка
    Панжалари етмади,
Лекин насибадан кечиб
    Ин оғзидан кетмади.

“Ейман!” деган шум фикрни 
    Миясига жойлади,
Ул ин олдида қалтираб
    Кун ботгунча пойлади.

Кун ботгач, “кечки овқат”ни
    Орзиқиб пойлаб ётди,
Ҳамон дарак йўқдир индан,
    Тун ҳам ўтиб, тонг отди.

Балки энди кўрингайдир
    “Нонушта”нинг қораси,
Наҳотки шу “егулик”нинг
    Топилмаса чораси?!

Йиғлашига сал-сал қолар,
    Сал қолар дод дейишга,
Лек барибир қарор қилди
    Шул “таом”ни ейишга.

Ўйлаб охир топди чора,
    Ирғишлади том бўйи,
Бўлди хурсанд, гўё бугун
    Мушукнинг никоҳ тўйи.

Мушук аста ит тилида
    Икки бор “вов-вов” деди,
Сичқон ростдан ит келди деб:
    “Ўл-а, келди ёв!” – деди.

“Қани энди очкўз Бароқ
    Топ-чи, уйинг, хонангни,
Олапар ит энди сенга 
    Кўрсатади онангни!..”.

Ҳолингни бир кўрай дебон
    Сичқон чиқди инидан,
Воҳ! Даҳшатли бир ҳолатдан
    Кўзлар чиқди қинидан.

Аллақандай бир зарбадан
    Эс-ҳуш кетди сичқондан,
Англаб улгурмади-я, ул
    Зарба келди қай ёндан.

Ҳовлиққаннинг ҳоли шулдир,
    Айрилди азиз жондан,
Бир зум ўтмай унинг гўшти
    Жой олди ошқозондан...

Алқисса шул: Бароқ мушук:
    “Шоир бўлсанг ёз! – деди.
Ўзга элнинг тилин билиш
    Қара, қандай соз!” – деди.


О м а д   о л а р ,   б а х т   б е р а р 

Энди бошқа бир мавзудан 
    Сўзламоққа қилдим аҳд,
Гўё эгиздек туюлган
    Омад недир, недир бахт?!

Иккиси ҳам асли сенга
    Шодлик, қувонч бағишлар,
Маъносида бордир гўё
    Бир-бирига оғишлар.

Лек омаднинг ҳар лаҳзада 
    Келиш-кетиши осон,
Ҳаётда бир ё эришар,
    Ё эришмас бир инсон.

Ҳеч инсонга омад келмас
    Кунда ёки кун ора,
Ҳаётингда омад келар 
    Бир ёки икки бора.

Бирон ютуқ ютсанг агар,
    Дейликки, келиб омад,
Бил, бу ютуқ ҳузурингда 
    Бир муддатлик омонат.

Осон олган омонатинг
    Омад кетарда олар,
Бахт бергани бисотингда
    Билки, боқийга қолар.

Фақат омад орқасиндан
    Инсон ризқин емасдур,
Омад деган сўз бу билсанг
    Бахт дегани эмасдур.

Бахтни сенга ҳадя қилмас
    Бирон дўстинг, ё таниш,
Бахтни қўлга киритмоқ-чун,
    Керак илм, изланиш.

Бахт ногаҳон омад каби
    Кириб келмас эшикдан,
Бахт боқишин боши билсанг
    Бошлангайдур бешикдан.

Бахт дегани умринг бўйи
    Илминг ила топилгай,
Ғофил, нодон, жоҳил учун
    Бахт эшиги ёпилгай.

Билим отлиғ калит очгай
    Бахт қасрин дарвозасин,
Ул қасрки, қабул қилар
    Фақат қалблар тозасин.

Қўлингдаги мол-давлатинг,
    Хонумонинг бахт эмас,
Ёки бахт бу остингдаги
    Вақтинчалик тахт эмас.

Тожу тахтинг, бор давлатинг
    Бир неча кун-ойликдир,
Чин бахт эса абадийдур,
    Битмас боқий бойликдир.

Бахт бобига бўлди, бу байт
    Бўлар бўлсин хотима,
Ўқи! Излан! Ҳақни тани
    Сўнг биларсан бахт нима?!


М у р у в в а т   –   м у ҳ т о ж г а   қ у в в а т      

Муҳтож учун бахш этилган
    Заррадай бир мурувват,
Ул муҳтожга ўшал дамда
    Бахш этар тоғдай қувват.

Ё ўринли қилинган бир
    Арзимас кичик тортиқ,
Ҳожатмандга ўшал дамда
    Бир қоп олтиндан ортиқ.

Дейлик, киши беҳол ётса
    Саҳрода... Атроф чўл, қум.
Бор бисотин берар , бешак,
    Сув тутсанг гар бир қултум.

Яхшиликка оид оят
    Айтай сенга, қулоқ сол,
Ул Кун кўрар, ким яхшилик
    Қилса бир зарра мисол.*

Яъни, тирик чоғинг қилсанг
    Яхшилик топиб муҳтож,
Ул яхшилик қайтар Ул Кун
    Бошингга бўлиб бир тож.

Мисол меҳру мурувватга
    Ҳаётингда тўладир,
Бу мавзуга қисқагина
    Шу ёзганим бўладир.


Т а р б и я    т а ъ р и ф и н д а 

Фарзанд ўсиб, ақлин таниб
    Улғайгунига қадар,
Яратганни танитиши
    Керак волида, падар.

Ўргатмоғи керак иймон
    Ва ибодат шевасин,
Камол топгач, фарзанд берар
    Ул тарбия мевасин

Ҳалол, тўғри тарбияга
    Сабаб ота-онадир,
Энг аввало, ҳалол луқма
    Иймонга нишонадир.

Она иймони пок бўлса
    Ҳалол, пок сут бўладир,
Ҳамда ҳалол ош-нон бўлса,
    Иймон ҳам бут бўладир.

Ота ҳам ўз иймонини
    Агарки  пок сақлагай,
Оқибатда зурриёти
    Ўз бурчини оқлагай.

Ота ўз тарбиясига
    Аввало бир қарасин,
Уриб-сўкиш берар охир
    Ёмон бир самарасин.

Фарзанд қулоқ солмас уриб,
    Дейишу “бил-бил”ига,
Ота аввал яхши ният
    Солсин бола дилига.

Тушунтирсин кимлигини
    Яратган Ул Зотини,
Амалда-чи, кўрсатсин ул
    Тасдиғу исботини.

