1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Бомдодни жамоат билан ўқишнинг 10 та фойдаси

05:00 / 09.01.2017 5731 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд, “Кўзимнинг қувончи намозда қилиб қўйилди” деган севиклигимиз, саййидимиз Муҳамммад Мустафога саловот ва саломлар бўлсин. 

Биз қуйида бомдод намозини жамоат билан ўқиш ва унинг фазилати ҳақида сўз юритамиз. Дарҳақиқат, бомдод намози бир қанча фойдалари билан бошқа намозлардан ажралиб туради. Кимки мазкур фойдалардан биттасини билса, ўша фойдани қўлга киритиш учун унинг ҳимматини уйғотишга, уйқу ва дангасаликни енгишга, иссиқ кўрпани тарк қилишига ва масжид сари ҳансираб етиб боришига ўша биргина фойда ҳам кифоя қилишини англаб етади. Мазкур фойдалар қуйидагилардир:

1.    Аллоҳнинг зиммасига кириш.   

Жундуб ибн Абдуллоҳ ибн Суфён ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг зиммасида (ҳимоясида) бўлади. Аллоҳ сизлардан ҳаргиз Ўз зиммасидан бирор нарсани талаб қилмайди. Чунки, У Зот кимдан Ўз зиммасидан бирор нарсани талаб қилса, топади. Кейин уни юзтубан қилиб жаҳаннам оловига улоқтиради”.  Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилишган. 

Бу ҳадиснинг маъноси қуйидагича: ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади. Унга ҳеч ким ёмонлик қила олмайди. Ким Аллоҳга берган аҳдини бузса, У Зот ундан ўша аҳдни талаб қилади. 

2.    Қиёмул лайлнинг ажри. 

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат билан ўтказган бўлади. Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, кечанинг ҳаммасини ибодат билан бедор ўтказган бўлади”. Имом Муслим ривоят қилган. 

3.    Нифоқдан озод бўлиш. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар у иккисидаги нарсани билганларида эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар. Батаҳқиқ, намозга амр қилиб, у қоим қилинганда бир кишини одамларга намоз ўқиб беришини буюриб, сўнгра ўзим ўтин кўтарган одамлар билан намозга ҳозир бўлмаган одамларнинг олдига бориб, устларидан уйларига ўт қўйиб юборишни қасд қилдим”, деганлар. Имом Аҳмад, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.  

4.    Қиёмат кунидаги тўлиқ нур. 

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжидларга зулматларда юриб борувчиларга қиёмат куни тўлиқ нур бўлишининг башоратини бер”, дедилар. 

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. 

5.    Фаришталарнинг бомдодга келганлар олдига ҳозир бўлишлари ва уларга Аллоҳ ҳузурида мақтов айтишлари. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар бомдод намозида ва аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари улардан Ўзи билиб турса ҳам: “Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?” деб сўрайди. Улар: “Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Улар ҳузурига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар”, дейишади”, дедилар. 

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насаий ривоят қилишган. 

6.    Бир ҳаж ва умранинг ажри. 

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ”, дейилган. 

Имом Термизий ривоят қилган. 

7.    Дунё бойликлари тенг кела олмайдиган бойлик. 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қўшинни Нажд томонга юбордилар. Улар кўплаб ўлжалар билан тезда қайтиб келдилар. Қўшин билан бирга бормаганлардан бири: “Биз булардан кўра тезроқ қайтган ва афзалроқ ўлжа тўплаган қўшинни ҳеч кўрмадик” деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Сизларга энг афзал ғанимат тўплаган ва энг тез қайтган қавмнинг хабарини берайми? Улар бомдод намозига ҳозир бўлиб, кейин то қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирган қавмдир. Ана ўшалар энг тез қайтган ва энг афзал ғанимат тўплаганлардир” дедилар”. 

Имом Термизий ривоят қилган ва “Бу заиф ҳадис” деган. 

8.    Бомдод суннатининг фазлига эришиш. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, дедилар”. 

Имом Муслим, Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган. 

9.    Дўзахдан нажот ва жаннатга киришга башорат. 

Умора ибн Рувайба розияллоҳу анҳу дедилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қуёш чиқишидан ва ботишидан олдин намоз ўқиган киши ҳаргиз дўзахга кирмайди” деяётганларини эшитдим”. 

