1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Ихтиёрий рўза

15:14 / 20.06.2017 6075 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳанафий мазҳабида ихтиёрий рўза учга: суннат, мандуб ва нафлга бўлинади.

Суннат рўза – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий тутиб юрган ихтиёрий рўзалардир.

Мандуб ёки мустаҳаб рўзалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий тутмаган ихтиёрий рўзалар бўлиб, улар қуйидагилардир:

1. Бир кун тутиб, бир кун очиб юриш.

2. Ҳар ойда уч кун рўза тутиш.

3. Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш.

4. Шаввол ойида олти кун рўза тутиш.

5. Арафа куни рўза тутиш.

6. Арафадан олдинги саккиз кунда рўза тутиш.

7. Шаъбон ойида рўза тутиш.

Нафл рўзалар – мазкурлардан бошқа рўзалар бўлиб, уларни тутиш ҳам динимизда тарғиб қилинган.

ШАЪБОННИНГ ЎРТАСИДАГИ РЎЗА

1319. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Шаъбоннинг ўртасидаги кеча келса, унинг тунини бедор ўтказинглар, кунининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиши пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунча:

«Қани, истиғфор айтувчи борми? Уни мағфират қилурман. Қани, ризқ сўровчи борми? Унга ризқ берурман. Қани, мубтало борми? Унга офият берурман. Фалончи қани? Пистончи қани?» дейди», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Алидек улуғ саҳобий бунчалик аҳамиятли гапни ўзларидан чиқариб айтмайди. Албатта, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарса эшитганлар ва ўша эшитганларини ўз иборалари билан ифода этганлар.

Ушбу ривоятдан Шаъбон ойининг қоқ ярмининг кечаси ҳам, кундузи ҳам улуғ ва баракотли вақтлар эканлиги келиб чиқади.

Шу сабабдан ҳам ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тавсияларига биноан, кундузни рўза, кечасини бедорликда, ибодат билан ўтказишга ҳаракат қилиш керак бўлади.

1320. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб, чиқдим. Қарасам, у зот Бақийъда бошларини кўтариб, осмон томонга қараб турган эканлар:

«Эй Оиша, Аллоҳ ва унинг Расули сенга зулм қилишидан хавф қилдингми?» дедилар.

«Сиз баъзи аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилган эдим», дедим.

«Албатта, Шаъбоннинг ярмидаги кечада Аллоҳ дунё осмонига тушади ва Калбнинг қўйлари жуни ададидан кўпроқни мағфират қилади», дедилар».

Ибн Можа, Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бақийъ – Мадинаи мунавварадаги маш­ҳур қабристон. Мадинада вафот этган барча саҳобалар шу қабристонга дафн этилганлар. Зотан, Мадинаи мунавварада бошқа қабристон йўқ ҳам.

«Калб» – машҳур араб қабиласи бўлиб, Бани Калб қабиласи ўша вақтда энг қўйи кўп қабила бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойининг яримида Аллоҳ таоло жуда ҳам кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодалаб, ана шу қўйларнинг жуни ададидан ҳам кўпроқ, деб эсга олганлар.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир дона қўйнинг жун толаларини санаб, саноғига етиб бўлмайди. Араб қабилалари ичидаги энг кўп қўйли қабиланинг барча қўйларининг жун толаси қанча бўлишини тасаввур қилаверинг. Бу эса ўша кечанинг жуда ҳам фазийлатли эканлигига далолатдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Кечаси қабристонга кириш, осмонга қараб туриш мумкинлиги.

2. Оиша онамизда қизғаниш борлиги. Пай­ғам­ба­ри­миз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа хотинларининг олдига кетган бўлсалар керак, деб, ортларидан излаб чиқишлари шуни кўрсатади. Бу эса айб эмас, балки табиий бир ҳол. Балки меъёрида бўлса, аёл кишининг зийнати ҳам.

3. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг руҳий ҳолатларини яхши тушунганликлари.

4. Шаъбон ойининг ярмидаги тун фазийлатли кеча эканлиги.

5. Мазкур кечада кўплаб гуноҳлар мағфират қилиниши.

6. Шаъбоннинг ярмидаги кечада бедор бўлиб, ибодат, истиғфор ва дуо билан машғул бўлиш кераклиги.

1321. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада қараб, жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар».

Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шаъбоннинг ярмидаги кеча фазийлатли эканлиги.

2. Мазкур кечада Аллоҳ махлуқотларига назар солиб, ҳаммаларининг гуноҳларини кечириши.

3. Мушриклик ва хусуматчилик ниҳоятда ёмон нарса эканлиги.

