1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Албатта, дин осондир

09:10 / 30.08.2017 3140 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига динда чуқур кетиб, ашаддийлашиб, ўзини қийнамасликка, ўртача иш тутиб, иложи борича камолга яқин бўлиш учун уринишга, доимо яхшилик башоратини беришга, қулай фурсатларни бой бермай, улардан фойдаланиб қолишга чақирмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни васф қилиб:

«Албатта, дин осондир», демоқдалар.

Яъни, дин аслида осонликдан иборатдир. Унинг барча таклифлари осондир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари «Ислом шариати кўрсатмаларини бажариш қийиндир», деб сафсата сотувчилар зиддига қаттиқ раддиядир.

Дарҳақиқат, Ислом осонликдан иборат. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқ. Ҳақиқий инсондек яшаш қасдида бўлган одам буни дарҳол тушуниб етади. Чунки Ислом ҳақиқий инсонлар учун Аллоҳ томонидан юборилган кўрсатмалар тўпламидир. Шу билан бирга, Исломнинг осонлигига паст назар билан қараб, ўзига уни қийинлаштиришга уринганлар ҳам хато қиладилар.

«Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади». 

Яъни, динда чуқур кетиб, ҳаддан ошиб, ўзича кўп амалларни қилиб, шуҳрат топмоқчи бўлса, енгилиб қолади. Бундай одамлар бориб-бориб йўлдан чиқадилар. Йўлдан чиқиш турлича бўлиши мумкин. Баъзилар ортиқча уриниб, ўзини уринтириб қўйиб, кейин малол олиб, ҳамма нарсани ташлаб юборади. Бошқалар эса ашаддийлашиб, динда йўқ нарсаларни ҳам қилиб, бошқаларни ҳам шунга ундаб, ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Ундай одамлардан диннинг ғолиб келишининг маъноси шудир.

«Бас, тўғри амалда бўлинглар»

Яъни, шариатда кўрсатилганича тўғри амал қилинг, ошириб ҳам юборманг, камайтириб ҳам қўйманг.

«Яқинлашиб юринглар»

Яъни, шариат кўрсатган чегарага яқинлашиб юринглар. Ундан чиқиб ҳам кетманглар, узоқда ҳам қолманглар.

«Яхшилик башоратини беринглар».

Яънидоимо ишни яхшиликка йўйинглар. Доимо яхшиликдан гапиринглар, яхши гапларни гапиринглар ва яхшиликни кутинглар.

«Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг».

Ушбу жумладаги «Ёрдам талаб қилинг» дейишдан мурод «Нафл ибодат қилинглар. Доимо ибодат билан машғул бўлсангиз, қийналиб кетасиз. Шунинг учун орани узиб-узиб, дам олиш вақтларида қилсангиз, яхши бўлади», дейишдир.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ислом дини осонлик дини экани.

2. Унда ашаддий бўлмаслик кераклиги.

3. Ким Исломда ашаддий бўлишга уринса, ўзи мағлуб бўлиши.

4. Шариат кўрсатмасига амал қилиш лозимлиги.

5. Шариат чегарасига яқинлашиб юриш.

6. Яхшилик башорати ила яшаш кераклиги.

7. Мазкур вақтларда ибодатнинг ғанимат бўлиши. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умарга .Биз томонларда бир тоифа одамлар чиқди Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар,, дейилди. Ва гапирувчи уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз давоми...

2434 17:06 / 28.07.2017
. ,. .18. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, бу дин осонликдир. Ким динда ашаддийлашса, дин уни давоми...

1839 10:44 / 03.04.2019
. , . .6586. Абу Марям алАздий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиБу киши Муовия розияллоҳу анҳуга .Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1864 08:43 / 10.01.2019
. ,. . 6602. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Адолатли бўлган бошлиқлар учун Аллоҳ давоми...

1743 08:46 / 12.01.2019
Аудиолар

118738 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40700 14:35 / 11.08.2021