1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Аллоҳнинг Китоби осмондан ерга тортилган бир арқондир

10:10 / 26.08.2017 2854 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, мен сизнинг ичингизда, агар маҳкам ушласангиз, зинҳор залолатга кетмайдиган нарсани қолдириб кетувчиман. Уларнинг бири иккинчисидан улуғдир. Аллоҳнинг Китоби осмондан ерга тортилган бир арқондир. Ва итратим, аҳли байтим, икковлари қошимга ҳовузга келгунларича бир-бирларидан зинҳор ажрамаслар. У икковларида менга қандай ўринбосар бўлишингизга бир назар солинглар!» дедилар».

Термизий ва Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Карим ёнига ўз итратларини қўшмоқдалар. «Итрат» сўзи яқин қариндошлик (насл), демакдир. Бу сўзни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари «аҳли байт» деб ҳам баён қилиб қўймоқдалар. Аҳли байтнинг кимлиги, уларнинг фазилатлари «Фазилатлар китоби»да келади. Ҳозирча Аҳли сунна ва жамоа наздида Оли байт – ҳазрати Али ва Фотимадан тарқалган насллар, Оли Аббос, Оли Жаъфар ва Оли Ақийллар эканини билиб олсак, етарли бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида ҳар бир мусулмон Қуръони Карим билан қўшиб, ўзларининг Оли байтларини ҳам маҳкам ушлаб, уларнинг айтган насиҳат ва кўрсатмаларига амал қилиши зарурлигини таъкидламоқдалар. Бу ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Чунки Оли байт доимо мусулмонларни Қуръон ва Суннатга амал қилишга чақирганлар. Ўзлари бу ишда бошқаларга ибрат бўлганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда:

«Икковлари қошимга ҳовузга келгунларича бир-бирларидан зинҳор ажрамаслар», деганлар.

Ҳовуздан мурод, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиёматдаги ҳовузлари. Демак, қиёматгача Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари Қуръони Каримдан ажрамаслар, Қуръони Карим улардан ажрамас.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг охирида:

«У икковларида менга қандай ўринбосар бўлишингизга назар солинг», демоқдалар.

Яъни, Қуръон ва аҳли байтимда менинг ўринбосарим сифатида нима қилишингизга бир назар солиб қўйинг, эҳтиёт бўлинг, демоқчилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу амрларига фақат Аҳли сунна ва жамоа мусулмонларигина тўғри ва тўлиқ амал қилмоқдалар. Қолганлари эса ё у ёққа, ё бу ёққа бурилиб, хатога йўл қўйдилар.

Баъзилар аҳли байтни камситиб, уларни ҳақорат қилдилар. Ҳеч бўлмаганда, уларни ўзларига тенг кўрдилар. Аҳли байтнинг қадрини муносиб ўринга қўймадилар.

Бошқалар эса аҳли байтни илоҳийлаштириб, Аллоҳ ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, аҳли байтнинг ўзи ҳам айтмаган юқори даражага кўтарадилар. Бу ишда ҳаддан ошиб, бошқа саҳобаларни кофирга чиқарадилар. Кетма-кет хатоларга йўл қўядилар. Аҳли байтнинг ҳурмати уларнинг қабрларига бинолар қуриш, зиёрат қилиш, мадҳиялар ўқиш, бу ишда уларга қўшилмаганларга лаънат айтишда, деб биладилар. 

Аҳли сунна ва жамоа эса аҳли байтнинг Қуръондан ажрамаганларини маҳкам тутадилар, ҳурмат қиладилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига Қуръонни ва аҳли байтларини қолдириб кетганлар.

2. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган икки нарсани маҳкам ушласа, зинҳор залолатга кетмайди.

3. Бу икки нарса бир-биридан улуғ, бир-биридан яхши.

4. Қуръон осмон билан ер орасидаги Аллоҳнинг арқонидир.

5. Қуръон билан аҳли байт то қиёмат бўлиб, ҳовузга борилгунча бир-бирларидан ажрамайдилар.

6. Мусулмонлар бу икки нарсада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қандай халифа (ўринбосар) бўлаётганларига доимо назар солиб туришлари керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ражаб ойи тўғрисида одамлар орасида турли нотўғри тушунчалар тарқалиб қолган. Унинг ҳақиқатини тушуниб олиш барча мусулмонлар учун лозимдир.Бу ой ҳақида Набий давоми...

4463 17:00 / 12 январь
Абдуллоҳ ибн Умму Мактум куняси ила таниқли муаззин Абдуллоҳ ёки Амр ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиБу киши .Эй Аллоҳнинг Расули, Мадина зарарли давоми...

2658 09:20 / 31.03.2018
. ,. .18. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, бу дин осонликдир. Ким динда ашаддийлашса, дин уни давоми...

1871 10:44 / 03.04.2019
. .6043. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиБу киши ёш болалар олдидан ўтиб, уларга салом бердиларда .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одати давоми...

1570 11:42 / 16.11.2018
Аудиолар

120101 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41769 14:35 / 11.08.2021