1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 85-оят

08:40 / 08.10.2017 3482 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кейин эса сиз шундайсизки, ўзингиз ўзингизни ўлдирасиз ва бир гуруҳингизни диёридан чиқарасиз ҳамда уларга қарши гуноҳ ва душманлик йўлида ёрдам берасиз. Агар асир бўлсалар, товон тўлаб, қутқариб оласиз. Ҳолбуки, уларни чиқариш сизга ҳаром қилинган эди. Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми?! Сизлардан бундай қилганларнинг жазоси дунёда фақат шармандаликдир, Қиёмат кунида эса энг шиддатли азобга қайтарилурлар. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир. Бақара 85.

Мадинаи Мунаввара араблари, аввал айтиб ўтганимиздек, икки қабилага – Авс ва Хазраж қабилаларига бўлинган эди. Улар ширк аҳли бўлиб, жаҳолатда эдилар ва жоҳилият аҳли сифатида тез-тез бир-бирлари билан урушиб турар эдилар. Мадинаи Мунаввара яҳудийлари эса уч қабила бўлиб, Бану Қайниқоъ қабиласи арабларнинг Хазраж қабиласи билан дўст эди. Бану Назир ва Бану Қурайза эса Авс қабиласи билан дўст эди. Агар араблар бир-бирлари билан урушиб қолсалар, ораларидаги дўстлик келишувига биноан, яҳудийлар ҳам ҳар қайсиси ўзи дўст бўлган қабила тарафида туриб, урушга чиқар эдилар. Натижада яҳудийлар бир-бирларини ўлдирар, диёрларидан ҳайдаб чиқариш ҳоллари юз берар эди. Булар эса оятда таъкидланган аҳду паймонни бузишдир. У аҳду паймон Тавротда ёзилган, яҳудийлар уни ўқиб туришади, ҳукмини билишади. Арабларнинг жоҳилият аҳли эканликлари, самовий китобдан, илоҳий кўрсатмадан умуман бехабар эканликлари бўлаётган урушларда улар учун узрдир. Аммо самовий китоб эгаси, Мусо алайҳиссаломдек улуғ пайғамбарнинг уммати бўла туриб, яҳудийларнинг бир-бирларини ўлдиришга ва диёрларидан чиқаришга қандай узрлари бўлиши мумкин? Ахир улар доимо аҳли китоб эканликлари билан мақтаниб юрадилар-ку? Шунинг учун ҳам улар агар Тавротга мувофиқ бирор иш қилсалар, дарров фахрланишга ўтадилар. Жумладан, мазкур урушлар тўхтаб қолганда, яҳудий асирларни товон тўлаб, озод қилиб олар эканлар. Аҳволни тушунган баъзи одамлар:

«Кечагина булар билан урушиб турган эдингиз, бугун нимага товон тўлаб, асирликдан озод қилиб оляпсиз?» – деб сўраса, улар:

«Тавротда «Бану Исроилдан қўлга тушганини кўрсанг, албатта олиб, озод қил», деб айтилган, шунга амал қилдик», – дейишар экан. Аслида эса Тавротда ўша қўлга тушганни диёрдан чиқариш, унга қарши урушиш ҳам ҳаром қилинган. Лекин улар бу тўғрида оғиз очмас эканлар.

Шунинг учун ҳам оятда:

«Агар асир бўлсалар, товон тўлаб, қутқариб оласиз. Ҳолбуки, уларни чиқариш сизга ҳаром қилинган эди», –дейилди.

Уларнинг бу иши Тавротнинг баъзи жойига иймон келтириб, баъзи жойига куфр келтиришдан бошқа нарса эмас.

Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан хабардордир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақда ихтилофга тушганингизни эсланг. Аллоҳ сиз беркитган нарсани чиқарувчидир. Бақара 72. Ҳа, Бану Исроил ўз ичидан бир одамни ўлдириб, давоми...

2898 09:00 / 23.09.2017
Ва улар .Олов бизга фақат саноқли кунлардагина тегади,, ndash дедилар. Сен .Аллоҳнинг ҳузурида аҳд олдингизми Зотан, Аллоҳ аҳдига ҳеч хилоф қилмас. Ёки Аллоҳга давоми...

3025 08:05 / 03.10.2017
Эй иймон келтирганлар Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқойдин душмандир. Бақара 208.Маълумки, .Ислом, сўзи .Аллоҳга давоми...

3939 23:55 / 15.02.2018
Кимки васият қилувчидан тойилиш ёки гуноҳ содир бўлишидан қўрқиб, уларнинг орасини ислоҳ қилса, унга гуноҳ йўқ. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. давоми...

2691 08:30 / 20.01.2018
Аудиолар

120306 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41944 14:35 / 11.08.2021