1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1431

Балки энди тўхтарсиз?!

20:18 / 19.04.2017 10511 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Сиздан ким бир гуноҳ ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин, агар бунга қодир бўлмаса тили билан қайтарсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”. Ҳадисдан

Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратди. Дунёдаги барча покиза нарсаларни унга ризқ қилиб берди. Бу ҳақда Роббул Оламийн Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

“Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик”. Исро сураси, 70-оят

Инсоннинг бошқа махлуқлардан фарқи унинг мукаррам қилинганлигидир. Унга энг покиза нарсалар ризқ қилиб берилди. Бу ёруғ дунёдаги барча мавжудотлар Одам болаларига беминнат хизматкор ўлароқ буйсундириб қўйилди. Албатта бундаги ҳикмат инсон ўз яратган Парвардигорини таниши ва унга ибодат қилиши, Унинг берган неъматларига шукр қилиши учундир.

Инсон бу дунёга ўйин-кулги учун, еб-ичиш учун ёҳуд ерда бузғунчилик, фитна-фасод қилиш учун яратилгани йўқ. Меҳрибон ва Раҳмли Парвардигоримиз Ўзи Қуръони Каримда бу ҳақиқатни ўз бандаларига баён қилди.

“Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир.” Ваз-Зориёт сураси, 56-58-оятлар.

Умр инсонга бир марта берилади. Умр шундай неъматки, қадрига етиш лозим бўлган неъматларнинг шукри айнан умр неъматига шукроналикдан бошланади. Инсонга ато қилинган умр неъмати уни ўз Роббисини таниши, Унга ибодат қилиши, ҳаёти давомида ҳалол-покиза турмуш кечириши учун василадир. Бу улкан имкониятдир, бу шарафли имтиҳондир, бу Аллоҳ розилиги қозониладиган ва шу орқали Унинг кенглиги осмонлар-у ердан ҳам кенг бўлган Жаннатига дохил бўлиш воситасидир. Бежизга уламолар дунёни охиратнинг экинзорига ўхшатишмаган. Кимдир мана шу экинзорни обод қилиб, яшнатади, кимдир эса уни пайхон қилиш билан охират ҳосилидан бебаҳра қолади.

Одам фарзандига берилган умр неъматининг завол бўлишига, унинг ҳам моддий ҳам маънавий камолотига тўсқинлик қиладиган, эгасини маҳрумлик ва гуноҳ ботқоғига чўктирадиган иллатлар борки, ундан сақланмоқ инсониятнинг муҳим вазифаси ва муқаддас бурчидир. Ана шундай жирканч, бузуқ иллатлардан бири, бири бўлганда барча иллатларнинг боши, барча гуноҳларнинг онаси ҳисобланган ичкиликбозликдир.

АЛЛОҲ ҲАРОМ ҚИЛГАН ИЧИМЛИК

Аллоҳ таоло Моида сурасининг 90-91-оятларида шундай марҳамат қилади:

“Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг хар биридан узоқ бўлингиз! Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!”

Аллоҳ таоло бу оятда маст қиладиган ичимликлар ичиш амалини бутларга сиғиниш, фолбинлик қилиш каби кишини ширк ва куфр ботқоғига чўктирадиган жирканч амаллар билан бир қаторда зикр қилмоқда. Киши ширкдан ва фолбинга ишониш амалидан ниҳоятда эҳтиёт бўлиши мумкин, лекин ароқ ичиш ва қимор ўйнаш каби амаллардан тўхтамайди. Бу оятда маст қилувчи ичимликлар буткул ҳаром қилинган ва Аллоҳ мўминларни бу каби амаллардан узоқда бўлишларини буюрган.

Айнан ичкилик воситасида шайтон инсонлар ўртасига адоват солиши ҳамда уларни Аллоҳнинг зикридан тўсиши таъкидланмоқда. Аллоҳни зикр қилишдек савобли ва намоз ўқишдек муҳим фарз амаллардан ғафлатда қолиш инсонни абадий бахтсизлик сари етаклашини шайтон жуда яхши билади. Шунинг учун имкониятининг барчасини ишга солиб инсон боласини гумроҳ қилиш йўлида васваса қилади. Ароқхўр кимса ароқ ичиш билан шайтоннинг дўстига ва кўмакчисига айланади. Бу эса унинг бадбахт эканлигига кифоя қилади.

