1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг тақсимлари (2-қисм)

18:36 / 15.01.2018 5592 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўртинчи тақсим

Ёмонланаётган одамнинг қайси жиҳати зикр этилаётганига қараб ғийбат олти қисмга бўлинади.

1. Бадан ғийбати. Бадан ғийбати дейилганда кишининг танасига, жисмига алоқадор айбларини айтиш тушунилади. Бунга бирор кишини таҳқирлаш ниятида семиз, бўйи паст (пакана, пастак), бурни узун, кўзи кичкина, юзи қора, гапни эшитмайдиган даражада қулоғи оғир, ҳеч нарсани кўрмайдиган кўр, бурни кесилган, бўйи узун, аъзолари катта, кўриниши хунук ва шунга ўхшаш гапларни айтиш киради.

Ривоят. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтдилар: «Аллоҳ ўлимтик гўштини ҳаром қилгани каби мўминнинг ҳам ҳар қандай нарсасини ғийбат қилишни ҳаром қилган».[1]

Ҳикоя. Ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳ бир одамни зикр қила туриб, гап орасида: «У жуда қора», дедилар. Сўнг афсусланиб: «Менимча, қоралигини айтиб, уни ғийбат қилиб қўйдим. Бу гуноҳдан тавба қилдим, Аллоҳ таолодан мағфират сўрайман», дедилар.[2]

Ҳикоя. Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, чиқиб кетди. У кетганидан кейин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Агар бу аёлнинг бўйи паст бўлмаганида қандай гўзал ва чиройли бўларди!» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оиша, сен уни ғийбат қилдинг», дедилар. Оиша онамиз: «Мен унда бор (рост) нарсани айтдим-ку», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унда бор нарсани айтганинг учун ғийбат бўлди, унда йўқ (ёлғон) нарсани айтсанг, бўҳтон қилган бўлар эдинг», дедилар.[3]

Ҳикоя. Бир куни Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Сизга Сафийянинг (айбларидан) бўйи пастлигининг ўзи кифоя қилади», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, шундай (ёмон) гап гапирдингки, агар уни денгиз сувига аралаштирилса, денгиз сувидан ҳам ғолиб келарди (шўрлигини йўқотиб юборарди)», дедилар.[4]

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан бири Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳонинг бўйи пастлиги учун у кишининг устидан кулдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Бир қавм иккинчи қавмни масхара қилмасин, эҳтимол, (Аллоҳнинг наздида, оқибатда) улар булардан яхшироқ бўлар. Аёллар ҳам бошқа аёлларни масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқ бўлар»[5] оятини нозил қилди.[6]

Демак, инсон бировнинг, жумладан, ўзининг ҳам охир-оқибатини, жаннатий ёки дўзахийлигини билмагани учун ҳеч кимни ғийбат қилмаслиги лозим экан.

Тавсия. Муовия ибн Қурра[7] раҳимаҳуллоҳ: «Олдингдан қўл-оёғи кесилган одам ўтса-ю, сен «Бу одамнинг қўл-оёғи кесилган экан» десанг, ғийбат ҳисобланади», деганлар.[8]

Хикоя. Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ бир жойга меҳмонга борди. Ҳамма дастурхонга ўтиргач, одамлар бир кишининг келмагани ҳақида гапиришди. Шунда бир одам: «У жуда семиз одам, шунинг учун (зўрға юриб) ҳаммадан кеч келади», деди. Иброҳим ибн Адҳам буни эшитиб, ўрнидан туриб кетди ва ўз нафсига: «Сен сабабли бу ғийбатни эшитдим, агар сен очкўз бўлмаганингда ўша зиёфатга бормасдим, ғийбатни ҳам эшитмас эдим», деди. Шундан кейин уч кунгача овқат емай, нафсини жазолади.[9]

Эслатма. Бирор жойга боришдан олдин у ерда ғийбат ва шикоят бўлиши маълум бўлса, у ерга бориш жоиз эмас. Бир одам ўзининг у ерга бориши туфайли бошқалар ғийбатни тарк қилади деб ҳисобласа, у ерга бориши зарур бўлади. У ерда ғийбат бўлиши аввалдан маълум бўлмаса, бироқ борганидан кейин ғийбат бошланса, одамларни ғийбатдан тўхтатсин. Тўхтата олмаса, (агар бирор фитна хавфи бўлмаса) дастурхондан туриб кетсин. Туриб кетишга имкон бўлмаса, асосийси ғийбатга шерик бўлмаслик керак. Валлоҳу аълам.

Бу ҳикоялардан кишининг баданидаги бирор айб ва ёмон сифатни айтиш, кўриниши хунук бўлгани учун ҳақорат кўзи билан, беписандлик билан қараш шаръан ҳам, ақлан ҳам тўғри эмаслигини билиб олдик. Мавлоно Жалолиддин Румий раҳимаҳуллоҳ «Маснавий»да айтади:

Ҳиндию қипчоқу румию ҳабаш,

Жумла як ранганд андар гўри хеш.

То бидони к-он ҳама нақшу нигор,

Жумла рўпўшаст-у мулки мустаъор.

