1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Дунёнинг арзимаслиги ҳақидаги ҳадислар

20:44 / 23.04.2017 6225 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг ҳузурида дунё ҳеч нарсага арзимаслиги борасидаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп. Келинг, улардан баъзиларини ўрганиб чиқайлик.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам елкамдан тутиб туриб: «Бу дунёда худди ғарибдек ёки ўткинчи йўловчидек бўл. Ўзингни аҳли қабрлардан сана», дедилар».

Ибн Умар: «Кеч кирса, тонгни кутма. Тонг отса, тунни кутма. Сиҳатингдан беморлигингга, ҳаётингдан ўлимингга (фойда) олгин», дер эди».

Бухорий ривоят қилган.

Зуҳд ва рақоиқ бобида келган барча оят ва ҳадиси шарифлардаги «дунё ҳаёти»дан мурод Аллоҳ таолони ва охиратни эсдан чиқарадиган ҳою ҳавас ва мол-дунёлардир.

Ушбу ҳадиси шарифдаги Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Бу дунёда худди ғарибдек ёки ўткинчи йўловчидек бўл. Ўзингни аҳли қабрлардан сана» деган насиҳатлари ҳар бир киши учун доимий зарурий эслатмадир. Чунки одам боласи бу дунёда боқий қолмаслигини унутган заҳоти унда ҳаром-харишга, зулмга ва бошқа барча ёмонликларга қарши туйғу йўқолади. Оқибатда у киприк қоқмай гуноҳ қилишга ўтади.

Шунингдек, одам боласи ўзининг бир кун келиб, аҳли қабрлардан бўлишини унутса ҳам, ундан бирин-кетин турли ёмонликлар чиқиб келаверади.

Инсонда ушбу ҳолат, яъни дунёдан кетишни ва аҳли қабрлардан бўлишни унутиш тез-тез учрагани сабабли Қуръони Карим оятларида ва ҳадиси шарифларда бу нарсалар унга тез-тез ва такрор-такрор эслатилади.

Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг юқоридаги насиҳатларидан олиймақом ибрат олган, ундан ҳосил бўлган ўта ҳикматли сўзларни бошқаларга ҳам айтиб юрар эдилар.

Ибн Умар: «Кеч кирса, тонгни кутма. Тонг отса, тунни кутма. Сиҳатингдан беморлигингга, ҳаётингдан ўлимингга (фойда) олгин», дер эди».

Эсон-омон кунни кеч қилиб олган одам тонг отишини кутиб, бепарво бўлиши мумкин эмас. Ким билади, эҳтимол, ўлим унга тонгдан олдин келар… Шунинг учун банда ўзига берилган ҳар бир фурсатдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоғи лозим.

Инсон соғлик вақтини ғанимат фурсат билиб, ибодат ва яхши амалларни кўпроқ қилиб олмоғи керак. Бемор бўлганда «Аттанг, соғлиқнинг қадрига етмабман», дейиш фойда бермайди.

Ҳаётлик чоғида зоди роҳилани тайёрлаб олмоқ керак. Вафот этгандан сўнг «Аттанг, тириклигимда у қилсам бўлар экан, бу қилсам бўлар экан», дейишдан фойда йўқ.

«Абу Убайда Баҳрайндан мол келтирди. Баъзи саҳобалар интизор бўлдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:

«Аллоҳга қасамки, мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман. Мен сизлар учун дунё сизга сиздан олдингиларга бўлганидек сероб бўлишидан, сиз ҳам улар унинг учун талашганларидек талашиб кетишингиздан ва у уларни ҳалок қилганидек, сизни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Амр ибн Авф Ансорий ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоят бу ҳадиси шарифга баъзи тўлдиришлар киритади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн ал-Жарроҳни Баҳрайнга у ернинг жизясини олиб келиш учун юбордилар. Набий алайҳиссалом Баҳрайн аҳли билан сулҳ тузиб, уларга Аҳлаа ибн Ҳазрамийни амир қилган эдилар.