СУННАТИ НАБАВИЙЯ АРОҚ ХАҚИДА

Расулуллоҳ (с.а.в) ҳам ўз умматларини маст қилувчи нарсалардан қайтарганлар. У зот марҳамат қиладиларки, “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”. Бу ҳадисдан билинадики, ҳар бир танани бўшаштирувчи, маст қилувчи нарсалар ҳаромдир. Бу нарса ҳозирда кўпинча ичкиликда яққол намоён бўлмоқда. Ароқ, коняк, вино, пиво каби воситалар борки, уларнинг барчаси ҳаромдир.  “Кўпи маст қиладиган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир”- дедилар Пайғамбаримиз (с.а.в)

Маст қилувчи ичимликлар сабабли лаънатланган кимсалар хусусида Росулуллох (с.а.в) марҳамат қиладилар: “Аллоҳ ароқни ҳам, уни ичувчини ҳам, қуйиб берувчини ҳам, сотиб олувчини ҳам, сотувчини ҳам, тайёрлатувчини ҳам, олиб келувчини ҳам, олиб келтирувчини ҳам лаънатлади”. Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлиб қолмаслик учун бундай амалларнинг бирортасига ҳам яқинлашмаслик керак.  

ТИББИЁТ НИМА ДЕЙДИ?

Ҳар бир давр ва жамият бу жирканч иллатга қарши азал-азалдан курашиб келган. Чунки, бу иллат халқлар учун моддий ва маънавий зарар манбаи бўлган. Тиббиёт ҳам ичкиликни қоралаган ҳолда унинг инсон вужудига, унинг насли ва зурриётига бўлган салбий таъсирини исботлаб берган. Шу боис ичкиликбозликни бартараф этиш шахс ва жамият баркамоллигини таъминлайди. Инсоният токи, ичкиликбозликнинг зарари ва унинг оқибатида ўзига етадиган зиён-заҳмат ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмагунича бу иллатдан қутулиши амри маҳолдай кўринади. Ҳозирда айримлар “нима бўлибди, китобларда харом дейилган бўлса, буни зарари билинмаяптику” деган сўзларни ҳам айтишмоқда. Тубанда ёзиладиган соф илмий далиллар ана шундай хом-хаёл эгаларига қарата айтилади.

Швейцарияда ўтган асрнинг бошларида аҳолини рўйхатга олишганда бир фактга эътибор қаратишди: мамлакатда тўққиз мингга яқин ақли заиф кишилар борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, уларнинг ҳаммаси узум ҳосилини йиғиш ва байрам кунлари она қорнида пайдо бўлган экан. Бундай пайтларда эса аҳоли ўртасида ичкилик кўп ичилиши кузатилган. Ёз ойларида, яъни ичкилик кам истеъмол қилинадиган пайтларда вужудга келган ҳомиладан нормал ривожланган болалар пайдо бўлган.

Тиббиётда микроцефалия деган касаллик бор. Бу юнонча сўздан олинган бўлиб, "кичик мия" деган маънони англатади. Шундай хасталик билан туғилган болаларнинг ақли заиф бўлади, сабаби алкоголнинг пушт ҳужайраларига тўғридан-тўғри таъсиридир.

Алкогол ичимликлари таркибида этил спирти мавжуд бўлган маҳсулотлар рўйхатидан жой олган. Этил спирти хусусида кўп бора қўлланилувчи шундай таъриф бор: тез ёнувчи, ўткир ҳидли рангсиз суюқлик, асаб тизимини аввал қўзғатувчи, сўнгра фалаж қилувчи наркотиклар сирасига киради. 70 кг вазндаги одам учун 560 грамм спирт халок қилувчи доза ҳисобланади. Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг 1975 йилдаги 28-сессиясида этил спирти кучсиз наркотик сифатида қайд этилган.

Сурункали равишда спиртли ичимликлардан истеъмол қилган одамнинг марказий асаб тизими ва нерв толаларида чуқур ўзгаришлар рўй беради. Марказий асаб тизимидаги ҳужайралар алкоголнинг заҳарли таъсирига ўта сезгир бўлади. Маълумки, марказий асаб тизими киши ҳаётида етакчи роль ўйнайди. Ҳозирги пайтда алкогол истеъмол қилишнинг зарарсиз миқдори йўқлиги ва алкоголнинг ҳар қандай миқдори миянинг кўпгина гуруҳ ҳужайраларига емирувчи таъсир кўрсатиб, қайтмас ўзгаришларни келтириб чиқариши аниқланган. Ҳар сафар ичгандан кейин асаб ҳужайраларининг маълум қисми ҳалок бўлади. Инсон миясида таҳминан 17 миллиарддан ортиқ асаб ҳужайралари бор. Ҳужайраларнинг муттасил ўлиб бориши аста-секин ақлий қобилият, ирода ва хотиранинг сусайишига олиб келади. Сурункали ичкилик гирдобига тушган кишиларда руҳий ожизлик билан боғлиқ алаҳлаш, алкогол тутқаноғи, алкогол тушкунлиги каби касалликлар кузатилади.