Демак, Шаъбон ойи яримлаганда ибодат қилиб, мазкур ваъда қилинган ажру савоб ҳамда мағфиратлардан баҳраманд бўлиб қолиш керак. Ана шундай фазийлатли вақтда гуноҳнинг мағфират қилинишига монелик қилувчи мушриклик ва хусуматчиликдан узоқлашиш лозим.

ШАВВОЛДАН ОЛТИ КУН РЎЗА ТУТИШ

1322. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Рамазон (рўзаси)ни тутиб, кетидан Шавволдан олти (кун рўза) тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Рамазон ойидан кейин келадиган Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишга тарғиб қилиш ўзига яраша ҳикматга эга. Аввало, доимо нафл рўза тутишга тарғиб қилинади. Қолаверса, Рамазон бўйи рўза тутиб юриб, Шавволда бирдан ўзини овқатга уриш ҳам яхши эмас. Табиблар ҳам очликдан чиққандан кейин таом истеъмол қилишни аста-секин кўпайтиришни тавсия қиладилар.

ЗУЛҲИЖЖАНИНГ ЎН КУНИ

Зулҳижжанинг ўн куни дейилганда бу ойнинг биринчи ўн кунлиги кўзда тутилади.

1323. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ учун ушбу ўн кунчалик маҳбуб эмас», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам-а?!» дейишди.

«Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам. Бироқ, бир одам жони ва моли билан чиқса-ю, булардан ҳеч бири қайтмаса, бундан мустасно», дедилар».

Термизий, Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ушбу ўн кунчалик», деганлари Зул­ҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги, деганларидир.

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, бу ҳадисда мазкур кунларда рўза тутиш ҳақида бевосита сўз юритилаётгани йўқ. Балки солиҳ амал қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Нафл рўза тутиш эса энг солиҳ амаллардан бири ҳисобланади.

Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунида кўпроқ солиҳ амал қилишга қаттиқ тарғиб этишдан мурод, ўша кунлари қилинадиган солиҳ амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб амал эканлиги сабабидандир.

Саҳобаи киромлар бу сўзларни эшитгунларича Аллоҳ учун энг маҳбуб солиҳ амал Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш, деб юрганлари учун «Мазкур ўн кунликдаги солиҳ амал Аллоҳ ҳузурида унинг йўлида қилинган жиҳоддан ҳам маҳбуброқми?» деб сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида қилинган солиҳ амаллар Аллоҳнинг йўлидаги жиҳоддан ҳам афзал эканлигини тасдиқлаш билан бирга, биргина ҳолат бундан мустасно эканлигини таъкидладилар. У ҳам бўлса, Аллоҳнинг йўлида молию жони билан жиҳодга чиқиб, шаҳид бўлган одамнинг иши устун эканлигидир.

Демак, Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида кўпроқ солиҳ амаллар қилишга уринмоғимиз лозим.

1324. «Умму Салама ёки Ҳафса розияллоҳу анҳумолар дедилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зул­ҳижжанинг тўққиз кунида ва Ашуро кунида рўза тутар эдилар».

Абу Довуд, Насаий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Албатта, бу рўза тутиш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажга бормаган пайтларида бўлган. Чунки Зулҳижжа ойи ҳаж ойи бўлиб, унинг тўққизинчи куни Арафот куни бўлади ва у куни рўза тутиш мумкин эмаслиги аввалги ҳадисларда зикр қилинди.

1325. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ учун Зулҳижжанинг ўн куничалик Унга ибодат қилинадиган маҳбуброқ кун йўқ. Уларнинг бир кунлик рўзаси бир йиллик рўзага тенг­дир. Уларнинг бир кечасини бедор ўтказиш эса Қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ва ундан олдинги ҳадисларда Зул­ҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида кўп ибодат қилишга, хусусан, ўша ўн кунликнинг кундузларини рўза тутиб, кечаларини ибодат билан бедор ўтказишга тарғиб қилинмоқда.

Албатта, Зулҳижжанинг ўнинчи куни Қурбон ҳайити байрами бўлиб, ўша куни рўза тутиш мумкин эмаслиги алоҳида айтилмаган, чунки бу ҳаммага маълум.

ҲОЖИДАН БОШҚАЛАРГА АРАФА КУНИ РЎЗАСИ

1326. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги йилни ва ундан ке­йинги йилни каффорот қилур», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу, албатта, ҳажга бормаган кишилар учундир. Демак, ҳажга бормаганлар Арафа кунининг рўзасини тутсалар, улкан фазлга эга бўладилар.

