1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Гўзал одоб

12:10 / 21.04.2019 9755 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4532. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Киши учун ўз боласига одоб бермоғи унинг бир соъ садақа қилганидан яхшидир», дедилар».

Шарҳ: Баъзиларимиз савоб умидида қийналиб топган маблағларимиздан хайру эҳсон, садақа қилиш пайидан бўламиз. Гоҳида бу сарф-харажатлар болаларимиз ҳисобидан бўлиши ҳам бор. Яъни уларга ишлатилиши лозим бўлган маблағ савоб умидида садақага сарфланади.

Аслида эса боланинг одобли бўлиши учун қилинган хизматнинг ўзи худди садақа қилганнинг савобини бераверади. Ота-она ўз фарзандига одоб берар экан, уларга садақа қилганлик савоби ёзилиб туради.

Бас, шундай экан, болаларга одоб беришда ғайратли бўлишни унутмаслигимиз керак.

Агар ҳар бир оила ўзининг ҳар бир боласини одобли этиб тарбияласа, оилалар одобли бўлади. Бундай одобли оилалардан ташкил топган жамият ҳам одобли бўлади. Бу эса бутун дунё учун яхшилик бўлади.

4533. Айюб ибн Мусодан, у киши отасидан, у киши бобоси розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал ато бера олмайди», дедилар».

Учовини Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Динларнинг мукаррами ва мукаммали бўлган Ислом мана, ўн беш асрдирки, инсонни тарбиялашни, айниқса, болаларга одоб ва ахлоқдан пухта таълим-тарбия беришни энг муҳим ва­зифа ўрнида кўриб келмоқда. Чунки жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлиши­ни орзу қилсаг-у, аммо ўша жамиятнинг келажа­ги бўлмиш болалар тарбияси ҳақида қайғурма­сак, ниятларимиз сароблигича қолаверади.

Ислом бола тарбияси ҳақида у ҳали дунёга келмасидан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди. Оила қурилгач ҳам бу одоб ва ахлоқ дарси бир дақиқа ҳам тўхтамайди. Оила қурилар экан, ота-онанинг ахлоқи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Сабаби улардаги хислат, фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.

Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам «Сизлар ўзингизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар, чунки жуфтингизнинг феъл-атвори, хулқи наслингизда ўз аксини топади», деганлар.

Масалан, келин танлашда асосан унинг диндорлигига, тақвосига эътибор беришни уқтирганлар. Чунки ана шундай онадан туғилган фарзандларни тарбиялаш нақадар осон. Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксари буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтларида оталари ҳаром касб билан топилган бирор луқма ҳам таом едирмаган, оналари уларни бетаҳорат эмизишмаган.

Ахлоқий тарбия диний тарбия билан мустаҳкам боғлиқдир. Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми десак, муболаға қилмаймиз. Зеро, дин яхши деб ҳисоблаган ва тарғиб этган нарсалар эзгулик, ёмон деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар эса ёвузликдир.

Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида қадрият, ҳусни хулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади.

Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир: ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.

Ахлоқий тарбия ва уни амалга ошириш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги муборак сўзлари ҳар бир мусулмон учун дастур бўлмоғи керак:

«Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди».

Имом Бухорий ривоят қилганлар.

«Эй Расулуллоҳ! Биз ота-онанинг ҳаққини билдик. Аммо фарзанднинг ҳаққи нимадан иборат?» деган саволга Набийимиз алайҳиссалом:

«Унга чиройли исм қўйиб, гўзал одоб бериш», дедилар.

Байҳақий ривоят қилганлар.

Имом Ибн Можа ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фарзандларингизни ҳурматланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар», деганлар.

Хўш, исломий ва ахлоқий тарбия қай тартибда олиб борилади? Маълумки, оила фақат эр-хотиндан иборат бўлмайди. Балки Аллоҳ фарзанд берса, уларга ўғил-қизлар ҳам қўшилиб, оила катталашиб боради. Натижада ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил – ҳаммаларининг ўртасида ҳам ўзаро муносабатлар бўлади.

Агар Аллоҳ фарзанд бериб, аёл ҳомиладор бўлса, у яхши ният ва истаклар билан ҳалоллик ва покликни янада кучайтиради. Ибодатлар қилиб, фарзанднинг бахтини сўраб, дуолар қилади.

Фарзанд туғилганда эса ота-она Аллоҳга шукрлар қилади. Агар чақалоқ қиз бўлса, хурсандлигини кўпроқ изҳор қилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда фарзанд беришни зикр қилганда олдин қизларни ёдга олган. Кофирлар эса қиз фарзанд кўрганда хафа бўлишар экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам кўп фарзандлари қиз бўлган.

