1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Имомнинг ташқи кўриниши

19:54 / 22.04.2017 5141 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бутун инсониятни яратиб, уларга қандай яшашни таълим берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва ўз хулқи билан бутун инсониятга намуна бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга солавоту саломлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга ҳар жабҳада ўрнакдирлар.

Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло ўзининг калому шарифида инсонни энг гўзал шаклда яратганлигини баён этиб қуйдагича марҳамат қилади:

لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيمٍ

“Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик”(Тийн 4 оят).

Демак инсон Аллоҳ таоло яратган мавжудотларнинг ичида шакл шамоилда энг гўзалидир. Ушбу гўзалликни янада мукаммаллаштириш учун Аллоҳ таоло бошқа мавжудотлардан фарқли ўлароқ инсонларга зийнат қилиб либос кийиб юрмоқликни буюрган:

يَا بَنِي آدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

“Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”(Аъроф 31 оят).

Ўтган ояти каримада келганидек, кийимсиз ҳолда ибодат-тавоф қилиш ёхуд жанда, ямоқ-ясқоқ кийим билан бажариш ибодат фазли ва савобини зиёда этмайди. Лекин табиати бузуқ кишилар бузуқ диндорликка уринадилар, тақвони жулдур кийимлар ила ҳосил бўладиган этиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ таоло ҳаддан ошиб фахр ва ғурурга кетишни қоралаганидек, унинг паст ва табиатсиз ҳолда истеъмол қилинишини ҳам қоралайди.

Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитиб юришликни буюришлик билан биргаликда либосни зийнат деб атади. Ҳақиқатдан ҳам либос ўз ўрнида зийнат қолаверса инсоннинг танасидаги нуқсонликларини беркитиб турувчи уни иссиқ ва совуқдан ҳимояловчи ва бошқа мавжудотлардан фарқини ва афзаллигини кўрсатиб тургувчи воситадир. Қолаверса либос инсоннинг жинсини (эркак ва аёллигини) қайси юрт, миллат ва элат ҳамда қандай дин вакили эканлигини ва хаттоки унинг ёш ва кексалигини ҳам мақом ва мартабасини ҳам, бой ва камбағаллигини ҳам, қайси соҳа вакиллигини ҳам билдириб турувчи омилдир. Шундан келиб чиққан ҳолатда ҳар бир соҳа вакиллиарининг ўзларига хос ва мос ташқи кўринишликлари (кийимлари) бўлганидек имомларнинг ҳам ташқи кўринишлиги омма халқникидан баъзи бир жиҳатлари билан ажралиб турмоқлиги эътиборлидир.

Мазкур маънони Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ уламоларга қарата қилган хитобларида қуйдагича баён этганлар:“Саллаларингизни каттароқ қилинглар, енгларингизни эса кегроқ қилинглар”.

Демак,аҳли илмлар омматан халқни ичида ўзларига хос салобат, виқор ва ҳайбатли бўлишликлари учун уларнинг ташқи кўринишликларида ҳам фарқланиб туришликлари фазийлатдир. Зотан, инсоннинг табиатида кўпинча бошқалар билан муомала қилишлиги уларнинг ташқи кўринишларига қараб белгиланади. Демак, имомлар ҳам ўзларига нисбатан бошқаларни хуш муомилали бўлишларини хоҳласа ўзларининг мақом ва мавқеъларига муносиб ташқи кўринишларини белгилашликлари керак. Бу борада эса барча ҳаётнинг жабҳаларида бизларга намуна бўлган зот Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқи кўринишликлари бизлар учун ўрнакдир. Шу ўринда эътиборингизни бир нарсага қаратмоқчимиз у ҳам бўлса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай кийимларни кийганликлари тўғрисидаги ҳадиси шарифларни ўрганишлик асносида демак биз ҳам ҳудди шундай кийим киймоқлигимиз керак экан деган тушунчани қаттиқ ушлаб олмаслик керак. Балки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврларида кийишлик шариатга хилоф бўлмаган барча турдаги либосларни кийганликлари тўғрисида ривоятлар келади.

