1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Етим ва беваларга раҳм қилиш

05:00 / 15.02.2017 4922 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Ислом дини кишилик жамиятида қарор топа бошлаган дастлабки кунларданоқ душманлардан қўлга тушган асир ҳаётини сақлаб қолиш, унинг инсонлик ҳуқуқини ҳурмат қилишга даъват этди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга оятлар ҳам нозил қилинади. Ва ул зот бундан 1400 йил аввал, бутун дунё инсон хуқуқи нима эканини билмай турган бир пайтда Аллоҳнинг ана шундай инсонпарвар ҳукмини эълон қилдилар. Ислом татбиқ этган бу ҳуқуқларни, жумладан, асирларга яхши муомала қилиш, уларни бирор егулик билан таъминлашни бирлашган Миллатлар ташкилоти яқиндагина эълон қилди. Бундан юз ёки минг йил аввал эмас. Шунинг ўзиёқ Аллоҳнинг дини нима асосига қурилганлигига етарли далилдир...

Аллоҳ таоло: «Аммо етимга қаҳр қилмагин. Ва аммо «соил»га зажр қилма. Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла», деган.
Аллоҳ таоло Зуҳо сурасидаги ушбу оятларда етимларга яхшилик қилишга амр қилмоқда:
«Аммо етимга қаҳр қилмагин».
Яъни, уни хорлама, камситма, ҳаққини ема ва ҳоказо. Ҳадиси шарифда: «Мусулмон оилаларнинг энг яхшиси етимга яхшилик қилувчисидир, энг ёмони эса, етимга ёмонлик қилувчисидир»,–дейилган.
«Ва аммо «соил»га зажр қилма».
Соил келганда, мусулмон одам–бирор нарсаси бўлса бериши, бўлмаса яхши муомала қилиши керак. Уни жеркиш, унга қўпол муомала қилиш мутлақо мумкин эмас.
«Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла».
Аллоҳ таолонинг неъматлари жуда кўп, санаб охирига етказиб бўлмайди. Лекин доим шукурини келтириб юриш зарур. Шукр эса неъматни берувчига мақтов айтиш ва неъматни Аллоҳ кўрсатган йўлда сарфлаш билан бўлади.
Аллоҳ таоло: «Аллоҳ Ўз Расулига шаҳар-қишлоқ аҳлидан қайтариб берган нарса... Аллоҳгадир ва Унинг Расулига ва яқин қариндошларига, етимларга ва мискинларга ва кўча ўғилларигадир», деган.
Араб тилида «афа`а» феъли «қайтарди» маъносини билдиради. Аллоҳ таоло яҳудийлар қолдирган молларни «фай`у»-«қайтарилган мол» деб номлаяпти. Аслида, мол Аллоҳники, У зот Бани Назир номли яҳудий қабиласига берган молини энди Пайғамбарига қайтарди. Ана шундай улкан маъно билан ифодаланган «фай`у»-қайтарилган мол» кимларга берилади?
«Аллоҳ Ўз Расулига шаҳар-қишлоқ аҳлидан қайтариб берган нарса... Аллоҳгадир ва Унинг Расулига ва яқин қариндошларига, етимларга ва мискинларга ва кўча ўғилларигадир».
Демак, Аллоҳ Ўз Расулига шаҳар-қишлоқ аҳлидан қайтариб берган нарса, қуйидаги тоифаларга берилади.

