1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Аёллар либоси

17:43 / 15.04.2017 8648 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Эй Набий! Жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт, жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ Fофур ва Роҳиймдир», деган («Аҳзоб» сураси, 59-оят).

Шарҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата аввало ўз жуфтлари ва қизларига жилбобларини ўзларига яқинлаштиришни буюришга амр этмоқда. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари ва қизларининг шарафлари улуғ бўлгани учун бу ишни ҳаммадан олдин улар қилмоқлари лозимдир.

Жилбоб – устдан кийиладиган ёки ёпиладиган кенг либосдир. Мўмина аёлни бошқа аёллардан ажратиб турадиган бу кийим турли мусулмон ўлкаларда турлича бўлган. Лекин ҳаммаси ҳам мўмина аёлни ёмон кўздан сақлаш, уни бошқа аёллардан ажратиш каби вазифаларни адо этган.

Жоҳилият даврида аёллар очиқ-сочиқ юришар эди. Турли кийимлар кийиб, кўча-куйда эркакларнинг эътиборини ўзларига тортишга ҳаракат қилишар эди. Шунинг учун, фосиқ ва фожирлар ҳам уларнинг ортларидан тушишган, гап отишган, турли қилиқлар қилишган. Мўминлар ўша фосиқ ва фожирларга эътироз билдириб, Ислом дини мўмина аёлларга бундай муносабатда бўлишни ман қилганини айтганларида, улар «Биз буларнинг мўмина эканлигини билмабмиз, мўмина эмас, чўри бўлса керак, деб ўйлабмиз», деб баҳоналар қилишган.

Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин эса шароит тамоман ўзгарган.

Имом Ибн Абу Ҳотим Умму Салама онамиздан қилган ривоятда у киши розияллоҳу анҳо:

«Жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар» ояти нозил бўлганидан кейин ансорийларнинг аёллари қора рангли кийим ёпиниб, худди бошларида қарға ўтиргандек (сокинлик билан) чиқардилар», деганлар.

Ҳа, исломий ҳижоб – мўмина аёлларнинг мўминалик аломатлари, белгиларидир. Бу нарса оятда ҳам таъкидланмоқда.

«Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир».

Яъни мўмина аёлларнинг жилбобларига ўраниб, ёпинчиқ ёпиниб юришлари бошқалардан ажралиб туришлари, мўминаликлари танилмоғи учун, фосиқ ва фожирларнинг озорига учрамасликлари учун яқинроқдир.

Машҳур тафсирчилардан Суддий ушбу ояти карима тафсирида қуйидагиларни айтадилар:

«Мадина аҳлининг баъзи фосиқ одамлари кеч кириши билан шаҳар кўчаларига чиқиб, аёлларнинг йўлларини тўсар эдилар. Мадина аҳлининг масканлари тор эди. Аёллар қазои ҳожат учун ҳам ташқарига кечаси чиқардилар. Фосиқлар шуни кутиб турар эдилар. Кейинроқ жилбоб ёпинган аёлни кўрсалар «Бу ҳур экан», деб ўзларини тиядиган, жилбоби йўқ аёлни кўрсалар, «Бу чўри экан», деб унга ташланадиган бўлдилар».

Бу гапга изоҳнинг ҳожати йўқ. Ҳар ким ўзи тушуниб олса бўлади, деб ўйлаймиз.

«Аллоҳ Fофур ва Роҳиймдир».

Ушбу оят нозил бўлгунича ўтган амалларни Аллоҳ таолонинг Ўзи кечиради. Бу борадаги ҳисоб-китоб эса оят нозил бўлганидан кейин бошланади.

Агар кофирлар, мунофиқлар, фосиқ ва фожирлар шунда ҳам мўмин ва мўминаларга озор беришдан тўхтамасалар, унда Аллоҳ таоло бошқача чора кўради.

Аллоҳ таоло яна:

«Мўминаларга айт, кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар. Улардан зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини эрларидан бошқага кўрсатмасинлар», деган («Нур» сураси, 31-оят).

Ушбу иқтибос «Нур» сурасидаги машҳур оятнинг бир бўлагидир. Фойда тўлиқ бўлиши учун ояти кариманинг қолган қисмини ҳам келтириб, сўнгра унинг шарҳига ўтайлик.

«Зийнатларини эрлари, ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ака-укалари, ё ака-укаларининг ўғиллари, ё опа-сингилларининг ўғиллари, ё аёллари, ё қўллари мулк қилиб олганлар, ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилар, ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болалардан бошқага кўрсатмасинлар. Махфий тутган зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангиз».

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмина аёллар кийим кийиш ва аврат беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини уларга баён қилиб беришини буюрмоқда.

«Мўминаларга айт, кўзларини тийсинлар»

Мусулмон эркаклар каби муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ушбу оятдан тушунилади. Агар бехосдан назарлари тушса, кўзларини бошқа томонга буришлари керак. Чунки аёлларнинг эркакларга давомли назар солишлари ҳам ўртада фитна, ҳаром ишлар, зино келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, аёл кишининг бошқа аёлнинг авратига назар солиши ҳам ман этилади. Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир.