Ичкиликка муккасидан кетган кимсаларда "оқ алаҳсираш" хуружи бир неча кун давом этиб, асосан кечки ва тунги ичкиликдан кейин содир бўлади. Бемор ўзини қаерда эканлигини тасаввур эта олмайди. Бемор кўз ўнгида хаёлий мўъжиза ва қўрқинчли кўринишлар пайдо бўлади.

Ичкилик ичган одамда диққат-эътибор сусайиб, у ҳаракатларини йўқотиб қўяди. Бунда ақлий иш қобилият бузилади, гапиришлар қаттиқ бўлиб, мақтанчоқлик қилади. Буларнинг ҳаммаси оддий мастлик ҳолатига олиб келади. Мастлик — бу, алкогол билан ўткир заҳарланиш бўлиб, спиртли ичимликларнинг психотроп таъсиридан келиб чиқади. Бу инсоннинг руҳий, вегетатив асаб бузилишларига олиб келади.

Клиник манзараси. Мастликнинг қуйидаги турлари мавжуд:

I. Оддий мастлик ҳолати бўлиб, унинг 3 даражаси бор:

1. Енгил даражасида кайфиятнинг кўтарилиши, тетиклик, мамнунлик, ширин ҳаёллар пайдо бўлади. Бунда нутқнинг баланд бўлиши, тезлашиши, имо-ишораларнинг жонланиши, ҳаракатда аниқликнинг йўқолиши билан характерлидир. Бу даражадаги ичган одамлар бажараётган ишнинг ҳажми, сифати пасаяди. Вегетатив белгилардан юзнинг қизариши ёки оқариши, жинсий майлнинг ошиши намоён бўлади. Мастликнинг енгил даражасида барча воқеалар беморнинг хотирасида сақланиб қолади.

2.Ўртача оғир даражаси — бунда, кўтаринки кайфият, жаҳлдорлик, тажанглик, хафачилик бўлиб туради. Маст киши ўз қобилиятини юқори баҳолайди, ўз-ўзини танқид қилиш пасаяди, ҳаракатнинг чуқурроқ бузилиши, атаксия ва дизартрия намоён бўлади. Фикрлашнинг сусайиши, нутқнинг секинлашуви, бир сўзни қайта-қайта такрорлаши пайдо бўлади. Беморнинг диққат эътибори пасаяди.

3. Мастликнинг оғир даражаси — бунда, карахтлик белгилари пайдо бўлиб кома ҳолатига тушади. Бунда беморларда мувозанат бузилади, мушаклар атонияси, амимия, дизартрия белгилари намоён бўлади. Беморларда бош оғриқ, бош айланиш, кўнгил айниш, қусиш, нафас олиш ва юрак қон-томир фаолиятида ўзгаришлар бўлади. Натижада, қўл-оёқларнинг совуқ қотиши, кўкариб қолиши, ҳароратнинг пасайиши, тутқаноқ хуружлари пайдо бўлиб, ихтиёрсиз тагига сийиб юбориш ва ахлат чиқиши кузатилади. Мастлик ҳолатининг бу даражасида киши хотираси бутунлай сақланмайди.

II.Оддий мастликнинг ўзгарган тури — бу, асоратли мастлик бўлиб, бунда руҳий бузилишлар кучайиб ёки пасайиб кетади. Оддий мастликнинг қуйидаги ўзгарган тури мавжуд.

1.Эксплозив тури — мастликка хос баланд кайфият камроқ бўлиб, қисқа вақт бўладиган жаҳлдорлик, норозилик билан алмашиниб туради.

2.Дисфорик тури — бунда, руҳий таранглик, ғамгинлик, жаҳлдорлик, тушкунликка тушиш, атрофдаги кишиларга хавф солиш пайдо бўлади.

3.Истерик турида ҳаракатнинг бузилиши бўлиб, қўлларини қийшайтириб, безовталанади, бунда ўзига енгил жароҳат етказиши мумкин. Беморда истерик тутқаноқ хуружи пайдо бўлиши мумкин.

4.Депрессив тури – кайфиятнинг пасайиши бўлиб, беморлар кўпинча, йиғлайдилар, ғамгинлик, безовталаниш, ўзига суиқасд қилиш фикрлари пайдо бўлади.