1. Аллоҳга. Яъни, Аллоҳнинг розилиги учун оммавий-диний ишларга, Исломга даъват қилиш ишига, Каъбани обод қилишга, масжидларга ва бошқа диний мақсадларга.
2. Пайғамбарга. Яъни, ул Зот мусулмонларнинг раҳнамоси сифатида ўзларига ва аҳли аёлларига кифоя қилганича оладилар. Кейинги қисми мусулмонларнинг умумий фойдасига ишлатилади.
3. Яқин қариндошларига. Яъни, Пайғамбар алайҳиссаломга ҳаром қилинганидек, уларга ҳам садақалар ҳаром. Расулуллоҳнинг ўзлари «фай`у»дан Бани Ҳошим ва Бани Муттолиб уруғларига берганлар.
4. Етимларга. Яъни, балоғат ёшига етмай отасидан ажралган болаларга. Бу ерда ҳам Исломда етимларга қанчалик катта аҳамият берилгани яққол намоён бўлмоқда.
5. Мискинларга. Яъни, камбағал, қийинчилик билан кун кечирадиган кишиларга.
6. Йўл ўғилларига. Яъни, ўз ватанидан узоқда, бор-йўғидан ажралиб, юртига кета олмай юрганларга.

Аллоҳ таоло Моъун сурасида динсиз шахсни маззаммат қилароқ: «У етимни қўполлик билан ҳайдайдир», деган.
Яъни, ўша охират жазосини ёлғонга чиқарувчи киши етимга қўполлик қилувчи, уни ўз олдидан ҳайдаб солувчи одамдир. Ҳа фақат охират жазосини ёлғонга чиқарувчи шахсгина етимга шу муомалани қилиши мумкин.
Етим одатда ожиз, заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни диндор деб бўлмайди. Шунинг учун ҳамАллоҳ таоло охиратни ёлғонга чиқарувчиларнинг аввалги сифатини бундоқ сифатлади.
Аллоҳ таоло Инсон сурасида Ўзининг аброр бандаларининг васфида:
«Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар.
«Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташуккур хоҳлаймиз.
Албатта, биз қўрқинчли, шиддатли, узун кунда ўз Роббимиздан қўрқамиз», дерлар», деган.
Бу ояти карималарда кишиларга, жумладан, етимларга яхшилик қиладиган аброр бандаларнинг васфлари батафсил шарҳ қилинмоқда:
«Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар».
Ана, биродарлар, аброрларнинг хислати нима экан! Улар ҳаттоки ўзларига таом керак бўлиб, ҳожатлари тушиб турса ҳам, мискин, етим, асирларни ўзларидан устун қўйиб, таомни уларга берадилар. Таом яхши бўлса, албатта, уни кўпроқ тановвул қилишга кишида мойиллик бўлади. Ана шундай ҳолларда уни фақирга бериш бойнинг камбағални ҳурмат қилишидан келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида улар орасида тенглик бўлишига олиб келади.
Оятдаги «мискин» сўзининг алоҳида таъкидланишини ҳам айнан шунга қаратилган. Чунки мискинга, яъни ўзига ва оиласига етарли еб-ичиш таоми бўлмаган одамга ёрдам бериш ўзига тўқларнинг бурчидир.
Етимларга ёрдам бериш ҳам ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Бунга мисол келтириб ўтириш шарт эмас. Атрофимизга ақл кўзи билан бир назар солсак бас.
Ислом дини кишилик жамиятида қарор топа бошлаган дастлабки кунларданоқ душманлардан қўлга тушган асир ҳаётини сақлаб қолиш, унинг инсонлик ҳуқуқини ҳурмат қилишга даъват этди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга оятлар ҳам нозил қилинади. Ва ул зот бундан 1400 йил аввал, бутун дунё инсон хуқуқи нима эканини билмай турган бир пайтда Аллоҳнинг ана шундай инсонпарвар ҳукмини эълон қилдилар.
Ислом татбиқ этган бу ҳуқуқларни, жумладан, асирларга яхши муомала қилиш, уларни бирор егулик билан таъминлашни бирлашган Миллатлар ташкилоти яқиндагина эълон қилди. Бундан юз ёки минг йил аввал эмас. Шунинг ўзиёқ Аллоҳнинг дини нима асосига қурилганлигига етарли далилдир.
Мусулмонлар бировга яхшилик қилганларида риё учун, миннат учун эмас, балки савоб умидида, қиёмат куни яхши ҳолатларга эришиш умидида қиладилар. Ушбу хислатлар қуйидаги оятларда ҳам ифода этилади.
«Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташуккур хоҳлаймиз».
Демак, чин мўмин иккинчи бир биродарига яхшилик ёки ёрдам қилганида фийсабилиллоҳ, яъни Аллоҳ йўлида қилмоғи лозим экан. Қилган яхшилиги эвазига тамаъ талаб қилиш-Парвардигор ғазабини келтирадиган ва ул бандани мунофиққа айлантирадиган амаллардандир.
«Албатта, биз қўрқинчли, шиддатли, узун кунда ўз Роббимиздан қўрқамиз», дерлар».
Демак, мусулмонлар муҳтожларга таом беришларининг икки боиси бор.
Биринчиси, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилигини топиш.
Иккинчиси, халоиқ учун қўрқинчли ва шиддатли бўлган узоқ кун, яъни ўтиши қийин бўлган қиёмат кунида Аллоҳнинг азобига дучор бўлишдан қўрққанлари сабаблидир.