Имом Муслим ривоят қилган. Ҳадисдаги намоз бомдод ва аср намозларидир. 

10.     Қиёмат куни Аллоҳни кўриш бахтига эришиш (Бу фойдаларнинг энг каттасидир). 

Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳу дедилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бир пайт у зот тўлин ой кечаси бўлгани учун ойга назар солдилар ва: “Сизлар худди мана шу ойни кўрганингиздек Роббингизни кўрасизлар. Уни кўришда уюшиб, қисилиб қолмайсизлар. Агар қуёш чиқишидан ва ботишидан олдин намоз ўқишни кўпайтира олсаларингиз, шундай қилинглар” дедилар”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган. 

Бомдод намозига ўз вақтида туришга ёрдам берадиган ишлардан бири хуфтондан кейин кўп ўтирмай уйқуга ётишдир. Эрта ётиш кишини тетик бўлиб уйғонишига ва масжидга бора олишига ёрдам беради. 

Орамизда Аллоҳнинг ҳимоясида, паноҳида, зиммасида бўлишни истаганлар борми?! 

Орамизда қиёмат куни ўзи учун тўлиқ нур бўлишини истаганлар борми?! 

Орамизда нифоқдан қутулиб, чин мўминлар қаторига ёзилишни истаганлар борми?! 

Қалбида Аллоҳни кўриш шавқи ва севгиси бўлганлар борми?! 

Аллоҳ таолонинг ушбу “У кунда баъзи юзлар яшнаб турувчи, Парвардигорларига боқувчидир” (Қиёмат, 22-23) оятида зикр қилинганлардан бўлишни хоҳлаганлар борми?! 

Ким юқорида саналган фойдаларни қўлга киритиб, шу орқали дангасаликдан, уйқу ғафлатидан қутулмоқчи?! 

Бу фоний дунёдаги оз фурсатни ғанимат билиб, охират саодатига эриштирадиган амалларни қилиб олмоқчилар борми?! 

Бир олим “Агар сен бугунги умматнинг салоҳияти, иймону ихлоси қай даражада эканлигини билмоқчи бўлсанг, масжидларда бомдод намозида неча саф одам намоз ўқиётганига боқ!” деган экан.

Агар сен нафсингни тергасанг ва муаззин “Ассолату хойрун минан навм” (Намоз уйқудан яхшироқ) деб нидо қилганда масжидга шошилсанг, у ерда ихлос билан бомдод намозини адо этсанг, таъриф қилиб бўлмас лаззату ҳаловатни ҳис этасан. Бир марта ўша ҳаловатни ҳис этганингдан кейин ҳеч қачон тонгги намозга ухлаб қолмайсан. Одамлар орасидаги бомдодга энг ҳарис, унга энг кўп аҳамият берувчи, унга кўп рағбат қилувчи, уни энг кўп яхши кўрувчи инсонга айланасан. 

Эй Аллоҳим, Сени зикр қилишимиз, Сенга шукр қилишимиз ва ибодатингни гўзал тарзда адо этишимиз учун бизга ёрдам бер! Бизларни яхшиликлар сари шошиладиганлардан қилгин! Гўзал хулқ ва солиҳ амаллар устида мусобақалашадиганлардан қилгин! Барчамизга бомдод намозини ва бошқа фарз намозларни ўз вақтида, масжидларда, жамоат билан адо этишни насиб эт ва буни бизларга осон айла, омин!


Муаллиф: Ҳасан Рамазон Бутий 

Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисда умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина, ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр давоми...

15546 05:00 / 31.12.2016
9дарс12МатнСўнгра рукуъ қилган ҳолда такбир айтардилар.12Матннинг далиллари۱ 1. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади давоми...

2913 05:00 / 09.01.2017
Баъзи намозхонларнинг намоз ўқиётганда қиём ҳолатида оёқлари орасини ҳаддан зиёд кенг қилиб ўқиётганига гувоҳ бўлиб қоламиз. Агар улар жамоат билан ўқишсалар давоми...

3957 05:00 / 09.01.2017
Оталардан бири айтади .Бир куни ўғлим намозга дангасалик қилди. Уни урмоқчи бўлдим. У ўзидан ўзи менга қараб .Эй ота Ҳали мен ўн ёшга тўлмаган бўлсам ҳам мени давоми...

2783 14:00 / 12.03.2022
Аудиолар

118789 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40740 14:35 / 11.08.2021