5.Сомноленсия тури — қисқа вақт кўтаринки кайфиятдан сўнг, уйқу келиши ва ухлаб қолиш мумкин.

6.Эпилептоид турида эпилепсия хуружи ва ҳаракат қўзғалишлари кузатилади.

7.Параноид тури — бунда, ҳаракат ва нутқ қўзғалиши кучайиб, атрофдаги кишиларни ҳақорат қилади, уруш ва жанжал қилади.

III.Касалликка хос мастлик ўта ўткир ўткинчи психоз бўлиб, спиртли ичимлик ичиш натижасида пайдо бўлади. Ҳушнинг қоронғилашуви, уйқуга кетиш, руҳий ёки жисмоний толиқиш билан кечади. Бу ҳолат эркакларда бўлиб, қалтис ҳаракатлар билан ўтади ва тўлиқ амнезия билан тугайди. Алкоголни тез-тез истеъмол қилиш натижасида, одам унга ўрганиб қолади ва сурункали алкогол касаллигига олиб келади. Сурункали алкогол касаллигининг қуйидаги босқичлари мавжуд:

 1. Асосий белгиси ичкиликка хос мойиллик (интилиш) бўлиб, оддий ичикиликбозликдан касалликка ўтишдан далолат беради. Бирламчи ичкиликка мойиллик фақат ичкилик ичиш билан ўтадиган маросим пайтида пайдо бўлади. Беморлар ичкилик ичиш мақсадида, бундай маросимларни ўйлаб топадилар ва тезлатадилар. Ўзлари эса жонланиб кетадилар. Ҳамма ишларни ташлаб, ичкилик ичишга шошиладилар, агар беморлар олдида тўсиқлар пайдо бўлса, уларнинг руҳияти, кайфияти пасайиб жаҳлланадилар, қониқарсиз бўлиб қоладилар. Биринчи босқичда беморлар маст бўлишлари учун ичкилик миқдорини 2—3 баробар ошириб ичадилар. Ичкиликка чидамлиликнинг ошиши қайт қилишнинг йўқолиши билан кузатилади ва мастлик ҳолатига олиб келади. Беморлар бу мастлик ҳолатидаги воқеаларни хотирада сақлаб қолмайдилар (гиёҳванд амнезия.)

 2. Касалликнинг биринчи босқичдаги белгиларнинг кучайиши билан абстинент белги (бош оғриқ) пайдо бўлади. Бунда беморда мастлик тугаши билан беҳоллик ва вегетатив ўзгаришлар кузатилади. Бош оғриқ, бош айланиш, юрак уриши, юз ва кўз олмасининг қизариши, тинка қуриши, ланжлик пайдо бўлиши билан давом этади. Бу ҳолат 152 кечаю-кундуз пайдо бўлади. Агар бемор озгина ичса, унинг аҳволи яхшиланади. Алкоголизм ривожланиб борса, абстинент ҳолати ҳам оғирлашиб боради.

 Бунда вегетатив ўзгаришлар билан бирга соматик ўзгаришлар ҳам қўшилади. Буларга юрак қон томир уришининг бузилиши, иштаҳанинг камайиши, ич бузилиши, қайт қилиш, қориндаги оғриқлар. Асаб — руҳий соҳасида эса бутун танада титроқ, хавотирлик, васвасалар, ўз-ўзини айблаш, жаҳлдорлик, кўролмаслик, ёмон туш кўришлар, галлюцинациялар пайдо бўлади. Абстинент ҳолати 2—5 кун давом этиб, беморлар эрталабдан бош оғриқ учун ичадилар. Бунда беморни ичкилик ичишдан тўхтатиб бўлмайди. Ичкиликка бўлган чидамлилик бир неча йил давом этади. Беморларда мастлик ҳолати ўзгаради, эйфория даври қисқариб, психопацимон ҳолатлар учрайди. Ичкиликбозликнинг доимий турида беморлар ҳар куни ҳафта, ойлар, йиллар давомида кўп ичадилар. Ичкиликлар ораси қисқа бўлади. Ичкиликбозликнинг даврий турида ёлғон сурункали ичиш бир неча кундан бир неча ҳафтагача давом этади. Алкоголизмнинг иккинчи босқичида соматик кардиамиопатия, жигарнинг ёғ босиши, гастрит ва ижтимоий (оила бузилиши, иш алмаштириш) оқибатлар кучли бўлади.