Аллоҳ таоло: «Бу дунё ва охират ҳақида. Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматли зотдир», деган.
Бу ояти каримада боқувчисиз қолган етим ҳақида гап бўлмоқда: «Сендан етимлар ҳақида сўрарлар», деяпти Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:га хитоб қилиб. Ва жавобдан маълум бўладики, савол етимларга бўладиган муомала, уларнинг мерос олган молларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида экан. Чунки оятда:
«Уларга ислоҳ қилиш яхшидир, деб айт», дейиляпти.
Етимларга ислоҳ (яхшилик) қилишда хайри барака бор. Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир. Шунинг учун ҳам Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Қуръони Каримда ушбу масала бўйича бир қанча оятлар келган, жумладан, Анъом сурасида: «Етимларнинг молига яқин келманг...»; дейилган бўлса, бошқа бир сурада: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еювчилар қоринларига оловдан бошқани емайдилар ва тезда дўзахга кирадилар», дейилган. Ва ҳоказо.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, бу икки оят туширилгандан кейин етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло: «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар», оятини нозил қилган экан.
Бу оятда етимнинг молини унинг тарбиясини зиммасига олган одам ўз молига аралаштириб юборишига рухсат берилмоқда:
«Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз».
Яъни, етимларнинг молларини ўз молингизга аралаштириб юборсангиз бўлаверади, чунки улар ҳам сизларнинг биродарингиз. Сизлар уларга раҳм-шафқат қилиб ўз тарбиянгизга олдингиз. Энди уларнинг молини еб қўйиб, азобга дучор бўлмайлик, деб ўзингизни машаққатга солишнинг ҳожати йўқ. Сизда уларнинг молини ейиш нияти бўлмаса бўлгани.
«Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади».
Етимларнинг молини еб бузғунчилик қилганларни Ўзи билиб жазолайди. Уларнинг молини ўз молига аралаштирса ҳам, емай тақво қилганларни эса, мукофотлайди.
Тушунтириш учун айтиш керакки, етим–отасидан айрилган, балоғат ёшига етмаган ёш ўғил-қизлардир. Бу оятда гап ўша етимнинг отасидан ёки бошқа қариндошларидан мерос қолган моли, бошқа кишилардан ҳадя, садақа ёки бошқа мақсадда берилган моллар ҳақида кетяпти. Ўша молларни етимга қараб туришни ўз зиммасига олган одам ўз молига, еб юбормаслик шарти билан, аралаштириб юборишига енгиллик яратиш мақсадида рухсат бериляпти. Бу ҳам Аллоҳнинг меҳрибончилиги, бўлмаса,
«Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка солар эди».
Бундай рухсатни бермаса, етимнинг молидан хавотирда қийналиб юраверар эдингиз.
«Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз».
Ҳа, дарҳақиқат Аллоҳ азиз, ғолиб, нима қилса, қўлидан келади. Бандаларини қийинчиликка солишга, амрига хилоф қилсалар, иқоб қилишга қодир. У ҳикмат эгаси ҳам, бандаларига беҳикмат амр қилмайди.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлур», деган.
Ушбу оятдаги хитоб умуман мусулмонлар оммасига, хусусан етимларнинг кафилларига қаратилгандир. Балоғатга етмаган ёш болалар отаси ўлиб қолса, етим бўладилар. Уларни ота томонидан ёки улар бўлмаса, бошқа томондан бўлган қариндошлар ёхуд умуман бошқа бирорта мусулмон ўз кафолатига олади. Етимга кафил бўлган киши унинг барча ишларига, шу жумладан, молу мулкига ҳам раҳбарлик қилади. Етим бола ёш бўлиб, молу мулкни тўғри тасарруф қилишга салоҳияти етмагани учун, кафил унинг мол-мулкини муҳофаза этишга масъул бўлади. Бола балоғатга етиши билан етимлиги тугайди. Энди у ўз ҳолича тасарруф қилишга ўтади. Вояга етган инсон сифатида ўз мол-мулкини тасарруф қилиш имконига эга бўлади. Шунинг учун ҳам оятдаги:
«Ва етимларга ўз молларини беринг», деган жумлани «вояга етганларида» деган қўшимча ила англатиш керак бўлади. Жоҳилиятда, яъни, исломий низомдан бошқа тузумларда етимларнинг ҳаққига эътибор берилмайди, бу ҳақ доимо поймол қилинади, етим ҳаққига хиёнат авж олгандир. Исломда эса, уларнинг ҳақлари тўла муҳофаза қилинган.
«Нопокни покка алмаштирманг» жумласида бировнинг молини ўз молига алмаштирмаслик, хусусан, етимларнинг молини ўз молига аралаштириб-алмаштирмаслик тушунилиши лозим. Бу ҳол турлича кўринишларда бўлиши мумкин. Биз мол деганда фақат пулни тушуниб қолганмиз. Чунки, узоқ давом этган худосиз тузум бошқа мулкка эгаликни ман қилган эди. Юқоридаги жумлани, уларнинг яхши молларини ўзингизнинг сифатсиз молингизга алмаштириб қўйманг, деб тушунса бўлади. Мисол учун етимнинг яхши уйи, ери, чорваси, улуши ва бошқа мулклари бўлиши мумкин. Кафил етимнинг ўша яхши, сифатли молларини ўзиники қилиб, ўрнига ўзининг сифатсиз молини берса, нопокни покка алмаштирган ҳисобланади. Яъни, кафил ўзига нопок бўлган молни олиб, ўрнига ўзининг ҳалол-пок молини берган-алмаштирган бўлади.