Уламоларимиз Қуръони Карим оятларини ва Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўрганиб чиқиб, аёлларнинг эркакларга назар солишида енгилроқ йўл тутилганини таъкидлашган.

Аёллар бир жойда ўтириб олиб, номаҳрам эркакка ноўрин қарамоқликлари ҳаром. Аммо кўча-кўйдаги ёки ҳаром бўлмаган ўйинлар ўйнаётган эркакларга узоқдан қарасалар бўлади.

Имом Бухорий, Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни ҳабашийларнинг масжиддаги ўйинларига қараб турганларида Оиша онамиз ҳам у зотнинг орқаларидан туриб томоша қилганлар. У зот Оиша онамизни улардан тўсиб турганлар. Онамиз ҳоҳлаганларича томоша қилиб, сўнг қайтиб кетганлар.

Шу билан бирга, ўша пайтда аёлларнинг масжид, бозор ва бошқа жойларга боришига рухсат берилган. Сафарларга чиққанлар. Табиийки, бу ҳолатларда улар эркакларни кўрадилар.

«...фаржларини сақласинлар...»

Бу ибора эркаклардаги каби аёлларда ҳам икки маънони ифода этади: аёллар фаржларини ҳаром иш, зинодан сақласинлар ҳамда бировнинг назари тушишидан сақласинлар.

Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати - юзи ва икки кафтидан ташқари бутун баданидир. Маълумки, муслима аёлга баданини номаҳрам эркаклардан тўсиб юриш Аллоҳ томонидан буюрилгандир. Мўмина-муслима аёл шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитмоғи керак. Бунинг учун эса юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган, тор бўлмаслиги ҳам зарур. Номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак.

Имом Абу Довуд Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда у зотнинг олдиларига опалари Асмо бинту Абу Бакр юпқа кийим билан кирганларида, у ерда ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олганлар ва:

«Эй Асмо, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин унинг мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилганлари айтилган.

Ибн Жарир Табарий ўз тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадиларки:

«Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгирдилар. Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёл киши балоғатга етгандан кейин унинг юзи ва мана бу ерларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас», деб ўз билакларини тутамлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутамча жой қолди».

Ҳанафий мазҳаби уламолари аёл кишига юз ва кафтларини очиб юришга изн берар эканлар, юз ва қўлни зийнатламасдан, табиий ҳолда тутишни шарт қилиб қўядилар.

«...ва зийнатларини кўрсатмасинлар...»

Зийнат деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади.

Исломда аёл кишига зебу зийнат ҳалол қилинган. Чунки чиройли бўлишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Аллоҳ уларни шундай қилиб яратган. Ҳар бир аёл чиройли кўрингиси келади. Замон ўтиши билан зийнат ўзгариши мумкин, аммо аёл кишининг зийнатга бўлган рағбати ўзгармайди. Ислом аёл кишидаги ушбу рағбатни эътиборга олади. Аёл кишига зийнатланишга рухсат беради. Шу маънода эркакларга ҳаром қилинган тилла, кумуш ва шойи-ипаклар аёллар учун ҳалолдир.

Лекин Исломда ушбу зебу зийнатнинг таъсир доираси тартибга солинган. Аёлларнинг зебу зийнатлари номаҳрам – бегона эркакларнинг кўзини ўйнатишга, шаҳвоний ҳисларини қўзғашга, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак. Шунинг учун аёл киши ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитмоғи лозим.

«Улардан зоҳир бўлгани мустасно».

Яъни беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. Мисол учун, беихтиёр шамол турибми ёки бошқа сабабданми, зийнати зоҳир бўлиб кўриниб қолса, гуноҳ ҳисобланмайди.

«Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар».

Яъни бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин.

Ҳақиқий мўмина аёллар ушбу илоҳий амру фармонларни улкан итоат билан кутиб олганлар. Зеро уларнинг қалблари илоҳий нур ила мунаввар эди. Уларнинг нафслари зийнатларини кўз-кўз қилишни истаса ҳам, ўзлари Аллоҳнинг фармонига сўзсиз бўйсунганлар. Жоҳилият даври аёллари иффат ва шарм-ҳаё билан кийинишни билмас эдилар. Чиройларини кўз-кўз қилишда мусобақалашар эдилар. Соч ўримларини, бўйинларини, томоқларини, қулоқларидаги тақинчоқларини, ҳатто кўксиларини очиб юрар эдилар. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин мўмина аёллар тамоман бошқа ҳолатга кирдилар. Буни Оиша онамиз ҳам жуда яхши англатиб қўйганлар.

Имом Бухорий қилган ривоятда Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар:

«Биринчи муҳожир аёлларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Аллоҳ «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» оятини нозил қилиши билан дарҳол жилбоб-тўнларини йиртиб, рўмол қилиб ўрадилар».

Имом Абу Довуд қилган ривоятда эса София бинту Шайбар розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:

«Биз Оишанинг олдида ўтириб, Қурайш аёллари ва уларнинг фазилатларини зикр қилдик.

