1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара 1. Алиф лаам мийм.

19:50 / 10.05.2017 4079 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бақара 1. Алиф лаам мийм.

Қуръони Каримнинг йигирма тўққиз сураси юқоридагига ўхшаш ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган: баъзилар «Ҳуруфул муқаттаот» – «кесик ҳарфлар» десалар, бошқалар «Ҳуруфул ҳижо» – «алифбо ҳарфлари» дейдилар, учинчилари эса «Фавотуҳус сувар» – «сураларни очувчилар» деб атайдилар.

Бу ҳарфларга турлича ном берилганидек, баъзи сураларнинг улар ила бошланишидан кўзланган мурод ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар айтилган. Бу ҳақда махсус баҳслар ҳам бор. Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар, бошқалари: «Бу Аллоҳ билан Набий алайҳиссалом ўрталаридаги сир», – дейдилар. Бошқа бирлари эса уларга ўзларича бошқа маъно берганлар.

Ихтилофнинг асосий сабаби, улар ҳақида на Набий алайҳиссаломнинг ўзларидан ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир. Шубҳасиз, улар бу ҳарфлардан мурод нималигини яхши билганлар, шунинг учун ҳам бир-бирларидан сўрамаганлар ва ривоят қилмаганлар. Саҳобаи киромларнинг одатлари – улар билмаган нарсаларинигина сўрар эдилар. Улар улуғ зотлар бўлиб, елкаларида Ислом динини бутун дунёга тарқатишдек улкан масъулият ётганини тўлиқ тушунар ва асосий эътиборни шунга қаратардилар. Билган нарсалари ҳақида тортишувларга тоқатлари ҳам, вақтлари ҳам йўқ эди.

Кўпгина тафсирчилар, айниқса, тафсирчиларнинг кейинги авлоди: «Баъзи сураларнинг мазкур ҳарфлар ила бошланиши арабларга «Қуръон сизлар ишлатиб юрган «алиф», «лам», «мим»га ўхшаш ҳарфлардан тузилган. Қўлларингиздан келса, сизлар ҳам шунга ўхшаш нарса тузинглар-чи», деган маънони англатиш учун қилинган», – деганлар.

Аввал эслатганимиздек, Қуръони Карим нозил бўлаётган даврда араблар ўзларининг сўзга усталиклари билан фахрланар, шоирлар ҳамда сўз усталари мўътабар шахслар ҳисобланар эдилар. Доимо шеърхонлик, ваъзхонлик бўйича мусобақалар ўтказиб туриларди. Ҳатто ғолиб шоирларнинг шеърлари Каъбаи Муаззаманинг деворига осиб қўйиларди. Қуръони Карим уларнинг нозик жойларидан тутиб «Агар сўз устаси эканингиз рост бўлса, ўзингиз ишлатиб юрган оддий ҳарфлардан тузилган Қуръонга ўхшаш нарса келтиринг-чи», – деди.

Бу худди тупроқнинг мисолига ўхшайди. Оддий тупроқдан кимдир лой қилиб, ғишт қуяди, кимдир сопол идишлар ясайди ва ҳоказо. Лекин Аллоҳ таоло ушбу оддий тупроқдан инсонни яратди, унга жон ато этди. Шунга ўхшаб, араб алифбосининг оддий ҳарфларидан араб сўз усталари шеър тўқийдилар, ваъзхонлик қилиб, одамларни қойил қолдирадилар. Аммо Аллоҳ таоло ўша ҳарфларнинг айнан ўзидан ҳамма-ҳаммани ожиз қолдирувчи Қуръонни нозил қилди!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳду паймонингизни олганимизни ва .Биз сизга берган нарсани қувват билан олинг ва ундаги нарсаларни эсланг, шоядки, тақво қилсангиз,, ndash дея устингизга Турни давоми...

2608 09:25 / 11.09.2017
Бирортангизга ўлим келганда, агар у яхшилик бойлик қолдираётган бўлса, отаона ва қариндошларга маъруф ила васият қилиш тақводорларнинг бурчи ўлароқ сизларга давоми...

3340 08:25 / 18.01.2018
Улар .Биз учун Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини бизга баён қилиб берсин,, ndash дедилар. У .Албатта, У Зот .У ndash қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, ўшанинг ўртасидаги давоми...

3029 09:00 / 19.09.2017
Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унуттирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирурмиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодир эканини билмадингми Бақара 106.

2920 18:43 / 02.11.2017
Аудиолар

120041 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41713 14:35 / 11.08.2021