«Уларнинг молини ўзингизнинг молингизга қўшиб еманг».
Бу иборада ҳам етимларнинг ҳимояси яққол кўриниб турибди. Кафиллар: «Мен шу етимга кафилман, унга қараяпман, тарбия қиляпман», деган маънодаги даъволар билан ўзларига топширилган етимнинг молларини ҳам ўз молларига қўшиб еб юбориш одати бор эди. Бу эса, етимга нисбатан катта зулмдир. Ояти карима етимнинг молини ейишни ман этяпти. Бу ишни катта гуноҳ деб эълон қиляпти:
«Зеро, бу катта гуноҳ бўлур».
Аллоҳ таоло яна Нисо сурасида: «Етимларни то никоҳ(ёши)га етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эси-ҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг. У молларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб шошилиб еманг. Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин. Уларга ўз молларини топшираётганингизда гувоҳлар келтиринг. Ҳисобчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган.
Бу ояти карима етим балғоатга етиб эс-ҳушини таниганда, дарҳол унга молини топшириш зарурлигини, уларнинг молини исроф қилмаслик, оталиқка олганлар томонидан, бу балоғатга етса молини қайтариб беришим керак бўлади, деб шошилиб еб қўймаслик, агар оталиққа олган одам бой бўлса, етимнинг моли масаласида иффатли бўлиш зарурлиги, камбағал бўлса, маълум чегарада ейишига рухсат борлиги ва етимга молини топшираётганда гувоҳлар олдида топшириш каби фиқҳий амалларни баён қилмоқда.
«Етимларни то никоҳ(ёши)га етгунларича синаб туринглар».
Демак, оталиққа олган одам етим бола балоғат ёшига яқинлашганда уларни синаб, текшириб ва ҳолатларини синчиклаб кузатиб туриши лозим. Ёш болаларнинг никоҳ–балоғат ёшига етганини билишнинг шариатда баён қилинган аломатлари бор. Қиз болалар ҳайз кўрсалар, балоғатга етган саналадилар. Ўғил болаларнинг балоғатга етганининг асосий белгиси эҳтилом бўлишидир. Яъни, уйқусида булғанишидир. Инсон балоғатга етиши билан тўла масъулиятли–мукаллаф бўлади, яъни, шариат таклифларини амалга ошириш лозим бўлган шахсга айланади. Шу кундан эътиборан ўзи содир қилган ишларга ўзи жавобгар бўлади. Шу билан бирга, катта одамларга берилган ҳуқуқлардан фойдаланишга, жумладан, ўз молини ўзи сарфлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Аммо оталиққа олганлар етим болада балоғатга етганлик аломати пайдо бўлиши билан дарров унга молни топшириб қўймайдилар. Балки унда молни тўғри тасарруф қилиш қобилияти борми, эси-ҳуши жойидами–синаб кўришлари лозим. Буни билиб олиш унча қийин эмас. Бу борада ҳар бир жамоанинг ўзига яраша тажрибаси, аломат-белгилари бор. Қачонки етим бола балоғатга етиши билан унда молу мулк тасарруфида эс-ҳуш, қобилият борлиги англаб етилса, дарҳол унга моли топширилади. Бу нарса оятдаги:
«Агар уларнинг эси-ҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг», деган жумлада баён қилинган.
Етимни оталиққа олган шахс унинг молини ҳам вақтинча олиб туради. Баъзи кишилар, мен етимни оталиққа олганимдан кейин молини нима қилсам, ўзим биламан, деб ёки, бу балоғатга етса, молини қайтариб беришим керак экан, ундан кўра у балоғатга етгунча тезроқ молини еб қўяй, дейиши мумкин. Аллоҳ таоло бу оятда шундай тасарруфларни қайтариб:
«У молларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб, шошилиб еманг», демоқда.
Демак, етимни оталиққа олганлар учун асосий ҳукм етимларнинг молидан емаслик. Аммо оталиққа олувчиларнинг ҳоли ҳам ҳар хил бўлади–баъзилари бой, ўзига тўқ, бошқалари камбағал муҳтож. Буни эътиборга олиб, оятда бойга алоҳида, камбағалга алоҳида ҳукм баён қилинган:
«Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин!»
Бой одам ўзига етарли моли бўлгани, ҳожати тушмагани учун иффат қилиб, ўзини шубҳали нарсадан узоқ тутгани маъқул. Етимларни оталиққа олгани, уларнинг мол-мулкини сақлагани, парваришлагани учун ажру савобини олади. Агар оталиққа олувчи шахс камбағал бўлса-чи? Унда парваришдаги етимнинг молидан яхшилик–тўғрилик билан фойдаланишига рухсат бор. Бу нарса унга хизмати учун ҳақ ўрнида ўтади. Буни қуйидаги ривоят ҳам тасдиқлайди. Имом Абу Довуд ва Имом Насаийлар қилган ривоятда айтилишича, бир киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: «Қарамоғимда бир етим бор. Унинг моли бор, меники йўқ. Унинг молидан есам бўладими?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исроф қилмасдан, тўғрилик билан егин», дедилар.