Шунда Оиша розияллоҳу анҳо:

«Албатта, Қурайш аёлларининг фазли бор. Аммо мен, Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг китобини тақсимлашда ва нозил бўлган нарсага иймон келтириш борасида ансорий аёллардан афзалини кўрмадим. Сураи «Нур»даги «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» ояти нозил бўлганда эрлари Аллоҳ улар учун нозил этган нарсани тиловат қилиб бердилар. Эркаклар уларни ўз хотини, қизи, синглиси ва ҳар бир аёл қариндошига тиловат қилдилар. Бирорта ҳам аёл қолмай, ҳаммаси дарҳол тўнини олиб, бошига ёпди. Улар (намозда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан худди бошларида қарға тургандек (қора ёпинчиқ билан) турар эдилар», деди.

Шундай қилиб, Исломда гўзалликдан завқланиш ҳалол ва тўғри йўлга қўйилди. Аёлларнинг чиройи ва зебу зийнатлари бегона эркакларнинг ҳирсларини қўзғаш учун кўз-кўзлаш эмас, балки ўзларининг жуфти ҳалолларига ҳалол завқ берадиган бўлди.

Шунингдек, эркакларга ҳам аёлларга шаҳват билан қарамаслик буюрилди.

«…зийнатларини кўрсатмасинлар»

Мўмина аёллар қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини кўрсатиб юришлари мутлақо мумкин эмас.

Қуйидагиларга кўрсатсалар бўлади:

1. «Эрлари...»

Муслима аёлнинг зийнатларини кўришга энг ҳақли одам унинг эридир. Шунингдек, эр ўз хотини танасининг ҳамма жойини кўришга ҳақлидир.

2. «...ё оталари...»

Мўмина-муслима аёлга унинг отаси энг бош маҳрам бўлади. Шунинг учун унга зийнатини кўрсатса ҳалолдир. Ота ва ундан кейин зикр қилинадиган маҳрамлари учун аёлнинг никоҳи ҳаромдир, улар унга уйланишни, умуман, шаҳват билан қарашни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Шунинг учун мўмина аёл ушбу маҳрамларга зийнатини кўрсатса бўлади. Муслималар уларга юзларини, қўлларини, оёқларини ва уй ичида очиб юришга мажбур бўладиган баъзи аъзоларини, жумладан, хамир қилаётганда билагини, уй супураётганда болдирини кўрсатсалар, гуноҳи йўқ. Эҳтиёж юзасидан рухсат берилган.

«Оталар» дейилганда катта ота, бобо ва боболарининг оталари ҳам кўзда тутилади.

3. «...ё эрларининг оталари...»

Яъни қайин оталарига. Бунга қайнотанинг оталари ва катта қайноталарнинг оталари ҳам киради. Улар ҳам ота ўрнида. Улар ҳам келинларига маҳрамдирлар, шунинг учун ўртадаги муносабатда уйланиш ёки шаҳват назари деган нарсаларнинг бўлиши мумкин эмас.

4. «...ё ўғиллари...»

Бунга муслима аёлнинг ўз ўғиллари, ўғилларидан ва қизларидан бўлган ўғил набира ва чеваралари киради. Буларнинг ҳаммаси ҳам аёл киши учун маҳрам, улар орасида оила қуриш ёки шаҳват билан қараш умуман мумкин бўлмаган иш, шунинг учун ҳам муслима аёлга уларга зийнатини кўрсатишга рухсат берилган.

5. «...ё эрларининг ўғиллари...»

Яъни эрларининг бошқа хотиндан бўлган ўғиллари. Булар ҳам мўмина-муслима аёл учун маҳрам саналади. Ораларида никоҳ бўлиши мутлақо мумкин эмас. Чунки ўртада она-болалик алоқаси бор. Шунинг учун зебу зийнат ва чирой ўртада шаҳватни уйғотмайди.

6. «...ё ака-укалари...»

Бунда туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар ва она бир ака-укалар ҳаммаси баробардирлар. Уларнинг барчаси маҳрам ҳисобланадилар, сингилларининг зийнатини кўрсалар, майли.

7. «...ё ака-укаларининг ўғиллари...»

Бунда ҳам туғишган, ота бир ва она бир ака-укаларнинг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл ака-укаларнинг фарзандларига амма бўлади. Ўртада маҳрамлик бор, уйланиш ёки шаҳват билан қараш умуман бўлиши мумкин эмас. Бошқа маҳрамлар қатори булар ҳам ҳаёт тақозоси ила доимо бир-бирлари билан кўришиб, аралашиб туришга эҳтиёжлари бор. Шунинг учун ҳам жиянларга аммаларининг зийнатларига қарашга рухсат берилган.

8. «...ё опа-сингилларининг ўғиллари...»

Бу ҳолатда ҳам туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингилларининг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл улар учун хола бўлади. Ўртада маҳрамлик бор. Шунинг учун мўмина аёл зийнатларини уларга кўрсатса бўлади.

