1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Йилнинг охирги ва биринчи куни ўқиладиган дуолар

11:31 / 26.04.2019 7470 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон йил ҳисоби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан кейинроқ Пайғамбар шаҳри (Мадинат ун-Набий) деб аталган Ясриб, яъни Мадина шаҳрига кўчишлари (арабча “ҳижрат”)дан бошланади. Бу кўчиш (Ҳижрат) насроний йил ҳисоби бўйича 622 йилнинг ёзида амалга оширилган.

“Иҳё” китобида имом Ғаззолийнинг ёзишича, агар Муҳаррам ойи ибодатда ўтказилса, унинг баракоти бошқа ойларга ҳам етишига умид қилиш мумкин.

Йилнинг охирги, шунингдек, биринчи кунларида маълум дуолар ўқилади. Бу дуолар саҳиҳ ҳадисларда келмаган бўлсада, баъзи улуғ салафи солиҳлар ушбу дуолар ила дуо қилишганлари эътиборидан ҳам аҳамиятлидир( “Манбаъус саъада” Алий Муҳаммад Саббоғ.) Қуйида улар келтирилади.

Муҳаррам – бу муқаддас ой, шунингдек, янги йилнинг биринчи ойи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш шарафига белгиланган қамарий ой. Бу тўрт “ҳаром ойлардан” биридир. Муҳаррам ойининг муқаддаслиги ҳақида Қуръон ва Суннатда айтилади. Шу сабабли ҳар бир мусулмон бу ойни Аллоҳ таолого ибодатда ўтказишга ҳаракат қилиши керак. Йилнинг ушбу биринчи ойини қандай ўтказсак, бутун йил шундай ўтади Иншааллоҳ.

Имом Ғаззолий ўзининг “Иҳё” китобида ёзишича, Муҳаррам ойини ибодатда ўтказсак, унинг фароғати йилнинг бошқа ҳамма ойларига ҳам етади.

Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилади: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиш учун энг яхши ой Муҳаррамдир”.

Табароний томонидан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса: “Муҳаррам ойининг бир кунида рўза тутган инсонга 30 кунлик рўзанинг савоби берилади”.

Яна бир ҳадисга кўра, Муҳаррам ойида пайшанба ва жума куни тутилган рўзалар энг савоблидир.

Муҳаррам ойида муқаддас Ашуро куни ҳам бор. Муҳаррам – Аллоҳга ибодат ва итоат, гуноҳларнинг кечирилиши ва савобларнинг кўп марта орттирилиши ойидир. Йилнинг биринчи куни ўқиладиган махсус дуо бор. Бу бизга аввал яшаб ўтган тақводор инсонлар орқали етиб келган. Дуони исталган вақтда қилиш мумкин бўлса-да, йилнинг бошида у алоҳида аҳамиятга эга.

Ашуро куни

Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро (“ашара” сўзидан, “ўн” маъносини англатади) куни дейилади. Юқорида айтилганидек, Муҳаррам ойи энг муқаддас ойлардан биридир. Ашуро куни ва ундан бир кун аввал ёки бир кун кейин рўза тутиш тавсия қилинади. Шу куни садақалар берилади, фазандлар ва яқинлар хурсанд қилинади, Қуръон ўқилади, бошқа хайрли ишлар қилинади.

Ривоятларда келишича, шу куни Аллоҳ таоло томонидан Осмон, Ер, Арш, Курси, фаришталар, илк инсон – Одам алайҳиссалом яратилган, унга Жаннат ато этилган ҳамда тавбалари қабул қилинган.

Пайғамбарлар билан боғлиқ кўплаб қувончли воқеалар ҳам Ашуро кунига тўғри келади. Шу куни Нуҳ алайҳиссалом кемаси буюк тошқиндан сўнг Жуди тоғига келиб тўхтаган; Иброҳим алайҳиссалом дунёга келган; Исо, Идрис алайҳиссаломлар фалакка кўтарилган, Иброҳим алайҳиссалом жоҳиллар гулханидан омон қолган, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавми таъқибдан халос бўлган ва фиръавн чўкиб кетган; Юнус алайҳиссалом балиқ қорнидан омон чиққан; Аюб алайҳиссаломнинг дардлардан фориғ бўлиши рўй берган; Ёқуб алайҳиссалом ўғли билан узоқ айрилиқдан сўнг учрашган; Сулаймон алайҳиссалом подшоҳ бўлган; Юсуф алайҳиссалом қамоқдан чиққан.

Эслатиб ўтамиз, шу кунлари Аллоҳга ибодатни кучайтириш, унга алоҳида қунт билан сажда қилиш керак.

