1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Хайрли ва савобли ишда мусобақалашайлик

05:00 / 04.03.2017 3378 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло одамзотни яратар экан, уларга меҳрибонлик назари билан қараб ўзаро доимо меҳр-оқибатда бўлиб яшашлари лозимлигини Ўзининг Каломи мажидида кўп бора таъкидлаган.

Мусулмон киши ўзининг ижтимой ҳаётида адо қиладиган яхши амаллари билан намоз ўқиш учун масжид сари босган қадами ўртасидаги бу боғланиш қандай ҳам гўзал! Пайғамбаримиз (сав) шуни алоҳида таъкидлайдиларки, Ислом дини инсонга ва унинг дунё ва охиратдаги ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди.
Унинг меҳрибонлиги “раҳмат”идан бир жузъдир, инсонларнинг ўзаро меҳр-мурувватлари ана шу раҳматнинг жилвасидир. Бас, шундай экан барча инсонлар бир-бирларига доимо муҳаббатли ва меҳр-мурувватли бўлиб яшашлари Ҳақ таолонинг меҳрибонлик сифатининг намойишидир.
Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат даражасига кўтарилади.
Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.
Асарларда баён қилинишича мўминни комиллик даражаси саҳоватпеша, меҳр-мурувват билан ҳам белгиланади. Жумладан Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилганлар: “То мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, то бир-бирларингизга меҳр-мурувватли бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар” (Имом Муслим ривояти).
Улуғ саҳоба Жобир (рз.) Пайғамбаримиз (сав)дан ривоят қилади, Ул зот: “Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир” – деб марҳамат қилганлар.
Абу Ҳурайра (рз.) Пайғамбаримиз (сав)дан нақл қиладилар. Ул зоти шариф айтдилар: “Табассум билан айтилган чиройли сўз – садақадир”.
Маълумки, Мустақиллик шарофати ила Қуръони каримда баён қилинган умум инсоний қадриятлар хисобланмиш меҳр-оқибат, саҳоват, ҳамжиҳатлик каби туйғуларни амалда қўллашга даъват мўмин мусулмонларнинг маънавий камолотга эришувида муҳим омил бўлади. Ўтган йилларни турли хил номлар билан аталиши ҳалқимизнинг турмуш тарзининг шаклланиши ва ижтимоий-иқтисодий мавқе кўтарилганлиги бунинг ёрқин исботидир. Ўтган даврда қайси йил қандай ном билан аталганлигини эслашнинг ўзиёқ кишига олам-олам руҳий мадад бахш этади.
Аллоҳ таолонинг илоҳий қадарига кўра, отаси ёки онасидан ажралиб қолган етим-есирларга меҳр-шафқат кўрсатиш, уларни тарбиялаш, тезроқ оёққа туриб, ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш ҳам ана шундай яхшилик амалларидандир.
Бировнинг ҳолидан хабар олиб, унга меҳр кўргазиш қанчалик савоб иш эканлиги Қурони каримнинг Бақара сураси 215-оят, Нисо сурасининг 36-ояти, Исро сураси 23-24 оятларида аниқ ва равшан зикр қилинган. Ҳадисларда ҳам жумладан шундай дейилади: “Кимдаким бир биродарига енгиллик яратиб берса, Аллоҳ унга қиёматда енгиллик беради”. Бировнинг оғирини енгил қилиб, унга ҳамдард бўлиб, бошидан ташвишини кўтариш учун ўз ҳимоясига олиш охиратдан умиди бўлган ҳар бир инсон учун хос фазилатдир. Қуръони каримда зикр этилган “Ҳайрли, савобли ишларда бир-бирингиздан ўзишга шошилинг” деган чақириғига ижобат қилиб ҳайрли ишларга шошилган одамгина бундай фазилатга эга бўлади.
Аллоҳ таоло бандаларини етимларга яхши муносабатда бўлишга, уларнинг молига хиёнат қилмасликка, уларни тарбиялаб-вояга етказиш йўлида жамиятга ёрдам беришга чақирган. Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида етим-есирларга эътибор, меҳрибонлик, шафқат кўрсатиш савоби улуғ, солиҳ амаллардан экани уқтирилган. Аллоҳ таоло айтади:
“Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз .”
Яна Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
“Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! ”...
Ислом шариати етимларни васийликка, ҳомийликка, оталиққа, яъни ўз қарамоғига олишни буюради. Бу ишга етимнинг қариндош-уруғлари, яқинлари, агар улар ўтиб кетишган бўлса, жамиятнинг бошқа аъзолари масъулдирлар.
Ҳомийлик ва саҳоват деган тушунчаларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Кези келганда Юртбошимизнинг ҳомий қандай одам эканлигини изоҳлаб айтган сўзларини эслаш ўринликдир: “Ҳомийлик фақат ўз бойлигидан бир қисмини хайр-эҳсон учун ажратиш эмас, бу закот ҳам эмас, садақа бериш ҳам эмас. Ҳомийликни биз инсон қалби ва юрагидаги энг эзгу туйғуларнинг амалий ифодаси деб биламиз. Яъни ҳомий деганда, ён атрофдаги бева бечораларга, етим-есир, муҳтож кишиларга кўмак ва моддий ёрдам беришга, одамларнинг дардига ҳамдард бўлишга, қадрдон қишлоғи ёки шаҳрини обод қилишга интиладиган, бир сўз билан айтганда, савоб иш қилиб яшайдиган инсонларни ўзимизга тасаввур этамиз”.
