1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

ҲУЗАЙФА ИБН АЛ-ЯМОН РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

20:15 / 21.04.2017 8559 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қаҳрамонимиз Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг бошқа саҳобалардан фарқли бир фазллари бор. У кишини баъзи уламоларимиз муҳожирлардан ҳисоблайдилар, бошқалари эса ансорийлардан ҳисоблайдилар. Аслида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кишига қайси гуруҳни истасалар ўшанга қўшилиш ихтиёрини берганлар.

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг ўзлари Бани Абс қабиласидан бўлганлар. Аммо ансорларнинг Бани Абдулашҳал қабиласига қўшиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Хоҳласанг ансорлардан бўл, хоҳласанг муҳожирлардан бўл», деганлар. Ўшанда Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу:
«Ансорлардан бўламан», деганлар.
«Сен улардансан», деганлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам
Хўш, нима учун бундоқ бўлди, деган савол туғилади. Бу саволга жавоб топиш учун Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг насабларига, у кишининг оиласи тарихига назар солиш керак бўлади.
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Ҳузайфа ибн Ямон ибн Жобир ал-Абсий, ал-Маккий, ал-Ямонийдир. Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг оталарининг исми аслида Ҳисл бўлган. Ўша Ҳисл бир одамни ўлдириб қўйиб Мадийнага қочиб келган. У ерда Ҳисл Бани Абдулашҳал билан шартнома тузган. Унинг қавми Бани Абдулашҳал ни «ямонийлар» деб аташар эди. Шунинг учун ҳам Ҳислни улар билан шартнома тузгани ва ҳимояларида яшагани учун Ямон деб атай бошладилар.
Ўша Ямон Бани Абдулашҳал қабиласидан Рибоб бинти Каъб ал-Ашҳалия деган аёлга уйланди. Икковларига Аллоҳ таоло Ҳузайфа, Саъд, Сафвон, Мудлаж ва Лайло деган фарзандларни берди. Рибоб мусулмон бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилди.

ИСЛОМГА КИРИШЛАРИ

Аввал Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг оталари Ямон Исломга кирди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитиши билан ўз қавмнинг бир неча одамлари билан тезда Маккага борди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб мусулмон бўлди. Сўнгра Ямон Мадийнага қайтди. Унинг аҳли ва яқинлари ҳам мусулмон бўлдилар.
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу Мусулмон оилада ўсдилар. У киши оталари ва қавмининг баъзи кишилари билан Маккага бориб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилиб келдилар. У киши Ислом таълимотлари остида саодатли ҳаёт кечиришни бошладилар.

ҲИЖРАТДАН КЕЙИН

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага ҳижрат қилиб келганларидан кейин Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг қалблари қувончга тўлди ва у зотнинг мажлисларида доимий равишда ишитирок этиб баҳраманд бўла бошладилар. У киши набавий дорулфунуннинг мухлис талабасига айландилар. Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу набавий дорулфунунда Қуръони Карим, шаръий илмлар билан бир қаторда олиймақом инсоний фазийлатларни ҳам ўзарига пухта сингдирдилар. У киши ҳақ йўлида бақувват, ҳаким, нифоқ ва алдамчиликни ёмон кўрадиган, ростгўй ва шижоатли инсон бўлиб бордилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорларни биродарлаштирганларида Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳуни Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйдилар.

ҒАЗОТЛАРДА

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу Бадр ғазотида қатнаша олмадилар. Бунинг ўзига яраша сабаби бор эди. Бу сабабни Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг ўзлари Имом Муслим кетирган ривоятда қуйидагича тушунтирадилар:
«Мени Бадрда ҳозир бўлишдан ҳеч нарса ман қилгани йўқ. Илло мен отам билан сафарга чиккан эдим. Қурайш кофирлари бизни тутиб олдилар. Улар бизга:
«Сизлар Муҳаммаднинг олдига кетаётибсизлар», дедилар.
«Биз Мадийнага кетмоқдамиз», дедик.
Улар биздан Аллоҳнинг номи ила, фақат Мадийнага кетмоқдамиз, унинг ёнида туриб қитол қилмаймиз, деган аҳдни олдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб хабарни айтдик.
Шунда у зот алайҳиссалом:
«Уларга берилган аҳдга вафо қиламиз. Уларга қарши Аллоҳдан ёрдам сўраймиз», дедилар».
Бу ишни қилиш учун Ислом бўлиши керак.
Бу ишни қилиш учун Иймон бўлиши керак.
Бу ишни қилиш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлиши керак.

УҲУД ҒАЗОТИДА

Уҳуд ғазоти Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу иштирок этган биринчи жанг бўлди. Бу куни у кишининг оталари Ямон розияллоҳу анҳу қатл бўлдилар. У кишини жанг тўпалонида, билмасдан мусулмонлар ўлдириб қўйдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Уҳуд куни бўлганида мушриклар очиқ-ойдин мағлубиятга учрадилар. Шунда Иблис: «Эй Аллоҳнинг бандалари, орқадагиларга қаранг!» деди. Бас, уларнинг олдиндагилари орқадагиларига қайтиб келди. Улар орқадагилар билан кучландилар. Ҳузайфа назар солиб бирдан отасини кўриб қолди ва:
«Эй Аллоҳнинг бандалари, отам! Отам!» деди.
Бирпасда уни қатл қилдилар. Шунда Ҳузайфа: «Аллоҳ сизларни мағфират қилсин», деди.
Урва айтади: «Токи Аллоҳ азза ва жаллага йўлиққинича Ҳузайфада ўша нарсадан бир хайр боқий қолди
». Бухорий ривоят қилган.
Уҳуд уришида ҳаёт мамот жанги бўлди Куннинг биринчи ярмида мусулмонлар кофирларга ғолиб келишди. Мушрикларнинг бошлиқларидан етмиш киши қатл этилди. Улар енгилиб, ортга қараб қоча бошладилар. Қочиб-қочиб аёллари турган жойгача бордилар. Аёллар ҳам қочишга тайёрланиб, кийимларини йиғиштира бошладилар.
Мушрикларнинг енгилиб қочаётганини кўрган камончилар, Пайғамбар алайҳиссалом қимирламай туришни тайинлаб қўйган жойларини ташлаб кетдилар.
Улар бир-бирларига:
«Қаранглар, ўлжа, ўлжа!» деб қичқиришди.
Амирлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг шартларини эсларига солса ҳам, кўнмадилар. Мушриклар батамом енгилиб бўлди, деб гумон қилиб, ўлжа йиғишга киришиб кетдилар ва Уҳуд томонни очиқ қолдирдилар.
Шу пайт Холид ибн Валид фурсатни ғанимат билиб, мушрикларнинг отлиқларини худди ўша ерга бошлади. У ердан ўтиб мусулмонларнинг орқа томонларидан бостириб кирди. Холид ибн Валид бошлиқ отлиқлар мусулмонлар устига бостириб келганини кўрган, қочиб кетаётган мушриклар ҳам ўзларини ўнглаб, яна уруш майдонига юзландилар. Натижада мусулмонлар қуршовда қолдилар.
Ана ўша ҳолатни биз ўрганаётган ривоятда:
«Бас, уларнинг олдиндагилари орқадагиларига қайтиб келди. Улар орқадагилар билан кучландилар», деб айтилмоқда.
Ҳамма нарса тескарисига айланиб, мусулмонлар енгила бошладилар. Уларнинг сафида саросима бошланди. Қўрқув ҳукм суриб, тартибсизлик бошланди. Бундай бўлишини ҳеч ким кутмаган эди.
Тўс-тўполоннинг ичида ким нима қилаётганини билиб бўлмай қолди. Ана ўша тўполон орасида,
«Ҳузайфа назар солиб бирдан отасини кўриб қолди»
Унинг отасига мусулмонлар ҳамла қилаётган эдилар. Бу ҳолни кўрган Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу Жон-жаҳдлари билан:
«Эй Аллоҳнинг бандалари, отам! отам!» деди».
Лекин қирғин барот жангда унинг гапига ким қулоқ солар эди.
«Бирпасда уни қатл қилдилар».
Мусулмон отаси ўз сафдошлари, диндошлари томонидан қатл қилинган бўлса ҳам Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу қотиллардан хафа бўлмадилар. Балки уларнинг ҳақларига дуо қилдилар:
«Шунда Ҳузайфа:
«Аллоҳ сизларни мағфират қилсин», деди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу хато йўли билан қатл қилингани учун отасининг хунини бердилар. Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу бу хунни мусулмонларга садақа қилиб юбордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бу ишлари учун яна ҳам яхши кўрдилар ва ўзларига жуда ҳам яқин тутадиган бўлдилар. Мусулмонлар ҳам Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу бу мардликларини муносиб тақдирладилар. У кишини ҳаммалари алоҳида ҳурмат қиладиган бўлдилар.
«Урва айтади:
«Токи Аллоҳ азза ва жаллага йўлиққинича Ҳузайфада ўша нарсадан бир хайр боқий қолди».