У зот ўз ҳадисларидан бирида:

«Кимки қиз фарзанд кўриб, сабр қилиб, яхши тарбияласа, улар ота-онаси учун қиёмат куни дўзахдан парда бўлади», деганлар.

Ўғил бўлсин, қиз бўлсин, бола Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фарзанднинг ҳиди жаннатнинг ҳидидандир», де­ганлар.

Исломда янги кўзи ёриган аёлга алоҳида эътибор берилади. Айниқса, унга ўзига муносиб таомлар бериш ва яхши парвариш қилиш диний адабиётимизда алоҳида таъкидлаб айтилган.

Чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтилади. Дуогўй кишиларнинг ширинлик билан унинг танглайини кўтариб, ҳаққига дуо қилишлари ҳам яхши одат. Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо шундай қилганлар. Фарзанд туғилгандан кейин бир жонлиқ сўйиб, ақийқа қилинади.

Араб тили қомусларидан бирида «ақийқа» ва «аққа» калималари чақалоқ туғилгандаги сочини олиш ва унинг таваллуди муносабати билан сўйиладиган қўйга ишлатилади», дейилган.

Аксар уламолар ақийқанинг шариатимиздаги ҳукмини уни адо этишга қодир бўлганлар учун суннати муаккада деганлар. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шариф ворид бўлган:

«Ҳар бир янги туғилган бола ақийқаси билан гаров қилингандир».

Ақийқанинг ҳикматлари шундан иборатки, инсон фарзандининг ёруғ дунёга келиши Аллоҳнинг жуда катта неъматидир. Она бўлмиш аёлнинг соғ-саломат қолиши ва янги фарзанднинг дунёга келганлиги учун Аллоҳ таолога шукрона сифатида ақийқа қилиниб, янги туғилган фарзанднинг ҳифзи ва риояти Аллоҳ таолога ҳавола қилинади.

Ақийқа муносабати билан сўйиладиган жонлиқнинг шартлари худди қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг шартлари кабидир. Қурбонликда нима жоиз бўлмаса, ақийқада ҳам ана шу нарсалар жоиз бўлмайди.

Ақийқа таомининг истеъмоли ҳам қурбонликники кабидир. Таомни бошқаларга едириш, садақа қилиш билан бирга, эҳсон соҳиби унинг бир қисмини оила аъзолари билан тановул қилишлари жоиз.

Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг суюкли набиралари Ҳасан ва Ҳусайнларга ақийқа қилиб берганлар. Шунинг учун ҳам ақийқа қилиш мусулмонларга суннат бўлиб қолган.

Ақийқа бола туғилганидан сўнг етти кунлигида, имконият бўлмаса, 14 ёки 21 кунлигида қилинади. Агар шу муддат ичида ҳам имконият топилмаса, бошқа хоҳлаган вақтида қилса ҳам бўлаверади. Агарда туғилган фарзанд етти кундан олдин фарат бўлса, ақийқа қилинмайди.

Бироқ ақийқа муносабати билан маросим, зиёфат қилганда Аллоҳ таолонинг «Еб-ичинглар, лекин исроф қилманглар» деган ояти каримасига қатъий амал қилмоғимиз зарур. Чунки савоб умидида қилинган амалларни суиистеъмол қилиб, исроф, ноўрин харажат ва дабдабабозликка йўл қўйиш мусулмонларга муносиб эмас.

Дунёга янги келган чақалоқни онанинг ўзи эмизиши лозим. Сунъий таомлантиришни иложи борича қўлламаслик керак. Ҳадисда «Чақалоқ учун онанинг сутидан яхшироқ, фойдалироқ нарса йўқ», дейилган.

Чақалоқ кўп йиғласа, оилада турли ташвиш ва қийинчиликларга сабаб бўлса, ота-она сиқилмаслиги, аччиқланмаслиги керак. Китобларимизда келган хабарларга кўра, чақалоқнинг йиғиси зикр, Аллоҳнинг ягоналигини ёдлаш, ҳамду сано, ота-онасининг ҳаққига дуо ва истиғфор ҳисобланади.

Ота-онанинг вазифаларидан бири фарзандга маъ­нодор, чиройли исм қўйишдир. Абдуллоҳ, Абдур­роҳман каби Аллоҳга бандачилик ва мақтов маъноларини англатувчи исмлар, Пайғамбарлар, саҳобалар, уламолар ва бошқа аҳли солиҳ кишиларнинг исмларини қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Чақалоқни тезроқ хатна қилдириш лозимлиги ҳам китобларда алоҳида таъкидланган.