Ҳеч шубҳасиз, юраги ва қалби тоза, ўзгалар учун фидо бўлиб, яшашни ўзининг ҳаётий эътиқодига айлантирган одамгина бундай савобли ишларга қодир бўлади.
Расулуллоҳ (с.а.в) биз умматларини меҳр-мурувватли бўлишга буюрар эканлар, Ўзларининг “Кимки бирор кишини яхши ишга далолат қилса, унга ўша яхшиликни бажарганни савоби берилади”, (Имом Муслим ривояти) деб айтган марҳаматлари билан ўз вазифаларини адо этдилар.
Қуръони каримда етимларга яхшилик қилиш савобли иш эканлиги баён қилинар экан, ўз навбатида ундан меҳру мурувватини қизғаниш ёмон одат эканлиги уқтирилади. (Зуҳо сураси 9 оят). Қолаверса, Аллоҳ таоло Қиёмат кунида бундай инсонларга таъна қилиб… “Эй бандам! Мен бетоб бўлдим ҳолимдан хабар олмадинг, сендан таом сўрадим таом бермадинг, сув сўрадим сув бермадинг – дейди. Шунда банда: қандай қилиб сен бемор бўласан, қандай қилиб сен таом сўрайсан, қандай қилиб сен сув сўрайсан, ахир Сен барча оламларнинг Роббисисан-ку? – дейди. Шунда Аллоҳ таоло фалончи бетоб бўлди, фалончи сендан таом сўради, фалончи сув тилади. Агар сен уларни зиёрат қилиб, таом ва сув берганингда ўша ерда мени топган бўлар эдинг, - деб жавоб беради. (Имом Муслим ривояти),
Пайғамбаримиз ва У зотнинг сафдошлари нечоғлиқ саҳоватпешалик билан инфоқ – эҳсон сабабли Аллоҳ ва унинг расули муҳаббатига сазовор бўлганликлари тарих сўзларидан маълум. Жумладан, Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (р.а) бир муҳтожга бор молу дунёларини сарф қилиб юборганлар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) оилангизга ҳам бирор нарса олиб қолдингизми?, деб сўраганларида Ул киши: оиламга Аллоҳ ва унинг Расулининг муҳаббатини қолдирдим, деб жавоб қилдилар.
Демак, бизлар ҳам пайғамбаримиз ва саҳобалардан ибрат олиб, бир-биримизни яхши ишларга чақириб, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга далолат қилсак, хайру эҳсоннинг савобига биз ҳам дохил бўлиб қоламиз.
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.): “Менга заиф, бечораларни топишга ёрдам беринглар. Сизларнинг ризқингиз ва ютуқларингиз асосан заиф ва бечораларга ёрдам беришингиз сабабидан зиёда бўлади», - деб таъкидлаганлар. (Имом Абу Довуд ривояти). Турли офат ва мусибатларнинг келиши, хусусан ризқнинг камайиши мискин ва бечораларнинг ҳолидан хабар олмаслик туфайли бўлиши Қуръони каримда баён этилган. Албатта, кўнгли ярим инсонларнинг қалби мусаффо бўлади. Улар ўз ҳолларини доимо Аллоҳга арз қилиб турадилар. Парвардигорни сизу бизлардан ҳам кўпроқ эслайдилар. Шу сабабли, уларнинг дуоси мақбул бўлиши ҳақиқатга яқиндир. Уларга меҳр-мурувват кўрсатиб дуоларини олган инсон эса икки дунёда ҳам камлик кўрмайди.
Етимни қарамоғига олиш дегани уни яхши тарбиялаш, едириб-ичириш, кийинтириш, ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш, агар унга мерос қолган бўлса, мол-мулкини асраб-кўпайтириб бериш тушунилади. Бугунки кунда жамиятимизда ота-онаси тирик бўлатуриб етимхоналарда вояга етаётган болаларни учратишимиз мумкин. Бундайлар ўз фарзандлари олдида динимизда кўрсатилган ота-она бурчларини унутмоқдалар. Улар яхшилик фазилати динимиз арконларидан эканини ҳам билмайдилар.

Шавкат АҲМЕДОВ
Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”
жомеъ масжиди ноиби – имоми

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фусайла деган аёлдан ривоят қилинади .Отамнинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим.Эй Аллоҳнинг Расули Бир одам қавмига зулмда ёрдам берса, тарафкашлик бўладими, давоми...

2324 05:00 / 03.03.2017
Мискинга таом бериш Исломда кенг тарғиб қилинган ишлардан биридир. Бу хайрли амал ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар келган улардан баъзиларини ўрганиб давоми...

3636 05:00 / 03.03.2017
Одамларни хайрли ишларга тарғиб қилишда энг аввало шу ишларга нисбатан уларнинг ҳимматини ошириш лозим бўлади. Бу эса биздан ҳар бир инсоннинг қилаётган ишларига давоми...

2769 05:00 / 06.03.2017
Ҳинш ибн Ҳорисдан, у киши отасидан ривоят қилинади.Ичимиздан бир кишининг оти туғса, уни сўйиб ер ва буни мингунча яшармидим, дер эди. Умардан бизга .Аллоҳ сизларга давоми...

2746 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

118782 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40731 14:35 / 11.08.2021