3. Ичкиликка бўлган чидамлиликнинг камайиши касалликнинг 3-босқичга ўтишини билдиради. Бунда беморлар оз-оздан кун бўйи ичади. Бир неча ҳафтадан бир неча ойга чўзилади. Ичкиликнинг биринчи куни кўп ичиб, охирги кунлари эса ичкиликка чидамлилик камайиб боради. Жисмоний ўзгаришлар юзага келиб, бутунлай ичмай қўядилар. Беморлар уятсиз, шарм-ҳаёсиз, уришқоқ, ёлғончи бўлиб қоладилар. Бунда гепатит, юракдаги ўзгаришлар тузалмайдиган даражага келади. Касалликнинг кечиши ичкилик ичгандан унинг иккинчи босқичи бошлангунча, 6—7 йил вақт ўтади. Бу тез ривожланган тури ҳисобланади. Ўрта ривожланган тури 7—15 йилгача, аста секин ривожланган даврида 15 йилдан кўпроқ вақт ўтади. Бу дегани инсон ўзи сезмаган ҳолда вужудини касалликлар ва ғам-ғуссага топшириши демакдир.

Бу келтирилган илмий маълумотлар денгиздан бир томчи ҳолос. Кўпчилик ичувчилар бу каби илмий хақиқатларни жуда яхши биладилар, билиб туриб ҳам бу иллатдан қутула олмайдилар. Албатта бу иллатни таг-томири билан қўпориш учун инсондан жуда катта ҳиммат, сабр-тоқат талаб қилинади. Нафақат бу ичкиликбозлик иллати, барча жирканч иллатларнинг бош сабаби бандада Аллоҳ таолодан бўлган қўрқувнинг йўқлиги, бўлса ҳам заифлигидандир.

 Жамият ичида ичкиликбозликнинг илдиз отиши жуда ачинарли ва мудҳиш фожеадир. Бу шундай фожеаки, ичкилик сабабли инсон ўзини аста-аста ажал гирдобига ташлайди.

АРОҚХЎРЛИКНИНГ АЙРИМ ЖИРКАНЧ КЎРИНИШЛАРИ

Минг афсуслар бўлсинки, бугунга келиб муқаддас китобимиз бўлмиш Қуръони Каримда харом қилинган, пайғамбар (с.а.в) умматларини истеъмол қилишдан огоҳлантирган, кўпгина маъсиятларга сабаб бўлаётган, инсон жисмини ва руҳини емирадиган заҳри қотил дўкон расталарида савлат тўкиб турибди. Таассуфки, мусулмонлик даъвосини қилаётган бечоралар умумий овқатланиш жойларида, кафе ва барларда бу шайтон сувини ҳеч тап тортмай сипқормоқдалар. Маросимлар, никоҳ тўйлари бу шайтон сувисиз ўтмай қолди. Шаффоф қадаҳларга қуйиб ичилаётган бу ичкиликни аслида жаҳаннам оловига улоқтирувчи иблиснинг заҳри эканлигини ҳеч ким билмайди. Иблис гуноҳни бандага жуда чиройли қилиб кўрсатади, банда гуноҳи эвазига жаҳаннамга қулаётганлигини сезмайди. Ичкилик ичаётган кимсалар ҳозирда шундай бадбахтликка ҳам боришмоқдаки, эшитган одам дахшатга тушмай иложи йўқ. Аллоҳ харом қилган бу ичимликни Аллохнинг исмини айтиб туриб ичишгача етиб боришмоқда. Даврада ўтирган майхўрлар маросим сабабчиси бўлган дўстларига тилак билдириш баҳонасида қадаҳ тўлдириб, гўзал сўзларни айтишади.

“Биродаримизни Аллоҳ умрларини узоқ қилсин!”

“Дўстимизнинг топганларини Аллоҳ тўйларга сарф қилишини насиб қилсин!”

“Туғилган чақалоқ ризқи кенг, сердавлат бўлсин!”

Астағфируллоҳ! Аллоҳга маъсият бўладиган амал билан гўзал тилак ва дуоларини айтмоқдалар. Албатта бу гаплар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишларига кифоя.

Ўша майхўрлар яна шундай даъволарни ҳам қилишадики, бу даъволари мусулмон умматига доғ бўлиб тушаётган хасталиклардан биридир. Уларнинг фикри ожизича, хафта мобайнида хоҳлаган ишини қилиб, тўйгунича ичиб, сўнгра жума куни масжидга бориб, жума намозини адо қилса, ҳафта орасида қилган бу маъсиятлари кечирилар эмиш. Яна бир бор астағфируллоҳ! Ривоятларда келадики, маст қилувчи ичимликни ичган кимсанинг намози қирқ кунгача қабул қилинмайди.