Яна бир гап: тўғри қўйсин
    Бола исми, отини,
Бола исми белгилагай
    Келажак ҳаётини.

Яна ота бурчи эрур
    Болага илм эгаллаш,
Тўғри йўлга солиш ҳамда
    Тўғри касб-ҳунар танлаш.

Ва ҳоказо, давом этар
    Бола юриш-туриши,
Улғайтириш, назорати
    Ҳамда турмуш қуриши...

Ота-она фарзандини
    Нега бунча суяди?
Қара, таом пишгунича
    Қозон қанча куяди..!

Таом тоза пишгунича
    Остида олов тинмас,
Қизиқ... Ўша пиширгувчи
    Таомга ҳеч кўринмас...

Инсон бўлиб, олма асло
    Ота-она қарғишин,
У кўчиргай аста-аста
    Ҳаёт қасрин ҳар ғишин.

Онглатганим ҳар оила,
    Ҳамма тенг қилса ният,
Гўзал бўлур дунё, ҳамда
    Гўзал ҳар бир жамият.


Б у ю к л и к     б о б и 

Болангга ё буюмингга 
    Ҳушёр бўл ном қўйишга,
Донолар кўп воқеликни
    Исмларга йўйишган.


Буюк, улуғ атамагил,
    Атамагил ягона,
Наҳот, боланг бу дунёда
    Бўлса ёлғиз, бир дона.

Ҳар қандайин “буюк” ишинг
    “Бу бир буюк иш” дема,
Не оқибат топди “буюк”
    Аталган кичик кема.*

Пўчоқдек ул қайиғингга
    Буюк деган ном бердинг.
Ўйламасдан оқибатин
    Шу номни сен хом бердинг!

“Буюк кеманг” бир кечдаёқ
    Зарба еб муз тоғидан,
Парчаланиб ғарқ бўлди-ку,
    Сафарин илк чоғидан.

Ожиз қолдинг... Уммон туби
    Бўлди кеманг маъвоси,
Мана сенга буюкликнинг
    Ноўрин бир даъвоси!..

Билсаларда бул қиссани
    Орангдаги баъзилар,
Билмагандай бугунда ҳам
    Буюклик даъво қилар.

Буюкликка даъво қилма,
    Буюклик бу Ҳаққа хос,
Буюк олдида барчамиз
    Оддий бир банда холос.


Ш а р о б   ш а р ҳ и   

Кўп қабоҳат ишларингга
    Май, шароб эрур боис,
Ахир, бежиз атамаслар
    Уни “уммул ҳабоис”.*

Чин дўстларинг четда қолиб
    Агарки, унга “ёр”сан,
Ўзинг билмай, ҳар қандайин
    Гуноҳ ишга тайёрсан!..

Бул “оби шарр” ҳам шайтоннинг
    Сенга “совға”, ҳунари,
Инсон эрсанг ишон менга
    Кет ҳар дам ондин нари.

Ул сабабким, туғилгайдур
    Турли майиб-мажруҳлар,
Оҳ, билсайдинг қай даража
    Мажруҳда руҳлар “уҳ”лар!

Эркак-аёл бир даврада
    Ичсалар тўйиб чоғир...
Ё алҳазар, азим гуноҳ
    Бормикан бундан оғир?!

Кўз-қулоқ ва дил хушламас
                Турли жаранг-журунглар,
Жиловини шайтон олган
    Кўпдир бундай гурунглар...

Бул ишинг ҳам қатор-қатор
    Қилмишинг бир кисмидур,
Инсон ўзи хато қилиб
    Унутгувчи исмидур.

Майни топган унинг мудҳиш
    Оқибатин билмаган,
Барча болиқни билгувчи
    Бекорга манъ қилмаган.*


Э р к а к   в а   а ё л   ҳ а қ и н д а   х а ё л  

Кўпдир аёллик шаънига
    Бефарқ боққан аёллар,
Оқибатда кўз ёшлари
    Сойдек оққан аёллар.

Гулдай аёлларинг кириб
    Гўзаллик деган уйга,
Гўзал бўлдим деб чиқсалар
    Тушиб кулгили кўйга.

Узун сочлар калта бўлиб,
    Айланар сап-сариққа,
Ярим очиқ кўкрагида
    Кўзинг тушар “ариқ”қа.

Қалин қаро қошлар гўё
    Игна мисол терилган,
Қошлар териб ташлашгамас,
    Ҳусн учун берилган..!
-
Кўз-қовоқлар кўм-кўк, худди
    Эри уч кун ургандай,
Лабга турли бўёқ берган
    “Ҳалиги”ни сургандай.

Гулдай юзга уч-тўрт қават
    Сунъий сувоқ сувалган,
Бўйнида-чи, шода симлар
    Чувалчангдай чувалган.

Бул “ясама қўғирчоқ”қа
    Қалбинг қандай очасан,
Тирноқларин кўргандаёқ
    Жонинг сақлаб қочасан.

Енг, ёқасиз калта кўйлак
    Худди тарс ёрилгудек,
Шуми чирой, бўлсаким ул
    Тупроққа қорилгудек?!

Зиён-заҳмат тегмасин, айт,
    Аллоҳ берган чиройга,
Ахир пардоз бермаслар-ку,
    Доғли саналган ойга.

Бундай “ўздан кетиш”лари
    Бўлди ўзидан кетсин,
Босит билиб берган борки
    Чиройга нима етсин!..

Баъзи хотин хонадонда
    Эрга ташланар тикка,
Хонадонда хўжайиндай
    Даъво қилар эрликка.

Эр додини бериб бу “эр”,
    Бул иши камдай тағин,
Кўча-кўйда ҳам  “зўр” эрур,
    Жиловламасдир жағин.

Эр ўрнида кўрмай эрни
    Бигиздай бармоқ санча,
Эрни ҳайдаб, боши “очиқ”
    Юрганлар сони қанча.

Қилар иши шаробхўрлик,
    Тортиб турли тамаки,
Тунларда-чи.., турли меҳмон,
    Турли-туман “амаки”...

Чала ярим пардоз қилиб,
    Қўлга қўйиб хинолар,
Қилар очиқ-ойдин гуноҳ,
    Очиқ-ойдин зинолар.

Буни гўё гўзал ҳаёт
    Билиб кайфин суришар,
Ё, алҳазар, бу не билсанг,
    Башаралар буришар.

Дегинг келар “Аёл бўлиб
    Бурчинг билганинг қани?!,
Эрга аёл итоати –
    Бу Ҳаққа бош эггани!