Абу Убайда Баҳрайндан молни келтирди. Ансорлар унинг келганини эшитдилар ва бомдод намозини Набий алайҳиссалом билан ўқидилар. У зот намозни ўқиб берганларидан кейин бурилиб кетаётган эдилар, йўлларини ансорлар тўсиб чиқдилар. Набий алайҳиссалом уларни кўрганда табассум қилдилар ва:

«Ўйлайманки, сизлар Абу Убайданинг бир нарса келтирганини эшитгансизлар», дедилар.

«Худди шундай, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди.

«Суюнаверинглар! Ўзингизни масрур қиладиган нарсани орзу қилаверинглар! Аллоҳга қасамки, мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман. Мен сизлар учун дунё сизга сиздан олдингиларга бўлганидек сероб бўлишидан, сиз ҳам улар унинг учун талашганларидек талашиб кетишингиздан ва у уларни ҳалок қилганидек сизни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман», дедилар».

Пайғамбар алайҳиссалом уммат ичида ҳамма мол-дун­ё­га берилиб, бир-бирлари билан ҳалокатга олиб борувчи мол талашишга гирифтор бўлишларидан хавфсираган эканлар. Бу ҳолат олдинги умматларни ҳам ҳалок қилган экан, демак, кейингиларни ҳам ҳалок қилиши турган гап.

Муслимнинг ривоятида:

«Дунё ям-яшилдир, шириндир. Албатта, Аллоҳ сизларни унга халифа қилиб қўяди. Қандай амал қилишингизга назар солади. Бас, дунёдан қўрқинглар ва аёллардан қўрқинглар. Шубҳа йўқки, Бану Исроилнинг аввалги фитнаси аёлларда бўлган», дейилган.

Муставрид ибн Шаддод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ўзи ўлиб қолган қўйнинг устида турган одамларнинг ичида Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга мен ҳам бор эдим. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эгалари мана буни арзимас нарса деб ташлаб юборган деб ўйлайсизларми?» дедилар.

«Арзимагани учун ташлаб юборишган-да, Аллоҳнинг Расули», дейишди.

«Мана шу нарса эгалари учун қанчалик арзимас бўлса, Аллоҳ учун дунё бундан ҳам арзимас бир нарсадир», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Албатта, ўзи ўлиб қолган қўй эгаси учун тезроқ қутулиш керак бўлган ёқимсиз матоҳга айланиб қолади. Аллоҳ таоло учун бу дунё ундан ҳам кўра арзимасроқ нарса экан.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар Аллоҳнинг наздида дунё чивиннинг қанотичалик қимматга эга бўлганида, кофирга ундан бир ҳўплам сув ҳам бермас эди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзига куфр келтирган кофирларга ҳам бу дунё неъматларини бераверади. Агар дунё Аллоҳ таолонинг наздида бирор қимматга эга бўлганида, ундан кофирга ҳеч нарса бермас эди. Чунки у ўзининг куфри ила бирор қимматли нарсага эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган. Мўмин-мусулмонлар ҳам мол-дунё тўплаш билан Аллоҳ таолони рози қила олмайдилар. Аммо ўша мол-дунёни Аллоҳ таоло рози  бўладиган йўл билан тўплаб, У Зотни рози қиладиган йўлда сарфлаш билан савобга эришиш мумкин.

Бану Феҳрнинг биродари Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу дунё охиратнинг олдида бирортангиз бармоғини денгизга ботиргани(да илашган сув)чалик ҳам эмас. Бас, (ўша бармоғи) нима билан қайтишига назар солсин», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Агар банда бутун оламдаги мол-дунёни тўплаб, охиратга олиб борса ҳам, унга бирор фойда бермайди. Агар бутун оламдаги мол-дунё тўпланса ҳам, бу нарса охиратда худди битта бармоқни денгизга солганда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганидек тураверади.

