522 17.07.2017

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ таъкидлаганидек,

«У Зотга юзланган кимсанинг юзланиши Унинг иззатини зиёда қилмас. У Зотдан юз ўгирган кимсанинг юз ўгириши Унинг иззатига нуқсон етказмас».

Аммо одам боласиман деб юрган баъзилар ушбу очиқ-ойдин ҳақиқатни англаб етмайдилар ёки англашга ҳаракат қилмайдилар. Улар ўз жоҳилликларидан келиб чиқиб, «Агар мен Аллоҳ таолога итоат қилмасам, Унга қандай зарар етади ёки бизнинг Аллоҳ таолога ибодат ва итоат қилишимиздан У Зотга қандай фойда етади?» деган саволни ўртага қўядилар. Албатта, бундай саволни Аллоҳ таолонинг робблигини ва ўзининг бандалигини идрок қилмаганлар бериши мумкин. 

– «Рубубият» – «робблик» деган сўз ўзида кўпгина маъноларни, жумладан, мулк – эгалик, ҳифз – сақлаб туриш, тадбир – чора кўриш ва тарбия – бир нарсани аста-секин камолга етказиш каби маъноларни ўз ичига олади.

– «Бандалик» – «убудият» инсоннинг бутун борлиғини ва ҳис-туйғуларини қамраб олган хорлик ва зорликдан иборат бўлиб, у инсонни ўз Холиқини улуғлашга, Ундан ҳайиқишга, Унга илтижо қилишга, истиғфор айтишга, дуо қилишга ва Ундан умидвор бўлишга чорлайди. 

Уламоларимиз: «Убудиятда содиқлик билан рубубият ҳуқуқлари бир-бирига чамбарчас боғлангандир», дейдилар. Бошқача қилиб айтганда, убудиятдаги содиқлик билан рубубият ҳуқуқларини адо этиш бир ишдир. 

Агар Аллоҳ таолонинг азизлиги одамларнинг Унга тоат қилиши билан зиёда бўладиган ва уларнинг У Зотдан юз ўгириши билан нуқсонга учрайдиган бўлса, Илоҳ бўлиши мумкин бўлмас, сомад, улуғ деган сифатларга сазовор бўлмас эди, У Зот одамларга муҳтож бўлиб қолар эди.

Сомад – итоат қилинган.

Улуғ – Аллоҳ таолосиз ҳеч бир иш битмайди, ҳеч кимга Аллоҳ таолонинг ҳожати тушмайди, барчанинг ҳожати У Зотга тушади, бутун махлуқот битиб тугаса ҳам, Ўзи доимо боқийдир…

Банданинг вужудга келиши Аллоҳ таолога боғлиқ бўлса-ю, қандай қилиб Аллоҳ таоло бандага муҳтож бўлиши мумкин?! Банда ўз ҳаёти давомида ҳар бир нарсада Аллоҳ таолога ўта муҳтож бўлса-ю, қандай қилиб Аллоҳ таоло бандага муҳтож бўлиши мумкин?!

Аллоҳ таоло сиз билан биз бандаларини тоат ва ибодатга чорлаши У Зотнинг фойдаси учун эмас, балки биз, ожиз бандаларнинг фойдамиз учундир. Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг дин юбориб, шариат жорий қилиши инсоннинг ҳаёти саодатли бўлиши, яшаш низоми гўзал бўлиши учундир. Шунинг учун Аллоҳ таоло борлиқдаги барча махлуқотларига – жамодот, наботот ва ҳайвонот оламига инсонга беминнат хизмат қилишни топширгандир. Шунинг учун Ҳақ субҳанаҳу ва таоло инсонга илоҳий таълимотларга амал қилиб яшашни топширгандир. 

Аллоҳ таолога банда бўлиш инсон учун икки дунё саодатига эришиш йўлидир. 

Аллоҳ таолога банда бўлиш инсон учун ағёрлар қуллигидан озод бўлишга эришиш йўлидир.

Аллоҳ таолога банда бўлиш инсон учун турли зулматлардан халос бўлиб, Ислом нурига эришиш йўлидир. 

Ушбу ҳақиқатларни Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи Қуръони Каримда баён қилиб қўйгандир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади: 

«Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқарур. Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар. Ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар» (257-оят).

Биз оятда «дўст» деб таржима қилган сўз араб тилида «валий» деб келган бўлиб, бу сиз билан бизнинг тушунчамиздаги «дўст»дан кўра кенгроқ тушунчани ифода қилади. Бу дўст, ишбоши ҳамма керакли нарсаларни тайёрлаб, ишларни тўғри изга солиб турувчи ғамхўрдир.

«Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир».

Яъни ишбошиси, ғамхўридир. Шу боисдан ҳам

«Уларни зулматлардан нурга чиқарур».