Йилнинг охирида ўқиладиган дуо (3 марта ўқилади):

“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Васоллаллоҳу ъала саййидина Муҳаммад ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи васаллам. Аллоҳумма ма амилту (амилна) фи ҳазиҳис санати мимма наҳайтаний (наҳайтана) анҳу, фалам атуб (натуб) минҳу, фалам тардоҳу, ва лам тансаҳу, ва ҳалимта алайя (алайна) баъда қудратика ъуқубатий (ъуқубатина), ва даъавтаний (даъавтана) илат тавбати минҳу баъда журъатий (журъатина), ала маъсиятика, фаинний астаҳфирука, фағфирлий. Ва ма ъамилту фиҳа, мимма тардаҳу, ваваъаддатий алайҳис савабу, фаасалука. Аллоҳумма, я кариму, я залжалали вал икром, ан татақоббалҳу минний, вала тақтаъ рожаий минка, я кариму. Васоллаллоҳу ъала саййидина Муҳаммад ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи васаллам.”

 

Маъноси:

Бу дунёда барчага Роҳман, у дунёда фақат
мўминларга Роҳийм Аллоҳ исми ила!

Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг оли байтлари ва асҳобларига Аллоҳ таолонинг салавоти ва саломи бўлсин!

Аллоҳим! Бу йилда Сен ман қилган нимаики ишни қилиб, тавба қилмаган бўлсам (бўлсак), Сен норизо қилган бўлсаму, Сен буни унутмаган ҳолда, Қодир бўла туриб, Раҳматинг билан мени (бизни) жазоламаган бўлсанг, аксинча, осийлик қилсак ҳам бизни тавбага ҳидоят қилган бўлсанг – мени мағфират қилгин! 

Бу йилда Сени рози қиладиган, Сен ажру мукофот ваъда қилган нимаики амал қилсам, бу амалларимни қабул қилгин, ё Зал-жалоли вал-икром! Бизларни ноумид қилмагин, эй азизу меҳрибон Аллоҳим! 

Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг оли байтлари ва асҳобларига Аллоҳ таолонинг салавоти ва саломи бўлсин!

Йилнинг бошида ўқиладиган дуо (3 марта ўқилади):

“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Васоллаллоҳу ъала саййидина Муҳаммад ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи васаллам. Аллоҳумма Анта абадийюл қодимул аввал. Ва ъала фазликал ъазийм ва жудикал муаввал ва ҳаза амун жадийд қод ақбала, насьалукал ъисмати қийҳи минаш шайтани ва авлияиҳи ва жунудиҳи вал ъавна ъала ҳазиҳин нафсил аммароти бис суьи вал иштиғола бима юқоррибуни (юқоррибуна) илайка зулфа. Я зал жалали вал икром. Я армаҳамар роҳимийн. Васоллаллоҳу ъала саййидина Муҳаммад ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи васаллам.”

 

Маъноси:

Бу дунёда барчага Роҳман, у дунёда фақат
мўминларга Роҳийм Аллоҳ исми ила!

Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг оли байтлари ва асҳобларига Аллоҳ таолонинг салавоти ва саломи бўлсин!

Аллоҳим, Ўзинг аввали йўқ Боқийсан, Қаййюмсан. Сенинг буюк раҳматингга, олий фазлингга суяниб сўрайманки, кириб келган бу йилда мени (бизни) шайтоннинг шарридан, унинг дўстлари ва лашкаридан, ёрдамчиларидан Ўз паноҳингга олгин, нафси амморамга қарши курашда мадад бергин, мени (бизни) Ўзингга яқинлаштирадиган амалларимнинг бардавом бўлишида Ўзингдан ёрдам ва тавфиқ сўрайман.

Ё Зал-жалоли вал-икром!

Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг умматларига, оли байтлари ва асҳобларига Аллоҳ таолонинг салавоти ва саломи бўлсин!

Шу билан бирга “Фотиҳа” сураси ва “Оятул Курсий”ларни ўқиш ҳам тавсия қилинади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволАссалому алайкум Таҳажжуд намози кечанинг қайси қисмига тўғри келишини ёки қайси соатда ўқиш лозимлигини айтсангиз.Жавоб Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм давоми...

6998 20:00 / 01.04.2020
Холивар сўзи инглизча holy war .илоҳий уруш, жумласидан ҳосил бўлган. Турли ақидалар, мафкуралар, парадигмалар ёки брендлар тарафдорлари ўртасида бўлиб ўтадиган давоми...

1577 15:59 / 18.01.2022
Бандаларини ёлғондан қайтарган Аллоҳ таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсинУмматларига ёлғон нималигини батафсил тушунтириб, унга йўл қўймаслик қандай давоми...

2569 19:17 / 20.10.2018
Мужолид ибн Саъиддан ривоят қилинади .Шаъбийдан .Шурайҳ тулкидан ҳам айёр, деган ибора қаердан келиб чиққан, деб сўрадим. Шаъбий шундай деди .Шурайҳ деган одам вабо давоми...

1044 08:00 / 19.11.2020
Аудиолар

120110 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41777 14:35 / 11.08.2021