1327. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафада оғизлари очиқ бўлди. Умму Фазл у зотга сут юборган эди, ичдилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ривоятда номлари келган Умму Фазл ровий Абдуллоҳ ибн Аббоснинг ўгай оналари, ҳазрати Аббос ибн Абдулмутталибнинг хотинларидир.

Мазкур ҳодиса ҳажда бўлиб ўтган. Кишилар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутган ёки тутмаганлари ҳақида ихтилоф чиққан. Шунда кўпчилик қатори Арафага чиққан Умму Фазл розияллоҳу анҳо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бир идишда сут юборадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у сутни ичадилар. Шунда у зотнинг Арафа куни Арафотда туриб, рўза тутмаганлари ҳаммага аён бўлади.

1328. «Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Арафа куни рўзаси ҳақида сўралди. Бас, у киши:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва Усмонлар билан бирга ҳаж қилдим. Улар арафа куни рўза тутмадилар. Мен ҳам у куни рўза тутмайман, уни тутишни амр ҳам қилмайман, ундан наҳий ҳам қилмайман», дедилар».

Насаий ва Термизий ҳасан санад билан ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам ҳажда юрган кишининг Арафа куни рўза тутмаслиги ҳақида гапирмоқдалар.

Ўрганган ҳадисларимиздан хулоса шуки, ҳаж қилмаган одам Арафа куни рўза тутгани, ҳаж қилган одам эса тутмагани афзал.

Ҳар ойда уч кун рўза тутиш бир йиллик рўзадек


1329. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Ҳар ойда уч кун рўза тут. Чунки бир яхшилик ўн мисличадир. Бу бир йиллик рўзадекдир», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бир яхшиликка ўн баробар савоб берилиши Исломдаги умумий қоидадир. Агар буни ҳар ойда уч кун рўза тутишга татбиқ қилинса, уч кун ўттиз кунга баробар бўлади. Демак, ҳар ойда уч кун рўза тутган одам йил давомида рўза тутганнинг савобини олади.

1330. Муслим ва Абу Довуднинг ривоятларида:

«Ҳар ойдан уч кун рўза тутиш Рамазондан Рамазонгача йил бўйи рўза тутишга тенгдир», дейилган.

Шарҳ: Имом Муслимнинг ривоятида Рамазон ҳам қўшилган. Албатта, бусиз рўза бўлиши мумкин эмас.

1331. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ҳар ойдан уч кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутганга тенгдир. Бас, Аллоҳ азза ва жалла бунинг тасдиғини Ўз Китобида нозил қилди: «Ким бир яхшилик келтирса, унинг учун ўн баробари бор». Бир кун ўн кунга тенг», дедилар.

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Ҳар ойнинг уч кунида рўза тутиш йил бўйи рўза тутишга тенглиги оят далили билан тасдиқланмоқда.

1332. Муъоза ал-Адавия розияллоҳу анҳо Оишага:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар ойдан уч кун рўза тутармидилар?» деди.

«Ҳа», дедилар.

«Ойнинг қайси кунларида рўза тутар эдилар?» деди.

«Ойнинг қайси кунларида рўза тутишга эътибор бермас эдилар», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, ойнинг қайси куни бўлса ҳам барибир. Муҳими, уч кун рўза тутилса, бўлди экан.

ОҚ КУНЛАР РЎЗАСИ

«Оқ кунлар» дегани тунлари оқ бўлган кунлардир. Ой тўлишиб, ўн уч кунлик бўлганда энг ёруғ бўлади. Ана ўша ўн учинчи ва ундан кейинги ўн тўртинчи, ўн бешинчи кечалар оқ тунлар, дейилади. Бу фаслда ана шу кечаларнинг кундузлари тутиладиган рўза ҳақида сўз кетади.

1333. Милҳон ал-Қайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга оқларнинг ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешининг рўзасини тутишни амр қилар эдилар ва: «Улар худди йил бўйига ўхшар», дер эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Агар бир ойдан уч кун рўза тутсанг, ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешни тут», де­йилган.

Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг маъносини изоҳлашга ҳожат йўқ. Уни ҳаётга татбиқ қилиш лозим, холос.

ДУШАНБА ВА ПАЙШАНБА КУНЛАРИ РЎЗАСИ

1334. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан душанба ва пайшанба кунлари рўзаси ҳақида сўралди. У зот:

«Ўша кунда туғилдим ва ўша кунда менга Қуръон нозил қилинди», дедилар».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга душанба ва пайшанба кунлари нима учун рўза тутилади, деган маънода савол берилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса душанба куни рўза тутилишининг ҳикматини баён қилиб берганлар. Ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба ҳамда пайшанба кунлари рўза тутилишининг ҳикматини баён қилган бўлсалар ҳам бу ривоятда жавобнинг фақат душанба куни ҳақидаги қисми келган.