Имом Молик ривоят қилишларича, бир саҳройи араб Абдуллоҳ ибн Аббоснинг розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб:
«Қарамоғимда етимлар бор. Уларнинг туялари бор, менинг эса биттагина туям бор, холос. Мен ўз туямнинг сутидан камбағалларга бериб тураман. Етимларнинг туялари сутидан менга нима ҳалол бўлади?» деб сўради.
Абдуллоҳ ибн Аббос: «Агар йўқолганда топиб келсанг, қўтирига қарасанг, ҳавзини тузатиб турсанг ва уларни боқаётган бўлсанг, наслига зарар келтирмай сутидан ич. Аммо уларни соғиб олишингдан қайтараман», дедилар.
Шу таълимотлардан келиб чиқиб, оталиққа олган одам етимнинг молидан муҳтож бўлганда ҳожатини қоплагунча еса бўлади, дейилади.
Оятнинг сўнгида яна бир нозик, зарурий ҳукм баён этилган:
«Уларга ўз молларини топшираётганингизда гувоҳлар келтиринг».
Мол олди-бердиси жуда ҳам нозик иш. Унда бировнинг ҳақига хиёнат бўлиши эҳтимоли кучли. Шунинг учун ҳам Исломда бундай ишларни ҳужжат-далил билан, адолатли гувоҳлар иштирокида амалга ошириш таъкидланади. Шундай қилинса, бировнинг ҳаққига хиёнат эҳтимоли йўқолади, бирор келишмовчилик чиқса ҳам, гувоҳлар ҳақиқатни (адолатни) ўрнатишда ёрдам берадилар.
Оятнинг сўнгида,
«Ҳисобчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», жумласининг келиши эса, бу ишларда доимо Аллоҳдан қўрқиб туриш лозимлигини уқтиради.
Аллоҳ таоло яна: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар», деган.
Ояти кариманинг услуби ғоятда таъсирчанлиги кўриниб турибди. Аввало, ким етимларнинг молларини зулм ила еса, қиёматда қоринларидаги у нарса оловга айланади.
«Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар».
Сўнгра шу ҳолда–қоринларидаги олов алангалаган ҳолда дўзахга кирадилар.
«Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар».
Дўзах алангаси ҳам авж олиб туради. Демак, етим молини ноҳақ еган одам ичию ташидан ўт азобига гирифтор қилинади. Нақадар даҳшатли ҳол! Нақадар аламли!
Бу ояти каримада келган маънони таъкидловчи, шарҳловчи кўпгина ҳадиси шарифлар бор.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳалок этувчи етти нарсадан четда бўлинглар», дедилар.
«Улар нималар , эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўралди.
«Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Аллоҳ ман қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш, мўмина покиза аёлларни зинода туҳмат қилиш», деб жавоб бердилар.
Машҳур тафсирчилардан ас-Суддий: «Қиёмат куни етимнинг молини еган одам оғзидан, қулоқларидан, бурнидан ва кўзларидан олов чиқиб турган ҳолда тирилтирилади. Ҳар бир кўрган одам уни етимнинг молини еганлигини билиб олади», деганлар.
Ибн Мурдавайҳи Абу Барзодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Қиёмат куни бир қавмлар оғизларидан олов пуркалиб турган ҳолда тирилтириладилар», дедилар.
Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, улар кимлар?» деб сўрашди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Аллоҳ таоло: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар қоринларида оловни еган бўладилар», деганини билмайсанми?» дедилар.
Имом ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки заифнинг–аёлнинг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан», деганлар.
Албатта, бу таълимотлар мусулмонларга ўз таъсирини ўтказган. Уларни қаттиқ ларзага солган. Улар умуман етимларнинг молига яқин келишдан ҳам қўрқиб қолишган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда қуйидагиларни айтганлар:
«Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар...» ояти нозил бўлганида, етимларни ўз оталиғига олганлар бориб ўз таомини уларнинг таомидан, ичимлигин ичимлигидан ажратиб қўйди. Ортиб қолган таомлар ҳам то етим ўзи егунча ёки айниб қолгунча турадиган бўлди. Етимларни оталиққа олганларга машаққат туғилди. Бу ҳолни Пайғамбарга соллаллоҳу алайҳи васаллам айтилган эди, Аллоҳ таоло «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар...» оятини нозил қилди».