АҲЗОБ ҒАЗОТИДА

Мусулмонларни таг-томирлари билан қириб ташлаш ниятида тўпланиб келган турли аҳзоблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ Ислом лашкарини йиширма кундан ортиқ қамал қилиб турдилар.
Вазият ғоятда оғир эди. Душман ичига бориб уларнинг хабарларини билиб келиш зарур бўлиб қолди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душман орасида ихтилоф пайдо бўлгани, Аллоҳ уларнинг бирлигини бузгани ҳақида хабар етганидан сўнг, кечаси Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуни нима бўлаётганини билиб келиш учун уларнинг ичига юбордилар.
Бу ҳақда Ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн Каъб ал-Қаразийдан келтирган ривоятда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Аллоҳга қасамки, Хандақда иштирок этдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси бир муддат намоз ўқидилар. Сўнгра бизга бурилиб қараб:
«Ўрнидан туриб бориб анави қавм нима қилаётганига назар солиб қайтиб келадиган ким бор? Ким шу ишни қилса Аллоҳдан уни жаннатда менинг рафиқим қилишини сўрайман!» дедилар.
Хавфнинг кулилигидан, очлик шиддатиан ва совуқнинг қаттиқлигидан ҳеч ким турмади. Бирор киши турмаганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй Ҳузайфа, анави қавмнинг ичига бориб, нима қилаётганларига назар сол. Бизга қайтиб келгунингча, ҳеч нарса қилма», дедилар.
Туриб бордим ва қавмнинг ичига кирдим. Шамол ва Аллоҳнинг лашкарлари нима қилса, қилаётган эди. Шамол уларнинг қозонини ҳам, оловини ҳам, чодирини ҳам жойида қўймас эди. Абу Суфён ўрнидан туриб:
«Эй Қурайш жамоаси, ҳамма ёнидаги одамга қарасин», деди. Мен ёнимдаги одамни ушлаб:
«Сен кимсан?!» дедим.
«Мен Фалончи ибн Пистончиман», деди у.
Сўнгра Абу Суфён:
«Эй Қурайш жамоаси! Туриб бўлмайдиган ҳолатда қолдингиз. Туя ва отлар ҳалокатга учради. Бани Қурайза сизга хиёнат қилди. Улардан бизга ўзимиз ёмон кўрган нарса етди. Шамолнинг зўридан нима бўлаётганини ҳам кўриб турибсиз. Қозонимиз жойида турмайди. Олов ёнмайди. Чодирларимиз тик турмайди. Қани, жўнанглар, мен жўнадим», деди.
Сўнгра бориб, туясига миниб, уни урган эди, уч оёқлаб сакраб турди. Бир оёғи буклаб боғланган экан. Аллоҳга қасамки, у туянинг оёғини тик турғазиб ечди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга:
«Бизга қайтиб келгунингча бир нарса қилма», деган амрлари бўлмаганида, уни ўлдирар эдим».
Ғатафонга Қурайшнинг нима қилгани хабари етиб борганда улар ҳам ўз юртларига жўнаб қолдилар. Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган эдилар.
Мислсиз қаҳрамонлик кўрсатган Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу келиб У зотга хабарни етказди. Тонг отгач Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадинага қайтдилар.
Шундай қилиб, Аҳзоб уруши тугади. Исломни ва мусулмонларни таг-томири билан суғуриб ташлаш ниятида тўпланган кофир ва мушрик гуруҳлар ёвуз мақсадларига ета олмади. Аллоҳ таоло мусулмонларга нусрат берди.

ТАБУК ҒАЗОТИДА

Табук ғазотида қайтиш пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мунофиқларнинг суиқасдидан сақланиб қолишларида Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу ҳам иштирок этганлар.
Имом Аҳмад розияллоҳу анҳу Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотидан қайтаётганларида жарчига буюриб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тепалик йўлига юрдилар, ҳеч ким у йўлга юрмасин», деб жар чақиртирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларини Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу етаклаб, Аммор ҳайдаб кетишаётган эди, тўсатдан бир гуруҳ юзини беркитиб олган отлиқлар тезлаб келиб, Аммор розияллоҳу анҳуни ўраб олишди. Аммор розияллоҳу анҳу ҳалиги отларнинг юзига уриб ҳайдай бошлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузайфага:
«Етакла, етакла!!!» дедилар.
Сўнгра уловдан тушиб олдилар. Аммор қайтиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Аммор! Ҳалиги одамларни танидингми?» дедилар.
Аммор розияллоҳу анҳу:
«Ҳамма отлиқларни билардим. Аммо булар юзларини беркитиб олган эканлар», деди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Нима қилишмоқчи бўлганларини билдингми?» дедилар. Аммор:
«Аллоҳ ва Унинг Расули билади», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улар Расулуллоҳнинг минган уловини олиб қочиб, сўнгра уни йиқитмоқчи бўлдилар», дедилар.
Шунда Аммор розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирига:
«Аллоҳ учун ростини айт, тепаликдаги ўтган одамлар нечта эди?» деб савол берди.
У киши:
«Ўн тўрт киши эди», деб жавоб берди.
Аммор розияллоҳу анҳу эса:
«Агар сен ҳам улар билан бўлсанг, ўн бешта экан», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан учтасини (номини айтиб) санадилар.
Улар: «Аллоҳга қасамки, биз Расулуллоҳнинг жарчиларини эшитмабмиз, ҳалиги одамларнинг ниятидан ҳам бехабар эдик», дейишди.
Аммор розияллоҳу анҳу:
«Гувоҳлик бераманки, қолган ўн иккитаси бу дунёю у дунёда Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очганлардир», дедилар».
Кўриниб турибдики, мунофиқлар пайтини топсалар, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суиқасд қилишдан ҳам тоймайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида мунофиқлар бир неча бор куфр гапларни айтганларидан кейин тониб, айтганимиз йўқ, деб қасам ичишган.
Ана шу тариқа Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида фаол иштирок этдилар.

НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМ ЁНЛАРИДА

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу фақат ғазотларда эмас, бошқа вақтларда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлар эдилар. Агар баъзи ишлар билан машғул бўлиб у зот бир оз узоқлашсалар оналаридан тенбиҳ эшитар эдилар.
Имом Термизий Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Онам мендан:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги марта қачон кўрган эдинг?» деб сўради.
«Фалон вақтдан бери у зотни кўрганим йўқ», дедим.
У киши мени нолиди. Шунда мен унга:
«Шошмай туринг, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, у зот билан Шом намозини ўқийман ва менга ҳам, сизга ҳам истиғфор айтишларини сўрайман», дедим.
Бас, сўнгра бордим. У зот билан Шомни ўқидим. У зот Хуфтонни ҳам ўқиганларидан кейин чиқиб юрдилар. Мен ортларидан эргашдим. У зот овозимни эшитдилар ва:
«Бу ким? Ҳузайфами?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
«Нима ҳожатинг бор? Аллоҳ сени ҳам, онангни ҳам мағфират қилсин», дедилар. Сўнгра сўзларида давом этиб:
«Манави фаришта ер юзига бу кечадан олдин ҳеч ҳам тушмаган эди. У ўз Роббисидан изн олиб менга салом бергани ва Фотима аҳли жаннат аёлларнинг саййидаси экани ҳамда Ҳасан ва Ҳусайн ҳли жаннат ёшларнинг саййидалри экани башоратини бергани келибди», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча муҳим нарсаларни ўрганамиз.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг оналари ўта зукко ва оқила аёл эканлари. У киши ўз ўғилларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қачон борганин суриштириб туришлари шуни кўрсатади.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам оналари каби закий ва оқил инсон эканлари. У кишини оналари сўроққа тутиб койишлари билан дарҳол хатоларини тузатишга ўтдилар. Оналарини тинчлантириб, биринчи келадиган намозни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўқиб ҳам ўзига ва ҳам онасига у зотдан дуо олишни ваъда қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта сезгир эканлари ва ўзларига айтилмаган нарсаларни ҳам билиб олишлари. Ортларидан эргашиб келаётган одам Ҳузайфа эканини ва унинг ўзига ва онасига дуо олиш нияти бор эканини билдилар. Шубилан бирга гапни чўзмасдан унинг ҳожатини чиқардилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Фаришталар ҳам Аллоҳ таолодан изн олиб келиб салом бериб туришлари.
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлганларида эса кўп нарсаларни ўрганар эдилар.
Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга таомда ҳозир бўлсак, токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошламасларидан олдин қўл чўзмас эдик. Биз бир марта У зот билан бирга таомга ҳозир бўлдик.
Бас, бир жория, худди уни биров қуваётгандек шошилиб келди ва таомга қўлини узата бошлади. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўлидан тутдилар.
Сўнгра бир аъробий, худди уни биров қуваёгандек шошилиб келди. Шунда У зот уни ҳам қўлидан тутдилар ва:
«Албатта, шайтон Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган таомни ўзига ҳалол ҳисоблайди. У мана бу жорияни, у ила ўзига ҳалол қилиб олиш учун келтирди. Бас, мен унинг қўлидан тутдим. Сўнг манабу аъробийни у ила ўзига ҳалол қилиб олиш учун келтирди. Бас, мен унинг ҳам қўлидан тутдим. Менинг жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, албатта, унинг қўли жориянинг қўли ила менинг қўлимга тушди»-дедилар».
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу ўзларининг ихлослари, заковотлари ва бошқа олиймақом хислатлари ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишончларига кирдилар. У зот алайҳиссалом Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳуга бошқаларга ишонмаган нарсаларни ишондилар ва бошқаларга қилинмаган илтифотларни қилдилар.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, халифа таъйин қилсангиз эди», дедилар.
«Агар сизларга халифа таъйин қилсаму сиз унга осий бўлсангиз, албатта, азобланурсиз. Аммо модомики сизга Ҳузайфа сўзласа, уни тасдиқланг. Модомики, Абдуллоҳ сизга ўқитса, уни ўқинг», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда васф қилинаётган ҳолта ва суҳбат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида бўлган. У зот ўзларидан кейин мусулмон давлатига ким раҳбар бўлишини таъйин қилишни хуш кўрмаганлар. Бунинг ўрнига Ислом уматига Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу нима десалар шуни тасдиқлашни васият қилганлар.
Албатта, бундан зиёда фазл ва фахр бўлиши мумкин эмас.
Рвоятда зикр қилинган «Абдуллоҳ»дан мурод Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудирлар.

ҲАЗРАТИ АБУ БАКР ДАВРИДА

Биринчи халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу фатҳ ишларида фаол қатнашдилар. Ўша пайтда мусулмон фотиҳларнинг дунёга Ислом нурини таратиш учун қилган зафарли юришлари бошланган эди. Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу арабистон ярим оролидаги ҳануз мусулмон бўлмаган ерларини, Ироқ ва Шом ерларини фатҳ қилишда жонбозлик кўрсатдилар.