Хўш, душанба куни нима учун нафл рўза тутишга амр қилинган экан? Чунки у улуғ кун. Унинг улуғлигининг биринчи аломати – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кунда туғилганлар.

Ҳа, охирги замон Пайғамбари, Сарвари олам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йили, Робеъул аввал ойи, душанба куни дунё­га келганлар. Бу кун дунё тарихидаги энг улуғ кунлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳар ҳафта у куннинг рўзасини тутиш тарғиб қилинади.

Шунингдек, душанба куни нафл рўза тутишнинг яна бир сабаби – ўша муборак кунда Қуръони Карим нозил бўлгандир.

Ҳа, Аллоҳ таолонинг охирги ва қиёматгача мўъ­жиз ва боқий қолгувчи, инсониятга икки дунё саодатини кўрсатиб бергувчи китоби – Қуръони Каримнинг биринчи оятлари тушиши Рамазон ойининг ўн еттинчи санасида, душанба куни содир бўлган.

Бу кун ҳам дунё тарихидаги энг улуғ, энг муборак кунлардандир. Аллоҳ томонидан инсониятни ҳидоятга бошловчи илоҳий дастурнинг туша бошлаш кунидир. Шунинг учун ҳар ҳафта бу куннинг рўзасини тутиш тарғиб қилинади.

1335. «Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўз молининг талабида Водий ал-Қуро томон жўнади. У душанба ва пайшанба кунлари рўза тутар эди. Ходими унга:

«Нима учун қари чол бўла туриб, душанба ва пайшанба кунлари рўзасини тутасиз?» деди.

«Аллоҳнинг Набийси бу икки куннинг рўзасини тутар эдилар. Бу ҳақда сўралганларида:

«Албатта, бандаларнинг амаллари душанба ва пайшанба кунлари тақдим қилинади. Амалим тақдим қилинганда рўзадор ҳолда бўлишни яхши кўраман», дедилар», деди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало, ҳадиси шарифнинг ровийси, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбублари Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Усома ибн Зайд ибн Ҳориса ибн Шураҳбил ал-Калбий, кунялари Абу Муҳаммад. Оналари Умму Айман, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мураббиялари.

Бу зот улуғ саҳобалардан бўлиб, Маккада таваллуд топдилар. Исломда ўсдилар. Чунки отаси Исломга аввалги кирган зотлардан эдилар. Расулуллоҳ Усомани худди неваралари Ҳасан ва Ҳусайнларни яхши кўргандек қаттиқ яхши кўрар эдилар. Усома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Мадинага ҳижрат қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Усоманинг ёшлари ҳали йигирмадан ошмаган эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида Усомани аскарлар устидан қўмондон қилиб тайинлаган эдилар. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳуларнинг халифалик даврларида ҳам у зот мана шу амалда ўтирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг Водий ал-Қурога кўчиб, мана шу ерда истиқомат қилдилар. Сўнгра Дамашққа кўчиб ўтдилар. Сўнг яна Мадинага кўчиб, вафотларига қадар мана шу ерда яшадилар.

Ҳаммаси бўлиб, 128та ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳадисларни оталари, оналари ва Умму Салама оналаримиздан ривоят қилдилар.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 54-йили Муовиянинг халифалик даврида вафот этдилар.

Водий ал-Қуро Мадинаи мунаввара билан Шом орасидаги бир водий бўлиб, у ерда Мадина аҳлининг молу мулклари бўлар эди.

Улуғ саҳобий Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўз хизматчиларининг «Нима учун қариб қолсангиз ҳам душанба ва пайшанба кунлари қийналиб, рўза тутасиз?» деган саволига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кунлар рўзасини тутганлари учун тутишларини айтдилар.

Ҳа, саҳобаи киромлар учун, чин мусулмонлар учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир нарсада эргашиш катта бахт ва шону шараф эди. Улар каттаю кичик ишларини ўз ҳабиб Пайғамбарлари Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати санияларига мослаб қилишга ҳаракат этганлар. Суннатга хилоф иш қилишни залолат деб билганлар.

Қолаверса, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга у кишининг ходимлари берган саволни баъзи саҳобалар ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бериб, нима учун душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш афзал кўрилишини билишга қизиққанлар.