Фарзанднинг тили чиқиши билан ота-она унга «Лаа илааҳа иллаллоҳ», «Аллоҳу акбар» «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» каби сўзларни ўргата бошлайди.

Ўғил болалар кўпроқ отасидан, қиз болалар эса кўпроқ онасидан ўрнак олиб, тарбияланадилар. Ўқиш-ёзиш, ахлоқ-одоб, диний аҳкомларни ўргатишга алоҳида эътибор бериш билан бирга, ўғил болаларга сузиш, от миниш, қизларга бичиш-тикиш, таом пишириш каби ўзига хос машғулотлар ўргатиб борилади.

Исломнинг бола тарбиясига берган аҳамиятини қанча гапирсак, шунча оз. Шу ўринда бир нарсага ишора қилишни лозим деб ўйлайман. Маълумки, динимизда жонли нарсаларнинг ҳайкаллари ҳаром қилинган, айниқса уйларга сурат осиш, одам ёки ҳайвон шаклидаги нарсаларни қўйиш ман этилади. Аммо тарбияга бўлган улкан эътибор туфайли қизларга қўғирчоқ ўйнашга рухсат берилган. Чунки улар келажакда она бўладилар.

Болалар етти ёшга етганда намоз ўқиш буюрилади. Ўн ёшдан бошлаб болаларни алоҳида-алоҳида ётқизиш даркор.

Ота-она болаларига раҳм-шафқатли, меҳрибон бўлади. Улар билан ҳазил-мутойиба қилади. Пай­ғам­баримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам набиралари Ҳасан ва Хусайнларни ўйнатар ва эркалатар эдилар.

Ота-она доимо боласининг ҳаққига дуойи хайр қилиб туради. Ҳадиси шарифда:

«Ота-онанинг боласига қилган дуоси Пайғам­барларнинг умматларига қилган дуосига ўхшашдир», дейилган.

Боладан беодоблик, ахлоққа хилоф ишлар ўтса ҳам ота-она хафа бўлмай, чидайди. Чунки ўсиб бораётган инсонда шундай ҳолат бўлиши мумкинлигини унутмаслик лозим. Ҳеч қачон болани қарғамаслик керак. Қарғишга қолиб, жафо чекса, яна ота-онанинг ўзига заҳмат келади.

Лутф-карам, ҳадя, совға беришда болаларни баробар кўриш керак. Бозордан бирон нима келтирилса, аввал қизлардан бошлаб берилсин. Чунки уларнинг кўнгли нозик бўлади.

Шу ерда бир воқеани эслатмоқчиман. Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом бир кишининг ҳузурида суҳбатлашиб ўтирганларида ёнларига у кишининг ўғилчаси чопиб кириб қолади. Шунда бояги киши болани қучиб, эркалайди, уни ўпиб, тиззасига ўтирғизади. Шу пайт унинг қизчаси ҳам югуриб, кириб келиб қолади. Бояги одам уни тиззасига ўтирғизиш билан кифояланади. Шунда жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Мана шу ишинг адолатсизлик бўлди. Фарзандларга икки хил қарадинг, уларни бир меҳр билан тарбиялашинг керак бўлади», дейдилар.

Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳнинг кўрсатмалари ҳам бор. Сабаби қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис уларнинг тарбиясида кўпроқ эътибор, меҳр ва эҳтиёткорлик зарур.

Яна алоҳида таъкидлаш лозимки, фарзандни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашда ота-она ва тарбиячилар зиммасида жуда катта масъулият бор. Унга бирор касбни ўргатсаг-у, аммо илм бермасак, у комил инсон бўлолмайди.

Аксинча, илм олаверса-ю, бирор касбнинг бошини тутмаса, у ҳолда ҳунарсиз бўлиб қолади. Ҳунармандчилик салафи солиҳларимизнинг суннатидир. Боболаримиз ўтмишда ўз фарзандларига бир неча касбларни, жумладан, отда чопиш, камон отиш, сузишни, икки-уч хорижий тилни ўргатганларки, ўша пайтдаги аксари ёшлар адабиёт, санъат, ухравий ва дунёвий илмлардан анча бохабар бўлганлар.

Шунингдек, уларнинг ўтмиш меросимиздан ҳам оқилона баҳраманд бўлганликлари яхши маълум.

Лекин ҳозирда айрим ота-оналар «Болани ёшликдан меҳнатга кўниктирай, ишлаб, пул топсин, ёнимга кирсин», деб илм олишни чеклаб қўяётган бўлсалар, баъзилар эса аксинча, «Ҳа энди, ёшлигида ўйнаб қолсин, бизга ўхшаб меҳнатда эзилмасин, пулга ўрганмагани маъқул», деб фарзандларини ҳунарсиз, меҳнатга лаёқатсиз қилиб тарбиялаб қўймоқдалар.