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундоқмиз», деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда етимни ўз кафолатига олган кишига жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: билан бирга бўлишлик ваъда қилинмоқда. Бу эса етимга кафиллик қилиш улуғ иш эканлигига далилдир.

Муслимнинг ривоятида: «Ўзига қарашли ёки ўзгага қарашли етимнинг кафили ва мен жаннатда манабулар каби бўламиз», деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларга ишора қилдилар», дейилган».
Шарҳ: Бундан етим кафилга қариндошлардан бўладими ёки тамоман бегоналардан бўладими бари-бир унга бериладиган мукофот олий даражада бўлаверишини билиб оламиз.

Авф ибн Молик ал-Ашжаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ва икки юзи сўлиган аёл жаннатда худди мана бундоқмиз», деб ўрта ва кўрсаткич бармоқни кўрсатдилар ва: «Аёл эридан бева қолди. У ўзини етимларига то улар катта бўлгунча ёки ўлгунча бағишлади», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда эридан бева қолиб, қийнчилик билан фарзандларини катта қилган аёлга катта ваъдалар қилинмоқда. Ана ўша бахтга муяссар бўлган бева аёлларга яхшилик қилиш ҳам савобли ишдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким икки мусулмондан бўлган етимни тутиб таом ва шароб берса, албатта, Аллоҳ уни жаннатга киритади», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Мусулмон ота-онадан қолган етимни риоясини қилиш қанчалик улуғ ишлигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз.

Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бева ва етим учун саъйи ҳаракат қилувчи Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳид кабидир. Ёки наҳорни рўза тутиб, тунни бедор бўлиб ўтказувчи кабидир», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳаммамиз Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳиднинг қанчалар улуғ иш қилишини ва унга бериладиган савоблару мартабалардан яхши хабардормиз. Шунингдек наҳорни рўза тутиб, тунни бедор бўлиб ўтказувчи киши қанчалар улуғ иш қилишини ва унга бериладиган савоблару мартабалардан яхши хабардормиз.

Энди эса бева ва етим учун саъйи ҳаракат қилувчи ҳам улар билан баробар эканлигини билиб олдик. Бас, бева ва етим учун саъйи ҳаракат қилувчилардан бўлишга уринайлик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаонага итоат қилиш, уларга яхшилик қилиш фарз амаллардан бири бўлиб, уларга итоатсизлик қилиш эса Аллоҳга ширк келтириш билан бир қаторда зикр қилинган гуноҳи давоми...

5442 12:17 / 15.01.2018
...Гўдакнинг ҳолига қараб иш тутиш, уни қайси ишларга қобилияти бор, нималар қилишга тайёр эканини назарда тутиш зарурий нарсалардандир. У ҳам яралган бир мавжудот давоми...

3841 05:00 / 15.02.2017
БОЛА БОШИДАН...Отаона болага ҳамма вақт дўқпўписа қилинавермайди, чунки койиш эшитиш, хунук ишларни қилиш унга енгил туюлиб қолади, қалбидан гапнинг таъсири тушиб давоми...

13775 05:00 / 16.02.2017
Муаллимларнинг шарафли вазифаларини адо этиш жараёнида амал қилишлари лозим бўлган одоблари ҳам мавжуд. Уламолар қадимдан бу мавзуга алоҳида эътибор билан давоми...

4008 20:14 / 10.02.2018
Аудиолар

120112 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41778 14:35 / 11.08.2021