ҲАЗРАТИ УМАР ДАВРЛАРИДА

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида мусулмонларнинг энг кўп ташвишга солган масалалардан бири мунофиқлар масаласи эди. Энг мушкили ким мунофиқ эканлигини билиб олиш қийин эди. ҳамма бу муаммодан ҳайрон эди.
С-к.лардан фақат бир киши бу сирдан воқиф эди. Ўша нодир саҳобий бизнинг қаҳрамонимиз Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳуга мунофиқларнинг исмларини бирма бир айтиб берган эдилар. шу билан бирга бу сир бирор кишига айтмасликни тайинлаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳуга мунофиқларнинг ҳаракатларини кузатиб бориш, уларнинг Ислом ва мусулмонларга келтирадиган хатарларини олдини олиш ишларини ҳам топишган эдилар.
Имом Муслим Аммор ибн Ясин розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Менга Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Саҳобаларим ичида ўн иккита мунофиқ бор. Улардан саккизтаси туя игнанинг тўшигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар», дедилар».
Ўшандан бошлаб Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирлари соҳиби», лақабини олган эдилар ва у кишининг оғизларига тасарруфларига қараб мунофиқ кимлигини билиб олишга ҳаракат қилар эдилар ҳамда ўзлари ўша мунофиқлардан эмасликлари ҳақида саволлар берар эдилар.
Жумладан Умар розияллоҳу анҳу ҳам Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан мунофиқлар ҳақида сўраб юрар эдилар. У киши мунофиқ шубҳасида бўлган кишилардан бирортаси ўлса, Умар розияллоҳу анҳу Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳуга қарар эдилар. Агар Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу жанозага келмасалар, Умар розияллоҳу анҳу ҳам келмас эдилар.
Умар розияллоҳу анҳу бир куни Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан:
«Менинг омилларим ичида бирорта мунофиқ борми?» деб сўрадилар.
«Битта», дедилар Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу
«Уни менга кўрсат», дедилар Умар розияллоҳу анҳу
«Ундоқ қилмайман», деди Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу
Аммо Умар розияллоҳу анҳу ўз фаросатлари билан ўша одамни ишдан бўшатиб юбордилар.
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг денгиз мавжидек мавжланадиган фитна ҳақидаги ҳадиси шарифларини ҳам яхши билар эдилар.
Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Умар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ким ёддан билади?!»-деди.
Ҳузайфа:
«Мен, у зотнинг:
«Кишининг аҳлидаги, молидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза ва садақа ювиб юборади, деганларини эшитганман»-деди.
«Мен бунинг ҳақида сўраётганим йўқ. Мен денгиз мавжидек мавжланадиган (фитна) ҳақида сўраяпман»-деди Умар.
«Унинг қаршисида ёпилган эшик бор»-деди у.
«Ул очилурми, синдирилурми?»
«Синдирилур».
«Ундоқ бўлса қиёмат кунигача ёпилмас эканда».
Биз Масруқга:
«Ундан сўрачи, Умар эшик ким эканлигини билар эканми?»-дедик.
У сўради. Ҳузайфа:
«Ҳа, эртадан олдин кечаси бўлишини билгандек билар эди»-деди».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда мусулмонлар ичидан фитна чиқиб урушлар, келишмовчиликлар ва нохушликлар бўлиши ҳақида баъзи ҳадисларни айтган эдилар.
Ҳазрати Умар ҳам бу нарсадан хабардор эдилар. Шу билан бирга мазкур фитна менинг вақтимда чиқмасмикан, унга мен аралашиб қолмасмиканман? деган хаёл билан юрар эдилар.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур фитна ҳақидаги ҳадисларини яхши билган кишилардан сўраб суриштириб юрар эдилар. Кунлардан бир кун ушбу ривоятда зикр қилинган ҳодиса бўлиб ўтди.
«Умар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ким ёддан билади?»-деди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг бу саволларига жавобан Ҳузайфа розияллоҳу анҳу:
«Мен У зотнинг, Кишининг аҳлидаги, молидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза ва садақа ювиб юборади, деганларини эшитганман»-деди.
Кўриниб турибдики, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу фитнадан, кичик маънодаги фитна, синов ва бир хил нарсаларга чалғиб ибодатда камчиликка йўл қўйиш маъносини тушунганлар. Шунинг учун ҳам молу-дунё, аҳли-аёл ва қўни-қўшни туфайли содир бўлган гуноҳларни намоз, рўза ва садақа ювиб юбориши ҳақидаги ҳадисни айтдилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бўлсалар ўз саволларида катта фитнани, мусулмонлар орсида чиқадиган келишмовчиликлар, уруш жанжаллар ва жанглар фитнаси ҳақида сўраган эдилар.
Шунинг учун ҳам, Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг гапларидан кейин:
«Мен бунинг ҳақида сўраётганим йўқ. Мен денгиз мавжидек мавжланадиган (фитна) ҳақида сўраяпман», дедилар.
Мусулмонлар орасида чиқадиган фитнани денгиз мавжидек мавж уришини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эдилар.
Ҳазрати Умар Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга ўша васфни эслатдилар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу у ҳадисни ҳам яхши билар эдилар. У киши Ҳазрати Умар нима учун у фитна ҳақида сўраётганларини ҳам тушуниб етдилар.
Шунинг учун у кишини тинчлантириб:
«Унинг қаршисига ёпилган эшик бор», деди.
Яъни, эй, Умар, ўша денгиз мавжидек мавж урадиган фитнага мен аралашиб қоламанми, деб қўрқмагин, у билан сенинг орангда ёпиқ эшик бор, деганлари эди. Бу эшик, шахс эканлигини ҳадиснинг давомидаги,
«Умар эшикнинг ким эканлигини билар эканми?» деган жумладан ҳам билиб оламиз. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умарнинг Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга:
«У очилурми, синдирилурми?-деб берган саволларининг маъноси, ўша ёпилган эшик бўлган шахс ўзи вафот этадими ёки бошқалар томонидан ўлдириладими, дегани эди.
Бу саволга Ҳузайфа розияллоҳу анҳу «синдирилур»- дедилар. Яъни, ўша фитнага эшик бўладиган шахс ўлдирилади, дегани эди.
Ҳазрати Умар тушуниб етдилар ва:
«Ундоқ бўлса, қиёмат кунигача ёпилмас эканда»- дедилар.
Ушбу ҳадисни Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан эшитиб ўтирган кишилар фитнага эшик бўлиб турган одам кимлигини ҳазрати Умар билармидилар, йўқми? деган хаёлга бордилар ва машҳур тобеъинлардан Масруқ раҳматуллоҳи алайҳдан бу ҳақда Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан сўрашни таклиф қилдилар. Улар бу ҳақда:
«Биз Масруқга ундан сўрачи Умар эшик ким эканини билар эканми?-дедик», дейдилар.
Масруқ Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан бу саволни сўради. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бу саволга жавоб бериб:
«Ҳа эртадан олдин кечаси бўлишини билгандек билар эди»-деди.
Демак, ҳазрати Умарнинг ўзлари билиб туриб яна сўрашларидан мақсадлари бошқаларни ҳам хабардор қилиш ва бу масалани яна ҳам таъкидлаб олиш экан.
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳунинг фотиҳлик қобилиятлари иккинчи халифа ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида яққол намоён бўлди.
Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлиб сайланганларида Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу машҳур Ярмук жангида душманга қарши жанг қилаётган эдилар. У киши ўша ердан яна ўз жиҳодларида давом этдилар.

КУФА ШАҲРИНИ ҚУРИШ

Мусулмонлар Кисронинг пойтахти Мадоин шаҳрини фатҳ қилганларидан кейин уни ўзларига марказ қилиб олган эдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у шаҳарда истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ранглари сарғайиб, ўзлари заифлашиб бораётганларини мулоҳаза қилдилар. У киши Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга мактуб юбориб, Салмони Форсий билан Ҳузайфа ибн Ямонни ер танлашга юбор. Ҳам қуруқлик, ҳам денгизга яқин, мен билан сизларнинг орангизда сув ҳам, кўприк ҳам йўқ ерни топсинлар, деб амр қилидлар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу икковларини ўша вазифани бажариш учун юборди. Улар икки томонган кетиб, ер танлаб келиб Куфа-тўгарак қумлик, деган жойда учрашдилар. У ерда намоз ўқиб, Аллоҳ бу ерни сабот манзили қилсин, деб дуо қилдилар. Кейин Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу олдига бори хабар бердилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Қаъқоъ ва Абдуллоҳ ибн Мўътам розияллоҳу анҳумоларга одам юбориб, ўринларингизга бошқани қўйиб, ўзингиз ҳозир бўлинглар, деб амр қилди.
Ана шу тариқа мусулмон оламининг энг машҳур шаҳарларидан бири бўлган Кўфа шаҳрининг тасис этилишида Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу асосий ўрин тутган кишилардан бири бўлдилар.