Унутмагин аёллигинг
    Ҳар кеч, ҳар тонг эрталаб,
Ҳақ асрасин бўлишингдан
    Ҳар кун ҳар хил эр талаб!”.

Ҳар аёлда иффат, иймон
    Бўлмасин ҳеч мосуво,*
Ҳар аёлга инсоф истаб
    Қўл очиб қилгум дуо...

Нима бўлди кўп эрларга,
    Балки жинлар чалишган?!
Назаримда, кийимлари
    Хотин билан алишган.

Бозор, кўча айланарлар
    Кийиб ич кийимини,
Чунки хотин тортиб олган
    Устга кияр шимини.

Шим деб кийган калта шими
    Аранг ёпар сонини,
Балки кўз-кўз қилмоқ бўлар
    Эркаклик нишонини?!

Ахир тўғри киймайсанми,
    Ота-бобонг не кийган,
Алар кофирча кийимдан
    Ҳар дам ўзларин тийган.

Сочлар сал кам белда, тайёр
    Пилик солиб ўргудай,
Чин инсоннинг бу ҳолатни
    Кўзи йўқдир кўргудай.

Ҳужжатида эркак бўлиб,
    Қулоққа тақса балдоқ,
Ўз эркаклик вазифасин
    Бажараркан ул қандоқ?!

Яна қизиқ, қўл-бўйинга
    Турли тақин тақишлар,
Тутиб турли тамакини,
    Чапиллатар сақичлар.

Отилгайдир оғизлардан
    Ҳар турли шалоқ сўзлар,
Бир маъно йўқ жаланглаган
    Кўзлар фойдани “кўзлар”.

Бундай ҳол бор барча юртда,
    Ҳар бир қишлоқ, овулда,
Чунки хаёл Ҳақда эмас,
    Хаёллар бари пулда!..

Хаёлларда ҳар беҳаё
    Харом ишни ўйлашлар,
Ўйламасдир оиласин,
    Хаёлида “ўйнаш”лар.

Яна не деб таъриф қилай
    Зотингнинг бундай касин?
Таъриф тамом... Тез айт унга,
    Тезроқ қилсин тавбасин!

Гўзал бўлсин ҳар ҳолатинг,
    Сўзларинг бўлсин болдай,
Эркак эркак бўлиб қолсин,
    Аёл қолсин аёлдай!

Сўзларим ноўрин бўлса
    Мендан қилмагил араз,
Истарамки, сендан кетсин
    Ҳар турли иллат, мараз!


Ширин бўлсин сўзинг, бўлсин
    Қалб гўзал, иймон гўзал,
Барча дил бир гўзал бўлса
    Бўлгайдур ҳар ён гўзал!

Гўзал сўзи недур ўзи? –
    Аввал Ҳаққа ёқишдир,
Барча бирдай ул нарсага
    Ҳавас билан боқишдир!..


М а қ т о в г а    м у н о с а б а т

Қайсики бир мамлакатда
    Не бор мақтовга доир,
Албат олгай қаламига
    Ўша юртдаги шоир.

Мен ёзарда бул номани
    Бошқача йўл тутарман,
Кўпроқ айтиб хатоларинг,
    Ўнгланишинг кутарман.

Сенга душман иллатлардан
    Бири бу мақтов бўлар,
Бу “чиройли сўз” ҳаётда
    Кўринмас бир ғов бўлар.

“Зўрсиз!” деган яқинингга
    Яқин турма, ундан қоч,
Хатоларинг очиқ айтар
    Бегонага қалбинг оч!

Тўғри баъзи ишларинг бор
    Мақтовларга сазовор,
Лек ул ишни ҳаддан ортиқ
    Мақтовчи бандалар бор.

Ҳеч кимса бул мақтов учун 
    Берилмасин, шошмасин,
Мақтаса ҳам, ул мақтовлар
    Керагидан ошмасин!

Мақтовга маст бўлган, маддоҳ
    Мадҳига мастдек қарар,
Билмасмидур, ҳаётини 
    Мақтов издан чиқарар.

Ҳамду сано хусусинда
    Шунга сен бўлгил амин:
Барча мақтов Эгаси бу – 
    Ёлғиз Роббил оламин.

Банданинг соз ҳар ишига
    Создир мақтовнинг ози,
Камтарларга кифоядир
    Ҳар ишда Раҳмон рози.


Л а г а н б а р д о р   ҳ а р   д а м   б о р

Ҳар миллатда минглаб бордир
    Лаганбардор кимсалар,
Қани энди тумандайин
    Тарқамасдан тинсалар.

Ўтмишда ҳам ул кимсалар
    Бўлишган қатор-қатор,
Одам борки бу оламда
    Лаганбардор ҳар дам бор.

Бу касаллик бўлсаким гар
    Қай кимсанинг қонида,
Чора қилгай бўлишликка
    Бирор раҳбар ёнида.

Илк истаги аввал ўша
    Раҳбар қўнжига кириш.
Мақсад: мақтаб ул тўрани
    Бирор бир наф ундириш.

Дарҳол ётар кичиккина 
    Ул раҳбари “Ёт!” деса,
Ҳатто ўзин томдан отар
    Ўша раҳбар “От!” деса.

Ўша раҳбар товонини
    Ялашга ҳам тайёрдир,
Даври ўтса, гўрига ўт
    Қалашга ҳам тайёрдир.

Лаганбардор табиатан
    Шайтонга қул, малайдур,
Ҳар кимсани ёмон отлиғ
    Қилиб ортдан талайдур.

Ҳа, уларнинг атрофида
    Шайтон доим пилдирар,
Не истаса, шу заҳоти
    Айтганини қилдирар.

Унда инсоф бўлмас асло,
    Диёнат, ор билмасдур,
Чин инсонга, қадриятга
    Зарра парво қилмасдур.

Олса бўлди ўша раҳбар
    Қўлидан олтин, зардан,
Қўрқса эди Аллоҳдан ҳам,
    Қўрққандайин раҳбардан.

Бул хусусда бир шоиринг
    Чиройли сўз деганди,
Мана ўша шоирингнинг
    Шеъридан уч-тўрт банди:

“... Ҳаёт бизни шундай кўйга
    Солиб қўйган, нетамиз,
Қайси йўлга бошласангиз,
    Ўша йўлдан кетамиз.

Оғзингиздан чиққан сўзни
    Маъқуллаймиз, қўллаймиз,
Гап қайтариб, фикр айтиб,
    Фикрингизни бўлмаймиз.

Сиз доносиз, сиз меҳрибон,
    Сиздир ғамхўр отамиз,
Биров сизни деса ёмон,
    Дарҳол келиб сотамиз.