Маст қилувчи ичимликни никоҳ тўйларида истеъмол қилиниши ҳам битмайдиган яра сингари хатарли дарддир. Уйланиш, никоҳ тўйи қилиш пайғамбар (с.а.в)нинг суннатларидир. Ўша суннат амал устида ҳам гуноҳ маъсият қилиш нақадар пасткаш иш эканлиги эса ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Айрим тўйларда тўй оқшомидан олдин халққа таом тортиб, эҳсон қилиш одатга айланган. Мусулмончилик зийнати бўлсин деб аҳли илм кишиларни таклиф қилиб, хатми Қуръон, дуои фотиҳа қилиш албатта савобли ишлардан саналади. Ачинарли жиҳати шундаки, хатми Қуръонни ўтказибоқ 2-3 соат ўтар-ўтмас айнан ўша қорилар ўтирган хонадонда ароқхўрлик, фисқ мажсили бошланиб кетади. Бундай ўтказилган илм мажлиси, Қуръон тиловати билан қандай қилиб Аллоҳнинг ҳузурида савоб касб қилиш мумкин?! Ахир бу Аллоҳнинг муқаддас каломига, илмга бўлган ҳурматсизликку! Бу ҳозирги кунимизнинг энг ачинарли дардларидан биридир. Бу дардни даволашда ҳар ким қўлидан келганича, имконияти борича ҳаракат қилмоғи лозимдир.

АРОҚХЎРЛАРГА БЎЛАДИГАН МУНОСАБАТ

Маст қилувчи ичимликларга муккасидан кетган кимса ҳурматга лойиқ эмас. У ўзининг жирканч қилмиши билан жамият орасидаги ўз ҳурматини йўқотади. Ундай иллатга ружу қўйганлар ўз оиласида ҳам, жамиятда ҳам муносиб ўринларини эгаллай олмайдилар. Уйига ароқ ичиб, маст бўлиб келадиган ота қандай қилиб фарзандларига яхши ўрнак бўла олсин. У маст-аласт юриши билан кўпчиликка озор етказишининг ўзи ҳам атрофдагиларни унга нисбатан бўлган илиқ муносабатлардан тўсади.

Маст қилувчи ичимлик ичадиган кимсага қандай муносабатда бўлиш хусусида ўтган салафи солиҳларнинг тутган йўллари барчага ўрнак бўларлидир. Абдуллоҳ ибн Амр (р.а) айтадилар: “Ароқ ичувчилар бетоб бўлишса, уларни зиёрат қилгани борманглар”.

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а): “Ароқ ичувчиларга салом берманглар” деб айтганлар. Албатта бу уларга қаттиқ таъсир қилиши мумкин. Баъзилар одамлардан уялиб бўлса ҳам бир ёмон амалдан ўзини тийиб туради.

Баъзи уламоларимиз айтган эканлар: “Ароқ ичувчиларни зиёрат қилиш ва уларга салом бериш ман қилинганининг боиси, ароқ ичувчи лаънатланган, фосиқдир. Агар у сотиб олиб ичса, икки марта лаънатланган, бошқа бировга ҳам қуйиб берса, уч марта лаънатланган. Агар улар тавба қилсалар, уларни яна зиёрат қилиш ва салом бериш жоиз бўлади. Кимки тавба қилса, Аллох унинг тавбасини қабул қилади”.    

ИЧКИЛИКБОЗЛИКНИНГ ОХИРАТДАГИ ЖАЗОСИ

Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Маст қилувчи ичимликни ичган кишини “Тийнатул хобал”дан суғориш хусусида Аллоҳ ҳузурида аҳд, қатъий қарор бор”-дедилар. “Ё Расулуллоҳ, “Тийнатул хобал” нима?” деб сўрашган эди, “Жаҳаннам аҳлининг терлари ёки улардан ажралган суюқлик”, дея жавоб бердилар.  

Бошқа ривоятларда маст қилувчи ичимликларни ичишга мубтало бўлган кимсаларга бунданда қаттиқроқ жазолар берилиши огоҳлантирилган.

Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: “...Кимки маст қилувчи ичимлик ичишга муккасидан кетган ҳолида вафот этса, Аллоҳ уни “Гувта” дарёсидан суғоради”, дедилар. “Гувта” дарёси нима?” деб сўрашди, “У фохишаларнинг уят жойларидан оқадиган бир дарёдир. Бундан дўзах аҳли ҳам озорланадилар” деб жавоб бердилар.