Шунинг учун ҳар бир банда бу дунёдан охиратга нима билан қайтишига назар солмоғи лозим. Агар охиратда бирор мақомга эришиш нияти бўлса, шунга лойиқ иймон, ибодат ва солиҳ амалларни қилиши керак. Жумладан, мол-дунёни ҳам ўша мақсадда ишлатиши зарур.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дунёдаги зоҳидлик ҳалолни ҳаром қилиш билан ҳам, молни зое қилиш билан ҳам эмасдир. Лекин дун­ё­даги зоҳидлик икки қўлингдаги нарсани Аллоҳнинг қўлидаги нарсадан кўра ишончлироқ деб билмаслигингдир, ўзингга етган мусибатнинг савобига етишни унинг сенга етмай қолишидан кўра кўпроқ исташингдир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифни тўлиқ маънода исломий зоҳидликнинг мукаммал таърифи десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Исломда Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсадан ўзини олиб қочиш ила зоҳидлик қилишга йўл йўқ.

Исломда мол-дунёни зое қилиш билан зоҳидлик қилиш мумкин эмас. Исломда мол-дунёни олиб, ташлаб юборган ёки уни бошқа турли йўллар билан зое қилганлар зоҳид дейилмайди.

Исломда ўз қўлида турган нарсадан кўра Аллоҳ таоло берадиган савобга кўпроқ ишониш зоҳидлик дейилади. Мусулмон зоҳид ўз қўлида турган дунё матоҳига қул бўлиб қолмайди, балки у ўша қўлидаги матоҳни ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги савобни олиш учун сарф қилади.

Мусулмон зоҳид дунёнинг бошқа барча орзу-ҳавасларига ҳам шундай қарайди. Ўзига етган моддий неъматларни ҳаётнинг мақсади деб билмайди, балки ҳаётнинг асосий мақсади бу дунёда охират учун зоди роҳила тўплаб олишдир, деб билади. У ўзига берилган неъматларни зое қилмайди, балки тўғри йўлда ишлатади. Бу неъматлар мўминнинг қалбини ишғол қилиб олиб, Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсаларни унуттириб қўймайди.

Шунингдек, мусулмон зоҳид бу дунёнинг мусибатларига ҳам алоҳида муносабатда бўлади. У ўзига мусибат етса, сабр қилиб, савоб олишга ҳаракат қилади. Мусулмон зоҳид бўлиб ўтган ишга афсус қилиб, ўзига етган мусибат етмаганда яхши бўлар эди, деб орзу қилмайди.

 Каъб ибн Иёз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир умматнинг ўз фитнаси бор. Менинг умматимнинг фитнаси молдир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

«Фитна» сўзининг маъноларидан бири «синов»дир. Дарҳақиқат, мол-дунё мусулмон уммати учун бош синов бўлди. Кўпчилик мол-дунё сабабли фитнага учраган. Баъзи кишиларнинг мол-дунёга мубтало бўлганларида ўзларидан кетиб, ҳалок бўлганлари маълум. Шунинг учун мўмин-мусулмон одам ҳар доим мол-дунё фитнасига учрамаслик чораларини кўриб юриши, жумладан, тақво ва зоҳидлик йўлидаги тарбияни тўғри йўлга қўйиши лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 (Зуҳд ва ҳаё китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юқоридаги сатрларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан .Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир, давоми...

4253 21:28 / 17.06.2019
Пайғамбар алайҳиссаломларнинг оддий кишилардан ажраб турадиган бирданбир сифатлари маъсумликларидир. Яъни, маъсият қилиш, шаҳватларга берилиш, мурувватга футур давоми...

4069 17:18 / 14.02.2022
.АрРофеъ, исми .кўтарувчи, маъносини англатади. Мисол учун, У Зот мўмин ва тақводорларни азизу мукаррам қилиб, уларнинг мартабасини кўтаради. Бирор жисмни давоми...

8578 14:50 / 13.03.2018
Жаннатга етишиш қийинми Иймони сустларга ndash ҳа, аммо, Аллоҳ таолонинг розилигига интилувчилар учун бу йўл осон.Ҳаммаси оламни англашга боғлиқ. Илмга интилувчи давоми...

7063 18:00 / 28.08.2017
Аудиолар

118782 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40732 14:35 / 11.08.2021