О, раҳнамо, билмайсиз-да,
    Бизлар асли кимлармиз,
Ўзимиз ҳам билолмаган
    Жумбоқмиз, тилсимлармиз...”

Мутлақо чин! Улар асло
    Билишмас кимлигини,
Билишмаски, бошларида 
    Шайтон ҳокимлигини.

Раҳбарнимас, асли шайтон
    Айтганини қилишар,
Кўз раҳбарда, лек қулоққа
    Шайтон сўзин илишар.

Улар инсон шаклидаги
    Жамиятнинг яраси,
Қоч улардан, ҳазар қилгил,
    Бўлсанг инсон сараси.


П о р а   ҳ а қ и н д а   п о р а 

Узр, анча хатоларинг
    Мажбур бўлдим ёзишга,
Яна бир оз тўхталаман
    Баъзи бир хунук ишга.

Мени доим ўйлантирар
    Ажиб, қизиқ бир нарса..,
Жиноятни қўллар қилиб,
    Ҳаёдан юз қизарса..!

Порахўрга пора берган
    Инсонлар бари “таниш”,
Узатсалар, дарров олар,
    Унда йўқ иккиланиш.

Порахўрлик иллатига
    Дучор бўлса кимда-ким,
Билсин азим гуноҳлигин,
    Жазо ҳам эрур азим!..

Пора борки, бари ҳаром
    Йўқдир унинг тозаси,
Порахўрга пора очур
    Дўзахнинг дарвозасин.

Қилмишлари қиёматда
    Уни ичкари бошлар,
Гувоҳ бўлур пул деб олган
    Қарғиш, алам, кўз ёшлар.

Пора олгувчида бўлгай
    Қўллар гўё тўрттадан,
Гуноҳкордир олган, берган
    Ҳамда турган ўртада.

Бу иллатга чалинган кас
    Туролмасдир олмасдан,
Назаримда, шу иллатинг
    Қолгайдир йўқолмасдан..!

Нима етсин яшашликка
    Бўлиб тўғри, ҳалол, соф,
Барча қўли эгриларга
    Эгамиз берсин инсоф!..

Ҳа, кўпларинг сарҳад билмас
    Гуноҳларга эгадур,
Сабаб, билмай ўз Эгасин,
    Шайтонга бош эгадур.


Ў ғ р и л и к   в а   т ў ғ р и л и к 

Нима етсин бу дунёда
    Яшашга тўғри бўлиб,
Ҳеч бир банда туғилмасдир
    Онадан ўғри бўлиб.

Кўз очиб, дунё кўриб ул
    Бунга аста қўл урар,
“Таъм”ин туйиб, сўнгра буткул
    Бу иллатга юз бурар.

Ўмаришни бошлагайдур
    Аввал оддий тухумни,
Сўнгра секин тинчитадур
    Ёғ, асал тўла хумни.

Сўнгра товуқ, хўроз, қўчқор...
    Ва етадур ҳўкизга,
Шул йўсинда тушиб олар
    Бир зумда “яхши” изга.

Бу шайтоний хислат унинг
    Сингмасайди қонига,
Тегмас эрди ҳаттоки бир
    Чумолининг донига.

Баъзиси дер: “Бунга сабаб
    Менда бир оз йўқчилик.”,
Хўш, не сабаб рўкач қилар
    Юртда бўлса тўқчилик?

Ҳамма ўғри ҳаёти ҳам
    Ўтмагай бир хил тусда,
Кўпи ўнглаб ҳаётини,
    Тавба айтар афсусда.

Бир воқеа сўлаб берай
    Сенга шеърий йўсинда,
Ҳеч ким сенга айтмаган бир
    Ўғирлик хусусинда.

...Қайсидир бир қишлоқда ёш
    Эру хотин ўрта ҳол 
Яшашарди, бунга сабаб
    Топишар эди ҳалол.

Куёв бироз ишлаб топиб,
    Тўлагач тўйнинг қарзин,
Соғин сигир хоҳлаб қолди,
    Эшитиб хотин арзин.

Аёл қилиб аёллигин,
    Кунда жавраб, очиб жағ,
Эри шўрлик тинмай топиб
    Тўплашди бир оз маблағ.

Кам еб, камроқ ичиб, кунда
    Орттирганин ҳаммаси,
Бўғоз бўлган бир сигирга
    Етар бўлди чамаси.

Бир кун кеч пайт келин аста
    Жойни солди айвонга,
Куёв пулни санаб кўрди
    Етарму деб ҳайвонга.

Баракасин тилаб келин,
    Ўтирар чой узатиб,
Бул ҳолатни ҳамсояси
    Турар эди кузатиб.

Куёв пулни санаб, сўнгра
    Бир белбоққа бойлади.
Сўнг белбоғни уйга кириб
    Қаергадир жойлади.

Бир оз ўтиб, кўнгли тўлмай
    Ёстиқ тагига жойлар,
Ҳамсоя ҳам ҳамон бедор,
    Ўмаришга пайт пойлар...

Ва ниҳоят, пайт келди деб
    Ярмидан оққанда тун,
Қўшни “иш”га киришди-ю,
    Девордан ошди беун.

Шунча йиллик дўст қўшни бир
    Зумда айланиб ёвга,
Астагина яқин келди
    Ётган келин-куёвга.

“Иш” бошлади ҳар бир нафас,
    Хурракка қулоқ осиб,
“Пишиқ” куёв қотиб ётар,
    Ёстиқни маҳкам босиб.

Олиш керак пулни! Тамом!
    Бўлмас уни олмаса,
Наҳот, бунинг иложини
    Тонггача тополмаса?!

Хаёлидан турли ёвуз
    Фикр бир-бир ўтарди,
Охир келин ёнидаги
    Бешикни шарт кўтарди.

Кўзи келин-куёвда-ю,
    Аста юрди кетига,
Ва бешикни олиб борди
    Ҳовлининг бир четига.

Бешикда тинч ором олар
    Чақалоқ – уч-тўрт ойлик,
Ҳамсоянинг хаёлидан
    Кетмасди текин бойлик.

Сўнгра аста чақалоқни
    Белидан чимчилади,
У биларди, шундай қилса
    Куёв жойдан жилади.

Бола бошлаб чинқиришни,
    Бўлди худди айтгани,
Аввал хотин сакраб турди
    “Вой шўрим, бола қани?!”.

Сўнгра бирдан дод-вой солиб,
    Эрни силтаб уйғотди,
Эр англамай не бўлганин,
    “Чиройли” бир сўз қотди.