Аммо кийилишлиги ман этилинган либослар жумладан ипакнинг барча турларидан тайёрланган либослар ва ёки бошқа дин вакилларининг дийний либослари бўладиган бўлса кийишликдан сақланганлар. Демак қандай либосларни кийишлик мумкин ва ёки мумкин эмаслиги тўғрисидаги асосий қоида шудир. Шунинг учун ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа юрт вакиллари тарафидан совға қилинган ҳар хил либосларни кийганлар. Келажакда, булар ҳақидаги ривоятларни батафсил келтирамиз ҳозир эса, эътиборингизни бир ҳадиси шарифга қаратмоқчимиз:

قال النبي صلى الله عليه وسلم: "من تشبه بقوم فهو منهم ."

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас у ўша қавмдандир” дедилар”.

عَنْ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِنَّمَا اْلأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ وَإِنَّماَ لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصِيبُهَا أَوِ امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган).

Демак,ҳозирги кунимизда хориждан келтирилаётган турли шакл ва кўринишдаги либосларни кийишликда ўта эҳтиёт бўлишлигимиз керак бўлади. Акс ҳолда мазкур либосларни кимларгадир ўхшашлик,уларга тақлид қилишлик ва уларга ҳавас қилишлик билан кийиладиган бўлса, натижа қандай бўлишлиги ҳаммамизга маълум.


Кийимнинг турлари ҳақида

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ أَحَبُّ الثِّيَابِ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم الْقَمِيصَ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун кийимларнинг энг маҳбуби кўйлак эди”, дедилар” (Сунан эгалари ривоят қилишган).

Шарҳ: Чунки ўша пайтда Арабистон ярим ороли шароитида энг қулай ва энг муносиб кийим кўйлак эди. Умуман, бу боблардаги кийим ва бошқа нарсалар ҳақидаги гапларда ўша пайт шароитини, воқелигини баён қилиш бор. Бундан мана шу ривоятларда зикр қилинмаган кийимларни кийиш мусулмон одамга тўғри келмайди, деган нотўғри мулоҳазага бормаслик керак.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: كَانَ أَحَبُّ الثِّيَابِ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم أَنْ يَلْبَسَهَا الْحِبَرَةَ. رَوَاهُ الثَّلاَثَةُ وَالنَّسَائِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кийишни яхши кўрадиган кийим “ҳибара” эди” (Учовлари ва Насаий ривоят қилганлар).

Шарҳ: «Ҳибара» Яманда тайёрланадиган пахтадан бўлган яшил рангли чопон. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша хилдаги чопонни кийишни яхши кўрар эканлар.

عَنْ أَبِي بُرْدَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: دَخَلْتُ عَلَى عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا فَأَخْرَجَتْ إِلَيْنَا إِزَارًا غَلِيظًا مِمَّا يُصْنَعُ بِالْيَمَنِ وَكِسَاءً مِنِ الَّتِي يُسَمُّونَهَا الْمُلَبَّدَةَ فَأَقْسَمَتْ بِاللهِ إِنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قُبِضَ فِي هَذَيْنِ الثَّوْبَيْنِ. رَوَاهُ اْلأَرْبَعَةُ.

Абу Бурда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирдим. У киши бизнинг олдимизга Яманда тайёрланадиган қалин изорни ва мулаббада деб номланадиган кийимни олиб чиқдилар-да, Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу икки кийим ичида қабзи руҳ қилинганлар”, деди” (Тўртовлари ривоят қилганлар).

Шарҳ: «Изор» тананинг киндикдан пастига тутиб олинадиган, тикилмаган кийим. Бу кийим асли яманликларнинг кийимидир. Ҳозир ҳам эркаклар уни кўп ишлатадилар.

«Мулаббада»–турли парчаларни бир-бирига улаб қилинган кийим.

Ушбу ривоятдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Яманда тайёрланган изор ва мулаббада номли кийимлар кийиб турган пайтларида вафот этганларини билиб олдик. Булар ўша пайтнинг кийимларидан бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарона кийинганликларини ҳам кўрсатади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ لَبِسَ ثَوْبَ شُهْرَةٍ أَلْبَسَهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ثَوْبًا مِثْلَهُ ثُمَّ تُلَهَّبُ فِيهِ النَّارُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким шуҳрат кийимини кийса, Аллоҳ унга қиёмат куни шунга ўхшаш кийим кийдиради. Сўнгра унга ўт қаланади”, дедилар” (Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар).

Шарҳ: Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадиси шарифда Исломнинг кийиниш борасидаги ҳамма эътибор бериши лозим бўлган улкан қоидаси баён этилмоқда.