Аммо мўмина-муслима аёлнинг эркак маҳрамлари бу билан тугамайди. Оятда зикри келмаган маҳрамлар ҳам бор. Мисол учун, амакилар, тоғалар ва куёвлар. Шунингдек, эмикдошлик орқали маҳрам бўлганлар ҳам бор. Ояти каримада улар ҳақда бирор нарса дейилмаган бўлса ҳам, ҳадисларда келган ҳукмлардан қиёс қилиб, мўмина-муслима аёл уларга зийнатини кўрсатса гуноҳ йўқ, деб фатво берилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога завжаларининг эмикдош амакиси ва тоғаси бўлган эркаклардан қочиб, ҳижоб олишга рухсат бермаганлар. Шундай экан, насаб орқали бўлган амаки ва тоғаларга зийнатини кўрсатишга рухсат бор.

Ҳадис илми соҳасидаги энг мўътабар олти китобда ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ларида Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Абул Қуъайснинг укаси Афлаҳ келиб, у кишининг ҳузурларига киришга изн сўраган. У Оиша онамизга эмикдошлик орқали амаки эди. Оиша онамиз бу ҳақда шундай дейдилар:

«Мен унга изн беришдан бош тортдим. Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида қилган ишим хусусида у зотга хабар бердим. У зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам унга (Афлаҳга) изн беришимга амр қилдилар».

Имом Абу Довуд қилган ривоятда бу ҳол яна ҳам равшанроқ баён этилган:

«Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар:

«Ҳузуримга Афлаҳ келган эди, ундан яшириндим. У:

«Амакинг бўлсам ҳам, мендан қочасанми?!» деди. Мен:

«Қаердан менга амаки бўласан?!» дедим. У жавоб берди:

«Сени менинг акамнинг хотини эмизган», деди. Мен:

«Мени эмизса, аёл киши эмизган, эркак киши эмас», дедим. Сўнг олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар, мен бўлган гапни айтиб бердим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, у амакинг бўлади, ҳузурингга кираверсин», дедилар».

Юқорида зикр қилинган маҳрамларнинг ҳаммаси абадий маҳрам ҳисобланадилар. Яъни уларнинг мазкур мўмина аёлга уйланишлари абадий ҳаром қилингандир.

Аммо маҳрамлиги вақтинчалик шахслар ҳам бўлади. Мисол учун, опа-сингилларининг эрлари вақтинчалик маҳрам саналади, Яъни опа билан никоҳда турган эркак унинг синглисига уйланиши ҳаром саналади. Опа билан ажрашгандан кейингина сингилни никоҳига олиш ҳалол бўлади.

Уларга нисбатан қандай муомалада бўлиш керак? Бу ҳукм шариатда чегаралаб қўйилмаган. Уламо аҳлларининг айтишларича, буни чегаралашнинг имкони ҳам йўқ. Чунки бундай қариндошлик алоқалари турлича бўлади. Шунинг учун ҳукми ҳам турлича. Бунда қариндошлик нисбати, ёш, ҳолатлар, бир жойда яшайдиларми ёки айричами ва бошқа омиллар ҳам эътиборга олинади.

Мисол учун, Оиша онамизнинг опалари Асмо бинту Абу Бакр розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайинсингиллари бўлганлар ва у зотдан қочмаганлар. Уйларига бемалол кириб юрганлар. Ҳолбуки икковлари орасидаги никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчалик бўлган.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг қизлари – Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан қочмаганлар. Ҳолбуки, икковларининг ораларида никоҳ дуруст бўлган.

Шу билан бирга, Зайнаб бинту Жаҳш онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида Фазл ибн Аббосдан қочганлар. Ҳолбуки, Зайнаб бинту Жаҳш онамиз Фазл ибн Аббоснинг аммасининг қизи бўлганлар. Шунга ўхшаш ҳолатларни ўрганган уламо аҳли, юқорида айтилганидек, бундай ишларда шароитга қараб ҳукм чиқарилади, деганлар.

Шунингдек, мўмина аёллар қариндошлиги шубҳа бўлган эркаклардан ҳам ўзларини ҳижобда тутганлари яхши, дейилади.

Энди маҳрам ҳисобланмаса ҳам, мўмина аёл зийнатини кўрсатса бўладиган шахсларнинг зикри келади.

9. «...ё аёллари...»

Яъни мўмина аёллар зийнатларини аёлларга кўрсатсалар бўлади. Уламо аҳли бу тоифа ҳақида турли фикрларни айтганлар. Баъзилари «аёллар»дан мурод ҳамма хотинлар деганлар. Баъзилари мусулмон аёлларни назарда тутганлар, бошқа бирлари эса «ўзларига тегишли хотинлар», деб айтганлар. Чунки фосиқа, фожира аёллар муслима аёлнинг авратини, зийнатини кўрса, унга яқинлашса, фисқу фужурга бошлаши, фитна чиқариши мумкин, дейишган.

10. «...ё ўз қўлларида мулк бўлганлар...»

Бу иборадан муслималар ўз қўлларида мулк бўлиб турган қул ва чўриларига зийнатларини кўрсатсалар бўлаверади, деган маъно чиқади.