НАҲОВАНД ЖАНГИ

Мусулмон фотиҳларлар Ноҳавандга етиб бориб чодирлар қурдилар. Аввал жангга таёргарлик кўрилди. Сўнг жанг бошланди. Чоршанба, Пайшанба кунлари жанг бўлиб, Жума куни форслар хандақларига тушиб беркиниб олдилар.
Мусулмонлар маслаҳат қилиб, Қаъқоъ ўз аскарлари билан душман устига бостириб бориб, кейин уларни алдаш учун ортга қочиши, душман қувиб чиққанда ҳамма бирдан ҳамла қилишига қарор қилдилар.
Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу ўз одамлари билан топширилиган вазифани аъло даражада бажардилар.
Умрида мусулмонларнинг қочганини кўрмаган форслар ховлиқиб уларни қувишга турдилар.
Нўъмон розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрадиган вақтгача лашкарга жангга киришга амр бермай турди.
Қуёш заволга кетиши билан у киши такбир айтди. Исломнинг музаффар фотиҳлари «Аллоҳу акбар!» садолари остида душман устига арслонлар каби ташландилар.
Биринчилардан бўлиб уларнинг амирлари Нўъмон розияллоҳу анҳу, агар мен шаҳид бўлсам, ўрнимга Ҳузайфа амир бўлади, деб ёвга ҳамла қилди.
Тарих кўрмаган жанг бўлди. Қодисияда ҳам бунчалик бўлмаган эди. Жанг давомида Нўъмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлди. Укаси Нуъайм унинг жасадини биров кўрмасин деб беркитиб қўйиб ўзи жангни давом эттирди.
Байроқни Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу олди. Жанг қоронғу тушгунча давом этди. Форслар ўт ёниб турган ибодатхоналари томон қочдилар. Мусулмонлар уларни қувиб бордилар.
Форсларнинг Моҳийн номли бошлиғи сулҳ сўради. Уларнинг талаби бўйича қуйидаги аҳднома ёзилди.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ушбу Ҳузаўфа ибн Ямоннинг Моҳдинор аҳлига берганидир. У уларга жонлари, моллари ва ерлари учун омонлик берди. Улар ўз миллатларида ўзгартирилмадилар. Улар билан шариатлари ораси тўсилмайди. Модомики улар жизяни адо қилар эканлар улар ҳимояда бўлурлар. Ҳар йили уларга волий бўлган шахсга ҳар бир балоғатга етганнинг молидан ва жонидан тоқатига қараб (олинади). Модомики, Мусофирларни тўғри йўлга солсалар, йўлларни тузатсалар, ўз олдиларидан ўтган мусулмон аскарларни бир кечаю бир кундуз меҳмон қилсалар, вафо қилсалар ва насиҳат қилсалар. Агар алдасалар ва ўзгартсалар, бизнинг зиммамизда улар учун ҳеч нарса йўқ».
Қаъқоъ ибн Амр, Нуъайм ибн Муқаррин ва Сувайд ибн Муқарринлар гувоҳ бўлдилар. 19 ҳижрий сананинг Муҳаррамида ёзилди».
Сўнгра мусулмонлар ўз жойларига қайтдилар. Наҳованд фатҳини мусулмонлар «Фатҳларнинг фатҳи» деб номладилар. Чунки бу фатҳдан кейин Форснинг иши умуман ўнгланмади.
Ҳазайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу Соиб ибн ал-Ақраъ розияллоҳу анҳуни хушхабарчи қилиб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурларига йўллади. У Мадинага яқинлашиб келганда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шаҳар ташқарисида хабар кутиб, безовта бўлиб юрар эди. У киши Соиб розияллоҳу анҳуни кўришлари билан:
«Ортингда не бор?» деди.
Соиб ибн ал-Ақраъ розияллоҳу анҳу:
«Яхшилик! Эй мўминларнинг амири, Аллоҳ сенга фатҳ берди! Улкан фатҳ! Нўъмон ибн Муқаррин шаҳид бўлди», деди.
Умар:
«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!» деди-да, йиғлаб юборди. Йиғининг кучидан унинг икки курагининг уст қисми кўтарилиб туша бошлади. Буни кўрган Соиб:
«Эй мўминларнинг амири, ундан кейин мусийбатга учраганларнинг ҳам юзини таниб бўлмади», деди.
У киши:
«Улар заифҳол мусулмонлардир. Лекин уларни шаҳидлик ила мукаррам қилган Зот юзларини ҳам, насабларини ҳам билади. Уларга Умарнинг билишининг нима кераги бор», деди.
Ноҳавандда мусулмонларга тушган ўлжалар ичида икки идишда Кисронинг нафис жавҳарлари ҳам бор эди. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ўшаларни Соиб розияллоҳу анҳу орқали Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборган эди. Соиб уларни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга берганда, уларни байтулмолга қўйиб лашкарингнинг олдига жўна, деди.
У уловини миниб кетди. Умар унинг ортидан пойлоқчи юборди. У Соибни Куфадан қайтариб келди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уни кўриши билан:
«Мен билан Соиб орамиздаги шулки, сен чиққан кечаси мен уйқуга кетдим. Фаришталар мени ичида олов ёниб турган икки идиш томон, агар уларни мусулмонларга тақсимламасам, ўтини менга босмоқчи бўлиб судрай бошладилар. Бу икки идишни ол-да, мусулмонларнинг ризқи учун сотиб юбор», деди.
Икки идишдаги жавоҳирлар Куфа бозорида сотилди ва тушган маблағ мусулмонларга сарф қилинди.

ҲАМАДОН ФАТҲИ

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Ноҳаванд фатҳидан қайтиб келаётиб Ҳамадон аҳли сулҳни бузганлари ҳақидаги хабарни эшитди. У киши бу кўнгилсиз хабарни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга етказди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у томонга Нуъайм ибн Муқарринни юборишни амр қилдилар. У йўлдан қайтиб ўша томон юрди. Ҳамма тарафларни эгаллаб шаҳарни қамал қилди. Душман сулҳ талаб қилди.

МАДОИН ВОЛИЙСИ

Улар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Мадоинга Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуни волий этиб таъйинладилар. Мадоин аҳолиси ўзларига янги волий бўлган зот ҳақида жуда кўп гаплар эшитган эдилар. Уларнинг тасаввурларида Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу афсоналарда зикр қилинган қаҳрамонлардан бир неча марта юқорироқ турар эдилар.
Янги волийнинг тезоқ келишини шафқу завқ билан кутган Мадоин аҳолиси сабрлари чидамай у кишининг одамлари билан келишларини кутиб олиш учун чиқдилар. Улар афсонавий қаҳрамон волийни ўзларига яраша улуғворлик билан кутиб олиш ниятида эдилар. Ҳадеганда янги волийнинг карвони кўринавермади. Атрофда шов-шув ёки чанг тўзон ҳам кўтарилавермади.
Аммо бир истараси иссиққина одам эски тўқим ташланган эшакда оёқларини осилтириб олиб кела бошлади. У бир қўлида нон, иккинчисида туз тутиб олиб кавшаниб келар эди.
Ҳалиги киши кутиб олувчиларнинг оралаб уларнинг яримидан ўтиб бўлди. Анашунда баъзи кишилар унинг Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу эканлигини билиб қолдилар. Уларнинг бошларидан хушлари учиб кетди! Наҳотки, афсонавий янги волий шу киши бўлса!
Одамлар у кишини ўраб олдилар. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу бўлсалар пинагларини бузмай йўлда давом этдилар. Одамлар у кишидан бирор нарса эшитишга ошиқар эдилар. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу бу ҳолни англадилар ва уларга хитоб қилиб:
«Фитна жойлардан сақланиглар!» дедилар.
«Фитна жойлар нима, эй Абу Абдуллоҳ?!» дейишди.
«Амирларнинг эшиклари. Сизлардан бирингиз амир ёки волийнинг олдига кириб, уни ёлғонини тасдиқлайди ва унинг ўзида йўқ нарсалар ила мадҳ қилади», дедилар.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ўзлари катта аскарбоши ва волий бўлсалар ҳам халифанинг маслаҳатлари ила иш тутар эдилар.
Ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳи Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар розияллоҳу анҳу Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга, одамларга атоларини ва ризқларини бер», деб ёзди.
У жавобига:
«Биз бажо келтирдик. Яна кўп нарса ортиб қолди», деб ёзди. Умар унга:
«Албатта, у уларнинг Аллоҳ берган пайларидир. У Умарники ҳам Оли Умарники ҳам эмас. Уни уларга тақсимлаб бер!» деб ёзди».
Умар розияллоҳу анҳу Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуни инсон сифатида юқори баҳолар, у кишини бутун дунёнинг бойликларига ҳам алишмас эдилар.
Имом Бухорий «Тарихи сағир»да Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳудан у киши Убай розияллоҳу анҳу қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Умар ибн Хаттоб ўз соҳибларига:
«Орзу қилинглар!» деди.
«Мен бир уй тўла дирҳамларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди бири.
«Орзу қилинглар!» деди у яна.
«Мен мана шу уй тўла олтинларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди бошқаси.
«Орзу қилинглар!» деди у яна.
«Мен манашу уй тўла жавҳарларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди яна бири.
«Орзу қилинглар!» деди у яна.
«Бундан бошқа орзумиз йўқ», дейишди улар.
Шунда Умар:
«Аммо мен манашу уй тўла Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал ва Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳумлар каби одамлар бўлишини ва уларни Аллоҳнинг тоати учун омил қилишни орзу қилар эдим», деди.
Сўнгра у Ҳузайфага мол юборди ва:
«Назар солинглар нима қилар экан», деди.
У молни тақсимлаб юборди.
Сўнгра у Муоз ибн Жабалга мол юборди ва:
«Назар солинглар нима қилар экан», деди.
У молни тақсимлаб юборди.
Сўнгра у Абу Убайдага мол юборди ва:
«Назар солинглар нима қилар экан», деди.
У молни тақсимлаб юборди.
«Ана, сизларга айтмабмидим!» деди Умар».
Умар розияллоҳу анҳу умрларининг охиригача Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу билан яхши муносабатда бўлдилар.
Амр ибн Маймун розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади::
«Умарни мусийбатга учрашидан бир неча кун олдин кўрдим. У Ҳузайфа ва Усмон ибн Ҳунайфни тўхтатиб:
«Икковингиз нима қилдингиз? Ерга унинг тоқати етмайдиган нарсани юклаб қўймадингизми тағин?» деди.
«Биз унга тоқати етадиган нарсани юкладик. Кўп ортиқлиги йўқ», дейишди.
«Яхшилаб назар солинглар, яна ерга у тоқат қила олмайдиган нарсани юклаб қўйманглар», деди.
«Йўқ», дейишди.
«Аллоҳ саломат қилса, Ироқнинг тул аёлларини мендан кейин ҳеч кимга ҳожати тушмайдиган қиламан», деди».
Бу суҳбатда Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг омилларидан бўлган Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳунинг ўзларига топширилган вилоятдаги кишиларга раҳим шафқатли бўлишга чорлаган эдилар.