Жавоб битта – ҳадисда зикр қилинганидек, ҳар душанба ва пайшанба кунлари бандаларнинг қилган амаллари Аллоҳ таоло ҳузурида арз қилинар экан.

Албатта, ўша арз қилинадиган амалларнинг қабул бўладигани бор, қабул бўлмайдигани бор. Арз пайтида амалнинг эгаси рўза тутган ҳолида Аллоҳ таолога илтижо қилиб турса, унинг сабабидан кўпроқ амали қабул бўлиши мумкин экан.

Шунинг учун ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишга ҳаракат қилинади. Рўзанинг ушбу ривоятда зикр қилинаётган ҳикматидан ташқари тақво, меҳр, сабр ва соғлиққа тегишли ва бошқа ҳикматлари ҳам борки, уни унутмаслигимиз керак.

1336. «Умму Салама розияллоҳу анҳо:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар ойдан уч кун рўза тутмоғимни, уларнинг биринчиси душанба ва пайшанба бўлишини амр қилар эдилар», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоятда ҳам душанба ва пайшанба кунлари рўзасига тарғиб борлиги кўриниб турибди.

1337. «Оиша розияллоҳу анҳо:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойдан шанба, якшанба ва душанба куни, бошқа ойдан эса сешанба, чоршанба ва пайшанба куни рўза тутар эдилар», дедилар».

Термизий ривоят қилган ва ҳасан, деган.

Шарҳ: Бу ривоятда ҳам олдинги ривоятлардаги маъно таъкидланмоқда. Ислом умматидаги солиҳ кишилар душанба ва пайшанба кунлари рўзасини доимо тутиб келганлар ва тутмоқдалар. Аллоҳ таолодан бизни ҳам ана шу солиҳлар қаторида қилишини сўраб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига биноан, ушбу икки куннинг рўзасини тутишда бардавом бўлайлик.

БИР КУН ТУТИБ, БИР КУН ОЧИШ

1338. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Аллоҳга энг маҳбуб рўза Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидир. Бир кун тутиб, бир кун очар эдилар. Аллоҳга энг маҳбуб намоз Довуднинг намозидир. Кечанинг ярмида ухлаб, учдан бирида бедор бўлиб, олтидан бирида ухлар эдилар», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Албатта, бу ҳадиси шарифда доимо нафл рўза тутиб, нафл намоз ўқишни ният қилган кишиларга тавсия бўлмоқда. Баъзи кишиларда кўпроқ нафл рўза тутишга ҳам истак, ҳам имкон бўлади. Ана шундай кишилар Довуд алай­ҳиссаломга ўхшаб, бир кун тутиб, бир кун очсалар, жуда яхши бўлар экан. Бундан кўпи кўплик қилар экан.

Шунингдек, баъзи кишиларда кўпроқ ва унумлироқ нафл намоз ўқишга истак ва имкон бўлади. Ана шундай кишилар кечанинг яримини ухлаб ўтказиб, кейин учдан бирида бедор бўлиб, нафл намоз ўқисалар, Бомдод намозигача қолган олтидан бирида яна ухлаб олсалар яхши бўлади. Довуд алайҳиссалом шундай қилган эканлар. Аллоҳ таоло учун энг маҳбуб нафл рўза ва нафл намоз ана шундай бўлар экан. Бундан кўпига уринган одам яхши иш қилган бўлмайди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  («Ҳадис ва ҳадис» ва Мўминнинг қалқони китобларидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўзадор ўз рўзасини барча қадрини туширадиган, ажрини кетказадиган ишлардан сақламоғи лозим. Набий алайҳиссалом бундай дедилар .Албатта, умматимдан муфлис давоми...

3805 11:31 / 24.06.2017
Рамазон аксарият учун ўзининг маънавий аҳамиятини йўқотиб, ибодат ўрнига шунчаки жисмоний машқ кўринишини олган. Баъзилар атрофдагилар рўза тутганлари учунгини давоми...

7300 11:54 / 02.06.2017
Рамазон, сен Қуръони Карим нозил бўлган ойсан. Ҳа, бундан чорак асрлар муқаддам, Истиқлол арафасида уламоларимиз Рамазон, Қуръон ойидирrdquo дейишганда ҳайрон давоми...

3001 12:44 / 11.06.2017
Ҳозирги даврда ҳар тонг иймоннинг асоси ва амалга зарба берадиган янгиянги фитналар чиқмоқда. Охирги ўн тўрт аср давомида Ислом уммати таровеҳ намозини йигирма давоми...

7822 17:29 / 31.05.2017
Аудиолар

118745 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40706 14:35 / 11.08.2021