Аммо уламо аҳллари бу ҳақда ҳам икки хил фикр айтишган. Улардан бир тоифаси бундан мурод фақат чўрилар ва қуллар эмас, чунки қул ҳам номаҳрам эркак, унинг ҳам шаҳвати бор, қолаверса, озод бўлгандан кейин ўз аёл хўжайинига уйланиши ҳам мумкин, дейдилар. Ундай бўлса, аввал «аёлларга» деб туриб, кейин «чўриларига» дейишнинг нима ҳожати бор? Чўри ҳам аёл-ку, деган эътирозга, аввал ҳур аёллар зикр қилинди, кейин чўриларга мумкин эмас экан-да, деган гумон уйғонмасин учун улар ҳам санаб ўтилди, дейдилар.

Иккинчи тоифа эса «ё қўллари мулк қилиб олганлар» жумласидан мурод муслима аёлнинг мулки бўлган қул ва чўрилардир, бунда нафақат чўри, балки қул ҳам кўзда тутилган, дейдилар ва ўз гапларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан далил келтирадилар.

Имом Абу Довуд Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қул олиб келиб, Фотима розияллоҳу анҳога совға қиладилар. Фотима розияллоҳу анҳонинг эса, биттагина кийими бўлиб, бошини беркитса, оёғи очилиб қолар, оёғини беркитса, боши очилиб қолар эди. У кишининг қийналиб қолганини кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Майли, сенга ҳечқиси йўқ. Булар сенинг отанг ва ғуломинг», дедилар.

Имом Термизий ва бошқа имомлар Умму Салама онамиздан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларига:

«Бирортангизнинг мукотаби (баҳосини тўлаб, озод бўлишга келишган қули) бўлса ва у (ўз баҳосини) адо этишга имкони бўлса, ундан ҳижоблансин», деганлар.

Яъни бу одамнинг озодлиги жуда яқинлашиб қолди. Энди у қул бўлмайди, шунинг учун ундан қочиш лозим, деганларидир.

11. «...ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилар..»

Булар табиий равишда, жисмоний жиҳатдан эркакликлари ўлган кимсалар бўлиб, қорин тўйғазиш учун одамларнинг хизматини қилиб юрадилар. Уларда умуман шаҳват, аёлларга қизиқиш деган нарсанинг ўзи бўлмайди.

Муслима аёл ана шундай одамлардан ўз зийнатини яширмаса ҳам бўлади.

12. «...ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болалар»

Чунки кичкина болалар аврат нима, шаҳват нима, билмайдилар.

Кўриш орқали фитна содир бўлмаслиги, зинога элтиш эҳтимоли уйғонмаслиги учун бу гуноҳларнинг йўли тўсилгандан кейин, энди эшитиш орқали фитна туғдирадиган йўлларни ҳам тўсиб, мўмина аёлларга:

«Махфий тутган зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар», дейилмоқда.

Жоҳилият даври аёллари оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган. Натижада улар аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилиши ва иш охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган.

Шунинг учун Исломда махфий зийнатларни ошкор этиш мақсадида ўша зийнатларнинг овозини қасддан чиқаришга ҳаракат қилиш ҳам таъқиқланди.

Руҳшунос олимларнинг таъкидлашларича, баъзи одамларда аёлларнинг чиройини кўриб шаҳват қўзимаса ҳам, улардаги зийнатларнинг овозидан ҳирслари уйғонар экан. Ҳолбуки, Қуръони Карим бу ҳақиқатни бир минг тўрт юз йил муқаддам эътиборга олган.

Ушбу ояти каримадан олинган қоидага биноан, мўмина-муслима аёлларга бегона эркакларнинг шаҳватини қўзғатиб, фитнага сабаб бўлмасликлари учун нафақат ҳирсни қўзғотадиган овоз бериш, балки шунга восита бўлиб қоладиган бошқа нарсалар ҳам жоиз эмас. Шунинг учун ҳам мўмина-муслима аёлларнинг кўчага хушбўй атирлардан сепиб чиқишлари ман қилинган.

Имом Насоий шундай ривоят келтирадилар:

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзларига йўлиққан бир аёлда хушбўй ҳидни сезиб қолиб:

«Эй Жабборнинг чўриси, масжиддан келдингми?!» дедилар. У аёл:

«Ҳа», деб жавоб қайтарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

«Мен ўз ҳабибим, Абулқосим соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Аллоҳ таоло ушбу масжидга хушбўй атир сепиб келган аёлнинг намозини то у аёл жунубликдан кейин ғусл қилгандек ғусл қилмагунича қабул қилмайди», деганларини эшитганман, дедилар».

Имом Термизий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир кўз зинокордир. Қайси бир аёл атир сепиб олиб, бир мажлис аҳли олдидан ўтса, бундоқдир, бундоқдир», деб оғир нарсани айтганлар.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг ширали овоз билан эркаклар эътиборини тортишини ҳам ман қилганлар.

«Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангиз».

Яъни ушбу баён қилинган ҳолатларда сиздан хато ўтган бўлса, Аллоҳга тавба қилинг ва бу хатоларни бошқа такрорламанг. Шундагина нажот топишингиз мумкин.