Мусулмончиликда кийимни шуҳрат топиш учун кийишга рухсат йўқ. Шуҳрат кийими деганда кенг маъно тушунилади. Бунга энг қимматбаҳо, ҳеч кимда йўқ кийимларни кийиб, бошқаларнинг кўнглини синдириш ҳам киради.

Шунингдек, ҳеч ким киймайдиган жандаларни кийиб ўзини тақводор кўрсатиб, шуҳрат топишга уринганлар ҳам киради.

Ҳамма ишларнинг ҳам ўртачаси, меъёрдагиси яхши. Жумладан, кийим-кечакнинг ҳам. Кўпчиликка урф бўлган, шариат чегарасида бўлган кийимларни киймоқ яхши.

Бошқа бир ривоятда:

“Аллоҳ унга қиёмат куни шунга ўхшаш кийим кийдиради. Сўнгра ўт қаланади” жумласи ўрнига “Аллоҳ унга қиёмат куни хорлик кийимини кийдиради. Сўнгра унга ўт қаланади” деб келган экан.

Ҳа, шуҳрат учун, манманлик ва мутакаббирлик учун кийим кийиш мусулмонларга тўғри келмайди. Бошқаси марҳамат. Ўтган ҳадисларда ўрганиб ўтганимиздек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, саҳобаи киромлар ҳам турли-туман кийимларни кийганлар. Ҳатто номусулмон кишилар томонидан ҳадя қилинган кийимларни ҳам кийганлар.

Кийимларнинг ранги

عَنْ أَبِي رِمْثَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: انْطَلَقْتُ مَعَ أَبِي نَحْوَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فَرَأَيْتُ عَلَيْهِ بُرْدَيْنِ أَخْضَرَيْنِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Абу Римса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Отам билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юриб бордим. У зотнинг устиларида икки яшил рангли бурдани кўрдим” («Сунан» соҳиблари ривоят қилганлар).

Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг ровийи Абу Римса Ҳабиб ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларида кўрган кийимнинг рангига эътибор берган эканлар. Яшил ранг чиройли бўлиши билан бирга, кўзга ҳам фойда берар экан. Аҳли жаннатнинг кийими яшил рангда бўлиши ҳам бежиз эмас.

قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: الْبَسُوا مِنْ ثِيَابِكُمُ الْبَيَاضَ فَإِنَّهَا مِنْ خَيْرِ ثِيَابِكُمْ وَكَفِّنُوا فِيهَا مَوْتَاكُمْ وَإِنَّ خَيْرَ أَكْحَالِكُمُ اْلإِثْمِدُ يَجْلُو الْبَصَرَ وَيُنْبِتُ الشَّعْرَ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кийимларингиздан оқини кийинг. Албатта, улар кийимларингизнинг хайрлисидир. Ҳамда улар ила ўликларингизни кафанланглар. Албатта, сурмаларингизнинг яхшиси исмиддир. У кўзни равшанлаштиради ва киприкни ўстиради”, дедилар” («Сунан» эгалари ривоят қилганлар).

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: نَهَى نَبِيُّ اللهِ صلى الله عليه وسلم أَنْ يَتَزَعْفَرَ الرَّجُلُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак киши заъфарон чаплаб олишидан наҳйи қилдилар”(Бешовлари ривоят қилганлар).

Шарҳ: Ушбу ривоятдаги заъфарон чаплашдан мурод баданга ва кийимга ёки иккисидан бирига чаплашдир. Заъфарон сариқ рангли бўлиб, у ранг бошқа диндагиларнинг шиори, аломат-белгиси бўлганидан шундоқ наҳий бўлган, дейдилар уламо аҳли.

وَقَالَ عَبْدُ اللهِ بْنُ عَمْرِو رَضِيَ الله عَنْهُ رَأَى رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَلَيَّ ثَوْبَيْنِ مُعَصْفَرَيْنِ فَقَالَ: إِنَّ هَذِهِ مِنْ ثِيَابِ الْكُفَّارِ . وَفِي رِوَايَةٍ:  فَقَالَ: أَ أُمُّكَ أَمَرَتْكَ بِهَذَا قُلْتُ: أَغْسِلُهُمَا قَالَ: بَلْ أَحْرِقْهُمَا.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам устимда икки сариқ ранг чапланган кийимни кўриб:

“Албатта, мана шулар кофирларнинг кийимларидандир”, дедилар”. Бошқа бир ривоятда:

“Онанг шунга амр қилдими!?” дедилар.