Ҳадиси шарифларда маст қилувчи ичимлик ичадиган кимсаларга охиратда бериладиган жазолар тўғрисида жуда кўп огоҳлантиришлар келган. Мўмин киши албатта бу ҳадисларга чин дилдан ишониб, иймон келтирмоғи лозим. Лекин кишида ғайбга бўлган иймон сусайиб қолса, бу каби қайтариқлар, огоҳлантиришлар унга таъсир қилмайди, қалби муҳрланиб қолади. Бу дунё ҳаёти охират ҳаёти олдида бир туш кабидир. Одамлар уйқудадирлар, ўлгач уйғонадилар. Бу дунёда нафсининг хоҳишини ўлдира олмаганлар, қиёмат кунида жаҳаннамга ҳукм қилингач, у ерда ўлимни орзу қилишади. Лекин охиратда ўлим йўқ. Ё абадий роҳат бор, ё абадий азоб.  

ДОНОЛАР ИЧКИЛИК ҲАҚИДА

Ичкилик болаларнинг касалманд ва нимжон бўлиб ўсишларига сабаб бўлади.

(Гиппократ)

Маст бўлиш ўз ихтиёри билан ақлдан озишдир. (Арасту)

Ҳар қандай хужум ва жиноятлар ҳам халқни ва халқ бойликларини ичкиликдек

қийратмайди. (Ф. Бекон)

Ичкиликбозлик - барча иллатлар асосидир. (Абул Фараж)

Ичкиликбоз одам на ақлий жихатдан, на ахлоқий жихатдан оддинга қараб юрмайди. (Л. Н. Толстой)

Мастлик - ақлдан озиш машқидир. (Пифагор)

Маст одам соғлиқ пайтида етти ухлаб тушига кирмаган ёмон ишларни қилишга қодир. (Ж. Лондон)

Бадмастга дамодам ичмоғидин не бахр,

Ки одамийлик қатлиға ичар қадах-қадах захр. (Алишер Навоий)

Майхўр хаёт қадрини билганда эди, майни дўстларига эмас, душманларига ичирган

бўларди. (Абул Аъло ал Мааррий)

Шароб захарларнинг биридир. (Абу Али ибн Сино)

Асрлар оша бир неча бор унга (ароқ, винога) ўлим хукми чиқарилган бўлса хам, озодликда юрибди. У одамзотга не-не бахтсизликлар келтирди. (И А. Сикорский)

Эр қанча кўп ичса, хотини ва болалари шунча кўп кўз ёш тўкади. (А. А. Семашко)

Ичкилик иллат, келтирар кулфат. (Ўзбек мақоли)

Уч нарсага хавас қўйма: ичкиликка, аёлларга, бойликка. (Хитой мақоли)

Ичкилик келган жойдан уят қочади. (Испан мақоли)

Жинни мастга йўл беради. (Инглиз мақоли)

«Саломатлик учун» деб кўп ичганлар қабристонга вақтли келадилар.

(Немис мақоли)

Ичкилик кучлини кучсиз, олимни ақлсиз қилади. (Франсуз мақоли)

Мастдан қутурган ит ҳам қочади. (Мўғул мақоли)

Ароқ билан саломлашган ақл билан хайрлашади. (Гуржи мақоли)

Эшак - ортидан, эчки - олдидан, маст эса ҳар томонлама хатарли. (Арман мақоли)

Ичкиликбозлик кўпайган жойда касал ҳам кўп бўлади. (Яҳудий мақоли)

Ароқ ичиш ва кўп ухлаш - камбағалликка олиб келади. (Япон мақоли)

Шамол чўғни, ароқ нафратни аланга олдиради. (Фин мақоли)

Ичкилик оқибатида ақл сўнг инсон ўлади. (Тамил мақоли)

НИМА ҚИЛМОҚ ЛОЗИМ?

Ўтган асрда АҚШда алкоголизмга қарши айрим амалиётлар ўтказилган. Бу амалиётларда бир миллиондан ортиқ саҳифа чоп этилган, неча минг кишига қаттиқ жазо чоралари кўрилган, лекин барибир бу самарасиз якун топган. Собиқ Совет иттифоқида ҳам АҚШдаги каби чора-тадбирлар амалга оширилган бўлсада, барибир бу ҳам омадсиз якун топган.

Истанбулда нашр қилинган ”Туркия” газетасининг 1979 йил 17-март сонида айтиладики, АҚШ соғлиқни сақлаш институтида тайёрланган маълумотда мазкур мамлакатда бир йилда икки юз минг кишининг ўлимига спиртли ичимликлар ичиш сабаб бўлганлиги кўрсатилади. Уларнинг кўпчилиги жигар циррозидан ва ичиб машинанинг рулига ўтириш оқибатида ҳалок бўлганлардир.