Ўрни келганда, ушбу ҳукмларга боғлиқ бошқа масалаларни ҳам эслаб ўтиш лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларнинг ҳар қандай бегона эркак билан, ҳатто эркак қариндоши билан ҳам ёлғиз қолишини ман қилганлар. Фақат ёнида маҳрами бўлсагина, бир жойда бошқалар билан бирга турсагина жоиз.

Имом Термизий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эри ғойиб аёлларнинг олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қонингизда юради», деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, маҳрами йўқ аёл билан холи қолмасин, акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади», деганлар.

Агар номаҳрам эркак ва аёл бирга қолсалар, ҳеч бўлмаганда бошқаларда шубҳа туғилади, турли гап-сўзлар кўпаяди. Бу эса ифк ҳодисаси каби мусибатларга олиб келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу масалада жуда ҳушёр бўлганлар.

Имом Абу Довуд келтирган ривоятда қуйидагилар баён қилинган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирганларида завжаи мутаҳҳаралари Софийя онамиз кечаси у зотни зиёрат қилгани келдилар. Суҳбатлари тугаб, у киши қайтиб кетаётганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кузатиб эшик олдига бордилар. Икковлари гаплашиб турганларида ансорийлардан икки киши ўтиб қолдилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тез юриб кета бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига:

«Шошманглар! Бу аёл Софийя бинту Ҳуяйдир», дедилар. Улар:

«Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, шайтон одамларнинг қон томирларида юради. Икковингизнинг қалбингизга бирор ёмонлик солмасин деб қўрқдим», дедилар.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакнинг қўли номаҳрам аёлнинг ҳеч бир жойига тегмаслиги лозимлигини қаттиқ тайинлаганлар. Ўзлари байъат олган вақтларида ҳам аёлларнинг қўлларидан тутмаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлнинг ёлғиз ўзи ёки номаҳрам эркак билан бирга сафар қилишини қаттиқ ман этганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб:

«Ҳаргиз бир эркак бир аёл киши билан холи қолмасин, агар аёлнинг маҳрами бўлса, мустасно. Аёл киши маҳрамсиз зинҳор сафарга чиқмасин», дедилар. Шунда бир киши ўрнидан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг аёлим ҳажга чиқди, мен эса фалон жойда бўладиган ғазотга ёзилдим», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Сен бориб аёлинг билан бирга ҳаж қил!» дедилар.

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, аёл кишининг ёлғиз ўзини ҳатто ҳажга ҳам юбориб бўлмас экан. Ҳатто Аллоҳ йўлида, дину диёнат йўлида қилинадиган жиҳодни қўйиб бўлса ҳам, аёлига маҳрам бўлиб ҳажга бориш лозим экан. Чунки сафар машаққат ва хавфдан холи эмас. Аслида мўмина аёлларни машаққат ва хавфда ёлғиз қолдиришга маҳрамларининг эркаклик ғурурлари ҳам йўл бермаслиги керак. Йўлда аёлнинг хизматини қилиб, уни қийинчиликлардан, хавф-хатар ва турли кўнгилсизликлардан ҳимоя этиши керак.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркак-аёлларнинг бир-бирига аралашиб кетишини жуда қаттиқ ман қилганлар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абу Усайд ал-Ансорий айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид ташқарисида туриб, йўлда эркаклар билан аёллар аралашиб кетганини кўрдилар ва аёлларга: «Сизлар орқада қолинглар, йўлнинг ўртасидан эмас, чеккасидан юринглар!» дедилар. Аёллар девор тагидан юра бошладилар. Улар деворга жуда яқин юрганларидан кийимлари унга тегиб кетар эди».

Жамоат бўлиб намоз ўқиш, жума намозини адо этиш нақадар аҳамиятли иш эканлигини ҳар бир мусулмон яхши билади. Жума фарздир. Жамоат намозини эса баъзилар вожиб, баъзилар суннати муаккада дейдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида «Хоҳлар эдимки, бир кишини одамларга жамоат намозини ўқиб беришга буюриб қўйиб, ўзим бориб, жамоат намозига келмаганларнинг уйига ўт қўйиб юборсам», деганлар. Қолаверса, бундан ҳам шиддатлироқ маънони англатувчи ҳадислар жуда кўп. Жума намозини узрсиз қолдирган одамнинг гуноҳи ҳақида эса гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Лекин эркак-аёлларнинг аралашиб юриши яхши эмаслиги эътиборга олиниб, аёл кишига жумага бормасликка рухсат берилган.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жамоат билан жума ўқиш ҳар бир мусулмон учун ҳаққу вожибдир. Фақат тўрт киши – қул, аёл киши, ёш бола ва касал одам мустасно», деганлар.

Жамоат намозига аёлларнинг қатнашмасликлари афзал эканлиги хусусида бундан ҳам очиқроқ айтганлар.

