1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Эй болам!

10:10 / 27.08.2017 3133 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй болам, агар эртаю-кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар.

Сўнгра яна: 

«Эй болам, шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Маълумки, ҳазрати Анаснинг оналари у кишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёшлигиданоқ хизматга берганлар. У киши ўн йил давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлганлар. Шунинг учун ҳам кўпгина ҳадисларда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Анас розияллоҳу анҳуга «Эй Ғулом!», «Эй бола!», «Эй болам!» деб мурожаат қилганларини учратамиз. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Эй болам!» деб мурожаат қилмоқдалар ва:

«Агар эртаю кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар».

«Ғиллу ғаш» бировнинг жони, моли ва обрўсига астойдил футур етишини тилаш ва унга берилган неъматнинг завол бўлишини қалбдан хоҳлашдир.

Демак, ҳар бир мусулмон бировга нисбатан ёмонликни соғинмаслиги лозим. Ҳеч кимга нисбатан қалбида ғиллу ғаш сақламаслиги керак. Иншааллоҳ, бу ҳақда тегишли бобларда кераклича сўз юритилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насиҳатлари давомида:

«Эй болам, шу менинг Суннатимдир», дедилар.

Яъни, қалбда бировга нисбатан ғиллу ғаш бўлмаслиги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидир. 

«Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади». 

Пайғамбар алайҳиссаломнинг Суннатларини тирилтириш амали тўхтаб қолган Суннатга қайта амал қилишни бошлаш билан бўлади. Демак, Суннатга амал қилиш, амалдан қолган Суннатни қайта тирилтириш у зот алайҳиссаломга бўлган муҳаббатнинг аломатидир.

«Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, бу Суннатни маҳкам ушлаш инсонни ана шундай олий мақомга эриштиради.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ўзининг кичик ёшдаги ходимига, шогирдига «Эй болам» деб мурожаат қилиш жоизлиги.

2. Иложи борича бировга нисбатан қалбда ғиллу ғаш сақламаслик лозимлиги.

3. Қалбда бировга нисбатан ғиллу ғаш сақламаслик Набий алайҳиссаломнинг Суннатларидир.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тирилтириш у зотга бўлган муҳаббатдир.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тирилтирган ва у зотга муҳаббат қилган одам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жаннатда бўлади.

Мазкур ҳадисга амал қилишга қанчалик муҳтожлигимизни гапириб ўтирмасак ҳам бўлади.

Ушбу бобни ўрганиш давомида Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш фарзу вожиб эканини, бу масала бугунги куннинг энг долзарб масаласи эканини англадик. Лекин Китоб ва Суннатни маҳкам ушлаш осон бўлмайди. Мусулмон олами Китоб ва Суннатдан минг йилдан ортиқроқ даврда аста-секин узоқлашди. Энди уларга қайтиш ҳам тезлик билан амалга ошиши қийин. Фақат Китоб ва Суннатга тўлиқ амал қилиш билангина муваффақиятга эришиш, бахт-саодатга мушарраф бўлиш мумкин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳим, ҳақиқий яшаладиган ҳаёт охиратдаги ҳаётдир,, дедилар.Муттафақун алайҳ.

2481 05:45 / 11.07.2018
Амр ибн Авф Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади..Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳни Баҳрайннинг жизясини олиб келиш учун давоми...

3114 10:40 / 07.07.2018
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмон ndash мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. давоми...

5100 02:50 / 23.04.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилдилар, бунга ўхшашини асло эшитмаганман. У зот .Агар менинг давоми...

3359 09:05 / 15.04.2018
Аудиолар

120140 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41804 14:35 / 11.08.2021