Сўнг чиқариб хотинини
    “Овсар. жинни, ёмон”га,
Икков тенгдан отилишди
    Овоз келган томонга.

Қоронғуда пайпаслашиб,
    Бешикларин топишди,
Бу лаҳзада “учар” қўшни
    “Ўлжа”сига ёпишди.

Айтсам шу пайт не бўлганин
    Ҳайрон қолар ҳар киши,
Худди шу пайт бирданига
    Бошланди ер силкиши!..

Ҳамсоянинг ул ҳолига
    Ҳатто маймун кулади,
Ул бадфеълнинг бошига бир
    Бало – айвон қулади!

Шум ниятли ул “тадбиркор”
    Бўялди ўз қонига,
Ёш оила омон қолди,
    Пул ҳам қолди ёнига.

Англадилар, кейин кўриб
    Жонсиз қўшни танасин,
Ана сенга ҳалоллиг-у,
    Ҳақиқат тантанаси!..


М у с и қ а   м о ҳ и я т и     

Энди бир оз қувиб ёмон
    Гапни руҳу танлардан,
Танлагаймиз бошқа мавзу – 
    Сенга таниш фанлардан.

Бу бўлимдан ният шудир,
    Бу бўлимнинг нияти:
Англатишдир нелигини
    Мусиқа моҳияти.

Табиатан Тангри бермиш
    Дардга дори-давони,
Мисол: булбул хонишини – 
Табиий куй, навони!

Мусиқанинг мазмунида
    Сеҳрли сир бўладир,
Оҳанг тоза бўлса тебраб,
    Кўнглинг завққа тўладир.

Эътибор қил ҳар усулни
    Соз бериб туришига,
Ҳар зарбаси ҳамоҳангдир
    Юрагинг уришига.

Икки ҳолда тебратасан
    Бошни – тананг томини,
Тинглай туриб Ҳақ Каломин
    Ҳамда халқ мақомини.

Маълум дамлар мамнун бўлиб
    Мусиқанинг боридан,
Ўрин бермишлар фалсафий
    Фанларнинг қаторидан.

Кўп зотларга таъсир қилиб
    Жозибали нолалар,
Излаб сирли маъносини
    Битишган рисолалар.
Сезсанг соф куй сўйлар сенга:
    “Маконим етти пардам
Туташ етти қат фалакка
    Нолишим шундан ҳар дам.

Етти қат ер садосидан
    Жўровоз қил нолишинг,
Эплолмасанг жозибамдан
    Тайин ажраб қолишинг.

Қовуштиргил куй, овозни,
    Дил тубидан куйла... Куй!
Таърифини тил топмасдир,
    Таъбирга таажжуб туй..!”.

Куйни тинглаб ушбу сирга
    Гар эътибор қилмассан,
Демак, ёлғон тинглаганинг,
    Сен тинглашни билмассан.

Эрмак учун созни қўлга
    Тутма, асло ушлама,
Тинглаганнинг ғаш дилини
    Алдаб сохта хушлама!

Саҳналарда сонсиз бу кун
    Сохта, ёлғон ёнишлар,
Бетаъсир куй, бетаъсир дард
    Ва бетаъсир хонишлар.

Кўп юртларда ёшлар баъзи
    Хунук ҳолга кўз ташлар,
Қийқиришар бўлса агар
    Қип-яланғоч куйлашлар.

Томошагоҳ таърифини
    Битар бўлсам баайни,
Эслатгайдур бамисоли
    Тўнғиз босган тўқайни.

Томошабин тўлганидан
    Босиб бўлмасдир оёқ,
Соатлаб соз чалиш қолиб
    Тақиллар қуруқ таёқ.

Ё алҳазар, бу не ҳолат,
    Бу куй аталар қандай?!
Ёшлар тинглаб қутуришар
    Жазавага тушгандай.

Йўқ! Бу куймас, санъат эмас,
    Санъатга қарши санъат,
Агар шуни санъат десанг,
    Ул санъатга минг лаънат!..

Қўзиқорин каби босган
    Кўп куйлар таъсир қилмас,
Тайинли бир мухлис топиб
    Ўзига асир қилмас.

Созанданг кўп сен соз деган
    Лек созлари соз эмас,
Қичқириқни овоз дейсан
    Гарчи бу овоз эмас.

Эшакда ҳам овоз бордир,
    Ҳанграшдир унинг иши,
Унинг ишин эслатгай кўп
    Хонандалар хониши.

Чаласавод улар, чунки
    Чаласавод устози,
Чала эрур чалганлари,
    Чала чалинур сози...


К у л г и   в а   т а б а с с у м   т а ъ р и ф и   

Энди кулгу ҳақда эрур
    Хатимнинг ушбу боби,
Биламан баъзиларнинг
    Бу бобга йўқдир тоби.

Кулиш ёки кулмаслик бу
    Инсон учун фарз эмас,
(Кулмасларга албат бу боб
    Ўқиш учун арзимас).

Каломдан бир сўз келтирай,
    Бу Аллоҳнинг сўзидир:
“Йиғлатган ҳам Унинг Ўзи,
    Кулдирган ҳам Ўзидир”.*

Бул ҳис ҳам ҳар инсон учун
    Аллоҳнинг бир неъмати,
Гўё қушга берилгандек
    Қанотининг бир пати.

Ширин ҳаёт мазмунида
    Унда ҳам бир улуш бор,
Лек ҳар кулиш кулишмасдир
    Кулишдаям кулиш бор.

Кулган инсон ҳаддин билсин,
    Хандон уриб қотмасин,
Ҳушёр кулсин, қайсидир бир
    Дилга оғир ботмасин.

Кулсанг шундай кулки, кулгинг
    Бўлсин соф, гўзал, холис,
Дилозорлик ҳамда турли
    Ғараздан бўлсин олис.

Ҳеч вақт беҳол, бечорани
    Кулиб қилма масхара,
Ул шўрликка битилган шўр
    Тақдирга тўғри қара!

Бўлса имкон, бер борингни,
    Олма борини шилиб,
Келса қўлдан, қўй қўлинг ул
    Қўлга кулсин қўшилиб.

Кулгу ҳақда фикрим шудир:
    Кулгудан олий ният – 
Инсонларга бахш этишдир
    Бир оз яхши кайфият.

Соф кулгининг соф мақсади
    Ювиш дил ғуборини,
Дилдаги ғашликлару
    Ғам-аламнинг борини.