Шу маънода тарбия бир томонлама бўлиб қолмаслиги муҳимроқ. Ўғил-қизни ёшлигидан ўзига хос ҳунарга (қизларни кўпроқ уй-рўзғор юмушларига) ўргатиш исломий оилаларда одат тусига кирган. Лекин бунда ҳунар ризқ, тирикчилик манбаи эканлиги, пул кетидан қувиш йўли эмаслиги уларнинг онгига сингдирилиши лозим.

Зинҳор ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган, энг даҳшатлиси, қандай қилиб бўлмасин, ҳатто ҳаром-хариш йўллар билан бўлса ҳам, пул топадиган кишиларни етиштириб қўймайлик.

Иккинчи навбатда эса ҳунар-касб ўргатишимиз керак, деб уни мактабдан, бошқа жойлардаги ўқишдан ажратиб олиш ҳам тўғри эмас. Нима бўлганда ҳам фарзанднинг болалигига зарар етмасин, унинг хоҳиши, рағбати сўндирилмасин, унинг қизиқиши, истаклари билан ҳисоблашилсин.

Фақатгина болаларимизнинг вақти беҳуда ўтса, бекорчиликдан турли қинғир йўлларга кириб кетмаса, бас!

Оила ота, она ва фарзанддан иборат учта тиргакка қурилади. Оиланинг бахти-саодати ҳам, унинг камоли ва фаровонлиги ҳам, тинчлиги ва осойишталиги ҳам ана шу уч устуннинг бир-бирига муносабатига, аҳиллигига, яхши тарбиясига боғлиқ. Булар бўлмас экан, оила таназзулга юз тутаверади. Бу инқироз эса ўз навбатида жамиятни ларзага келтираверади.

Фарзанд – ота-онанинг ҳузуридаги Аллоҳнинг омонати. Уни Аллоҳдан покиза, Исломга мойил ҳолда олганлар, омонатга хиёнат қилмай, яна покиза ва мусулмон ҳолида топширишлари керак.

Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор?

Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Булар вожиб бўлиб, унга амал қилмоқлик мажбурийдир. Уламоларимиз қуйидагиларни зикр қиладилар:

1. Насаб.

Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам наслу насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.

2. Эмизиш.

Туғилган фарзанд аввало эмизишга муҳтож. Бу эса онасининг вазифасидир. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади.

3. Ҳомийлик.

Бола етти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни доимо овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда катталарнинг ёрдамига муҳтож бўлади. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса, яқин қариндошлари амалга оширишлари вожиб.

4. Валийлик.

Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам ота-она бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.

5. Нафақа.

Болаларнинг нафақасини бериш, уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир.

6. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилали қилиб қўйиш ва бошқалар.

Кўриниб турибдики, оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, унга амал қилиш шарт этиб қўйилмоқда. Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, ўз фарзандларининг, аҳли аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» («Таҳрим» сураси, 6-оят).

Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй» деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради.

Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлгандан сўнг:

«Эй Расулуллоҳ! Ўз нафсимизни-ку, сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

«Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни ўргатинглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй аҳлим, намоз ўқинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг. Шояд, Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса», деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар.

Демак, ҳар биримиз ўғил-қизимизни, оила
аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо бажаришларини қатъият билан талаб қилиб туришимиз керак.

"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу .Рум шоҳи Қайсар халифа Муовияга мактуб ёзди .Сенга салом бўлсин Аммо баъд менга Аллоҳга энг суюкли калима нималигини, иккинчи, давоми...

2758 08:45 / 20.01.2019
Аллоҳ таоло бу ҳаётда инсонни ажойиб буюк ҳикмат учун пайдо қилди. У ҳам бўлса синовдан ўтказишдир. Аллоҳ таоло ушбу дунё хаётида инсонни бошқа бир биродари олдида давоми...

1581 11:00 / 06.05.2020
Сув Аллоҳ таолонинг бутун борлиққа, хусусан, инсон зотига инъом этган энг улуғ неъматларидан биридир. Сув ҳаёт манбаидир. Сувсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ давоми...

2100 07:10 / 16.08.2019
Абдуллоҳ атТаржумон каталонча Ансельмо Турмеда 1355 ndash 1423 ndash малоркалик насроний руҳоний. Кейинчалик Исломни қабул қилади ва Тунисга кўчиб ўтади. Араб ва лотин давоми...

3681 09:00 / 18.04.2021
Аудиолар

120112 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41778 14:35 / 11.08.2021