“Уларни ювиб ташлайми?” дедим.

“Балки куйдириб ташла!” дедилар.


Озодалик мустаҳабдир

Инсонниг ташқи кўринишлигида тозалик ва озодаликнинг аҳамияти ниҳоятда муҳимдир. Зотан поклик иймондан эканлиги ҳадиси шарифларда калтирилган. Бу борада эса имом барчага намуна бўла оладиган даражада бўлишлиги талаб этилади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: أَتَانَا رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَرَأَى رَجُلاً شَعِثًا قَدْ تَفَرَّقَ شَعْرُهُ فَقَالَ: أَمَا كَانَ يَجِدُ هَذَا مَا يُسَكِّنُ بِهِ شَعْرَهُ وَرَأَى رَجُلاً آخَرَ وَعَلْيِهِ ثِيَابٌ وَسِخَةٌ فَقَالَ: أَمَا كَانَ هَذَا يَجِدُ مَاءً يَغْسِلُ بِهِ ثَوْبَهُ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Ҳузуримизга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Сочлари тўзиб кетган пала-партиш бир одамни кўриб қолиб:

“Манави сочини сокин қиладиган нарса топса бўлмасмиди!?” дедилар.

Бошқа бир кишининг кийимлари кир эканлигини кўриб қолиб:

“Манави кийимини ювадиган нарса топса, бўлмасмиди!?” дедилар”.

قَالَ أَبو اْلأَحْوَصِ رَضِيَ الله عَنْهُ أَتَيْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم فِي ثَوْبٍ دُونٍ فَقَالَ: أَلَكَ مَالٌ قُلْتُ نَعَمْ قَالَ: مِنْ أَيِّ الْمَالِ قُلْتُ مِنَ اْلإِبِلِ وَالْغَنَمِ وَالْخَيْلِ وَالرَّقِيقِ قَالَ: فَإِذَا آتَاكَ اللهُ مَالاً فَلْيُرَ أَثَرُ نِعْمَةِ اللهِ عَلَيْكَ وَكَرَامَتِهِ. رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Абул-Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига хароб кийимда келдим. У зот:

“Молу мулкинг борми?” дедилар.

“Ҳа”, дедим.

“Қайси молу мулкдан?” дедилар.

“Туядан, қўйдан, отдан ва қулдан”, дедим.

“Қачонки, Аллоҳ сенга молу дунё берар экан, Аллоҳнинг сенга берган неъматининг ва икромининг асари кўринсин!” дедилар”.

Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

قَالُ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ يُحِبُّ الطَّيِّبَ نَظِيفٌ يُحِبُّ النَّظَافَةَ كَرِيمٌ يُحِبُّ الْكَرَمَ جَوَادٌ يُحِبُّ الْجُودَ فَنَظِّفُوا أَفْنِيَتَكُمْ وَلاَ تَشَبَّهُوا بِالْيَهُودِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир– карамни суяди, сахийдир – сахийликни суяди. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар” (Термизий ривоят қилган).

Либоснинг одоблари ҳақида

Имомнинг ташқи кўринишлиги ўзига хос бўлишлиги уни атрофидаги бошқа инсонларга нисбатан паст назар билан қарашлиги ва кибру ҳавога берилишлиги ҳамда ўзини бошқалардан юқорироқ мартабали деб ўйлашлигига сабаб бўлмаслиги керак. Акс ҳолда унинг ташқи кўринишлигидаги гўзаллиги ва шаклу шамоили, маънавиятининг пастлиги туфайли ҳеч қандай эътибор ва ҳурматга лойиқ эмаслигини ифода этади. Бу ҳолат имомни дунёда халқнинг эътиборидан узоқлаштириб охиратда аламли азобларга дучор бўлишлигига сабаб бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِي قَدْ أَعْجَبَتْهُ جُمَّتُهُ وَبُرْدَاهُ إِذْ خُسِفَ بِهِ اْلأَرْضُ فَهُوَ يَتَجَلْجَلُ فِي اْلأَرْضِ حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийи-мига маҳлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат қоим бўлгунча пастга тушиб бораверади”, дедилар”.

Икки шайх ривоят қилганлар.

وَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: كُلُوا وَاشْرَبُوا وَالْبَسُوا وَتَصَدَّقُوا فِي غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلاَ مَخِيلَةٍ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бўлди”, дедилар”.

عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ يَزِيدَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَتْ يَدُ كُمِّ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلمإِلَى الرُّسْغِ.

Асмаа бинти Язийд розияллоҳу анҳо айтадилар:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг енглари русғ(билак билан кафтни боғловчи бўғин)гача эди”.

Шарҳ: Енгни бундан узун қилиб юбориш ҳам яхши эмас. Эҳтимол ўша вақтларда енгни узун қилиш ҳам такаббурликнинг бир кўриниши бўлгандир. Аммо енгни ўта калта қилиб кийим киймоқлик ҳам имомларнинг мавқеъларига мос эмаслигини ҳам ушбу ҳадиси шарифдан тушунсак бўлади. Зотан енгни узун бўлишлиги имомнинг салобати, ҳайбати ва виқорини янада ошишлигига сабаб бўлади.

Фуқаҳоларимиз - барчаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин - бу масала бўйича келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиққанларидан кейин қуйидаги хулосага келганлар:

“Кийимнинг ҳукми бир нечадир:

1. Фарз.

Бу авратни беркитадиган ва иссиқ-совуқни қайтарадиган кийимдир. У пахта ёки канопдан, ўта нафис билан ўта ёмоннинг ўртасида бўлиши керак.Албатта, қадимги фақиҳларимиз бу гапларни ўз шароитларидан келиб чиқиб айтганлар.

2. Мустаҳаб.

Бу авратни тўсиб, зийнатни зоҳир қиладиган кийимдир.

3. Мубоҳ.

Бу жума, ҳайит ва одамлар жамланадиган кунлари ясаниш учун кийиладиган чиройли кийимлардир.

4. Макруҳ.

Бу такаббурлик ва манманлик учун кийиладиган кийим.

Бизга қолса, бешинчи қисмни ҳам зиёда қилардик,

5. Ҳаром.

Бу авратни тўсмайдиган ҳамда эркаклар учун шойи-ипак кийимлар, деган бўлар эдик.

Либосга оид ҳукмлар

1. Либос учун ишлатилган мато ипакка ўхшаб шариатда ҳаром қилинган бўлмаса ҳалолдир.

5. Мадомики ҳаром нарсадан бўлмаса, чиройли кийимларни киймоқ мубоҳдир.

6. Жума, ийд ва одамлар жамланадиган йиғинлар учун манманлик ва кибрдан узоқ бўлган ҳолда ясаниш мустаҳабдир.

7. Ким имкони бўлиб туриб, мазкур ясанишни қасддан тарк қилса, хато қилган бўлади.

8. Оқ рангли кийим мустаҳабдир.

9. Қип-қизил рангли кийим эркакларга макруҳдир.

10. Қора рангли кийим жоиздир.

11. Яшил рангли кийим аҳли жаннатнинг ки-йими бўлгани учун мустаҳабдир.

12. Турли рангли чизиқлардан иборат матодан бўлган кийим жоиздир.

13. Ҳайвонлар сурати солинган кийим эркак ва аёллар учун ҳаромдир.

14. Хоч сурати бор кийим кийиш ҳам ҳаром.

15. Жонли бўлмаган нарсаларнинг сурати бор кийимнинг ҳечқиси йўқ.

16. Терининг рангини билдирадиган даражада шаффоф кийим кийиш жоиз эмас.

17. Одамларнинг одатига хилоф кийим ҳам макруҳдир. Одатда бу каби кийимлар шуҳрат учун кийилади. Бу каби кийим кийганларни бошқалар ғийбат қилади ва гуноҳларига у ҳам шерик бўлади.

Имом Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу ан-ҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки шуҳратдан наҳйи қилдилар”.

“Эй Аллоҳнинг Расули! Икки шуҳрат нима?” дейилди.

“Кийимнинг юпқалиги ёки қалинлиги, юмшоқлиги ва қаттиқлиги, узунлиги ва қисқалиги. Бас, ўшанинг ўртачаси ва тежамлиги бўлсин”, дедилар”.

18. Абулфараж қуйидагиларни айтади:

“Салафи солиҳлар ўртача кийим кияр эдилар. Жуда юқорисини ҳам эмас, жуда пастини ҳам эмас. Кийимнинг яхшисини жума, икки ийд ва биродарлар билан учрашувга ихтиёр қилар эдилар. Уларнинг одати бўйича яхши кийим танлаш қабиҳ эмас эди”.

