1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Бадантарбия

10:59 / 21.09.2019 6085 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканлигини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича бадантарбияга эътибор беришга ҳаракат қилади. Бу нарсага айниқса ривожланган давлатларда одамлар ниҳоятда берилганлар. Ҳамманинг кучли, қувватли, эпчил, соғ-саломат бўлгиси келади ва хасталикларга чалинмасликка ҳаракат қилади. Бунинг учун эса бадантарбия ила шуғулланиш лозим. Ривожланган давлатларда ана шу нарса кишиларга яхшилаб сингдирилган ва улар орасида кенг тарқалган.

Исломда ҳам бу ишга алоҳида эътибор берилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу мавзуга оид баъзи ҳадиси шарифларини ўргансак, масалани тўғри тушунишимизга ёрдам бўлади.

Имом Аҳмад ва имом Абу Довудлар Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва «Ҳалиги билан биру бир», дедилар».

Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси ўтган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақасида эса у зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлган. Бу бадантарбия билан оилавий равишда шуғулланишдир. Афсус, кўпгина мусулмонлар бунга ўхшаш нарсалардан хабарсиздирлар.

Қадимги уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни шарҳ қилар эканлар, бир неча маъноларга урғу берганлар. Улар «Оишанинг ҳадисида оёқда югуриб мусобақа қилишга, маҳрам эркак ва аёллар орасида мусобақа ўтказишга, бу иш виқорга, шарафга, илмга, фазлга ва ёшнинг улуғлигига номуносиб эмаслигига далил бор», дейдилар.

Минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик мусулмонлар, хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни даъво қилувчилар, мана бу маънолардан йироқдадирлар. Улар бадантарбия билан шуғулланиш виқорга, шарафга, илмга, фазлга ва ёшнинг улуғлигига номуносиб, деб биладилар.

Имом Муслим ва имом Аҳмадлар келтирган ривоятда саҳобалардан Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Биз йўлда юриб борар эдик. Ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши:

«Мадинагача мусобақалашувчи борми? Қани, ким мусобақа қила олади?» дея бошлади.

«Ҳурматли кишининг ҳурматини, шарафлининг шарафини риоя қилмайсанми?» дедим.

«Фақатгина Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни», деди.

«Эй Аллоҳнинг расули, ота-онам сизга фидо бўлсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай», дедим.

«Хоҳишинг бўлса, майли», дедилар у зот. Мадинага ундан аввал етиб бордим». 

Ушбу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида доимий равишда спорт мусобақалари бўлиб турганлигини билиб оламиз. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳунинг «Ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши» дейишлари шу маънога далолат қилади. Яъни саҳобалар ичида мусобақаларда дои­мий равишда биринчи бўлганлари ҳам бор экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса худди Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳуни спорт мусобақасига рағбатлантирганларидек ҳаммани рағбатлантириб турганлар.

Имом Абу Довуд Муҳаммад ибн Али ибн Руконадан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Рукона Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни йиқитдилар». 

Уламоларимиз ушбу кураш мусобақаси ҳақидаги ҳадиси шарифнинг ўзига хос қиссасини ҳам ривоят қиладилар.

Имом Абу Довуднинг ривоятида бу қисса қуйидагича баён этилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Батҳода эдилар. У зотнинг ҳузурларига Рукона ибн Язийд қўй-эчкиларини ҳайдаб келди ва:

«Эй Муҳаммад, мен билан курашга тушасанми?!» деди. 

«Совринга нима қўясан?» дедилар.

«Қўйларимдан бирини», деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан курашга тушдилар ва уни йиқитдилар. Кейин эса қўйни олдилар. Рукона:

«Яна қайта тушасанми?» деди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Охири у:

«Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким ёнимни ерга теккиза олмаган эди. Мени йиқитган сен эмассан!» деди-да, Исломга кирди. Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўйларини қайтариб бердилар».