ҲАЗРАТИ УСМОН ДАВРЛАРИДА

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг давларида Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу жиҳод жабҳаларида фатҳ ишларида иштирокларини давом этдирдилар. Ҳазрати Умон розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам турли ўлкаларни фатҳ қилиш давом этди.
Жумладан, Саъид ибн Осс розияллоҳу анҳу Тобаристонни фатҳ қилди. У киши билан бирга бу ишда ҳазарати Али розияллоҳу анҳунинг икки ўғиллари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнлар, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ва бошқа кўпгина катта саҳобийлар қатнашдилар. Тобаристонлик аввал жанг қилишди, кейин сулҳ сўрашди. Улар билан сулҳ тузилди.
Кейин Саъид ибн Осс ва Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳулар Абдурраҳмон ибн Робийъага ёрдам бериш учун Боб томон юришди. Озарбайжонга етганларига Саъид ибн Осс Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуни олдинга юбориб ўзи орқани қўриқлаб турди.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон билан фатҳни охирига етгазгандан кейин қайтиб келиб Саъид ибн Оссга қўшилди.
Кўфанинг волийси Саъид ибн Осс розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Робийъанинг ўрнига унинг укаси Саломонни Бобни фатҳ қилувчи лашкарга амир қилди. Аҳли Кўфа лашкарига Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуни бошлиқ қилди.
Ўша ерда, яъни, Озарбайжонни фатҳ қилиб юрганларида Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу фатҳ ишларини ташлаб Мадийнага қайтишга мажбур бўлиб қолдилар. Мусулмонларнинг пойтахти Мадийнада у киши учун фатҳ ишларидан ҳам муҳимроқ иш чиқиб қолган эди.
Вақт ўтиши билан Ислом давлатининг чегараси кенгайиб, кўплаб халқлар ҳам мусулмонликни қабул қилиб, мусулмонларнинг сони кўпайгандан сўнг Қуръонни ўқишда турлича келишмовчиликлар чиқа бошлади. Орада қатта фитна чиқиш хавфи туғилди.
Бу хавфни биринчи бўлиб Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу англаб етдилар. У киши бундан халифани огоҳ қилиб, фитнанинг олдини олиш учун чора кўришни таклиф қилмоқчи бўлдилар.
Бу ҳақда имом Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ»ларида Ибн Шиҳобдан у киши Анс ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Ҳузайфа ибн Ямон Усмоннинг олдига келди. У аҳли Шом билан Армения фатҳида, аҳли Ироқ билан Озарбайжон фатҳида ғазотда эди. Ҳузайфани уларнинг қироатдаги ихтилофлари қўрқинчга солган эди. Ҳузайфа Усмонга:
«Бу умматни Китоб тўғрисида Насоро ва Яҳудларнинг ихтилофига ўхшаш ихтилоф қилишининг олдини ол!» деди.
Бас, Усмон Ҳафсага одам юбориб, бизга саҳифаларни, бериб тур ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз, деди.
Ҳафса уларни Усмонга юборди. У Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Осс ва Абдурраҳмон ибн ал-Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилди. Улар мусҳафларга нусха кўчирдилар. Усмон қурайшлик учлик гуруҳга:
«Агар сизлар Қуръоннинг бирор нарсасида Зайд ибн Собит ила ихтилоф қилиб қолсангиз, ўшани Қурайш лисони ила ёзинглар. Чунки у уларнинг лисонида нозил бўлгандир», деди.
Улар амрни бажо келтириб саҳифалардан мусҳафларга нусхалар кўчирдилар. Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтариб берди. Улар насх қилганлардан ҳар томонга биттадан мусҳаф юборди. Ундан бошқа саҳифаларда ва сусҳафда Қуръондан бўлса, куйдириб юборишга амр қилди».
Халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бу ишларини барча Ислом уммати катта қувонч ва қўўлаб қувватлаш билан кутиб олди ва унга катта ғайрат билан амал қилишга киришди. Фақат Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзларининг шахсий мусҳафларини ёки юборишга бир оз кўнмай турдилар. Кейин Аллоҳ таоло кўнгилларига солиб у киши ҳам жумҳурга қўшилдилар.
Шундоқ қилиб Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг китобини асл ҳолида соқлаб қолиш бўйича мисли йўқ ажойиб иш қилдилар.

