424 15.11.2017

Аллоҳ таоло Ўзининг олти сифатига далолат қилгани сабабли дуо қилишга амр қилгандир: 

1. Вужуд (борлиги).

Чунки йўққа дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

2. Ғанийлиги (бойлиги).

Чунки фақирга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

3. Эшитувчилиги.

Чунки карга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

4. Карамлилиги (сахийлиги).

Чунки бахилга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

5. Раҳмат.

Чунки раҳмсизга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

6. Қудрат.

Чунки ожизга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.

Дуони инкор қилувчи ушбу олти сифатни инкор қилувчидир.

Ундан ғофил бўлган олти сифатдан ғофилдир.

Билингки, сабабларга суянган ҳолда дуо қилмаслик тавҳиддаги ширкдир. Сабабларни бутунлай тан олмаслик ақлдаги нуқсондир. Сабабларни ишлатишдан юз ўгириш эса ишларни сабабларга боғлаб қўйган шариатга айб қўйишдир.

Таваккул ва умидворлик тавҳид, ақл ва шариат вожиб қилган нарсалардан иборатдир. Мўмин банда сабабларга таваккул қилиб (суяниб) ҳам қолмайди, уларни беҳудага ҳам чиқармайди. Балки Аллоҳга таваккул қилган (суянган) ҳолда, сабаблар Аллоҳнинг иродаси ва изни билан натижали бўлади, деб ҳаракат қилади.

Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилишига далил:

1. «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман…» деди» ояти («Ғофир» сураси, 60-оят).

2. «Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, Бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо ‎‎қилувчи дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман» («Бақара» сураси, 186-оят).

3. «Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас» («Аъроф» сураси, 55-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарруъ – ёлвориш ва махфийлик бўлиши зарурлигини таъкидламоқда.

Худди шу маъно Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.

Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар баён қилинади:

«Одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй одамлар, ўзингизга шафқат қилинг, сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитгувчи ва энг яқин Зотдир», дедилар». 

Аллоҳ таолога ибодат ва дуоларни тазарруъ ила, махфий қилиш худди шу ояти каримада таъкидланганидек, салафи солиҳларимизнинг одатларига айланган эди.

Имом Абдуллоҳ ибн Муборак ҳазрати Ҳасан Басрийнинг қуйидаги сўзларини келтирадилар:

«Агар бир киши Қуръонни жамлаган бўлса ҳам, одамларга билдирмас эди. Агар бир киши фиқҳдан жуда кўп нарсани билса ҳам, одамларга билдирмас эди. Агар бир киши кечаси уйида узундан-узоқ намоз ўқиб чиқса ҳам, меҳмонларига билдирмас эди. Биз шундай одамларни кўрдикки, махфий қилиш имкони бўлган ишни ҳеч қачон ошкор қилмас эдилар. Мусулмонлар дуога кўп уринар эдилар. Товушлари ҳеч эшитилмас эди. Уларнинг дуоси Роббиларига пичирлашдан иборат бўлар эди».

«Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг» дегани мана шу. Аллоҳ таоло қилган ишидан рози бўлиб, мақтаган солиҳ бандаси ҳақида:

«Қачонки, Роббига махфий дуо қилди»,  дегани ҳам шундан.

4. «Сен: «Роббим адолатга амр қилди. Ҳар бир ибодатхонада юзингизни тўғри тутинг. ‎‎Унинг динига ихлос этган ҳолда дуо қилинг. Сизларни аввалда қандай яратган бўлса, ‎‎ўша ҳолда қайтасизлар», – деб айт» («Аъроф» сураси, 29-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлдан озган фаҳш иш қилувчилар ота-боболарини рўкач қилиб, Аллоҳга туҳмат қилганларида уларга қарата айтадиган гапларини ўргатмоқда:

«Роббим адолатга амр қилди», сиз қилаётган фаҳш ишларга эмас. Аллоҳ оддий инсоннинг фикр, тасаввур ва дидига хилоф бўлган фаҳш ишга амр қилишдан покдир, муназзаҳдир. У Зот фақат адолатга амр қилади. Чунки адолат йўли инсон учун саломатлик йўлидир.

«Ҳар бир ибодатхонада юзингизни тўғри тутинг».

Яъни «Ибодатларни Аллоҳ кўрсатганидек тўғри ҳолда адо этинг. Ибодатларни ҳаққоний ва тўғри адо этиш Қуръони Карим ва Суннати набавияда кўрсатилган. Ҳар ким ўз билганича, отаси, ишбошиси ёхуд пири айтганидек ибодат қилиши дуруст эмасдир.

«Унинг динига ихлос этган ҳолда дуо қилинг».

Яъни «Ибодатни ёлғиз ва фақат ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига холис ният билан қилинг. Ундан бошқага ихлос қилиш ширкдир.

«Сизларни аввалда қандай яратган бўлса, ‎‎ўша ҳолда қайтасизлар».

Яъни ибтидо ва интиҳо бир хил бўлади. Бу дунёга яланғоч ҳолда келдингиз, ундан яна яланғоч ҳолда кетасиз.

4562. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дуо ибодатдир», дедилар ва «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан ‎‎кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар»ни қироат қилдилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятда келтирилган ояти каримада дуо маъноси ибодат маъноси билан бир хилда ишлатилмоқда. Шундан «дуо ибодатдир» деган маъно келиб чиқади.