19. Имкони бўлиб туриб қасддан зоҳидликни ва тақвони кўрсатиш учун хароб кийимларни кийиш мумкин эмас.

20. Ҳанафий ва Шофеъий уламолар олим кишиларнинг кийими жуда яхши бўлиши мандубдир, деганлар. Шу билан бирга, улар кенг ва кўзга ташланадиган кийимларни киймоқлари лозим. Бу ила илмнинг мақоми зоҳир бўлади. Одамлар уларни дарҳол таниб, саволларини берадилар.


Соқол қўйишликнинг фазилати

Имомнинг ташқи кўринишликдаги ўзига хосликларидан бири албатта унинг сақолидир. Зотан имом барча амалларда шариат аҳкомларига иложи борича риоя қилишлиги билан бошқаларга намуна бўла олишлиги керак. Биз сўз юритмоқчи бўлган соқол қўймоқлик эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари билан собит бўлган. Зотан Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча ояти каримасида ўзининг Расулига итоат этмоқликка амр қилади. Дин ишлари бўйича пешво бўлмиш имомлар мазкур буйруққа амал қилмасликлари уларнинг халққа айтадиган ваъз, иршодларини таъсирчанглигини йўқотади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: خَالِفُوا الْمُشْرِكِينَ وَفِّرُوا اللِّحَى وَأَحْفُوا الشَّوَارِبَ وَكَانَ ابْنُ عُمَرَ إِذَا حَجَّ أَوِ اعْتَمَرَ قَبَضَ عَلَى لِحْيَتِهِ فَمَا فَضَلَ أَخَذَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мушрикларга хилоф қилинглар: соқолларни тўлиқ қўйинглар, мўйлабларни қиринглар», дедилар».

«Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳаж ёки умра қилса соқолини тутамлаб туриб, ортиғини олар эди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Мушрик ва мажусийлар соқолларини қириб, мўйлабларини ўстирар эканлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга бу ҳолнинг аксини қилишни, мўйлабни қириб, соқолни ўстиришни амр қилмоқдалар.

Ушбу ривоятдаги «мўйлабларни қиринглар» бирикмаси уламо орасида, мўйлабни қириш афзалми ёки қайчилаб қисқартиш афзалми, деган масалада икки хил ижтиҳод келиб чиқишига сабаб бўлган.

Моликийлар айни ушбу ривоятни маҳкам тутиб, мўйлабни қириш мустаҳабдир, дейдилар. Ҳанафий, Шофеъий ва Ҳанбалийлар эса, мўйлабни қисқартиш яхши, уни лабнинг қизғиш қисми очилиб турадиган қилиб қисқартиш керак, дейдилар.

«Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳаж ёки умра қилса соқолини тутамлаб туриб, ортиғини олар эди».

Ҳанбалий мазҳаби асосида ўз фикрлари ила ижтиҳод қиладиган гуруҳлар умуман соқолга тиғ теккизиш мумкин эмас, дейдилар. Улар ўзларининг бу гапларига ҳадиси шарифдаги «соқолларни тўлиқ қўйинглар» дейилган лафзни ва яна шу маънога яқин ҳадиси шарифларни далил қилиб келтирадилар. Шундан келиб чиқиб Соқолга ҳеч тиғ текказиб бўлмайди, дейишади. Улар мазкур жумланинг зоҳирий маъносини оладилар. Улар соқолларни тўлиқ қўйиш уларга тиғ теккизмаслик ила бўлади, дейдилар.

Жумҳур уламо аҳли, жумладан, Ҳанафий, Моликий ва Шофеъий мазҳаби уламо аҳли эса, ушбу Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг амаллари ҳақидаги ривоятни далил қилиб, соқолнинг ҳар одамнинг ўз тутамида бир тутам бўлиши суннатдир, ундан ортиғи қисқартирилади, дейдилар.

Уламо аҳли соқолни ҳаддан ташқари узайтириб юбориш суннатга хилофдир, деганлар. («Ихтиёр лит таълийлил мухтор» китоби, 4-жуз, 430 бет.)

Қарши тараф ибн Умар розияллоҳу анҳунинг қилган иши ҳужжат бўла олмайди, дейдилар.

Бунга жавобан жумҳур уламо бундоқ ишни Ибн Умар розияллоҳу анҳудек зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф тарзда қилиши мумкин эмас, дейдилар.

Шу билан бирга, имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам келтирадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам соқолларининг ён томонидан ва узунидан олар эдилар».

