1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзанд тарбияси (20-дарс)

12:08 / 29.12.2017 3829 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дарс Аллоҳнинг китобидан, ҳадиси шарифдан, зикру дуолардан ва АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан ёдланганларини текшириш ила бошланди. Сўнгра ота: «Сизлардан муҳим бир савол сўрамоқчиман», деди.

Маҳмуд ва Фотима: «Сўранг, отажон!» дейишди.

Ота: «Нима учун ҳар бир бола онасини яхши кўради?» деди.

Маҳмуд: «Чунки она муҳаббатга ҳақлидир. У бизни ўз қорнида тўққиз ой кўтариб юрган, бизни дунёга келтирган, бизни деб кўп қийинчиликлар кўрган, бизни эмизган, касал бўлганимизда кечалари билан қараб чиққан. У бизга таълим берган, одоб берган, таомимизни, кийимимизни тайёрлаб берган инсондир. Уларнинг ҳаммаси учун онамизни яхши кўрмайликми?! Мен онамни жуда қаттиқ яхши кўраман», деди.

Фотима: «Мен ҳам уларни жуда яхши кўраман. Онам хурсанд бўлсам, хурсанд бўлдилар, хафа бўлсам, хафа бўлдилар, ўзларидан кўра кўпроқ мен учун куюнадилар», деди.

Ота деди: «Тўғри, фарзандларим, онангиз яхши кўришингиз, ҳурмат қилишингиз, итоат қилишингизга лойиқдир. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Расулуллоҳ! Инсонлардан ким менинг яхшилик қилишимга ҳақлироқ?» дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Онанг», дебдилар. У: «Кейин ким?» дебди. У киши: «Онанг», дебдилар. У яна: «Кейин ким?» дебди. У киши яна: «Онанг», дебдилар. Шунда у: «Кейин ким?» деганида Пайғамбаримиз (с.а.в): «Кейин отанг», дебдилар. Мусулмон киши онаси ва отасига яхшилик қилаверади, шунда улар ундан рози бўладилар. Мусулмон онаси ва отасига итоат қилса, уларга ишларида ёрдамлашса, уларни ранжитадиган иш қилмаса, уларга овозини кўтармаса, нарсаларига тегмаса ва уйдаги тартибни бузмаса, ота ҳам, она ҳам ундан рози бўладилар. Агар ота-она рози бўлса, Аллоҳ ҳам рози бўлади.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Ота-она розилиги Роббнинг розилигидир”.

(Имом Термизий ривояти.)

Устоз ҳам ота-она ўрнида бўлиб, уларни ҳурмат қилиш, эҳтиром кўрсатиш, қулоқ солиб, итоат этиш лозимдир. Шунда фарзанд одобли мусулмон бўлади.

Бугун тонгги ва кечки зикрлардан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розийаллоҳу анҳога васият қилган зикрларини ўрганамиз.

 

يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ بِكَ أَسْتَغِيثُ فَأَصْلِحْ لِي شَأْنِي كُلَّهُ وَلاَ تَكِلْنِي إِلَى نَفْسِي طَرْفَةَ عَيْنٍ

 

«Я Ҳайю, я Қоййуум, бика астағийс, фаъаслиҳ лий шаний куллаҳу ва лаа такилний илаа нафсий торфата ъайн».

(Маъноси: «Эй тирик бўлган Зот, эй Қоййум бўлган Зот, Сендан ёрдам сўрайман. Ишимнинг ҳаммасини ислоҳ эт ва мени кўз очиб юмгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма».)

(Имом Ҳоким ривояти.)

Маҳмуд: «Бугунги дарснинг қиссасини айтиб беринг, отажон», деди.

Ота деди: «Яхши, ўғлим, бугун сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига сўзлаб берган воқеани сўзлаб бераман. Бир киши саҳрога юриб борар эди. Кун жуда иссиқ бўлгани учун у қаттиқ чанқади. Олдида эса суви йўқ эди. Ҳамма жойдан сув қидира бошлади, лекин ҳеч қаердан сув топа олмади. Охири узоқдан қудуқни кўрди. Қудуққа тушиб сувдан ичди ва у ердан чиқаётганида бир итни чанқоқдан нам қумни ялаётганини кўрди, “Бу итга ҳам менга етган чанқоқлик етибди”, деди. Сўнгра махсисини ечиб, унга сув тўлдириб, итга берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг шу иши сабабли Аллоҳ ундан рози бўлиб, олдин қилиб ўтган барча гуноҳларини кечирганини хабар берганлар».

Фотима: «Бу қисса жуда гўзал қисса экан, отажон», деди.

Ота деди: «Бугунги дарсимизни Аллоҳнинг гўзал исмлари ила тугатамиз. Витр (яккаю ягона, шериги йўқ, тоқ бўлган Зот), Муқийт (барчага ризқ-рўзини берувчи, Ундан бошқа ризқ берувчи йўқ), Роуф  (раҳмли, шафқатли бўлган Зот), Малийк (эга, хожа, барча нарсаларнинг, борлиқнинг Эгаси)».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 7қисмЭНГ МУҲИМ УЧ НАРСА Ассалому алайкум, менинг ҳамма нарсадан азиз болажонларим Бугун сизларга ҳақиқий мусулмон бўлишингиз давоми...

4112 05:00 / 16.02.2017
Қадимги замонда бир ёмон табиатли савдогар бозорда айланиб юриб ичига саккиз юз тилла танга солинган ҳамёнини йўқотиб қўйди. Ўнгга, чапга зир югуриб ҳамёнини давоми...

2720 05:00 / 16.02.2017
Бола ота ndash онаси ҳузуридаги омонатдир. Унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг давоми...

3260 05:00 / 15.02.2017
Салама ибн Вурдон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Анас ибн Моликни одамлар билан қўл бериб сўрашаётганини кўрдим. Бас, у мендан .Сен кимсан, деб сўради. .Бани давоми...

3019 05:00 / 15.02.2017