1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Бу дунёнинг моҳияти

23:38 / 29.04.2017 4891 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банда мазаммат қилинаётган дунёнинг ўзи нималигини, унинг нимасидан четда бўлиши кераг-у, нимасидан четланмаса ҳам жоизлигини билмагунича, уни ёмон деб билишнинг ўзи фойда бермайди.

Аслида дунё ва охират икки ҳолатдан иборатдир. Улардан яқин турадигани дунё бўлиб, у ўлимдан муқаддам туради. Кейинги ўринда турадигани охират деб аталади ва у ўлимдан сўнг келади.

Ўлимдан олдинги насиба, ғараз, шаҳват, лаззат бор ҳолат дунёдир. Ҳар бир майл, насиба ва ҳисса бор нарса ёмон бўлавермайди. Бундай нарсалар уч қисмга тақсимланади.

Биринчи қисм – банда билан бирга охиратга ҳам борадиган, ўлимдан кейин ҳам самараси қоладиган нарсалар. Улар илм ва амалдир.

«Илм» деганда Аллоҳ таолони, Унинг сифатлари, фаришталари, китоблари, расуллари, еридаги ва осмонидаги мулклари ва Набийсининг шариати ҳақидаги илм англанади.

«Амал» деганда эса Аллоҳ таолонинг розилиги учун ихлос билан қилинадиган ибодат тушунилади.

Гоҳида олим киши учун илм бу дунёдаги энг лаззатли нарсага айланиб қолади. Шунинг учун у илм лаззати деб таомдан, уйқудан ва никоҳдан воз кечиши мумкин. Чунки илм унинг учун мазкур нарсалардан кўра лаззатлироқдир.

Баъзи обидлар ибодат лаззатига шунчалар бериладики, агар уни бу нарсадан ман қилинса, бу унинг учун энг қаттиқ азобга айланиб қолади. Чунки унинг учун ибодат бу дунёдаги энг лаззатли нарсага айланган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен учун бу дунёингиздан уч нарса маҳбуб қилинди: аёллар, хушбўй нарсалар ва намоз кўзимнинг қорачиғи қилинди», дедилар».

Насоий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда намоз бу дунёнинг лаззатларидан ҳисобланмоқда. Шунга ўхшаш бир қанча нарсалар бор. Улар бу дунёнинг нарсалари бўлиб, кўзимиз билан кўриб турамиз.

Иккинчи қисм – банда билан бирга охиратга бормайдиган, ўлимдан кейин самараси у билан бирга қолмайдиган нарсалар. Уларга маъсиятлар, эҳтиёждан зиёда бўлган мубоҳ нарсалар, керагидан ортиқ жамланган мол-дунё, беҳуда ҳойи-ҳавас ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар киради.

Учинчи қисм – юқорида зикр қилинган икки қисмнинг ўртасидаги нарсалардир. Охират амаллари учун ёрдам берадиган бу дунёнинг нарсалари ушбу учинчи қисмни ташкил қилади.

Мисол учун, керакли озиқ-овқат ва кийим-кечак. Соғ-саломат яшаб юриш, илм ва амалга эришиш учун зарур бўлган нарсалар ҳам шунга дохил бўлади. Булар биринчи қисмдаги нарсаларга ўхшаб дунё нарсалари эмас, аммо ўша биринчи қисмга ёрдам берувчи воситалардир. Банда илм ва амалга етишиш учун уларни ҳар қанча тановул қилган бўлса ҳам, бу дунё учун бўлмайди.

Агар ўша нарсаларни илм ва амал учун эмас, оний лаззат учун тановул қилган бўлса, бу дунё учун бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй кофирлар Эй осийлар .Сизларга нима бўлди Қандай ҳукм қилмоқдасиз, Қандай қилиб, мўмин билан кофир, тақий билан осий, амал қилган билан амал қилмаган баробар давоми...

1533 19:00 / 15.05.2023
Ақоид илмида .ғайбиёт, номини олган масалалар инсон зоти учун бутунлай ғойиб бўлган, ҳеч ким кўрмаган ва бошқа нарсага солиштириб ҳам билиб бўлмайдиган, уни билиш давоми...

2865 19:00 / 17.01.2023
. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳудайбия куни ўн тўрт юзта эдик. Ҳудайбия бир қудуқдир. Биз унинг сувини тортиб олдик. Ҳатто давоми...

3474 19:00 / 11.04.2022
иккинчи мақола Оҳод ҳадислар ҳақидаги баҳс яна ҳам мукаммал бўлиши учун .Ҳадис ва Ҳаёт, номли асаримизнинг биринчи жузидан узунроқ бир иқтибос келтиришга ижозат давоми...

3137 13:00 / 21.12.2020
Аудиолар

118731 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40695 14:35 / 11.08.2021