Кулгу – қора қалбни қоқиш,
    Танни тоза қилдириш, 
Кулгу – даврадошларингга
    Ҳамрозлигинг билдириш.

Фараз қилгил, бир инсонга
    Боқсанг агар хўмрайиб,
Фикр қилар сенга боқиб:
    “Балки бир жойи майиб 

Ёки бирон бир жойига
    Кириб қолгандир тикан,
Нега бунча қовоқ осар
    Балки қарзим бормикан?”.

Табассуминг дариғ тутма,
    Ахир ул эмас емак,
Бир инсонга табассуминг – 
    “Сизга меҳрим бор” демак.

Табассуминг дилдан бўлса
    Бу бир ҳузури жондир,
Хабар берай бир ҳадисдан:
    “Табассум ҳам эҳсондир”.

Мўмин кўрса бир мўминни
    Қучоқ очсин қувониб,
Боқмасинлар хўмрайишиб,
    Иймонларидан тониб.

Кулмайдиган эл йўқ, кулгу
    Берилган ҳар миллатга,
Чин кулгу бир зўр зарбадур
    Кўплаб бузуқ иллатга.

Тури кўпдир: табассум бор,
    Қаҳқаҳа бор, ханда бор,
Ўз-ўзингга бергил савол:
    “Хўш, қай бири манда бор?”.

Илжайиш бор, тиржайиш бор,
    Тури кўп майда-чуйда,
Бўлмагани яхшироқдир
    Бачканаси ҳеч уйда.

Енгил ҳазил мутойиба 
    Айланмасин пичингга,
Кулсанг кулгил меъёрда ва 
    Эҳтиёт бўл ичингга..!

Етар анча сайр қилдик 
    Кулгу деган воҳада,
Сабаб шулким ижод қилдим
    Ўзоқ йил шу соҳада.

Нега кетдинг деб сўрсалар,
    Жавобим шулдир маним:
“Энди жиддий гаплар айтай,
    Етар шу кулдирганим”.

Нелар айтдим, нелар битдим
    Шунча йил, шу ёшгача,
Билдим, баъзан бўлмиш хато
    Бул кун фикрим бошқача.

Бошдан бошлаш учун ортга
    Қайтишга илож йўқдир,
Энди босар қадам аниқ,
    Бу йўлдан кўнглим тўқдир.

Кун ортидан тун келгандек,
    Ёз кетида қиш бордек,
Кўп кулгининг орқасида
    Билгил бир ташвиш бордек.

Шул ўринда бир ҳадисни 
    Келтирсам эрур созроқ,
“Мен билганни билсаларинг
    Кулар эдинглар озроқ,

Кам кулиб, кўп йиғлашни сиз
    Қилар эдингиз одат”.
Бул ҳадиснинг маъносини
    Англамоқлик – саодат!


Т а н   т у з и л и ш и   т а ъ р и ф и н д а

Онг берилди онглагил деб
    Сен ҳақ билан ботилни,
Кўр, шукр қил, тушунтир деб
    Берди Ҳақ кўз ва тилни.* 

Ҳар аъзони Ул Мусоввир
    Нозик дид ила босди,
Эшитгил ҳар тарафдан деб
    Ҳар ёнга қулоқ осди.

Берди оёқ-қўлларингни
    Ризқ, насиба топгил деб,
Оғиз берди керагин еб,
    Нокеракка ёпгил деб.

Керагидан ошмасин деб
    Ҳар бир олган нафаси,
Бир шаклда терилгандир
    Инсон кўкрак қафаси.

Кўплаб нозик аъзоларинг
    Шу қафасга жойланган,
Барчасининг таъминоти
    Қон томирга бойланган.

Катта-катта еб ботмасин
    Дея гуноҳ азимга,
Берди кичик бир ошқозон
    Овқат учун ҳазмга.

Булар барин билсанг ҳамки,
    Шунчаки бир баёндур,
Қолган баъзи аъзоларинг
    Вазифаси аёндур.

Барча шаклу суратларнинг
    Энг ҳайратли, қизиғи – 
Сен сирига етмас бўлган
    Бармоқларинг чизиғи.
Фикрлашга сабаб сенда
    Учрагайдур хилма-хил,
Фикр онгга жойлашгайдур,
    Онгга-чи, мия манзил.

Ўйланган ўй қандайлигин
    Баҳолаб тургайдур дил,
Унинг ҳукму хулосасин
    Баён қилиб тургай тил.

Воқеъликни кўз-қулоғинг
    Кўриб, тинглаб билгувчи,
Маълумотни зудлик билан
    Мия қабул қилгувчи.

Мия дарҳол фармон берар
    Керакли бир қисмга,
Ул қисм-чи, таъсир қилар
    Кўз кўрган ул жисмга.

Бор аъзони таъмин этар
    Танангда неки боринг,
Кунда уч бор сўраб турар
    Қорин деган омборинг.

Барчасининг назоратин
    Қилгувчи бош миядур,
Ҳар номаъқул фармойишдан
    Уни иймон тиядур.

Бу барчасин борлиги не?
    Бунга жиддий қарада,
Тафаккур қил ва бил: Бу жон
    Танангда ижарада.

Маълум муддат омонатдир
    Жонинг бу “жон қафас”да,
Фақат Ҳақ билгай бу муддат
    Қанчадир қайси касда.

Тананг тирик чоғи тўлдир
    Жонингни иймон билан,
Танни топшириб тупроққа
    Иймон қолар жон билан.

Аччиқ айтсам ажабланма
    Ҳозирдаги ҳолима,
Айтаримга амал айла,
    Сўнгра йиғлаб, нолима.


 М а ъ н а в и я т   м а ъ н о с и 

Инсон умри давомида
    Устун бўлар уч жиҳат,
Буни билсанг, сенга доим
    Ҳамроҳ тинчлик ва сиҳат.

Биринчиси маънавият,
    Иқтисод бу иккинчи,
Сўнг сиёсат деб билганнинг
    Бузилмас сира тинчи.

Мисол: тонгда туриб аввал
    Қилгайдурсан ибодат,
Сўнг нонушта, сўнгра эса
    Халқ хизмати – бу одат.

Ибодатинг маънавит,
    Иқтисод – ичиш, ейиш,
Сиёсат – бу ҳушёр ҳолда
    Халққа маъқул сўз дейиш.

Маънавият том маънода
    Аллоҳга боғланишдир,
Ҳар бандага ўзлигин ва
    Яратганни танишдир.

Иқтисод –  бу банда билан
    Табиатга бир ришта,
Сиёсат – бу бир-бирингга
    Боғланишинг ҳар ишда.

