1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 87-оят

08:20 / 13.10.2017 3259 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Батаҳқиқ, Мусога китобни бердик ва унинг ортидан расулларни кетма-кет юбордик. Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизаларни бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик. Қачон бирор расул нафсларингиз истамайдиган нарса келтирса, мутакаббирлик қилиб, бир гуруҳини ёлғончига чиқариб, бир гуруҳини қатл қилаверасизми?! Бақара 87. 

Ушбу ояти каримадан кўриниб турибдики, Бану Исроил фақат Муҳаммад алайҳиссаломга эмас, балки Мусо алайҳиссаломдан кейин кетма-кет келган ҳамма пайғамбарларга ҳам душманлик муносабатида бўлган эканлар. Аллоҳ таоло ўша ҳақиқатни уларга эслатиб:

«Батаҳқиқ, Мусога китобни бердик ва унинг ортидан расулларни кетма-кет юбордик»,  демоқда. Бану Исроилга юборилган пайғамбарларнинг охиргилари Ийсо ибн Марям алайҳиссаломдирлар.

«Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизаларни бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик»,  дейди Аллоҳ таоло. У Зот Ийсо алайҳиссаломни очиқ-ойдин мўъжизалар ҳамда Муқаддас руҳ ила қўллаб-қувватлаганини ҳам эслатмоқда. Аллоҳ таоло у кишини ўликни тирилтириш, кўр туғилганларнинг кўзини очиш, пес туғилганларни даволаш каби равшан мўъжизалар билан ва Муқаддас руҳ – Жаброил фаришта билан қўллаб-қувватлади. Бану Исроил эса у зотга нисбатан қўлидан келган барча ёмонликларни қилди. Иш шунгача бориб етдики, улар Ийсо алайҳиссаломни ўлдиришга ҳаракат қилишди. Яҳудийлар ушбу икки улул азим пайғамбар – Мусо ва Ийсо алайҳиссаломлар ўртасида келган пайғамбарларнинг баъзиларини (Закариё ва Яҳё алайҳиссаломга ўхшаганларни) ўлдирдилар, қолганларини ёлғончига чиқардилар.

Ояти каримадан мазкур пайғамбарлар келтирган нарсалар Бану Исроилнинг ҳавойи нафсига хуш ёқмагани маълум бўлади. Орада уларнинг хоҳишига мос нарса келиб қолса, қабул қилишади. «Аллоҳнинг айтганини қиляпмиз», – деб мақтаниб ҳам қўйишади. Пайғамбар келтирган нарса уларнинг хоҳишларига мос келмаса, «Сен ёлғончисан, Аллоҳнинг номидан ўзинг хоҳлаган нарсани айтяпсан, бизни ўз хоҳишингга мажбур қилмоқчисан», – деб туҳмат қилишади. Баъзан ҳатто ўзларига Аллоҳ таоло томонидан пешво этиб юборилган пайғамбарларни ўлдиришдан ҳам тоймайдилар.

Аллоҳ таоло мусулмонларга ўрнак бўлсин, аҳли Ислом ҳам яҳудийларнинг хатоларини такрорлаб, улар учраган бало-офатларга учрамасинлар, деб Ўзининг каломи илоҳийсида Бану Исроилнинг бу қилмишларини баён қилмоқда. Мусулмонлар албатта бундан тегишли хулоса чиқармоқлари лозим. Ҳеч кимга сир эмас, Аллоҳнинг каломига, Набий алайҳиссаломнинг суннатларига чақирган буюк уламолардан қанча-қанчалари қатл этилди, қамалди, қанчадан-қанча ҳақгўй уламолар ёлғончига чиқарилди, қораланди, айбсиз айбланди ва айбланмоқда. Бундай ишлар ҳануз давом этмоқда. Ул азизларнинг бирдан-бир айблари – Аллоҳнинг амрини бузмай, одамларнинг, хусусан, нобакорларнинг ҳавойи нафсига тўғри келмаса-да, тўғрилигича етказганларидир.

  Шуни унутмаслик керакки, Аллоҳнинг шариати кишиларнинг ҳавойи нафсларига мослашиш учун эмас, балки уларнинг устидан ҳоким бўлиб, тўғри, илоҳий йўлга солиш учун келган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозни қоим қилинг, закотни беринг. Ўзингиз учун нимаики яхшилик тақдим қилсангиз, уни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингизни давоми...

3447 12:25 / 07.11.2017
Аллоҳ уларнинг сир тутгану ошкор қилган нарсаларини албатта билишини билмайдиларми Бақара 77. Зикр қилинган бу ҳол яҳудийларнинг диний олимларига оид. Авом халқнинг ҳоли келаси оятда баён қилинади.

3022 09:00 / 30.09.2017
Эсла, Роббинг фаришталарга .Албатта, Мен ер юзида халифа қилувчиман,, ndash деди. Улар .Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қиласанми Ҳолбуки, биз Сени давоми...

2950 10:40 / 11.08.2017
Бақара 11. Ва қачон .Ер юзида бузғунчилик қилманг,, ndash дейилса, .Биз фақат ислоҳ қилувчилармиз,, ndash дерлар.Мунофиқлар ўз табиатларидан келиб чиқиб, ер юзида давоми...

3412 21:55 / 19.05.2017
Аудиолар

120095 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41764 14:35 / 11.08.2021