1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Фотир сураси, 42-45

05:00 / 23.01.2017 3665 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

42. Улар жон-жаҳдлари билан, агар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятли бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар. Қачонки огоҳлантирувчи келганида, уларда нафратдан бошқани зиёда қилмади.


Араб мушриклари ўз юртларида, хусусан, Мадинада яҳудийлар билан ёнма-ён яшар эдилар. Уларнинг тарихлари ва қиссаларини эшитган эдилар. Шунингдек, насоролар аҳволидан ҳам  бир оз бўлса-да, хабардор эдилар. Бу икки қавмнинг ўзларига огоҳлантирувчи-Пайғамбарлар келганидан кейин ҳам йўлдан озиб кетганлари арабларни ажаблантирар эди. Улар ўзларича, агар бизга огоҳлантирувчи-Пайғамбар келса, анавиларга ўхшаб юрмаймиз, ўша Пайғамбар келтирган тацлимотларга амал этиб, энг ҳидоятли уммат бўламиз, деб қасам ичар эдилар. Оятда араб мушрикларининг ўша қасамлари эслатилиб, сўнгра нималар бўлгани фош этилмоқда.

«Улар жон-жаҳдлари билан, агар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятли бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар».

Вақти-соати келиб Аллоҳ таоло бошқа умматларга огоҳлантирувчи-Пайғамбар юборганидек, ўша қасам ичиб юрган арабларга ҳам ўзлари ичидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни огоҳлантирувчи-пайғабар қилиб юборди.

«Қачонки огоҳлантирувчи келганида, уларда нафратдан бошқани зиёда қилмади».

Огоҳлантирувчи-Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша арабларга келганларида, у зотнинг келишлари арабларнинг нафратини оширди, холос. Ундан бошқа нарсани зиёда қилмади. Улар ичган қасамларини ҳам унутдилар.

Берган вацдаларини эсдан чиқардилар. Пайғамбардан, диндан, иймондан ва илоҳий китобдан нафратландилар, улардан ҳуркиб қочдилар.

Улар бу ишни


43. Ер юзида мутакаббирлик ва ёмон макр учун (қилдилар). Ёмон макр эса, фақат ўз эгасига қайтадир. Улар фақат илгаригиларнинг суннатига интизор бўлмоқдалар, холос. Аллоҳнинг суннатига ҳаргиз бадал топа олмассан. Аллоҳнинг суннатига ҳаргиз ўзгартириш топа олмассан.

Мушрикларнинг огоҳлантирувчи-Пайғамбардан нафратланиб, ундан узоқлаб қочишига сабаб ер юзида мутакаббирлик ва ёмон макр-ҳийлаларни амалга ошириш эди. Ҳолбуки,

«Ёмон макр эса, фақат ўз эгасига қайтадир».

Мушрикларнинг огоҳлантирувчи-Пайғамбардан қочишлари ҳам ўзларига ёмонлик келтирди.

Ўша мушриклар Пайғамбардан нафратланиб, ер юзида мутакаббирлик ва ёмон макр-ҳийлалар қилиб нимага эришмоқчилар? Улар нимани кутмоқдалар?

«Улар фақат илгаригиларнинг суннатига интизор бўлмоқдалар, холос».

Ўзларидан аввал ўтганларга қандай муомала қилиш одатга айланган бўлса, буларга ҳам шу қонун жорий қилинди. Улар худди ана шу нарсани кутмоқдалар, холос. Ўшаларга ўхшаб Аллоҳнинг ғазабига учраб ҳалокатга йўлиқишни кутмоқдалар, холос. Чунки илгари ўтганлардан қолган суннат–қонун шудир.

«Аллоҳнинг суннатига ҳаргиз бадал топа олмассан».

Аллоҳнинг суннати-қонуни ўрнига бошқа қонун қўя олмассан. Аллоҳнинг қадимдан кофирлар жорий суннати-қонунини ҳалок қилиш бўлган. Демак, бу кофирлар ҳам ҳалок бўладилар. Буларга келганда Аллоҳнинг суннати-қонуни ўрнига бошқа суннат-қонунни қўйиб уларни ҳалокатдан қутқариб қола олмайсан.