Бундан мусулмон кишининг мусулмон бўлмаган киши билан ҳам мусобақа ўтказиши мумкинлиги аён бўлади. Шунингдек, спорт орқали яхшиликларни тарқатиш, кишиларни Исломга киритиш ҳам мумкинлиги тасдиқланади. Яна Руконага ўхшаган баъзи ҳовлиққанлар бўлса, попугини пасайтириб қўйиш ҳам мумкин бўлади. Бунинг учун эса мусулмонлар доимий равишда бадантарбия билан шуғулланиб, соғ-саломат ҳолда тайёргарлик кўриб юришлари лозим бўлади.

Бошқа ривоятларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини кураш тушириб, мусобақалар ўтишига ўзлари бош бўлганлари ҳам айтилади. Уҳуд ва бошқа баъзи урушлар бошланишидан олдин ўспирин мусулмон йигитлар келиб, ўзларининг аскарликка қабул қилинишини талаб қилганлар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кураштириб, ғолиб келганларни аскарликка қабул қилганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Ҳабашийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳироб ўйнашаётган эди. Умар кириб қолди-да, эгилиб, тош олиб, уларга ота бошлади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Умар, уларни тек қўй!» дедилар».

«Ҳироб» – қурол ушлаб, чапдастлик намуналарини кўрсатадиган ҳарбий спорт ўйинининг номи. Ҳабашийларнинг мазкур ўйини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўлган. Бу ҳол ҳам ўша даврда бадантарбияга қанчалик аҳамият берилганлигининг бир намунасидир.

Имом Бухорий ва имом Аҳмад Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақасини ўтказаётан асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва:

«Эй Бани Исмоиллар! Отинглар! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен Бани Фулон биланман!» дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга нима бўлди? Отмай қўйдинглар?» дедилар. Улар:

«Сиз улар билан бўлсангиз, қандай ҳам отар эдик?!» дейишди. Шунда у зот:

«Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!» дедилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида ота-оналарни фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб қилганлар. У зот:

«Авлодларингизга сузишни, отишни ва от минишни ўргатинглар», деганлар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:

«Ёзишни, сузишни ва отишни ўргатиш фарзанднинг ота-онадаги ҳаққидир», дейилган.

Ушбу ривоятларда келган маънолар яхши, албатта. Аммо ўйлаб кўрадиган бўлсак, Ислом ўзининг бутун борлиғи билан ҳаракат динидир. Унда ҳеч нарса ҳаракатсиз бўлмайди. Ўйлаб кўринг-а, бир вақт намоз ўқиш учун инсон қанчалик ҳаракат қилади. Саҳарда уйқусидан туриб, таҳорат қилиб, намоз ўқиш жо­йига бориб, икки ракъат намоз ўқигунича одамнинг бирорта бўғини қолмай, ҳаракатга келади.

Рўза ҳам шунга ўхшаш: саҳарликка туриб, ҳаракат қилинади, Хуфтонга қўшиб, йигирма ракъат таровеҳ намози ўқилади.

Ҳаж ва умра эса асосан қаттиқ ҳаракатдан иборат ибодатлардир. Буларнинг ҳаммаси соғлиқ учун фойдали эканлигини мусулмон бўлмаган одамлар ҳам англаб етдилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Улар мусибат етганда .Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз,, дерлар.Ана ўшаларга Роббиларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана давоми...

6021 05:00 / 01.03.2017
Бу маънодаги тарафкашлик ўз қавми ёки тарафи фойдасига ноҳақдан тарафкашлик қилишдир. Восила ибн алАсқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг расули, давоми...

2764 05:00 / 02.03.2017
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Енгиллаштиринглар, оғирлаштирманглар, сокинлаштиринг, нафрат давоми...

3124 05:00 / 03.03.2017
Маълумки, Ислом фақат ақийдадан иборат эмас. Исломда мусулмонлар адо қилиши лозим бўлган таклифлар ва бажариши зарур бўлган аҳкомлар ҳам мавжуд. Бу таклиф ва давоми...

3148 23:17 / 21.04.2017
Аудиолар

118804 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40754 14:35 / 11.08.2021