Имом Аҳмад ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Умму Ҳумайд ас-Соғидий исмли аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен сиз билан бирга намоз ўқишни яхши кўраман», дебдилар. У зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, мен билан намоз ўқишни яхши кўришингни биламан. Бироқ уйингдаги намозинг ҳужрангдаги намозингдан яхшироқдир. Ҳужрангдаги намозинг ҳовлингдаги намозингдан яхшироқдир, ҳовлингдаги намозинг қавминг масжидидаги намозингдан яхшироқдир, қавмингнинг масжидидаги намозинг менинг масжидимдаги намозингдан яхшироқдир», деб жавоб берганлар.

Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга масжидга келиб намоз ўқишга рухсат берганлар. Лекин бу шартли рухсатдир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Хотинларингизни масжиддан ман қилманглар. (Бироқ) уйлари улар учун яхшироқдир», деганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мўътадил равишда зийнатланиб, лозим топилган ўринларда атир-упалар билан хушбўйланиб юришга тарғиб қилганлар. Аммо шу билан бирга, зебу зийнат орқасидан қувиб ҳаддан ошишдан, шариатга хилоф иш қилишдан қаттиқ қайтарганлар. Ана шундай ман қилинган ишлар қаторига аёл кишининг сочига бошқа сочни улаш ва улатиш, ясама хол қўйиш ва қўйдириш, қошни ингичка қилиб териш ва тердириш, тишларнинг орасини сунъий равишда очиш ва очдириш, юзнинг рангини бутунлай ўзгартириш учун турли воситалар билан ювиш ва ювдириш каби амаллар ҳам киради.

Мўмина-муслима аёлларга бу ишларни қилишлари ҳам, бошқаларга бажартиришлари ҳам мутлақо мумкин эмас.

Буларнинг барчаси жамиятда беҳаёлик, шаҳвоний бузуқлик, фоҳиша гап-сўзлар, жинсий ахлоқсизлик ва зино тарқалишининг олдини оладиган чоралардир. Бандалар ушбу илоҳий тадбирларга чин ихлос билан амал қилган тақдирдагина жамият мазкур ифлосликлар ва ижтимоий касалликлардан пок бўлади.

2449. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар» ояти нозил бўлганда ансорийларнинг аёллари (қора) кийим туфайли бошларида қарға ўтиргандек чиқдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоят илк Ислом даврининг шонли аёллари, инсоният тарихи саҳифаларига ўз исмларини зарҳал ҳарфлар билан ёзишга мушарраф бўлган, Ислом умматининг шону шарафи бўлган, ер юзини Ислом нурига тўлдирган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга биринчи исломий давлатни барпо қилишга ўз ҳиссаларини қўшган буюк момоларимизнинг кўплаб қаҳрамонлик намуналаридан бирини васф қилмоқда.

Ушбу ривоятда шарафланаётган аёллар кечагина ўзларининг авлоддан-авлодга ўтиб, давом этиб келаётган очиқ-сочиқлик, турли беодобликларини қилиб юрган эдилар. Бугун эса улар виқорли бўлдилар. Ҳижобли бўлдилар. Ўз қадрларини билдилар. Ўзларини турли беҳаё ва шилқимларга мўлжал бўлишдек шармсизликдан ҳимоя қилишни ўргандилар.

Уларни бунчалик олий даражага кўтарган нарса уларнинг иймонлари эди. Аллоҳга бўлган иймонлари пасткашлик қилишга изн бермас эди. Улар энди барча ишни Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси ила қилишга ўтган эдилар. Буни эса ўзларига чексиз шараф деб билардилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг каломи шарифидан биргина оятнинг нозил бўлиши уларнинг кийиниш борасидаги дунёқарашларини, ўзларини тутишлари ва юриш-туришларини тамоман ўзгартириб юборди.

Худди мана шу руҳ ўша момоларимизнинг номларини инсоният тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилишига сабаб бўлди. Уларни инсоният тарихидаги энг бахтли авлодни туғиб-тарбиялаш бахтига муяссар қилди. Шунингдек, бошқа кўплаб ғалабаларга, муваффақиятларга сабаб бўлди.

2450. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Аллоҳ биринчи муҳожира аёлларга раҳм қилсин. Аллоҳ «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» оятини нозил қилганда қалин миртларини йиртиб, улар билан ўрандилар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Мирт» – аёл кишининг жисмини тўсиб турадиган, елкадан ташлаб юриладиган кийим.

Бу ривоят ҳам ўзидан аввалгисини қувватлаб келмоқда. Аёллар Исломдан олдин рўмол ўрашни, ўзини хиёнатчи кўзлардан сақлашни ҳозиргига ўхшаб ёмон кўрар эдилар. Аксинча, ҳозиргига ўхшаб иложи борича эркакларнинг кўзини ўйнатишга, баданининг кўпроқ қисмини очиб юришга ҳаракат қилар эдилар. Шунинг учун ҳам «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» ояти нозил қилинган чоғда ўша оятга амал қилмоқчи бўлган муслима аёллар ҳам ўрагани рўмол топа олмай қолганлар ва ушбу ривоятда айтилаётганидек, дарҳол миртларини йиртиб, рўмол қилиб ўраганлар.

