1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Эҳром боғлаш

20:30 / 14.08.2017 9307 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1386. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Эҳромдаги киши қайси кийимларни кияди?» деди.

«Кўйлаклар, саллалар, шалворлар, кулоҳлар, махсиларни киймайди. Аммо кийгани кавуш топмаса, махси кийиб, ошиғидан пастидан кесиб олсин. Заъфарон ва варас теккан кийимларни кийманглар», дедилар».

Шарҳ: Умуман олганда, эркак киши эҳромга кирганда тикилган нарса кийиши мутлақо мумкин эмас.

«Заъфарон» сариқ рангли ўсимлик бўлиб, уни кийимларга кўпроқ хушбўй нарса сифатида суртилган.

«Варас» Яманда ўсадиган сарғиш-қизил ўсимлик бўлиб, у ҳам хушбўй нарса сифатида ишлатилган. Ҳаж ва умра қилувчи киши эҳром кийимига бу икки нарсани суртиши мумкин эмас.

Эҳромдаги эркак киши оёқларининг уст қисми очиқ бўлиши лозим. Шунинг учун кавуши йўқ одам махси кийишга мажбур бўлса, унинг ошиғидан пастини кесиб ташлаши лозим.

1387. Бошқа бир ривоятда:

«Ким кавуш топмаса, махси кийсин. Ким изор топмаса, шалвор кийсин», дейилган.

Шарҳ: Албатта, кавуш топмаган киши махсини ошиғидан пастидан кесиб, кияди.

Изор–эҳром боғлаган эркак киши киндигидан пастига тутадиган лунги. Изорни топмаган киши шалвор кийиб олса бўлар экан. Бунда ўша кийимнинг иложи борича изорга яқин бўлиши риоя қилинади.

1388. Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъронада умра ниятини қилиб бўлганларида соқоли ва бошини сариққа бўяган, чопон кийиб олган бир киши келди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен умрага эҳром боғладим. Ўзим эса кўриб турганингиздек», деди.

«Устингдаги чопонни еч. Ўзингдаги сариқни юв. Ҳажингда нима қилсанг, умрангда ҳам шуни қил», дедилар».

Иккисини бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, умрада ҳам худди ҳаждаги каби эҳром боғланади ва ҳажга эҳром боғлаган кишига ҳаром бўлган нарсалар умрага эҳром боғлаган кишига ҳам ҳаром бўлади. Ушбу ривоят қаҳрамони каби тўн кийиш, соч-соқолни бўяш каби ишлар шулар жумласидандир.

1389. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эди. Бас, туяси уни эҳромдаги ҳолида йиқитди. У ўлиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни сув ва сидр ила ювинглар. Икки (эҳром) кийими ила кафанланглар. Унга хушбўй суртманглар. Унинг бошини ўраманглар. Чунки у қиёмат куни «лаббайка» айтган ҳолида тирилтирилади», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда эҳромда юрганида ўлган одамга оид ҳукмлар баён этилмоқда.

1. У сув ва сидр билан ювилади. Сидр юмша­тиш хусусиятига эга бўлган ўсимлик бўлиб, Арабистонда маййит ювиладиган сувга қўшилади.

2. Уни эҳром кийимлари билан кафанлаш афзал.

3. Унга хушбўй нарса суртилмайди. Чунки у ўлимидан олдин ҳам хушбўй нарса ҳаром бўлган ҳолда эди.

4. Унинг боши беркитилмайди. Чунки у ўлимидан олдин ҳам боши очиқ юриши лозим ҳолда эди.

5. Унинг бу ҳолда ўлиши шарафлидир. У қиёмат куни «лаббайка» айтган ҳолда қайта тирилади.

1390. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларни эҳромда қўлқоп кийишдан, ниқоб тутишдан ва заъфарон ҳамда варас теккан нарсани кийишдан наҳий қилганларини эшитдим. Ундан бошқа яхши кўрган рангдаги кийимларини: бўялганми, ипакми, тақинчоқми, шалворми, кўйлакми, махсими кияверсин».

«Сунан» эгалари ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан аёлларнинг эҳром кийимлари эркакларникидан тамомила бошқача эканлиги яққол кўриниб турибди. Кийим хусусида эҳромдаги аёлга уч нарса ман қилинади:

1. Қўлқоп кийиш.

Баъзи аёллар ўзларини беркитиш мақсадида ҳатто қўлларига қўлқоп кийиб олишади. Бу нарса эҳромдаги аёлга мумкин эмас. Эҳромдаги аёлнинг икки қўлининг бўғинидан пасти очиқ туриши керак.

2. Ниқоб тутиш.

Баъзи аёллар тақво қилиб, юзларини ниқоб билан бутунлай тўсиб, фақат икки кўзларинигина очиб юрадилар. Бу нарса ҳам эҳромдаги аёлга мумкин эмас. Эҳромдаги аёлнинг юзлари берк бўлиши дуруст эмас.

3. Заъфарон ва варас суртилган кийим кийиш.

Чунки заъфарон ва варас хушбўй нарсалардир. Эҳромдаги кишига бошқа хушбўй нарсалар қатори улар ҳам ман қилинган. Бу борада эҳромдаги эркаклар ва аёллар баробардирлар.

Аёл киши мазкур нарсалардан бошқа кийимларни кияверади.

1391. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бизнинг олдимиздан отлиқлар ўтарди. Биз эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эҳромда эдик. Улар тўғримизга келганларида (ҳар) биримиз жилбобимизни бошимиздан юзимизга тушириб олардик. Улар биздан ўтиб кетганларида уни очардик».

Абу Довуд ва Ибн Можа солиҳ санад ила ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисдан эҳромдаги аёлларнинг бегона эркаклардан юзларини тўсишлари келиб чиқади. Бу ривоят Набий алайҳиссаломнинг азвожи мутаҳҳаротларига хос бўлиши ҳам мумкин.

Умуман олганда, аёл кишининг эҳромдалик чоғида юзи ва кафтларини тўсиши ҳаромдир. Фақат номаҳрам эркакларга дуч келиб қолгандагина юзини улардан олиб қочади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)





Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1532. Марвон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Ҳудайбия замонида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан ўн неча юзтаси бир ярим мингга яқин билан давоми...

12829 16:05 / 13.08.2017
Арабча забиҳаrdquo сўзи сўйиладиган ҳайвон дегани, ҳайвон сўйишга оид илм эса забоиҳrdquo дейилади, бу забҳrdquo ndash сўйишнинг кўплик шаклидир. Забҳrdquo сўзи луғатда давоми...

8065 12:21 / 26.08.2017
Ҳар йили беш мингдан зиёд юртдошимиз ҳажга бориб келади. Улар дунёдаги миллионлаб диндошлари қатори Ислом илк бор индирилган табаррук юртга бориб, зиммаларидаги давоми...

5877 11:50 / 11.09.2017
Аллоҳга беҳисоб шукрки, бу йилги ҳаж ибодати юртимиз зиёратчилари учун жудаям файзли бўлди. Гарчи, ўзимиз бормаган бўлсакда, устозлар, қадрдонлар ва яқинларимиз давоми...

3164 15:30 / 14.07.2022