Аллоҳ иймон келтирганларни Иймон деб аталувчи нурга чиқаради. Аллоҳнинг йўли, Иймон йўли битта – нур йўлидир. Ундан бошқа ҳамма йўллар зулматдан иборатдир. Шунинг учун ҳам оятда «нур» сўзи бирликда, «зулмат» сўзи эса кўпликда зикр қилинмоқда. Аллоҳнинг йўлидан бошқа ҳамма йўллар, қайси ном билан аталишидан қатъи назар, зулматдир. Аллоҳ таоло иймон йўлига юрганларни ушбу зулматларнинг барчасидан иймон нурига чиқаради. Иймонлиларнинг қаршисида бошқа тоифа ҳам бор, улар куфр келтирганлардир. Хўш, уларнинг ҳоли қандай экан?

«Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир».

Яъни кофирларнинг ишбошилари, ғамхўрлари Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўлдагилардир. Тоғутнинг каттаси шайтондир. Шундай экан, тоғутлар ўзларига эргашганларга қандай дўстлик қиладилар?

«Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар».

Тоғутлар ўзларига эргашганларни иймон нуридан чиқариб, жоҳилият зулматларига киритадилар.

Аввал айтилганидек, зулматлар жуда ҳам кўп ва улар турли номлар билан аталади. Оқибат нима бўлади? Оқибатда

«Ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар». 

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади: 

«…Батаҳқиқ, Расулимиз сизларга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни ўзингизга баён қилиб, кўпини афв қилувчи бўлиб келди. Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди» (15-оят).

Ушбу ояти каримадаги «нур»дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом дини, «ойдин Китоб»дан мурод эса Қуръони Каримдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга келтирган нарса нурдир. Буни иймон насиб этган кишилар биладилар. Улар Исломга киришлари билан жоҳилият зулматидан иймон нурига чиққанларини ҳис этадилар. Қуръони Каримни иймон ва ихлос билан ўрганганларида, унинг ойдин Китоб эканини тушунадилар.

Бу ойдин Китоб нималар қилишини кейинги оят баён этади:

«Аллоҳ Ўзининг розилигини истаганларни у билан салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарур. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилур» (16-оят).

Ўша ойдин Китоб – Қуръон билан Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини истаб мусулмон бўлган бандаларини салом (тинчлик) йўлларига бошлайди. Ислом тинчлик динидир. Ислом туфайли, Қуръон туфайли инсоннинг кўнгли тинч бўлади, ўзи тинч бўлади, оиласи, қишлоғи, шаҳри, жамияти, давлати ва бутун дунё тинч бўлади. Мусулмон инсоннинг ҳаёти тинч бўлади. У ўзи яшаётган борлиқ билан тинч алоқада бўлади. Атроф-муҳит тинч бўлади. Умуман, шомил ва комил тинчлик бўлади. Фақат мусулмон бўлган, Аллоҳ таолонинг розилигини истаган бандаларгина У Зот томонидан тинчликнинг барча йўлларига ҳидоят қилинадилар. 

«…уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарур».

Ушбу жумладаги «зулматлар» сўзига алоҳида эътибор бериш керак. Зулматлар кўпликда, нур эса бирликда келмоқда. «Нур»дан мурод Исломдир. Яъни кимки Қуръонга иймон келтирса, Исломга кирса, қоронғиликдан нурга чиққан бўлади. Нурга соҳиб бўлганлар эса адашмайдилар. Чунки Аллоҳнинг Ўзи уларни зулматдан нурга чиқаради:

«...ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилур».

Тўғри йўлга бошлайди. Бинобарин, аҳли китоблар ҳам ўзларининг бузуқ ақийда ва шариатларини қўйиб, Аллоҳ уларга юборган Пайғамбарга – Муҳаммад алайҳиссаломга, Қуръонга иймон келтиришлари ва Исломга амал қилиб, куфр ва жоҳилият зулматларидан иймон нурига чиқишлари лозим. Сироти мустақим шудир.

Уламоларимиз банданинг Аллоҳ таолога итоат қилиши ва У Зотнинг амрини тутиши Ҳақ субҳанаҳу ва таолога эмас, банданинг ўзига кераклиги ва фойдалигини англатиш учун ота-онанинг гўдак фарзандига қиладиган муомаласини мисол қилиб келтирадилар. Ота-она боласига насиҳат қилса, уни қил, буни қилма, деб тергаса, бу боланинг ота-онасига яхшилик қилгани бўлмайди. Аксинча, ота-онанинг боласига яхшилик қилгани бўлади. 

Аллоҳ таоло барчамизга У Зотга юзланган кимсанинг юзланиши Унинг иззатини зиёда қилмаслигини англаб етишни насиб қилсин! Аллоҳ таоло барчамизга У Зотдан юз ўгирган кимсанинг юз ўгириши Унинг иззатига нуқсон етказмаслигини англаб етишни насиб этсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)