Яралишнинг чин маъносин
    Билиш бу маънавият,
Маънавият чин маъносин
    Билмаслик бир оз уят.

Маънавий бир бузуқ дерлар
    Ким шундайин кишини,
Англамасни бу дунёга
    Келишу кетишини.

Ким билмаса бу дунёга 
    Келишдан мақсадини,
Улким бузгай чин инсонлик
    Саройининг садини.
Маънавият маъносини
    Билса ким, доно бўлар,
Доноликдан ҳаётингда
    Чиройли маъно бўлар.

Маъно бу иймондандур,
    Маънавият – иймондур,
Қай замонда иймон устун
    Гўзал ўша замондур.


И қ т и с о д    и з о ҳ и

Энди навбат иқтисодга
    Яъни, унинг мазмуни,
Ўйлаб таҳлил қилиб шундай
    Изоҳладим мен уни:

Топиш-тутиш, тирикчилик – 
    Иқтисодга кирадур,
Тежаб-тергаб сарф қилмаган
    Ҳаёт доим хирадур.

Иқтисод бу ўргатадур
    Тирикчилик сарфини,
Тўкин ҳаёт учун тўғри
    Ўрган ҳар бир ҳарфини!

Не керакдур Ҳақ жойламиш
    Ернинг усти-остига,
Керагин ол, не керакдур
    Тоғлаб “бости-бости”га

Иқтисодда барқарорлик
    Нафсингга боғлик бўлар,
Ўзгани ҳам ўйлаб есанг,
    Баракотга уй тўлар.

Иқтисоднинг туб мазмуни
    Бу моддий таъминотинг,
Ҳисобинг гар тўғри бўлса
    Доим тўкин ҳаётинг!..


С и ё с а т   с а ҳ и ф а с и 

Сиёсат бу бандаларнинг
    Ўзаро алоқаси,
Алоқани бўш қилганга
    Жойдир жарнинг ёқаси.

Сиёсати тўғри элнинг
    Ишин бўлур ривожи,
Халқи рози бўлиб шоҳин,
    Кетмас бошидан тожи.

Келажакка элтар ҳар бир
    Йўллари ҳам равондур,
Ул юрт тинч ҳам давлат маҳкам
    Халқи тўқ, фаровондур.

Ризқин тўлиқ берур Раззоқ
    Халқ Ҳақ таниган сорин,
Халқ ҳолига қараб Холиқ
    Белгилагай сардорин...

Лек сиёсат кўп юртларда
    Авом учун ўйиндур,
Қучоқ-қучоқ ваъда қилган
    Асли бўм-бўш қўйиндур.

Ҳақ сиёсат халқни доим
    Ҳақ йўлига ундагай,
Акси гўё халқ бошини
    Қўяр бир кун кундага..!


А й р и м л а р г а    а й т а р и м

Элга шоҳни тайин этиш
    Иродангдан ташқари,
Сенга аён, осон эмас
    Инсон зотин бошқариш.

Тўрт одамга тўра бўлиб,
    Ҳеч ким тенгдай ёқмаган,
Берганига маъқул келар,
    Бермагани боқмаган.

Подшоҳ ахир Яратганнинг
    Ердаги бир сояси,
Норизолик бекорчининг
    Бўлмағур бир ғояси.

Аҳён-аҳён айримларинг
    Амирларинг айблайдур,
Қўйиб берсанг, шоҳ шаънига
    Ҳар не дейишга шайдур.

Айтиш осон... Оғизда бир
    Ишни қилиш осондур,
У ҳам баъзан адашгайдур,
    У ҳам,  ахир, инсондур...

Айбламагил замон, шоҳни
    Халқинг ҳолига қара,
Аввал тузат ўз феълингни
    Шундан бир наф, самара.

Ибодат қил, истаганинг
    Аллоҳдан сўра, берар,
Феълу ҳолинг, амалингга
    Муносиб тўра берар!*

Ҳалолликни касб қилса қавм,
    Жамоа ҳар ходими,
Тетик бўлар раҳбарининг
    Руҳи ҳамда одими.

Шоҳлик тожин кийган шоҳинг
    Шоҳ бўлсин қай ватанда,
Унутмасин Яратганга
    У ҳам оддий бир банда.

Подишоҳинг ҳеч бир фаслга,
    Билки, фармон беролмас,
Магар қишга фармон берсин,
    Лекин қиш қорсиз қолмас...

Сенинг шоҳинг ерда шоҳдир,
    Ерда унинг амали,
Энг зўр иши ё қурадур,
    Ёки бирон қамали...

Ҳақ йўлинда Ҳақдан сўра,
    Одил бўлсин раҳбаринг,
Ҳақ йўлидан тойса тўранг,
    Жардан жой олгунг баринг..!


Э л ,  э л а т   в а   м и л л а т    

Агарки бир юрт хор бўлиб,
    Халқи гар хароб бўлар,
Оқибати йўқлик бўлиб,
    Ўйлари сароб бўлар.

Ҳақ танимас халқ халқмасдур,
    Элатмас, ҳалойиқмас,
Эл эканин билмаган эл
     Эл дейишга лойиқмас.

Бир вақт келиб, кўр қалбига
    Қадалгай ўқ у элнинг,
Кечар куни ёлғон эрур,
    Эртаси йўқ у элнинг..!

Эл бўлиб, хор қилса ўзни
    У элга замин зормас,
Туғишганни талаганни
    Эл дейишга тил бормас.

Уламосин айласа хор,
    Адолатсиз умаро,
Охирати куйиб бўлғай 
    Қиёматда юз қаро.

Ҳазар қилмай ҳаромдан эл,
    Нафси-ла машғул бўлар,
Ул юртгаким бошдин оёқ
    Гадо тўлар, қул тўлар.

Ҳар қадамда алдов, шилиш,
    Юртинг тўлса хоингга,
Ҳавас қилма бундайин хор
    Юрт аталмиш жойингга.

Хоинлик бу, сенга айтсам,
    Имонсизлик белгиси,
Сотқин зоти иймонга ҳеч
    Келмасдир паст келгиси.

Қасд қилгандан иймон, албат,
    Ўз қасдини оладир,
Оқибат ҳар икки дунё
    Хароб ҳолга соладир.

Ҳалқумига ҳаром тиққан
    Борки баъзи “жўра”лар
Ўйламаки, жавобсиз деб,
    Бари бир кун сўралар.

Бир элат ўзга элатнинг
    Бўлса эркин қасдида,
Ул ҳаёт эрмас ҳаётки,
    Бўлса таъқиб остида.