ИЛМЛАРИ

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу илм бобида ҳам тенги зот эдилар. У киши бу соҳада ҳам ҳаммага ўрнак бўлар эдилар.
Имом Бухорий ва Насаий ривоят қиладилар: «Ҳузайфа рукуъ ва саждани батомом қилмаган бир кишини кўриб:
«Намоз ўқимадинг! Агар ўлсанг, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни халқ қилган табиатидан бошқа табиатда ўласан!»-деди».
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу машҳур саҳобалардан, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарсани эшитиб, билмасалар гапирмайдилар. У киши розияллоҳу анҳу рукуъни ва саждани тўлиқ қилмай, бошқа ривоятда айтилишича, худди қарға ерни чўқигандек қилиб, намоз ўқиган одамни кўриб унга танбеҳ бердилар. Танбеҳ берганда ҳам, ашаддий танбеҳ бердилар. Бу ўқиган намозинг намоз эмас. Агар доим шундоқ қилиб намоз ўқиб юрган бўлсанг ишинг чатоқ. Мабода ўладиган бўлсанг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг миллатларидан бошқа миллатда ўласан, деган маънодаги гап айтдилар. Бу кофир ҳолингда ўласан, маъносини бошқа лафзлар ила ифода этилиши эди.
Имом Абу Довуд ва Термизийлар Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиган. У зот рукуъларида «Субҳана Роббиял Азийм», ва саждаларида «Субҳана Роббиял Аъло» дер эдилар. Қачон раҳмат оятидан (ўқиб) ўтсалар, тўхтаб, сўрар, ва азоб оятидан (ўқиб) ўтсалар, тўхтаб паноҳ тилар эдилар».
Имом Бухорий, Муслим ва Насаийлар ривоят қиладилар:
«Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Мадоинда эди. Ичимлик келтиришларини сўради. Қишлоқнинг оқсоқоли кумуш идишда сув келтирди. У идишни олиб, келтирувчи қараб отди ва:
«Мен уни қайтарсам ҳам яна шу идишда олиб келгани учун уни ўзига қараб отдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тилло ва кумуш идишларда ичманглар. Ипак ва дебожни кийманглар. Чунки, ўшалар бу дунёда уларга, охиратда сизларга»-деганлар», деди».
Бошқа бир ривоятда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни тилло ва кумуш идишларда ичимлик ичмоқ ва таом емоқдан ҳамда ипагу дебожни киймоқ ва устига ўтирмоқдан қайтарганлар», дейилган.
Мадоин ўша пайтда Форс юртига қарашли машҳур шаҳалардан бири бўлган. Биз, қишлоқ оқсоқоли, деб таржима қилиган ибора, «Деҳқон», деб келган. Араблар ўша пайтда қишлақ бошлиқларини шундоқ атаган эканлар.
Ушбу ривоятда саҳобаларнинг бошқа мусулмонлрга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган таълимотларини, шариат аҳкомларини қандоқ ўргатганлари худди кўргазмали дарсдек аён бўлиб турибди.
«Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Мадоинда эди. Ичимлик келтиришларини сўради».
Машҳур саҳобий Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Мадоин шаҳрида турганларида кунлардан бир кун сув ичкилари келиб ўша ерда турганлардан сув келтиришларини сўрадилар.
«Қишлоқнинг оқсоқоли кумуш идишда сув келтирди».
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу катта саоҳобий ва катта вилоят волийси бўлганларидан ҳурматларини жойига қўйиш мақсадида бировга амр қилмасдан қишлоқнинг оқсоқоли ўзи у кишига сув тутди. Аммо унинг сув келтирган идиши кумушдан бўлган идиш эди. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу қишлоқ оқсоқоли қўлидан сувли идишни олдилар, аммо идиш кумушдан эканлигини кўрганларида…
«У идишни олиб, келтирувчи қараб отди»
Албатта, Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг қишлоқ оқсоқолига нисбатан бундоқ муомала қилишлари ўша ерда турганларни ажаблантириши турган гап эди. Шунинг учун у киши дарҳол ўзлари қилган иш юзасидан кишиларга тушунтириш баёноти ҳам бердилар.
«Мен уни қайтарсам ҳам яна шу идишда олиб келгани учун уни ўзига қараб отдим».
Яъни, бундан олдин ҳам шунга ўхшаш ҳодиса бўлган, Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга худди шу қишлоқ оқсоқолининг ўзи кумуш идишда сув тутган, у киши кумуш идишда сув ичмоқ мусулмон киши учун ҳаром эканини баён қилиб берган эканлар. Лекин қишлоқ оқсоқоли бу гапларга эътибор бермай яна кумуш идишда қайтадан сув олиб келгани учун Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ибрат бўлсин учун унга юқорида зикр этилган муомалани қилган эканлар.
Аммо Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ўз сўзлари сингани учун бундоқ муомалага ўтган эмас эдилар. Балки, мазкур қишлоқ оқсоқоли ўзининг нотўғри тасарруфи ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини синдирган эди. Шунинг учун Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг қаттиқ аччиқлари чиқди ва сўзлари давомида:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тилло ва кумуш идишларда ичманглар. Ипак ва дебожни кийманглар. Чунки, ўшалар бу дунёда уларга, охиратда сизларга»-деганлар», деди».
Худди шу жумлалар «Таом ва шароб китоби»да келган ва ўша ерда бу масалани батафсил шарҳ қилганмиз.
Бошқа бир ривоятда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни тилло ва кумуш идишларда ичимлик ичмоқ ва таом емоқдан ҳамда ипагу дебожни киймоқ ва устига ўтирмоқдан қайтарганлар», дейилган».
«Ипак» ингичка арқоқли майин шойи бўлиб, «дебож» йирик арқоқли майинлиги ипакникичали даражада бўлмаган шойидир.
Ушбу ривоятда тўрт нарсадан тўрт мақсадда фойдаланмоқ ман қилинмоқда.
Тилло ва кумуш идишлардан ичимлик ичмоқ ва таом емоқ мақсадида фойдаланиш ман қилинган бўлса, ипак ва дебожни кийим қилиб киймоқ ёки тўшаб устига ўтиришдан ман қилинмоқда.
Имом Бухорий ва Термизий -Абдурроҳман ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Ҳузайфадан ўрнак олишимиз учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гўзал ҳайъати ва юриш туриши энг яқин киши ҳақида сўрадик. Бас, у киши:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Ибн Умму Абддан кўра гўзал ҳайъати, юриш туриши ва сийрати энг яқин кишини билмайман», деди».
Саҳобаларлар орасида Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳунинг обрўлари жуда ҳам юқори эди. У кишининг илмларига ҳавас қилар эдилар. Ҳатто Абу Дардаа розияллоҳу анҳуга ўхшаш катта саҳобийлар ҳам бу ҳақиқатни тан олар эдилар.
Имом Бухорий Алқама розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Шомга кирдим. Бас, икки ракъат намоз ўқиб:
«Эй Аллоҳим, менга бир солиҳ суҳбатдошни муяссар қилгин!» деб дуо қилдим. Бас, бир шайхни мен томон келаётганини кўрдим. У менга яқинлашганда:
«Аллоҳ (дуоимни) ижобат қилди, деган умиддаман», дедим.
«Сен қаердансан?» деди у.
«Куфа аҳлиданман», дедим.
«Икки ковуш, ёстиқ ва таҳоратдон соҳиби сизларнинг ичингизда эмасми?
Шайтондан соқланган сизнинг ичингизда эмасми?
Ўзидан бошқа билмайдиган сирнинг соҳиби сизнинг ичингизда эмасми?
Ибн Умму Абд «Валлайли изаа яғшаа»ни қандоқ қироат қилди?» деди.
«Валлайли, изаа яғшаа. Ваннаҳари, изаа тажаллаа. Ваззакари, вал унсаа», деб қироат қилдим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни менга оғизларини оғзимга қўйиб туриб ўқитган эдилар. Улар мени қайтарай деди-я!» деди шайх».
Ушбу ривоятни яхшироқ англашимиз учун бир оз шарҳга эҳтиёжимиз тушади.
Ровий Алқама розияллоҳу анҳунинг «Шомга кирдим», деганлари Димашққа кирдим деганларидир. Қадимда Димашқ шаҳарини ҳам Шом деб аташган.
У киши Шомнинг пойтахти Димашқ шаҳридаги масжидлардан бирида икки ракъат намоз ўқиб:
«Эй Аллоҳим, менга бир солиҳ суҳбатдошни муяссар қилгин!» деб дуо қилганлар.
Бир оздан сўнг ўзлари томон шайхни келаётганини кўрганлар ва у ўзларига яқинлашганда:
«Аллоҳ (дуоимни) ижобат қилди, деган умиддаман», деганлар. Ўшанда шайх улуғ саҳобий Абу Дардаа розияллоҳу анҳу бўлганлар. У киши Алқама р-уга савол бериб:
«Сен қаердансан?» дедилар.
«Куфа аҳлиданман», деб жавоб бердилар у киши.
Шунда Абу Дардаа розияллоҳу анҳу:
«Икки ковуш, ёстиқ ва таҳоратдон соҳиби сизларнинг ичингизда эмасми?» дедилар.
Бу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу сизларнинг ичингизда эмасми, деганлари. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ковушларини, ёстиқ ва таҳорат идишларини кўтариб юриб хизматларини қилганларидан анашундоқ номланар эдилар.
Абу Дардаа розияллоҳу анҳунинг бу гаплари остида ичингизда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудек одам туриб Аллоҳ таолодан солиҳ суҳбатдош сўраб дуо қилганинг нимаси, деган маъно бор эди.
Абу Дардаа розияллоҳу анҳунинг «Шайтондан соқланган сизнинг ичингизда эмасми?» деганлари Аммор ибн Ясир сизнинг ичингизда эмасми?» деганларидир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ила Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу шайтондан соқланган эдилар.
Абу Дардаа розияллоҳу анҳунинг «Ўзидан бошқа билмайдиган сирнинг соҳиби сизнинг ичингизда эмасми?» деганлари Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу сизнинг ичингизда эмасми?» деганларидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига мунофиқларнинг исмларини айтиб берган ва буни сир соқлаб ҳеч кимга айтмасликни амр қилган эдилар.
Аммо Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу одамларга ўргатиш лозим бўлган илмларни ҳеч эринмай, биров сўрамаса ҳам ўргатар эдилар.
Имом Бухорий, Насаий, Ибн Абу Шайба ва Абдурраззоқлар Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қиладилар:
«Ҳузайфа розияллоҳу анҳу масжидга кирса бир киши руркуъ ва сужудларни батамом қилмай намоз ўқиётган экан. Намоз тамом бўлгандан кейин Ҳузайфа розияллоҳ анҳу унга:
«Қачондан бери намозинг шундоқ?» деди.
«Қирқ санадан бери», деди у.
Шунда Ҳузайфа розияллоҳу анҳу унга:
Қирқ йилдан буён намоз ўқимапсан. Агар намозинг шундоқ ҳолида ўлсанг М-м.нинг фитратларидан бошқа фитратда ўласан», деди ва унга намоз ўқишни ўргата бошлади.
«Одам намозни енгил ўқийди. Рукуъ ва сужудни тўлиқ қилади», деди».

