1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълумми?

11:54 / 12.07.2017 3538 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълумми?» дейилди. 

«Ҳа», дедилар. 

«Унда амал қилувчилар нима учун амал қиладилар?» дейилди. 

«Ҳамма ўзи учун халқ қилинган нарсага муяссардир», дедилар». 

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: ушбу ҳадисда саҳобаи киромлар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан қадар тўғрисида дастлабки маълумотларни эшитган одамда пайдо бўладиган саволларни сўрамоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қадар тўғрисидаги гапларни илк бор эшитганларидан сўнг уларда ҳам бу савол туғилган бўлиши мумкин. Саҳобаи киромлар томонидан:

«Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълумми?» дейилди.

Яъни ким жаннат аҳли, ким дўзах аҳли бўлиши олдиндан маълумми, деб cўрашди. Билувчи маълум ва машҳур бўлганидан «Маълумми» лафзи қазои қадар Аллоҳнинг илмидан эканига яна бир далилдир. «Белгиланганми», «тайин қилинганми», «ҳукм қилинганми» каби сўзлар ишлатилмаган, балки «маълумми» сўзи ишлатилган. Бу саволга Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа», дедилар.

Яъни «Ҳа, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълумдир», деганлар.

«Унда амал қилувчилар нима учун амал қиладилар?» дейилди».

Яъни жаннат аҳлининг кимлиги ҳам, дўзах аҳлининг кимлиги ҳам маълум бўлса, унда овора бўлиб, амал қилишнинг нима кераги бор? Ана шу маънодаги саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳамма ўзи учун халқ қилинган нарсага муяссардир», деб жавоб бердилар.

Бу жумлага уламоларимиз «Ҳар бир инсон ўзи учун халқ қилинган амалга муяссар бўлади: саодатманд инсон саодат аҳлининг амалига, бадбахт инсон эса шақоват аҳлининг амалига муяссар бўлади. Шунинг учун Аллоҳ амр қилган амалларни қилиш ҳар бир инсондан матлубдир», деган маънони берганлар.

Ҳа, Аллоҳ таоло барча бандаларини амал қилишга амр этган. Шариатнинг ҳаммаси ҳам, Қуръони Карим ҳам, Суннат ҳам Аллоҳнинг бандаларига қилган амрларидан иборатдир. Ушбу амрларга амал қилиш бандадан талаб қилинган. Ўша амрларга амал қилган бандага саодат ваъда қилинган.

Шунингдек, бандаларга қазои қадарга иймон келтириш амр қилинган. Қазои қадарга иймон келтирган бандага саодат, иймон келтирмаган бандага бадбахтлик ваъда қилинган.

Аммо бандаларга қазои қадар тўғрисида тортишиш, чуқур кетиш буюрилмаган. Аллоҳнинг бу ҳақдаги илмини билиш ҳам, қазои қадарни баҳона қилиб, амални тарк этиш ҳам амр қилинмаган.

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсоннинг келгуси ишларда қазои қадарни қандай тушуниши лозимлиги баён этилган. Мусулмон инсон бўлажак ишларда «Ҳамма ўзи учун халқ қилинган нарсага муяссардир» жумласини шиор қилиб олиб, ўзини амалга уриши керак. Ўзи учун яхши амаллар муяссар эканини исботлашга ҳаракат қилиши лозим. 

Бундай яхши ишларга муяссар бўлганда эса хурсанд бўлиши даркор. Баъзи кўнгилсиз ишлар бўлиб қолганда, уларни хато, ожизлик ҳисоблаб, дарҳол тавба қилиши, ёмон амаллар ўзи учун муяссар эмаслигини исбот қилишга уриниши керак.

Бўлажак ишлар қаршисида мусулмон инсон ўзини қазои қадарга нисбатан қандай тутиши лозимлиги тўғрисидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баёнлари ана шундан иборат. Саҳобаи киромларнинг ҳамда салафи солиҳларимизнинг тушунчалари ва амаллари ана шундан иборат. Улар доимо ўзларини яхши ишга муяссар кишилар деб ҳисоблаб яшаганлар. Мусулмон бўлишларини катта бахт аломати деб билишган. Ҳаётлари давомида ўзларини доимо яхши ишга уриб яшаганлар. Тақво билан бетавфиқликка бирданига дуч келсалар, яхши амалга муяссар бўлиш ниятида ўзларини тақвога урганлар. Сахийлик билан бахилликка дуч келсалар, ўзларини сахийликка урганлар. Ишчанлик ва дангасаликка дуч келсалар, ўзларини ишчанликка урганлар. Бутун умрларини қандай қилиб кўпроқ савобли амал қилар эканман, деган фикр ва ҳаракат билан ўтказганлар. Шунинг учун ҳам улар чарчоқ, машаққат, қийинчилик ва ўлимдан заррача қўрқмаганлар. Шунинг учун ҳам барча тўсиқларни осонлик билан енгганлар. Шунинг учун ҳам уларга доимо муваффақият ёр бўлган.

Қазои қадарга бўлган шу шаклдаги иймон заифлашганда эса ҳамма ишлар орқага кетди. Амал қилиш ўрнига қазои қадарни тескари таъвил қилиб, «амалнинг фойдаси бўлармикан ёки йўқми» дея қуруқ сафсата сотилганда ишлар расво бўлди. Бунинг натижасида беҳуда жанжаллар кўпайди. Исломий фазилатлар ўрнини иккиланиш, қўрқоқлик, дангасалик ва бошқа разолатлар олди. 

Натижада салафи солиҳлар ўрнига Қуръони Каримда айтилганидек: «Уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган ўринбосарлар келдилар».

Мусулмонлар ўз шахсиятларини, муносиб ўринларини тикламоқчи бўлсалар, қазои қадарга бўлган иймонни аввалги, соф ҳолига келтириш ҳам энг зарур ишлардан бири эканини унутмасликлари керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг.Қиёмат куни дўзах аҳлининг энг азоби енгили ndash оёғининг тагига давоми...

3307 09:05 / 11.04.2018
. ,. .67210. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимки амирини ишида бирор нарсани кариҳ кўрса, сабр давоми...

1648 09:18 / 13.02.2019
Яна у кишидан ривоят қилинади.Суффа аҳлидан етмиш нафарини кўрдим. Уларнинг ичида ридоли киши йўқ эди. Ё битта изори, ёки биргина кийими бўлиб, бўйинларига боғлаб давоми...

2672 11:03 / 27.07.2018
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълумми, дейилди. .Ҳа,, дедилар. .Унда амал қилувчилар нима учун давоми...

3538 11:54 / 12.07.2017
Аудиолар

120119 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41784 14:35 / 11.08.2021