Бу ўша ажойиб мўминалар авлодининг қаҳ­рамонлиги, Аллоҳнинг амрига дарҳол юришнинг намунаси эди. Шунинг учун ҳам Оиша онамиз уларни мадҳ ила эсламоқдалар ва ҳақларига дуо қилмоқдалар.

Ушбу ривоятнинг бошқа сийғаларида «мирт» ўрнига «жилбоб» ва «изор» сўзлари ҳам келган. Яъни ҳар аёл ўз имконига қараб ўзида бор ортиқча кийимдан йиртиб, рўмол қилиб бошига солган.

Баъзи муҳтарама опа-сингилларимиз Аллоҳнинг ушбу масаладаги амрини билмай келаётган бўлсалар, билишлари ила худди мазкура саҳобияларга ўхшаш иш тутиб, дарҳол рўмол ўраб, ўзларини исломий кийимга олсалар, улуғ иш бўлади. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир бирор кийимни йиртиб рўмол қилиш эҳтиёжи ҳам йўқ. Рўмоллар етарли. Фақат истак керак, холос.

Ўзига хос кийинган аёл ўзига хос гўзаллик кашф этишини аёлларнинг ўзлари тушуниб етмоқлари керак. Бу ҳақиқатни аёллар ўзларига келган, уларнинг ҳақиқий инсоний табиатлари ўзлигини намоён қилган пайтда кўриш мумкин.

Шундай пайтлардан бири – яқинларнинг ўлими. Бошига ўлим қайғуси тушган аёллар ўзларини ўнглашга ҳаракат қилиб қолишади. Ҳатто бошқа диндагилар ҳам. Ана шундай пайтларда улар биринчи бўлиб бошларига рўмол ўрашга шошиладилар. Таъзияга кетаётган аёллар бошқаларидан рўмол сўраб туришлари ҳам шуни кўрсатади. Аммо бир оз ўтиб, ўлим ҳам, ўлимни келтирувчи Аллоҳ ҳам эсларидан чиққанда, рўмол ҳам эсларидан чиқади.

Ҳақиқий мўмина-муслима аёлларда эса бу ҳолат мутлақо бўлмайди. Чунки улар Аллоҳ таолони бир лаҳза ҳам унутмайдилар. Аллоҳнинг амридан бир лаҳза ҳам четга чиқмайдилар. Ҳар бир ишни Аллоҳ таолонинг динига – Исломга мослаб қиладилар. Ана ўша ҳолатнинг зоҳирий кўриниши мўминаларнинг шариатга мувофиқ кийинишларида бўлади.

Ҳа, аёллар ҳар бир умматнинг кучи ёки заифлигини кўрсатиб турувчи дақиқ белгидирлар.

Улар ҳар бир умматнинг тараққиёти ёки қолоқлигини ўлчайдиган тўғри ўлчовдирлар.

Ҳар бир жамиятнинг аҳли солиҳ бўлиши ундаги оилаларнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ.

Ҳар бир оиланинг аҳли солиҳ бўлиши эса ундаги аёлнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ.

Ҳар бир аёлнинг аҳли солиҳ бўлиши унинг иймон-эътиқодли, илмли ва тақводор бўлишига боғлиқ.

Аёли йўлдан чиққан оиланинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади.

Оилалари йўлдан чиққан жамиятнинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади.

Халифа Муъизлидийниллаҳ Мисрни ўзига бўйсундиролмай узоқ вақт қийналди. У кўп марта куч ишлатиш режасини қилар, лекин Мисрда ҳукмни қўлларида тутиб турган ихшидийларнинг шавкатидан қўрқиб, орқага қайтар эди.

Бир куни унга «Ихшидийлар қасрининг аёллари айш-ишратга берилибдилар, фазилатларини унутибдилар», деган хабар келди. Шунда халифа енгил нафас олиб, энди Миср бизники бўлди, деди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мўминмусулмон шахс бировнинг ҳаққидан дўзахга тушишдан қўрққандек қўрқиши зарурдир. Зеро, бировнинг игна миқдоридаги ҳақи туфайли дўзахга тушиб қолиш ҳеч гап давоми...

4913 11:30 / 01.09.2021
Маҳаллада ёшлар етакчиси бўлиб ишлайдиган Сардорбек шанба куни эрталабдан бозорга тушди. Биринчи галда таътилда болалар зерикиб қолмасин деб, уларга китоблар давоми...

2042 11:26 / 14.11.2023
Тошкентлик аҳли илм биродарларимиздан бири ҳикоя қилади.Бир куни узоқ вилоятга бир иш билан боришимга тўғри келиб қолди. Йўл узоқ бўлгани сабабли тадорик ҳам давоми...

2147 09:00 / 07.07.2021
Интернет замонида ҳаким зотнинг ўғлига қилган тиллага тенг тавсиялари Ўғлим Google, Facebook, Twitter, WhatsApp, Telegram, Instagram ва барча ижтимоий тармоқлар бамисоли тубсиз давоми...

1608 17:00 / 22.06.2022
Аудиолар

118782 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40732 14:35 / 11.08.2021