«Дуо ибодатдир» деган маъно бошқача қилиб айтганда, «Ибодат дуодан бошқа нарса эмасдир» деган маънони ифода қилади. Бу эса дуо ибодатнинг кўп қисмини эгаллашини муболаға билан ифода этишдир. Худди бошқа бир ҳадисда «Ҳаж арафадир» дейилгани каби.

Бу иборада «Ижобат қилинса ҳам, қилинмаса ҳам, дуо ибодатдир» деган маъно ҳам бор. Чунки дуо орқали банда ўзининг ожизлигини ва муҳтожлигини изҳор қилади. Аллоҳ таолонинг ижобатга қодир эканини, бахил эмас, балки карамли эканини эътироф этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Дуо ибодатдир» деган маънони таъкидлаш учун Қуръони Каримдан бир оятни далил қилиб келтирдилар.

«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан ‎‎кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» («Ғофир» сураси, 60-оят).

Аллоҳга банда томонидан қилинадиган дуо ва ибодат луғатда бир хил маънони билдиради. Дуо ва ибодат хоҳ сўздан иборат бўлсин, хоҳ амалдан, банда томонидан Аллоҳ таолонинг розилигини излашдир, иймон ила У Зотнинг розилигини сўрашдир.

Дуо ва ибодат банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ҳожатманд эканини эътироф этишидир. Ўзининг ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Бу ишни фақат иймони борларгина, қалб кўзлари очиқларгина, ўзининг кимлигини англаб етганларгина, инсоф қилганларгина, қалбида Аллоҳга нисбатан кибру ҳаво бўлмаганларгина қиладилар.

Буни бандага Аллоҳнинг Ўзи буюргандир.

«Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман».

«Менга ибодат қилинг, қабул этаман, менга илтижо қилиб, ҳожатингизни сўранг, сўраганингизни бераман», дейди Аллоҳ таоло.

Ожизлигини, ҳожатмандлигини эътироф этиб, дуо қилаётган Зотнинг жалолига муносиб одоб-ахлоқ билан сўраш банданинг иши, қолгани эса Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

«Мен ижобат ташвишини чекмайман, дуо ташвишини қиламан. Менга дуо қилиш илҳом этилса, ижобат ҳам қилинади», дер эканлар.

Ҳа, Аллоҳ Ўзига иймон билан дуо қилганларнинг дуосини ижобат этади, ибодатларини қабул қилади. Аммо шу билан бирга:

«Албатта, Менинг ибодатимдан ‎‎кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди».

Аммо ўзини билмаганлар, Аллоҳга дуо қилишдан, ибодат этишдан кибр ила ўзларини юқори қўйганлар, қалб кўзи кўр бўлганлар жаҳаннамга кирадилар. Кирганда ҳам, хору зор бўлиб кирадилар.

Агар улар Аллоҳнинг неъматларига ибрат билан қараганларида, У Зотнинг нақадар буюк Зот эканини англаб етган бўлардилар. Зинҳор Аллоҳнинг ибодатидан кибру ҳаво қилмас эдилар.

4563. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Парвардигори оламнинг ҳузурида энг икром қилинган нарса дуодир. Шунинг учун банда кўп дуо қилиши лозимдир.

Бу ҳадисдан дуо барча зикр ва тоатлардан афзал экани англанади. Дуо Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида мукаррам, даражаси юқори, қадри улуғ нарса ҳисобланар экан. Бас, уни қабул ва ижобат қилиши ҳам шунга қараб бўлади.

Шундан келиб чиққан ҳолда дуо икки қисмдан иборатдир, дея оламиз. Тил билан сўраш ва дил билан сўраш. Тил билан сўраш дилдагининг таржимасидир. Худди шу ҳолат – дил билан қасд қилиш ва уни тил билан таржима қилиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун энг мукаррам нарсадир. Шунинг учун банда Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилмоғи лозим.

4564. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо ибодатнинг миясидир», дедилар».

Шарҳ: Бундан «Дуосиз ибодат миясиз ибодат бўлади», деган маъно келиб чиқади.

Ибодатдан кўзланган асосий мақсад Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилигини топиш, ғазабидан сақланиш билан бирга ризқ ва шифо сўраш каби дунёвий ғаразларга ҳам эришишдир. Ибодатнинг мана шу жиҳатларини дуо дейиш мумкин.

Зотан, ибодатларнинг энг асосийларидан бири бўлган намоз араб тилида «солат» дейилади, бу сўз эса дуо маъносини англатади. Бу маънодаги дуо қалбан бўлади. Яъни сўров тилга олинмаса ҳам қалбида туради.

Ҳадиси шарифнинг арабча матнида биз «илик» деб таржима қилган сўз «муххун» лафзи ила келган. Бу сўз суяк ичидаги илик, бош чаноғи ичидаги мия, кўзнинг нозик жойи каби ҳар бир нарсанинг мағизи, асоси бўлган нарсаларни ифодалайди.

Бундан дуо ибодатнинг мағизи ва хулосаси экани келиб чиқади. Чунки одатда одам боласи кўпроқ бошқа нарсалардан умиди қолмаганда ўзини дуога уради. Ана ўша тавҳиднинг ва ихлоснинг ҳақиқатидир. Ундан устун бўладиган ибодат йўқдир.

Ибн Арабий қуйидагиларни айтадилар:

«Илик аъзоларнинг қувватидир. Дуо ибодатнинг илигидир. У билан обидларнинг ибодати қувватланади. Чунки у ибодатнинг руҳидир».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)