Француз врачи Деммэ 28 йил давомида ўнта оилани кузатган. Бу оилаларда эр ҳам, хотин ҳам ичкиликка берилган. Бу оилаларда 57 та бола туғилган, улардан 25 таси ёшига етмай ўлган, 5 тасида тутқаноқ, 5тасининг бош миясида сув, 12 таси жинни бўлган. Фақат 10 та бола нормал туғилган.

Америкада 1920 йил (ичкилик ичиш ман қилинган йили) мингта аҳолидан 13 киши алкаголдан ҳалок бўлса, 1925 йилда ичкилик тарқалиши биланоқ мингта одамдан 86 таси мастликдан ўлган.

70 фоизга яқин қотиллик, 80-90 фоиз безорилик асосан мастлик оқибатида рўй беради.

Агар спиртли ичимликлар истеъмол қилиш 35 фоизга камайтирилса, қотиллик 40 фоизга, безорилик эса 25 фоизга камайишини мутахассислар таъкидлашади.

Дунё бўйича бу иллатга чалинмай саломат келаётган миллат ислом миллатидир. Аллоҳдан ҳақиқий маънода қўрққан мусулмонлар бу каби ҳаром амалларнинг яқинига ҳам йўламайдилар. Бу дарддан даволанишда кишида авваламбор Аллоҳдан бўлган қўрқув, сабр-тоқат ва охиратдан умидворлик ҳисси бўлиши керак. Агар киши қалбида шу сифатлар мавжуд бўлса бошқа чораларга ўрин қолмайди. Нажот, саломатлик, тинчлик исломдадир. Бу ҳақиқатни ҳозирда мусулмонмас тоифалар ҳам эътироф этишмоқда. Ислом уламоларининг бу борадаги ютуқлари кўпчиликнинг таҳсинига сазовор. Улар яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришади. Биргина шу сифат билан бошқа динлар, тузум ва жамиятлар амалга ошира олмаётган ишларни ислом уламолари Аллоҳнинг мадади ила уддалаб келмоқдалар.

Бу сифат ислом уламолари сийратларида мавжуд экан, ислом уммати равнақ топади. Агарда бу умматдан яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш сифати кўтарилса худди Пайғамбар (с.а.в) айтганларидек: «Жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, албатта, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар. Бўлмаса, Аллоҳ сизга Ўз ҳузуридан азоб юборади. Сўнгра дуо қилсангиз ҳам дуоларингиз қабул бўлмайди». Бу иллатнинг жамият ичида илдиз отишига йўл қўйиб берилар экан, худди ҳадисда айтилганидек, Аллоҳнинг азоби келмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу-қуруқ баробар ёнади” деганларидек бир тўда ароқхўрларни касрига бутун бир жамият барбод бўлиши мумкин.

Пайғамбар (с.а.в): “Сиздан ким бир гуноҳ ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин, агар бунга қодир бўлмаса тили билан қайтарсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”- деганлар. Ичкиликбозлик иллатига ҳар бир жамият аъзоси ким бўлишлигидан қатъий назар қарши курашмоғлиги лозимдир. Жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари кўмагида бу иллатнинг нақадар улкан хатар эканлигини билдириш лозимдир. 


Умиджон Турсинов,

 Наманган вилояти


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, оғизни поклашда мисвок ишлатиш суннат амаллардан ҳисобланади. Набий с.а.в. Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан давоми...

14076 20:17 / 19.04.2017
Глобализация жараёни бутун инсониятга ижобий ҳодисалар олиб кeлиши билан бирга ўзининг салбий қирраларини ҳам намоён қилаётгани кўп таъкидланмоқда. Умуман давоми...

3056 19:53 / 19.04.2017
Ҳозирги кунда, кишиларнинг ҳаётига ҳам, атроф муҳитга ҳам кўп зиён келтиргувчи нарса бу шаробхўрлик, яъни алкоголизмдир. Қанчадан қанча мутахассислар бунга давоми...

5336 20:45 / 19.04.2017
Ushbu maqolalar www.truthsforkids.com bolalar uchun oylik jurnal, 1sonidan olingan boaposlib sayt rahbariyati ruhsati bilan tarjima qilindi. Barcha tarjimalar qilingandan soaposng saytga oaposzbek tilidagilari kiritiladi BiizniAlloh. Bularni tarjima qilishdan niyyatim bolalarimiz bizga давоми...

8630 20:43 / 19.04.2017
Аудиолар

118799 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40749 14:35 / 11.08.2021