КАМТАРЛИКЛАРИ

Ибн Саъд р-ҳ Муҳаммад ибн Сирийн розияллоҳу анҳудан р-р:
«Умар розияллоҳу анҳу қачон бирор омилни юборадиган бўлсалар унинг аҳдномасига, модомики ичингизда адолат ўрнатар экан унга қулоқ осинглар ва итоат қилинглар, деб ёзар эди.
У киши Ҳузайфа розияллоҳу анҳуни Мадоинга омил қилганида унинг аҳднимасига, у сиздан сўраса унга қулоқ осинглар ва итоат қилинглар, деб ёзди.
Ҳузайфа Умарнинг олддан ўзи бир эшакка миниб, юкини бир эшакка ортиб чиқди. Мадоинга етиб келганида уни юрт аҳи ва бошлиқлари кутиб олдилар. У бир қўлида нон ва парча гўшт билан эшакка миниб етиб борди ва ўз аҳдномасини уларга ўқиб берди. Шунда улар:
«Биздан хоҳлаган нарсангни сўра!» дедилар.
«Мен сизлардан модомики сизнинг ичингизда турар эканман, ўзим егани таом ва эшагимга ем сўрайман», деди.
Ҳузайфа уларнинг ичида аллоҳ хоҳлаганича турди. Сўнгра Умар унга, кел, деб ёзди. Умарга унинг келаётгани ҳақида хабар етганда йўлга унга кўринмайдиган жойга пистирма қўйиб қўйди.
Умар уни ўз одидан қандоқ чиқиб кетган бўлса шундоқ қайтиб келганини кўрганда қувонди ва уни маҳкам қучиб:
Сен биродаримсан! Мен биродарингман!» деди».

ЖАННАТ ИСТАЙМАН

Ҳижрати набавийнинг ўттиз олтинчи санаси. Мадоин шаҳри. У ерга ҳазрати Усмон Розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлганлари ҳақидаги хабар етиб келди.
Имом Бухорий Холид ибн Робийъдан р-р:
«Ҳузайфа розияллоҳу анҳу оғирлаиш қолганда унинг одамлари ва ансорлар эшитиб кечаси. Тонгга яқин етиб келишди. Бас, у:
«Ҳозир соат қанча?» деди.
«Кечаси, тонгга яқин», дедик.
«Олов сабоҳидан Аллоҳ паноҳини сўрайман. Мени кафанлайдиган нарса олиб келдингизми?» деди.
«Ҳа», дедик.
«Кафанларга ортиқча сарф қилманглар. Чунки Аллоҳнинг ҳузурида мен учун яхши нарса бўлса ундан яхши нарсага эришган бўламан. Агар бошқаси бўлса, мендан уни шилиб олинади», деди.
Мадоиннинг улуғи Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу оғир бемор ҳолларида ётибдилар. Кишилар кетма-кет у кишини кўргани келмоқдалар. Баъзилари юрак ютиб беморнинг кўнглини кўтариш учун ҳол сўраб ҳам қўйишади. Ўшалардан баъзилари:
«Нимани истайсиз?» деб сўради.
«Жаннатни истайман», деди бемор.
«Нимадан шикоятингиз бор?» деди сўровчи.
«Гуноҳлардан», деди бемор.
«Сизга табиб чақирайликми?» деди сўровчи.
«Табибнинг ўзи бемор қилди», деди бемор.
Ўлим лаҳзаси келганда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу:
«Марҳабо ўлим, хуш келдинг. Марҳабо камбағалликда келган ҳабибга. Ким надомат қилса, нажот топмабди.
Эй Аллоҳим! Мен дунёни қудуқ қазиш, дарахт экиш учун суйганим йўқ. Мен уни кечаси бедор бўлиш, иссиқда чанқаш, кўп рукуъ ва сажда қилиш, Аллоҳ азза ва жалланинг зикрини қилиш, Унинг йўлида жиҳод қилиш ва уламолар ҳузурида тиз чўкиш учун севдим», дедилар.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ўттиз олтинчи ҳижрий санада, ҳазрати Усмон Розияллоҳу анҳудан қирқ кун кейин вафот этдилар.
Аллоҳ таоло Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуга .Ҳатто сен ҳам менинг гапимни хато санаяпсанми, эй қора хотиннинг ўғли,, дедилар. Билол розияллоҳу анҳу давоми...

2488 14:00 / 13.03.2023
Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик байтуллоҳга ҳаж қилгани келди. У ҳарамга киргач деди Менга саҳобалардан бирор кишини чақирингларУнга .саҳобалар ўтиб кетган, дейишди. давоми...

3115 15:00 / 18.01.2022
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул Аълога интиқол қилганларидан сўнг Билол розияллоҳу анҳу Мадинада тура олмай, Шом тарафларга бош олиб кетадилар. давоми...

2860 09:07 / 11.09.2023
бешинчи мақола Уҳуд урушидан кўп ўтмай, ўша вақтдаги ҳамма Ислом душманлари жамланиб, мусулмонларга қарши уруш эълон қилдилар ва катта аскар билан Мадинаи давоми...

680 19:30 / 17.07.2023
Аудиолар

118727 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40694 14:35 / 11.08.2021