Назмий маъноси:

Ҳинду қипчоқ, рум, ҳабаш – ҳар рангдадур,

Барчаси ўз гўрида бир рангдадур.

Токи билгин бу ҳама нақшу нигор,

Бари – парда, мулк эрур – вақтинча бор.

Насрий баёни: Ҳинд, қипчоқ, румий ва ҳабаш − барча инсонлар қабрда бир хил рангда бўлади. Билгинки, бу ҳамма нақшу нигор, яъни зоҳирий ранг ва суратлар, ҳусн ва зийнатлар фақатгина парда бўлиб, орияга (вақтинча ишлатиб туриш учун) олинган мулк, холос.

Ҳамманинг суратини Аллоҳ таоло яратган. Кимдир чиройли, кимдир хунук. Ҳамма одамда ҳам қандайдир бир нуқсон бўлади. Ғийбат қилувчи ўйлаб кўрадиган бўлса, ўз суратидан ҳам кўплаб айблар топиши мумкин. Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади:

Макун айби халқ, эй хирадманд, фош

Ба айби худ аз халқ машғул бош.

Назмий маъноси:

Эл айбини фош қилгунча, эй оқил,

Ўз айбингни тузатмоққа фикр қил.

Насрий баёни: Эй оқил! Одамларнинг айбини фош қилма. Улар билан эмас, ўз айбинг билан машғул бўл.

Яна бир гап. Одам тугул ҳатто сурати хунук жониворлар устидан кулиш ёки уларга ҳақорат кўзи билан боқиш ҳам яхши эмас.

Ҳикоя. Бир куни Ийсо алайҳиссалом ҳаворийлари[10] билан йўлда кетаётиб, бир итнинг ўлиги ёнидан ўтдилар. Ундан бадбўй ҳид анқиб кетганди. Ҳаворийларга унинг бадбўйлиги ёқмади. Ийсо алайҳиссалом: «Бу итнинг тишлари бунча ҳам оқ бўлмаса», дедилар. [11]

Ийсо алайҳиссалом бу гаплари билан итнинг фақат айбини кўриб, фазилатидан кўз юмган дўстларининг ишидан таажжубланганларини билдирдилар.

Ҳикоя. Нуҳ алайҳиссалом тўрт кўзли итни кўрдилар. Кўзи тўртта бўлгани учун хунук экан деб, унга беписанд боқдилар. Аллоҳ таолонинг амри билан ит тилга кириб, «Эй Нуҳ, сиз Худо яратган нарсани айблаяпсизми? Агар яратиш ўз ихтиёримда бўлса, ит бўлмас эдим. Яратувчини айблаб бўлмайди», деди. Бу гапни эшитган Нуҳ алайҳиссаломда қўрқинч пайдо бўлиб, у зот қаттиқ навҳа (фарёд) қилдилар. Шу кундан бошлаб, у кишининг номлари Нуҳ («қаттиқ фарёд қилувчи») бўлди.[12]

Ривоят. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтдилар: «Итни масхара қилсам, ит бўлиб қолишдан қўрқаман». [13]


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Суютий «Ад-Дуррул мансур»да Ибн Жарир Табарийдан нақл қилган.

[2] Мулло Али Қори, «Шарҳу Айнил илм».

[3] Суютий «Ад-Дуррул мансур»да Абд ибн Ҳумайддан нақл қилган.

[4] «Сунани Абу Довуд», 4875-ҳадис.

[5] Ҳужурот сураси, 11-оят.

[6] Сулаймон Жамал, «Ал-Футуҳотул илаҳийя».

[7] Тобеъинлардан. Ҳижрий 36 санада туғилиб, 113 санада вафот этган. Ишончли ровийлардан саналади.

[8] «Ад-Дуррул мансур»да Абд ибн Ҳумайддан нақл қилинган.

[9] «Танбеҳул ғофилин».

[10] Шогирдлари.

[11] «Иҳёу улумид-дин».

[12] «Нузҳатул мажолис», «Адаб» боби.

[13] «Мусаннафи Ибн Абу Шайба», 26059-асар. (Тарж.)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга етишишинг У Зот ҳақидаги илмга етишишингдир. Аслида Роббимиз бир нарсанинг Унга етишидан ёки Унинг бир нарсага етишишидан улуғдир.Ибн Атоуллоҳ давоми...

4626 17:38 / 18.07.2017
Роғиб вараъни уч турга тақсимлаган1. Вожиб.Бу турдаги вараъ ҳаромлардан сақланишдан иборат бўлиб, барчага баробардир.2. Мандуб.Бу турдаги вараъ шубҳалардан давоми...

2798 22:03 / 09.03.2018
Яна бошқа масала ndash банданинг қалбида кўп васваса бўлиши, ундан қандай қутулиш мумкинлиги ҳақида ва .Ўша агар ғаразини қабул қилмаса, зарар қиладими, деб давоми...

4418 17:19 / 21.09.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Отаонага яхшилик қилиш умрни зиёда қилади. Ёлғон ризқни камайтиради. Дуо давоми...

3188 22:53 / 28.03.2018
Аудиолар

120092 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41761 14:35 / 11.08.2021