«Аллоҳнинг суннатига ҳаргиз ўзгартириш топа олмассан».

Бу суннат-қонун ўзгармайдиган қонундир. Кофир бўлса, ҳалокатга учрайди. Бошқа гап йўқ. Демак, буларнинг ҳам ҳалокатга учраши аниқ. Бу кофирларга келганда Аллоҳнинг суннати-қонуни ўзгариб қолмайди.


44. Улар ер юзида сайр қилиб юриб ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандоқ бўлганига назар солмайдиларми?! Ҳолбуки ўшалар булардан кўра қувватлари кўп бўлган эдилар. На осмонларда ва на ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмас. Албатта, У зот ўта илмли ва ўта қодирдир.

Дунё тарихидаги ҳодисалар барча уммат ва халқларга ибрат бўлиши керак. Кейинги авлодлар ўзларидан олдин ўтганларнинг тажрибаларидан фойдаланишлари лозим. Араб мушриклари бунга амал этмадилар. Улар ўзларидан олдин ўтганларнинг хатоларини такрорладилар. Уларнинг тажрибаларидан ўрнак олмадилар. Ҳолбуки, илгари ўтганларнинг бу мушрикларга ўхшаганлари ҳалокатга учраган эдилар. Араб мушриклари ана ўшалардан ўрнак олсалар бўлмасмиди?!

«Улар ер юзида сайр қилиб юриб ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандоқ бўлганига назар солмайдиларми?!»

Улар ер юзини кезсалар, ўтган кофир-мушрик қавмларнинг яшаган жойларини кўрар ва уларнинг оқибати нима билан тугаганини билар эдилар. Куфр ва исён билан дунёдан ўтганларнинг оқибати ҳалокат бўлганига ер юзида далиллар кўп; ашёвий ҳужжатлар тўлиб ётибди.

«Ҳолбуки, ўшалар булардан кўра қувватлари кўп бўлган эдилар».

Лекин улар ҳалок бўлдилар. Буларнинг ҳалокати эса турган гап.

«На осмонларда ва на ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмас».

Ундан қочиб қутила олмайди. Уни алдаб кета билмайди. Унинг иродасига қарши чиққанларнинг ҳаммаси ҳалокатга учрайди.

«Албатта, У зот ўта илмли ва ўта қодирдир».

Ўша илми ила кофир-мушриклар нима қилаётганларини тўлиқ билиб туради. Ўша қодирлиги туфайли ҳар бирининг жазосини ҳам беради.


45. Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер устида қимир этган жониворни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса... Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи зотдир.

Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг илми яққол кўзга кўринмоқда. Шунчалик илми ва қудрати бўлса ҳам, гуноҳкор бандаларини жазолашга шошилмайди.

«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер устида қимир этган жониворни қўймас эди».

Нафақат одамларнинг ўзини, балки бошқа жонзотларни ҳам қўймас эди. Одам боласининг гуноҳи туфайли бошқа жонзотлар ҳам зарар кўриши шундан билиб олинади.

«Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр».

Ўша вақтгача ризқларини териб еб, кунларини кўриб юраверадилар.

«Ўша ажаллари келганда эса...» нима қилишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

«Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи зотдир».

Шунга биноан Ўзи билиб тасарруф қилади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола.АнНашр филқироатилашр, китобининг муаллифи Ибн Жазарий ва .АлМасаликулабсор фи мамаликиламсор,нинг соҳиби Ибн Фазлуллоҳ Умарийлар ҳам шомий давоми...

4469 18:30 / 10.12.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг бир неча турлари борлигини юқорида ўрганиб чиқдик. Уларнинг барчаси ҳам Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ давоми...

6938 14:15 / 19.10.2018
Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани ҳақидаги мавзу энг нозик мавзулардан бири ҳисобланади. Бу мавзунинг нозиклиги бир неча омилга боғлиқ.Аввало, Қуръони давоми...

4978 13:56 / 28.01.2020
12. Мўмин ва мўминаларни уларнинг олдиларида ва ўнг тарафларида нурлари ҳаракат қилаётган ҳолда кўрган кунингда, Сизларга бугунги куннинг хушхабари, дарахтлари давоми...

3353 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

118777 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40727 14:35 / 11.08.2021