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилароқ, соқолни қисқартиб, зиёда бўлиб кетган толаларни текислаб, атрофларини қириб-тўғрилаб юриш тавсия қилинади.

Ҳанафий мазҳаби уламолари мўйлабни ҳар жума куни қисқартириб туриш суннатлигини таъкидлаганлар.

Мўйлабнинг икки осилиб турадиган тарафининг ҳукми ҳам ўзиникига ўхшаш.

Ҳанафий уламолари соқолнинг бир қабзадан узунини қисқартиб туриш суннатлигини таъкидлаганлар.

Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳнинг Ҳаскафий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилишича, мазкур иш вожибдир.

Соқолни яхшилаб парваришлаб юриш суннатдир. Уни қаровсиз қолдириш макруҳдир. Соқолни тараб, унга хушбўй нарса суртиб юриш суннат.

Соқолда оқ пайдо бўлганида уни қорадан бошқа рангга бўяш суннатдир. Уни қорага бўяш макруҳ. Ўзини улуғ ёшда қилиб кўрсатиш учун соқолни оққа бўяш макруҳ. Соқолнинг оқини юлиш ҳам макруҳ.

Таҳорат ва ғуслда сийрак соқоллик одам терига сув етказади. Серсоқол одам соқолини таҳлил қилиб ювади. Таяммумда соқолининг бирор толасини ҳам қўймай масҳ қилади.


Фитрат суннатлари ҳақида

Инсонниг ташқ кўринишини асосан унинг киядиган либослари ифода этсада, лекин анашу гўзал кўринишликни мукаммал бўлишлиги учун инсон ўзининг бутун аъзоларини хоссатан либосдан ташқарида кўриниб турадиган жойлариг алоҳида эътибор беришлиги суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишларни фитрат суннатларидан деб атаганлар.

“Фитрат” сўзи Аллоҳ таоло одамларни яратгандаги соф табиат, Аллоҳ таолонинг соф дини маъноларини билдиради.

“Фитрат суннатлари” деганда эса, Аллоҳ таоло юборган ҳақиқий, соф динларда барча Расул, Набийлар ва уларнинг умматларига амр қилинган ишлар маъноси билинади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: عَشْرٌ مِنَ الْفِطْرَةِ قَصُّ الشَّارِبِ وَإِعْفَاءُ اللِّحْيَةِ وَالسِّوَاكُ وَاسْتِنْشَاقُ الْمَاءِ وَقَصُّ اْلأَظْفَارِ وَغَسْلُ الْبَرَاجِمِ وَنَتْفُ اْلإِبِطِ وَحَلْقُ الْعَانَةِ وَانْتِقَاصُ الْمَاءِ قَالَ مُصْعَبٌ وَنَسِيتُ الْعَاشِرَةَ إِلاَّ أَنْ تَكُونَ الْمَضْمَضَةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ўн нарса фитратдандир: мўйлабни қайчилаш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни қисқартиш, баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш, қўлтиқни юлиш, қовуқни қириш, сув ила истинжо қилиш, Мисъаб: «Ўнинчисини унутдим, менимча, оғизни сув билан тозалаш бўлса керак” деди”.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ҳозирги ғарб маданияти Исломдан ўн беш аср кеч қолиб тарғиб қилаётган «шахсий тозалик ишлари» ҳақида сўз кетмоқда.

Ислом бундоқ ишларни “Фитрат суннатлари” - Аллоҳ таоло инсонни яратгандаги соф табиат ва Аллоҳ таоло инсонларга юборган соф динлар суннати, деб номлаган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдин “фитрат суннатлари” ўнта эканини эълон қилиб қўйиб, кейин уларни бирма-бир номлаб чиқмоқдалар.

1. “Мўйлабни қайчилаш”. Яъни, мўйлабнинг лаб устига ўсиб тушган қисми қирқилиб, лабнинг қизғиш қисми яхшилаб очилиши, унга мўйлабнинг туклари тушмаслиги керак. Шунингдек, бошқа тарафларга қараб ўсган, тартибсиз бўлиб кетадиган туклари ҳам қирқилиб турилади.

2. “Соқолни ўстириш”. Яъни, соқолни мўйлабга ўхшатиб қирқиб турилмайди, унинг узун бўлишига қўйиб берилади. Аммо узунлиги қанча миқдоргачалиги ҳақида бир оз ихтилоф бўлган. Ўша ихтилофнинг ашаддийлашган кўриниши ҳозир ҳам баъзи-баъзида зоҳир бўлиб туради.