Миллат кўпмас бу дунёда
    Бор фақат икки миллат,
Шу иккиси ўртасида
    Туғилар барча иллат.

Бири доим тақводадир,
    Яратганга шукр этар,
Бошқа бири бош кўтармай
    Боши берк йўлдан кетар.

Бири борлиқ боисини
    Боисидан деб билар,
Бошқа бири залолатдан
    Чиқмаслик йўлин қилар.

Ҳақ йўлинда ҳамроз бўлиб
    Бирлашган халқ тўзимас,
Бунга амал, тадбир керак,
    Қуруқ гапнинг ўзимас...

Қай элатда ҳар қадамда
    Бўлса меҳру оқибат,
Барча эллар ичра ул эл
    Энг бахтли элдур албат.


О р з у л а н г а н    о л а м 

Кел, бирга бир боқайлик, мен
    Ҳавас қилган оламга...
Илк истагим: Тўлмасайди
    Диллар андуҳ-аламга.

Барча эллар бу заминда
    Яшаса дўсту иноқ,
Фарқ қилмаса миллат, ранги,
    Қорами у ёки оқ,

Аҳиллик ва дўстлик деган
    Истак агар тандадур,
Ул жойда бор бахт-саодат,
    Бор барокат андадур.

Гар аҳиллик, ҳамжиҳатлик
    Қайси бир элдан кетар,
Ул элатни бахту давлат
    Шул заҳоти тарк этар.

Истагим ҳеч бир элатга
    Бундай заҳмат етмасин,
Чора қилсин ул элатким,
    Бахти қўлдан кетмасин.

Замин узра то абадга
    Янграса тинчлик сози,
Ҳеч биронта нуқтасидан
    Чиқмаса ўқ овози.

Ўқ дегани отилмаса
    Ҳатто кўкда қушларга,
Уруш деган кирмасайди
    Ҳатто тунда тушларга.

Зотинг сира билмасайди
    Бир-биридан қўрқишни,
Тинч-осуда ўтказсайди
    Ҳар йилу ёзу қишни.

Ҳар ўлкада қурилсайди
    Тинчлик номли бир қаср,
Пештоқида ёзув бўлса:
    “Тинч ўтди бизнинг аср!”.

Ва келгуси авлодларга
    Бундан бир илҳом бўлиб,
Шундай ширин шиорларга
    Кетса ҳар бино тўлиб.

Бир мадҳия бўлса умум
    Башар-чун эрк куйидай,
Ҳар тонг бир бор янграса ул
    Ҳар инсоннинг уйида.

Ул мадҳия Инсонликка
    Даъват каби яралса,
Замин узра барча дилга
    Бир нур каби таралса.

Ҳар бир инсон умри ўтса
    Ўша нурдай чароғли,
Ҳеч қаерда ҳеч инсоннинг
    Бўлмаса дили доғли.

Қани, кунда бўлса кўкда
    Тинчлик қуши парвозда,
Тинчлик куйи янграсайди
    Баралла бор овозда.

Ҳеч элатнинг осмонини
    Қора булут босмаса,
Ҳеч бир элга уруш ёвуз
    Шиорини осмаса.

Ер юзида қани энди
    Тинчлик қилса тантана,
Фараз қилгил ул ҳаётни,
    Завқ ана, шодлик ана!

Қани энди, бирон юз йил
    Йўқ, лоақал бирон йил,
Шундай яшаб кўрмоқликка
    Бирон чора, тадбир қил!

Маъқул бўлса абадийга
    Шундай яшаб қолавер,
Қайси ҳаёт маъқул бўлса
    Ўзинг танлаб олавер!

Қани, кириш бул тадбирга,
    Урушларга бер барҳам,
Бул тадбирнинг тўғрилигин
    Билар боғча бола ҳам.

Қолма, ахир, сен иснодга
    Авлодларинг олдида,
Айтмасинлар: “Улар бизни
    Шундай кўйга солди-да!”.

Тўғри танла чора-тадбир
    Ўз номингга мосини,
Тоза топшир авлодларга
    Аждодлар меросини!


С у ҳ б а т    с ў н г  с ў з и 

Энди бир дам тўхтам топса
    Камина ҳикояти,
Бул ҳикоят каминага
    Аллоҳнинг инояти.

Кўриб билган қайғу ҳамда
    Шодликларим бўлди дарс,
Асар битдим, шул сабабким,
    Икки қўлдан чиқар қарс.

Сатрларим сафи тўлди
    Ундовларга, сўроққа,
Фойдали гап олгандурсан
    Илингудек “ўроқ”қа?!

Сатрларга тўлдирдим мен
    Сўроғу ундовларни,
Бул ундовлар ундаш бўлсин
    Йўқотгали ғовларни.

Сени билмам, лекин мен кўп
    Наф олдим бул суҳбатдан,
Аллоҳ Ўзи паноҳ берсин
    Турли фитна, туҳматдан...

Насиб қилса суҳбатимиз
    Давом этар узоқ кун,
Ҳозирча бул битганларим
    Вақтинча топса якун...

Тўкилди тўрт томонимга
    Тўлиб дард-алам жоми,
Энди боқдинг бир тарафга
    Ҳали кўпдир давоми...

Бул барчаси дебочадур,
    Айтар гапим кўп ҳали,
Истагим шул Яратгандан:
    Имкон берсин айтгали...

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ ҳақидаШайх Абдулфаттоҳ ибн Муҳаммад ибн Башир ибн Ҳасан Абу Ғудда Суриянинг шимолидаги Ҳалаб шаҳрида, 1335 ҳижрий сана 17 ражаб, 1917 мелодий давоми...

4859 05:00 / 11.03.2017
НИКОҲНОМА ҲАҚИДАМустақиллигимиз шарофати билан бир пайтлар ҳалқимизнинг дилидаги армонлари рўёбга чиқа бошлади,яъни мусулмонларимизга берилган кенг давоми...

4087 05:00 / 07.03.2017
Азизлар, бугунги cўзимнинг якунида яна бир қувончли хабарни етказмоқчимиз. Барчангизга маълумки, Аллоҳ таоло устозимиз шайх ҳазратларига ўзларининг шоҳ асарлари давоми...

6784 01:40 / 09.05.2017
Халқ орасида .Сўфи Оллоёр, номи билан машхур .Саботуложизин, асари Мовароуннаҳр ўлкаларида XX асрга қадар мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган. Ўкувчилар давоми...

7625 05:00 / 07.03.2017