3. “Мисвок”. Яъни, тишни ва оғизни тозалаб юриш.

4. “Бурунга сув олиб тозалаш”. Яъни бурунни ачитадиган даражада тозалаб ювиб юришлик.

5. “Тирноқларни қисқартиш”. Бу ҳам инсоннинг соф табиати талаб қиладиган нарса. Тирноқни вақти-вақти ила қисқартиб турмаса бўлмайди. Тирноқ ўсганда тагига кир тўпланади. Бу нарса турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, тирноқни ўстириб юришнинг бошқа зарарлари ҳам бор. Фақатгина табиати бузуқ маданият тирноқни ўстириб юриш маданиятдандир, демаса, бошқа биров бу номаъқулчиликни айтмайди.

Олинган тирноқ ва сочларни кўмиб юбориш тавсия қилинади. Бирор овлоқроқ жойга ташланса ҳам бўлади. Лекин таҳоратхона ёки ғусл қилинадиган жойга ташлаб бўлмайди.

6. “Баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш”. Бунда инсон баданининг кир тўпланиб қоладиган: бўғинлар, киндик, қўлтиқ каби жойлари кўзда тутилган. Албатта, бундоқ жойларни яхшилаб ювилмаса, кир тўпланиб одамдан нохуш ҳид чиқиши, тўпланган ифлосликлар касаллик келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

7. “Қўлтиқни юлиш”. Қўлтиқ остида юнг ўсиши ҳар бир одам боласида бор нарса. Шу билан бирга қўлтиқ энг кўп терлайдиган ва энг кўп кирлайдиган жой. Шунинг учун шахсий озодалик масаласида бу жойга алоҳида эътибор берилади. Мусулмон одам қўлтиғи остидаги юнгни тез-тез тозалаб туриши лозим. Бу шариатнинг амри. Бир эмас, барча анбиё ва расулларнинг суннати. Аллоҳ таоло яратган асл хилқатнинг суннати. Аллоҳ таоло юборган самовий динларнинг суннати. Қўлтиқни тозалаш фақат унинг юнгини юлиш билан бўлмайди. Балки ўша юнгни қириш ёки бирор юнг туширадиган модда ила тушириш ҳам жоиз.

8. “Қовуқни қириш”. Бунда инсоннинг жинсий аъзоси атрофидаги юнгларни кетказиш кўзда тутилган. Бунда ҳам ўша ҳаром юнгларни қириш шарт эмас, балки, ҳар қандай қулай услуб билан кетказилса бўлаверади. Мазкур жойларни озода тутиш ҳар бир эркагу аёлнинг соғлиги, ҳаёти учун нақадар муҳим эканлигидан динимизда бу масалага алоҳида эътибор берилган.

9. “Сув ила истинжо қилиш”. Инсон ўзининг икки нажас чиқадиган аъзосини кесак яъни ер жинсидан бўлган нарса билан ёки ҳозирги кунимиздаги каби хос қоғозлар билан тозалаб бўлганидан сўнгра сув билан ювмоқлик.


“Тўхтабой” жомеъ масжиди

имом-хатиби Исоқжон домла Бегматов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1 Охиратни мақсад қилиб, барча диққатэътиборни бир ташвиш охират ташвишига қаратиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Кимки охиратни истаса ва мўминлик ҳолида ўз саъйи давоми...

2429 15:06 / 22.04.2017
Инсон куни билан ишлаб, чарчаб, уйга қайтганидан кейин уйқуга ётади. Кундузи билан кўп ҳаракат қилган инсоннинг танасида турли ҳашаротлар ва зарарли ҳужайралар давоми...

2410 11:30 / 27.03.2017
Атмосферанинг бузилиши кўплаб табиий бўҳронларга, табиатнинг бузилиши, иқлим ўзгариши, бир сўз билан айтганда табиатга хос қонунларнинг ўзгаришига сабаб давоми...

2428 10:09 / 24.03.2017
Дунёга келган ҳар бир инсон умри узун ва ризқи кенг бўлишини хоҳлайди ва қўлидан келганча шу хоҳиши амалга ошиши учун интилиб яшайди. У узоқ умр кўриш учун нима давоми...

2467 09:54 / 25.03.2017
Аудиолар

118781 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40730 14:35 / 11.08.2021